Menu
Categories
Давлат маслаҳатчисининг кирдикорлари ЎзТВ раисиникидан камми? (2-мақола)
02/11/2017 Бош мақола
“Дунё ўзбеклари”дан:
Ўзбекистон ойнаи жаҳонидаги сўнгги 12 йилни қора йиллар деб аташади.
Чунки саробга айланган ва ЎзТВ бошига қора шарпа бўлиб тушган ўн икки йиллик давр  – ЎзТВ учун мутлақо тасодифий шахс – СНБ полковниги Алишер Ходжаевнинг раис бўлиб келиши билан изоҳланади.
Ижодкорлар даврасига мутлақо бегона бўлган МХХ полковниги Ходжаев аслида ЎзТВ ишини олға силжитиш учун эмас, аксинча, унинг ижодкорлари оғзига темир қопқоқ қўйиш учун келган эди. Уларнинг тилини бойлаш, кўзини ёпиш аслида кимнинг топшириғи эди?
Алишер Хўжаевнинг қўлига бу пўлат қопқоқни тутқазган аслида ким эди?
Бу – ўзининг иссиқ креслосида хавф хатарсиз ва узоқ ўтиришни кўзлаган шу соҳа мутасаддиси бўлган Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновнинг узоққа мўлжалланган ва пухта тузилган пинҳона режаси эди.  Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпаниясининг асрий ном-нишони дунёдан ўчиб кетса кетсин-у, лекин Президентнинг Давлат маслаҳатчиси ўз ўрнида эсон омон ўтирса, бас.
“Афсуски”, кутилмаганда уларнинг олдида баланд ғов пайдо бўлди. Ўтган йилнинг 2 сентябрида дунё бир силкиниб, ЎзТВ заминида мутлақо янги шабада эса бошлади. Табиийки бу шабадага энди Алишер Ходжаев дош беролмас эди. Ва шу боисдан ҳам унинг янги даврдаги умри узоққа чўзилмади.
ЎзТВ янги раҳбар келди. Лекин у билан янги замон руҳи бирга келдими?  Ўзининг чорак асрлик  креслосига маҳкам ўрнашиб олган Давлат маслаҳатчиси – ЎзТВнинг қалин темир қопқоғини ҳануз қўлида ушлаб турбди.
Лекин у истайдими, йўқми, Ўзбекистонда бошлаган янги давр шабадалари эртами кечми ЎзТВ ҳам етиб келиши турган гап. Лекин қачон?
Бу ўша – пўлат қопқоқни қўлида маҳкам ушлаб турган чорак асрлик Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновнинг “Ўтда ёнмаслик ва сувда чўкмаслик маҳорати”га боғлиқ…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада, 12 февраль, 2017 йил…

 

1.
Шу кунларда деярли барча маҳаллий ва хорижий интернет нашрларида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг эндиликдаги собиқ раиси Алишер Хаджаевнинг лавозимидан кетгани ҳақидаги хабар тарқалиб бўлди.
Уни шунчаки хабар тарзида ўқиганлар қанча, “кетгани рост бўлсин” қабилидаги қарғишнамо фикрларини ошкор-у сиртдан ёғдирганлар қанча.
Ростдан ҳам энг оммабоп Оммавий Ахборот Воситаси ОАВ ҳисобланган, миллатнинг қувонч ва ташвишларини ўзида ойнадек акс эттириши керак бўлган Ўзбекистон миллий телевидениясини тамомила йўқ қилишига бир баҳя қолганида, хайриятки, уни ишдан олишди.
Алишер Ходжаев даврида Ўз ТВ – махсус хизмат салтанатидаги маълум бир кучларнинг қўғирчоғига айланиб бўлганига – бевосита шу шахснинг ҳиссаси беқиёс…
2.
Камина бу ўринда “ҳиссаси катта” дея, онгли равишда ёзиб, “айнан шу одам сабабчи” дейишдан ўзимни тиймоқдаман.
Чунки бу ишларга – у сабаб бўлгани, шўрлик ижодкорлар устига ойболтасини ўйнатиб тургани ростдир, аммо ТВнинг ҳам, матбуотнинг ҳам бугунги – ҳолига маймунлар йиғлайдиган шармандали аҳволга келиб қолишига сабабчи бўлган яна бир мулозимнинг исми-шарифини айтиш шарт бўлади.
У – ижодкорлар орасида ҳақли равишда “Мажиддин” деб аталаётган – Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов бўлади.
Бу одамнинг А.Хаджаев билан, айниқса, сўнгги йилларда анча қаймоқлашиб қолгани, уларнинг биргаликдаги ошкор ҳамда хуфёна суҳбатлари ва ишлари хусусида анчадан буён гап-сўз юради.
“Дунё ўзбеклари” саҳифаларида ҳам бу ҳақда, жумладан, Султоновнинг Тошкент шаҳрида қураётган янги участкасини айнан Хаджаев цемент билан таъминлагани ҳақида бир мақолада мисол келтирилганди. Холисанилло айтганда, улар ўртасидаги мазкур яқинлик – бу айтилган цементдан ҳам мустаҳкамроқ.
Бу даъвони исботлаш учун гапни сал узоқроқдан бошлашга тўғри келади…
3.
А.Хаджаевнинг ТВдаги ҳукмронлиги сўнгги ҳафталарида – бу даргоҳда мисли кўрилмаган бир воқеа содир бўлди.
Маълумки, олдинлари, катта бир сиёсий воқеалар содир бўлганда Х.Султонов ТВга келиб ўрнашиб олар, ўша воқеани қай тартибда ёритиш кераклиги-ю, нима деб изоҳ берилишигача унинг кўзойнагидан яхшилаб чиғириқдан ўтарди. Бунга телевидениеда барча кўникиб қолган.
Айниқса, биринчи Президент вафоти билан боғлиқ воқеалардан сўнг телевидение Султоновнинг “иккинчи уйи”га айланиб қолди, десак, хато бўлмаса керак.
Бу “ташриф”лар ҳозир кўпайса кўпайдики, асло камайгани йўқ. Чунки талаблар ўзгача, олдинларидек – сийқаси чиққан мақтовлар ва минг бора чайналган хушомадлар билан – шарти кетиб, парти қолган бир қарияни алдаш керак, деган гапларнинг бугун бозори ўтмай қолди…
4.
Янги Президент – янги давр сиёсатининг матбуотда ёритилишини ҳам ўзидек шиддатли ва шаффоф тарзда бўлишини талаб қилмоқда.
Шу аснода, телевидениядаги аҳволдан дарғазаб бўлган давлат раҳбаридан қаттиқроқ бир гап эшитган ёки дакки еб келган бўлса керак, ҳар ҳолда, Хайриддин, иттифоқо бир куни ТВга ғазаб билан кириб келади.
Ўзини ўраб олган гумашталарига коридордаёқ бор овоз билан, ҳайқирган тарзда: “Билиб қўйинглар, агар мен кетсам, ҳаммангни қуритаман. Фақат мен кетиб, санлар қолмайсанлар, ҳамманг учиб кетасан” дея оғзидан кўпик сачратиб ўшқира кетади.
Шу пайтгача “мўмин ва мулойим, зиёли одам” тариқасида намоён бўлиб келган, оғзидан қаттиқ гап чиқмаган, ҳамма “пес”лигини ими-жимида, “енг учида” қилишга одат қилган бу давлат маслаҳатчисининг кутилмаган муомаласидан барча ҳайрон қолади.
Хўш ўшанда нима бўлган эди? Ким Х.Султоновни бу қадар мувозанатдан чиқарди?
Бу саволларга жавоб бериш учун олис ва яқин ўтмишга мурожаат қилишимиз керак…
5.
Энг аввало: “Хайриддинни саройга ким олиб келган эди?” деган саволга жавоб беришимиз керак бўлади.
Бир пайтлар тилидан “Оллоҳ” сўзи тушмай, ҳатто таркидунёчиликни афзал билган, дунёнинг рўёга қоришиқ ёзуқларига кўника олмай, дўсти ва салафи Мирзо Кенжабек билан бирга, соқол қўйиб, кўча-кўйда қаландарсифат бўлиб юрган, илло ўзи истеъдоддан бебаҳра бўлмаган ёш адиб Хайриддин Султоновни “Шу йигит жувонмарг бўлиб, истеъдоди хайф кетмасин” деган мулоҳазалар билан сарой ишига – Мурод Муҳаммад Дўст олиб келади.
(Ким билсин, балки у ўшанда мусичадек беозор кўринган айнан шу йигит бир кун келиб унинг ўзининг ҳам бошига етишини, саройдан қувишини билганида, бу ишга қўл урмасмиди).
Чунки мустақилликнинг илк йилларида М.М.Дўст И.Каримовнинг яқин маслакдоши, маслаҳатчиси, матбуот котиби бўлиб ишларди…

 

 

6.
Хуллас, холисаннило айтганда, бу “қаландар”ларнинг ҳар иккиси ҳам девонга ишга олинганди.
Мирзо Кенжабек деганимиз ўз каръерасининг илдизига ўзи болта урди: иттифоқо бир куни саломлашув пайтида И.Каримовнинг қўлини ўпди. Бу ғайритабиий ҳолдан ҳамма ҳайратда қолди. Воқеа Мирзонинг саройдан “кетига тепиб” ҳайдалиши билан якун топди.
Бу воқеа унинг жонажон дўсти – Хайриддин учун бир умрлик сабоқ бўлди.
Демак, бундай олий давраларда ўз эҳтиросингни минбаъд ошкор қилмаслик керак экан. Табиатида бормиди, ёки тажрибами, хуллас, шу воқеадан кейин Хайриддин нима қилса қилдики, истагини ҳеч қачон очиқ-ойдин билдирмади.
Ҳамма нарсани секин, зимдан, ҳатто дўстининг орқасига пичоқ санчса-да, юзига жилмайиб қараб амалга оширишнинг ҳадисини олди…
7.
Жилмайиб, иршайиб, “камтарона сўлиш олиб”, одамнинг ичига илондек кириб, кимларни жувонмарг қилиб юбормади бу одам…
Эҳ-ҳе… Не-не номдор ёзувчи ва шоирлар, санъаткор ва қўшиқчилар, қанчадан-қанча иқтидорли ва жасур журналистлар, ҳайкалтарош-у меъморлар…
Уларнинг ноҳақ ишдан қувилиб, “халқ душмани”га айланишига, саҳнадан, жамоатчилик эътиборидан бадарға қилинишига, номларини турли қутлуғ рўйхатлардан асоссиз равишда ўчириб ташланишига айнан ана шу мулойимхунук, чала ёзувчи ва чала публицист бўлган Хайриддин Султонов сабабчи.
Даъво қуруқ бўлмаслиги учун бир-иккита мисол келтирамиз. Мана, яқинда улуғ шоиримиз Эркин Воҳидовнинг қутлуғ 80 йиллиги давлат миқёсида, ғоят катта тантаналар билан нишонланди. Лекин бу эъзозлар, бу қутловлар унинг тириклигида қилинса, қандоқ яхши бўларди. Миллатнинг олд шоирларидан бирига қилинган бу юбилей ярашарди ҳам. Ўлганда эсладик.
Унинг ўлимидан анча олдин, маънан “ўлиши”га эса айнан мафкура ишлари бўйича Президентнинг давлат маслаҳатчиси сабаб бўлди…
8.
Авваллари ўзига тенгқур бирор машҳур одам вафот этса, биринчи Президентга айтиш ғоят қийин бўларди.
Кўнглига яқин оларди шекилли, ишқилиб шунга ўхшаш бир гап юрарди. Ҳатто қорақалпоқларнинг улуғ адиби, Ўзбекистон Қаҳрамони Тўлепберген Қайипбергенов ўлганда, у шўрликнинг некрологи – марҳум кўмилиб, “етти”си ўтгандан сўнг ўқилганди.
Шу воқеа бир-икки бор такрорлангач, Хайриддин Султонов ўз қўл остидаги ходимларга барча машҳур ёзувчи-шоирларнинг, айниқса, Қаҳрамонларнинг некрологини аввалдан, улар ўлмасидан ёздириб қўйишни буюради.
Қанчалик тубанлик. Иттифоқо, худди шу сафга Эркин Воҳидов ҳам киритилади. Бунга ишонмасангиз, Султонов қўл остида ишлаган ходимларидан сўранг.
Бу гапни ўша “некролог қаҳрамонлари” – ҳали тирик юрган одамлар эшитмаган дейсизми?
Ўшанда Эркин ака ичидан қанчалик зил кетиб, юм-юм йиғлаганини кўрган шогирдлари бор – Хайриддин уни 15 йил олдин “ўлдирганди”.
Кейин эса биратўла “запрет рўйхати”га тиқиб, матбуотдан ҳам, сенатдан ҳам, амалларидан ҳам мосуво қилди.
Шунча ифлос ишларни қилиб, 80 йиллик юбилейида эса, малъунларча, нутқ ирод қилганини кўриб, бўғзидан шартта бўғиб, Эркин Воҳидов ёнига равона қилгинг келади…
Айни аянчли тақдир Эркин Воҳидовдан ташқари яна талай улуғ адибларимиз пешонасида бор экан. Абдулла Ориповни оласизми, Ўткир Ҳошимовни оласизми, Шукур Холмирзаев ёки Учқун Назаровни оласизми…
9.
Яна бир мисол.
Машҳур хонандамиз Юлдуз Усмонова яқин-яқингача, ҳатто шу кунларда ҳам ўзининг катта саҳнадан қувилганини фақат битта одамдан, очиқроқ айтадиган бўлсак, раҳматли Алишер Азизхўжаевдан кўриб юради.
Лекин инсоф билан айтганда, уни Азизхўжаев эмас, аслида Х.Султонов бадарға қилган. Чунки биринчидан, Алишер ака чапани бўлиш билан бирга кўнглида кек сақламайдиган, кечиримли ва мард инсон эди.
Иккинчидан, унинг вафотига ҳам 4-5 йил бўлди. Нега Юлдуз фақат бугунги кунлардагина, унда ҳам янги Президентнинг муруввати билан саҳнага қайтди. Демак, бу ерда бошқа гап бор экан-да.
Гап шундаки, 2006 йилда Юлдуз ўзининг саҳнадош ҳамкасби Озода Нурсаидова билан жанжаллашади. Шунчаки эмас, балки ёқавайрон тарзда, бир-бирининг бошини ёриб, бетини юмдалаш даражасида. Бундан хабар топган Султонов, санъат ҳам унинг соҳасига қарашли бўлгани боис, эртасигаёқ, гап тегишидан қўрқиб, буни И.Каримовга ошиғич тарзда етказади.
Раҳбар эса, бу воқеани кўпчилик ўртасида муҳокама қилиб, бу икки санъаткорни изза қилишни топширади. Бу орада эса Юлдузхоним Туркманистонга бориб, Туркманбошига қасида айтиб қайтганидан сўнг, бунақа ўзбошимчаликка чек қўйиш учун Султонов у билан жиддий гаплашиб олиш мақсадида суҳбатга чақиради…
10.
Суҳбатда хонанда ўзига хос шарттакилик билан, “юзингда кўзинг борми” демай, “Артист халқи фоҳишадек гап, мен учун пул муҳим – “деньги на стол, матрац на пол” деган бир беандиша гап қилади.
Бу гапни кимсан, Султоновдек Президент маслаҳатчиси, ўзини осмоннинг устуни санаб юрган одам кечирармиди?
Хуллас, шотирларига айтиб, шу кундан бошлаб, Усмоновани саҳнадан ҳам, матбуотдан ҳам бадарға қилади…
Бу ўринда биз Ю.Усмоновани оқлаш ниятимиз йўқ.
Фақат айтмоқчи бўлганимиз – ўзига бириктирилган соҳа одамлари билан тил топиши, уларнинг бошини қовуштириши лозим бўлган Х.Султонов ҳеч қачон бу йўлни тутмаган.
Унинг учун энг тўғри ва ягона йўл – ўша одамдан воз кечиш.
Унга деса аллома бўлмайдими. Фақатгина унинг боши, не-не воқеаларни ва қурбонларни кўриб келаётган бошгинаси омон бўлса бас…
Ўша шаккокликни Хайриддиндек кекчи одам унута оладими?
Кўксида ғараз ин қурган одам яхши бўлиб қолишига ишонасизми? Шахсан мен Юлдуз Усмонова оддий кунларнинг бирида яна “қора рўйхат”га кириб қолса, бундан сираям ажабланмайман…
Шокир Саъдуллаев,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус,
Тошкент шаҳри
(Давоми эртага  эълон қилинади)
"4" Comments
  1. Амин Алиев

    Исмат ака, Дунё узбекларини Узбекистонни барча нашриётига хам алмашмаган булардик. Агар Дунё узбеклари Узбекистонда оддий газета нашрига айлантирилганда сиз юртимизнинг энг бадавлат одамига айланардингиз. Бир кун
    келиб шундай булишини кутиб коламиз.

  2. Shuxrat Normurod

    MIRZO KENJABEK JUDA PAST KETIBDI. YRISHLARI MENGA YQMAS EDI. NORASMIY TASHKILOTLARGA KELIB UZINI KO’RSATISHLARI HAMMASI YLO’ON EKANDA.

  3. Ommaviy axborat vositalarini bir yqlama qilib tishsiz qilgan shu Xayriddin bo’ladi. Nima hamma narsani Karimov nazorat qilib turishi mumkinmidi.

  4. Х.Султонов butun manaviytni erga tuqib ybordi. Bu odam uzini lavozimda qolish uchun hamma narsaga tayr ekan.

Leave a Reply
*