Menu
Categories
Ўзбекистон- Қирғизистон: чегара демилитиризацияси якунланмоқда
02/16/2017 Бош мақола
Ўзбекистон- Қирғизистон: чегара демилитиризацияси якунланмоқда
Бугун куннинг иккинчи ярмида Фарғонага Қирғизистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жениш Разаков бошчилигидаги хукумат делегацияси ва чегараларни демилитиризация қилиш ишчи гурухи аъзолари келди.
Улар “Азия” мехмонхонаси конференциялар залида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Адхам Икрамов ва Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегараларини белгилаш ишчи гурухи билан навбатдаги учрашувда иштирок этдилар.
Маълумки, Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари Шавкат Мирзиёев хамда Алмазбек Атамбаев 2016 йил 24 декабрда Самарқандда бўлиб ўтган учрашувлари чоғида икки мамлакат хукуматларига бу масалани тез орада хал этиш вазифасини топширган эди. Ўтган давр ичида ишчи гурухлари бир неча бор Ўзбекистон ва Қирғизистонда ушрашдилар ва давлатлар ўртасидаги чегаранинг демилитиризация қилиш ишларини деярли якунламоқдалар.
 – Бизнинг ота-боболаримиз “Бозоримиз хам, мозоримиз хам бир” деб ўтганлар. Яхши-ёмон кунларда қисмат синовларини биргаликда бошдан кечирганлар, босқинчи ёвларга қарши бирга курашганлар, дўстлик бурчига хамиша содиқ қолганлар, – деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Адхам Икрамов. – Бизнинг мақсадимиз Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари бир-бирларига эркин ва эмин бориб келишларига қулай шароит яратишдир. Қирғизистонлик хамкасбларимиз билан бу борада хамфикр эканмиз, чегарага оид хуқуқий хужжат тезкорлик билан юзага келишига имкон бермоқда. Қолаверса иқтисодий, ижтимоий, маданий сохадаги хамкорлик бир-биримизни англаш ва “бир тилда” сўзлашишимизга кўмак беряпти. 2016 йилнинг 1 октябридаги Қирғизистон хукумат ва жамоат арбоблари, оммавий ахборот воситалари вакилларининг Андижонга ташрифи, 26 октябрда эса Ўзбекистоннинг шу каби делегацияси Ўшда бўлгани, мана бугун эса Фарғона заминидаги дўстона учрашувлар шубхасиз азалий муносабатлар тарихига ёрқин сахифа бўлиб ёзилажак. Захириддин Мухаммад Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек мусиқали академик драма театрининг ижодий сафар уюштириб, халқларимиз дўстлигини янада мустахкамлашга қўшаётган  хиссасини биз бенихоя қадрлаймиз ва бу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз.
      – Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбаевнинг Самарқанд учрашувларидан сўнг икки давлат муносабатлари янги босқичга кўтарилди,  -деди Қирғизистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жениш Разаков.
–  Биз узоқ вақтлар тортишиб юрдик. Учрашувлар бир-биримизга ишончсизлик рухида ўтар эди. Нихоят яратганнинг ўзи мадад берди. Ўртадаги азалий дўстлик рухи ғолиб келди. Энди биз бой берилган вақтни қоплашимиз керак. Негаки бугун бизни икки мамлакат халқи кузатиб турибди. Улар чегаралардан демократик тамойилларга асосланган қонунчилик ва халқаро меёрлар асосида ўтиб борди-келди қилишмоқчи. Иш жараёни шуни кўрсатяптики, энг мухими, биз бир-биримизни тинглаш ва ишониш, мамлакатлар манфаатларини хурматлаш истагидамиз. Айнан шунинг учун хам чегараларни аниқлаш жараёни жуда тез хал бўлаяпти.  Бугун Фарғонада илк бор “Айкул-Манас” спектакли намойиш этилади. Қудратли ва салохиятли давлат барпо этиш, уни тараққий эттириш – Манас ботир хаётининг бош мақсади ва мазмуни эди. Бу олийжаноб ғоя – хар доим бирга бўлиш, дўст бўлиш, хамдард, хамнафас бўлиш  биз учун энг мухим ва долзарбдир.
Томонларнинг вакиллари ишчи гурухнинг навбатдаги йиғилиши самарали ўтганини, яқин кунларда улар яна бир бор учрашишга қарор қилганларини билдирдилар.
Мухаммаджон Обидов,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Учрашу ва музокаралардан лавҳалар:
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*