Menu
Categories
Аброр Имомхўжаев: Отамга унвон эмас, эътибор зарур эди…
02/19/2017 Бош мақола
Суратда: Ахбор Имомхўжаев Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов билан…
Аброр Имамходжаев
 Бугун Ахбор Имомхўжаев 81 ёшни қарши олдилар…
Отам ҳақида, икки оғиз…
Отамни кўпчилик танийди. Касби бўйича ўз вақтида жуда машҳур шахс бўлган. Ўзбек тилидаги илк футбол репортажини айнан у олиб борган. Ҳамкасбларимиз унга “Ўзбек спорт журналистикаси отахони” деган норасмий мақом беришган. Расмий унвонлари ҳам бор: “Халқ таълими аълочиси”, “Халқ таълими фидойиси”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, шунингдек, “Шухрат” медали сохиби, журналистика сохасида Республика “Олтин қалам” миллий мукофоти лауреати. Футбол бўйича “Республика тоифасидаги ҳакам” унвони ҳам бор.
Лекин бирор марта пора олмаган, бирор жамоага ён босмаган. Таклифлар жуда кўп бўлган, ҳеч қачон рози бўлмаган. Шу боисдан бўлса керак, футболда уни ҳурмат қиладиганлар билан бирга, хушламайдиганлар ҳам йўқ эмас. ЎФФ Ҳакам ва назоратчилар қўмитасини бошқарганида катта тозалаш ишлари орқали футболимизга тоза ҳаво олиб кирмоқчи бўлган, лекин “футбол мафияси”га бас кела олмаган. Уни бу лавозимдан олиб бошқасига ўтказишган: ҳакам ва назоратчилар фаолиятига аралаша олмайдиганига.
Футболдан бир умр четлатилганлар яна ўз жойига қайтди, бироқ отамни бошқа у ерга яқинлаштиришмади. Машина сотиб олмаган, участка қурмаган. Мен уйланганимда битта зални ўртасидан девор билан бўлганмиз: бири ота-онамни, бири мен ва аёлимнинг ётоғи бўлган. Раҳматли Малик Қаюмов маҳалламиздан депутат этиб сайланиши арафасида ҳовлимизга кириб у ердаги шароитдан ёқа ушламаганида, балки ҳали ҳам ўша ерда яшаётган бўлармидик. Сабаби, иккала ўғли ҳам отанинг йўлидан борди ва “косаси оқармайдиган” касбни танлади.

Отам доимо халқ орасида бўлган, шу боис ёлғизликни ёқтирмайди. Вилоятларда айниқса уни жуда эъзозлашади, камдан-кам холларда меҳмонхоналарда тунаган. Сабаби, деярли ҳар бир вилоятда яқинлари бор ва ўша ерга боришини эшитишлари билан аэропорт ёки вокзалда кутиб олишади ва ўз уйларига олиб кетишади. Ўтган йили 80 ёшни қаршилаган бўлса-да, ҳали ҳам фаол турмуш тарзи билан яшайди. Ҳафтасига 3 марта фахрийлар билан футбол ўйнайди, кунига 2-3 километрдан пиёда юради.

2009 йил оиламиз учун оғир жудолик бўлди: онам вафот этдилар. Отамнинг қадди букилиб қолганини ўшанда яна бир бор ҳис қилганман. Ёлғизликдан кўп азият чекди. Биз иложи борича у ёлғиз қолмаслиги учун ҳаракат қилдик. Ҳафтада бир марта меникига келиб ётиб қолади, неваралари билан мириқиб суҳбатлашади. Яна бир кун қариндошлардан бириникига боради, лекин олдиндан айтиб қўймайди – ортиқча уринмасликлари учун.
Айниқса, вилоятларга бирор тадбирга таклиф қилишса хурсанд бўламиз. Сабаби, у ердаги яқинлари билан кўришиб, кўнгли тоғдек кўтарилади. 2015 йил — “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши отам учун жуда файзли бўлди. Уни йўқлаб келувчилар кўпайди. Ўзбекистон телевидениесида чиқмаган каналлари қолмади ҳисоб. Биз бундан жуда хурсанд эдик.

Бироқ ўтган йили ҳаммаси тескарига айланди. Зафар ва Диёрнинг ТВдан четлаштирилишидан сўнг отам ҳам “қора рўйҳат”га тушди. Бу расмий бўлмагани сабабли кўпчилик бехабар эди. Шу боис тележурналистлардан бири уни ўз кўрсатувига таклиф қилди. Телевидениега кириб-чиқиш осон эмас, раҳбарият рухсати билангина, у ерга кириш мумкин. Отамга ҳам ҳудди шундай рухсатнома қилинган ва ва у студияга кириб ўз жойига ўтирган.
Бироқ эфир бошланишидан аввал, ғалати воқеа юз берган. Отамни таклиф қилган журналист қизнинг телефони садо берган. У гаплаша туриб ранги оқарган ва ўзини йўқотиб қўйган. Сўнг кўзидаги ёш билан отамга “Минг бор узр Ахбор ака, лекин студиядан чиқиб кетаркансиз” деб йиғлаб юборган. Отам “йиғламанг она қизим, мен ҳаммасини тушунаман, айб сизда эмас” деб уни юпатган ва 60 дан ортиқ иштирокчи нигоҳи остида студияни тарк этган.
Лекин ўша пайтда ичидан нималар ўтганини фақат ўзи билади. Мен бу воқеани эшитиб ҳайратга тушганман. Телевидениеда ишлаганим боис, у ердаги технологияни яхши биламан. Сих ҳам, кабоб ҳам куймаслигининг, яъни отамни ҳайдаб чиқармасликнинг бошқа йўллари ҳам бор эди. Камерани унга қаратмаслик, монтажда кесиб ташлаш ва ҳаказо. Кейин эса “техник сабаларга кўра” деб ётиғи билан тушунтириш мумкин эди. Лекин 80 ёшли қария, энг муҳими шу даргоҳ ривожига салмоқли улуш қўшган инсонга нисбатан айнан шундай йўл тутишди.

Зафар ва Диёр ТВдан январь ойида кетишган бўлса, бир ой ўтиб, аниқроғи 19 февралда отам 80 ёшни қаршилади. Одатда футбол фаҳрийлари қутлуғ ёшга тўлганларида ЎФФда тантанали маросим ўтказилинарди. Отамни эса у ерга таклиф қилишмади. Спорт фаҳрийлари кенгаши жойлашган Паралимпия қўмитаси биносига чақиришди ва спорт ва футбол фаҳрийлари кенгаши раҳбарлари қутлашди. ЎФФ ва ПФЛдан ҳеч ким келмади. Мираброр Усмоновдан гинамиз йўқ, МОҚ ва ЎФФ президенти, сенатор. Яъни вақти зиқлигини яхши тушунамиз. Қолаверса, кейинчалик МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов ўзи ва Мираброр ака номидан алоҳида табриклаб кетди.
Лекин ўзбек футболи тарғиботига энг катта ҳисса қўшган инсонни қутлуғ ёши билан табриклагани на ЎФФ Бош котиби ва на ПФЛ директори, лоақал уларнинг вакиллари келмаслиги ғалати эмасми? Энг даҳшатлиси, отамнинг 80 га тўлгани юқори давраларга етиб бормаслиги учун антитарғибот машинаси тўлиқ куч билан ишлади. “Спорт” газетаси икки жумла ҳам табрик йўллай олмаган. Бош муҳаррир Ойбек Юнусов иложсизликдан йиғлагудек узр сўраганига ўзим гувоҳ бўлганман. Ўша пайтларда ҳам отамнинг ичидан нималар ўтганини фақат ўзи билади ва биз ҳис қилганмиз. Унга ҳеч қандай унвон ёки совға керакмас, фақатгина эътибор зарур эди. Афсуски, шу арзимас нарсадан ҳам маҳрум қилишди.

Зафар ва Диёр йўлларини топиб кетишди. Зафарни Мирброр аканинг шахсан ўзи МОҚга ишга таклиф қилди. Диёрни ТВдан кетган куннинг эртасигаёқ “Локомотив” футбол клубига ишга таклиф қилишди, бироқ мутасаддилардан бўлган қўнғироқдан сўнг, узр айтиб яна ишдан бўшатишди.
Футболдан бутунлай бадарға бўлганлигини сезгач, интернет нашрига ишга жойлашди. Ҳозирги иши ўзига ёқади.

Лекин айбсиз айбдор отам қаттиқ изтироб чекди. Фарзанд ва невараларига “Бошингга қилич келса ҳам фақат ҳақиқатни гапир” деб ўргатган ўғити охир-оқибатда ўз оиласига мусибатлар келтиришидан кўнгли чўкиб қолди. Тўсатдан бетоб бўлиб қолмаслиги учун асосий эътиборни профилатикага қаратганмиз: бир йилда икки маротаба саломатлигини шифохона ва санаторияда мустаҳкамлайди.
Аммо кексайганида расмийларнинг унга бўлган муносабати изсиз кетмади. Қон босим бот-бот ошадиган одат чиқарди, қандли диабети таъсири кучайди, ўзидан кетиб қолган пайтлари ҳам бўлди. Энди “прогулка”га битта ўзини чиқармаяпмиз, бирга яшайдиган Зафарнинг қизлари бувасига ҳамрохлик қилишмоқда. Ўзи у-бу жойга борганида эса чўнтагида барчамизнинг телефон рақамимиз ёзилган қоғоз туради, ҳар эҳтимолга қарши…

Бугун менинг отам – Ахбор Имомхўжаев 81 ёшни қарши олдилар. Қутлуғ ёшингиз муборак бўлсин адажон!
Сиз биринчи навбатда бизга – 4 фарзанд, 2 келин, 15 невара, 6 эварага, қолаверса минглаб мухлисларингизга кераксиз!
Қолгани аҳамиятсиз.
Борингизга шукр, бахтмизга узоқ умр кўриб, невара ва эвараларнинг тўйларида ҳам барчамизга бош бўлиб юринг!
Аброр Имомхўжаев,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
https://www.facebook.com/profile.php
"8" Comments
  1. Мен юкоридаги маколани укиб, очиги кузимдан ёш чикиб кетди. Сабаби 3 та: 1-чиси бу инсонни мен ёшлигимдан, эсими таниб коптокни оркасидан чопган кунимдан бошлаб билганимдан, яъни мени кунглимга жуда хам якин ва кадрдон инсон булиб колганлигидан. Вахоланки, мен у кишини узини 1 маротагина узокдан курганман. 2-чи сабаб: Узбекистон деган юртда виждонли,уз принципларига бутун умри давомида амал килувчи одамларни куплаб холатларда давлат томонидан этиборсиз колдирилиши, айрим холатларда хурланиши. 3-чи сабаб: Нима булганда хам бу инсон хар кандай холатда хам оддий ва камтар булиб колганлигига тан бериб кузимга ёш келди! Хурматли Ахбор ака! Сиз буюк инсонсиз! Мана шу таъриф бу дунёда миллионлаб мол дунё ортирган камдан кам инсонларга айтилади. Сиз булса мана шундай холингизда хам узбек халкининг энг жонкуяр, энг халол, энг азиз ва энг буюк инсони булиб колаверасиз! Сизга барча спорт ишкибозлари номидан соглик ва саломатлик тилаймиз!

  2. Alisher Aymatli

    Биз тенгкурлар Ахрор аканинг радиодаги овози билан улгайганмиз. Умрлари узок булсин, илойим. Лекин угли Аброржон хам маколани ички бир кудрат ва армон билан гузал килиб езибди. Аброржон, ота билан фахрланиш хаммага насиб этсин. Бу сулола хеч качон ерда колмайди. Ички пуртана билан окаетган сувни канча тамбаламанг, барибир бир жойдан ериб чикади. Саломат булинглар!

  3. ISMAT AKA UZBEK FUTBOL MAFIASI HAQIDA MAQOLA YOZING ULAR KIMLAR HALQ BILSIN YETAR SHUNCHA YIL UZBEK FUTBOLIGA BOLTA URIB KELYAPTI

  4. Ахбор ака 18!!! ёшингиз кутлуг булсин! Узбек футболи ишкибозлари бахтига сог, омон булинг! Николай Озеровга тенглаша оладиган узбек шархловчиси борлигидан фахрланамиз!

  5. Санжар

    Узоқ умр, сихат саломатлик тилаймиз.

  6. Men ancha yillar oldin eshitgan edim uzbek futbolini mafiya boshqaradi deb. Ularning maqsadi uzbek futbolini rivojlantirmaslik ekan. Chunki o’zbeklarni boshi birikmasligi obro‘ e’tibori past bo’lishi muhim o’rinda turarkan…
    Bunyodkor orqali o’zbek futbolini ko‘tarmoqchi bo’lganlarni (2008 yillarda) xonavayron qilib yurtidan badarg’a qilinganini guvohi bo’ldik. Qachongacha ekan. ……

    • AS SALOM ALAYKUM!
      Sal e’tibor bersanggiz ular kimligi oydinlashadi ular juhud ya’ni yahudlar ha o’zbekistondagi yahudlar jamoasi ular Musulmonlarni rivojlanishini ko’rolmaydi masalan Nasaf jamoasi Osiyoda chempion bo’lganidan kiyin Qashqadaryo viloyati hokimi bushatilib jamoani tekshira boshlashgandi o’zbek hukumati rahbarlari xalqqa yaxshilik Qilisin.

  7. axbor aka buyuk inson. futbolimizni hozirgi rahbarlari bari parahur. farhod magomedov va muzdan tashqari

Leave a Reply
*