Menu
Categories
Исмат Хушев: Ўзбек матбуотига отилган ўқ… (Бешинчи мақола)
02/22/2017 Бош мақола

Суратда: “Ҳаёт ва Иқтисод” – Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов билан…
“Дунё ўзбеклари”дан:
Яхши-суъратим
27 июнь куни – Ўзбекистон оммавий ахборот воситаси ходимлари ўз касб байрамларини нишонлайдилар.
Биз ҳам шу байрам муносабати билан барча ўзбек журналистлари ва матбаачиларини касб байрамлари билан табриклаймиз.
Оғир ва машаққатли ҳаётингиз, сабру тоқатингиз ва матонатингизга яна бир бор таҳсинлар айтамиз.
Сизга сабр берсин…
Исмат Хушев,
Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
Ўзбек матбуотига отилган ўқ… 
(Миллий хавфсизлик хизмати ташаббуси билан суратга олинган ва Ўзбекистон телевидениясидан намойиш этилган икки қисмли фильмни кўриб)

 

20.
Демак, ўзбек матбуоти (радио ва телевиденияни ҳам қўшиб ҳисоблаганда) ўз олдига қўйган вазифаларни уддалай олмаётган экан, лекин халқ ниманидир ўқиши, кўриши ва эшитиши керак-ку, ахир!
Ажабки, аслида ўзбек матбуоти бажариши лозим бўлган вазифалар бугун расмий Тошкент истайдим, йўқми, хорижий радиостанциялар ва мухолифат сайтлари зиммасига тушяпти.
Одамлар минг бир қийинчилик билан бўлса ҳам “ББС”, “Озодлик”, “Америка овози” ва “Машҳад” (Эрон) радиоларини эшитишга, мамлакатда тақиқланган хориж сайтларига кириб, ахборот борасидаги ўз чанқоқликларини қондиришга ҳаракат қилишяпти.
Айтиш мумкинки, бу борада юқорида номлари келтирилган радиоларнинг хизмати беқиёс бўляпти.
Бугун Ўзбекистоннинг энг чекка ўлкасидаги чўпондан тортиб, пойтахтдаги ҳукуматга яқин манбаларгача вақт топиб, албатта бу радиоларни эшитиши мен учун сир эмас.
Бевосита ҳукумат ва давлат мулозимлари эса бу радиостанциялар олиб бораётган эшиттириш ва материаллар билан расмий танишиш имконига эгалар…
21.
Мен Ўзбекистон ҳукумат нашрларида Бош муҳаррир бўлиб юрган кезларим Рустам Шоғуломов бош бўлган Давлат матбуот Қўмитаси ҳар ҳафта хорижий радио (Асосан “ББС, “Озодлик”, “Америка овози”, “Машҳад” радиолари) эшиттиришлари матни ёзилган брошюрани “Фақат хизмат жойида ўқиш” шарти билан ҳукумат ва давлат мулозимларига етказиб турарди.
Махсус Фельдфегал (“Ўта муҳим ҳужжатлар етказувчи” алоқа офицери бу китобчаларни ҳар биримизнинг ишхонамизга келиб, қўл қўйдириб, бериб кетар ва яна шу йўсинда йиғиб олиб кетарди.
Бугун ҳам Ўзбекистонда мулозимлар учун айни одат русм эканига менда шубҳа йўқ…
22.
Юқоридаги радио хизматлари фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган Паҳлавон Содиқ, Сирожиддин Ислом, Хайрулло Файз, Бахтиёр Имомов, Рустам Қобул, Феруза, Луиза, Дилором, Абдулла Искандар, Сарвар Усмон, Ҳурмат Бобожон, Замира Шукур, Барно Анвар, Алишер Сиддиқ, Ҳасанжон, Фаррух Юсуфий, Садриддин Ашур, Меҳрибон, Элмурод, Навбаҳор Имомова ва Одил Рўзалиев каби истеъдодли ва бетакрор ижодкорлар номи эрта бир кун ўзбек журналистикасида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлишига мен бугун заррача шубҳа қилмайман.
Чунки улар қилаётган иш, улар амалга оширётган журналистик тадқиқотлар – бугун ўз самарасини беряпти.
Ватанимиздаги миллионлаб одамлар улар туфайли Ўзбекистонда содир бўлаётган ноҳақлик ва адолатсизликлардан хабар топаяптилар.
Дунёдаги энг ривожланган ва Европа Иттифоқи таркибига кирувчи давлат ва ҳукумат раҳбарлари Ўзбекистондаги асл вазиятдан айнан шу радостанцияларнинг шарафли меҳнати ва жасоратли фаолияти туфайли яхши хабардорларлар.
Ҳали шундай замонлар келадики, мен юқорида тилга олган радиолардаги истеъдодли журналистлар олиб борган қатор эшиттиришлар, видио ва аудио лавҳалар, дунёнинг қайноқ нуқталарига қилинган сафар таассуротлари – Ўзбекистондаги журналистика факультети талабалари учун ўқиб ўрганиладиган дарслар сирасига киритилади, илмий ишлар қилинади, тадқиқотлар учун бебаҳо мавзу бўлади…
23.
Ушбу мақолани ёзиш жараёнида мен Ўзбекистонга телефон қилиб, мамлакатнинг олис нуқталаридаги танишларимдан бу борадаги вазият билан қизиқдим.
Қашқадарёнинг Чироқчисида ҳам, Қорақалпоқларнинг Орол бўйида ҳам, Фарғонанинг Данғара ва Учкўпригида ҳам, Сурхондарёнинг Тожикистонга туташ Сариосиёсида ҳам – мен юқорида тилга олган хориж радиоларини бемалол эшитишларининг гувоҳи бўлдим.
Булар-ку, майли, анчадан бўён фаолият олиб бораётган радиолар.
Лекин яқингинада иш бошлаган Исмат Хушевнинг мустақил интернет сайти “Дунё ўзбеклари” ҳақида ҳам ватандошларим аллақачон хабар топишгани мени жуда қувонтирди…
24.
Энди бевосита мазкур сайт ҳақида.
.
“Дунё ўзбеклари” мустақил интернет нашрининг иш бошлаганига яқинда икки йил бўлади, холос.
Шу қисқа фурсат ичида у дунёнинг 136 давлат ва мамлакатида ўқиляпти.
Унга бугунга қадар – 1 398 222 (бир миллион уч юз тўқсон саккиз минг икки юз йигирма икки) одам меҳмон бўлибди.
Хўш, бу нимадан далолат?
Бу шундан далолатки, одамлар дунёда бўлаётган воқеа ва ҳодисаларни билишга, уларни ўз она тилларида ўқишга чанқоқ.
Сайтимизга кирувчилар сони Ўзбекистонда ҳам кўплиги у ердан ҳар куни келаётган хатлардан ҳам маълум.
Биз уларнинг аксар қисмини сатимизда эълон қилиб боряпмиз.
Хусусан, ўқувчиларни қизиқтириб, турли шов-шув ва қизғин баҳсларга сабаб бўлган “Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг давомини узлуксиз эълон қила бошласак, “Дунё ўзбеклари”нинг рейтинг даражаси бошқа маълум ва машҳур сайтлар (“Uznews.net”, ББС, Озодлик, “Фергана.ру”, “Ўзметроном”) лар даражасига чиқишига бизда бугун ширин бир умид бор…
25.
Хўш, бизнинг бу фикрларимиздан сўнг, ўз-ўзидан ўртага бир савол келиб чиқади: Бугунги расмий Тошкент ўзбек матуботини буғиб, уни эркин сўз ва ҳур фикрлилик неъматидан жудо қиларкан, бу энди кимга фойда-ю, кимга зарар бўлди?
Одамлар ўз юртида тополмаган нарсасини хориж радоси ва сайтларидан топишаётган экан, демак ўзбек матбуоти ўз олдига қўйган вазифаларни қайта кўриб чиқиши, расмийлар бу соҳани ислоҳ қилиш ҳақида жиддий ўйлаб кўришлари керак.
Ўзбек матбуотини очиқлайдиган, уни ростдан ҳам ҳур ва турли фикрлар минбарига айлантириш ҳақида Президент энди астойдил ўйлаб кўриши лозим.
“Халқ сўзи”ни – халқнинг дилидаги гап-сўзларни очиқ-ойдин айтадиган, “Ўзбекистон овози”ни эса – ростдан ҳам ўзбек халқининг овозига айлантирадиган вақт келмадимикан?
26.
Йигирма йил матбуотни мақтаб-мақтаб, кеча бирданига ҳамма нарсани йўққа чиқаришди…
“Нима учун?” деган саволга эса бу фильм жавоб беролмаслиги аён бўлди.
Ҳолбуки, мазкур фильм намойиш этилган икки оқшом ўзбекистонлик мухлислар ангори экран қаршисида ўтириб кўнгилларида пайдо бўлган турфа саволлар жавобини ҳам эшитишни исташган эди.
Лекин бундай бўлмади.
Шамол қаёқдан эсаётганлиги ажаблантиради мени…
27.
Йигирма икки йилдан бўён Президент матбуот куни муносабати билан ижод аҳлига катта табрик йўллар ва ҳар йили ўзбек журналистларини ўз вазифаларини шараф билан оқлаётганларини қайта ва қайта таъкидлар эди.
Мустақиллик ғоялари ўзбек матбуотида кенг ва ҳар томонлама мукаммал ва муфассал очиб берилгани айтиларди.
Энди нима бўлди? Қайси идорадан чиқди бу ташаббус? Яширмаймиз, бу Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг ташаббуси эди. Лекин менинг назаримда бу гал у жиддий хатога йўл қўйди. Балки ўзи атай қилгандир. Шундоғам тугаб тамом бўлган ўзбек журналистикасининг тагига бомба қўйиш шартмиди?
Экранга олиб чиқиши, минглаб қўли ва фикри қичиб турган журналистларнинг баттар тилини қичитди. Чунки матбуот фожеасининг замиридаги асл иллатни қайси бир журналист билмайди деб ўйлайсиз.
Муммаонинг асосий учи қаерга бориб тақалаётганлигини ўша мавҳум идора рўй рост кўрсатиб берди…
28.
Лекин шу билан бирга, биз истаймизми-йўқми, “Зангори экран”дан намойиш этилган бу эшиттириш руҳи – мамлакат матбуотида янги давр, янги босқич бошланаётганидан ҳам хабар берди, гўё.
Ижобий ва яхши томонга жиддий ўзгаришлар бўлишидан дарак беради, камида умид уйғотади…
Бу биринчи навбатда соҳадаги кадрлар масаласи билан боғлиқ бўлса, ажаб эмас. Шу ўринда ҳукуматнинг фаолиятини барибир оқлаш керак бўлади, бошқа иложимиз йўқ.
Хўш, энди нима қилиш керак?
29.
Чет эл тажрибасидан келиб чиқсак, бугун Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларига раҳбарлик қилаётганлар, хусусан Президентнинг бу соҳани назорат қиладиган Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ва ҳукуматда бу соҳани назорат қилувчи қатор мулозимлар ўз истеъфолари ҳақида ўйлаб кўрсалар ёмон бўлмасди.
Президент ва давлат олдидаги ҳам инсонлик, ҳам мулозимлик бурчини оқламаган одамларнинг нега ўз вазифасидан кетиши бунчалар оғир.
Инсоний ва виждоний бурч шуни талаб қилиши керак эмасми?
30.
Матбуот ўз табиатига кўра бевосита давлат раҳбарига бориб боғланади.
Собиқ иттифоқ даврида ҳам матбуот очиқ ойдин партияники эди. Бугун ҳам яшириб нима қиламиз – матбуот ўткир қурол, жиддий қурол. Ва айни пайтда ўта эҳтиёткорликни талаб қиладиган қалтис қурол.
У ўзининг буюк, қудратли ва бирлаштирувчи кучи билан жамиятда ижтимоий онг ва ижтимоий фикрни шакллантиради.
Мана шундай буюк ва қудратли қуролни барбод этганлар, аслида Президент олдидаги бурчини ҳам барбод қилмадиларми?

 

Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири.
12 март, 2012 йил. Торонто шаҳри.
“Дунё ўзбеклари” уун махсус

 

(Давоми эртага эълон қилинади)

 

8 шарҳ

  1. Shuxrat Normurod

    “Нокамтарлик бўлса ҳам шу ерда бир гапни дадил айтишим мумкин: аслида ўзбек матбуотида уч маротаба қамалиб чиққанига қарамай яна Бош муҳаррир этиб тайинланган йигит фақат Исмат Хушев бўлса керак”. Сиз Исматжон ака одамлар онгида инқилоб ясовчи буюк шахссиз. Шу учун ҳам сизни ҳибисга олишди. Журналисни мабода қамашса фақатгина адолатни ҳимоя қилгани учунгина қамашади. Сиз бу этапларнинг хаммасидан утдингиз. Сиз ва Сизнинг дунё ўзбеклари сайтингиз, унда эълон қилинаётган таҳлилий мақолалар узбек халқини эрта индин бугунги қонхур тузумдан озод қилишига мен шахсан ишонаман. Омад Сизга, раҳмат Сизга, Исматжон ака.

  2. Oloviddin

    Бу дейман И Хушев бутун Ўзбекистон матъбуатини ҳақиқий баҳосини чиқарибди. Кам бўлманг сизни миллат, келажак авлодлар унутмайди.

  3. O’zbekxan

    Исмат ака Оқ саройдагилар Ўзбек маънавиятини тамоман ўлдириб, халқни оломонга айлантириш лойиҳасини тугатиш арафасида гуёки. Энди Ўз ТВ даги спекътакил ўзи яратган оломонга мулжаланган. Асосий кўпчилик қурқув туфайли сукут сақлаш билан оввора. Яхши ҳам бу дунёда интернет бор, сизни сайтингиз бор. Дунё узбеклари бутун узбекистон халқини бу муттахам ва золим диктатор зулимидан озод қилиши керак. Биз сизга ишонамиз ва улсак хам ортингиздан қолмай иргашамиз.

  4. Мақола – ўзбек матбуоти кушандалари номлари келтириб ўтилгани билан қимматлидир. “Халқ сўзи”, “Правда Востока” каби отахон газеталарга халқ сўзини эшитмайдиган, шарқ ҳақиқатини кўрмаётган ва энг муҳими журналистикадан узоқ кимсалар раҳбар этиб қўйилгани мақолада жуда тўғри таъкидланган. Устоз журналистларга эътибор ноль. Ростдан ҳам кейинги йилларда бирорта журналистнинг елкасига чопон кийдирилиб, иззат икром билан пенсияга жўнатилганини эшитмадик, кўрмадик. Ёзувчилар союзида ҳам аҳвол бундан баттар бўлса борки, лекин яхши эмас. Ўзбек матбуоти ва маданиятидаги, адабиёт ва санъат, журналистика соҳасидаги бу инқирозга биринчи ўринда Президент ва унинг идеология бўйича бош ёрдамчиси, ёзувчи Хайриддин Султонов айбдор!!!

  5. uzbek matbuoti o`ldi, Ismat aka, uni o`ldirishdi…

  6. Икки профессионал журналистнинг хакикий сухбати булибди. Исмат Хушевдаги жушкинлик, Одил Рузалиевдаги сокинлик бир бирини яхши тулдирибди…

  7. Ўзбекистон матбуотини бугун умуман ўқиб бўлмай қолди. Ҳаммаси суньий ва расмий хабарлардан иборат. Фақат президентни мақташ, ҳаёт гўзал ва фаровон деб аюҳаннос солишдан иборат бўлиб қолди журналистларнинг иши. Оддий одамлар бир ойда бир марта ҳам гўшт ейиш имконини тополмаган бир пайтда шу иш тўғрими? Бугун журналистларнинг обрў эътибори бир тийин бўлиб қолди. Чунки одамлар кўнглидаги гап-сўзларни матбот юзига олиб чиқа олмаганидан кейин уларни ким ҳам ҳурмат қиларди. Мақолада ёзилган ва келтирилган ҳамма гаплар тўғри. Лекин бу муаммоларни давлатимиз раҳбари тўғрилаш ҳақида ўйламаса, бундан нима фойда. Дардимизни кимга айтишимиз мумкин? Матбуотга унинг олдинги обрў эътиборини қайтариб бермас эканмиз, Ўзбекистонда ҳеч қачон ўзгариш бўлмайди.

  8. Ўзбек матбуотининг мустақиллик йилларидаги ва бугунги фалаж ҳолатини жуда тўғри таҳлил қилиб бергансиз. Сиз ва Карим Баҳриев “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ишлаган даврларингиз ўзбек журналистикасининг энг олтин даври экан. Биз орзиқиб кутган мустақиллик замонида матбуотимиз ўлдирилди, журналистлар қул қилинди, муҳаррирлар қўрқитилди. Жамиятда юз бераётган иллатларни дадил кўтариб чиқиш жасорати сўндирилди. Энди ҳар бир редакторнинг ўзи сензор, ўзи узлит. Сиз ёзган бу мақола 27 йиллик Ўзбекистон матбуотининг туғилиш ва буғилиш даврини далил ва исботлар билан тўла тўкис таҳлил қилиб берган. Бугунги матбуотимиз инқирозининг туб сабаб ва илдизларини маҳорат билан очиб берган. Ўзбекистондаги бугунги тоталитар тузумни ич-ичидан лаънатлаб юрган барча журналистлар номидан сизга каттакон раҳмат!

"1" Comment
  1. Дуне узбекларини укиятганимдан буен узбекистонни ижтимоии иктисодий сиесий ва жиноий хаетини кино кургандек тасаввур киляпман. Исмат ака узбекистонни хаетини худди 3д прентрда ишлап чиккандек килиб аниг ва тулик еритасиз. тан бераман сизга

Leave a Reply
*