Menu
Categories
ЎзТВнинг янги раисига СурхонТВ даги носоғлом муҳит ҳақида
03/05/2017 Бош мақола
Эски тос, эски ҳаммом…
ЁКИ ЎЗТВ  ТИЗИМИДАГИ  АДОҒИ ЙЎҚ МАШМАШАЛАР!
Хаджаевку кетди, бироқ Шодмонов ҳамон отда…
ЎзМТРК нинг янги раиси эътиборига.
Аввалом бор сизни юқори тизимимизга раҳбар бўлиб келганингиздан бошимиз осмонга етди. Негаки, эндиликда ЎзМТРК да шу пайтгача ёмон қовуннинг уруғидек болалаб кетган муаммоларга ечим топилишидан умидвормиз.
Эътибор берган бўлсангиз, «Дунё ўзбеклари» сайтида тизимга алоқадор қатор туркум мақолалар сафидан бизнинг Сурхондарё вилояти телерадиокомпаниясига оид танқидий мақола ҳам жой олган эди.
“ЎзТВ раҳбаридан кейин навбат СурхонТВ бошлиғигами?” номли бу мақолада собиқ раис Хўжаев ва унинг содиқ мулозими А.Шодмоновлар ўрнатган бемаъни тартиб ва кадрлар масаласига оид қатор муаммолар хусусида аниқ маълумотлар берилган. Четдан қараганда тизимнинг ички вазиятидан бехабар айрим кишилар буни шунчаки оддий бир ҳол деб қабул қилди. Аммо бу соҳани яхши тушунган соҳа вакиллари буни жуда долзарб ва муҳим  эканлигини тасдиқлади.
Гапнинг пўст калласини айтадиган бўлсак, мақоламиз сарлавҳаси сизга нима демоқчи бўлаётганимизни англатгандир. Бу ерда юқорига янги раис келиб ҳам аҳвол ўнглангани йўқ. Аксинча жаноб янги раис вазиятни яхши англамаган ҳолда Шокиров в.б эди, баттар бўлинглар дегандек уни доимий директорликка қабул қилиш юзасидан буйруқ чиқарди.
Бу ҳол жамоамиз жазавасини туттирди. Бунга асосимиз бор. Сабаби ундан жамоанинг 85 фоизи норози. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун жамоа билан шахсан ўзингиз ташриф буюриб яширин суҳбат ўтказишингизни илтимос қиламиз. Ахир бу йил халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилику.
Илгари МТРК раиси келиб, жамоа билан учрашмаган. Мана Президентимиз энг оддий хонадонларгаям кириб бораяпти-ку, шунга вақт топаяпти-ку. Сизни шу сари жамоамизга таклиф этамиз. Ана энди яширин суҳбатга на хожат деган саволга изоҳ бериб ўтсак. Ахир Хўжаев ва Шодмоновлар бу тизимни шундай шакллантирдики, ҳамма бир-биридан чўчийдиган одат чиқарди. Бирор киши муаммони очиқча кўтариб чиқса, ишсизлик гирдобига мубтало бўлади.
Бу икки «генераллар», йўғей, адашмасак, бири шифокор эди-я, ахир касалликка шифокор ташҳис қўяди-ку, генералнинг доимий одатига айланган дабдурустдан ходимни ишдан бўшатиш касали тутганда, ташҳиси тайёр ўша Шодмонов бизга ўзига яқин инсонни раҳбар қилиб қўйгач, унга биринчи топшириғи «Бўлса бўлди, бўлмаса гумдон қил» идорача қабилида иш тутиш кераклигини тайинлади. Буни ижодкор ҳазм қилолмайди.
Ижодкор, МХХ ходими ёки прокурор эмас-ку. “Хўп бўлади!”ни ёд олгани. Шундай бўлгач, бу тизимда ҳақиқатни айтишгаям қўрқасан, киши. Ҳақиқатни ишониб айтган раҳбарнинг ўзи сени гўё ҳамдардингдек, жон қулоғи билан тинглайдию, аслида ўша муаммони айтган кунингдан бошлаб, сенга гўр ковлашни бошлайди. У буни шундай уддалайдики, сен уни ҳатто пайқамай ҳам қоласан.
Шуҳрат Шокиров худди шу тоифадаги кишилардан бири бўлиб чиқди. Одатда ҳар бир раҳбар ходимининг оиласи тинчми, нима муаммоси бор, шу ҳақдаям қайғуриши керак. Йўқ, бу Шокиров деганлари асли лақаби «татар» эмасми, татарларга хос иш тутди. Илгаридан бирга ишлаб келаётганлар бу жанобда одамгарчилик деган инсоний туйғу йўқлиги ҳақида кўп ва хўп гапиришарди. Аммо бу даражада лаганбардор, таниш билишликни хуш кўришини билмас экан.
Раҳбар бўлдию, атрофига ўзига бўйсунадиган лаганбардорларни, энг ачинарлиси – кўрсаводларни йиғди.
Мақсуда Абдуқаюмовани шу ўринда таъбир жоиз бўлса четламасдан ўтсак. Сабаби у қиз ижодга ҳар қалай номутахассис бўлсада, ёндашаяпти. Аммо амалпараст, лавозимга чиқарманми илинжида Шокировга агентлик қилиб, қайси ходим раҳбар билан ёмон алоқада бўлса ўшани зимдан кузатиб керакли маълумотни ортиғи билан етказиб турувчи воситачи. Келинг, бу ҳақда гапиришни сал кейинроққа қолдирайликда унинг бемаза бошқарувида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам икки оғиз тўхталсак.
Ҳа-я, кадрлар бўлими бошлиғи Сабохатнинг саргузаштлари ҳақида яна такрор бўлсада тўхталмасак, бўлмайдиганга ўхшаб қолди. Сабаби у киши ҳақида яқинда яна қўшимча маълумотга эга бўлдик. Тумшуғи доим осмонда ходимлар бўлими бошлиғи Шокиров билан аввал бошда чиқишмаётганди, ўшанга Шокиров ҳам уни йўқ қилиш пайига тушиб ҳам қолди, нима бўлдию, ҳозирда иккаласи қадрдонларимиз қадри дея бири биридан айрилмайли.
Айёрлик, шумликда тулкини ҳам йўлда қолдирадиган Шокиров нега ён босди экан, деб ҳайрону лол эдик, буни ҳам билдик. Юқоридан раҳбарлар сал қаттиқроқ гапирса дарров кўз ёши тайёр, аслида жамоада ўзидан баланд гапирганни ямламай ютадиган, жиззаки, писмиққина жиззакида, ўзини кўз ёш билан бечора қилиб кўрсатадиган, порахўр, сохта диплом соҳибини жамоадаги ёш қизлар унча хушлашмайди.
Сабаби, қизлар ёшмасми, ўзи тенги йигитлар билан чиқишади, у ёқ бу ёққа боришади, бу киши дарров улар ошиқ мошиқ, бир бири билан яқин алоқа қилади, қани мен билан биронтаси ёмон муносабатда бўлсинчи, бир умр эрга теголмай ўтади, деб шантаж қилади. Ўзини отинойи қилиб кўрсатувчи бу хоним бир пайтлар ишдан ҳайдалганида МХХнинг собиқ куратори ташаббуси билан ишга қайтган экан, мана гап айланиб қаерга келди. Шокиров буни илгари билмагани учун ҳам у билан ораси бузилган эди.
Буни аввал бошда билмаган, текширувлар хотимасида аниқлаган яна бир киши бор. У вилоят меҳнат ва аҳолини идтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси юристи! У киши компанияда КРУ билан ҳамкорликда текширув ўтказганида Сабоҳатхоннинг йўриқномаси бўйича лавозимига нолойиқлигини, аслида йўриқнома асосида бу лавозимда олий маълумотли ходим ишлаши кераклигини исботлаб берди. Аммо масала у айтгандек ҳал бўлмади.
Биринчидан МТРК раиси муовини Фарҳод Рўзиев келиб айнан шу масала бўйича юрист билан кечки пайт бир пиёла чой устида “Фарҳод” ресторанида ўтириб, келишиб олишди. Қолаверса, унинг порахўрлиги-ю, сохта диплом билан асосий лавозимда ишлашига сабаб МХХ қулоғи эканлигида. Ахир ҳамма ёқни мхх ушлаб, назорат қилиб турган бир пайтда ким ҳам уни текшириб, бу масалага ойдинлик кирита оларди.
Ойлигига ҳар ой 20 фоиз қўшимча мукофот, ҳар кварталда 25 фоиз устама ойлик қўшиб тўланадиган бу “агент” ходимлардан бирор бир таътилга чиқишми ё шунга ўхшаш буйруғини чиқариб бериши учун ҳам нимадир таъма қилади, олади. Унинг жазаваси тутганини кўрган киши бор, бу – Мингбоев, ундан сўранг айтиб беради. У ҳам эшитишимизга қараганда бу ходимни ишдан ҳайдайман дея чарчаб, охири Мингбоевнинг овозини диктафонга ёзиб олиб, ўзини ишдан ҳайдатибди.
Ҳааа, “Одамнинг оласи ичида” деб шунга айтишса керакда. Қачон қарама бирон ходим бирор муваффақиятга эришиб раҳбар томонидан рағбатлантирилдими, унга кун йўқ, ёмонлагани, ёмонлаган. У кишига фақат ўзи бўлса бўлди. Энди ҳар бир ишга бурнини тиқиб юрадиган, МХХга тўғридан тўғри ҳисоб беришдек «шарафли» ишга масъул қилиб тайинланган Абдурауфбек ҳақида тўхталсак.
Шокиров у кишини бошига кўтаради. МХХга маълумот етказаётганида мен ҳақимда ижобий баҳо берсин, деб айтганини айтгандек муҳайё қилади. Кураторлар ҳам унинг гапига ишониб ишлаяпти, деб Шокировни мақтайди. Эфир ўлда-жўлда, эфир куни зўрға тайёрланаётган бўлса, ахборот етишмай гоҳида такрор кетаётган бўлса, устига устак ғиж ғиж хато. Менимча икки қўли кўксида, хўп бўладини зўр эплаётгани учун Шокиров «ишлаяпти». Жамоа билан чиқишмаса, зўравонлик қилиб, истаганини истаганича қўпол ҳақоратласа, шунинг эвазига порталга 4 та хат киритилган бўлса, билмадим бу ёғи нима бўларкин…
Хуллас, портал хатларининг натижалари ҳам вилоятдаги мавжуд алоқадор ташкилотлар томонидан ўрганилиб чиқилади-ку, улар тв раҳбарига қарши иш қилармиди? Чалғимайлик-да режим ва хавфсизлик хизмати Абдурауфбекка яратилган имкониятларга тўхталсак. Шокиров пихини ёрганларданмасми келиши билан режимга хизмат машинаси ажратди. Ҳозирда у киши хизмат машинасида хоҳлаган шахсий ишини қилиб юрибди.
Шодмонов Шокировни раҳбар қилиб тайинлагани келганида агар шу раисдан норози бўлсаларинг уч ойда аттестация қилиб ҳаммангни йўқотаман деганди. Бутун бошли жамоани аттестация баҳона ишдан ҳайдаш осон бўлибдими, тўғри бу борада, албатта Шокиров билан келишиб кимларни ишдан ҳайдаб кимларни қолдириш масаласи кўрилади.
Мақсади шу бўлса, келсин аттестация ўтказсин, аммо, лекини бор. Бу аттестациядан айнан Шокировнинг ёнидаги кўрсаводлари ўтолмай қолса, кейин у киши нима қилади. Жамоани қўрқитишнинг бу осон усули 2016 йилнинг июн ойида қолиб кетди Шодмонов жаноблари. Сиз ҳақингизда, тилло соатларингиз ҳақида биз ҳам ўқиб бораяпмиз. Аммо биз ҳалол инсонмиз. Тилло соат тақмасак ҳам тинч ишлашга қўйсин бизни сиз тайёрлаган Шокиров. Бир балоси бўлмаса…деган нақл замонавийлашиб «Дунё ўзбекларида» қўйруқ на қилур дейилмоқда ҳозир.
Яхшиямки, шу “Дунё ўзбеклари” бор. Арз додимизни Президентнинг ҳам ўқиши учун имконият туғилаяпти.
Компанияда яна бир «буюк» шахс бор, Элёр Гўрўғлиев. У нафақат МХХнинг қулоғи, балки бошлиғининг эътиборига тушган инсон. Шунданми улар иштирокида тайёрланадиган кўрсатувларни фақат у тайёрлайди. Тасвирчиларнинг айтишича МХХ биносига кирса, ўзини бемалол ҳис этиб, ҳар бир ҳибсхона тешигидан қараб, вилоятнинг қайси раҳбари қандай аҳволда ётгани ҳақида ҳаммага гапириб юради. Гуё бировнинг МХХ ҳибсхонасида ушлаб турилиши мақтанишга арзийдиган гапдек, шу билан у савиясизлигини ва МХХга яқинлигини кўрсатмоқчи бўлса керакда. Бу ҳам майли, тайёрлаётган кўрсатувларида савия йўқ.
Ўзи мактабнинг 10 синфини зўрға битирган-у, аммо МХХнинг қўллаб қувватлаши эвазига «Камолот» ЁИҲ да ишлайди, ТВда катта гонарарлар эвазига битта ходим ойлигича бир ойда даромад олади. Ахборот ўқийди – «Президент»,«Ўзбекистон»,«Информацион» каби кўплаб сўзларни талаффуз қилолмайди. Аммо у киши энг катта гонарар соҳиби.
Ҳозирда халқ билан мулоқот йили муносабати билан тўғридан тўғри эфирга кўрсатув берилаяпти. Шокировнинг ўзи довдираб довдираб бошловчилик қилаяпти, яхшиямки бир журналист саволларни ўқиб бериб турибди, акс ҳолда шарманда бўлармиди. Энг ачинарлиси ҳокимлар, раҳбарлар билан қалтис саволлар келишилиб, йўқ қилинмоқда, яъни, эфирга берилмаяпти. Унинг эвазига нима бўлаётганини Шокировнинг молхонасидаги молларнинг тили бўлса экан гапирса. Вилоят ҳокимига ҳам барча саволларни хат орқали ташлаб бераяпмиз-у, барчасини эмас, ўқилмай эфирдан олиб ташланган саволлар юборилмаяпти. Жойлардан тайёрланаётган лавҳалар ҳам хўжакўрсинга бўлиб қолди. Ҳа, нима бўлганда ҳам сиздан ижобий натижа кутиб қоламиз. Акс ҳолда бутун жамоадаги тажрибали журналистлар аллақачон иш излашга тушган.
Сурхон ТВ ходимлари арзини оққа кўчирувчи:
Шокир Саъдуллаев,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус ,
Термиз шаҳри, Ўзбекистон

1 шарҳ

  1. Дилфуза Ташбаева

    Яхши ишлайдиган билимли уз сохасининг мутахасислари. Ватаним дийдиганлар, хакикатни айтувчилар химоя килинмас экан хамиша боткокдан чикиш булмайди

Leave a Reply
*