Menu
Categories
ҲИКМАТ ёки Олмос шамшир ҳақида достон
09/13/2012 Тошкентда шов-шув бўлаётган асар

Ғаффор Хотамов (6)

Азим Суюн шеърияти шундай бир гулшанки, унда йилнинг тўрт фаслини кўриш мумкин, у камалак жилоси янглиғ хаёлга каманд ташлайди ва шикаста кўнгилга ошуфталик бағишлайди.

Сиз бепоён дашту далага уйғоқлик бағишлаб, ҳур-ҳур эсаётган сафоли еллардан ҳеч баҳра олганмисиз? У жонингизга ором-фароғат бағишлайди, руҳингизни аллалаб ўтиб, маст ва сархуш қилади.

Чинакам шеър шундай ҳаётбахш таровати билан хушдир, сафодир.

Мен гоҳо ҳорғин ишдан қайтар эканман, ёлғиз бўлсам агар, шундай ўйларга мойиллик сезаман ва шунда Абдулла Орипов ёки Жамол Камол, Рауф Парфи ёки Йўлдош Эшбек, Усмон Қўчқор ёки Баҳром Рўзимуҳаммаднинг ошно шеърлари хаёлимда айланади, кўнглимга юпанч ва ёруғлик бағишлайди.

Кўкданми, ғайбдан садолар келур,
Олис диёрлардан нидолар келур,
Гоҳ қийқириқ, гоҳи видолар келур,
Гоҳ саркаш, гоҳ сарин саболар келур,
Навоийдан ўтли наволар келур;
Ўлдирсанг ҳам ўзинг ўлдир, муҳаббат!..

Қаранг, қандай ўтли, ғамли-ғуссали бу нафас, интиқликка тўла. Уни лоқайд ўқиб бўлмайди, шеърнинг тошқин ва юқумли руҳи, истайсизми-йўқми, сизни асир этиб, ўз комига тортиб кетади.

Бундай асарлар челаклаб ёққан жаладан сўнг айқириб-тошиб келган шиддатли селга ўхшайди.

Тоғда бундай ҳодиса кўп бўлади.

Хафақон булутлар бирдан қовоқ уюб уймалашади, ёруғликни тўсиб олиб, тўлғоқ тутган келинчак каби қўрқинч солади, момоқалдироқ қасирлаб, осмон “ёрилиб” кетади, ер ларзага келади, шундан сўнг челаклаб жала қуяди, сой айқириб тошади, қутурган сел ўз ишини қилиб ўтади.

Буни кўриб, шикаст етмаганига шукр қиласан, бу оламда бир хасчалик ҳолинг йўқ эканини ҳис этасан. Ҳалигина тус-тўполон бўлган олам сув қуйгандай бирдан жимиб қолади. Булутлар ўз ишини қилган безори болалардай ими-жимида сочилиб кетади.

Осмон очилиб, қуёш чарақлаб чиқади. Ипакдек майин ҳаво оламга сафо бағишлаб, жисму жонингни аллалай бошлайди. Шундан хурсанд бўласан. Тошдан-тошга урилиб, шовқин солиб оқаётган сой кўнглингга ғулу солади, намхуш соҳил сари имлайди.

Шарқираган сойда бир сўнмас чўғдай,
Қалқиб оқиб борар ёлғизгина гул.
Қилган гуноҳларин ювмоқчи мўғдай,
Тўлқинлар топинар, бепарводир ул.
Ким отди?
Не учун?
Ростдан ҳам гулми –
Юракни юракка қилолган пайванд?
Ё пайванд қилолмай, ғамли, аламли,
Оқиб бораётган ёниқ муҳаббат?

Пушкин кайфиятига мойиллик бор, бу шеърда.

Азим Суюннинг аксарият шеърлари мана шу руҳга-хислатга эга, ўйчан ва маъюс, дилгир ва ҳасратли, шу боис кўнгилни ўртаб кетади ва хаёл уммонига ғарқ қилади.

Шунда беихтиёр маҳзун ўйлар чулғаб олади, ўтган кунлар, ўзинг кўрган-билган одамлар ва уларнинг тақдири, муҳаббат деган оташ-аланга ва унинг армонга айланиши, турмуш ташвишлари, у дунё ва бу дунё ҳақида сокин хаёлга толасан.

Пушкин ҳам китоб қатида қуриган гулни кўриб, шундай ўйларга берилади. Уни ким ва қачон узган? Танишми, нотанишми? Бу, унутилмас бир висол эсдалигими ёки айрилиқ ёдгори?

Тирикмикан йигит, тирикмикан қиз?
Шу пайтда уларнинг қайда гўшаси?
Ёки шу қуриган – сўлғин, белгисиз
Гул каби сўлдими ҳар иккаласи?

Абдулла Ориповнинг “Эслаш”ида ҳам шунга ўхшаш кечинма. Шоир ҳар тонг илк баҳор селидай тошиб ўтган бир қизни эсга олади. Бу, бир вақтлар бўлган. Аммо ўшанда:

Мен дердим, бу қизнинг қайда гўшаси?
Йўлларида унинг кимдир зормикан?
О, у севгисидан бахтиёрмикан
Ва ё манзилида хазон тўшаги?

Қаранг, қалқиб-оқиб бораётган ўша чўғдай гул хаёлни қаёқларга олиб учади? Ва қандай қилиб?

Бу хислат ҳаммага ҳам насиб этмайди!

Бу – тириклик нафаси!

Нозиктаъб шоирга хос инжа кечинма!

У ҳаммани ўйчан, фикрчан, таъсирчан бўлишга ундайди, ҳатто тош юракларни ҳам!

Инсон қалби шундай титроқни ҳис этса, одамлар чумолига ҳам озор бермас эди. Олам меҳрга чайилиб кетарди.

Қайдасан, қалбимни тирнаган сўроқ,
Қайдасан, илҳом бахш айлаган онлар?
Қайдасан, мен сени унутгим келмас,
Умр йўлларимнинг тотли дамлари?..

Чинакам шоир мана шу хислати билан ҳаммадан ажралиб туради. У инсоний кечинманинг ҳеч ким илғамаган, ҳали кўз изи тушмаган маъсум ғунчасини бор оҳори-жозибаси билан кўрсатади, сизга! Ва ҳолингизда ўша кечинмани қўзғаб, тириклик тотидан баҳраманд этади.

Шу шеър бўлмаса, шу тансиқ кечинмадан, шу ўйлардан бенасиб ўтар эдик.

Афсуски, XX асрнинг охирига келиб, бундай кечинмага мойиллик ҳам, уни уйғота олиш санъати ҳам ғоят тақчиллашди. Долғали замон бўҳрони санъат ва одамийликка соя ташлади. Эзгулик ва Ёвузлик ўртасидаги кураш ҳал қилувчи босқичга чиқди.

Темир танлар ҳар ишда жиловни қўлга оламан деб аслликка заха етказди.
Кимга керак уларнинг ясама гуллари?!

“Ҳай-ҳай!”, демасанг, оламни бузиб ташлайди, бу – касофатлар!

Қоралик юракни қон қилиб юборган кезларда, ойдинликка, меҳр-мурувватга, унга чайилган бир жонбахш шеърга ташна бўлиб кетган оз эмас!

Мен ҳам шулар қаторидаман. Нимага десангиз, чинакам санъаткорнинг ўтли-бокира нафаси тегиши билан малъун ёқангдан қўлини олади ва ўша, асли тоза бўлган нафас баҳорнинг беғубор насими каби кўнгилни очиб юборади.

Энтикиб нафас оласан!

“Биласизми, амаки, бу оламда шундай бир қиз бор: Ольга Мишерская, жуда гўзал у!..” – Бирдан шу хитоб хаёлдан ўтади.

У ким?
Кимга хитоб қилаяпти?
Ва нега?
Ким ёзган уни?
Ва қачон?
Қаерда?
Ва кимга атаб?
Адашмасам, Бунин…
Аммо, бунинг нима аҳамияти бор?

Муҳими, у яшаб келмоқда! Бу қайноқ нафасда ғам-ғуссани пардек тўзғитиб, армонли хотира ва тотли хаёлларга ғарқ этувчи куч бор, олов бор, тириклик суви бор!

Ҳаммада ҳам шундай ҳолат бўлади-ку, ахир!

Бирдан ҳаммасини унутасан! Кўнглингга уриб кетган ўлик сиёқларни ҳам! Ва ўзинг билан ўзинг қоласан!

Бу ўтли нафас ҳолингни ислоҳ этдими, билгинки, қачондир шу ҳолни юракдан ўтказгансан ва шу армон жонингда бош кўтармоқда. Одам авлоди учун ўзи йўқотган нарсачалик, қайтмас бўлиб кетган муҳаббатчалик ўртовчи кечинма борми, бу оламда?!

Азим Суюннинг ишқу вафо ардоқланган шеърлари шундай кечинма қўзғайди, улар булоқ суви янглиқ руҳингга сингиб киради ва туйғуларингни чайиб ўтади, шунда жонинг орзиқиб кетади, маҳзун ва ғуссали ўйлар гирдобига ғарқ бўласан.

Инсоний руҳият иқлимлари бир суврат янглиғ, бир мумтоз наво янглиғ, ҳатто ундан ҳам мукаммал тарзда шеърда, бадиият ва санъатда муҳрланиб қолмаганида ва унга Яратган абадият муҳрини босмаганида, кишилик жамияти қанчадан-қанча ноёб ва бебаҳо маънавий-руҳий бойлигини йўқотган бўлар эди.

Улар Эзгулик яловбардори.

Абадият муҳри босилган шеър – тириклик суви янглиғ. Ёки бўлмаса, тириклик сувига чайиб ёзилган асаргина яшаб қолади.
Бунинг учун шоирнинг палаги тоза ва асл бўлиши керак.
Қолган барчаси арзимас гаплардир.
Афсун билан ҳеч нимага эришиб бўлмайди.
У – йўқ нарса.
У куч берган замон ўтди…
Ҳали мен айтган шоирлар шеърияти шундай хислатга эга. Соҳир ва бокира, қудратли ва таъсирчан, нимага десангиз, улар иймон нурига чайилган, оламнинг чаккасига тақилган анвойи чечаклар кабидир.
Дунёга яхшилик тилаган оҳанглар умрбоқий бўлади.

Санъатнинг кучи¬-қудрати шунда.
Шоир Тўра Мирзо Москвада ўтган бир шеърият оқшомини айтиб берган. Унда етмишинчи йиллар шоирлари иштирок этган. Нимадир бўлиб, Азим Суюннинг таржимони адабий кечага етиб келмаган. Аксига олиб, шоирнинг қўлида ҳам бирон-бир шеъри таржимаси йўқ.

– Ниҳоят, навбат Азим Суюнга етиб келди, – дейди Тўра Мирзо. – У минбарга чиқиб боргунча терга ғарқ бўлди, кейин юз-кўзини артиб, бир зум тин олди ва она тилида ёниб шеър ўқиди!

Ўқигандаям, шундай ўқидики, бутун зални чулғаб олди.

У шеърини якунлаб, эътиборингиз учун раҳмат, деб минбардан тушаётганида ўтирганлар ўзига келди. Ва гулдирос қарсак бошланди. Шеърхонлар лол бўлиб, унга маҳлиё бўлиб қолган эди!

Азим Суюн шундай оташнафас шоир. Ва унинг нафаси шеърга маҳлиё ҳар бир юракка етиб боради, худди чақмоқ каби!

Leave a Reply
*