Menu
Categories
Муҳожиротдаги таниқли олим Аҳмад ҳожи Хоразмий муборак 70 ёш остонасида…
03/20/2017 Воқеа ва ҳодисалар

“Дунё ўзбеклари”дан:

Наврўз айёми – 20-мартда, нашримизнинг фаол муаллифларидан бири – муҳожиротдаги таниқли ўзбек олими, профессор Ахмад ҳожи Хоразмий ўзининг муборак 69 ёшини қаршилади.

Юбиляр мўйсафид ёшида бўлишига қарамай кеча-кундуз тинмай изланиш ва ижод билан банд. Бунинг натижаси ўлароқ заҳматкаш олим илм – фаннинг турли йўналишларига бағишланган 16 томдан иборат танланган асарлар тўпламини Лондон (Буюк Британия) да – бир неча тилларда нашр қилиш бахтига сазовор бўлди.

Аҳмад ҳожи Хоразмий кўнгли тоза, дилкаш ва самимий инсон.

Таваллуд куни муносабати билан муҳтарам олимга кўп минг сонли мухлис ва муштарийларимиз номидан сиҳат саломатлик, бахт саодат ва узоқ умр тилаб қоламиз…

Исмат Хушев,

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,

20 март, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…

Профессор Ахмад ҳожи Хоразмий – Пайғамбар (63) ёшда,
ёхуд Исломдаги 60 йил
 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қўлингда Қуръон, бирида Инжил,
 Одамлар илминга ҳайрон Хоразмий.
 Ислом сен учун буюк бир Ходий,
Пайғамбар (63) ёш сенга қутлуғ, Хоразмий.
1-сурат. Ахмад ҳожи Х о р а з м и й – 2011.
Бу йил (20.03.2011), йирик олим ва таниқли ижодкор Ахмад хожи Хоразмий (1-сурат) ўзининг муборак Пайғамбар(63) ёшини қаршилади. Унинг Исломдаги фаолияти 1951 йилда (3 ёшида), таниқли уламо Абдулла қори (2-сурат) устозлигида Қуръони карим оятларини ёдлаш билан бошланган.
 Турли хил нашр ва тилларда таниқли олим ва ижодкорлар томонидан қайд қилинишича, у 5 ёшга етганида Қуръони каримнинг ярмидан кўпроғини ёд билган ва қишлоқ аёлларига намоз ўқиш ва Қуръоннинг намозларда ўқиладиган сура ва оятларидан сабоқ берган. Ва иккинчи жаҳон урушидан кейинги очарчилик пайтларда оила трикчилигига ўзининг сезиларли ҳиссасини қўшиб турган.
Унинг ўзи бу ҳақда шундай эслайди: -Иккинчи жаҳон урушидан кейин, қишлоқда Қуръон ва шариат бўйича саводли одамларнинг кам қолганлиги, борларида даҳрийлар сиёсати туфайли уни ошкор эта олмаслиги сабаб 4-5 ёшларимда, устозим Абдулла қори (Махсим бобо) тавсияси асосида 10-15 та қишлоқ аёлларига намоз ўқиш ва намозларда ўқиладиган сура, оят ва дуолар бўйича, кунда-кунаро сабоқ берардим. Менинг мударрис сифатида топганим отамнинг колхоз(дала)да, эрта тонгдан кун қоронғусигача ишлаб топганидан анча кўпроқ эди. Шу боис бўлса керак, отам раҳматлик: “Менинг ўғлим оила боқишни 3 ёшида бошлаган”, деб юрарди.
 2-сурат. Абдулла қори
Ўрни келмасада (аввалидан) айтиш лозимки, Ахмад ҳожи Хоразмийнинг шариат фарзи бўйича 12 ёшдан (ўғил болалар учун) ўқиладиган 5 вақт, 1999 йилдан буён эса 5 вақт тариқат (кунига жами 10 вақт) намозининг бир ракати ҳам қазо эмаслиги, Қуръондаги кўплаган сура ва оятларни, кўплаган ҳадисларни ёд билишидан ташқари, узоқ йиллардан бери, Аллохнинг 99 та номи (сифати)ни, Қуръони каримнинг 114 та сурасини, “Дуои бузруг”, “Кимёйи саодат”, “Чил коф” каби кўплаган дуоларни араб тилида, Инжили шарифни ташкил қилган 66 та китоб номини инглиз тилида, Махмуд Асад Жўшандан Расулуллоҳгача бўлган Нақшбандия тариқати 40 та пирларининг муборак номларини, Исломнинг 40 та фарзини туркий тилда кунига бирнеча марта ёдаки зикр қилиши, жуда камдан-кам одамларга насиб қиладиган иқтидор десак хато бўлмас.
Ахмад ҳожи Хоразмий даҳрийлар тузуми даврида ибодатни яширинча қилди. Бироқ ўша даврда ҳам, тузум мафкурасидан қўрқмасдан, қатор масжид ва мақбаралар қурилишининг ташкилотчиси бўлди.
3-сурат. А. Хоразмий энг қадимги Қуръони карим – Усмон мусхаби билан.
Боғот совхози директори (1988-1991) бўлиб ишлаган даврида (4-сурат), хўжалик худудидаги қабристонларни обод қилгани ва ўз ҳисобидан масжид қургани учун Обком(компартия)нинг 2-чи секретари Л.Нетяганинг топшириғи билан уни ишдан бўшатиш масаласи райком бюросида кўрилгани ҳам бўлган гап. 8,5 минг гектар ҳудудга эга бўлган Боғот совхозидаги А.Хоразмий томонидан барпо қилинган “Нуржон бобо” номли бу ягона масжид кўпчилик томонидан “Хоразмий масжиди”, деб ҳам юритилиши диққатга сазавордир.
 “Исломнинг 5-чи (охирги) фарзи бўлмиш ҳаж зиёратини қилиш менинг ёшлигимдан орзуим эди. Ҳожилар тўғрисида эшитиб ёки ўқиб қолсам юрагим қалқиб кетарди. Ҳожи бўлишликни Аллоҳдан доим тилаб юрардим”, дейди А.Хоразмий.
 Ўзбекистон истиқлолга эришганидан кейин мусулмонларнинг ҳажга бориш имконияти пайдо бўлди. 1997 йилда кўплар қатори ҳажга кетиш учун ўша даврда Хоразм пахтачилик институти директори бўлиб ишлаётган профессор А.Хоразмий ҳам ҳужжат топширади. Ҳар бир ҳажга борувчи 12 кишидан иборат имтихон комиссиясидан ўтиши керак бўлади. Имтихон комиссияси А.Хоразмийни ўтказмаслик (ҳажга юбормаслик) ҳақида Вилоят ҳокимлигидан махфий кўрсатма олади.
Аввало Ислом бўйича ҳам ўз билими билан анча-мунча танилган, қолаверса умри бўйи имтихон топширавериб, имтихон олавериб пишиб кетган бу профессорни йиқитиш осон кечмаслигини яхши билган комиссия бунга махсус таёргарлик кўради.
 4-сурат. Совхознинг ўша пайтдаги ва келгусидаги директорлари:
 А.Хоразмий ва М.Қувақов – 1990

Савол-жавоб Исломдаги 40 фарзга етиб келганида имтихон жанжалга айланиб кетади. Улар Хоразмийга: “Исломнинг 40 фарзини айтиб беринг-чи?”, деб сўрашади. Сабри чидамаган имтихон топширувчи (А.Хоразмий): “Ислом фарзларини қанчалик тўғри ва тўлиқ айтганимни баҳолаш учун ўзларингиз тўлиқ биласизларми уни?”, дейди.
Хоразмийнинг бу гапи (қарама-қарши саволи) имтихон комиссиясига хийла оғир ботади ва вилоят имоми Ахмаджон Саидов имтихон олувчиларга: “Майли, 40 фарзни айтиб беринглар, шу билан профессорнинг жавобини берамиз”, дейди жаҳл билан.
 Имтихон олувчилар: ”Ҳеч замонда мударрис (имтихон олувчи) ўз саволига ўзи жавоб берадими”, деган маънода бир-бирига қараб, ўз ичларидаги фаолироғи ҳисобланган Ар-Розий мадрасаси рахбари ва мударриси Отауллога: “Санаб беринг”, деб имо қилишади. У бўлса гох бошидан, гох охиридан қилиб, айрим фарзларини 2 мартадан санаб, зўрға 38 та фарзни санаб беради. Тошкентдан келган юқори мартабали имтихон олувчи Отауллога: “Бопладинг!”, дегандай ўқирайиб бир қарайдида, ўзи санашга киришади ва 36 та фарзни зўрға санайди.
5-сурат. А.Хоразмий ва имом Каримуллох Қуръони карим ва тасаввуф мутоаласида
Имтихон комиссияси ўнғайсиз бир ахволда қолади ва: “Нима қиламиз?”, дегандай вилоят имомига тикилишади. Бу тадбирнинг ташкилотчиси бўлмиш вилоят имоми (Ўзбекистон мусулмонлари идораси(вазирлиги)нинг Хоразмдаги вакили): “Тақсир, 40 та фарзни ўзингиз айтиб бермасангиз бўлмайди шекилли”, деб қолишадими, деган хавотирда: “Нимагадир менинг мазам қочаяпти”, деганича имтихон бўлаётган хонани тарк қилади.
 Шунда А.Хоразмий Исломнинг 40 фарзни бирма-бир санаб, ҳар бирини шархлаб ҳам беради. Бу тафсилот: “Хоразмий имтихон олувчиларни йиқитган эмиш”, деб бутун вилоятга шов-шув бўлади.
 
6-сурат. А Хоразмийнинг тасаввуф ва тариқат бўйича Стокпорт
 (буюк Британия) жомеъ масжидида маъруза ўқиш жараёни-2006
Ҳажга кетишга 2 кун қолганида А.Хоразмийнинг яқин дўсти, 1991 йилгача Иқтисод институтида Президент И.Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова билан бирга ишлаган, ўша даврда Хоразм вилояти ҳокими муовини бўлиб ишлаётган профессор Т.Дўсчанов уни хуфиёна чақиртириб:
 -Сени йиқитиш ҳақидаги махфий кўрсатмани биз бергандик. Мақсад сени сақлаб қолиш эди. Ёшулли (Президент)нинг исми Ислом бўлсада, у “Аллох юрагимда қалбимда” деган китоб ёзган бўлсада у Ислом(дин)ни ёқтирмайди. Сен ҳажга кетишдан воз кечишинг лозим. Истиқлолдан аввал масжид ва мақбара қурганинг учун ишдан олинган бўлсанг, ҳажга кетганинг учун нафақат ишсиз, ҳатто Ватансиз қолишинг ҳам мумкин, дейди. Шунда А.Хоразмий: “Ислом ва унинг фарзи учун, нафақат мансаб, ҳатто Ватансиз қолсамда розиман”, дея ҳажга кетади.
 Ўша йили Минодаги машъум ёнғинда А.Хоразмий ўз ҳаётини хаф остига қўйиб бўлсада ўнлаб ҳожиларни қутқаради ва Ўзбекистон Муфтисининг расмий миннатдорчилигини ва дуосини олишга муяссар бўлади. У Ватанига Исломнинг “Ҳожи” фахрий унвони билан келади ва минглаган аҳоли истиқомат қиладиган Хоразм вилояти “Хўжалик” қишлоғи тарихида биринчи ҳожи бўлиб қолади.
7-сурат. Институтдаги А.Хоразмий шеъри

Ахмад ҳожи Хоразмий ҳаж ибодатидан келган захотёқ И.Каримовнинг Вилоятдаги ноиби (ҳокими) Исканқул Юсупов: “Биз(Каримовчи)ларнинг сафимизга бегунох ҳожиларнинг кераги йўқ!”, деб уни барча вазифаларидан бўшатади. Аграр соҳада Хоразмдаги ягона профессор бўлишига қарамай А.Хоразмий кўп йиллар ишсиз қолиб, оиласини мардикорлик қилиб боқади.
 Режим зуғуми мусулмонларга, айниқса ҳожиларга нисбатан йилдан-йилга ошиб боради ва кўплаган эътиқодли мусулмонлар каби А.Хоразмий ҳам мухожиротга юз тутишга мажбур бўлади…
Ахмад ҳожи Хоразмий 1999 йилдан йирик тасаввуфшунос олим, профессор Ориф Усмон ва имом Каримуллох (5-сурат) ҳам сабаб, Нақшбандия тариқати сўфийси сифатида, катта эътиқод ва ихлос билан тариқат ибодатларини қилишда бардавом бўлади. Тасаввуф илми борасида ҳам тадқиқотлар олиб боради, Ўзбекистон марказий телевидениясида чиқишлар қилади ва: “Тасаввуф ва тариқат”, “Шайхлар шайхи”, “Бахоуддин Нақшбанд таълимоти ва тариқати”, каби қатор илмий мақолалар эълон қилади.
 
8-сурат. А.Хоразмий китоби–2002.

Хоразмий ҳар йили рамазон ойида, жомеъ масжидда, шом намозидан кейин тарових намози бошланганича Ислом ва шариат, Қуръон ва Ҳадис, тасаввуф ва тариқат, мавзуларида маърузалар ўқиган. Унинг маърузаларини бошқа масжид имомлари ҳам келиб тинглашарди.
2006 йилдан буюк Британия жомеъ (марказий) масжидларида “Тасаввуф ва тариқат”, “Бахоуддин таълимоти ва тариқати”, мавзуларида маърузалар ўқиётгани (6-сурат), тариқат ихлосмандлари уни “Шайх Хоразмий”, деб эъзозлашлари ҳам диққатга сазавор ҳолатдир.
Ахмад ҳожи Хоразмий турли хил тилларда ва илмий, ўқув, адабий, диний йўналишларда 30 га яқин китоб ёзган. Унинг айримлари Мозамбик (Африка), Ўзбекистон Фанлар Академияси ва Ал-Хоразмий мукофотларига сазавор бўлган. А.Хоразмийнинг:
Илм учун умринг бўйи чексанг машаққат,
Парвардигор ўзи қўллаб қилғай мурувват.
Пайғамбарлар меросхўри бўлган олимлар,
Ҳалқи учун умри бўйи чекар ситамлар.
 Каби фалсафий тўртликларининг қатор ўқув ва илмий муассасаларда осиб қўйилганлиги (7-сурат) ҳам, унинг ижодига бўлган эътибор ва эътиқоднинг исботи сифатида кўрилади.
 Ахмад ҳожи Хоразмийнинг “Қуръони каримдан мухтасар сабоқлар” (8-сурат), рисоласида Қуръони каримнинг нузули, ёзилиши, тафсири ва ҳар бир суранинг маъноси қисқа ва тушинарли қилиб баён қилинган. Ва шунингдек истимолда кўпроқ учрайдиган, ҳамда намозларда кўпроқ ўқиладиган сура, оят ва дуоларнинг қисқача маъноси ҳам берилган. Рисола Ислом ва Қуръон карим ихлосмандларига мўлжаллангани таъкидланади.
9-сурат. А.Хоразмий китоби-2007.
Бу рисола ҳали қўлёзма вақтидаёқ ксероксларда, ҳатто қўлёзма шаклида ҳам кўпайтирилиб талаш бўлиб кетади. Шунингдек бу рисола кўплаган одамларнинг ибодатга киришига, ҳамда кўп одамларнинг ибодатни тушиниб қилишларига сабаб бўлади.
 А Хоразмийнинг Қуръони карим ва бошқа илоҳий китоблар, ҳамда тасаввуф логикаси асосида ижод қилган:
Ризо керак – тағдирига,
Шукур керак – бул кунига,
Сабр керак – қийинчиликга,
Умид керак – яхши кунга.
 
 Деган тўртлиги (ўгити) юзлаб хонадонларда осиғлик тургани ва одамлар бунга амал қилаётгани ҳам диққатга сазавордир.
10-сурат. А.Хоразмий Католик рухоний билан
А.Хоразмийнинг “Ҳадиси шариф ўгитлари” (9-сурат) китобининг тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашри 2007 йилда Лондонда (самиздат шаклида) дунё юзини кўради.
 Кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган ушбу китобнинг қатор энциклопедик ва илмий манбалар, ҳамда, муаллифнинг ўз тадқиқотлари асосида ёзилганлигига урғу берилиб, унда ҳадиси шариф, тасаввуф ва тариқат, ҳамда қатор диний ва дунёвий билимлар мухтасар ва тушинарли тилда баён қилингани қайд қилинади.
Бу китоб ўзбек ижодкорларининг нашри бўлмиш “Янги дунё” каби нуфузли интернет сайтларида ҳам нашр қилинади.Профессор Ахмад ҳожи Хоразмийнинг бу рисоласидан ҳатто жомеъ масжидларининг имомлари ҳам қўлланма сифатида фойдаланётгани диққатга сазавордир.
 Ахмад ҳожи Хоразмий Ислом динидан бошқа ҳам кўпчилик динларга қизиққан. Талабалик йилларидаёқ Яҳудийлик ва Насронийлик динлари китоби бўлмиш Инжилни ўрганишга киришган. Кейинчалик Зардуштийлик динининг китоби – Авестони, Буддавийлик динининг китоби – Трипитакани ҳам ўрганган. Бу эса Қуръони каримда: “Албатта, Аллох наздида мақбул бўладиган дин, фақат Ислом динидир” (Оли Имрон сураси, 19-оят), деган таъкидга фақат эшитиб, ўқибгина эмас, ўз тадқиқотлари асосида иймон келтириши алохида эътиборга лойиқдир.
 
11-сурат. Бобби Грин ва А.Хоразмий Инжил мутоаласида (Ангилия) -2007

2006 йили Хоразмийнинг Стокпорт (буюк Британия)даги уйига бир гурух диний миссионерлар ташриф буюради. А.Хоразмийнинг Исломда китоблар ёзган эътиқодли диндор ва йирик олим эканлигини билишгач уларнинг Хоразмийга бўлган қизиқиши янада ортади.
 Улар ўз қўл интернетларидан Ўзбекистон, Эрон ҳатто Арабистондаги айрим таниқли мусулмонларнинг ҳам Исломни тарк қилиб, булар (Тангри шоҳидлари)нинг динига ўтганлигини кўрсатиб , Аллохни таниш ва Унга яқинлашиш учунги энг тўғри дин буларники эканлигини, шу боис ҳам бу динга эътиқод қилувчилар сони дунё бўйича кескин ошиб бораётганини, куйиб-пишиб тушинтиришади.
 А.Хоразмий уларга: “Сизлар 60-70 ёшга кириб Аллохни энди таниётган бўлсангиз, мен Уни туғилган кунимоқ эшитиб (қулоғимга Азон айтилиб), 3 ёшимда таниганман”, деса, улар буни ҳазил деган ҳаёлда: “Аллох(Иегова)ни таниш учун унинг китобларини, яъни банабу (Инжил)ни ўқиш лозим”, дейишади гердайиб.
 Шунда А.Хоразмий, Инжилда қайд қилинган, эрамиздан олдинги 1513 йилда, Мусо алейҳиссалом томонидан чўлда ёзилган «Genesis» (Ибтидо) китобидан тортиб, 96 йилда Ийсо алейҳиссаломнинг фаворийси (ёрдамчиси) Иоанн томонидан, Патмосда ёзилган «Revelation» (Очилиш) китобигача бўлган 66 та китобни инглиз тилида, бирма-бир санаб, ҳар бир китобнинг мазмунини ёдаки айтиб беради.
 
12-сурат. Профессор А.Хоразмий Тангри шоҳидлари халқаро Конгресида маъруза ўқиш жараёнида-2008.
Бундан уларнинг эси оғишига сал қолади ва махсус дастур (Инжил аслида нимани ўргатади?) бўйича Инжилни ўрганувчилар (Тангри шоҳидлари) таркибида буларнинг машғулотига қатнашишни Аллох (Иегова) ва Ийсо алейҳиссалом (Иисус) номи билан қаттиқ илтимос қилишади.
 Дунё Танги шоҳидларининг Нью Йоркдаги бош идораси (рахбарияти) топшириғига биноан А.Хоразмийга алоҳида эътибор қаратишади. Инжилда қайд қилинган: “Улар тангрининг маънавий ўғиллари сифатида қайта туғилган” (1-Петр 1:23) ва Ийсо алейҳиссалом ерга тушиб салтанатни бошқаришида иштирок қиладиган 144000 (Луки 12:32) муқаддас насронийлардан бири ҳисобланмиш Бобби Грин Инжилни ўрганиш бўйича А.Хоразмий билан шахсан шуғулланади (11-сурат).
 1,5 – 2 йил ичида профессор А.Хоразмий Тангри шоҳидлари ҳалқаро Конгрессларида: “Дин (Инжил) ҳақиқатлари ва унинг инсон ҳаётидаги ўрни”, борасида маърузалар ўқий бошлайди (12-сурат). Бундан эса Тангри шоҳидлари раҳбариятининг боши осмонга етади ва уни топганларга ва у билан шуғулланганларга мукофотлар беришади.
 
13-сурат. Доктор Смит ва профессор Хоразмий Инжил ва Қуръон мутоаласида -2007
Дунё динлари бўйича таниқли олим, доктор Смит Робинсон (Smith Robinson) ҳафтасига 2-3 кун Хоразмийнинг уйига келиб Инжил ва Қуръон ҳақиқатлари бўйича дарс ўтабошлайди. Қизиғи шундаки, бу олим ҳар дарсни: “Инжил Қуръондан афзалроқ”, деган хулоса билан якунлашга ҳаракат қилади. Бироқ Қуръонни яхши билмаслигидан доимо изза бўлиб қолади.
14-сурат. Муслим, доктор Смит, ибодатда-2008
Профессор Хоразмий доктор Смитга: “Сиз менга Инжил ҳақиқатлари бўйича дарс ўтинг, мен сизга Қуръон ҳақиқатлари бўйича дарс ўтай. Шунда икаламиз ҳам фойда кўрамиз”, деб таклиф қилади. Смит бу таклифни қабул қилади ва профессор А.Хоразмийнинг маърузалари таъсирида доктор Смитнинг Қуръонга қизиқиши ва эътиқоди кундан-кунга ошиб боради (13-сурат).
 Бора-бора Смит Инжилдан дарс ўтишни бас қилиб фақат Қуръон ва Ҳадис ўрганишга ўтади. Кейинчалик шариат аҳкомлари ва намоз ўқишга қизиқа бошлайди. Тангри шоҳидлари йиғилишларига бормай қўяди.
 Кўп ўтмай доктор Смит ичимликни ва ноҳалол нарсаларни ейишни мутлоқа ташлаб Исломни қабул қилади ва 5 вақт намоз ўқишда бардавом бўлади (14-сурат). Жума намозини эса бирон марта канда қилмайди. Унинг носоғлом турмуш тарзи учун ташлаб кетган хотини унинг олдига қайтади.
 
15-сурат. А.Хоразмий муслим Швед Юнус Али билан -2009
Унинг юриш-туришидаги ва ҳаёт тарзидаги (Смит ичишни ва аёллар билан кунгил хушлик қилишни хуш кўрарди) ижобий ўзгаришлардан ҳайрон бўлган айрим насронийлар бунинг боисини билгач унинг издошларига айланабошлайдилар.
 Унинг шундай издошларидан бири, Манчестерда ишлаётган, Швециялик Даниел (Daniel) бўлиб (15-сурат), у ҳам Хоразмийдан оқ фатахо олиб, Протестантликдан Исломга ўтади ва исми шарифини Юнус Али қилиб ўзгартиради. Кўп ўтмай, ичишдан боши чиқмайдиган хотини Луиз ҳам ичишни ташлаб, исмини Фотима, қилиб ўзгартиради ва Исломни қабул қилиб, ҳижобга киради.
 Бу аёл (балки алкашлиги ҳам сабаб) бирнеча марта ёки ўлик бола туғган ёки туғилган ногирон фарзанди кўп яшамаган. Булар Исломга кирганидан кейин бир йил ҳам ўтмай туғилган боласи соғлом бўлган ва унга Ахмад ҳожи Хоразмий шарафига Ахмад, деб исм қўйишади.
 
16-сурат. Проф. А. Хоразмий ҳарбий кийимда-1999
Шундан кейин Хоразмий Қуръони карим, Ислом ва мўминларнинг афзалликлари ва Тангри шоҳидларининг камчиликлари ҳақида: “Иегова (Тангри) шоҳидлари ҳақида билганларим”, номли катта илмий-тахлилий мақола эълон қилади.
 Бу мақола Тангри шоҳидлари рахбариятини оёққа турғузиб юборади. Доктор Смит ва унга ўхшаган ўз ходимларининг, А.Хоразмийни Тангри шоҳидлигига ўтказиш ўрнига, ўзлари Исломга ўтганлигидан хабар топишгач эса, фиғонлари осмонга чиқиб кетади ва Хоразмийни топган миссионерларни қаттиқ жазолашга тутинишади.
 Қизиғи шундаки, Хоразмийни топиб, унинг учун мукофот олган миссионерлар ичида Тангри шоҳидлари раҳбариятидан ҳам одамлар бўлган. Буларнинг жонига Хоразмийнинг ҳарбий кийимда тушган сурати (16-сурат) ора киради.
17-сурат.А.Хоразмий «Туркманлик»- маҳалла марказида-1994

Шунда улар: “Пофессор Хоразмий фақат дунё динлари билимдони бўлган олимгина эмас, мана, у КГБнинг полковниги ҳам экан. У, шайх Муҳаммад ниқоби остида Муҳаммад ибн Абдул Ваҳҳобнинг ёнида юриб Исломни ичидан бузишга қаратилган радикал “Ваҳҳобийлик”нинг пайдо бўлишида муҳим роль ўйнаган, инглиз разведкачиси доктор Хамперга ўхшаб, бизнинг динимизни бузиш учун юборилган экан”, деб жон сақлашади…
 Динимиз (Ислом)нинг бошқа динлардан асосий афзаллиги ҳам унинг Ислом, Иймон ва Эҳсон (саховат)га қурилганидадир. Ахмад ҳожи Хоразмий саховатпеша инсон сифатида ҳам танилган. Унинг бевосита раҳбарлигида ва иштирогида ва молиявий кўмаги асосида Хоразмда “Нуржон бобо”, “Иморат бобо”, “Арали эшон”, “Хоразмий”, масжидлари, бирнеча мақбаралар барпо қилинган ва шулардан 3 таси жомеъ масжид сифатида фаолият кўрсатмоқда.
 Хоразмийнинг ўз меҳнати ва маблағи ҳисобига кўприклар ва йўллар қурилгани, ариқ қазиб сув келтирилгани, ташландиқ ерда боғ пайдо қилингани ва бу боғ “Хоразмий боғи”, деб аталаётгани ҳам бор гап. Булар ҳақида вилоят ва мамлакат марказий аммовий ахборот воситаларида: “Профессор Хоразмийнинг саховати”, Ҳожи отанинг саховати”, номли материаллар ҳам эълон қилинган.
 
18-сурат. Хоразмийлар Аллоҳ ризоси учун саховат қилиш жарёнида, Ангилия-2011
2009 йил ёзида Туркманистон телевидениясидан Ахмад ҳожи Хоразмийнинг шахсий маблағи ва меҳнати эвазига (саҳоват сифатида), Хоразм вилояти, “Хўжалик” қишлоғида, 1994 йилда бунёд этилган “Туркманлик маҳалла маркази” (17-сурат) ва унинг фаолияти ҳақида махсус кўрсатув берилгани ҳам диққатга сазавордир.
 Ахмад ҳожи Хоразмий тағдир тақозаси билан буюк Британияда муҳожир(камбағал)ликда яшасада, пешона тери билан қийналиб топган озгина пулидан ҳам камбағал муҳожирларга, касалмандларга эҳсон қилиб туради. Эҳсон қилишга ҳеч нарсаси бўлмаса, эҳсон сифатида, Аллоҳ ризоси учун қўшниларининг, қария ва ногиронларнинг боғларини тартиблаб (ағдариб), гуллар экиб беради (18-сурат).
 Қуйидаги мадхиялар эса иқроримизнинг шеърий ифодаси десакда хато бўлмас:
 Хақ йўлида юрдинг Ахмад, чекиб жабру жафолар ҳам,
 Севиб ҳурматлади ёр – ошиною, ҳеш – ақраболар ҳам.
 
 Ёмонлик айлаганларга ҳамиша яхшилик қилдинг,
 Уялмиш бош эгиб ҳатто, субутсиз бевафолар ҳам.
 Чекарсан нолалар, булбул каби, ижод чаманларида,
 Табассум айлади ҳатто, ҳасадгўю насролар ҳам.
 Ватан қалбингдадир дўстим, васф этдинг диёрингни,
 Диёринг васфидин масту аласт, ҳатто оҳанграболар ҳам.
 
 Ватан учун Вулқон каби, бўлолсанг халқ учун қалқон,
 Бўлур махшар куни мамнун, Муҳаммад Мустафолар ҳам.
 
 Йирик олим ва таниқли ижодкор, Нақшбандия тариқати сўфийси, Ахмад ҳожи Хоразмийни Пайғамбар(63) ёши билан муборакбод қилиб, илм, ижод, Ислом ва саховат йўлида қилаётган беминнат ва ибратли ишларига Аллохдан барокатлар ва ўзига узоқ умр тилаймиз.
 Аннакули Нурмаммедов- ёзувчи, шоир ва дипломат, халқаро Махтимқули мукофати лауреати (Туркманистон)
 
Иса хўжа Каяжан – олим, ёзувчи ва жамоат арбоби (Туркия).
 
Саййид Холдор Вулқон – шоир ва ёзувчи (Ўзбекистон)
 
Юсуфжон Расулов – журналист ва шоир (Швеция)
 
Мартин Поп – тил мактаби директори (Ангилия)
 
Олга Петровна– мухожир, филолог-тарихчи (Россия)

www.yangidunyo.com

Буюк Британия фуқаролигини олган таниқли олим Аҳмад Ҳожи Хоразмийга

хоразмийнинг энг яхши ва янги расми
Исмат Хушев
Лондонда бир олим яшайди маҳзун,
Дилларни ўртайди соғинч-зорлари.
Мени азал абад қилади мафтун.
Хоразмнинг донгдор ижодкорлари.
Олмахон, Отажон, Гулсанам, Омон,
Ҳар бирин қалбида дунёнинг дарди.
Агар туғилмаса устоз Комилжон,
Ўзбеклар бир умр йиғлаб ўтарди…
Бизларда азалдан улуғ, шарафли,
Оила бошлиғи – ота деган ном.
Эҳтимол мана шу унвон сабабли,
Уларга доимо ҳурмат, эҳтиром.
Тақдир тақозоси билан бир олим,
Гўзал Европадан топибди макон.
Давлатни бошқарса – қасоскор золим,
Ватанга сиғмаскан – ҳур фикр инсон.
Дарду алам бирла тутгандим сукут,
Эшитиб дилдаги нолаларини.
Оллоҳим, сен ўзинг паноҳингда тут,
Муҳожир олимнинг болаларини!
Яшайлик, дунёни ҳайратга солиб,
Ҳижрат ҳам биз учун балки меросдир.
Биз ҳали Ватанга қайтамиз ғолиб,
Қайтиш ҳам музаффар зотларга хосдир…

Олимнинг оиласи

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

9 шарҳ

  1. Тақдир тақозоси билан йирик бир олим,
    Гўзал Европадан топибди макон.
    Давлатни бошқарса – қасоскор золим,
    Ватанга сиғмаскан – ҳур фикр олим.

    Ёки Маҳбубага бағишланган шеърдаги:

    Синглим, ўн олти йил умримиз ўтди,
    Сармаст юртбошидан тинглаб эртаклар.

    Фақат шугина мисраларда бир оламнинг юки бор, одамни сеҳрлаб қўяди.
    Расулуллооҳ бекорга айтмаган: “Кучли нотиқ(ижодкор)нинг нутқида сеҳр бўлади, одамни сеҳрлаб қўяди”, деб.
    Шу боис юқоридаги мисралардан юраклар туғёнга, қалблар жунбушга келади.

  2. Муаллим

    Исматжон. Сиз имкон қадар хориждаги муҳожир кишиларни руҳан ва маънан қўллаб қувватлаб туришга уринасиз. Бу савоб ишларингизга Оллоҳ ўз ажримини беради, албатта.

  3. Исмат Хушевга

    Жуда таъсирли ва мазмунли сатрлар. Қаламингиз доим бугунгидай ўткир ва имонингиз доим бутун бўлсин. Балои қазолардан Худойимнинг ўзи асрасин сизни илоҳим! Бахтимизга доим соғ бўлинг!

  4. Ҳар бир олим, адиб, санъаткорнинг ўзига яраша мухлиси бўлганидай мен ҳам И.Хушев ва А.Хоразмийнинг мухлисиман.
    Хушевга мухлислигим унинг “Подшо эркатойи саргузашти” китобини ўқиганимдан бошланди.
    Хоразмийга мухлислигим эса унинг диний ва ҳажвий ҳикояларини, айниқса “Олимнинг қисмати” тарихий романини “Дунё ўзбеклари” сайтида ўқиганимдан бошланди.
    Хоразмийга бағишланган бу шеър аввал ҳам шу сайтда босилганди. Буниси ўша шеърнинг тўлдирилган варианти экан. Яхши чиқибди. Бунида олиб қўйдим.

  5. И.Хушевнинг Махбубага ёзган қасидасини ўқиб ҳаяжоним босилмай туриб Хоразмийга бағишланган бу шеърини ўқиб ҳаёжоним янада алангаланиб кетди.

    “Бир ғариб кўнглини қила олсанг шод,
    Яхшидир жаҳонни қилгандан обод”
    дейилган мўътабар китобларда.

    Махбуба, Хоразмий каби ҒУРБАТДАГИ ҒАРИБЛАРни шод қилар экансиз, сизга жаннат эшиклари очиқ ин-ша-Аллоҳ.
    Шу йўлда бардавом бўлинг ШОИР ва журналист Хушев.

     

  6. 4 шарҳ

    1. Аввало Хоразмий домлани қутлаймиз таваллуд кунлари билан.

      Ҳожи ака ҳақидаги мақолани ўқиб ҳайратдан ёқа ушладим. Бу замонда ҳам бўлар экан-а шунақа одамлар?!
      Ҳадисда ўқиганим бор: Расулуллоҳдан ташқари шаҳид ва олимларга шафоат қилиш имконини берар экан Худойим.
      Шафоат қилиш имконини Аллоҳ мақола қаҳрамонига ҳам берган бўлса не ажаб.

    2. Tangriyor

      Оллоҳ эмас балки Аллаҳ бўлади. Озроқ ўқисаларинг бўлмайдими? “Ал” арабча артикл ва ҳеч қандай маъноси йўқ, “Илаҳ” эса жуҳудча худо дегани. “Аллаҳ” сўзи ясама ва кўчирма сўз.

      Olloh emas balki Allah bo’ladi. Ozroq o’qisalaring bo’lmaydimi? “Al” arabcha artikl, “Ilah” esa juhudcha xudo degani. “Allah” so’zi yasama va ko’chirma so’z.

    3. Домла Хоразмийни биз ҳам қутлаймиз таваллуд кунлари билан.

      Домланинг Пайғамбар ёши муносабати билан эълон қилинган юқоридаги мақолани бундан 5-6 йил олдин ўқиган бўлсакда одамни ҳайратга солади унда келтирилган фактлар.

      И.Хушев домлага бағишлаб ажойиб шеър ҳам битибди. Бу шеърдан одам тўлқинланиб кетади.

    4. Ахмад хожи Хоразмийга

      Рахмат Сизга. Оллох умрингизни узок, имонингизни бакувват килсин. Болаларингизни хузурини куринг.

"4" Comments
  1. Мен ютубни кавлаб ўтириб “Xorazmiy xirgoilari” сарлавҳасидаги видиога дуч келдим. Бу видио “Ахмад хожи Хоразмий куйлайди” деб номланган экан. Қизиқиб бошидан охиригача кўрдим.
    Очиғини айтганда домла Хоразмийнинг овози унчалик эмас экан-у, лекин турли тилдаги ашулаларнинг кўписини бинойидай айтган.
    Исмат ака ўша видиони бир кўрингчи, балки “Дунё ўзбеклари”га қўйсада бўлар. Ҳар қалай домланинг олим ва ижодкор сифатида ҳам кўп мухлислари бор. Майли унинг хиргоисини ҳам эшитиб кўришсин…

  2. Мухаммад Мустафо

    Домла Ахмад Хожи Хоразмий олим бобо улуг айёмингиз билан, куп яшанг! Аллохнинг сизга ажри куп, Сизга соглик тилайман!

  3. Xorazmiy haqidagi maqoladagi faktlarga ishonmagan bulardim agar buni Xorazmiy domlaning o’zi aytganida.

    Bu tafsilotlarga mashxur mualliflarning keltirgan faktlaridan keyin ishonmasdan iloj yuq.

    I.Xushevning: Тақдир тақозоси билан бир олим,
    Гўзал Европадан топибди макон.
    Давлатни бошқарса – қасоскор золим,
    Ватанга сиғмаскан – ҳур фикр инсон.
    deb yozganlari naqadar haqiqat ekanligiga tan beradi odam.

  4. Мен “Дунё ўзбеклари” сайтини яқиндан бошлаб ўқияпман. Кўпинча “Озодлик”ни ўқирдим.

    И.Хушевнинг профессор Хоразмий ҳақида ёзганларини ўқиб Хушев СНБни бекорга пўстагини қоқмас экан, деган хулосага келдим.

    Сабаби шуки, СНБ манашу Хоразмийни Ўзбекистонга киришига монеълик қилган. “Озодлик”да шу ҳақда ўқиб Хоразмий Ҳукумат қўрқадиган М.Солихга ўхшаган мухолифатчи бўлмаса ундан нимага қўрқишар экан деб ҳайрон қолгандим.

    Хоразмий ҳақидаги манашу мақолани ўқиб тушиндим, СНБ Хоразмийдан нимага қўрқишини. СНБ нафақат сиёсатчилардан, Хоразмийга ўхшаган машҳур олим ва иймонли одамлардан ҳам қўрқар экан.

Leave a Reply
*