Menu
Categories
ҲИКМАТ ёки Олмос шамшир ҳақида достон
09/16/2012 Тошкентда шов-шув бўлаётган асар

Ғаффор Хотамов (7)

Ҳали шоирнинг “Қодир овчи ўлими” шеърини эсга олдик. Кучли ва ҳароратли бу асар фавқулодда шиддат билан бошланади, юракни ларзага солиб, оддий-одатий кўникмаларни бузиб ўтади.

Кес-сак бўлиб кетаяпти,
Қўлларимни уқала…

Қодир овчи ўлим тўшагида. Лекин, у сўнгги лаҳзада ҳам хорлик ва чорасизликка чидай олмайди.

Бургут менинг аждодим –
Ерда нима, бойланиб?!.

У бургут сўнгги дамида беқиёс юксакликка кўтарилиб, сўнг ўзини қояга уришини таъкидлайди. Ва қисматига шундай якун ясайди.

Бу – куфру исён эмас!
Бу ўша даврнинг зидди!
Ўша иқлимга ҳадд уриш – жасоратни улуғлаш, демак.

Бургут менинг аждодим,
Ўлим деган нима гап?
Йўқ, йўқ, менинг авлодим
Ётмас ҳеч қачон титраб!..

Бу – шеър.

У хаёлга каманд ташлайди. Чекланган ва тескари ўзанга солиб қўйилган ҳаёт тарзини титиб-тўзғитиб, исканжа ва таъбуларни бузиб-парчалаб юборади.

Ва қаддингни кўтариб, юлдузни кўзлаб, юксакликка кўтарилиб яшашга ундайди, Абдулла Орипов хитоб этгани каби:

Юксакларда чарх уриб айлан,
Руҳинг мангу турсин ёришиб.
Ўлганда ҳам вужудинг билан,
Кетмагайсан ерга қоришиб.

Мана шу руҳдаги асарлар заифликка, мўтеликка нафрат уйғотиб, Озодликка чанқоқлик қўзғайди. Бир ўт каби жисми-жонингда сўниб бораётган ҳиссиётни аланга олдиради.

Инсонни бир инсондай, миллатни бир миллатдай мағрур бош қўтариб яшашга ундайди…

Шеърият ёлқинли нафаси ва тириклик саси билан боқий ва беқиёсдир. У руҳни бедор ва безовта этади, муқаддас туйғуларни, олий туйғуларни қўзғаб яшнатиб юборади.

Шоирнинг илоҳий нафаси кезган жойда ғафлат ва хусумат, кирлик ва бадкирдорлик бўлмайди. У шунинг учун шеър ёзади.

Юракдан отилиб чиққан шеър жаннат боғларининг ҳурлари кабидир, шунинг учун одамлар унга маҳлиё бўлади, шунинг учун шоирларни севиб-эъзозлаб яшайди. Шунинг учун биз Байронни ёд этамиз, Румийни қўлдан қўймаймиз, Навоийга ҳавас қиламиз…

Мумтоз шоиримиз Абдулла Орипов: “Азим Суюн дунёсига бир назар солайлик, – деб мираат қилади. – У қандай ўй билан яшаётир ва қандай шеър ёзаётир?

Азим Суюн шеъриятида Ватанимизнинг тенгсиз ва беқиёс чиройи ўзининг жозибали ифодасини топган, она тилимизнинг мафтункор латофати ва сеҳрли қудрати унда мужассам. Ҳар биримиз учун жондан азиз бўлган урф-одатимиз, халқимизнинг ҳеч бир миллат, ҳеч бир эл-улусда бўлмаган хислат ва фазилатлари, жуда баланд хулқ-атвори унда ўз жилосини топгандир.

Шоир киндик қони томган она Ватанини битмас-туганмас бир муҳаббат билан севиб-ардоқлайди. Дўсти-ҳабиби билан, устоз Миртемир каби, халқнинг ўзидай содда, халқнинг ўзидай самимий тилда суҳбат қилади.
Шоирнинг юрагида бир асов туғён бор. Бу туғён ҳеч қачон сарҳад ва чекланиш билмайди. Ва унинг ҳар бир зарби-тўлқини жавоҳир янглиғ ноёб ва бебаҳо ҳикматни соҳилга олиб чиқади.

Халқимизнинг азим ва ўктам шоири Азим Суюн садоқатли дўст, ишончли сафдош ва забардаст сиймодир. У Мустақиллик майдони ҳақида муҳташам бир достон ёзиб, она юртимизга асллик қайтаётганини баланд овозда таъкидлаб айтди. Дунёдаги ҳеч бир ёдгорликга ўхшамаган, яшиллик билан уйғунлашиб кетган бу мумтоз меъморий обида чинакам илоҳий зиёратгоҳ бўлиб, озодлигимиз ва давлатчилигимиз рамзи-тимсоли эканини бор овозда айтиб улуғлади. Жон томири шу мўътабар заминга боғланиб кетган улкан шоиргина эзгулик ва гўзалликда мана шундай теран ва умрибоқий ҳикмат кўради”.

Улуғлар йўл бошлайди!
Йўл бошлайди Асл Сийрат ва Суврат!
Улуғлари бўлсин Ватаннинг,
Давлатнинг,
Миллатнинг!
Улуғларсиз харобадир Юрт!
Хонавайрон Замин!
Бошсиз ҳайкал!
Озод ва Обод Юрт қолур улуғлардан!
Авлод қолур,
Шажара қолур,
Мумтоз обидалар,
Қўшиқлар,
Байрамлар қолур.

Жасорат,

Савоб қолур улардан! – деб ёзади Азим Суюн “Ўзбек давлати” достонида.
Асар сиёсий мавзуда.

Мустақиллик майдони, ундаги кўркам обидалар, унда силқиб турган меҳр-муҳаббат ёлқинида Асиллик ва Озодлик улуғланган.

У Ватанга арзи ихлос ифодаси.

Киндик қони томган заминни онам, синглим ва ёки ёрим деб билмоқ ва ота-бобом хоки поки деб гардини кўзга суртмоқ, ҳар бир заррасида ўзини, орзу-ҳавасини ва интилишини кўрмоқ, уни севиб-ардоқламоқ ҳар кимга ҳам насиб этмайди.

Бу бир саодатдир.

Буни билган билади, билмаган ўзига маҳлиё бўлиб ўтаверади.

Шу маънода, Азим Суюн яхши ният билан ерга уруғ қадаётган заҳматкашга ўхшайди.

Катта бобоси Одам Атодан мерос бўлиб қолган бу эзгу амал ҳеч бир одамга ҳеч вақт панд берган эмас. У сочган ҳар бир уруғ ҳовуч-ҳовуч дон бўлади, хирмон бўлади, ризқу насиба бўлади.

Азим Суюннинг хирмони ҳам, оғушида ўзи туғилиб ўсган пурвиқор тоғлар каби кўкка бўй чўзиб, юксалиб, бамисоли тиллодек товланиб турса, не ажаб!

Яратган Эгамнинг йўриғи – ёрлиқ:
Офтоб Замин узра гулхан ёқади.
Дарёга айланиб, тоғдаги қорлик,
Чегара нелигин билмай оқади.

Баландназар қушлар, о, озод қушлар,
Кўрдим: ҳур-ҳур, эркин-эркин кўчади.
Бугун Ғарбда, эртан Машриқда қишлар –
Чегара нелигин билмай учади.

Сарҳад не – билмайди митти болари,
Бол йиғар дунёда бор чечаклардан.
…Кўкларга ўрлайди юрагим зори –
Одамзод яратган Чегаралардан.

Ҳар сафар Азим Суюннинг “Чегара билмас шеър”ини ўқиганда, дунёни у бошидан кириб, бу бошидан чиқаман, у менинг юрагимда бир олам ўй-кечинма қўзғайди. Эҳтимол, мазкур ҳикояга ҳам аслида шу нидо сабаб бўлгандир. Эҳтимол, унинг қуйидаги чорлови:

Ҳайҳот, бундай эл кўрмадим,
Бир-бирин ковлашиб, ерлар.
Ўҳ, ботирим, қайдасан?!

Азим Суюн ўзимизники! Қолаверса, ҳар қандай юкни кўтара олади. Шунинг учун унинг баҳонасида юрагимни ўртаб ётган бир ҳасратни охиригача айтмоқчиман.

Эй дўст, сиз нимани билар эдингиз!

Боғу боғчаларда хазон ўйнаган шу кунларда ўликлар ўз йўли билан, тириклар ўз йўли билан, ёмонлар ўз ёмонлигига, яхшилар ўз яхшилигига етиб бормоқда.

Қуёшнинг тафти қайтгач, изсиз кетган сароб янглиғ зулмат қаърига сингиб бораётган бўлса-да, сиз билган ўша муртадлар хонумони, бола-чақасини эмас, балки ҳамон ўзгаларга зулм қилмоқни ўйлайди.

Тириклар ҳам зулмат қаъридан чиқаётир.

Дунёда неки иш бор, ниятга яраша бўлгай!..

Мен бир ғарибу бечора ўша, япроқдек бола билан зулмат ва зиё салтанатининг қоқ ўртасида турибман, қўлимда у тутқазган қирқ газлик олмос шамшир.

Эҳтиёт бўлинг, эй дўст!

Сиз бу шамшир нима эканини қаёқдан билар эдингиз!

Бир даюс “ўйин” қилганида, унга айтдим:

– Эй ҳаёсиз, менинг шамширимни олиб, ҳадд урганинг нимаси? Сен уни сермашга ярайсан, холос. Аммо мен уни шундай ўйнатаманки, ҳатто белингни кесиб ўтгач, амалингга маст бўлиб, йўлингда давом этасан, токи вақти-соати келиб, оёғинг осмондан бўлиб тушмагунча ва тариқдек тирқираб кетмагунча!..

Яратган зот айтадики: – Мендан қўрқинглар, эй ақли расолар!..

Ҳузуримда жам бўладиган Қиёмат кунидан қўрқинглар!

Одам авлоди мана шу Кун ва мана шу Сония учун яшайди, аслида!
Шуни унутманг!

Нима у – урҳо-ур, мулки давлатлар!

Кунига ярайдими – наинки у дунёда, ҳатто шу дунёда – олтин юлдузлар?!.

Муҳаммад алайҳиссалом авлодини ёд этганим учун, бир тарих хаёлдан нари кетмайди, сира!

Ўша, золим Язиднинг отаси – Муовия, унинг отаси эса, Абу Суфён бўлган. Ва у Расулуллоҳ замонида яшаб ўтган. Худдики, Эркин Воҳидов ёки Салай Мадаминов каби шеър-ғазал ёзган.

Дўстингиз Ҳаким хон, эҳ-ҳэ, бу мақомга яқин йўлай олмайди, хонатласдек товланган сеҳр-жодуга иркит ямоқ бўлиб қолади. Нимага десангиз, у ҳам Кўчим каби дўст бўлиб кўриниш ва мол-дунё йиғиш учун борки кучни бу ёққа ташлаган. Аслида ҳаммасининг зоти бир, амали ва илдизи бир, худдики Язид билан Муовия ва Абу Суфён каби…
Усмон Азим:

– Биз параллел чизиқлармиз,
Кесишмаймиз ҳеч қачон, – деб фироқ қилади, ҳоли-жонимга қўймайди, сира.

Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, бу – нима дегани?

Қаранг, бир мўлтони, параллел чизиқман деб даъво қилади!

Оёқ остида ўралашади, айғирга ўхшаб кетини тутади! Ахийри кесиб юбордим, ўша “параллел чизиқ”ни! Аммо нима бўлганини билмайди, ҳали!
Шундай экан-да, дунёнинг иши!

Нима қилай?!.

Ўша Абу Суфён ҳам аввал-охир Расулуллоҳ ризқу насибасига ёпишиб яшаган, Унга ва энди оёққа туриб келаётган Исломга қарши муттасил курашган, беадад қон тўккан! Қаранг, яна тарихга у қандай таъриф-тавсиф билан кирган! Эмишки, саййид! Эмишки, Икки олам сарвари билан бир оилада униб-ўсган!..

Мен сизга ҳайрон қоламан: Ҳаким Саъдулладан ўксиб юрасиз! Тарихни билмоқ, ўрганмоқ керак! Ҳақиқат қат-қат парда ичида! Уни илғаш осон эмас!

У ким бўпти сизга?

Нима бўлипти!

Етти ёт бегона!

Бир итирқин, валади зино!

Диндан қайтган муртад!

Унутманг, шоир айтгани каби, Ҳар учраган эшон-у, ҳар саллалик пир эмас!

Ҳамон “хон”ман, “эшон”ман деб юрган, уялмай-нетмай “хўжа”лик ва “саййид”ликни даъво қилган аҳл, нима, сизнингча, имом Зайн ал-Обидин бинни имом Ҳусайн авлодими?!

Мен айтдим-ку, Язид Расулуллоҳ оила ичини тўлиқ қиличдан ўтказган, деб!

Шунча аслзода имом Зайндан кўпайган, деб ўйлайсизми?
Хато қиласиз!

Нима, сизнингча, Расулуллоҳ авлодини қиличдан ўтказган Язид ёки унинг отаси Муовия, ёки бўлмаса, Абу Суфён аслзода бўладими, саййид ё хўжа бўладими?!

Бу жуда ғалати тарих. Биласиз, Ҳошим билан Уммия Абду Маннофнинг ўғли! Улар эгизак бўлган, ҳатто орқаси бир-бирига ёпишиб туғилган.

“Расул алайҳиссаломнинг тўртунчи отаси Абди Маннофнинг эгиз ўғли бўлди, орқалари ёпишук, – деб хабар беради Рабғузий. – “Муни нетак қилғу?”, теб кенгаш қилдилар” . Ҳакимлар узоқ маслаҳат қилиб, биридан воз кечмаса бўлмайди, соябон остида жой ҳозирлаб, бирини кўмса, кечгача эт этдан ажралади, дейди. Шунда Абду Манноф жаҳл билан эгизаклар орасига қилич солади. Уларнинг орқаси жиққа гўшт бўлса-да, иккиси ҳам омон қолади…

Ҳолбуки, ҳакимлар ризққа ишора қилган! Болаларнинг бирида ризқ йўқ, демоқчи бўлган!

Абду Маннофнинг машъум хатоси асл насли бошига бало орттирган!
Муҳаммад алайҳиссалом ҳошимийлар, Абу Суфён эса, уммавийлар шажараси давомчисидир! Шу боис, Абу Суфён ҳақида гап очилса, билганлар ҳам, билмаганлар ҳам, авлиёю уламолар ҳам оғир сукут сақлайди.
Кўрдингизми, бу қандай бало!

Абу Суфён Расулуллоҳга қарши охиригача курашган. Макка фатҳида у асир тушган. Ўлим хавф солгач, яна қиёматлик қариндошларни ўртага қўйиб, тавба қилиб, калима келтирган ва жон сақлаган.

Маълумки, Исломга дили илитилсин дейилган ёвлар қатори Абу Суфён ҳам зикр этилган. Ва ўлжа тақсимотида у Расули акрамдан беҳисоб ҳадя, ҳам бунинг устига, хос маош олиб келган. Шу тариқа у катта мол-мулк орттирган, ўғли Муовия эса, Шом ҳукмдори этиб тайинланган.

Бунинг бари Расулуллоҳ шарофати билан бўлган, албатта. Ва шу ҳимматга қандай жавоб қилган, улар? Уммавийлар!..

Бу – бир тарих.

Уни билмай туриб, Ҳақиқатнинг илдизига етиш қийин!

Шу боис, бу ҳақда гап очдим.

Аммо мен айтмоқчи бўлган воқеа бу эмас! Гап шундаки, Тоиф қалъаси қўлга олингач, Абу Суфён ҳаддидан ошиб, ҳам ўзи, ҳам ўғли, ҳам набираси учун ҳақ даъво қилади. Гарчи улар қамалда қатнашмаган бўлса-да! Ва уч юз туя тортиқ олади.

Тасаввур қилинг: ҳар бир туя баҳоси бир “Матиз”дан кам бўлмаган!
У каби дили Исломга илитилсин деган ҳар қайси ғанимга Расули акрам юзлаб туя ҳадя этади.

Кўраяпсизми, қўлга олинган ўлжа фақат уларга бўлиб берилади. Ҳолбуки, улар йигирма йил давомида Сарвари оламга ёвлик-золимлик қилган! Уни сеҳргарга чиқариб, ўлдирамиз, деб изидан тушган. Ҳаққа-ҳақиқатга қарши курашган!

Шунинг учун Муҳаммад Мустафонинг бу ҳиммат-марҳамати ансорларни ўкситади. Ва улар: “Қавмининг, қабиласининг севгиси Расулуллоҳни маҳлиё этди”, “Бу – Яратганнинг ризолиги бўлмаган бир тақсимотдур”, – деб гина-кудурат қилади.

Шунда Ҳазраж қабиласи оқсоқоли Саъд ибн Убода ансорлар даъвосини Сарвари оламга етказади.

Тақсимот якун топгач, Расули акрам ансорларни бир чинор остига йиғади. Ва:

– Ортимдан маломат қилганингиз нимаси? – деб ўкинади. – Адашиб юрганингизда мен сизни топмадимми? Ва Раббул оламийн элчиси шарофати билан ҳақ йўлга юрмадингизми?

– Ё Расулуллоҳ, Мавло ҳақи, Оллоҳ таолонинг ва Сизнинг марҳаматингиз билан шундай бўлди!

– Мен сизни учратганда оч-наҳор эмасмидингиз? Эй ансорлар! Қани, айтинг, Оламларни Яратган зот ўз Элчиси шарофати билан сизни бой ва беҳожат қилмадими?!

– Валлоҳи, Оллоҳнинг ва Расулининг фазлу карами билан шундай бўлди!

– Жоҳил ва бадбин, бир-бирингизга ғаним ва ёв эдингиз! Мен сабаб бўлиб, Яратган сизни бир-бирингизга меҳрли-оқибатли қилмадими?

– Мавло ҳақи, Оллоҳ таоло ва Унинг Элчиси шарофати билан шундай бўлди, ё Расулуллоҳ!

Расули акрам мутаассир бўлиб бошини кўтаради ва уларга юзланади. Ва айтади:

– Нега индамайсиз? Ҳақингиз бор бўлган ростликни айтмайсизми?

– Нима дейлик, эй Набийуллоҳ?

– Мавло ҳақи, “Сен ўз қавминг томонидан сеҳргарга чиқарилдинг ва қувилдинг! Биз эса, Сенга ва Исломга ишондик ва қучоқ очиб сени бағримизга олдик, таважжуҳ ила Яратганнинг йўлини тутдик!
Сен ҳақир ва паришон бир ҳолда эдинг, биз ҳақ Расул эканингга иймон келтирдик ва сени қувватладик, сидқидилдан нажот бердик, ҳаттоки жон аямадик!” – дейишга ҳаққингиз бор-ку!

Эй ансорлар, Исломга дили илисин деб уларга дунё молини бериб, сизга ўз динингизни ҳавола этганим кўнглингизга оғир ботдими?

Улар қўй ва туя суруви билан бу жойдан айрилар экан, сиз Оламга яхшилик бўлмиш Яратганнинг Элчиси билан уйингизга қайтишга рози эмасмисиз?

Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар ҳижрат бўлмаса, ўзим ҳам ансорлардан бири бўлиб қолар эдим.

Агар, дунёдаги борки одам бир манзилга талпинса, ансорлар ўзга бир манзилни афзал билса ва шу йўлни тутса, ҳеч шубҳасиз, мен ҳам уларга эргашган бўлар эдим!

Ҳаётим – сизнинг ҳаётингиз, ўлимим – сизнинг ўлимингиздир!..

Дунёда шундай ишлар бўлиб ўтган, Мулла Азим!

Ва ўшанда юракдан силққан нидо Ислом аҳлини ҳам нақ иккига бўлиб юборган.

Бундай бўлиниш ҳар қайси халқ ва ҳар бир миллатда бор. Ва бу узоқ тарих…

Кечмиш шундай бўлган! Ва ҳар қайси оқим ўз йўлида ҳамон давом этади…

Хабар шундайки, икки олам Сарвари, айни шу лаҳзада ҳам, сиз кабилар бош устида, худди ўшанда бўлгани каби нидо қилаётир…

Яна ривоятнинг давомига қайтсак. Зеро, унда буюк бир ҳикмат яширин. “Ҳошимнинг ўғли бўлди Абдул Муталлиб отлиғ. Абдул Муталлибнинг ўғли бўлди Абу Толиб отлиғ. Абу Толибнинг ўғли бўлди Али отлиғ. Алининг ўғли бўлди Ҳусайн отлиғ.

Уммиянинг ўғли бўлди Ҳарс отлиғ. Ҳарснинг ўғли бўлди Суфён отлиғ.

Суфённинг ўғли бўлди Муовия отлиғ. Муовиянинг ўғли бўлди Язид отлиғ.

Ул кун Абди Манноф ул икки ўғлон орасига қилич кигурди. Тирик боринча Ҳошимли Уммияли аро қилич эрди. Яна Абдул Муталлибли, Ҳарсли аро қилич эрди. Яна Ҳусайнли, Язидли аро қилич эрди. Асли адоват бу эрди” , – деб хабар беради Носируддин Рабғузий.

680 йили Язиднинг йигирма икки минг қўшини Имом Ҳусайнни, у билан бирга, Расули акрамнинг оила ичини, жами саксон икки нафар муборак зотни Карбало даштида исканжага олади ва уч кун ташналикда тутиб, кейин қиличдан ўтказади.

Имом Ҳусайннинг қонли боши асъасаю дабдаба билан Дамашққа олиб келинади ва тилла лаганга солиб, ҳукмдорга инъом этилади.

Шундан сўнг Язид виқор ва дабдаба билан буни нишонламоққа, буюк салтанатга мос ва мувофиқ тантана қилмоққа ва шароб ичмоққа бошлайди.

Шу алфозда ўттиз тўққиз кун шоду хуррамлик ва байрам билан ўтади.

қирқинчи куни у ҳушёр тортади. “Вақтики, Ҳазрат имомнинг бошларини кўрди, бир ваҳшат пайдо бўлди”, деб ёзади Рабғузий. Қилган ишим тўғри бўлдими, ёки нотўғрими, деб ўйлаб қолади у.

Ҳар бир кас вақти-соати келиб, шундай ўйга толиши муқаррар, ҳар қанча ёвуз ва қонхўр бўлмасин!

Дунё ҳаёти шундай!

Шунинг учун мен айтаманки, одам маймундан тарқаган эмас! Агар, шундай бўлса, ўша қонхўр вақти келиб қилмиши олдида масъул бўлмас эди!
Дунёнинг Эгаси, Сўровчиси бор.

Ундан қочиб қутулиб бўлмайди!

Сиз нима деб ўйлаяпсиз?

Ўн саккиз минг олам бор.

Яна шундай ўнта коинот мавжуд. Ва ҳар қайсининг ўз Ойи, ўз Қуёши ва ўн саккиз минг олами бор! Аммо, Яратганнинг ғазабига учраган бадбахт учи-қуйруғи йўқ шу дунёга сиғмайди!

Олам тор бўлиб қолади, унга!

Ана шундай тангу тор вазиятда Язид қилмишидан фол очмоқ истайди. Усмон Қуръонини қўлга олиб, кўнгли тилаган саҳифани очиб, кўнгли буюрган ояти каримага шаҳодат бармоғини босади. Ва ўқиб кўрса, “(Сўнгра расуллар Яратгандан) мадад тилади, оқибатда саркаш ва золим кимсалар ноумид бўлди”, деган ояти карима чиқади.

Кўнгли ғаш бўлиб, яна базмга қайтади. Кун ярим бўлганда яна ичи қизийди. Худдики, ангашилмовчилик бўлган. Худдики, яна фол очса, кўнгли тилаган ҳақиқат рўёбга чиқади. У бориб яна фол очди. Ва яна шу ояти карима йўлини тўсади. Пешинга томон тоқати тоқ бўлиб, яна Қуръонга ёпишади, бахтга қарши яна ўша оят тақдирига ишорат қилади. Алал-оқибат, у асабий ҳолда, Мусҳафни айлантириб ерга уради. Ва оёғи остига олиб тепади. Ва айтадики, нима, сен мени ўз Раббинг билан қўрқитмоқчимисан? Ўша, Қиёмат куни чин бўлса агар, ўша кун айт Раббингга, Язид мени хор қилди деб, тепкилади, деб! Керак бўлса, менинг ўзим Худодурмен!

Бу – ўша, Соҳибқирон Амир Темур Дамашқ фатҳидан сўнг, 1401 йили чексиз иззат ва икром билан Самарқандга олиб келган Усмон Қуръони,
Мусҳафлар имомидир.

Соҳибқиронга уни ибн Холдун инъом этган. Ва бу тенгсиз аллома Расулуллоҳ наслидандир, Абу Ҳанифа билан имом Мотуридий каби…
Низомиддин Шомий билан Шарафиддин Али Яздий гувоҳлик беришича, ўшанда Соҳибқирон амирлари ва давлат арконларига таъкидлаб айтадики:

– Бул мамлакат бир қанча вақт Муовия ва Язиднинг қўл остида бўлган. Ва биз доим эшитиб келар эдикки, ул маҳалда марвонийлар аҳли байтга, хоссатан ҳазрат Мустафо салл Оллоҳу айлайҳи ва салламнинг куёви ва биродари Алийи Муртазо ва унинг қиёматли хотини Фотимайи Зуҳро фарзандларига ёвлик-душманлик қилиб келдилар, урушдилар, ўлдирдилар, ҳам уларнинг ҳақига зид-ғаюр ишлар қилдилар.

Бизга бу эътиқод номақбул кўринган.

Шунинг учунким, улар умматнинг яхшиси эрди ва уларга эргашганлар зулмату куфрни тарк этиб, Ислом нурига мушарраф бўлди.
Улар қандай қилиб Расулуллоҳдек муборак зотнинг оила аҳлига бу қадар акслик-золимлик қилгай?..

Шундай қавмга Ҳақ таоло қандай қилиб балойи офат юбормагай?! Ва уни азобу уқубатга гирифтор этмагай?!.

Яна ривоятнинг давомига қайтсак.

Шундай қилиб, бошидан ҳуши учган Язид яна базмгоҳга қайтади ва қутуриб ичмоққа бошлайди, саркаш ўйинга тушади, шундан сўнг ичбуруқ тутиб, хала жойга ошиғич ўзини уради, шошилинчда оёғи тойиб беихтиёр тубанга қулайди.

Ва нажосатга ботиб ўлим топади!

Ҳолбуки, у дунёнинг ярмига ҳукмдор бўлган!

Бундай даюсларни эсламоқ таъбни кир қилади. Лекин, нима қилай, ёмонни айтмай, яхши йўқ.

Ҳақиқат шундайки, бугун ўзини “саййид” ё “хўжа” сифатлаб, биз Муҳаммад (с.а.в.) авлодимиз, деяётган табақанинг аксарияти унинг қон душмани – уммавийлар сарқитидир!..

Қаранг, ҳаёт дарёси қандай қулоч отиб, қандай ҳайбат солиб оқади. Унга жон ато этган тириклик суви борлиққа қандай кўрку тароват улашиб, қандай зебу жозиба бағишлайди.

Бу азим дарё қаердан бошланиб, қаёққа оқиб бораётганини биров билмайди, худдики беэга, худдики ўз-ўзидан шундай бўлиб қолган. Аммо уни Яратган бор, Сўровчиси бор. Ва у мудом Чарх узра ҳозир, мудом бош устингдадир.

Муҳаббатга муносиб зотлар сазовор бўлади. Ва Яратганнинг қаҳр-ғазабига ҳам!

Бугун хорлик ва зорлик сизга ёвузлик қилган муртадларга юз бурди! Ва набийлар, расуллар ғазаби аланга олиб, Ҳусайннинг қотили ва унга ён босганлар, токи Уммиягача жаҳаннам ўтида ёниб кул бўлди…

“У кунда Ҳақ йўлдан озганлар бир-бирига ёв бўлур…”

Албатта, мен Азим Суюн ҳақидаги ҳикоя ғамли-ғуссали якун топишини истамайман. Токи у шундай бўлсинки, кўнгилни очиб юборсин! Ва ундан жаннат гулларининг ифори келиб турсин. Ва баҳраманд бўлган одамки бор: “Ў-ў, ко-о-ор, биз ҳам юрган эканмиз-да, дунёнинг тубига етдик, деб, бу ёқда шундай шоирлар бор экан!” – десин! Ва ҳайрат бармоғини тишласин!

“Булоқ кўзидан отилиб чиқаётган сув не-не машаққатли йўлларни босиб, не-не тошларни ёриб чиққанлиги учун тотлидир!” – дейди шоир.

Аслида ҳам шундай.

Ва унинг ўзи ҳам шундай йўлни босиб ўтди.

Азим Суюн муҳаббатга сазовор шоир. Мудом у дилларни яхшилик билан, сабр ва шеър билан олади.

(Яратган) суйган бандасига ҳикмат ато этади. Кимгаки ҳикмат етган бўлса, бас, муҳаққақ, кўп яхшилик етибди (Қуръон).

Қаранг, шоир ғамли-аламли ҳикоямизга чиройли хотима бўлсин деб, белги-аломат бўлсин деб кўркам бир шеър ёзибди:

Бунда йўл йўқ эди,
Кимдир бемалол
Ўзича қайгадир шу ердан ўтди.
Кунлар илиб-илиб
Ёз келган мисол
Кўп ўтмай каттакон йўл бўлиб кетди…

2007-2012

Leave a Reply
*