Menu
Categories
Сен – шохлари осмонларга тегиб турган чинорим (Деворнинг ҳам қулоғи бор)
03/23/2017 Муҳаррир танлови
Сен – шохлари осмонларга тегиб турган чинорим ёки “Деворнинг ҳам қулоғи бор…”
Ўзбек халқининг буюк шоири Эркин Воҳидов «Ўзбегим» шеърида «Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон ўзбегим» деган гаплари сирини деворга тайинлаб кетган эканлар. Кеча, бугун мана шу девор ёнига келиб, бу сирнинг нималигини эшитиб қолдим.
Бу жуда катта, ҳайротомуз сир экан!
Ҳаяжоним ҳали босилгани йўқ.
Эркин Воҳидов ҳақ эканлар, жаноблар.
«Деворнинг ҳам қулоғи бор» деган гапни билиб-билмай ишлатаверамиз. Шахсан, мен ушбу жумлани большавойларнинг шубҳа-гумон машинаси ёнилғиси ўлароқ ўтган асрнинг 20-30-йилларида пайдо бўлган деб юрардим.
Адашган эканман. Адашганимдан энди хурсандман ҳам.
Келинг бу гап ҳақида устозлар нима деганига қулоқ тутайлик.
«Девор тагида гапирма, деворнинг ҳам қулоғи бор»; «Деворнинг сичқони бор, сичқоннинг қулоғи бор»;  «Томнинг қулоғи бор»; «Ўз уйим деб гапирма, уй орқасида одам бор»; «Юрт оғзига элак ёпма, уй ўзимники дема»; «Девор орқасида одам бор»; «Дўппининг тагида одам бор»; «Эшигингни бекитма, тирқишини бекит» ва ҳоказо. Мазкур мақоллар эҳтиёткорлик билан сўзлаш, сир сақлаш, ҳушёр, зийрак бўлишга тааллуқлидир. «Сирингни барчага айтишдан эҳтиёт бўл, чунки ақлли бўлиш эҳтиёткор бўлиш деганидир». «Агар сирингни сақласанг, у сенинг асирингдир, барчага ошкора қилсанг, сен сирингни асири бўлиб қоласан» (Абу Али Ибн Сино «Китоб ул-ишорат фил мантиқ вал ҳикмат»;
« Буки, дерлар бордурур девор кейнида қулоқ,
Ул фазо даврида кўз етгунча девор ўлмагай»
                                                                           Алишер Навоий.
 «Недин билур эл мени ул ой ошиқидур теб,
Чун сўзламадим ҳеч дару девор қошинда»
                                                                            Саккокий
 «Девор ичра ҳар не десанг ҳушёр бўл,
Девор орқасида бўлмасин қулоқ»
                                                                            Саъдий
«Ўйламай сўзлама: «Томда қулоқ бор!»
Ич сиринг кишига айтгувчи бўлма»
                                                                             Махтумқули
Шотурсунқори Шомақсудов (1890-1979), Шўҳрат Шораҳмедов (1939-1998) «Маънолар махзани», «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, Т., -2001 йил, 78-бет.
Энди мен дуч келган «ДЕВОР» ҳақида.
Дунё маданиятини бошлаб берган Шумерларнинг Билгамиш достонини ўқиб ўтиргандим.
Ким бу ҳақда хабардор бўлмаса, кичик маълумот.
Билгамиш достони ҳозирги кунда дунёдаги энг қадимги ёзма манба ҳисобланади. Ушбу достон Шумерларнинг подшоси тарихий шахс, бундан деярли 4700-4600 йил олдин яшаб ўтган  Билгамиш ҳақидадир.
Бу достон сопол лавҳаларга учли  «қалам» билан ёзилган бўлиб бу тилшуносликда миххат дейилади. Сизда ёрқинроқ тасаввур уйғотиш учун «Тоҳир Зуҳра» кинофильмидан лавҳа келтираман.
Бобохон Тоҳирнинг отаси Боҳирнинг орқасига ёй отиб яралайди. Шунда Боҳир отдан йиқилиб, ёйнинг учи билан лойга ўз қотили номи Бобохоннинг исмини ёзади. Тарих сўйловчи бу лой парчасини кесиб олиб Тоҳирга кўрсатиш учун сақлаб қўяди.
Топилган достон Билгамиш замонидан ҳам минг йил кейин ёзилганлиги тахмин қилинмоқда. Икки оғиз маълумот Билгамиш достони ҳақида.
        Тарихий фактларни ўзида жамлаган энг қадимги бадиий достон сифатида Гомернинг Илиада ва Одессия достонлари ҳисобланарди. Аммо, 19 – асрда энг қадимги достон сифатида шумерларнинг Билгамиш достони топилди. Олимларнинг фикрига кўра, бу достон Гомернинг Илиада ва Одиссея достонларидан нақ минг йил аввал яратилган экан. Интернетдаги маълумотларга кўра Билгамиш тарихий шахс бўлиб, шумерларнинг Урука шаҳри лугали – ҳокими бўлган ва бундан 4700-4600 йиллар аввал яшаганлиги аниқланган.
         Қадимги тарихий манбалар сифатида Таврот, Забур, Инжил ҳам қаралади. Айнан Инжилдаги сув тўфони воқеаси Билгамиш достонида ҳам борлиги европалик тарихчи олимларни жуда қизиқтириб қолади.
         Бизнинг маданиятимиз манбаси Қуръонда ҳам Нуҳ пайғамбар замонидаги сув тўфони акс эттирилган, шу сабабли биз ҳам бу фактни инкор этмаймиз. Бундан минг йил аввал юртимизда дин ва маданият, илм-у фан юксак чўққига чиққан пайтида буюк аждодимиз Абу Райхон Беруний Нуҳ тўфони юз берган санани ҳисоблаб берган. Бу муддат ҳозирги кунда 5115 йилни ташкил этади (бу ҳақда кейинроқ муфассал тўхталиб ўтамиз).
Шумерлар тили ҳақидаги интернетдаги мақолаларни ўқисангиз, уларнинг тили номаълумлиги ҳақидаги хулосаларга дуч келасиз. Шунинг учун у тил бутун дунё халқларининг маданий бойлиги эмиш. Яъни ҳамманики бўлгач ҳеч кимники эмас. Эгаси чиқмагандан кейин, ким хоҳласа ўзиники қилиб олаверади-да.
Кимлар шуғулланмади бу тиллар билан. Инглизлар, немислар, французлар, бутун европаликлар 19-20 асрларда шуғулландилар. СССР пайтидаям атеист тилшунослар бу тил билан шуғулланганлар. Шуни қайд этиш лозимки, кўпинча қайси халқ вакили ушбу тил билан шуғулланса, эгасиз етим қолган бу тилни ўз ҳимоясига олиб, бутун дунёга ўз она тили билан бирлигини қайд этарди.
Шумерлар тилининг қандай ва кимники бўлганлигининг, унинг авлодлари ким эканлигининг нима аҳамияти бор дейишингиз мумкин. Саволингиз мантиқли. Дунёда ўлик тирик деганда беш мингдан кўп тил бор экан.
Шумер тилининг топилиш тарихи шундай.
1849 йилда инглиз археологи Остин Генри Лейярд Ироқдаги қазишма ишлари чоғида бир вақтлар Ассирия давлати таркибида бўлган Ниневия шаҳрини топади. Қазишма ишлари давомида шоҳ Ашшурбанипалнинг лой бўлакчаларига миххатлар орқали асарлар ёзилган кутубхонаси топилади. Кутубхонанинг иккинчи қисмини Лейярднинг ёрдамчиси Ормузд Рассам Британия музейига топширади.
Музей маъмурларининг бир неча йиллик уринишлари бесамар кетади, миххатлар сири ечилмай қолаверади. Музейнинг миср-ассурия бўлими ёрдамчиси Жорж Смит ҳам бу миххатлар тилсимига қизиқиб қолади. У 1872 йил 3 декабр кунида «Инжил археология жамияти»да дунё сув тўфони қолиш ҳақидаги Инжил оятларига ўхшаш ривоятни унданда қадимги асарда топганлигини эълон қилади!!!
Инжил ихлосмандлари кўп инглиз жамиятида бу янгилик жуда катта шов-шувга сабаб бўлади. Топилган миххат бўлакчалари орқали ривоят тўлиқ эмаслиги маълум эди. Шунинг учун ривоятни тўлиқ тиклаган кишига Дейли Телеграф газетаси 1000 фунт стерлинг миқдорида мукофот эълон қилади.
Мукофот пулини олиш завқи Жорж Смитни яна Месопотамияга олиб келади. Миххатли лавҳалардаги ёзувларни ўқигач Ж.Смит сув тўфони ҳақидаги ривоят катта бир достоннинг бир парчаси эканлиги ҳақида тўхтамга келади. Бобилликлар бу достонни «Гилгамиш ҳақида достон» дер эдилар. У 12 та қўшиқдан иборат бўлиб ҳар бир қўшиқ 300 сатрдан иборат эди. 1873 йилги экспедицияси даврида Ж.Смит 384 та лавҳани топади ва Достонни тиклашга муваффақ бўлади.
XX аср боши ва ўрталарида ушбу достоннинг бошқа тиллардаги вариантлари ҳам топилади. 2015 йилда Достон яна 20 сатрга бойийди. Буни Ироқ тарих музейи ходимлари, лавҳаларнинг нима эканлигини билмаган контрабандачидан мусодара қилишгач, тўсатдан топиб оладилар.
Хўш достон нима ҳақда? Достон дўстлик ҳақида. Достоннинг номи Билгамеш. Эрамиздан олдинги 2000 йилдан олдинги ва кейинги Шумер шоҳлари номлари тиклаган европалик олимлар унинг тарихий шахслигини қайд этишади. У Шумерларнинг Урука шаҳри асосчиси ва уларнинг наздида унинг исми Билгамес (Bil-ga-mes). Билгамиш эрамиздан олдинги 2800 йилда яшаган. Ҳозирги тил билан айтганда бундан 4800 йил олдин яшаган.
Достондаги барча исм ва атамаларни маъносини ҳозир таҳлил қилиш фикридан ҳозирча йироқман. Чунки, уни инглизлар таржима қилишган. Улардан французлар, руслар таржима қилганлар. Товушлар ўзгариб кетиши табиий.
Инглиз олими Роулинсон Шумер тилининг туркий тил бўлганлигини, тарихда улар биринчи бўлиб ёзувни ихтиро қилганлигини XIX асрдаёқ айтганди ва унинг фикрини европаликлар кўпчилик олимлар  энди тан олишди. Собиқ СССР ҳудуди олимлари бу фикрга қисман қўшилишган. Билгамеш достонидаги исмларнинг маъноси бўйича кейинги ишларни асл матн – оригинални топгандан кейинга қолдирсак мақсадга мувофиқ бўлади.
           «Девор қулоғи» ҳақидаги гап бўйича Билгамиш достонидаги парчани аввал мен дуч келган манба рус тилида яратилган И.Дьяконовнинг «Гильгамеш» достонининг интернетдаги (alexander@vvv.srcc.msu.su) сайтидан олинган рус тилига қилинган таржимасининг қисқартирилган парчасидан, кейин эса унинг ўзбек тилидаги эркин таржимасидан келтираман.
           Бу эпизод достоннинг кульминацияси ҳисобланади. Бу эпиходда бутун дунё, барча мамлакатларни кезиб, ер қаърига тушиб, океан кезиб инсонлар ичида ўзи ва хотини учун абадий ҳаётга эришган Утнапиштидан қандай қилиб бу мартабага эришганлигини Билгамиш сўраётганида, Утнапишти шундай жавоб беради:
Утнапишти ему вещает, Гильгамешу
“Я открою, Гильгамеш, сокровенное слово
И тайну богов тебе расскажу я.
Шуриппак, город, который ты знаешь,
Что лежит на бреге Евфрата,-
Этот город древен, близки к нему боги.
Богов великих потоп устроить склонило их сердце.
Совещались отец их Ану, Эллиль, герой, их советник,
Их гонец Нинурта, их мираб Эннуги1.
Светлоокий Эа с ними вместе клялся,
Но хижине он их слово поведал:
“Хижина, хижина! Стенка, стенка!
Слушай, хижина! Стенка, запомни!
Шуриппакиец, сын Убар-Туту,
Снеси жилище, построй корабль,
Покинь изобилье, заботься о жизни,
Богатство презри, спасай свою душу!
На свой корабль погрузи все живое.
Тот корабль, который ты построишь,
Очертаньем да будет четырехуголен,
Равны да будут ширина с длиною,
Как Океан, покрой его кровлей!”
Я понял и вещаю Эа, владыке:
“То слово, владыка, что ты мне молвил,
Почтить я должен, все так и исполню.
Утнапишти Билгамишга деди:
«Билгамиш, мен сенга яширин бир гапни айтаман
Маъбудлар сири агар сен буни билсанг.
Сен биласан Шўриппак шаҳрини,
Евфрат соҳилида жойлашган у,-
Бу шаҳар жуда қадимги, маъбудлар унга яқин.
Маъбудлар қалби тўфон уюштиришни ирода қилди.
Маслаҳатда уларнинг отаси Ану, қаҳрамон Эллил- маслаҳатчи,
Хабарчи Нинурта, сувчи Эннуги (қатнашди).
Нур юзли Эа билан биргаликда (улар) қасам ичдилар,
Уларнинг сўзларини (Эа) кулбамда қолдирибди:
«Кулба, кулба! Девор, девор!
Эшит, кулба! Девор, эслаб қол!»
Шуриппакийлик Убар-Туту,
Кулбани буз, кема қур,
Дабдабадан воз кеч, умринг ҳақида қайғур,
Бойликдан воз кеч, ҳаётинг сақла!
Кемангга барча жонзотлардан сол.
Қурадиган кема тўрт бурчаклик,
Эни билан бўйи бир хилда бўлсин,
Худди океандек, устига тунукадан ёпинғич ёп!»
Мен бу гапларни тушундим ва ҳукмдор Эага дедим:
«Ҳукмдор, сен менга етказган барча гапларни,
Ҳурмат қиламан ва барчасини ижро қиламан». ..
            Бу сув тўфонини биз Қуръон, ҳадислар орқали биламиз ва тарихда Нуҳ тўфони дейилади. Яъни, дунё тарихи янгидан бошланиши ҳисобланиб. Нуҳни иккинчи Одам ота ҳам деймиз.
             «Деворнинг ҳам қулоғи бор» мақолимиз эса айнан ҳозирги дунё тарихи бошланишидан салгина олдинги воқеадан олинган экан…
Анвар Шукуров,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*