Menu
Categories
29 март – шоир ва драматург Тўра Мирзо туғилган кун. Муборакбод этамиз. (1-қисм)
03/27/2017 Адабиёт
 “Дунё ўзбеклари”дан.
Бугун шоир ва драматург, Халқаро Фузулий мукофоти совриндори Тўра Мирзо (Тўрамирза Жаббор) 61 ёшга тўлди.
У 1956 йил 29 мартда Наманган вилояти Чортоқ тумани Пешқўрғон қишлоғида туғилган. 1979 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институти, 1989 йили Москва адабиёт институти Олий адабиёт курсларини битирган.
У Ўзбекистон маданият вазирлиги, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, ЎзТВ, ЎзМУда маъсул вазифаларда ишлаган.
Ҳозир Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида адабий эмакдош сифатида фаолият кўрсатмоқда.  Унинг ўндан ортиқ  шеърий китоблари нашр қилинган. Туркия, АҚШ, Россия, Озарбайжон, Украина, Польша, Қозоғистон, Молдова, Бошқирдистон ва бошқа мамлакатларда ҳам асарлари чоп этилган.
Агар СССР пайтида “Молодая гвардия” нашриётида “Возвращение в Фергану” китоби 1990 йили нашр этилган бўлса, СССР қулагандан кейин ҳам ўзбек шоирларидан ягона Тўра Мирзонинг “Федеральная целевая программа книгоиздания России” ҳомийлигида  “Рекламная библиотечка поэзии” РБП нашриётида 1994 йили “Мир на тебя надеется, поэт”  шеърий тўплами дунё юзини кўрди. Унинг ўндан ортиқ драма ва комедиялари саҳналаштирилган.
“Амир Темур” драматик трилогиясидаги биринчи асар премьераси 1991 йил 1-сентябрь – Ўзбекистон истиқлолининг биринчи куни Қашқадарё театрида ўтказилган ва унга бу асар учун Халқаро Фузулий мукофоти берилган. Трилогиянинг 2-қисми “Амир Темур ва Тўхтамишхон” драмасининг премьераси 1995 йили Фарғона театрида ўтказилган.
Биз, Тўра Мирзони таваллуд куни билан табриклаб, унинг янги асарларидан намуналарнинг биринчи қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада, 27 март, 2017 йил…
 
ЙЎЛДОШ  ОХУНБОБО  УНЛИ  ШОИР ХИСЛАТ  ЭШОН ТОМОН  ЭМАКЛАГАНЛАР…
 Алқисса, шўровий Ўзбекистоннинг биринчи президенти Йўлдош Охунбобо ҳақида Кремлдаги найранглар туфайли қизил империянинг “камбағалпарвар” қирмизи сиёсати устун бўлиши учун ҳар қандай ёлғонни тўқиб, эл олдида дастурхон-дастурхон қилиб ёймишлар, ҳатто ботил афсоналарни ланг очиқ қулоқларга исирға қилиб осиб қўйганлар. Эмишки, Ўзбекистоннинг илк раҳбари Йўлдош ота мутлоқо ҳарф танимайдиган ўта саводсиз эмиш.
 Ҳолбуки оқ пошшо томонидан истило қилинган Қўқон хонлигидаги  адабиёт ва санъат маркази бўлмиш буюк шаҳарлардан бири Марғилон эди. Бир неча асрларки бул ҳудуд фасоҳат ва заковат бобида Туркистонда ибрат бўларли макон мақомида бўлиб, бугун ҳам шундай. Оддий ҳунарманд мана ман деган қизиқчини аския қилиб, чўқиб олиши мумкин.
 Улусимиз улуғи Абдулла Қодирий шоҳ рўмони “Ўтган кунлар”да воқеалар бўлиб ўтадиган асосий жойлардан бири қилиб, беҳудага Марғилонни танламаганлар. Унда марғилонча лутф, сўзга инжа либослар кийдириш, фарғонача такаллуфнинг санъат даражасига кўтарилганлиги, айниқса, Кумушбибининг сўз билан ҳафиф тарсаки тушириши, Мирзакарим Қутидорнинг ниҳоятда босиқ, аммо ўз ботиний мартабасини қадрлаши ҳамда  айрича кўринишларни буюк носир завқ-шавқ билан, ҳатто йиғлаблар-сиқтаблар қоғоз бетига санъаткорона рақам этиблар.
Марғилонда таваллуд топарак, мадрасада илм олмиш Йўлдош Охунбобо саводсиз бўлиб қолдими? Унга берилган “Ота” деган номни юқоридан тиқиб-тиқиштирилмасдан балки халқ ўзи уни шундай атаганлиги Ҳ.Нўъмон, А.Шораҳматнинг 2 жилдли “Ота” рўмони ва яна бир муаллифнинг “Биринчи Президент” қиссасида ўзига хос талқин қилинган.
 Ўзбекистон ўз боғимсизлигига эришган файзли даврда, дарҳақиқат, истиқлолнинг илк йиллари файзиёб ўлганлиги, умид оғочлари барқ уриб ғунчалар тукканлигига раҳмон қир-адирдай кўкракларда ишонч туғи қалққанини зикр этмакка бурчлимиз. Бироқ шахсга сиғинишнинг фитратли чорак асри даврида не-не тириклар тугул ўликларга-да зуғум ўтказилди. Истиқлолнинг илк йилларида очилмиш Шароф Рашидов фонди тақа тақ ёпилди. Унинг раҳбарларидан бири, унли журналист  Шароф Убайдуллоҳ тазйиққа рўбару этилди.
Зотан Йўлдош Охунбобо ва Шароф Рашид каби улуғ зотларнинг элпарварлиги билан замонасозлигидан ҳам кўз юмиш густоҳликдир. Аммо қирмизи салтанат мафкурасига қарши бормоқ, ўзни қурбон қилмоқ ва ўрнига ўзидан кўра ичи ғариб кимсаларга йўл очмоққа баробар эди. Ҳали улар ҳақида холис асарлар ёзмоқлик, уларнинг яхши ва қусурли жиҳатларини-да кўрсатмоқлик тарихчилар ва ёзувчилар елкасидаги оғир ва шарафчан  юкдир.
Менинг московлик журналист дўстим, “қоронғуликда қора мушукни тутмоққа қодир салоҳият эгаси” (московлик журналистлар таъбири), бир қоғозлик мақоласига минг-минг саҳифалик раддиялар чоп этилишига сабабчи бўлган “Пахтақул” (Хлопкораб)нинг муаллифи Александр Минкин мен учун Тошкентга 1995 йилда Моссоветнинг “Столица” журналини юборди.
Шу ўринда бир воқеани эслаб ўтмоқчиман. 1962 йилнинг 31 декабри менинг миямда муҳрланиб қолган. Ўша пайтда ҳар бир девор ва дарахтга “7 ёшдан 70 ёшгача пахта даласига” деган лавҳа осиб қўйиларди. Менинг дадам мактаб директори бўлганлари учун 3-4 ёшимдан уларга эргашиб мактабга бораверганим учун 6 ёшимда 1-синфда ўқирдим. Пахта даласида ҳатто бир дона оқарган чигит ҳам кўринмайди. Совқотганимиздан қуйи синф ўқувчилари йиғлардик. Ўқитувчилардан бири бригадирга “ҳеч бўлмаса 1-синф ўқувчиларига жавоб берайлик” деганида саводсиз, умрида битта китоб ўқимаган бригадир муаллимимизнинг онасини ахтариб, ҳақорат қилиб кетди. Бизга уйга кетишга жавоб беришганида ҳамма ёқ қоронғу бўлиб, уйга бориб, иссиқ кўрпага кириб кетганман. Ўшанда Нишонов бошлиқ раҳбарлар азбаройи ўзбек болакайининг суратини ва у ҳақда ачиниб ёзгани А.Минкинга оммавий ҳужум уюштиришган эди.
Хуллас, менга А.Минкин юборган журналда Рашидов Мирзачўлни ўзлаштириш муддаосида қизил пойтахтдан республиканинг беш йиллик бюджетига тенг маблағ ундирганлиги, уни Мирзачўлга ва Тошкентда метро қуришга сарфланганлиги ёзилган эди. Сайланган Президент Ш.М.Мирзиёев Жиззах вилоятининг бир туманига Рашидов номини берганлиги хабарини барча олқишлаганига мен “ҳақир-фақир”-да (Навоийдан бу таъбирни қарзга олдим) шоҳид  эдим.
 Ўтган асрнинг 90-йилларида бир шахсни байроқ қилиш мафкураси пайдо ўларак, тириклар тугул ўлган буюкларга яна қайта “мис кафан” бичилдики, шул боис Охунбобоев, Рашидов, Ҳамза, Аброр Ҳидоят, Сора Эшонтўраларнинг номлари жарга улоқтирилди. Аммо уйқудаги улуснинг “Мен қиламан ўттиз, Оллоҳ қилар тўққиз” деган пандномасига раҳмон ёлғоннинг умри жуда қисқа бўлмаса-да абадий эмаслиги аён бўлди.
Инчунин Йўлдош Охунбобонинг ҳайкаллари ғорат қилиниб, номлари ҳам тазйиққа учради. Камина ушбу кунларда Файзулла Хўжа, Акмал Икром, Шермуҳаммадбек(Шермат қўрбоши), Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мустафо Чўқай, Мунаввар Қори, Шароф Рашид, Ҳамид Сулаймон ҳақида фиқра ва шеърий битиклар бошладимки, Оллоҳ насиб этса, “Дунё ўзбеклари”га юбормакка шаҳд этармиз. Куни кеча вафот этган Инъомжон Усмонхўжаевни  Президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланганидаёқ Шавкат Мирзиёев реабилитация қилди. Оқлов варақасини собиқ Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов Фарғонага шахсан ўзи олиб бориб, мункиллаб қолган Инъомжон Бузрук ўғлининг дуосини олишга муяссар бўлган эди. Усмонхўжаевнинг-да ҳам оқ-қора томонлари холис ёзмоққа бурчлимиз. Усмонхўжаев Ўзбекистонда Республика сатира театрини очиш учун Московдан маблағ ундирганига ўзим маданият вазирлигининг маъсулларидан сифатида ўзим гувоҳ бўлганман. Сатира театри ҳали ҳануз ўз услубини тополмагани бошқа масала. Лекин сўнгги чорак аср давр давомида адабиёт ва санъат шундай тазйиқ остида қолдики, икки гапнинг бирида “мен иқтисодчиман” деб мақтанадиган кишининг  иқтисодни қанчалик тушунганини  хорижда 8 миллиондан ортиқ одам нон излаб юрганидан англаса бўлади. 1990 йили “Ёш гвардия” нашриётида бир китобим 100 000 нусхада чоп этилган эди. Аҳолимиз нуфузи 2 баравар ошган 2016 йилда “444 тўртлик” тўпламим 30 нусхада чоп этилди. Демак, китобхонлик даражамиз 3333 баравар камайибди-да. СССР пайтида бир буханка нон пулига 30 та болалар газетаси, 15 та расмий газета берарди. Бугун 2-3 буханка нон нархида 1 та газета оласиз.
Ўзбекистон мустақил бўлгач, илк бор президент бўлган, 27 йилдан ортиқ давр давомида давлат ва улус тизгинини қўлда тутган Ислом Каримовнинг оқу қора томонларини ҳам холис ёритилиши лозим. Бир ҳамкасбимиз Истанбулда туриб, “Каримов ўлса, ҳолимиз нима бўлади?” деган маънода “кўзёш” тўкиши менга эриш туюлди, ундан кўра Ш.Мирзиёев унинг 24 йил айбсиз қамоқда ўтирган укасини озод қилгани учун севинчдан йиғласа авлороқмиди?
Хулласи калом, мен Йўлдош Охунбобонинг котиби, шоир ва драматург Шоасқар Тамкин хотиралари билан танишиб, ушбу қисқа фиқра, шеър ва мусаддасни
битмакка  жазм этдим. Қусурлари учун авф этгайсизлар.
   
                 ОТА  ВА  ШОИР ХИСЛАТ ЭШОН ДИЙДОРЛАШУВИ
Вақтиким, иккинчи жаҳон уруши,
Миллат асаби-ку-тортилган иплар.
Ғарбга юборилар элнинг улуши,
Узугин беради кумушбибилар.
Йўлдош Охунбобо ҳам Тамкин шоир,
Вилоят кезарлар сўраб эл ҳолин.
“Меҳнат, меҳнат,  яна меҳнат” бош шиор,
Кўриб-кўрмас улус унсиз саволин.
Радиокарнайдан Тўйчи ҳофизнинг
“Найларам боғу чаман сайрини жонон…”
Саси келар, елар уйғотиб ҳисни,
Йўлдош ота дейди Тамкинга шу он:
“Миллат буюклари ўткан тарихда,
Сен ҳам шоирман деб йиртасан ёқа.
Чинакам шоирлар ёрга таърифда
Кўп саҳий бўлганлар укам, шунақа.”
Тамкин таманно-ла дейди: “Эй, ота,
Бу шоир тирикдир-устозим Хислат.”
Ота дер: “Билмабман, қайтгач пойтахтга
Менинг қабулимга бошлаб кел албат.”
Шогирд ундовига кўнмас устози:
“Мен бир фуқороман, ул гўё подшо.”
Шоасқар ялингач, қария рози
Бўлгач етаклашиб борарлар икков.
Йўлдош Охунбобо қабулхонаси…
Жуда узун экан юз саржин сарҳад.
Дўппи кийган ота келади саси,
Ўзин тахтага гурс ташлайди Хислат.
Эмаклаб судралар терлаган шоир,
Бўғриқиб-бўғриқиб олади нафас.
Тўлачадан келган одамга оғир,
Бирдан бошга тегар бир калла қарс-қарс.
Ажиб манзарадан лол қолар Тамкин,
Икков эмаклаган  бир-бири томон,
Бундай некбинликка кўк ўқир таҳсин,
Қучоқлашар икки зот омон-омон.
Ота сўрар: “Нечун эмакладингиз?”
Хислат дер:”Подишоҳ томон фуқоро
Эмаклаб, судралиб бормоғи жоиз.”
Ота дер: ”Шоҳ тизлар келса шуаро.”
 
              ХИСЛАТ  ҒАЗАЛИГА  МУСАДДАС
Ичинг ғиж-ғиж сўзларку англарга инсон бўлмаса,
Юлдуз олис осмонда, гурунгга имкон бўлмаса,
Нур нарвонига осилмак зинҳор осон бўлмаса,
Кўк-да кўп хира-ми тортган, наҳот осмон бўлмаса,
Найларам боғу чаман сайрини жонон бўлмаса,
Ўлмайинму ҳажридин жисмим аро жон бўлмаса.
Кўк фонуси оймикин, қовунмикин ё бир тилим,
Юлдузларга панд айтар, ёруғликдан берар илм,
Нурни тутсанг ғадур-будур, сурати зотан ҳилм,
Ердан кўкка қўл чўзар кўздан чиққан озғин қилим,
Ой юзин бир кўрмасам, ҳар тун қоронғудир дилим,
Равшан ўлмас кечаси то моҳи тобон бўлмаса.
Юз бора ороланиб бир қат нур юқмаган юзлар,
Тикилсам тик келар муздан юз даҳа совуқ кўзлар,
Пайпаслаб  лаб-ла тутсам томирда бир қон  йўқ сўзлар,
Бўзтўрғайми, юз тўрғай осмон аро сарсон бўзлар,
Йиғламайму бекасу мазлумлиғимға, дўстлар,
Сўрғоли аҳволи зорим, бир қадрдон бўлмаса.
Жаҳл ила жазм этсангким, жаҳдингдин жонсарак жон,
Бир жон, ўн жон, минг жон демагилки жумлаи жаҳон,
Жонолғич-да жўнамиш, жарга келдим, жозиб жонон,
Қай чуқурга сакрайин, ҳандақ-Ерда, ўра-осмон.
Дарбадарликда кўруб, ё раб, маломат айлағон,
Рози эрмасмен менингдек токи сарсон бўлмаса.
Томоғимда кўндаланг қотмиш ул заҳар ҳажрини,
Қора сочларга бойлаган оппоқ аждар ҳажрини,
Умримни оғулаган оҳ, мушки анбар ҳажрини,
Ўн, юз, минг йил эмаски, мангу муқаррар ҳажрини,
Чекмас эрдим бу каби золим ситамгар ҳажрини,
Қабзаи қудрат агар аввалда ёзғон бўлмаса.
Сарсариман, ҳушдан нари, қора ҳасратлар билан,
Қувлашаман, тўрт ёқдан ўрамиш офатлар билан,
Кўкка боқсам, булут дўқлар таҳлика хатлар билан,
Келишмайман, ҳар қадамда пайдо сарҳадлар билан,
Чиқса юз хил турланиб ҳусну латофатлар билан,
Одам эрмас ул киши кўрганда қурбон бўлмаса.
Қуёш ўпичи тиғлар ё куйдирар миннат каби,
Ой нигоҳи  юмшоқ тилар, шилар маломат каби,
Кўз нурингни сиёҳ тунлар ўрайди ғорат каби,
Тўра Мирзо,тан ғижимлар чарчоқ- саодат каби,
Кеча-кундуз қон ютуб ашъор учун Хислат каби,
Ошиқи содиқ эмас оламға достон бўлмаса.
                               
               ШЕЪРЛАР
      Қисирлар тирс-тирс  не бўйнимда?
      Тош синдими танам, қўйнимда,
      Узилгандай чокидан недир,
      Тоғдай  қулар не-не ўйимда?
      Суяклар-ми қарсиллар хунук?
      Ерга тушар товуши тук-дук,
      Синган сайин вужудим енгил,
      Яқинлашар қўл етгудай кўк.
      Сирқираган  минг йиллик ёш-ми?
      Учраштирди киприк-ла қошни,
      Ҳайрат ичра ичиккан ичим,
      Сирпантирди  лоямут тошни.
      Тўкилдилар андуҳлар ук-дук,
      Юзалайди  кўнгилда юз юк,
      Юзлаб, минглаб ҳасратлар мунглаб,
      Енгиллашди билакдаги тук.
      Тўрт мучамда мунграниб надир,
      Уваланди, қувланди бир-бир,
      Йиқилдими тик тоғ ерпарчин?
      Қулар  тоғдан буюкроқ  кибр.     3.3.17 й.
    Х     Х     Х
Ёғ-а, ёмғир, зарба уравер,
Тошдай бошни турткила қаттиқ.
Каллам минг йил нам тегмаган қир,
Қиличингда ёмғиржон, хуш тиғ.
Нам қўлларинг йиртса уст-бошни,
Дўлга дўниб ёрса-да қошни,
Ёғавер, ёғ, уриб қаттиқроқ
Уйғотгил ўз хешинг-кўзёшни.
Тўқмоқларинг мунча суст, ёмғир?
Ҳўлланмади ҳали чўл-бағир.
Қўлдан отма таёқларингни,
Ур-ур, ичим Саҳрои Кабир.
Тиклансайдим тепалашлардан,
Ўти ўтсиз суст оташлардан.
Калтаклагин қутилгунимча
Ғаниматим ғуж-ғуж ғашлардан.
Ёш ичра ғарқ ёнар қорачиқ,
Унга кирар йўллар бор очиқ.
Кўзимга боқ, ўт-сув қовушган,
Минг йил мунгда ухладим қочиқ.
Силталагин ҳўл тўқмоғингни,
Бошга ағдар дарё-тоғингни.
Ёмғир, юв-юв, кўнгил қорасин,
Шар-шар қуйгил сиёҳ-оқингни.
Уйғотгил-ей, ичимда ични,
Йиртиқ-ёмоқ тўнли севинчни.
Шовва-шовва ёғиб, шовуллаб
Қамчи била туртгил илинжни.
Кул-кул бўлган ёмғирим уйғот,
Нақ тепамга қўявергил от.
Кулин кўкка совурганингда
Балки чиқар лаҳча чўғ-ҳаёт.
Ёмғирларим лов-лов ёнарлар,
Довулларим дов-дов ёнарлар.
Тикланаман, тетикланаман,
Бошлаб ёшли олов ёнарлар. 27.1.17.
                                                   Х     Х    Х
То хаёлинг кўздадур, кўз уйи гўё Каъбадур,
Ким туруб атрофидин киприкларим айлар намоз.
                Алишер НАВОИЙ
Кўзинг юмсанг, ёпишар киприкларинг,
Қовоқ  бўйлаб  чопишар киприкларинг,
Назаримда минг йиллар соқчи ўлмиш
Мужгонинг-ла топишар киприкларинг.
Кўзим очиб юмгунча йўқ кирини
Киприк ювар кўз-кўзламай  сирини.
Кўзанакдай бойланмоқлик армоним,
Гурс туришар суяблар бир-бирини.
Кўзёш суйин ичиб киприк ўсиблар,
Нигоҳ  тиксам, найза-ла йўл тўсиблар.
Олайтирсам кўз-юз ё минг қўриқчи
Кўзлаган ниятим сузиб-бузиблар.
Кўз пахтаси чиқди, кўзим тўрт бўлди,
Афту айн афтода, нигоҳ мўрт бўлди.
Кўзини шамғалат қилолмадим ҳеч,
Юм-юм  юмалаган ёшим шўр бўлди.
Кўзга суртолмадим кўздаги чўпин,
Кўзин бойлолмадим пайконин тўпин.
Қорачиғим мужгон шамшири тиғлар,
Қовоғин қуршаган навраста қўшин.
Кўзиккан, узиккан, қоқмасдан киприк,
Ушоқ  улуси-да сафда бор тирик,
Ёраб, ёрмак мушкул панжарасини,
Кўз кишвари кўйи кажли, кўх  йирик.
Муждага муштоқу  ўйга чўмамен,
Ғамгусор қамарни ичга кўмамен.
Қорачиққа михлаб унинг суратин
Тушиб кетмасин деб кўзим юмамен.
 
               ҲАЛИМА ХУДОЙБЕРДИ      
Ҳалима Худойберди, кун бердими, ой берди,
Шеърият диёрида кўк қизига ёй берди.
Кўнглини минг-минг мунглаб, шеър битиб тунлаб-тонглаб,
Юрт қизи-бурд қизими, бут сиҳатин бой берди.
Шоирнинг топган-тутган шеъри олий ғанимат,
Нақ юракка санчилган тун саволи ғанимат.
Мардона синглисини, шоирлар унлисини
Унутган эркаклардан бор малоли ғанимат.
Туркистоннинг ситамин симирган Рауф Парфи,
“Шеърчи аёллар ичра Ҳалима тоқ” атарди.
Чоғдош-оҳдош шоирлар олтин шеърни ғайирлар,
Қуёш ерни айланиб, кўкка туғин қадарди.
Навоийнинг сўзини осмондан пастлаганлар,
Чин ўрнига ночинни, ўтрикни касблаганлар,
Увайсий, Нодиранинг қодира синглисини
Руйхатдан ўчирмакка ножинслар  қасдлаганлар.
Ҳалимахоним саси, кундуз дук-дук  нафаси,
Шеъридан тус олмоққа юлдузлар юз ҳаваси,
Юртчил, бурдчил миллатнинг, ичи тўла ҳасратнинг
Сим-сим, тилсим эл сабрин кўзанаги, сўз саси.
Ҳалимахоним хома тутса сўзлар жамланар,
Камалакнинг рангидан равшан кўзлар намланар,
Сўз шоирнинг фарзанди, унинг жигар монанди,
Нурли калом, ассалом, нигоҳда нур камланар.
Қора ранглар аланглар, озор ортиқ ортибди,
Қуёшнинг сиёҳини ўз ичига тортибди.
Битилмаган шеърлари-қони суст томирлари,
Жуфт кўзининг тупроғи ичра бўртиб қотибди.
Ғамли қалам қиртиллар, кўкракда нур қимирлар,
Ерни ютган қорачиқ оппа-очиқ жимирлар.
Шоира эмас, шоир қон билан байтлар битиб,
Юракнинг ҳайқириғин ҳафиф, латиф шивирлар.
Ҳалима Худойберди  кун, ой берган  чўнг  шоир,
Ай, аёл ой раъйидан қўрқувлар увлаб тойир,
Мардлар номардлик илкин тутсалар, унутсалар
Ота юртин удумин, тутумин элқиз ёйир.
Унли-кунли опам-ей, кўнгли мунгли опам-ей,
Кўнглинг минг синиқларин қай бурчакдан топам-ей,
Ўзим-да суст кетганман, соч-тирноқ муз кетганман,
Қаҳрамон шоир томон ботқоқ йўлдан чопам-ей.  2016.
 
            НИЛУФАР  ХОНАДОНИДА
     Шоира  Нилуфар хонадонида
     Ердан муччи олган ол-ол хурмолар.
     Олқиш  мўл-кўл, шеър-гул  дастурхонида,
     Қучоқ-қучоқ  дуо кўкка  ўрмалар.
     Кўнгли  очиқ-сочиқ  Ботир  аканинг,
     Бир кулар, ўн  кулар, юзда  ажин йўқ.
     Боғчада оғочлар қулоқлари динг,
     Япроқлар зикрда, соловоти-ўқ.
     Ўттиз  икки  тиш-ла  тишласам  чойни,
     Сочдан  тирноқ қадар  чопқиллар  ҳузур.
     Кўрдим қуёш ботмай  кўринган ойни,
     Кўздаги  ҳўл ўтдан  Ер-кўк  юзи нур.
     Шом азони келар  Комолон ёқдан,
     Азонга жўр келар қушлар чуғури.
     Кун ботган, тун қотган, кўзлар-чироқдан,
     Ёришар  тўртовлон  ўтирган сўри.
     Дуолар устундир кўкка қадалган,
     Тўкилмакдан  тутар  сайёраларни.
     Опа, дуо борми менга аталган,
     Манглайдан  ювмоққа  шўр, қораларни.
     Отам  ўгитига зорман ўн  тўрт йил,
     Тўққиз йил онамнинг алқаши  армон.
     Дуо имдодига  жуфт  қулоғинг ил,
     Ай, бахтиёр  иним, Бобур  Алихон!    2008 й.
          
                       (Давоми бор)
"1" Comment
  1. Ёзувчилар уюшмасидан

    Тўра Мирзо ўзбек адабиётининг атоқли вакили. Унинг драматургиямизда ўз ўрни бор.

Leave a Reply
*