Menu
Categories
Abdugofur Mamatov: ХОРИЖ ХОТИРАЛАРИ (Дастлаб Америка сафари ҳақида)
04/09/2017 Сафар таассуротлари...
ХОРИЖ ХОТИРАЛАРИ
(Дастлаб Америка сафари ҳақида 2012 йил)
Аслида сафар таасуротларини ёзиш одатим йўқ эди. Ҳавас қилиб шу ишга қўл урдим. Бугун дунёнинг исталган жойига сафар ё саёҳат қилсангиз улкан учоқларда манзилга етиб олиш ҳечам муоммо эмас. Эҳтимол бундан 25- 30 йил илгари ҳам шундай осон бўлгандир. Лекин, ҳозир ҳаммаси бошқача бўлиб бораяпти. Истак бўлса тушга кирмас юртларни сайру саёҳат қилиш мумкин.
Америкага қилган саёҳатим давомида шунга амин бўлдим. Бир неча соатлаб давом этадиган парвозга сабрингиз етса бўлди. Тошкент-Рига-Нью-Йорк йўналиш бўйича парвоз қилган учоғимиз Овропа бўйлаб учиб боришини кузатар эканман ниҳоят Атлантика уммонига чиқдик. Минглаб километр масофада унинг ҳайбати ва ваҳимасини ҳис қилган сари ўзимни чалғитишга ҳаракат қиламан.
Ёз ойи бўлгани учун тикилиб қарадим. Уммон суви қуёш нурида ялтираб жилваланади. Баъзан булутлар галаси уни тўсиб қўяди. Шунда учоқ ҳам тухтаб қолгандай туюладию, бирдан ернинг қадрини ич- ичдан ҳис қиламан. Беихтиёр она заминимизнинг асосий қисми сувликдан иборат эканлиги ёдга тушади… болаларнинг йиғлаб хархаша қилиши турли хаёллардан қутқаради.
Беихтиёр йўловчиларни кузатаман. Кимдир дунёни сув босса ўрдакка не ғам деб бемалол хуррак отиб ухлаб ётибди. Баъзи аёлларни самода ҳам сўҳбати тугагани йўқ. Бир бирини ҳайратини ошириб гурунг беради. Эҳтимол, улар уммон ҳақида ўйлагани ҳам йўқдир. Балки бундай узоқ сафарларда юравериб ўрганиб қолганми?.
… узоқ кутилган сабру қаноатимиз ҳам паёнига етгандай само кемамиз соҳибаларининг умидбахш хабари назаримда ҳамманинг кайфиятини кўтариб юборди.
Дунёнинг энг машҳур шаҳарларидан бири Нью- Йоркни баланддан томоша қилиш истагида салон ойнасидан тикиламан. Узоқлардан кўкка бўй чўзган ҳашаматли бинолар кўзга ташланади. Ростдан ҳам Америка сеҳирли диёрмикан… гоҳ қирғоққа яқинлашиб гоҳ узоқлашиб ниҳоят учоғимиз машҳур Кеннеди номидаги учоқлар қўнолғасига қўнди.
Мени кутиб олган юртдошим Содиқ бу катта издиҳомда адашиб-адашиб, бир амаллаб Жанубга, Флорида штатига учадиган йўналишга олиб келди. У назоратчилар билан гаплашиб олдиндан юкимни топшириб мушкулимни осон қилди. Аэрапортдаги бундай хизматдан хурсанд бўлдим. Шу тобда қорин оч қолганини сездим. Тахминан 3- 4 соат кутишимни билиб, буфетга яқинлашиб, хилма хил ичимликларга тикилиб энг ишончлиси кўк чой деган фикрда менга жилмайибгина турган қора атиргулдек қизга таваккал қилиб, билганимча мисс, грен те девордим… у янада гўзалроқ табассум қилиб, есс сер деб ишга киришиб кетди мени тушунганига хурсанд бўлиб кайфиятим кўтарилди. Гуё очлигим ҳам эсимдан чиқди. Хоним ҳам менга ўхшаганлар билан гаплашавериб устаси фаранг бўлиб кетганини қаёғдан билай.
Бир пасда қоғоз идишга кўк чой дамлаб яна табассум қилди. Қани энди булочка бер деб айтолсам. Бирпасда тил айланмай қолди. Бундай пайтда эски тажрибалар иш бериб, менга ўхшаганлар учун энг оммовий тил бўлган имо ишора усулини бошладим ва менам табассум билан булочкалар қаторига қўл чўздим.
Атиргул яна бир нарсалар деб, нозик жилмайиб мени тушунди чоғи мулойимгина булочка узатди. Орамиздаги самимиятдан кайфиятим кўтарилиб бисотимдаги навбатдаги сўзни айтиб, Синкю дедим. Унинг чиройи янада очилиб яна бир нарсалар деди. Бу Америкадаги биринчи мулоқотим эди.Тил билмадинг, дил билмадинг деган гап бекорга айтилмаганда.
Зўр кайфият билан Содиқни ёнига жойлашиб қоғоз идишдаги чойни ичишга шошилиб, қопқоқни бир четидаги ичиш учун мулжалланган туйнигини топиб жайдари қилиб бир ҳупладиму кўзимдан ёш чиқиб кети ва уҳҳҳ девордим, танглайим куйди. Тилим айланмай инграб юбордим ва Содиққа қарадим. Яхшиям унинг кўзи телефонида экан, сезмай қолди. Хаёлимга ўзимизнинг чойхоналардаги оғиз куймайдиган чой келдию э, жўра, иссиқ чой ичаман десанг мана, Америкага келу қора атиргулни чойидан бииир ич, уҳҳҳ демасанг мен кафил деб ўзимни юпатган бўлдим.
Хуллас, куйган танглай билан бир амаллаб нонушта қилиб олдим. Юмшоқ булчка берган Атиргулга яна бир бор раҳмат айтдим хаёлан. Содиқ Америка ҳақида билганича гурунг берарди…бу ерда биров билан бировни иши йўқ деган гапи эсимда… йўлнинг чарчоғига таслим бўлиб пинакка кетибман. Содиқ туртиб уйғотганда йўловчилар назорат текширувдан ўтаётган экан. Шу ерда юртдошимга хайр хўш қилиб, раҳмат айтиб кутиш залига ўтдим.
Учоқ белгиланган вақтда порвозга шайланди. Тангримга таваккал қилиб, қайдасан Фортмайерс деб Мексика курфази сари учдик. Тахминан уч ярим, тўрт соат само сайрида бўламиз. Тунги Америка ранг баранг чироқлар оғушида… мен учун ҳамма нарса қизиқ.
Ўриндиқлар юмшоқ ва кенг, бемалол ўтириш мумкин. Қанчалик толиқмай учоқда деярли ухлолмайман. Учувчига бемалол ҳамроҳ бўлишим мумкин.
Тунги 11 ларда манзилга етиб келдим. Мени кутиб олишга чиқишган болаларим билан дийдорлашдик. Кичик неварам бегонасирамай ўзини менга отди. Ҳаммамиз хурсанд эдик.
(давоми бор)
https://www.facebook.com/abdugofur.mamatov
Leave a Reply
*