Menu
Categories
Исмат Хушев: Муштипар онанинг гуноҳи нима?
04/19/2017 Бош мақола

 “Дунё ўзбеклари”дан:
1.
18 апрель куни бир гуруҳ шаллақи ва шантажчилар Урганчдаги ака ука журналист Бобожоновларнинг 75 га кирган онаизори Шукуржон Мадраҳимова яшаб турган хонадонга келиб тўполон чиқаришган. Муштипар онани ҳақоратлаб, унга зуғум ўтказишган.
Энг ачинарлиси шуки, бу безори тўдага участка нозири билан маҳалла қўмитаси оқсоқоли бошчилик қилишган. Улар Шукуржон аяга хорижда яшаётган журналист ўғиллари учун маломат тошларини отиш учун келдилар. Йўқ жойдан жанжал чиқариб, тўполон кўтардилар.
Аянинг ўғилларини “ўз юртига тош отаётган Ватан хоинлари” деб атадилар ва 75 га кирган муштипар онаизорни ҳақорат қилдилар…
2.
Гап шундаки, Шукуржон аянинг фарзандлари Шуҳрат, Ҳурмат ва Қудрат Бобожоновлар таниқли ўзбек журналистлари.
Уларнинг раҳматли дадалари Ражаббой ота қирқ йил Ўзбекистон радиосида журналист бўлиб ишлади. Ўз фарзандларини ҳалол ва диёнатли, тўғри сўз ва ватанпарвар қилиб тарбиялади.
Ака ука Бобожоновлар Ўзбекистонда эмас, чет элларда яшашади ва хориж ахборот воситаларида ишлашади. Шуҳрат билан Ҳурмат “Озодлик” радиоси мухбирлари. Қудрат эса “Элтуз” мустақил нашри муҳаррири.
Улар чет элда бўлгани билан бутун фикри зикри, хаёли ва қалби Ўзбекистон ва унинг жафокаш халқи билан бирга.
Шу ерда “Нега улар чет элда?” деган ҳақли бир савол туғилади. Чунки Ўзбекистонда шу пайтга қадар ҳақ ва тўғри сўзни айтиб бўлмасди, адолат ва диёнатга жой йўқ эди.
Ўзбек матбуоти ва телевиденияси ёлғонлар устига қурилган давлатнинг бир тийинга қиммат ва тутуриқсиз сиёсатини мадҳ этиш билан банд эди…
3.
Хоразмнинг Хивасида содир этилган нохуш воқеа – ўн беш ёшли мактаб ўқувчиси ҳомиладор бўлганлиги ҳақида “Озодлик” радиоси олиб борган журналистик суриштирув юқоридаги жанжалга асос бўлган кўринади.
“Озодлик” хабаридан сўнг Хоразм вилоят прокуратураси мазкур иш юзасидан жиноий иш қўзғади. Хивада – 31 ўрта мактабда – 15 яшар қизнинг ҳомиладор бўлиб қолганини яширмоқчи бўлган бир гуруҳ ўқитувчилар ишдан бўшатилди. Уларнинг устидан тергов бошланди.
Хўш, бунга ўхшаш нохуш ва ярамас ҳоллар қайта такрорланмаслиги учун уни “Озодлик”дан айтиб муҳокама қилган яхшими, ё ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолиши керакми?
Оқни оқ, қорани қора дейишга қачон ўрганамиз?
4.
Бугун Ўзбекистонда янгиланиш ва тозаланиш бошланди.
Биз ҳаммамиз буни кўриб, билиб турибмиз. Давлат мулозимлари ҳам мамлакат яхши томонга ўзгаряпти деб жар солишмоқда.
Лекин Ўзбекистондаги бу янгиликлар Хоразмга етиб бормаган кўринади.
Президент Мирзиёевнинг чақириқлари, янгича ишлаш талабларини бу воҳа раҳбарлари, куч ишлатар тизими мулозимлари яхши англаб етмаган чоғи.
 Қачон улар оқ билан қорани англаб етишади? Қачон ҳақ ва тўғри сўзни айтган журналистларни, уларнинг қариндош уруғларини таъқиб ва тазйиқ қилишдан тўхташади?
5.
Урганчда – таниқли журналистлар онаизорига содир этилган бу ҳужум – Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатга мутлақо зиддир.
Атай уюштирилган бу таҳдид, бу зўравонлик – Хоразм вилояти ҳокими, Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи, вилоят прокурори ва МХХ бўлими раҳбарлари учун ёмон оқибатлар олиб келишига менинг шубҳам йўқ.
Негаки, бу учала журналистни Ўзбекистон ва ўзбек халқи яхши билишади. Уларнинг учаласи ҳам Ўзбекистон ва ўзбек халқини жондан ортиқ севишади.
Ака ука Бобожоновлар бу Ватан ва миллат учун, агар керак бўлса, жонларини ҳам фидо қилишга тайёр!
6.
Мен бу гапларни тўла ишонч билан айта оламан.
Чунки улар – Ўзбекистонда яшаётган не-не мулозимларга, куни кеча уларнинг муштипар онасига зуғум қилган давлат ниқобидаги безориларга қараганда юз бор, минг бор кўпроқ севишади Ўзбекистонни.
Шунинг учун ҳам улар Ўзбекистондаги ҳақиқат ва диёнат тантанаси йўлида, ўзбек халқининг ҳур ва бахтиёр ҳаёти илинжида – улуғ ва муқаддас курашга бел боғлаганлар…
7.
Ватан ва юрт озод бўлиши, ҳақ сўз ва адолат қарор топиши учун ўз қалами ва сўзи билан курашаётган журналист ака укалар Ватан хоини эмас.
Уларни хоин деб аюҳаннос солаётган лўттибозлар, қўрқоқ ва муттаҳам жаҳолат эгаларининг ўзлари хоин.
Ўз юрти ва халқи ҳақ ҳуқуқини баралла ҳимоя қилганлар, бу йўлда муҳожирликнинг аччиқ нонини еб, Ватани ва миллати учун туну кун жон фидо қилганларни айблаганларнинг ўзлари халқ душмани.
Хоразмга янгиланиш шабадаси етиб бормаганга ўхшайди…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
20 апрель, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…

 

Ака ука Бобожоновларнинг онаизорлари Шукуржон Мадраҳимова…

 
Шукурджан Мадрахимова с детьми; семейный архив Бабаджановых
Шукурджан Мадрахимова ўз фарзандлари билан (Бобожоновларнинг оилавий альбомидан)
Кудрат Бабаджанов с мамой; фото: семейный архив Бабаджановых
Қудрат Бабаджанов онаизори билан (Бобожоновларнинг оилавий альбомидан)
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
"8" Comments
  1. Мурад Патуллаев

    Лаънати манкуртлар

  2. Mirrakhmat Muminov

    Бу пасткашларни кизи ёки угли булса керакде уша 15 ёшлик хомиладор киз еки уз синглисини зурлаган йигит хам шу шалаккилар ни зурииёди га ухшайди.
    Онаизорга сабр тилаймиз ва чиройлик дуо килишларини тилаб коламиз.

  3. Zohidjon Yegitaliyev

    “Биз хеч кимдан кам эмасмиз” деган “аклли” сиёсат тантанаси бу!

  4. Daniel Anderson

    Онаизорда айб йук. Лекин озодликчилар жуда оширворишади фактни текширмасдан Узбекистон хакида негатив булса булди эфирга куйиб юборишади. Кегин булар чэтда ичкаридаги шахсга зарар тегадими деб уйламасдан бемалол исм фамилиясини айтиб куйишади. Журналистика этикаси бор шулар хакида уйлашса яхши булар эди.

  5. Bashorat Eshova

    Муштипар онанинг айби нима? Угилларини хкумат сигдиришмаганидан сунг ватанни тарк этишган. Хакикат ачикбулади бунга хар ким хам чидайвермайди. Озодлик хакикатни хамма вакт баралла эшитириб келган. Махалла оксоколлари лутивоз угри мутахамлар эгаллаб олишган учаска нозир оксоколдан хам батар…

  6. Ёзувчилар уюшмасидан

    Исмат Хушев ҳақиқий журналист, одил журналист, ватанпарвар журналист. Мен унинг ёзган барча фикрларига тўла қўшиламан. Ака ука Бобожоновлар бировни иғво қилишгани йўқ, улар ўз сўзлари ва қаламлари билан Ўзбекистондаги иллат ва жиноятни, ноҳақлик ва фирибгарликни, кўзбўямачилик ва коррупцияни йўқотишга бел боғлашган. Шавкат Мирзиёев бугун айнан Бобожоновлар ва Исмат Хушевлар кўтараётган долзарб мавзулаорни кўтараяпти. Халқ шунинг учун ҳам Президентга ишонмоқда, руҳи уйғонмоқда. Лекин Урганчда содир бўлган бу шармандали воқеа, Исмат Хушев ёзгани каби, Хоразм вилоят ҳокими истеъфоси билан тугаши учун биз ёзувчилар ҳам кураш бошлаймиз…

  7. Бекмурод

    Бу усул Каримов давридан қолган эски усул. Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари, тўғри сўз кишилар шунақа қилиб бозорчи шаллақи аёллар томонидан участка нозири ва маҳалла қўмитаси бошчилигида итга талатилгандек талатилади, обрўсизлантирилади қўни-қўшни орасида. Ҳаммасига СНБ бош бўлади, жойлардаги СНБ органлари ҳодисани узоқдан контрол қилиб туради.

  8. Xaq suzni xozir xam aytib bulmaydiku .. Чунки Ўзбекистонда шу пайтга қадар ҳақ ва тўғри сўзни айтиб бўлмасди, адолат ва диёнатга жой йўқ эди.

Leave a Reply
*