Menu
Categories
Шерзод Қудратхўжаев Ўзбекистон Президентини ҳисобот беришга чақирди
04/21/2017 Бош мақола
ШЕРЗОД ҚУДРАТХЎЖАЕВ ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИ ҲИСОБОТ БЕРИШГА ЧАҚИРДИ
Ўзбекистонда янги ташкил этилган халқаро пресс-клубнинг раиси Шерзод Қудратхўжаев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни халқ олдига чиқиб, ҳисобот беришга чорлади. Би-би-си мухбири билан бўлган суҳбатда Қудратхўжаев шундай фикр билдирдики, президент Мирзиёев ҳозир ўзи бошлаган ишларининг натижаси ҳақида албатта халққа сарҳисоб берадиган давр келади.
Президент сарҳисобини интиқлик билан кутаётган Шерзод Қудратхўжаев ўзбекона йўл тутганлиги таҳсинга лойиқ. У бир вақтнинг ўзида ҳам ғалвир сувдан кўтариладиган пайт келишига ишора қиляпти, ҳам президент Мирзиёевга содиқ хизматкор бўлишга тайёрлигини ифода этяпти. Пресс-клуб ва унинг тепасидаги корчалонлар, шу жумладан Қудратхўжаев ҳам эса аслида халққа ва журналистларга хизмат қилиш мақсадида эмас, балки президент Шавкат Мирзиёевга хизмат қилиш иштиёқида эканлиги кундек равшан. “Матбуот клубимизда президентимизнинг журналистлар билан учрашувини қилсак ўз миссиямизни яхши бажараётган деб ҳисоблаган бўлардим”, – деди Қудратхўжаев. Демак унинг бош миссияси Мирзиёевни мулоқотга олиб чиқиш.
Мирзиёев бош вазир бўлган даврда унинг матбуот котиби бўлиб ишлаганлигини ва шу боис Мирзиёевнинг характерини яхши билишини пеш қилаётган Қудратхўжаев уч йил давомида уни халқ билан мулоқот қилишига эриша олмаган, аслида уриниб ҳам кўрмаган эди. Бунга бош вазирнинг ўзи йўл қўймас эди. Вазирлар маҳкамасининг йиғилишлари ҳақидаги репортажлардан Мирзиёевнинг тасвирини кесиб ташлаш ва ахборот воситаларида бош вазир шаънига доғ тушириши мумкин бўлган хабарларга йўл қўймаслик билан шуғулланган Қудратхўжаев, мана энди бир думалаб, “демократ” ва “жасур” журналистга айланмоқчи.
“Тепадан на президент, на бош вазир ва на бир одам мана бу мумкин, мана бу мумкин эмас деган чизиқни ҳеч ким ўтқазгани йўқ”, – дея иддао қилаётган Шерзод Қудратхўжаев журналист ҳамкасблари олдида нақадар кулгили вазиятда эканлигини ортиқча тушунтиришнинг ҳожати йўқ.
Афсуски, Қудратхўжаев Ўзбекистонда қаттиқ цензура борлигини, журналистлар тилга олиши мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган мавзулар белгилаб берилганлигини ўзи ҳам жуда яхши билади. Пресс-клубга кимларни чақириб бўлмаслиги ва қайси мавзуларни кўтариб чиқиш мумкин эмаслиги акс этган рўйхат унинг миясига яхшилаб жойлаштириб қўйилган. Бироқ оммага ва хориж матбуотига бошқача қўшиқни айтиб беради. Топшириқ шунақа.
Қудратхўжаев барибир эскича иш юритишини ва фикрлашини Би-би-си мухбири билан суҳбатдаёқ исботлаб берди. Гулнора Каримова ҳақидаги саволларга жавоб беришдан ўзини олиб қочди. Ҳамма нарса журналистнинг жасурлигига боғлиқ, дея иддао қилиб турган Шерзод, собиқ президентнинг қизи ҳақидаги мавзу очилганида шерлигини унутди. “Ички цензура”си ишлаб қолди.
Суҳбат вақтида интернет ва ижтимоий тармоқларни “сариқ матбуот”га тенглаштирган Қудратхўжаев сал туриб Ўзбекистон халқини ҳам “сариқ халқ” даражасига тушириб қўйди. “Интернет бу том маънода халқ демократияси”, – деди Қудратхўжаев. Демак Ўзбекистон халқи интернетда ўзининг аксини маза қилиб томоша қилиши мумкин. Хавфли ёки ноқулай вазиятдан чиқиш учун Қудратхўжаев ўз халқини ҳақорат қилишдан ҳам тоймайди.
Макиавелли принципларининг мухлиси ва тарғиботчиси бўлган Қудратхўжаев чиндан ҳам “мақсадга эришиш йўлида ҳар қандай усулдан фойдаланиш мумкин”, деган тамойил асосида иш кўришини яхши биладиганлар кўп. Шерзод ўзининг манфаати йўлида ҳар қандай муқаддас тушунчалардан воз кечишига кўплаб гувоҳлар бор. Бош вазирнинг матбуот котиби бўлиб ишлаган даврда катта миқдорда пора олганлиги боис уни лавозимидан маҳрум этганлиги учун Мирзиёевни турли давраларда очиқдан-очиқ сўкиб юрган Қудратхўжаев энди президент Мирзиёевни оғзидан бол томиб кўкларга кўтараётганлиги ҳам унинг аслида ким эканлигидан далолат.
Лекин Қудратхўжаевни тушунса бўлади. Собиқ президент Каримов даврида омади кетган Шерзод энди янги президентнинг этагига маҳкам ёпишиб олиши табиий. Бироқ Мирзиёев порахўр сифатида ҳайдаб солган собиқ ходимини яна салафлари қаторига қўшаётганлигини кўриш мароқли. Мақсадга эришиш йўлида ҳар қандай усулдан ва ҳар қандай одамдан фойдаланишни Қудратхўжаев Мирзиёевдан ўрганганми, ёки тескариси?
Бу саволга жавоб қидириб овора бўлмайлик-да, яхшиси президент Мирзиёев Қудратхўжаевнинг клубига келиб ҳисобот беришини кутайлик…
Одил Холматов,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*