Menu
Categories
Исмат Хушев: Олий таълимдаги коррупция устида ким турибди? (2-мақола)
04/28/2017 Демократия сабоқлари
“МХХ ҳақида гапириш мумкин бўлмаган гаплар” туркумидаги учинчи мақола
Ўзбекистон махсус хизмат салтанати ҳақида хориждаги ўзбек журналисти мулоҳазалари
(Қўрқоқлар ва 18 ёшдан кичикларга ўқиш тавсия этилмайди)
26.
5. WI-FI усули:
Бу усул бироз мураккаб бўлиб, асосан, 2008 йилдан 2011 йилларгача фойдаланиб келинди.
2008 йилда Тошкент шаҳридаги Навоий савдо растасида кучли сигнал узатувчи роутерлар ёки wi-fi антенналарини топиш қийин эди. Шу сабабли ҳам махсус жиҳозлар интернетдан излаб топилиб, алоҳида буюртма билан Россиядан олиб келинарди.
Бу усулдан фойдаланишда техникани яхши тушунадиган мутахассислар жалб қилинади. Дастлаб имтиҳондан 3-4 кун олдин Олий таълим муассасаси атрофидаги кўп қаватли уйлар томига ёки симёғочларга махсус антенна ва сигнал қабул қилувчи роутерлар ўрнатиб чиқилади.
Албатта бу усулдан фойдаланишда клиент-абитуриентлар ҳам олдиндан махсус тайёргарликдан ўтишади. Улар ўзлари билан wi-fi  тўлқинига эга телефонларни олиб киришлари ёки олдиндан аудиторияга жойлаштирилган шундай телефонларни олиб ўзларининг саволлар китобчасини эҳтиёткорлик билан расмга олишлари лозим бўлади. Кейин ушбу суратларни wi-fi тўлқини орқали телефондан ташқаридаги роутерларга узатишади.
Албатта имтиҳондан бир кун олдин бинонинг барча бурчагида wi-fi тўлқинининг ишлаш сифати бир неча марта текширилади. Қисқаси имтиҳон бўладиган бино атрофида бутун бошли тармоқ ташкил қилинади. Ташқарида мутахассислар узатилган суратларни бир пасда компютер ва принтерлар орқали қоғозга туширишади ва ечиб берувчи иккинчи гуруҳ яъни ўқитувчиларга етказиб беришади. Саволлар зудлик билан ечилади ва телефон орқали аудиториялардаги клиентларга жавоблар етказиб берилади.
Бу усулда баъзи кичик деталларга эътибор талаб қилинади. Масалан абитуриент китобчани расмга туширишдан олдин унинг ҳар бир варағига ўз исмининг бош ҳарфларини қўйиб чиқиши керак бўлади. Акс ҳолда қайси китоб қайси абитуриентга тегишлилигини аниқлаш қийин бўлади. Бундан ташқари барча ҳолатларда клиент ўзи билан 100-200 долларга пул олиб киради ва шу пулга аудитория кузатувчиси сотиб олинади…
27.
4. Чўпон усули:
“Чўпон” дегани мактаб ёки коллежни битириб ўқишга топшириш режаси бўлмаган йигит-қизлардир.
Бу усул 2000 йилда кашф қилинган бўлиб, йиллар давомида бир қанча ўзгартиришлар киритилди.
Университетга қабул бошланганда 10 тадан 20 тагача баъзида ундан ҳам кўпроқ “чўпон”лар ҳужжат топширишади. Дастлабки йилларда уларнинг вазифаси имтиҳон пайтида ўзларининг саволлар китобчасини хато жавобларга тўлдириб гуруҳдаги “клиент”ларнинг саволлар китобчасидаги асосий фанлар туширилган варақларини йиртиб олиб эртароқ ташқарига чиқиб кетишдан иборат бўлган.
Ташқарида махсус тайёрланган ўқитувчилар ушбу олиб чиқилган варақлардаги саволларни ечиб беришган ва тайёр жавоблар келишилган МХХ ходими томонидан ичкарига олиб кириб берилган.
2004 йиллардан бошлаб китобчаларни имтиҳон охирида текшириб олишадиган бўлишди ва кимнинг китоби йиртилган бўлса имтиҳондан четлаштириладиган бўлди. Бундан ташқари барча абитуриентлар имтиҳон тугагунча аудиториядан чиқарилмайдиган ва бир вақтда чиқариладиган бўлишди. Шу сабабли кейинчалик бу усул бироз ўзгарди ва эндиликда “Чўпон” “Клиент”нинг китобини йиртмасдан, балки фотоаппарат ёрдамида саволларни суратга тушириб, кейин фотоаппаратнинг ўзи эмас балки флешкасини олиб чиқадиган бўлди.
Имтиҳон ярмида аудиториядан чиқиб кетиш усули ҳам ўйлаб топилди яъни “Чўпон” ким биландир жанжал чиқаради ёки бошқа бир йўл билан тартибни бузади. Натижада кузатувчи томонидан ташқарига чиқариб юборилади.
Ташқарида чўпон олиб чиққан флешка компютерга уланиб, саволлар қоғозга чиқарилади ва тезда ўқитувчилар томонидан ечилади.
Саволларни етказиб бериш ҳам бироз ўзгартирилди. Баъзида олдингидек келишилган МХХ ходими томонидан ёки мобил телефонлар орқали “клиент”нинг мобил телефонига қўнғироқ қилиб, тайёр жавоблар ўқиб бериларди.
Энди фотоаппарат ва қўл телефонларини қандай қилиб аудиторияга олиб кириш масаласига келсак, бунинг ҳам бир қанча усуллари бор. Биринчи навбатда “чўпон” ва “клиент”ларнинг ўзлари қўл телефонлари ёки фотоаппаратни яшириб олиб киришга ҳаракат қилишади.
Лекин “страховка” сифатида имтиҳондан бир кун олдин “клиент”лар жойлашган аудиторияларга мобил телефонлар ва фотоаппарат олиб кирилиб яшириб қўйилади.
Одатда “клиент” ёки “чўпон” ўтирадиган парта рақами олдиндан аниқланади ва парта тагига скоч ёрдамида телефон ва фотоаппарат ёпиштириб қўйилади ёки аудитория поли паркет қилинган бўлса, “клиент” ўтирадиган жойдаги паркет пол очилиб ичига телефон яширилади…
28.
3. Бункер усули:
Бу усулдан 2002 йилдан бошлаб фойдаланиб келинади ва ҳозирги кунгача энг самарали усуллардан бири ҳисобланади.
Бу усулдан фойдаланганда биринчи навбатда МХХ вакиллари Олий таълим муассасаси масъуллари билан келишган ҳолда иш қилинади.
Дастлаб барча “клиент”ларнинг рўйхати ва қайси гуруҳларга тушиши аниқланади. Имтихон куни эса олдиндан келишилган МХХ ходими бирма-бир гуруҳлардаги “клиент”ларнинг савол китобчаларини йиғиштириб чиқади. Албатта аудиториядаги бошқа абитуриентларда ортиқча шубҳа уйғотмаслик учун саволлар китобчасида қандайдир хатолик бор экан дейилади ёки шунга ўхшаш баҳона топилади.
МХХ ходимига саволлар китобчасини олиб чиқиши учун турли баҳоналарни олдиндан ўргатиб қўйилади. Баъзида бу баҳоналар бир-биридан ғаройиб бўлган.
Масалан, МХХ ходими гуруҳга киради ва гуруҳдаги “клиент”ларнинг исм фамилияларини ўқийди. Кейин уларга “сизларнинг исм-фамилияларингиз бошқа институтларда ўқийдиган талабалар рўйхатида, компютерда чиқиб турибди. Текширишмиз керак, мен билан юринглар” деб дўқ-пўписа билан олиб чиқиб кетади. Аслида у “клиент”лар ҳам олдиндан тайёрланган бўлиб, чиқишда ўзлари билан савол китобчаларини ҳам олиб кетишади.
Энди тестни ечиб берувчи “бункер”чиларга келсак – улар имтиҳон ўтказиладиган учта фаннинг энг кучли мутахассислари орасидан текшириб саралаб олинади. Одатда университет ўқитувчилари ёки тажрибали репититорлардан иборат бўлади. Улар имтиҳондан бир кун олдин тунда бинога олиб кирилади ва махсус хонага жойлаштирилиб, устларидан қулфлаб, печатлаб қўйилади. Улар ўзлари билан еб-ичишга озиқ овқатларни ҳам олиб келишади.
Асосий вазифа бир куни шу ерда тунаш ва ертаси куни бўладиган имтиҳонда нечта саволлар китобчаси олиб келиб берилса, шуларни тўғри ечиб беришдан иборат бўлади. Саволлар китобчаси ечиб бўлингандан кейин улар яна қайтадан гуруҳлардаги “клиент”ларга қайтариб берилади. Агарда “клиент” юқоридагидек гуруҳдан олиб чиқиб кетилган бўлса, ечилган китобча билан гуруҳга қайтиб олиб киритиб қўйилади. Бошқа абитуриентларга қараб, “Бу боланинг исми-шарифи биз қидирган талаба билан бир хил экан, тушунмовчилик бўлибди” деб қўйилади…
29.
2. “Паровоз” усули:
Кўпчилик “Паровоз” усулининг десант усулидан фарқини тушунишмайди. Илк марта “Паровоз” атамасини 2000 йили муомалага киритилган.
“Паровоз” десантдан фарқли равишда қалбаки паспорт билан “клиент”нинг ўрнига имтиҳонга кирмайди. Балки ўз исм-фамилияси билан ҳужжат топшириб, имтиҳонга киради.
“Паровоз”- имтиҳон пайти ўз гуруҳидаги вагонлар яъни “клиент”ларга тестни ечиб бериб, ўз жавоб варақасини хато жавоблар билан тўлдириб, чиқиб кетувчи билимдон талабадир.
Маълумки, талабаларнинг мактаб аттестатлари ёки коллеж дипломлари университетнинг кадрлар бўлимида сақланади. Одатда қабул бошланиши билан “Паровоз” бўлувчи мазкур талабалар сессияларини тугатиб, кадрлар бўлимидан ўз аттестатлари ёки коллеж дипломларини олишади. Албатта кадрлар бўлими бошлиғи бу ҳужжатларни шундоқ бериб юбормайди, балки унинг ҳам ўзига яраша муомаласи қилинади.
Шундай қилиб ҳужжатлар жамланади ва талаба абитуриент сифатида ўзининг ҳақиқий ҳужжатларини топширади. Унинг вазифаси ўз гуруҳида жойлашган бир нечта вагонлар яъни клиентларга тестни ечиб беришдан иборат.
Бу усулда бир қанча ўзгаришлар бўлди. 2001 йили Давлат тест маркази республика бўйича барча талабаларнинг электрон маълумотномасини ярата бошлади. Бу эса ўзи талаба бўлиб “Паровоз” сифатида қайта ўқишга топширганларнинг кўпчилиги имтихон куни аудиториялардан чиқариб юборилишига сабаб бўлди.
Шундан кейин 2002 йилдан бошлаб фақат битирувчи курс талабалари ёки ўқишни бир-икки йил олдин тугатган билимдон йигит-қизлар “Паровоз” сифатида танлаб олинадиган бўлди. Чунки уларнинг исм-шарифлари ДТМ электрон базасидан чиқариб ташланган бўлади.
Бу усулда битта кичик муаммо олдиндан пули олинган клиент билан “Паровоз”нинг бир гуруҳга тушиш-тушмаслиги эди. Лекин “Паровоз”лар шу қадар кўп эдики, деярли ҳар бир гуруҳда топиларди.
2003 йилдан бошлаб эса вазият янада оғирлашди. Чунки энди абитуриентларнинг имтиҳон куни қайси гуруҳга тушиши уларнинг қайси йили мактаб ёки коллежни битиргаига қараб тақсимланадиган бўлди. Натижада барча ёши каттароқ абитуриентлар яъни “Паровоз”лар битта гуруҳга тўпланиб қоладиган бўлди. Бу эса барча ишни йўққа чиқариши мумкин эди. Шу сабабли ҳам мана шу йилдан бошлаб коллеж директорлари ёки туман таълим бошқармалари билан келишиб, шу йили бериладиган коллеж дипломларини сотиб ола бошланди.
Албатта бу дипломлар қалбаки эди. Баъзида ишини тоза қилмаган кичик гуруҳлар ушбу қалбаки дипломлар туфайли анча муаммоларга дуч келишган.
Ҳатто жиноий-жавобгарликка тортилган ҳолатлар ҳам бўлган.
Хуллас бу дипломлар “Паровоз” ва “вагон”ларнинг бир гуруҳга тушиш имконини берарди.
Баъзан қалбаки диплом олишнинг иложи бўлмай қолган вақтлари заҳира усулдан фойдаланилган. Бу усул “Паровоз” ва десант усулининг қўшилмасидан иборат. Унга кўра имтиҳон куни эрталаб абитуриентлар саф тортиб турганда “Паровоз” ўзининг эмас “клиент”нинг гуруҳига бориб сафда туради. Албатта “Паровоз”нинг ДТМ варағида кўрсатилган гуруҳ рақами олдиндан ўзгартириб қўйилади. “Клиент” эса имтиҳонга кирмайди. “Паровоз” ўзи билан “клиент”нинг паспорти ва ДТМ варағини яшириб олиб кириши керак. Чунки бино ичига киришда МХХ чиларга ўзининг ҳақиқий паспорти ва ДТМ қоғозини кўрсатиб киради. Аудиторияга кирганда эса ўз ҳужжатларини яшириб, клиент ҳужжатларини кўрсатади. Бу эса “Паровоз”дан уддабуронлик, аудиториядаги кузатувчилар билан тезда келишиб олишни талаб қилади. Шу усулда битта гуруҳга тушириш муаммоси ҳал қилинган…

 

30.
1. Десант усули:
Бу усул 1998-2003 йилларда иш берган. Бу усулда “клиент” (ўқишга кирувчи абитуриент)нинг паспорти олинади. Кейин паспортнинг расм жойлашган варағи махсус усуллар билан очилади ва унинг расми десант яъни тестларни ечиб берувчи билимдон талабанинг расми билан алмаштирилади.
Десант расмга тушмайди, балки ўзининг ҳақиқий паспортидаги расмнинг сканер қилинган нусхаси “клиент-абитуриент”нинг паспортига жойлаштирилади. Шу йўл билан расм чеккасидаги мовий ранг юлдузчалар ҳам сақлаб қолинади. Қарабсизки қалбаки паспорт тайёр.
Бир вақтнинг ўзида ДТМ қоғозидаги расм ҳам десант расмига алмаштирилади ва расмга туширилган муҳр қўлбола усулда чизиб қўйилади. Бу ишлар жуда эҳтиёткорлик билан қилинади.
1998-2003 йилларда ДМТ қоғозида абитуриент расми оддий клей билан ёпиштириларди.
Хуллас, ушбу қалбаки ҳужжатлар билан десант “клиент” ўрнига имтиҳонга киради. Десантнинг вазифаси фақат ўрнига кирган абитуриентнинг тестини ечишдан иборат эмас, балки бир вақтнинг ўзида битта гуруҳга жойлашган 3 та ёки 4 тагача “клиент”га ечиб бериши лозим бўлади.
Бу усулда битта таваккалчилик бор. Имтихон бўладиган аудиторияга кирганда кузатувчилар абитуриентларни битталаб чақириб, уларнинг исм- фамилияси ёзилган ва расми ёпиштирилган маълумотномага ўхшаш қоғоз тарқатишади. Одатда кузатувчилар қўлларидаги маълумотномадаги расм ва уни олишга келган десантнинг бошқа-бошқа одамлар эканлигига эътибор ҳам беришмайди.
Лекин ҳар эҳтимолга қарши ичкарига киришда десантга 100-200 долларча пул бериб қўйилади.
Кейинчалик 2002 йилдан бошлаб чиқарилган паспортларда расм туширилган варағидаги плёнка анча юпқа бўлиб чиқа бошлади. Натижада паспортлардаги расмларни алмаштириб қўйишнинг имкони бўлмай қолди.
Тест синовлари пайти қўлланиладиган ушбу 7 та усул Озодлик почтасига Анвар исмли муштарийдан келган “Имтиҳон сирлари” сарлавҳали мактубда тилга олинган…

 

31. 
 Twitterдаги фикрлардан: 
16 июл:“Порахўр домлалар”
“Абитуриент кундалиги”га келаётган шарҳларнинг аксарида олийгоҳлар домлаларининг порахўрлигидан шикоят қилиниб, уларнинг жазодан қочиб қутилаётгани ҳақида гап боради.
Айни пайтда Озодликка маълум бўлган бир неча ҳолатлар борки, унда айрим домлаларнинг пора учун қамалгани ҳам айтилади.
Қуйида ушбу ҳолатларни келтирамиз:
Ўтган йили Бухорода 35 кишидан иборат гуруҳ абитуриентларни ўқишга киритиш эвазига пора олганликда айбланиб¸ суд ҳукми билан узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
“Инсон ва қонун” газетасига кўра, мазкур гуруҳ аъзолари Бухоро Давлат Тиббиёт институти ва Бухоро Юқори технологиялар муҳандислик-техника институтига ўқишга киритиш ваъдаси билан 79 нафар абитуриентдан 2000 доллардан 8000 долларгача пора олган. Газета ёзишича, ушбу гуруҳ жами 45,2 минг АҚШ доллари сарфлаб, Wi-Fi радиосигналли антенналар, компютерлар ва мобил телефонлар сотиб олган. Улар орқали тест имтиҳонлари пайти пора олинган абитуриентлар билан алоқа ўрнатилган.
Бухоро вилоят судининг ходимига кўра, гуруҳ аъзолари ушбу техника ёрдамидан бир неча йил мобайнида тест имтиҳонлари пайти фойдаланиб келган.
Бухоро Юқори технологиялар муҳандислик- техника институтининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, мазкур институтдан 19 талаба айни гуруҳ ёрдамида ўқишга киргани аниқланиб, ўқишдан ҳайдалган.
Ўтган йили мамлакатдаги яна иккита олийгоҳнинг беш нафар домласи порахўрликда гумонланиб, қўлга олинди.
10 июл куни Тошкент Ирригация ва мелиорация институтининг Сув хўжалиги иқтисодиётини бошқариш факултети декани Насриддин Шамситдинов ва ўқув бўлими инспектори Фарангиз Ризаева олийгоҳга киритиб қўйиш ваъдаси билан 6000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайти ушлангани хабар қилинди.
Ўтган йил бошида Гулистон Давлат университетининг ҳам икки нафар ўқитувчиси ҳам пора билан ушланган, яна бир ўқитувчи пора олганлик айби билан ишдан бўшатилган эди.
2 июл куни Тошкент Давлат Юридик институтини 12 йил давомида бошқарган профессор Мирзаюсуф Рустамбоев ректорлик лавозимидан бўшатилди.
Рустамбоевнинг ҳам айни қабул жараёни кетаётган пайтда ишдан кетишига “институтда авж олган коррупцияга алоқадорлиги” сабаб бўлиши мумкинлиги тахмин қилинди.
Бу ўтган йил давомида фақат Озодликка маълум бўлган ҳолатлар холос. Балки аслида бу каби ҳолатлар кўп бўлиши ҳам мумкин…
 
32.
“Абитуриент кундалиги”га тошкентлик Малик йўллаган шарҳ:
Шарҳ таҳрирсиз эълон қилинаяпти: 
“Ўтган йили, Тошкент Ирригация институтининг Сув факултет декани Н.Шамситдинов ва ўқув бўлими инспектори Ф.Ризаевалар, болаликдан НОГИРОН абитуриентдан шу олийгоҳга киритиб қўйиш ваъдаси билан 6 000 $ пора олаётган пайти ушланган эди.
Ногирон болани калласи яхши ишлар эди,тестларни аъло топширган эди, лекин институтни котталари ўша ногиронни еқитиб, ўқишга киргизишмади.
Қўлга тушган домлалар эса, биринчи амнистия билан озодликка чиқишди. Халиги ногиронга, қамалган домлаларни одамлари жуда котта тахдид қилишди.
Мана Ўзбекистондаги адолат. Оддий халқ додини кимга айтсин?”дея шарҳ йўллади тошкентлик Малик…
33.
 Twitterдаги фикрлардан: 
16 июл: “Абитуриент кундалиги”га ўзини бухоролик деб таништирган муштарийдан келган шарҳ:
Шарҳ таҳрирсиз эълон қилинаяпти:  
“Ошнам айтиб колди, БДУ Деканга 3000$ бердим, болам гарантияли бюджетга киради, Сани хам фарзандингни гаплашайми? Ман айтдим, узи билимли фарзандим. У кулди, Ректорский, СНБскийлардан буш жой колса киради, бюджетга боланг. Айникса, Инглиз тили, Математика сингари булимларга бюджет уринлари 100% банд, уларга топширтирма, деди. Ошнам хакми? Ишонмай десам, утган йили хам шу гап булганди, фарзанди бюджетда укиб юрибди, билими эса зурга контрактка тортишини билардим”, деб ёзади бухоролик муштарий…
34.
15 июлТошкент тўқимачилик институтидаги машмашалар
Тошкент тўқимачилик институтининг қабул комиссиясида жорий йилда бўлаётган машмашалар борасида Озодликнинг электрон почтасига бир мактуб келди.
Озодлик таҳририяти ушбу мактубда келтирилган исм-фамилияларни эълон қилишни маъқул топмади.
“Мен ушбу мактубни ота-оналар номидан ёзмоқдаман. Берган барча маълумотларим аниқ, лекин хавфсизлигимни таъминлаш нуқтаи назаридан исми шарифимни сир тутаман. Лозим топсангиз эфирга беринг, бўлмаса бошқа жойларга қилинган мурожаатдек сувга тушган тош каби йўқолиб кетаверсин.
Менинг фарзандим 3 йилдан буён “Автоматлаштириш” йўналишига ҳужжат топширади. Шу соҳага қизиққани ва ўртоқлари шу ерда таҳсил олаётганлиги сабабли фақат шу ерда ўқийман дейди. Лекин бу ердаги ректор Қ. Ж… бошчилигида гуруҳ ўзларига тегишли бўлган абитуриентларни ўқишга киритиш учун барча имкониятларни эгаллаб олган.
Фарзандим коллежда рус гуруҳида таълим олган, лекин таълим тили рус бўлган йўналишга ҳужжат топширолмайди сабаби, ректор суҳбат қилиши керак эмиш. (Майли эди ректор рус тилини сал тузукроқ билса ҳам).
Бу ерда шундай схема ташкил этилганки, махсус гуруҳ тузилган, қабул бўйича масъуллар йиллар давомида гурух аъзоларидан алмашиб тайинланиб келинади. А. И, С. М, Х.Т.лар ректорнинг чизган чизиғи бўйича ҳаракат қилади.
Рус гуруҳларида сунъий равишда ҳужжатлар кам қабул қилиш учун турли хил тўсиқлар ташкил қилинган. Масалан, ректор ёки масъул котиб талабани қай даражада рус тилини билишини текшириши керак. Ваҳоланки, бундай суҳбат қилиш қонунга ҳилоф, мансабни суистеъмол қилиш, абитуриентнинг ҳуқуқини поймол қилиш.
Натижада рус гуруҳида ректорга тегишли абитуриентларнинг ҳужжати қабул қилинади. Гуруҳ кичкина бўлади ва бу гуруҳга абитуриентнинг тестларини ечиб бериш учун махсус тайёрланган “абитуриентлар”ни, яъни “паравозлар”ни жойлаштириш, тушуриш қулай бўлади. Бунда ректорнинг гумашталари, ишончли вакиллари Н. С, Ғ. Ж, М. Р… ёрдамга келади.
Улар “паравозлар”ни ишчи ҳолатга келтириб, хужжатларини топширтириб қўядилар. Қарабсизки билими бор абитуриент ўрнига, хатто исмини ёза олмайдиган, рус тилида бирор иборани билмайдиган талаба 1 сентябрдан институт аудиторияларини тўлдириб ўтиради. Бунинг исботи сифатида ихтиёрий таълим тили рус тили бўлган гуруҳларни кириб кўринг, деярли 80-90 фоизи рус тилида гаплаша олмайди.
Сизда ҳақли савол туғилади, бу ҳолатдан юқори ташкилот, ҳуқуқ-тартибот органлари ёки мутасадди ташкилотлар хабардор эмасми? Хабардор албатта. Балки шерикдир, улар ҳам кимнидир ўқишга киритиши керакдир. Яна билмадим, ноҳақ бировни айблаш гуноҳ бўлади.
Бу нафақат жиғилдонни тўлдириш, балки давлатга қилинган хиёнат. Балки ўйлаб қилинаётгандир. Давлатнинг келажагини йўқ қилиш учун саводсиз кадрларни тайёрлашга бел боғлангандир. Бу кимнингдир буюртмасидир балки.
Нима бўлганда ҳам фарзандимнинг умиди ҳали узилгани йўқ. Сизга ижодий парвоз тилаб Абитурентлар номидан”, дейилади 3 йилдан буён фарзандини Тўқимачилик институтига ўқишга кирита олмаётган шахс мактубида…
35.
15 июл: “Абитуриент кундалиги”га келган шарҳ: Шарҳ эгаси ўзини собиқ “Паравоз” деб таништирган.
Шарҳ таҳрирсиз эълон қилинаяпти:
“Мен ўзим университетга топширяпганимда ва икки йил Политехника институтига икки болани олиб кирганман. Иккаласи ҳам бюджетга кирган.Ўзим киряпганимда хужжатлар қабул қиладиган бир домла бир икки саволлар бериб мени синаб кўрди. Кейин имтихонга икки кун қолганда қандай тўлдириш кераклиги ҳақида консультацияга бордим. Консультациядан сўнг домла мени алоҳида хонага олиб кириб ёнимда ўтирадиган бола билан таништирди…Иккинчи курсни битирганимда ётоқхонадаги курсдошларим 400 долларга “паравоз” бўлиш таклифини билдирди. Шу пайтлар стипендиям 18минг сўм эди. Мен рози бўлдим. Сессия имтихонлари битгандан сўнг бизга алоҳида обшакдан жой ажратти. Икки уч кундан сўнг менга ўзимга ўхшаган абитюрент чиққанлиги ҳақида “хушхабар” айтишди.
1чи августга 10 кун қолганда бизга бир квартира беришди. Квартирада 5 киши эдик. Хар куни эрталабдан кечгача фақат ётиб олиб тайёрланар эдик. 31 июль куни бизга абитюрентнинг ДТМ ва паспортини олиб келишди. 1 чи августда тестдан ўтдик. Ҳаммаси кўнгилдагидек ўтди. Бир қизиқ воқеа халигача эсимдан чиқмайди. Ҳаммамиз кириб ўтиргандан кейин бирма бир фамилияни айтиб ким бор ким йўқлигини текширяпган пайтда мен “ўзимнинг” фамилиям эсимдан чиқиб кетиб, сал қолган тутилиб қолишимга.
Кейинчалик билсам бундай иш билан асосан университетда аспирант бўлиб ишлайдиган домлалар ва кўпчилик ўғил ва қиз талабалар ишлар экан. Хозиргача ёшлик қилиб қўйган ишимдан виждоним қийналади. Сабаби бир оддий камбағалнинг ақилли боласи ўқиши керак бўлган жойга бир бойнинг хумкалла боласини ўқишга киритиб қўйдим.
Давлат ташкилотида ўтирадиганлардан бундайларни йўқ қилиш учун биометрикадан фойдаланишини таклиф қиламан”, дейди собиқ “Паравоз”.
15 июл: Twitterдаги фикрлардан 

 

36.
12 июл:“Калла” абитуриентни ўқишга киритса, 6000 доллар олади
Тошкент Давлат Иқтисодиёт университетида икки йил давомида абитуриентларнинг ўқишга киришига кўмаклашиб, пул ишлаган собиқ талаба телефон орқали Озодликка ўз ҳикоясини сўзлаб берди.
Исмини ошкор қилмаётганимиз бу йигитнинг айтишича, у тест имтиҳонлари пайти “Калла” бўлган.
– “Калла” кимлигини ҳозир билиб оласиз. Бирор олий ўқув юртининг домласи – уни “Танка” деб атаймиз. “Танка” ҳар йили тест имтиҳонлари олдидан аълочи талабалардан битта гуруҳ тузади. Бу гуруҳга бошқа институтлардаги аълочи талабалар ҳам жалб қилинади. Ўша гуруҳдаги талаба “Калла” бўлади. Уларга маълум суммада пул таклиф қилинади. Ўзаро келишилади. Июн ойида ўқиш тугагач, “Калла” талаба “Танка”нинг уйида яшайди. “Танка” турар-жой, квартира ва еб-ичиш билан таъминлайди. Агар “Калла” ўз билимига ишонса, “Танка”га шарт ҳам қўйиши мумкин. Нарх ва шароитлар бўйича. “Калла” 1 августгача тест синовларига тайёрланади. Одатда, “Калла” ўқишга ўз кучи билан кирган, аълочи талабалардан иборат бўлади.
“Калла” имтиҳонга тайёрланаётган пайтда “Танка” унга бошқа бировнинг паспортини олиб келиб беради. Бу одам ўша олийгоҳга ҳужжат топшириб, ДТМ варағини олган бўлиши керак. Энг асосийси, бу одам “Калла”га ўхшаб кетадиган бўлиши керак. У ўзи институтга кирмоқчи эмас. Лекин унинг паспорти билан ДТМ қоғози “Калла”нинг тест бўладиган аудиторияга кириши учун зарур.
Тест куни 1-постда милиция, 2-постда МХХ, баъзи ҳолларда 2 та постда ҳам МХХ ходимлари туради. Имтиҳондан 2-3 кун олдин ўша эшикнинг олдида турадиган МХХ ходимларидан бир неча киши одам камроқ бўлган бирор кафега боришади. Ўша жойда мххчилар “Калла”лар билан учрашиб, келишиб олишади. Битта парол танлаб олинади. Масалан, қизил ручка.  Ҳамма “Калла”лар кўк кўйлакда келади ва кўйлакнинг чўнтагига қизил ручкани солиб қўяди. Ёки ручка қўлида турган бўлиши керак.
“Калла”га ўхшаган одамнинг паспорти нима учун керак? Чунки барча МХХ ходимлари билан ҳам келишилмаган. Масалан 10 та МХХ ходими бўлса, шундан 3- 4 таси билан келишилган. Ўша келишилмаган МХХ ходими паспортларни текширган пайти керак бўлади.
“Калла” ҳам барча кирган аудиторияга киради. Қабул комиссиясида ҳужжат қабул қилувчилар орасида ҳам сизнинг одамингиз бўлади. Ўша одам “Калла”ларнинг ҳаммасини битта хонага туширадиган қилади. Хонага киргандан бошлаб, дарров тестни ечишга бошлайсиз. Тушунтириш, инструкция ҳақидаги гапларини эшитиб ҳам ўтирмайсиз. Вақт кетади. Кейин ҳаммасини биласиз. Дарров тестларни ечасиз. Мен математика, инглиз тили, она-тили ва адабиётдан тест ечганман. “Калла” учта фандан ҳам тест ечади. Одатда битта эмас, иккита тест ечади.
“Калла”чилар гуруҳида 5-6 талаба бўлади.  Шуни ҳисобига “Танка” битта сезонда 10-12 абитуриентни ўқишга киргизади.
10 август куни тест натижалари чиқади. Бориб кўрганингиздан кейин “Танка”нинг олдига борасиз. “Танка” сизга келишилган пулни беради. Масалан ўтган йили Тошкент Давлат Иқтисодиёт университети ва Молия институтида битта “Калла”нинг нархи 5-6 минг АҚШ доллари бўлган, деди суҳбатдошимиз собиқ “Калла”.
37.
11 июл: WhatsApp орқали келган хабар: “Бункерчи ҳар мавсумда битта Lacetti минаяпти”
“Айрим институтларнинг 30-40 фоиз талабалари ноқонуний йўллар билан ўқишга кирган. Бу ҳол ҳар йили такрорлади. Бунга ўзим кўп бора гувоҳ бўлганман. Ҳозир Ўзбекистонда “Бункер”чилар мода бўлган. “Бункер” нималигини айримлар билмаслиги мумкин. “Бункер”чи тест синовларида бир абитуриентнинг ўрнига кириб, тест топшириб чиқади. “Бункер”чи ўша абитуриентни ўқишга кирита олса, яхшигина соққасини олади. “Бункер”чи ҳар сезонда битта Lacetti га етадиган пул ишлаяпти. Институт мутасаддилари қаерга қараяпти. Шу йўл орқали ўқишга кирганлар, эртага дипломни олгач қаерда ишлайди? Улардан малакали мутахасис чиқмайди. Бу каби талабалар дастидан чинакам ўқийдиган илмли талаба бир чеккада қолиб кетаяпти. Қачон бунақа кўз бўямачиликка чек қўйилади”, дея савол ташлади WhatsApp орқали исмини очиқламаётганимиз талаба йигит.
@mekhribon_uz@ozodlik Бункерчилар ҳар мавсумда Ласетти минибди? Сиз ҳам мининг. Билим бойлик калитидир.
— Азим Курбаниязов (@73_azim) July 11, 2013
Бункер бўйича хабарга келган шарҳ. Шарҳ эгаси ўзини Бункерчининг жўраси деб атаган…
38.
Шарҳ таҳрирсиз эълон қилинаяпти:
“Mening Bilimi judayam kuchli bir tanishim bor. Oldiniga bitta bitta bola kiritib yurdi. 2-3 yildan so’ng unga kattaroq guruhga qo’shilishni taklif qilishdi.
Toshkent Yuridik Instituti da bitta “alohida guruh”ni 2-3 kishi bo’lib “kirgizadigan” bo’lishdi.
HAqiqatdan ham tanishim birinchi yil Lacetti, ikkinchi yil 2 ta Kvartira(toshkentdan), uchinchi- to’rtinchi- beshinchi yilga borib KATTA hovli sotib oldi.
Ayni kunda Lacetti emas, CAPTIVA minib yuribdi.
Tanishimning aytishiga qaraganda “MILLIY XAVFSIZLIK XIZMATI” ni “katta”si turibdi ekan bu ishlarni boshida.
Bitta “guruh” albatta kirarkan o’qishga. Bir kun oldin “X” variant chiqarkan. Chiqmagan savollarni esa tanishim va 2 ta sherigi javoblantirarkan.
Xullas 3 kishi 27 ta “dumbul” ni o’qishga kiritishga harakat qilsiharkan har yili.
Kamida 20 ta “dumbul” o’qishga kirarkan.
Bularning ichida 200.000 DOLLARgacha to’laganlari ham bor ekan. (ikki yuz ming dollar)…. Katta pul…
Qandini ursin “bunkerchilar”… 3-4 ta jiyan, tog’ani bolalari… 10 yildan beri “yurist” bo’laman deb yugura yugura Qozig’ini Rossiyadan topishdi…
Yashasin dumbullar…. va ularning sahovatpesha ota-onalari….
Va poraxo’r muttaham Organ xizmatchilari….”, дея шарҳ йўллади бир муштарий…
39.
Бункерчи борасида бошқа бир шарҳ. Бу муштарий ўзини таништирмаган.
Шарҳ таҳрирсиз эълон қилинаяпти:
“Сиз айтган нарсани “ПАРАВОЗ” дийдилар. Битта паравоз келишув асосида 3-4 та қовоқбош абитуриентни тест топшириқларини ечиб беради ва бунинг учун каттагина мукофот олади.
“БУНКЕР” институт ректори томонидан ташкил қилинади. Тест синовлари ўтказилиши маълум бўлган бинонинг четроқдаги хоналаридан бирига (кўпинча подвалидаги хоналарнинг бирига) тест бўладиган фанлар бўйича энг яхши билимга эга бўлган ўқитувчи ва профессорларни йиғиб, устиларидан қулфлаб, муҳрлаб қўйишади. Бу тест синовлари ўтказилишидан олдин эрта наҳорда ёки тунда амалга оширилади.
Тест синовлари бошлангандан сўнг эса институт масуллари “гаплашилган” абитуриентларнинг саволлар китобчаси турли баҳоналар билан (кўпинча “хатоликлар бор экан, алмаштириб олиб келиб берамиз” деб олиб чиқиб кетишади ва бу китобчаларни бункердаги мутахассисларга олиб бориб, барча фанлардан тўғри жавобларини белгилатиб, қайтариб абитуриентнинг қўлига олиб келиб беришади”, дея ёзди ўзини таништирмаган муштарий…
40.
11 июл: Жорий йилда Ўзбекистонда талабалар учун давлат грантлари миқдори қисқарди. Жумладан, бакалавриат бўйича давлат грантлари 2013-2014 ўқув йилида 220 тага, магистратура йўналиши бўйича эса 18 тага камайди.
Бу жорий йилда бакалавр йўналиши бўйича 19 минг 120 талаба, магистратура йўналиши бўйича 1 минг 548 талаба давлат грантлари асосида ўқишга қабул қилинишини англатади.
**** **** **** **** **** **** ***
11 Июл: Тестлардан 3 кун олдин гуруҳлар бўйича абитуриентларнинг рўйхати эълон қилинади.
Ўтган йили Ўзбекистон олийгоҳларидаги бир ўринга ўртача етти киши даъвогарлик қилганди. Энг катта танлов Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалида қайд этилган. Бу олийгоҳда бир ўринга 20 дан зиёд абитуриент даъвогарлик қилган.
**** **** **** **** **** **** ****
10 июл:“Низомий Педагогика университетидаги майнавозчилик”
Odnoklassniki тармоғи орқали келган хабар:
“Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида майнавозчилик содир этилаяпти. Қабул комиссияси ҳар куни атиги 5-6 абитуриентнинг ҳужжатини олаяпти. Бошқаларни эса ҳужжатларидан арзимаган камчилик топиб қайтариб юбораяпти. Коллеж дипломи ва 0,86 тиббий маълумотномалардан арзимаган камчиликларни айтиб, абитуриентларни 4-5 марта сарсон қилаяпти.
Маслаҳатчилар ҳужжатларнинг ҳар бир ҳарфига гап топиб, қайтариб юбораяпти.
Қабул комиссияси эса бемалол чой ичиб, кулишиб ўтирибди. Бир нарса сўрайман десангиз, қўполлик билан ҳайдаб юборишади. Хатолар ва камчиликларни тўғрилаб келишса, яна бошқа бирор хато топиб қайтариб юбораяпти. Абитуриентлар сарсон бўлаяпти”, дея хабар йўллади Odnoklassniki орқали Музаффар Ибрагимов.

 

41.

10 июл: 
Бугунга қадар Ўзбекистон олий ўқув юртларига 93 495 абитуриент ҳужжат топширди.
Бу ҳақда хабар қилган Uz24.uz сайти маълумотига кўра, мамлакат бўйича энг кўп ҳужжат Термиз давлат университетида қабул қилинган. Бу олийгоҳга 7316 та абитуриент ҳужжат топширган.
Пойтахтда энг кўп ҳужжат қабул қилган олийгоҳ Тошкент давлат педагогика университети бўлиб, бу ерга 3198 абитуриент ҳужжат топширган.
Тошкент кимё-технология институтининг Қўнғирот филиали эса мамлакат бўйича энг кам ҳужжат қабул қилинган олийгоҳ бўлиб, бу ерга атиги 36 та ҳужжат топширилган.
****** ***** ****** *****
10 июл: Ҳозир Ўзбекистонда 77 та университет мавжуд бўлиб, улардан 33 таси Тошкентда, 7 таси Самарқандда жойлашган. Фарғона ва Қорақалпоғистонда 5 тадан, Андижон ва Бухорода 4 тадан олийгоҳ бор. Қашкадарё, Навоий, Наманган, Хоразм ва Тошкент вилоятида 3 тандан олий талълим даргоҳи жойлашган. Жиззах вилоятида 2 та институт бор. Шунингдек, Термиз ва Гулистон шаҳарларида биттадан олийгоҳлар бор.
Улардаги 63 минг ўрин учун қарийб ярим миллион ўзбекистонлик абитуриент даъвогарлик қилмоқда.
***** **** **** **** ****
10 июл: Ўзбекистондаги хорижий олийгоҳларининг филиалларига қабул алоҳида амалга оширилади.
Булар Халқаро Вестминстер Университети, Ломоносов номидаги Москва Давлат университети, Губкин номидаги Россия Нефт ва Газ Институти, Плеханов номидаги Россия Иқтисод университети, Сингапур Бошқарув Институтининг Тошкентдаги филиалларидир…
42.
9 июл. Шаҳрисабзлик абитуриент йигитнинг WhatsApp орқали йўллаган хабари:
“Биометрик паспортсиз абитуриентларнинг ҳужжатлари қабул қилинмайди деган гап-сўзлар чиққач, кўпчилик янги паспорт учун ҳужжат топширганди. Шаҳрисабздаги паспорт столга биометрик паспорт учун ҳужжат топширганимга бир ойдан ошди. Лекин биометрик паспортдан ҳали ҳам дарак йўқ. Абитуриентлар паспортсиз ҳужжат топшира олмай ҳалак бўлаяпти. Энди эса биометрик паспорт тайёр бўлмагани учун, эски паспортни қайтариб олишга мажбур бўлаяпмиз. Паспорт столда ишловчиларнинг айтишича, биометрик паспорт учун қилинган тўловни паспортимизни қайтариб олганимиз учун қайтадан тўлашимиз керак экан”, дея хабар йўллади шаҳрисабзлик абитуриент йигит.
Шунингдек, шаҳрисабзлик йигит паспорт столидаги навбат акс этган ушбу суратни ҳам Озодликка йўллади.
9 июл. Twitterдаги хабарлардан:
9 июл. Тошкент шаҳридаги академик лицейлар вилоятларда ўқиган мактаб ўқувчиларини қабул қилмаяпти.  Лицей мутасаддиларига кўра, бу борада махсус буйруқ бўлиб, пойтахт лицейлари фақат тошкентлик ўқувчиларни қабул қилиши шарт.
Мамлакат бўйича жами 143 та академик лицей бўлиб, шундан 41 таси Тошкент шаҳрида жойлашган.
Ҳозирда пойтахт лицейлари мамлакат вилоятларидан келган ўқувчиларни қабул қилмаяпти.
Тафсилотлар билан Озодликнинг Тошкент лицейлари қишлоқ ўқувчиларини қабул қилмайди мақоласида танишасиз…

 

43.
8 июл: Twitterдаги фикрлардан: 8 июл.WhatsApp орқали келган хабар:
“Ўқишга топшириладиган ҳужжатлар тўплами скоросшивателга солинади. Ҳозирги пайтда скоросшивател салқин ичмликлардан сўнг энг кўп сотилаётган маҳсулотга айланди. Айримлар ноқонуний йўл билан бўлса ҳам скоросшивател савдоси билан шуғулланяпти. Нархи ҳам анча қиммат. Ҳар бир олийгоҳ олдида скоросшивател сотадиган олибсотарлар пайдо бўлган. Уларнинг “бизнеси” шу кунларда анча гуллаб-яшнаяпти”, дея хабар йўллаган WhatsAppдаги манбамиз сурат ҳам илова қилди.
8 июл. Абитуриентлардан  20 июлга қадар ҳужжат қабул қилинади.
Қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни топшириш лозим:
1. Таълим муассасаси ректори номига ариза.
2. Ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси.
3. Паспорт нусхаси. (Албатта паспортнинг асл нусхаси ҳам)
4. 086/У шаклидаги тиббий маълумотнома.
5. 3,5 х 4,5 см ўлчамдаги 6 та фотосурат.
6. Абитуриентнинг танловда қатнашмасдан ўқишга кириш ҳуқуқини тасдиқловчи халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиби ҳужжатининг асл нусхаси.
7. Абитуриент муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий қисмдан ўқишга тавсиянома.
8. Жисмоний тарбия институтига кирмоқчи бўлган абитуриентлар, юқоридаги ҳужжатлардан ташқари, спорт малакасини тасдиқловчи ҳужжат (спорт разряди дафтарчаси) ва 8 та фотосуратни (махсус спорт кўриги учун) топширади.
8 июл. 2013 йил: 20 июн куни Ўзбекистон олий ўқув юртлари абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишни бошлади.
“2013-2014 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги ҳужжатга кўра, янги ўқув йилида бакалавриатга 56 607 талаба қабул қилинади. Шундан бюджет ўринларининг сони 19 120 та ва тўлов-контракт асосидаги ўринлари эса 37 487 тани ташкил этади.
Магистратурага 6300 минг талаба қабул қилинади, уларнинг 1 548 таси давлат грантлари бўйича ва 4 752 талаба эса тўлов-контракт асосида қабул қилинади.
 Манба: “Озодлик” радиоси…
44.
“Озодлик” радиоси эълон қилган юқоридаги журналистик суриштирув бугунги ўзбек жамиятидаги олий таълим соҳаси коррупцияси илдизини яққол очиб беради.
МХХ агар бу соҳани тозалашни астойдил истаганида эди, Ўзбекистон Олий таълими аллақачон коррупция ва порахўрликдан тозаланган бўлурди. Лекин СНБ ва унинг йигирма икки йиллик раиси Рустам Расулович Иноятов буни исташмайди.
Масалан, улар оқни оқ, қорани қора деб атовчи жасоратли ва диёнатли журналистларни йўқ қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди, буни юз фоиз бажаришди.
Бугун Исмат Хушев дохил барча тўғри сўзни айтишдан ва ёзишдан ҳайиқмайдиган журналистлар ватандан қувғин қилинган, Ўзбекистонда қувиб чиқарилган.
Ярми ҳибсда, ярми хорижда.
Шунинг учун ҳам СНБ ва унинг “Ўтда ёнмас ва сувда чўкмас” раиси Олий таълим тизимидан миллион миллион доллар фойда кўриб, тинч ва хотиржам яшаб юрибди.
Лекин эрта бир кун бу хотиржамлик ва бу боқибеғамлик уларга ниҳоятда қимматга тушадиган кунлар яқин.
Чорак аср давом этиб келаётган бу шармандали театр саҳнаси тугашига жуда оз қолди…
45.
Биз оилада етти фарзанд эдик.
Еттовимиз ҳам Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги Алишер навоий номли 1-ўрта мактабни битирганмиз.
Отам математика ўқитувчиси бўлгани учун ҳам бизни ўрта мактабда яхши ўқитган. Ўнинчи синфни битириб еттитамиз ҳам ўз кучимиз ва билимимиз билан олий ўқув юртларига ўқишга кириб, олий маълумотли бўлдик. Бирортамиз учун ҳам отам бир тийин пул бермаган. Бу энди совет даври эди.
Ажабки, Мустақиллик даврига келиб, ўз билими ва кучи билан ўқишга кириш ширин бир хаёлга айланди.
Чунки бу даврга келиб, не кулфатки, Ўзбекистон махсус хизматига Рустам Расулович Иноятов раҳбар этиб тайинланди. Ва у жамиятнинг барча соҳасини ўз қарамоғига олди. Ҳамма шармандагарчилик ва халқ таназзули мана шундан бошланди.
Шавкат Мирзиёев даврида, мен бугун бу гапни юз фоиз ишонч билан айта оламан, бунга албатта чек қўйилади.
Бунга эса жуда оз қолди…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
25 апрель, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада

 

3 шарҳ

  1. Bilimli yoshlar qolib aqcha tulaganlar utib ketadi ,qachon chek quyiladi bunday noqaxliklarga.

  2. muxlis

    “Desant” usuli hali ham ishlayapti! Bilmadim faqat 2018 da to’la biometrik pasportga o’tgandan keyin yo’q bo’lsa kerak. Umuman olganda o’zbeklar bunaqa ishlarda shunday ixtirochiki, poyoni yo’q. Agar shu qobiliyatlarini xalqimiz va davlatimiz farovonligi uchun qo’llshsa jamiyatimiz boshqacharoq bo’lar edimi!?

     

  3. 1 шарҳ

    1. Ismat aka! Mana siz SNB ni karrupsiyga botganini buni boshida R.INOYTOV turganligini jurat bilan yzib xolis jurnalist ekanligingizni isbot qilaypsiz. “OZODLIK” radiosidagilar esa SNB bilan hamkorlik qilaytgani rost bo’lsa kerak chunki bo’lar kamdan-kam holatdagina nomiga MAXSUS XIZMATNI qilaytgan qilmishlarini oshkor qiladi. INOYTOV haqida esa mutloqa gapirmaydi. SHOKIR SADULAEV uz maqolasida juda to’g’ri haqni yzgan.

"2" Comments
  1. Мухлис

    Агар Исмат Хушевнинг мана шу мақоласи Ўзбекистонда эълон қилинса, у биринчи рақамли журналистга айланарди…

  2. Ёзувчилар уюшмасидан

    Жуда тўғри ва ўз вақтида ёзилган мақола. Эрта Иноятов ишдан кетганидан кейин бу гапларни айтиш бефойда…

Leave a Reply
*