Menu
Categories
Исмат ХУШЕВ: БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН ЗОКИРЖОН АЛМАТОВ (Сиёсий портрет) – 2
05/01/2017 Бош мақола
ИСМАТ ХУШЕВ
Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд «Подшо эркаси»нинг хотиралари)

%d0%b7%d0%be%d0%ba%d0%b8%d1%80-%d0%b0%d0%bb%d0%bc%d0%b0%d1%82-%d1%8f%d0%bd%d0%b3%d0%b8-%d1%80%d0%b0%d1%81%d0%bc
Суратда: Ўзбекистон Ички Ишлар вазири, генерал полковник Зокиржон Алматов
Иккинчи китоб, 23-боб
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН ЗОКИР АЛМАТОВ
Ёки менинг шалдироқ москвичим уч кун пойтахни силкитгани ҳақида.
(Ички ишлар вазирининг сиёсий портретига шарҳ)
%d0%b7%d0%be%d0%ba%d0%b8%d1%80%d0%b6%d0%be%d0%bd-%d0%b0%d0%ba%d0%b0%d0%bd%d0%b8%d0%bd%d0%b3-%d1%8f%d0%bd%d0%b3%d0%b8-%d0%b2%d0%b0-%d1%8f%d1%85%d1%88%d0%b8-%d1%80%d0%b0%d1%81%d0%bc%d0%b8
Суратда: Ички Ишлар вазири, генерал полковник Зокиржон Алматов биринчи қаторда (ўртада), “Ҳаёт ва Иқтисод – Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев бешинчи қаторда (чапдан биринчи) ҳукумат аъзолари билан Ўзбекистон Олий Кенгаши сессиясида.
ИККИНЧИ КИТОБ
Йигирма учинчи боб
18.
Зокиржон Алматов бош бўлган Ички Ишлар вазирлиги билан Рустам Иноятов раҳбарлигидаги Миллий Хавфсизлик Хизмати рақобати ҳақидаги иккинчи ҳикоя эса қуйидагича.
Бу воқеа менинг қамалишим билан боғлиқ.
Республика Олий суди Қарори ва Президент амнистияси билан 1994 йил декабрнинг сўнгги  кунларида суд залидан озод этилганимдан сўнг ҳам мени “МВД”га тез-тез чақириб туришарди.
Мен ҳар сафар уларнинг ҳузурига никоҳ узугим ва қўл соатларимни ечиб, иссиқроқ ва эскироқ кийимда борар эдим.
Улар мени истаган пайтда яна қамаб қўйишлари мумкин деб ўйлардим ва улардан жуда қўрқардим..
Ўзбекистонда бир маротаба қамалган ва тергов нималигини билган одам менинг бу ҳолатимни яхши билса керак деб ўйлайман.
Хуллас, навбатдаги “суҳбат”ларнинг бирида вазирликнинг Бошқарма бошлиғи Тохир Муллажонов ва унинг ўринбосари Ботир Турсуновларнинг қўлида ходим бўлиб ишлайдиган Сафаров деган қозоқ йигит мендан Президентнинг матбуот котиби Мурод Муҳаммад Дўст ҳақида, унинг амалга қўйган сафдошлари ҳақида сўрай бошлади.
У қўлидаги рўйхатга қараб менга савол берарди.
Усмон Азимов ҳақида сўради. Кейин Эркин Аъзамов.
Мен улар ҳақида ўз билганларимни айта бошладим. Лекин бундан улар нима мақсад кўзлаганларини билолмай гаранг эдим.
– Мурод ва яна бир гуруҳ мулозимлар сени, Мавлонни ёмонлаб “Улар ўрнингизни олмоқчи эди” деб, Президентга ёзиб беришганидан хабаринг бўлса керак  – деб гапни гапни узоқдан бошлади Сафаров.
Ҳолбуки, мен бундай гапдан бехабар эдим. Уларнинг одати шу эканини, бировни бировга ёмонлаб, информация олиш усули эканини мен ҳам билмасдим.
– Уларнинг ҳаммаси миллион миллион пул қилиб юришибди. Уй-жой, ҳовли-дачалари, машина ва бойликлари, кимдан қанча олиб, кимни қаерга ишга қўйганлари, ўйнашлари ва ўзинг билган сирларнинг ҳаммасини бизга айтишинг керак! Ўзингга яхши бўлиши учун, Президентга содиқлигингни исботлашинг учун шу ишни қилишинг керак! – деди у.
Сўнг рўйхатни стол устига қўйиб, ўзи сигарет чека бошлади.
Кўз қирим билан унда ёзилган Мурод Муҳаммад Дўст, Усмон Азимов, Хайриддин Султонов, Муҳаммад Раҳмонов, Саъдулла Ҳаким, Сафар Остонов, Маматқул Ҳазратқулов, Хуршид Даврон, Иброҳим Ҳаққулов,  Мурод Мурод Дўстнинг қўлида девонда ишлайдиган фан доктори, профессор ёрдамчиси, сурхондарёлик Эшон (кейинчалик бу одам Тошкент қишлоқ хўжалиги институтида ректор бўлди), Аҳмад Тошхўжаев, Қулмон Очил, Фахриёр ва яна аллакимларнинг номига кўзим тушди.
Мен рўйхатга тикилиб қолганимни кўриб, ростини айтди: “Мавлон Умрзоқов бошчилигидаги сенларнинг гуруҳингдан кейин навбат мана буларга келди. Тепанинг топшириғи шу. Бизга ёрдам беролсанг, озодликда юраверасан, бўлмаса яна қамаласан!”
У “Яна қамаласан!” деган сўзни худди “Кўчага чиқиб келаман” дегандай жуда  сокин ва бамайлихотир айтди ва мен унга ишондим…
– Менга вақт беринг…- дедим зўрға. “Мен ўйлаб кўрай” дея олмадим. Чунки уларга у бинода туриб бундай гапни айтиб бўлмасди.
Уйга келиб, ҳибсдан қутулиб, яна тутқинликка тушганимга лаънатлар айтиб, кўп ўйладим.
Мурод Муҳаммад Дўстни мен ёмон кўрардим. У  муҳаррир бўлган пайтимда ҳам, Президентга яқинлигимда ҳам мени ёқтирмаслигини сезардим, қолаверса, ўзи ҳам буни яшириб ўтирмасди.
Лекин Усмон Азимов, Эркин Эъзамов, Муҳаммад Раҳмон, Хуршид Даврон, Маматқул Ҳазратқулов ва бошқалар менга яхшилик қилган бўлса борки, ёмонлик қилишмаганди.
Қулмон эса ўзимнинг яқин ва жонажон дўстим эди…
Муродга аччиқ қилиб, уларни ёмонлай олмасдим. Бу менинг қўлимдан келмасди.
Ўйлай ўйлай Миллий Хавфсизлик Хизматига мурожаат этишга қарор қилдим…
19.
Юлбарс Шералиев ўша пайтларда МХХ даги энг катта ва асосий Бошқармаларидан бирини бошқарар, Рустам Иноятовга яқин одам эди.
Биз у киши билан ҳали Шаҳрисабзда раҳбарликни эндигини бошлаган пайтларимдан таниш эдик.
Мен Москва Давлат университетини тугатиб келиб, Абдулла Ориповнинг тавсияси билан Шаҳрисабз горкомининг биринчи секретари Евгений Березиков қўлида иш бошлаганимни “Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг биринчи китобида батафсил ёзганман.
Юлбарс ака эса ўшанда Шахрисабз “КГБ” сининг бошлиғи эди.
Кейинчалик у киши ҳам менга ўхшаб, Тошкентга – МХХ нинг марказий идорасига кўтарилиб кетди. Бир муддат ҳатто янги ташкил этилган Давлат Божхона қўмитаси раиси, генерал Ўрайимжон Абдуғаниевнинг биринчи ўринбосари ҳам бўлиб ишлади.
(Сурат берилади)
FullSizeRender (3)
Суратда: Президиумда ўнгдан биринчи – “Ҳаёт ва Иқтисод” – Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев, чапдан биринчи Божхона Давлат Қўмитаси раиси, генерал Ўрайимжон Абдуғаниев, Бош вазир ўринбосари, академик Мурод Шарифхўжаев, Олий Кенгаш депутати Акмал Саидов ва бошқа мулозимлар. Орқадаги иккинчи планда эса – фотоаппарат обьективини сезиб, атай бош эгиб турган МХХ кадровик офицери, Божхона раисининг биринчи ўринбосари Юлбарс Шералиев.
(Бу соҳа кишилари одатда  доим орқа планда бўлишади…)
“Тошкент портлашлари” муносабати билан ҳибсга олинган ва МХХ ертўласида сирли равишда вафот этган Зайниддин Асқаров ўз баёнот ва кўрсатмаларида Юлбарс Шералиев номини бир неча марта тилга олган…
Хуллас, шу кишига мурожаат қилдим. У киши ўша заҳотиёқ Раис билан боғланди. Кейин кечга яқин бир иккита йигитлар билан уйимга келиб, менга эртага МВД да бўладиган суҳбат  матнини магнитофонга яширинча ёзиб олиш “сир”ларини ўргатди.
Улар ўша куни менга суҳбатлашганда шимнинг ичидан кийиб олинадиган  овоз ёзиб, суратга оладиган жиҳозларни ҳам қолдириб кетишди.
Эртаси куни Сафаров мени негадир “МВД”нинг ичига эмас, ташқаридаги машиналар автостоянкасига бошлаб борди. Эскироқ оқ “Жигули”си турган экан. Ўшанинг ичида гаплашдик.
Мен билганларимни қўшиб-чатиб, ҳаяжон билан айтиб бердим. Юлбарс ака айтиб, ёздирган “маълумотлар”ни қўлига тутқаздим.
Иложи борича уни кўпроқ саволга тутишим лозимлигини, унинг овози имкон қадар кўпроқ ёзиб олиниши кераклигини билардим.
Ярим соатга яқин гаплашганимиздан сўнг у менга жавоб берди.
Мен қушдек енгил бўлиб “МВД”нинг шундоққина орқа томонида, Герман Лопатин кўчасидаги уйимиз ёнидаги машинада йигитлари билан мени кутиб турган Юлбарс аканинг олдига бориб, бўлган воқеани айтиб бердим.
Уйга кириб, ичимдан тақиб олган жиҳозларни ечиб, уларга бердим. Улар мамнун бўлиб жўнаб кетишди…
Шу-шу Зокиржон Алматовнинг йигитлари мени умуман безовта қилмайдиган бўлишди.
Кейинчалик Сафаров МВД дан ҳайдалганини, Муллажонов билан Турсуновлар ҳам жазоланиб, бошқа ишга ўтказилганини эшитдим.
Мен бу гапларни бугун биринчи маротаба элга ошкор этаяпман.
Рустам Иноятов бош бўлган Миллий Хавфсизлик Хизматининг бевосита ёрдами ва аралашуви билан Президентнинг матбуот котиби бўлиб турган Мурод Муҳаммад Дўст раҳбарлигидаги бир гуруҳ истеъдодли ижодкорлар боши узра таралган қора булут шу тариқа тарқаб кетган эди.
Мен ўшанда бу сир асрорига етолмагандим. Чунки ўзим бу арафада редакторлик мавқеимни  йўқотган ва бошимда  қора булутлар қайта ва қайта йиғилаётган пайтлар эди.
Мен бу гапларни атай тўқиганим ёки ўйлаб топганим йўқ.
Ислом Каримовнинг шахсан ташаббуси билан Президент Аппарати  атрофида ўша йиллар тўпланган бир гуруҳ умидли ва салоҳиятли ижодкор ёшлар устида МВД нега бунчалик бош қотираётгани, уларнинг изига тушганлиги менга ҳануз қоронғу.
Кейинчалик маълум бўлишича Ислом ака бу гапдан мутлақо бехабар бўлган.
Бу ишларнинг бошида турган Зокиржон ака ҳам, “Исматжонга раҳмат айтиб қўйинглар!” деб менга миннатдорчилик билдирган Рустам Иноятов ҳам, бу хайрли ишни бевосита амалга оширган Юлбарс акалар ҳам, оллоҳга шукр, бугун тирик.
Улар менинг бу борада ёлғон гапиришим мумкин эмаслигини яхши билишади.
МХХ нинг бу борадаги хизматини тан олмаслик ва юртга ошкор қилмаслик мумкин эмас.
Келажак авлод хуфия идора архивларини очганида –  махсус хизматлар одамларни фақат қамаш ва қийнаш билан шуғулланганларини эмас, балки мана шунақанги савобли ишларни қилиб, аксар ҳолларда адолат тарафида турганини ҳам билишлари керак…
20.
Зокиржон Алматов ҳақида яна бир гап. Буни эҳтимол Ўзбекистонда кўпчилик билмас.
КГБ раиси Ғулом Алиевнинг ишдан олиниши маълум бўлгач, Президент куч ишлатар тизимлари, маъмурий органлар ва махсус хизматларни назорат қилувчи Давлат маслаҳатчиси Бахтиёр Ғуломовдан бу ўринга зудлик билан муносиб номзод топишни буюради.
Бахтиёр Ҳисомович МХХ Раислигига – ўринбосар бўлиб ишлаётган Рустам Иноятовни қўйиш керак деса, Ислом ака кутилмаганда Зокиржон Алматов номзодини ўртага чиқаради.
Президент топшириғига кўра Бахтиёр Ғуломов Алматовни Девонга суҳбатга таклиф қилади. МХХ га раҳбар бўлиш таклифини эшитган Зокиржон ака қўрққанидан беихтиёр ўрнидан туриб кетади: “Мен улар билан ишлолмайман, улар ман билан ишлолмайди. Узил кесил мени йўқ қилмоқчимисизлар? Мен бу идорада ишлашим мумкин эмас. Биз бир биримиз билан ўт ва олов” деб ялинган.
Кейин бу ахборотдан хабардор бўлган Ислом ака ҳам: “Юраги дов бермабди-да” – деб, Рустам Иноятов номзодига рози бўлган…
 21.
Биз бугун Зокиржон Алматовнинг Ички Ишлар вазири сифатидаги ниҳоятда масъулиятли ва кўп қиррали фаолиятининг ўзимиз кўрган ва билган, гувоҳ бўлган  баъзи бир қирраларинигина қаламга олдик, холос.
Ўзбекистондай улкан давлат ички ишлар вазирининг ҳаётини унинг ўзидан бошқа ҳеч ким тўла тўкис тасаввур этолмаса керак.
Менинг назаримда Зокиржон Алматов даври – МВД тарихида ўзига хос ва унутилмас бир давр бўлиб қолди. У МВД фаолиятини ўзидан олдинги вазирлар орасида – Ҳайдар Яҳёевдан кейин муайян даражада баланд кўтара олган шахс сифатида тарихда қолади.
Дарвоқе, Зокиржон акадан олдинги вазирлар ҳақида.
Асли Самарқандда туғилган Ҳайдар Яҳёев КГБ мактабини ўтаб, миршаббоши бўлиш билан бирга яхшигина шеърлар ҳам ёзган, унинг ашулалари хонандаю созандалар томонидан куйга солиниб, узоқ йиллар қўшиқ қилиб айтилган.
Ички Ишлар вазири шоир бўлса, адабиёт ва санъатга меҳр қўйса, буни албатта табриклаш ва қутлаш керак. Чунки адабиётга, санъатга яқин бўлган одам ҳеч қачон адолатсизлик ва худбинлик, қўполлик ва муштумзўрлик билан келишолмайди.
Болалик пайтларимда ҳар тонг радиодан Ҳайдар Яҳёевнинг қўшиқлари тараларди. Биз миршаббоши шоир ашулаларини тинглаб, катта бўлганмиз, ўсиб улғайганмиз. Эҳтимол, Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари Шароф Рашидов ёзувчи бўлгани учун ҳам бу куч ишлатар соҳани маданиятлироқ қилиш учун шоиртабиат одамни атайлаб шу юксак лавозимга тайинлаган бўлса ажаб эмас.
Ҳеч эсимдан чиқмайди. Китобда ўрта мактабни битириб, Тошкентга ўқишга келганимдан кейин Абдулла Орипов билан жуда яқин бўлиб кетганимни хотираларимда ёзганман, яна ёзаман. Ана шундай серзавқ ва бетакрор талабалик дамларимда Ҳайдар Яҳёев билан боғлиқ баъзи хотиралар ҳануз ёдимда қолган.
Етмишинчи йилларда Абдулла аканинг, агар хотирам алдамаса, “43”32” ТН рақамли “Жигули”си бўларди. У киши машинани жуда моҳирлик билан бошқарарди. Лекин шунга қарамай аксар ҳолларда сархуш юрадиган шоирни ГАИ ходимлари йўлларда кўп тўхтатарди.
Ана шундай кунларнинг бирида Абдулла акани Ички Ишлар вазири Ҳайдар Яҳёев йўқлаб қолди. Вазир ва шоир орасида ажиб бир дўстона муносабат бўлиб, назаримда Абдулла ака миршаббошининг баъзи шеърларини таҳрир қилиб бериш ҳуқуқига ҳам эга эди.
Ўшанда мен Студентлар шаҳарчаси – “ВУЗ городок”даги журналистларнинг 2-ётоқхонасида яшардим. Абдулла ака “Жигули”сида ётоғимизга келиб мени оларди-да, сўнг иккаламиз Ички Ишлар вазирлигига борардик.
Абдулла ака мени машинага қўриқчи қилиб, ўзи ичкарига узоқ муддат кириб кетарди.
Бир куни “Вуз городок”дан яна мени олиб МВД га бордик.
Бу гал кўп қолиб кетмай, хуш кайфият билан чиқиб келдилар. Абдулла аканинг қўлида Ҳайдар Яҳёевнинг куни кеча босмадан чиққан яп-янги китоби бўлиб, унда қуйидаги дастхат сиёҳ ранг билан жуда чиройли ва аниқ тиниқ қилиб ёзилган эди:
“Менинг устозим, бетакрор истеъдод соҳиби Абдуллажон учун Ўзбекистоннинг барча йўлларида ҳамиша яшил чироқ ёнсин! Вазир Ҳайдар Яҳёев! Тошкент, 1976 йил.”
Демак, биз ҳар гал вазир ҳузурига келиб, мен ташқарида машинагага пойлоқчилик қилиб юрган, Абдулла ака эса ичкарида муҳарририлик қилиб турган китоб ниҳоят дунё юзини кўрган, босмадан чиққан эди…
 22.
Шу шу Абдулла ака ГАИларнинг “таъқиби”дан тамом қутулиб кетди. Бунга ўзим бир неча бор шахсан гувоҳ ҳам бўлганман.
Энди улар Абдулла Ориповни тўхтатсалар, ўз вазирларининг дастхатини ўқиб, худди Ҳайдар Яҳёевнинг ўзини кўргандай ёқа тугмаларини ўтказиб, “ғоз” қотиб, честь бериб қолишарди…
Кейин орадан йиллар ўтиб, Абдулла Орипов Ўзбекистонда машҳур бўлиб кетганидан кейин худди шундай дастхатни отамга ҳам ёзиб берган эди:
“ГАИ ходимларига! Фронтовик Хушевга эътибор қилишингизни сўрайман! Ўз. КП Тошкент обкоми аъзолигига кандидат Абдулла Орипов (Имзо). 25 ноябрь, 1981 йил”.
FullSizeRender (6)
Отамнинг ўзлари учун эса қуйидаги самимий сатрларни ёзган эдилар:
“Азиз ва қадрдон Маҳмуджон ака Хушевга укалик ҳамда юртдошлик меҳри муҳаббати билан, Абдулла Орипов (Имзо) 25 ноябрь, 1981 йил, Тошкент шаҳри.”
(Сурат берилади) 
FullSizeRender (1)
Ўтган йили Ўзбекистонга борганимда Китобдаги эски уйимизга бориб, отамнинг китоб жавонидан бошқа ёдгорликлар билан бирга Абдулла Орипов дастхати ёзилган ўша китобни ҳам Канадага олиб келдим.
1981 йилда йигирма минг (20000) нусхада) Ғофур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган “Нажот қалъаси” номли яшил муқовали бу китобни варақласам, олисларда қолган Ўзбекистоним – раҳматли отам, Абдулла акам ва Ҳайдар Яҳёев билан боғлиқ маҳзун хотиралар ёдимга тушади…
 23.
Асли самарқандлик бўлган Ҳайдар Яҳёевдан кейин туркистонлик Қудрат Эргашев Ички ишлар вазири этиб тайинланди. У киши жуда камтар ва самимий инсон бўлиб, дастлаб Тошкент шаҳар паспорт столининг бошлиғи эди. Кейин Республика паспорт тизимига раҳбарлик қилди.
Сўнг Рашидовнинг назарига тушиб, вазир бўлди.
Лекин минг афсуски, шундай ажойиб ва дилкаш инсон КГБ раиси Мелкумовнинг таъқиб ва тазйиғига учраб, ҳали ишдан олинмай туриб, вазирлик курсисида сирли равишда ўзини ўзи “отиб, ўлдирди…”
Қудрат Эргашевдан кейин наманганнинг Олмосида туғилган Неъматжон Ибрагимов Ички Ишлар вазири этиб тайинланди. Бунга қадар у киши Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида маъмурий (админстратив) идораларни назорат қилувчи бўлим мудирининг ўринбосари эди.
Лекин бу юксак лавозимда кўп ишлайолмади.
У кишидан кейин КГБ раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган Вячеслав Камолов – Ички Ишлар вазир бўлди. Бу пайтда Ислом Каримов  Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари эди.
Лекин Вячеслав Камолов негадир Ислом акага эмас, балки кўпроқ Москвага қараб иш юрита бошлади. Табиийки, бу Ислом Каримовга ёқмасди ва Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритганидан кейин Камоловнинг ҳам вазирлик умри кўпга чўзилмади.
Ўзбекистон 1 – сентябрь куни Мустақил давлат этиб эълон қилинган бўлса, 16 – сентябрда Зокиржон Алматов мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Ички Ишлар вазири этиб тайинланади…
24. 
Биз юқорида тилга олган Ўзбекистон ички ишлар вазирлари орасида бу тизим тарихи ва солномасида Ҳайдар Яҳёев билан Зокиржон Алматовларнинг ўз муносиб ўринлари бор.
Яхёев муайян даражада ўзининг профессионал иш фаолиятидан ташқари шоирлиги ва қўшиқлари қанотида янада кенг шуҳрат қозонган бўлса, Зокиржон ака Ўзбекистоннинг бурилиш даври – Мустақилликнинг дастлабки инқилобий кунларида катта ва  юксак масъулиятни зиммасига ола билган ва уюшган жиноятчилик тўлқини атрофида чайқалиб турган Ўзбекистон кемасини бир қадар тинчита олган эди.
Зокиржон Алматов  Ички Ишлар вазирлиги (МВД) тарихида Президентга энг яқин бўлган  вазир сифатида ҳам ёдимизда қолади.
Бироқ, шу билан бирга, Зокиржон аканинг номи –  совет давридан қолган оғир ва қоронғуликдан иборат – ёпиқ тизимга айланган ички ишлар вазирлигининг иш услуби энг коррупциялашган бир давр сифатида ҳам Ўзбекистоннинг янги тарихига битилиб қолса ажаб эмас.
Зокиржон Алматов ва унинг вазирлик салоҳияти ҳақида ҳали кўп ва хўп ёзилади. Мен бунга аминман.
Биз Зокиржон акани кўп нарсаларда айблашимиз, номини ёмонотлиқ қилишимиз мумкин. Лекин бир нарсада дўстлари ҳам, ғанимлари ҳам унга ҳамиша тан беришган: У ниҳоятда самимий ва табиий, кўнгилчан дилкаш одам. Ҳатто душманларидан  Вазирликнинг энг чўққисида бўлганида ҳам  қасос ва ўч олишни хаёлига келтирмаган, бунга уринмаган ҳам.
Зокиржон ака ўзига қадар бўлган барча ички ишлар вазирлари орасида кенг жамоатчилик билан муайян даражада алоқа ўрната олган вазир эди. Ички Ишлар вазири учун эса – бу жуда муҳим фазилат. Ҳамма билан тезда тил топишиб, киришиб кетадиган (доступный) одам эди. Оддий одам ҳам астойдил интилса, унга йўл топа оларди. Ва шу билан бир қаторда ҳожати ҳам чиқарди.
Зокиржон акада одамгарчилик фазилати кучли эди. У юксак мансабда турганда ҳам, инсонийлик қиёфасини йўқотмаган раҳбар эди.
У вазир бўлиб, Ўзбекистон Олий раҳбариятида ўзига хос мавқега эга бўлган юлдузли онларида ҳам ўз оддий ходимларининг, ҳамкасбларининг, адабиёт ва санъат аҳли, журналист ва ёзувчиларнинг тўй ва маъракаларида қўриқчиларсиз иштирок этиб, уларнинг қувонч ва қайғусига шерик бўлишни сира канда қилмаган…
25.
Зокир ака билан боғлиқ яна бир “мирли ва синоатли” ажиб ҳолат ҳақида ҳам айтиб ўтишим керак.
У киши Олий раҳбариятдаги энг яқин ва мансабдор дўстларининг кўнглини овлаш учун махсус рухсатнома кашф этганлиги ҳам кейинчалик маълум бўлди.
Чунки Зокиржон акада вазир бўлса ҳам дўстларидан ҳеч нарсани аямайдиган ажиб бир дангаллик ва мардлик  бор эди.
Кейинчалик Бош муҳаррир Исмат Хушев дохил – Президентнинг давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов гуруҳи ҳибсга олинганида фош этилган бу қудратли рухсатномада қуйидаги “Фармон” ёзилган эди:
“Ушбу рухсатномани кўрсатган шахсни текшириш ва сўроққа тутиш мумкин эмас. Аксинча, унинг барча талаб ва кўрсатмаларини бажариш шарт!”
Олдинги бобларнинг бирида ёзганимдек, Ўзбекистон Олий раҳбариятининг саноқли мулозимларига бериладиган бу “Махсус рухсатнома” дан бир гал мен ҳам фойдаланган эдим.
1994 йилнинг эрта баҳор ойларида Мирзамурод Икромов эндигина Тошкент вилоятига ҳоким этиб тайинланганидан кейин, яшанба кунларининг бирида Мавлон Умрзоқовнинг Давлат маслаҳатчилари учун махсус ажратилган ҳукумат “коттежи”да ўзъаро яқин бўлган уч-тўрт мулозимлар фавқулодда йиғилиб қолдик.
Давра қизиб, зиёфат энди авжига чиқаётган маҳал, ичимлик тугаб қолди. Якшанба бўлгани учун шофёрларга жавоб бериб, ўзимиз ёлғиз қолган эдик. Мен эса “Дўрмон”га ўша – йўқолганида Зокиржон Алматов топиб берган “87-78 КФ” рақамли “Москвич” машинамда  борган эдим.
Мирзамурод Икромов тезда бир қоғозга хат ёзиб, менга берди. Палон жойга босангиз, ҳаммасини коробкаларга солиб, тахлаб қўйишибди, багажга жойлаб, олиб келаверинг” деди.
Шунда менинг ичганимни билган Мавлон ака “кор эҳтиёт” деб, қўлимга қизил рангли рухсатнома берди.
Мен айтилган манзилга бориб, тахлаб қўйилган коробкаларни олиб, дарҳол изимга қайтдим. Кайфиятим жуда ахши, сархуш ва шоҳона бир ҳолда эдим.
“Луначарский” шоссесига чиқиб, “қайдасан “Дўрмон” резиденцияси” деб қуюндай елиб борарканман, беихтиёр олдимда кетаётган автомашиналар карвонига кўзим тушди. У аввал нуқтадек кўринган бўлса, менинг тезлигим ҳам катта экан, шекилли, тезда у ҳам катталашиб, Президент кортежига айланиб қолди.
Ўшанда Ислом аканинг кортежи бугунгидек сон саноқсиз ва ваҳимали эмас, лекин барибир давлат раҳбарининг машиналар карвони қандай бўлса, ўшандай эди.
Мен юз километр тезлик билан кетаётган бўлсам, улар 120 -140 километр тезликда кетаётган эдилар. Шунда нима жин урди-ю, уларга етиб олгим келди. Сархушлик ва Ислом ака билан яқинлигимга бўлган ишонч менинг ихтиёримни тамом ўғирлаб олган эди.
Машина тезлигини ошириб, қушдек учиб бора бошладим. Шунда қаердан чиқди билмадим, икки томонимдан ойналари қорайтирилган икки енгил машина мени қисиб кела бошлади. “ТуркВО”га етар етмас, тормоз бериб, машинани тўхтатишга зўрға улгурдим.
Бир пасда машинамни граждан кийимидаги кишилар ўраб олишди. Шунда қўрққанимдан Мавлон ака берган рухсатнома қолиб, муҳаррирлик гувоҳномамни кўрсатдим. Сўнг бир оз ўзимга келдим, шекилли, уни ҳам бердим.
Қизил рухсатномани кўрган йигитлардан бири уни олиб, орқа машинада ўтирган кишига кўрсатди. Сўнг унинг ўзи машинадан чиқиб, менга яқинлашиб, “честь” бериб, узр сўраркан, ортиқ бундай қилмаслигимни, Президент кортежидагилар уларга рация орқали мени ҳибсга олишни топширганини айтди.
Лекин улар негадир  мени ҳибсга олмай, ҳурмат билан қўйиб юборишди…
Мана Сизга Зокиржон Алматов Олий раҳбариятдаги дўстларига берган рухсатноманинг қудрати…
Бугун Канаданинг тинч ва осойишта, сирли ва сукунатли гўшаларида Президентга яқин бўлиб юрган ўша суронли ва шонли кунларимни эслаб, баъзан ўйлаб кетаман.
Қани бугун  кимдир худди ўша сархуш ва ўзига ишонган такаббур Исмат Хушевга ўхшаб 140 километр тезлик билан Ислом Каримов кортежига яқинлашишга ҳаракат қилиб кўрсин-чи, нима бўларкин?
Пешонасидан отишади ёки ўша ернинг ўзида портлатиб юборишади.
Зокиржон Алматов Мавлон Умрзоқовга берган ва Олий раҳбариятнинг саноқли мулозимларидагина бўлган, сирли код билан муҳрланган  бу рухсатнома – ўз даврининг барча тўсиқ ва ғовларидан бетўхтов ўтадиган мўъжизакор ва олий, сеҳрли бир ҳужжатнома эди…
 26.
Зокиржон Алматовдаги меҳр оқибат билан одамгарчилик , ҳамиша – амалда бўлганида ҳам, мансабдан кетганида ҳам – унинг атрофида одамлар аримаслигининг асосий сабабларидан бири бўлса керак.
Замона зайли билан мен Зокиржон Алматовнинг зиндонларидан чиққан бир одам сифатида уни орадан шунча йиллар ўтганидан кейин ҳам ўртадаги дўстлик ришталарига содиқ қолганлиги ҳақида бир мисол айтай.
Ўтган йили Тошкентда бўлганимда Зокиржон Алматов билан шахсан кўришиш насиб этмаган бўлса-да (у киши Болтиқ бўйи давлатларининг бирида экан), бироқ унинг йигитлари мени аввалгидай ҳурмат иззат кўрсатиб, шоҳона дастурхон ёзганларини қадрламай бўладими?
Бу ҳурмат ва иззат шахсан генерал полковник Зокиржон Алматов ташаббуси билан бўлганлигини мен яхши билардим.
Зокиржон ака ўшанда эҳтимол Тошкентда бўлган бўлиши ҳам мумкин. Ҳар қалай у киши эски терговчи ва изқувар эмасми, Исмат Хушевнинг ўн йиллик танаффусдан сўнг кутилмаганда Ўзбекистонга кириб келиши мамлакат раҳбарининг рухсати ва махсус хизматларнинг ўткир нигоҳи остида амалга ошишини яхши билган.
Балки шунинг учун ҳам ортиқча гап сўзлардан қочиб, мен билан атай кўришмаган бўлиши ҳам мумкин. Лекин эҳтиромини етказишди, ёзганларимни ўқиб турганини айтишди…
Зокиржон аканинг мана шунақанги одамгарчилиги унинг табиатига хос эканлигини кўпчилик яхши билади. Эҳтимол шунинг учун ҳам вазифасидан кетганига қарамай кенг жамоатчилик билан дўстлик ва биродарлик алоқалари мустаҳкам сақланиб қолганлиги, атрофида ҳамиша одам борлиги – ҳеч кимга сир эмас.
Биз юқори мансабидан кетганидан кейин ҳеч ким йўқламай қўйган, тамомила яккаланиб қолган  мулозимларни ҳам кўп кўрдик. (Рустам Шоғуломов, Темур Алимов ва бошқалар шулар жумласидандир).
Бир сўз билан айтганда – Ислом Каримов томонидан тўқсонинчи йиллар бошида Бўка тўполонлари орасидан топилган оддий изқувар терговчи тез орада генерал полковник даражасига етиб, ўзбек милицияси тарихида ўзига хос профессионал бир мактаб яратди.
Буни унинг дўстлари ҳам, душмалари ҳам яхши билишади ва тан олишади…
 27.
Бугунги ўзбек жамиятида давлатчиликнинг ёзилмаган қонунлари бор.
Ўзбек бойларининг карвонбошиси сифатида Мираброр Усмонов қўллаган номзодгина давлат ва ҳукуматнинг савдо соҳаларига раҳбарлик қилиши, олди сотди ва тижоратнинг юмшоқ ўриндиқларига ўтириши мумкин.
Худди шунингдек бугунги ўзбек олигархлари ўз етакчимиз деб Зокиржон Алматовнинг этагидан тутишган. Собиқ Ички ишлар вазиридан “Оқ йўл” олганларигина “саф”га қўшилиши, давлат “рўйхат”ларидан ўрин олишлари мумкин.
Ҳа, Зокиржон Алматов вазирликдан тушса ҳам, олигархлар “подшолиги”дан тушгани йўқ. Тушиш нияти ҳам кўринмайди. Чунончи ҳар йили у ўзининг мана шу “ўз жамоаси” билан махсус самолётга ўтириб, Дубайга – туғилган кунини нишонлашга равона бўлади деган гап сўзларни кўп эшитганман.
Дунёнинг қайси бурчидаги жаннат эшигидан мўраламанг – у хоҳ Дубай бўладими, Майями ё Анталия бўладими, Истанбул ё Арабистон, Миср ва ё Гонгкок, Сингапур ё Милан бўладими – уларнинг барчасида ўзбек олигархларининг ўз гўшалари бор.
Зокиржон Алматов шу гўшаларнинг энг азиз меҳмони саналади…
28.
Зокиржон Алматовнинг сиёсий портретига биз ҳали яна бир неча бор тўхталамиз.
Ўзбекистон халқ депутати Шовруқ Рўзимуродов ва ёзувчи Эмин Усмоновларнинг қамоқхонадаги сирли ўлими, Тошкент портлашлари, Зайниддин Асқаровнинг қамоқхонада – ҳибсда ўтириб журналистларга берган фавқулодда баёноти, мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳни чеченлар ёрдамида йўқ қилиш йўлидаги уринишлар ва ниҳоят Андижон фожеалари билан боғлиқ бўлади Зокиржон акани эслашларимиз…
Дарвоқе, агар Андижон фожеаси рўй бермаганида эди, Зокиржон Алматов ҳали вери ишдан кетмасди.
Халқаро талаб ва қистовлар қурбони бўлди у. Янаям аниқроқ айтсак, Президент уни қурбон қилиб, ўзини ва Иноятовни сақлаб қолди…
Ҳар ҳолда Зокиржон Алматов ички ишлар тизимини имконият даражасида моҳирлик ва усталик билан бошқара олди.
Яна бир маротаба такрорлашни истардик, агар Андижон воқеаси бўлмаганида, Зокиржон Алматовнинг қуёши ҳали вери сўниши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди…
Демак, Ўзбекистон давлатчилиги қарор топаётган, мустақиллигимиз мустаҳкамланаётган оғир бир даврда ички ишлар тизимига бошчилик қилган Зокиржон Алматов ҳақидаги хотираларимиз ҳали давом этади…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
14 октябрь, 2012 йил,
Торонто шаҳри, Канада.

Ғулом Алиев

Суратда: Ўзбекистон МХХ (КГБ)  раиси, генерал полковник Ғулом Алиев (ўртада) Бош вазир ўринбосари, академик Мурод Шарифхўжаев (ўнгда) ва Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов (чапда) лар билан сессия залида
(Исмат Хушевнинг шахсий архивидан олинган бу ноёб сурат матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда)

“Дунё ўзбеклари” учун махсус
19 шарҳ
  1. Хамрокул Аскар
    Туҳмат боис бошимга кулфат тушганида шу одам менга ҳам ёрдам берганди…

    1. Хушевнинг ёзганларини қанча такрор ўқиманг, хеч зерикмайди одам.
      “Хуллас, ғоз қотганча “честь” бериб ичкарига йўллаган соқчиларнинг бу мулозаматидан ҳаволанибми, билмадим, нима учундир Мавлон ака ўтирадиган бешинчи қават қолиб, олтинчи қаватга чиқиб кетибман” ташбеҳи эса сўзлар воситаси билан англатилган фикргагина эмас, театрнинг бир кўринишига ўхшайди.

    1. Shuxrat Normurod

      Мана шундай холисликни доимо сиздан кутиб қоламиз деб, бир груҳ мухлисларингиз номидан.

    2. O’zbekxon

      Исмат ака сиз алоҳида камдан кам учрайдиган талантли ижодкорсиз. Ёзаятган Ўзбекистон давлатчилик ҳақидагиларингиз таппа таёр тарих бўлибди, ҳеч бир тарихчи сиздек оддий, тушинарли ўқувчини ўзига тортадиган қилиб ёзишига ишонмайман. Халқимиз учун таёр тарих яратаяпсиз.

    3. Otabek Toshev

      Даҳшат қилиб ёзибсиз, Исмат ака! Воқеаларни ўзингиз кўргансиз-да шу учун жуда табиий ва ўта қизиқарли чиққан. Бу мақолангизни ўқиб, ўзим ҳам ўша сиёсий ҳодисаларнинг гўёки ичида бўлгандек бўлдим. Қўлингиз дард кўрмасин, Исмат ака. Жуда яхши ва самимий ёзасиз. Сизга ҳавасим келади.

    4. Dahshatli darajada holislik bilan yozilgan asar. Boshqalar qachon bilmadim, lekin men bugun kashf etdim Ismat Hushevni.

    5. SNB raisi inoyatov ham Zokir akadan hayiqib turardi. Bu rost gap, Ismat Hushev buni to`gri payqagan.

    6. Mashina o`grilari ham, jinoyatcilik ham, o`gRilik va muttahamchlik ham ko`paydi Zokir akadan keyin. Bu odam davrida oz bo`lsada adolat bor edi milisiyada.

    7. Исмат ака, Сиз яқинда Тошкентга келганингизда “Роҳат” кўли тарафлардаги шахсий ресторан ва Чорбоғдаги дачаларнинг бирида Зокир Алматов билан икки маротаба учрашиб, суҳбатлашган экансиз, шу ростми?

      “Дунё ўзбеклари”дан:
      Йўқ, бизга “Роҳат” кўли тарафида эмас, балки, “Салом” кафеси атрофидаги шахсий ресторанларнинг бирида Зокиржон аканинг ўзлари эмас, балки у кишининг номидан – “Янги ўзбек бой”лари “бир пиёла чой” ичиришган эди. Зокиржон ака ўша кунлари Ўзбекистонда эмасман деб, шогирдлари номидан қойилмақом меҳмон қилиб, сиёсий ҳушёрликнинг энг олий намунасини кўрсатган эдилар…

    8. Ismat Hushev bu Ismat Hushev. Hech kim unga teng kela olmaydi bugun. Na hukumatda, na muholifatda. Shuni hamma bilib qo`ysin.

    9. “Дунё ўзбеклари”ни анчадан бўён кузатиб келаман. Исматбекнинг ёзганларини ўқиб, яратганга минг-минг шукроналар қиламан, уни авайлаб-асраб, Ўзбекистондан олиб чиқиб кетганига. Агар Исмат Хушев бугун четда бўлмаганида, ватанда туриб бундай гўзал ва бебаҳо мақолаларни ёзолмасди. Каримов бу мамлакатни авахтага айлантирганини у ўз вақтида пайқаган экан. Мана ман деган ёзувчилар ҳам ёзишга журъат этолмаган ҳақиқатларни шу йигит ёзяпти бугун. Хорижга кетган журналист ва ижодкорлар сон мингта. Уларнинг ҳаммаси қумга сингган сувдай йўқ бўлиб кетди. Лекин Исмат Хушев, аксинча, гуллаб яшнади, хориждаги ўз ижоди билан ўзбек журналистикасининг ёрқин юлдузига айланди. Ўзбекистон ички Ишлар вазирлигига узоқ йиллар раҳбарлик қилган ва ўта мураккаб шахс бўлган Зокир Алматов ҳақидаги бугунги ажойиб хотиралари бу дил сўзларимнинг чин исботидир.

    10. Zokir Almatov haqida, Karimovning atrofidagi jinoiy guruh haqida hali juda ko`p narsa yoziladi. Lekin Ismat Hushevning hotiralari bularning ishidagi eng holis va adolatli yozilgani bilan ajralib turadi. Mard va ruhan kuchli odamgina o`zini qamagan mirshabboshi haqida shunday samimiyat bilan, begarazlik bilan asar yozishi mumkin…

    11. Ismat Khushevdagi halollik va samimiyat, talant va niyoyatda kuchli hotira uni o`zbek jurnalistikasining bugungu bayroqdori etib qo`ydi. Bu hammaga ham nasib etmaydigan baht bu. Men shunday yorqin bir iste`dod bilan zamondosh ekanimdan fahrlanaman.

    12. Zokir Almatov Gulom Alievning o`rniga KGB raisi bo`lishi mumkinligini birinchi eshitishim. Nima bo`lganda ham o`sha paytda Hushev prezidentga yaqin bo`lgan Bu gaplar ham rost bo`lishi mumkin. Lekin bir narsa aniq: Agar Zokirjon aka o`sha paytda rostdan ham KGB raisi etib saylanganida o`zbek halqi bugungi qullik ka bu qadar tushib qolmasdi. Lekin Almatov 25 yil Inoyatobday bu lavozimda qololmasdi ham…

    13. Zokirjon Almatov tarihiy shahs. Ismat Hushev unga ob`ekliv baho bergan, Qani endi boshqalar ham shunday samimiy va holis bo`lsaydi…

    14. Rahmat Sizga Ismat aka. O`qib, yaqin o`tmishimizga qaytganday bo`ldim.

    15. Zokirjon Almatovning suyosiy portreti bahonasida Islom Karimov diktaturasining 25 yillik qonli tarihiga yahshi baho bergansiz. Ofarin!!! Bu qadar samimiy yozilgan asarni hali siyosat mavzusida o`qimagan edim.

    16. Ismatjon uka akangizni xudo raxmat qilsin joylari jannatda bolsin. Qoli qon odamxor Zokir Almatovni jasliq qamo1qxonasida korsam deb niyat qilaman. Ne bir qilichdek begunox farzantlarimizni yostugini quritgan bu jinoyatchi xozirgi kunda Yunus obod Rayonidagi machitga borib namoz oqiyotgan rekan. Uning shuncha qilgan jinoyatlarini xudo sira xam kechirmasa kerak.

      1. Турдиев

        Рахмат

      1. Малайзия

        Жуда қизиқарли ёзилган. Биз Зокир Алматовни кўрмаганмиз, фақат эшитганмиз. Лекин ёмон тарафдан кўп эшитганмиз: Золим, диктаторнинг тузумини ҳимоя қилувчи ва ҳокоза деб. Лекин Исмат Хушевнинг ёзганларини ўқиб, у кишини яхши билмаганимизни, яхши ва камтар, самимий одам эканини кашф қилдик. Раҳмат Исмат ака, Сизга. Жуда яхши ва қизиқарли ёзасиз, ўқиб, қандай тугаб қолганини ҳам билмайди одам. Демак Мирзиёев бу одамни яна ҳукуматга тикласа, арзир экан. Яна бир бор раҳмат.

Leave a Reply
*