Menu
Categories
Отиб ташланган Андижон… (Русчадан Исмат Хушевнинг эркин таржимаси) 2-қисм
05/13/2017 Бош мақола
Алексей ВОЛОСЕЕВИЧ: ОТИБ ТАШЛАНГАН АНДИЖОН –
Рус тилидан Исмат Хушевнинг эркин таржима (2-қисм)
Алексей Волосеевич
(13 май фожеаларини бошидан кечирган шаҳарнинг машъум хотиралари…)
Бу дахшатли воқеалар ўққа тутилган Андижонда 16 майдан эътиборан икки ҳафта давомида ёзилди.
Ҳали маҳаллий аҳоли бу қонли воқеалардан ўзига келолмаган, уларнинг баъзилари ҳатто ўз яқинларини дафн ҳам этишолмаган – аксар мурдаларни топишнинг иложи йўқ, улар қаёққадир ғойиб бўлишган…
отилган андижон
“Фергана.РУ” ахборот агентлиги мухбири, 13 май фожеалари гувоҳи Алексей Волосеевич Андижонда уйма-уй юриб, ҳалок бўлганларнинг қариндош-уруғлари, яқинлари, қўни-қўшнилари билан учрашиб суҳбатлашди.
Бу суҳбатлар асносида 24 нафар қайғули ҳикоя ҳосил бўлди.
Бу ёзувлар шарҳ талаб қилмайди. Фақат бир ҳолат бундан истисно: қуйида келтирилажак исмлар ҳикоя қилувчиларнинг хавфсизлиги нуқтаи-назаридан ўзгартирилган, холос.
Журналистларга кўнглини очувчи кишилар тақдири бу ерда фожеали якун топаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас…

Бу “Андижоннома”нинг қисқартирилган қисми 8 июнда (2005 йил) Москванинг Время новостей” газетасида эълон қилинган.
Мазкур фожеаноманинг тўла матни эса Сизга хавола этилмоқда…

Таҳририят
Черная дира

ххх
Ҳалок бўлганларни топиш жуда осон. Истаган маҳаллага кириб, “Жаноза қаерда бор?” деб сўрасангиз кифоя, Сизни дарров олиб боришади. 13 майда ҳалок бўлганларнинг уйлари ҳам бир-биридан узоқ эмас. Бутун шаҳар бўйлаб сочилиб ётибди “жанозали” уйлар…
Баъзан бир бирига туташ қўшни ҳовлилар ҳам учраб туради. Ҳаммасида дарвоза бўйлаб қўйилган узун ўриндиқларга кўрпачалар тўшалган, марҳумлар хотирасига дуо қилиш учун ҳозирланган муваққат жой бу.
Келиб, ўтганлар руҳига дуои-салом ўқиб, бир лахза сукут сақлаб, кетаверасиз. Юракни сиқувчи совуқ сукунатдан сесканиб турасиз.
Гўё бутун Андижон улкан ва рутубатли қабристонга айлангандек…
Биринчи ҳикоя
Бахтиёр, 1986 йилда туғилган.
Биз унинг онаси ва қариндошлари билан мўжазгина ҳовлида суҳбатлашаяпмиз. Ғариб ва ночор бир манзара. Ўғли ҳақида ҳикоя қиларкан, онаизор ўксиб йиғларди: “15 май куни ўғлимнинг туғилган куни эди. Икки кун яшаганида ўн саккизга тўларди шўрлик…”
Унинг исми – Нигора, 1956 йилда туғилган, уй бекаси. Жами олти нафар фарзанди бўлиб, Бахтиёр билан яна бир ўғли бор эди. Энди ўғиллардан битта қолди. Бахтиёр оилада бешинчи фарзанд эди. Иккинчи ўғли ундан атиги бир ёш катта, холос.
Бахтиёр ҳам акаси билан одамларнинг хизматини қилиб пул топарди. Бозорда арава ташир, уй ремонти билан шуғулланар – ҳар қалай нима тўғри келса қилар, чунки катта оила ташвиши акаси билан унинг елкасида эди.
Отаси уларни ташлаб кетган, онаси ундан айрилиб, каттакон рўзғор ташвиши шу икки ўғил гарданида эди…
Бахтиёрнинг топгани гоҳида икки-уч долларга етар, баъзан шунга хам етмас, лекин хар қалай шу пул ҳам оилани бир амаллаб тебратишга етиб турарди. Онаси ҳали пенсия олмас, кўп болали оилаларга бериладиган пул эса ҳукумат томонидан бекор қилинган эди…
Бу ҳовлида улардан бошқа яна холалари ҳам икки қизалоғи билан яшар эди. Жами уч хона ва бир айвондан иборат эди уларнинг уйлари. Ҳовлидаги ягона крандан 14 оила навбат билан сув ичишади. Яккаю ягона тахтадан қилинган хожатхона ҳам ҳамма учун умумий… Андижоннинг деярли ярми бугун ана шундай аҳволда …
“12 майдан 13 майга ўтар кечаси соат тўққиз-ўнлар атрофида отишма бошланди. – хотирлайди Бахтиёрнинг онаси. – Одамлар ҳовлига тўпланиб осмонга қарашар, ниманинг шарафига салут отишяпди деб ҳайрон бўлишарди. Лекин 12 май оқшоми ниманинг шарафига салут берилиши мумкин эди? – ўз-ўзига савол беради она. – Одамлар салут деб билган бу нарса хақиқий отишма эканлиги маълум бўлди – автоматлар, пулемётлар, БТР лар отишмаси эди…
Эрта тонгда Бахтиёр ўртоғи билан қаёққадир кетиб, пешинда қайтиб келишди. Тушлик қилиб, яна қаёққадир чиқиб кетишди. Шу кетганича қайтиб келмади. 14 май куни унинг дўстлари келиб, акасига Бахтиёр вилоят биноси олдидаги ҳайкал пойида ётганини маълум қилишди. Мурда устидаги латтани олиб қараган акаси “Бу Бахтиёр эмас” деган.
Мурда мажақланиб, бир кўлмак қонга айланиб қолган эди. “Бу Бахтиёр эмас” деган-у, лекин оёғидаги крассовкадан таниб қолган. Кундуз соат иккиларда уни уйга олиб келишди. Мен ҳушимни йўқотиб қўйган эдим. Уни олиб келишди-ю, ювиб “Писта-Мозор” қабристонида дафн қилишди. У ерда аллақачон бошқа бир янги қабр ҳам бор эди…
“Ўғлим ҳатто мачитга ҳам бормаган, номоз ҳам ўқимасди, – фарёд қилади онаизор. – Эртадан кечгача ишларди. Иккала шўрлик ўғлим бизларни боқишни ўйларди, холос… Марҳумнинг акаси: “Солдатлар тинч ахолини ўққа тутишди. Бахтиёрга иккита ўқ текканди – бири юрагига, иккинчиси – юрагининг остига…”
Марҳумнинг онаси: “Тинч аҳолига тегишмайди дейишганди, уларнинг айби нима? Қанча ўспирин ўлиб кетди…” Она ўз фарзандини отган, Андижонни ўққа тутган ҳукумат жазоланишини талаб қилди. Унинг сўзларига қараганда, Бахтиёрнинг дўстлари ҳам ҳақиқий қотилларни топиш ва жазолашга қасам ичишган…
Иккинчи ҳикоя
Толиб, 1972 йилда туғилган.
У биринчи май кўчасида яшар эди. Унинг уч фарзанди етим қолди. Энг жажжиси эндигина олти ойга тўлган эди, исми Раҳматилло…
Марҳумнинг уста-дурадгор қўшниси шундай ҳикоя қилади: “Бу маҳаллада деярли ҳамма устачилик билан тирикчилик қилади. Биз одамларнинг уйига бориб эшик, ром, мебел ясаймиз. Майдонда отишма бошланган маҳал граждан кийимидаги милиция ходимлари ҳаммани уй-уйига ҳайдай бошлади. Биз хам эндигина кўчага чиққан эдик, уйга қайтиб кирдик.
Оқшом соат тўққизларда отишма бошланди. Кўчада қимирлаган неки бўлса ҳаммани ота бошлашди ҳарбийлар. Аллақачон оқшом тушган эди, ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. қўшним отишмани эшитиб кўчага чиққан эди, оёғидан яраланиб уйига қайтди. Толиб эса ёлғиз яшайдиган амакисидан хабар олгани қўшни уйга ўтди. Сўнг орқасига қайтаётганда – шундоққина муюлишда уни отиб ўлдиришди…
Учинчи ҳикоя
Аҳмад
Ахмад 1961 йилда туғилган. Қайнотаси ҳикоя қилади: “Турмага хужум уюштирилган 12-дан 13-майга ўтар кечаси Аҳмадни яқин синфдош дўсти Зикрилло уйғотиб, қувончли воқеани хабар қилади: у набиралик бўлган эди.
Тунги соат икки бўлишига қарамай икки синфдош, икки дўст боболик завқи билан келинларини кўргани – янги ва интиқиб кутилган набирани кўргани туғруқхонага ошиқадилар.
Аҳмад арендага машина олиб, таксистлик қиларди. Туғруқхонага бораверишда Ашуров (собиқ Красноармейская) кўчасини кесиб ўтиш керак эди. Худди шу манзилда ҳарбий қисм ҳам жойлашган эди. Нақ ҳарбий қисм рўпарасида уларни тўхтатишади.Оёқ, қўл билан эмас, автоматдан ўқ отиб тўхтатишди, мангуга тўхтатишди…
Машина тўхтаса ҳам отаверишди, отаверишди… Шу ерда икки дўст, икки синфдош, икки қўшни, эндигина туғилган набиралари рухсорига етолмай ҳалок бўлишди…
“Мен уларни кун бўйи изладим. Кимдир Аҳмаднинг машинасини Ашуров кўчасида кўрганини айтди. Бориб уларни топдим. “Бу менинг куёвим” – дедим ҳарбийларга. “Йўқ, улар турмадан қочган тутқунлар!” – деб жавоб қилишди ҳарбийлар. Уларнинг иккаласи ҳам уй кийимида эди. Ҳамма ёғлари илма-тешик бўлиб кетган. Кейинчалик санашганда уларга юздан зиёд ўқ узилган экан…
Ҳарбийлар: “Улар қочмоқчи эди, шунинг учун отишга мажбур бўлдик” – деб айтишди. Лекин бу жойдан қочишнинг иложи йўқлиги шундоққина кўриниб турибди – йўл фақат ҳарбий қисм олдидан ўтади холос…
“ТИКО” русумли, 17Г72-62 рақамли арендага олинган машина қандай ўққа тутилган бўлса шу алфозда илма-тешик бўлиб ётарди. Ўша куни менга уларнинг мурдасини беришмади – прокурордан қоғоз олиб келинг, деб айтишди. Қоғозни олишга икки кун вақт кетди. Икки кун уларнинг ўлиги катта кўчада – ҳарбий қисм ёнида , ўша ўққа тутилган жойда қолиб кетди. Ўққа тутилган машина ва мурдаларни қўриқлаб турган ҳарбийлар прокурор ва судмедекспертларни кутишди. Ниҳоят улар келиб воқеа жойини ва мурдаларни суъратга олишди. Машина отилган жойдан олтмишга яқин ўқдан бўшаган автомат гилзалари топишди…
Машинага эса ундан ҳам кўп ўқ теккан эди… Мурдаларни моргга олиб кетишди. Уларни машинага мен ўзим юкладим. Моргдан эса бизга қайтариб беришди. Уларни “Ойша-хоним” қабристонида ёнма-ён дафн этдик…Ўша куни мазкур қабристонда яна олти киши дафн этилди. Болалар ва аёлларнинг мурдалари негадир кўринмасди. Уларни қаергадир ғойиб қилишди… Ҳалок бўлган болалар ва аёллар жуда кўп эди. Лекин ҳеч ким уларнинг ўлигини кўрмади…
Зикриллонинг фарзанд кўрган келини ҳалиям роддомда. Аҳмаднинг уч фарзанди – икки ўғил ва бир қизи етим қолишди. Аҳмад илгари автобус ҳайдарди. Бизда завод ва фабрикалар ёпилгач, автобуслар ҳам йўқолиб, таксистлик қила бошлаган эди. Машинанинг кунлик аренда ҳақидан ташқари унга рўзғор тебратиш учун бир ярим-икки минг сўм қоларди (бир ярим-икки доллар).
“Уларнинг кимлигини сўраб-суриштирмай тўхтатишди-ю, отиб ташлашди. Агар текшириб кўришганида тирик қолишармиди? Уларни қандай отишган бўлса шундай ҳалок бўлишди… Марҳумларнинг мўжазгина ҳовлисида ҳамма ўзбекларники каби анвойи гуллар барқ уриб очилган. Қабрлар узра ҳам қизил гуллар қўйилган.
Умуман шу кунларда бутун Андижон ана шу қизил гуллар қўйнида мангу уйқуга кетган шаҳидлар шаҳрига айланган… Шаҳарнинг қайси бурчига борманг, албатта таъзия ё маъракага дуч келасиз. Ҳар ерда кўрпачалар тўшалган ўриндиқлар, уларда бош эгиб ўтирган чопон ва дўппилик азадор кишилар… Ҳамма келиб, дуо ўқиб, чуқур хурсиниб марҳумларнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этиб чиқиб кетади…
“Унинг хотини ишламасди, уйда болаларга қарарди. Энди бу оила ҳам менинг қарамоғимда қолди…” – деди Аҳмаднинг қайнотаси…
Тўртинчи хикоя
Акмалжон Мамаризаев, 32 ёшда.
Унинг отаси ҳикоя қилади:
– Унинг томоғи оғриган эди. Ютинолмай қолганидан сўнг кечқурун дори излаб кўчага чиқди-ю, ҳалок бўлди… Дайди ўқ унинг умрига зомин бўлди. Менга бу хақда қўшнилари хабар қилишди. Кечирасиз, ўғлим ўлганидан буён ўзимга келолмайман. Нақадар даҳшат!
– У “Чўлпон” кинотеатри ёнида ҳалок бўлдими?
– Ҳа…
Бешинчи хикоя
Санжар Турсунбоев, 1938 йилда туғилган
(Президент билан тенгдош экан…)
Андижоннинг эски шаҳрига хос бўлган манзара. Бир хил кўринишдаги мўъжаз ва кўримсиз уйлар… Ўн йиллаб бирга истиқомат қилаётган қўни-қўшнилар… Кўзларида тубсиз мунг муҳрланиб қолган маъюс кексаларнинг бошлари хам, аҳён-аҳёнда чуқур хўрсинишади…
Латта билан бўлиб қўйилган бир тўп аёллар эса “Бу не кулфат” бўлди дея бошларини сарак-сарак қилиб Худога нола қилишади…
Ҳалок бўлган кексалардан бирининг ўғли – Ғофур ҳикоя қилади:
– Вилоят ҳокимияти рўпарасида Навоий номли боғ бор. Отам бир дўсти билан тротуар ёнида гаплашиб турганида тўсатдан пайдо бўлган ҳарбий машинадан уларга қараб ўқ отилган ва отам ҳалок бўлган. Орқасидан отишган, аблаҳлар…
Ўртоғи уни Андижон мединститутига зудлик билан олиб борган. Йўлда ҳали тирик бўлган отам касалхонага етар-етмай жон таслим қилган…
…Отамнинг тўртта фарзанди бор эди – икки ўғил, икки қиз. Мен укам билан тирикчилик боис Россияда ишлаётган эдик. Мен келдим, лекин у йўлкира ҳақи қимматлиги боис келолмади. Биз у билан Новосибирскда – қурилишда ишлаяпмиз…
Марҳум билан ўша куни тротуарда сайр қилиб юрган Йўлдош ака ҳикоя қилади (1939 йилда туғилган):
– Биз суҳбатлашиб турган эдик – тротуарда, қаёқдандир ҳарбий машиналарда аскарлар пайдо бўлишдию, ҳаммага қарата ола-тасир ўт оча бошлашди. Ҳамма ёқни қий-чув тутиб кетди. Биз ҳам қочдик. Бир пайт унинг чопаётиб йиқилганини кўрдим – орқасидан отишди. Атрофга – оломонга ўт очганча машина ўтиб кетди. Бунақасини киноларда ҳам кўрмаган эдик. қиёмат қойим бўлди…
У орқасидан ўқ еб йиқилганида ҳали тирик эди – фақат оёқлари ишламай қолди…
“Фергана.РУ” ахборот агентлиги
Рус тилидан Исмат Хушев таржимаси
(Давоми бор)

1 шарҳ

  1. Кимга ишонишни хам билмайсан киши! Андижоннинг буюк достончиси Сухайлий домланинг заказ достонида ёзилишича кампирлар, болалар, чоллар ва тинч ахоли тинч ва форовон турмушимизга чидай олмаган оломон кузголон кутарган эмиш ва бунинг окибати, кучаларда учиб юрган дайди укларга узларини уриб олишган. Аслини олганда эса, ана шу вазмятни келтириб чикарган казолар хам жазоларини олишлари шарт. Карс икки кулдан чикади. Хамма вакт оддий халк айбдор булиб кола олмайди. Ойни этак бирла ёпди СУХАЙЛИЙ, ОЧДИ АЛЕКСИЙ!!

Leave a Reply
*