Menu
Categories
“Озодлик”да Исмат Хушевнинг биринчи хоним ҳақидаги суҳбатини тинглаб…
05/18/2017 Бош мақола
Ф.-м.ф.д. Собир Тўлаганов: Исмат Хушевнинг “Озодлик”даги суҳбатини эшитиб…
Ўзбекистон Президентининг Хитой Халқ Республикасига бўлган расмий ташрифида унинг умр йўлдоши ҳам ҳамроҳлик қилаётгани ҳақида, Исмат Хушевнинг “Озодлик”да тўлқинланиб, фахр туйғуси билан ҳикоя қилиши, балки кимларгадир эриш туюлгандир.
Аммо, яхшироқ ўйлаб кўрсак, Исмат Хушев Ўзбекистоннинг Биринчи хоними ҳақидаги ўзининг ўринли ва ибратли фикрларини халк билан баҳам кўриши, бутун дунёни лол ва мафтун этган бу расмий ташрифдан қалбида фахр ва ифтихор туйиши таҳсинга сазовор иш бўлди.
Зеро, Ўзбекистон деб аталувчи юртнинг 30 миллиондан ортиқ халки, ўзи ва юрти тақдирини топширган Президентига қанчалар ишонч ва умид билан қараётган бўлмасин, унинг умр йўлдоши ҳақида ҳам кўпроқ билишликни муҳим ва зарур деб ҳисоблайди.
Халкимизнинг бу қизиқиши, ташриф ўтаётган Хитой халқи собиқ раҳбари Мао Цзэдуннинг умр йўлдоши Цзян Цин ҳам, бир вактлар, Хитой халқи бошига қандай “мўъжиза”лар келтирганини эслаш туфайли эмас, албатта.
Ўзбек халки чорак аср давомида кўриб, билиб келган биринчи давлат раҳбарининг биринчи хоними ва унинг фарзандлари ҳақидаги нохуш ва ачинарли таассуротлар фонида Исмат Хушевнинг Қўқонда ўзи бориб меҳмон бўлган ва Зироатхон камол топган оила ҳақидаги чин юракдан айтган самимий дил сўзлари ва гувоҳликлари кўнгилларга бир қадар таскин ва умид бериб, халқимизни анча хотиржам қилганини ҳам эътироф этишимиз керак бўлади.
Бир сўз билан айтганда, Исмат Хушевнинг “Озодлик”даги ўта самимий ва сермазмун суҳбатидан биз учун жуда керакли ва ибратли бир хулоса келиб чиқади: Янги сайланган Президентимизнинг умр йўлдоши халк ичида обрў-эътиборли бўлган, ҳақиқий ўзбекона тарбия ҳукм сурган оилада ўсиб улғайган. Буни эшитиб, халкимизнинг кўнгли янада тўқ бўлди ва орзу-умидга тўлди.
Президентнинг хориждаги расмий давлат ташрифида биринчи бор ҳамроҳ бўлишиданоқ яхши маънода халқаро матбуот эътиборини тортган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними Зироатхон Мирзиёева, халқимизни ҳақиқий эркин ва фаровон ҳаётга олиб чиқиш борасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъиятига қатъият қўшиб, унга ҳамиша руҳий мадад беришига, халқпарвар ва оқила Биринчи хоним бўлиб яхши ва муборак ном билан тарихда қолишига умид қиламиз.
Собир Тўлаганов,
Физика математика фанлари доктори, профессор
5/17/2017.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*