Menu
Categories
Зилолабону: Қайнаб чиқар булоқдек кўз ёш, Адабиёт шўринг қуриди…
05/21/2017 Адабиёт

Битта шерик топмадим, аритгали дардимни,
Дўсти ёронларим ҳам, билмадилар қадримни…

“Дунё ўзбеклари”дан:
Зилола менинг Канададаги тинч ва сокин, лекин жўшқин ва шиддатли ҳаётимга “Имо” орқали “Кук-ку” деб кириб келди. “Дунё ўзбеклари”да эълон қилинаётган мақолалар унинг эътиборини тортганини айтиб, мен билан дардлашмоққа қарор қилибди.
Мен уни Абдулла Орипов вафоти муносабати билан ёзган таъзия шеъри орқали олдинроқ танигандим. Бу шеър буюк шоир вафоти муносабати билан ёзилган шеърлар орасида менга энг ёққани эди. Ҳали ҳеч ким Абдулла Орипов номи ва ижодига мос марсия ёза олмаган бир пайтда мен ҳали эшитмаган ва билмаган қизчанинг бу шеъри мени қаттиқ ҳаяжонга солди:
Шоир кетди,
Мийиғида кулганча ана…
Дуқиллатиб ёғоч асони.
Тинди юрак, Қилиб тантана,
Йўқлагани кетди Худони!
Буюкликка етган руҳ яккаш,
Изғиб юрар самовот узра.
Тинчиб қолди ,борлиқ дафъатан,
Ўтмиш титиб ётур, хотира…
Шоир ўлди, Шеърнинг кўксида.
Қаламига суяниб аста…
Хув, улуғвор стол устида,
Қоғоз қолди ундан бир даста.
Адабиёт, йиғла укириб,
Буюкларинг кетди қўл силтаб.
Сен, қадрига етмас Шоирни,
Фаришталар турибди сийлаб!
Ғийбатлардан толиққан руҳи,
Самоларда учмоқда озод.
Йиллар бўйи чеккан андуҳи,
Шеърларида солмоқда фарёд.
Энди у йўқ! Ғанимлар яйрар.
Тантанаси аршга етгўлик.
Англолмайди буюкларини,
Бўлмаса гар қалбда эзгулик.
Сўзлар сизиб кирар нур бўлиб,
Юрагимнинг ҳар бир ерида
Ғанимларга мийиғда кулиб,
Яшаётир шоир, шеърида!…
Шоир кетди, Йўқлаб Худони…
Шунинг учун бўлса керак Зилола билан тезда тил топишиб кетдик.
Мен юборган “Овозли” номаларимга негадир фақат ёзув билан жавоб берарди. Бир кун бунинг сабабини изоҳлаб: “Мен эшитолмайман…” ,  – деб жавоб берди. Дамим ичимга тушиб кетди. Ҳазиллашаяптими деб ўйладим. Минг афсуски, рост экан…
Зилола 14 ёшида менинггит билан оғриб, оғир асорат олди –  кар бўлиб қолди. Бугун ўз умрининг 30 баҳорини қаршилаган Зилола – ўзбек адабиётининг садоқатли мухлисидан – шеърият боғида ўз ўрни бор истеъдодли ижодкорга айланди. Лекин у номард табиатнинг унга кўрсатган жоҳиллигидан сира ўкинмайди. Унинг руҳи тетик, ижодига, адабиёт равнақи ва ўз истиқболига бўлган умид ва ишонч туйғулари юрагида лиммо лим.
Зилола шеър ёзишни – энг олий ҳилқат – табиатнинг унга юборган инъоми деб билади:
Оҳ, шоирлик юки эзмоқда,
Ваҳимали инграйди илҳом.
Ҳой, кет дейман, илжайиб дейди,
– Мен Аллоҳдан сен учун инъом…
Унинг шеърларида ижтимоий сиёсий давр руҳи, ҳаёт фалсафаси, бугунги ижодкорнинг маънавий қиёфаси бор бўй басти билан ўз ифодасини топган:
Олам аро тарқалди миш-миш,
Анув шоир эканми беюз?…
Ортдан ёғар пайдарпай қарғиш,
Жабр кўрган эмиш «қоракўз»
Адоватлар турфа ранг олар,
Изғиб юрар маломат тоши.
Не қиламан, эрта менга ҳам,
Чимирилса «Раиснинг» қоши…
Мен Жиззахда туғилиб ўсган, айни пайтда Тошкентда истиқомат қилаётган синглим Зилолабонуга юксак ижодий омад ва бахт саодат тилаб қоламан…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада, 20 май, 2017 йил…
ДАРДИМ…
Неча кунгки, дилда ором йўқ,
Неча кунки, кишанда қалбим.
Ҳақиқатлар очилар бунда,
Гоҳ қувонсам, гоҳ ўсар дардим.
Оҳ, шоирлик юки эзмоқда,
Ваҳимали инграйди илҳом.
Ҳой, кет дейман, илжайиб дейди,
– Мен Аллоҳдан сен учун инъом.
Олам аро тарқалди миш-миш,
Анув шоир эканми беюз?…
Ортдан ёғар пайдарпай қарғиш,
Жабр кўрган эмиш «қоракўз»
Адоватлар турфа ранг олар,
Изғиб юрар маломат тоши.
Не қиламан, эрта менга ҳам,
Чимирилса «Раиснинг» қоши.
Хилвираган қоғоз қўйнимда,
Қаламимни тишлаб ғажийман.
Гўё бари айблар бўйнимда,
Ўз- ўзимдан жуда ранжийман.
Сиёсатга эврилган ижод,
Ўзлигидан айрилгандайин.
Мен ўзимни шоирман дея,
Энди айтинг қандай алдайин?
Юксак унвон, соҳта табриклар,
Юмшоқ кўрси ва кенг бир хона.
Орзу, орзу хаёлдан бошқа,
Ўзи ижод қилдимми Она?
Сафсатага йўқ менинг хушим,
Керак эмас менга дабдаба.
Шоир қалбин англасин улус,
Унга душман асли мартаба.
Қайнаб чиқар булоқдек кўз ёш,
Адабиёт шўринг қуриди…
Фисқи фасод урчиган дамда,
Кўнгилларда ҳасад туғилди.
Барисидан кетаман буткул,
Аянчлидир шеърим қисматинг.
Ижод сенга силтаб кетсам қўл,
Сабр қил деб мени, қистадинг…
Олисларга ҳайқиргим келар,
Ноҳақликни уриб тўнтаринг !
Шоирларнинг мансабин эмас,
Шоирларнинг кўнглин кўтаринг !
Неча кунки дилда ором йўқ,
Неча кунги кишанда қалбим…
ЗИЛОЛАБОНУ
15.05.2017 Й
Image may contain: fire, candles and night
ОҒРИҚ
Шеърлар йиғлар, шоир кўксида,
Бу оғриққа кўрсатолмас важ.
Шеърим сени фарзандим десам,
Соҳта сўзинг тизилган ,фалаж…
Сўзлар йиғлар, шоир забони,
Талх тортгандек алжирар бежон.
Қалбимдаги қумримни юпат,
Бир дард бергин менга Художон!…
Бахс айлашар ,шому саҳарда,
Кукулашиб Тунда каккулар.
На бир маъзмун,на ўтли сатр,
Ёзилажак соҳта « Хоккулар»
Кўнгил майли,дилроз бўлибдир,
Кечинмалар, адаб ирфони.
Ўқувчилар шеър ўқир яйраб,
Ёд ололмас Лекин Қуръонни.
Адабиёт, йиғлар кўксимда,
Чўлпонлари ётур кишанда.
Осмон тушиб кетгай устимга,
Абдуллолар юрган гулшанда…
Бисотимда бор меҳрим сочиб,
Кўтараман шеърим қадрини,
Зулмат аро ғамгин жилмайган,
Кўрдим устоз Рауф Парфини.
Йўқ, энди мен, қилолмам тоқат,
Шоирликдан юргайман нари.
Суйкалганди кеча ўзгага,
Энди менла ул илҳом пари…
Жазавада исёнкор руҳим,
Адабиёт тинмади жавраб.
Шеърлар оқар дақиқа сайин
Тулғоқ тутган онадек, ё Рабб!…
Зулмат аро кўзим қамашар,
Бир нигоҳки… этади таъқиб,
Оқ деворга ёзади недир,
Шавкат Раҳмон сўзсиз ,тутоқиб…
Авлодлар ҳам, алмашар бунда,
Аср оша тарих жилмаяр….
Безовта руҳ исёнда кунда,
Муҳташам бир дардлар улғаяр.
Ҳар дақиқа , туғилар шоир,
Ҳар дақиқа, дилроз айтилар.
Шоир ,шоир тагин гуллатар
Ва тош отиб бирдан ҳайқирар.
Мана шундай, рудапо дунё,
Мана шундай, харобдир ҳислар.
Онгим дейди, нари юр шеърдан,
Қалбим эса келтирар ,сўзлар…
Менга қисмат бўлди шоирлик,
Вужудимни ўртар дамбадам.
Даҳо санаб ўзимни ўзим,
Мисра битдим,кўҳлик ,муҳташам!…
Адабиёт бағринг кенг жуда,
Завол топмас марҳаматларинг
Кундан кунга туғилган билсанг ,
Қизғалдоқдек « Муҳаммадларинг.»
Андишанинг оти қурқоқми?
Қараёлмам Эркин Воҳидга,
Тўртта сўзни жуфтлаб ёзганман,
Ва бахш этдим менга содиққа.
Шеърлар йиғлар шоир кўксида,
Соҳталикка беролмай барҳам.
Танқидларга чап берган Шоир,
Жўшиб мана қилмоқда байрам…
20.05.2017 йил
ЗИЛОЛАБОНУ
Image may contain: 1 person, night
КЕЧИР ОНА
Она кечир қуполлик-ла, ранжитар бўлсам сани.
Бону қизинг сал асабий, салгина феъли торроқ
Уни мудом таъқиб қилур шеъриятнинг маскани,
Минбарларда шеър ўқиса зир -зир титрайди япроқ.
Уйқи билмас дамларим кўп адашдим тонг тун аро,
Мозийларга сингиб борур кўксимдаги муҳаббат.
Кишанланган юраккинам тинмай қилгай тавалло,
Хаёл ҳамда ҳаёт ичра курашур ишқ ва нафрат.
Қалам тишлаб, стол чертиб, ўй уйласам нолийсан,
Бир зум ором олгин дейсан қулдан тортиб китобни.
Лек онажон битикларга кўчган қалбим билмайсан,
Она ватан туйғусида яратдим ҳар бир бобни.
Менку эрта кетар бўлсам бебақо дунёсидан,
Мендан мерос қолсин дейман шеърим менинг маҳзаним.
Тўйиб кетсам тубанликнинг энг чиркин риёсидан,
Қумурсқага ем бўлгани яхширок вужуд таним.
Она, кўз ёш тўкдинг нечун, шунчалар кўрдингми ранж?
Шоир қизни туққанинга ишонмайсан ҳойна -ҳой.
Нетай бугун кўксимдаги дард қилди мени фалаж,
Ишқ вафо бу йўқ нарсадир армон отди дилга ёй.
Она, ҳали кунлар келур! Бону қизинг юксалур,
Ҳаёт азал синовга бой, оқ -қорадан иборат.
Ҳали менинг омадимни кўрсанг уйғонар ғурур,
Бугун дардим тўкиб олай она бергин ижозат.
Она кечир қўполлик-ла, ранжитар бўлсам сани.
Бону қизинг сал асабий, салгина феъли торроқ
Уни мудом таъқиб қилур шеъриятнинг маскани,
Минбарларда шеър ўқиса зир -зир титрайди япроқ.
24.09.2014 й
ЗИЛОЛАБОНУ
Афғонистонлик Хошим Ҳамдам дўстимиз араб ёзувига ўгирибдилар.
@erka_ohu

کېچیر آنه‌
آنه‌ کېچیر قوپاللیک-له، رنجیتر بۉلسم سېنی.
بانو قیزینگ سَل عصبي، سَل‌گینه فعلی تارراق
اونی مدام تعقیب قیلور شعریت نینگ مسکنی،
منبرلرده شعر اۉقیسه زیر -زیر تیتره‌یدی یپراق.
اویقی بیلمس دَملریم کۉپ اده‌شدیم تانگ تون ارا،
ماضيلرگه سینگیب بارور کۉکسیمده‌گی محبت.
کیشنلنگن یوره‌ککینم تینمه‌ی قیلگه‌ی تَوَلّا،
خَیال همده‌ حیات ایچره‌ کوره‌شور عشق و نفرت.
قلم تیشلب، چوکی چېرتیب ،اۉی اویله‌سم نالي‌سن،
بیر زوم آرام آلگین دېیسن قولدن تارتیب کتابنی.
لېک آنه‌جان بیتیکلرگه کۉچگن قلبیم بیلمه‌یسن،
آنه‌ وطن تویغوسیده یره‌تدیم هر بیر بابنی.
مېنکو اېرته‌ کېتر بۉلسم بې‌بقا دنیاسیدن،
مېندن میراث قالسین دېیمن شعریم مېنینگ مخزنیم.
تۉییب کېتسم توبنلیک نینگ اېنگ چرکین رياسیدن،
قومرسقگه یېم بۉلگنی یخشیراق وجود تنیم.
آنه‌، کۉز یاش تۉکدینگ نېچون، شونچه‌لر کۉردینگمی رنج؟
شاعر قیزنی توققه‌ نینگه ایشانمه‌یسن خاهینه-خای.
نېته‌ی بوگون کۉکسیمده‌گی درد قیلدی مېنی فلج،
عشق وفا بو یۉق نرسه ‌دیر ارمان آتدی دلگه یای.
آنه‌، هلی کونلر کېلور! بانو قیزینگ یوکسه‌لور،
حیات ازل سیناوگه بای ،آق -قاره‌دن عبارت.
هلی مېنینگ آمدیمنی کۉرسنگ اویغآنر غرور،
بوگون دردیم تۉکیب آله‌ی آنه‌ بېرگین اجازه.
آنه‌ کېچیر قۉپاللیک-له، رنجیتر بۉلسه‌م سنی.
بانو قیزینگ سَل عصبي، سَل‌گینه فعلی تارراق
اونی مدام تعقیب قیلور شعریت نینگ مسکنی،
منبرلرده شعر اۉقیسه زیر -زیر تیتره‌یدی یپراق.
24.09.2014 ییل

زلاله‌بانو

 
ОҲ ДИЛИМ
Оҳ дардима дардларим менинг,
Дардларимдек ситилар сабрим.
Кўзларимда торайди кенглик,
Умрим каби тўкилар қалбим.
Осойишта бўлолмас бу -дил,
Тўрга тушган каптардек халак.
Мен ёмғирга ташна чанқоқ гул,
Ва самога мафтун ҳур малак.
Тонг энтикиб ҳисларин тўкар,
Дудоғимдан бўса олар нур.
Сабо қўлдан оҳиста тутар,
Ишқ қасрига кўрсатади йўл.
Саодатнинг манзили йироқ,
Бечора дил ҳориган ночор.
Унда ёниқ ҳислар бор бироқ,
Андак дарвеш, андак телбавор.
Кутаверар бахтни энтикиб,
Кутар гўё бизни гўшанга.
Умид деган ниҳолни экиб,
Қўйдик орзу деган гулшанга.
Муҳаббатдан энтикади дил,
Қайдан шунча сабот, ирода.
Кутармикан биз кутгандек ул,
Борми биздек меҳри зиёда.?
ЗИЛОЛАБОНУ
( эски машқлардан)
ИНСОФ БЕР
Кўзимни тикаман фалак тоқига,
Ажиб нур таралар кўнгил боғига,
Ғанимлар қоврилсин ўзин ёғига,
Иймон эътиқотдан этмагин жудо,
Яхшию ёмонга инсоф бер Худо.
Яшадим ҳамиша мақсадни кўзлаб,
Кўролмас ғанимлар кетарлар тузлаб.
Бир айбим ўн қилиб юрарлар сўзлаб,
Бўғзимга қадалур аламли нидо,
Яхшию ёмонга инсоф бер Худо.
Исломий каломни англамас диллар,
Динни ҳақоратлаб устидан кулар,
Оҳират бор деса ишонмас улар,
Дунё бойлигига жонидир фидо,
Яхшию ёмонга инсоф бер Худо.
Дилларда кўз очса меҳр булоғи,
Гуллардан яшнаса муҳаббат боғи.
Ҳаркимнинг бўлса бас суянган тоғи,
Ёлғизлик ҳечкимни қилмасин адо,
Яхшию ёмонга инсоф бер Худо.
2011 йил дафтаридан
Image may contain: 1 person, closeup
Image may contain: 2 people, people sitting
ЗИЛОЛАБОНУ

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

5 шарҳ

  1. оддий фукаро

    Мана хозирги пайтда кимга карасангиз шоир: Фалоний, Фукуний… Тахалуслари канчалик чиройли булса, шеърларидан шунчалик маза матрасиз… Ёзганида на маъно бор,на бир йуналиш. Асосан буюртма шоирлар: ёзган шеърлари кандай булса хам кушик булса, жарак жарак пул олса, машхур хофизлар хам ундан шеър ёзиб беришни сурашса… Бу энг буюк орзулари! Афсус-ки бозор иктисодиёти адабиётимизни хам иктисодчи шоир килиб тарбиялади, бу рад этиб булмас ХАКИКАТ!
    Инсон качон ки узини хузурини унутса бир дард калбини кемирса шундагина у кулига калам олади, шундагина хакикий ШОИР дунёга келади! Бу синглимиз хам факат юрак амри билан ёзувчи шоира эканлигини ёзилган шеърларида яккол укилади. Узбек тилининг бутун жозибасини уз шеърларига жойлабди, умридан барака топсин! Бундай шоирларимиз бахоси йук шеърият гавхаридирлар.

  2. Юлдуз Орипова

    Ха. Хакикатдан жуда истеъдодли синглимиз. Илохим сог омон булсин.

  3. Gulizor Yahyo

    Йулингизни доимо оппок гуллар безаб турсин.

    Елгизлик хеч кимни килмасин адо,
    Яхшию емонга инсоф бер худо…

    Зилолабону оллоххим доимо узи мададкор булсин.

  4. Fatima Sattarova

    Соглик тилайман, ижодизга омад!!!!

  5. Muazzam Ibrohimova

    Аллох дард билан сийласада, истеъдод билан улуғлаган синглим.
    Зилолабону Холикова камтар, камсуқум ва айни пайтда болаларча соддалиги ва ўжарлиги ўзига ярашган ижодкор. Адабиётда ўз ўрнини топаётган ёшларимиздан бири.
    Омад ҳамиша ёр бўлсин!

"1" Comment
  1. Ҳаким Номозов

    Ҳар йили 14 нафар бойвачча ва раҳбарчаларнинг қизларидан “Зулфиячилар”ни кашф қиламиз. Фақат сиёсатни куйлашга Тўтиқушдай ўргатилган юзлаб “Зулфиячи”ларнинг кўксига тақилган медалларнинг барчасини юлиб олиб мана шу шоирамизга тақдим этса ҳам арзийди. Мана ҳақиқий “Зулфия” мукофотининг совриндори. Мен унинг шеърларидан шоирамиз Зулфия опанинг қайта дунёга келганлигини ўқидим.

Leave a Reply
*