Menu
Categories
Ўзбек журналистлари Хитойда, Хитой журналистлари Ўзбекистонда…
05/25/2017 Бош мақола

Ўзбек журналистлари Хитойда, Хитой журналистлари Ўзбекистонда малака оширади.

Яқинда бир гурух журналистлар  Ўзбекистон – Хитой иқтисодий муносабатларининг фаол иштирокчиси бўлган Хитойнинг бир неча шаҳар ва компанияларда бўлиб қайтдилар. Сафар давомида улар шунингдек Хитой ОАВлари фаолияти билан хам танишдилар. Қуйида ана шу сафар иштирокчиларининг хитойлик хамкасблари билан учрашувлари ҳақидаги мақола эълон қилинмоқда.
Расмий маълумотларга кўра 2013 йил охирида ХХР да 1915 та газета чоп этилган. Унинг 400 таси партия нашрлари, 300 таси шаҳар ва район газеталари, қолганлари эса тармоқ ва сохаларга ихтисослашган. Газета адади жихатидан Хитой сўнгги ўн йилларда дунёда биринчи ўринда. Адади энг кўп дунёнинг 100 та газетасининг тўртдан бири Хитойга тегишли эканининг ўзи хайратланарлидир. Масалан, “Жимень жибао” уч ярим, унинг “Янгиликлар” иловаси уч миллион нусхада чоп этилади. Бир қанча газеталар аллақачон йирик холдинг компанияларга айланганлар. “Чэнду кундалик газетаси”, “Чжэцзян кундалик газетаси”, “Гуанджо кундалик газетаси”, “Хэнан кундалик газетаси”, “Дажонг кундалик газетаси” кабилар шулар жумласидандир. ХХР босма нашрлари 2013 йил якунига кўра 77,7млд юан (13,1 миллиард доллар) фойда, 8,77 млд. юан (1,39 миллиард доллар) соф фойда кўрганлар.
Хитой газетхон мамлакат. Бу ерда унга обуна бўлмаганлар хам газета ўқишади. Айнан газеталарнинг янги сони билан танишиш, уни ўқиш учун мамлакатда 16,8 млд. юан(2,8 миллиард доллар) сарфланиб 600 мингта махсус газета ўқиш хоналари (кутубхоналар каби) қурилган.
2013 йил расмий маълумотларида мамлакатда радио тўлқинларни 97,8 фоиз, телетасвирларни 98,5 фоиз худудда қабул қилиш имкони мавжудлиги таъкидланади. Телерадио тўлқинларини тарқатувчи 2568 та марказ фаолият кўрсатмоқда.
Хитойда “Синхуа” ва “Chinanews” каби қудратли ахборот агентликлари мавжуд. Биргина “Синхуа” дунёнинг 201 та мамлакатида ўз мухбирлик бўлимларига эга.
1994 йил апрел ойида Хитой оммавий ахборот воситалари сафига расман Интернет кириб келди. 2014 йил июн ойидагина Хитойда 632 миллион киши интернет тармоғидан фойдаланувчи сифатида рўйхатдан ўтган. Мамлакатнинг энг оммавий “Синхуа”, “people.com.cn”, “Sina.com”, “Xinhuanet.com”  интернет сайтларида бир кеча кундузда турли тилларда 10 мингта янгилик ахбороти тарқатилади. Хозирга келиб интернетнинг ижтимоий тармоқларида шахсий кузатув, воқеликка муносабат ва ахборот эълон қилаётганларсони 275 миллиондан ошган!
Хитой комуннистик партияси мамлакат медиатизимлари ривожланиши учун шароит яратмоқда. 2014 йил 18 августда ХКП Марказий Комитетининг “Анъанавий ва замонавий медиатармоқларини уйғунликда ривожлантириш тўғрисида”ги қароридан сўнг босма ва электрон оммавий ахборот воситалари тузилмалари янги босқичга кўтарилиши кузатилмоқда. Мамлакатнинг барча халқ, миллат ва қавмлари тили хамда ёзувидаги матбуот замонавий технологиялар билан таъминланди. Миллий мутахассис – журналистлар тайёрлаш Давлат дастури амалга тадбиқ этилди.
Хитой матбуотининг энг мухим ўзаги бу шубхасиз “Синхуа” ахборот агентлигидир. Бизни бу ерда самимий кутиб олдилар. Тахририятлар, мултимедия цехи, тарих музейи, дам олиш акфабоғларигача танишдик. Ҳозирги кунда “Синхуа” ахборот агентлигида 15 мингдан зиёд ахборот йиғувчи журналист ва мухаррир ишлар экан. Уларнинг 1500 нафари хориждаги бўлимларда фаолият олиб боради. Агентлик юз фоиз рақамли технологияга ўтган.
  • Бизнинг электрон сайтимизга бир кунда 100 миллиондан зиёд ўқувчи киради, – дейди агентлик халқаро ахборот бўлими бошлиғи Тян Ян. – Бундан ташқари Tviter ва Feysbook да 14 миллион доимий ўқувчимиз бор. Ҳар хафтада 400 минг янги ўқувчи киради, унга.
Синхуа ахборот агентлиги ўз интернет сайтидан ташқари тасарруфида яна бир интернет ахборот тарқатиш сайтини яратди. У «Xinhuanet.com» деб аталади.
«Xinhuanet.com» интернет сайти 1997 йилда очилган ва 20 йилда дунёнинг барча мамлакатларида ўқиладиган бўлди. У ўз ахборотини энг оммавий ўнта тилда тарқатади.
«Xinhuanet.com» интернет сайти информацион технологиянинг сўнгги ютуқларини қўллайди. Унинг бош тахлил экранида сайт тарқатаётган ахборотни дунёнинг қайси мамлакатида қанча ўқувчи ўқиётгани ёки қайси сайт кўчириб қайта эълон қилаётгани ҳақидаги маълумот кўриниб турар эди.
Сайт тахририяти бир неча катта-катта залларга жойлашган. Хамма бир бирини кўриб туради. Лекин хар бир ижодий ходимга ғоят қулай иш шароити яратилган. Энг қувватли компютер, ягона локал тармоқ,  харакатланувчи кресло, бир ўрин атрофи ойна билан ўралган ярим айлана столли 9 квадрат метрли жой. Об-хаво мўтадил. Журналистлар қисқа вақт  дам олиши учун юмшоқ  мебеллар, бино томида эса сунъий боғ яратилган.
Бизга маълумотлар  жойланаётган бош сахифани кўрсатдилар. Унда матн, фотосуратдан ташқари видеотасвирлар, воқелик анимацияси, харакатдаги схема, диограммалар ҳам бор эди.
  • Воқелик ҳақида батафсил маълумот бериш учун дрон (учувчисиз видеоқурилма) лардан фойдаланамиз. Унда олинган тасвирлар матнни тўлдиради. Айтайлик воқеа ер ости шахтаси, сув остида ёки осмонда рўй берган. Унда биз ахборот мухимлигини эътиборга олиб компютерларда воқеликни “тикловчи”  анимацион тасвир яратамиз. Бу усул ҳам ўқувчиларни кенгроқ жалб этиш имконини бермоқда, – дейди «Xinhuanet.com» сайти бош директори Хиа Хиапенг.
     Сайт тахририятида телестудия ҳам бор экан. Машхур инсонлар билан сухбатлар, мухим воқеликка шарх шу ерда жонли тасвирга туширилиб сайтга жойланар эди.
«Xinhuanet.com» сайтида ахборот излаш, қайта ишлаш ва тарқатиш билан 1700 ходим шуғулланади. Хитойнинг 31 та провинциясида ўз бўлимлари бор. Белгияда Европа бўлими очилган. Энди Америка, Африка ва Осиёда ҳам шундай бўлим очяптилар.
  • Буюк Британиянинг “Телеграф”, Қирғизистоннинг “Хабар” ахборот агентликлари билан ахборот алмашув шартномалари тузганмиз. Ўзбекистоннинг ЎзА миллий ахборот агентлиги билан ҳам хамкорлик қилмоқчимиз, – дейди Хиа Хиапенг.
     «Xinhuanet.com» сайти оммавийлиги кундан кун ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳам у ўз акцияларини Шанхай биржасига қўйган.
 Шеньчжен сафари чоғида биз унинг ОАВлари фаолияти билан хам танишдик. Бу ерда электрон ОАВларини Shenzhen Media Group бирлаштирган бўлиб, унинг таркибида 11 та телеканал, 4 та радиостанция ва киностудия фаолият олиб боради. Shenzhen Press Group медиахолдинг компанияси эса 10 та газета, 5 та журнал ва 10 та интернет сайт хамда нашриёт-матбаа уйига эга.
-Тахририятимизда 150 та ижодий ва техник ходимлар ишлайди. Уларнинг 100 нафари ахборот йиғувчи журналистлар, 30 нафари эса мухаррирлардир,-дейди кунадлик “Шеньчжен иқтисодий газетаси” бош мухаррири  Чжоу Пинь. –Биз иқтисодий алоқалар туфалигина  Ўзбекистон ҳақида биламиз. Сизларнинг компаниямизга ташрифингиз келгусида ахборот ва тажриба алмашувлар ташкил этишга эшик очса ажаб эмас.
Хитойлик хамкасбларимиз сўзларидан шу нарсани англадикки, Ўзбекистонга қизиқиш жуда катта.
-Ўзбекистон Маркази Осиё иқтисодиётида етакчи давлат сифатида ўрин тутади. У жуда тез суратлар билан ривожланиб бораётгани эътиборлидир. Президентингиз Шавкат Мирзиёевнинг Пекинда бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” форумида сўзлаган нутқини ўқувчиларимиз қизиқиш билан қарши олдилар,-дейда “Шеньчжен Daily” газетаси бош мухаррири Дун Хайтао. –Буюк ипак йўлиниг кайта тикланиши, Хитой –Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши бизнинг муносабатларимизни янада мустахкамлайди.
Хамкасбларимиз билан журналистика муаммолари ҳақида хам фикр алмашиб бахслашдик. 24 сахифада, рангли ҳар куни чоп этиладиган “Шеньчжен иқтисодий газетаси” тахририяти шаҳар марказидаги энг мухташам осмонўпар бинолардан бирига жойлашган экан. Газета Шеньчжен иқтисодий ривожланиш дастурини амалга оширишда катта рол ўйнаган. У ватанпарварлик рухидаги  чақириқлари билан халқда бирдамлик, фидойилик шакилланишига хисса қўшган. Тахририят музейида унинг биринчи сони чоп этилган 1981 йил 6 июндан то шу кунгача босиб ўтган йўли акс этган. Журналистлар мехнатига эътибор ҳам муносиб эди. “Шеньчжен иқтисодий газетаси” тахририятига йиллар давомида мамлакатнинг бир неча биринчи рахбарлари ташриф буюргани фотолавҳалари қўйилган музейга.
  • Газета кундалик бўлгани учун бугунги воқелик хақидаги ахборот келгуси куни чоп этилади. Тезкорликда интернетдан ортда қолдик. Энди газетадан тахлил ва кўнгилочар рукунлар кўпроқ жой оляпти, – дейди Чжоу Пинь.
 Шеньчженда яна бир ибратли тажрибани ўргандик. Газеталар  ўз соф даромадини ижтимоий лойихаларга йўналтирар экан. Масалан шу йилнинг ўзида “Шеньчжен иқтисодий газетаси” кам таъминланган оила болаларини ўқиш машғулотлари учун мебел ва компютерлар  билан таъминлаш, спорт иншоотлари  қуриш, иқтидорли талабаларга мамлакат бўйлаб саёхат уюштириш каби лойихаларни  амалга оширган. Мамлакатимизда юз минглаб тиражда чоп этилаётган даромади хамингқадар расмий ва хусусий газеталар бор. Лекин уларнинг биронтаси хайрия лойихалари ўтказганини эшитмаганмиз….
Касбимиз тақозоси, биз Харбиндаги ОАВлари билан ҳам танишдик. Бу шаҳар 1890 йилларда Шарқий Хитой темир йўли қурилиши даврида пайдо бўлган. Ўша йиллардан шаҳарда рус тилидаги газета-журналлар чоп этиш анъанаси қолган. “Партнер” журнали уларнинг бири. Тахририятда бўлган учрашув чоғида журнал бошқарувчи директори Фан Жуйхэ  бизга унинг тарихи, тарқатилиш макони, ютуқ ва муаммолари ҳақида гапириб берди.
–“Партнер” асосан Хитойдаги русийзабон халқлар ва Россиялик ўқувчиларга мўлжалланган бўлиб, хар ойда 20-40 минг тиражда чоп  этилади,      -дейди Фан Жуйхэ.-Биз ноширликдан ташқари рус тили билимдонлари танловини ўтказамиз, тил ўрганиш жамоатчилик ўқув курсларимиз хам бор.
Харбин босма нашрлар корпорациясида бизни унинг рахбари Ху Минхиао кутиб олди. 6 та кундалик, 2 та хафталик газеталар ва 2 та ойлик журнал, интернет сайт ва нашриёт матбаа корхонасини ўз ичига олган экан. Хитойлик хамкасбларимиз интернет туфайли ададлар қисқариши натижасида соф даромад йилдан-йилга камайиб бораётганидан нолидилар.
-Агар корпорациянинг 2014 йилги даромади 600 миллион юан (90 миллион доллар) бўлса, 2016 йил якунига келиб у 200 миллион юанга (30 миллион доллар) тушиб қоди,-дейди Ху Минхиао. –Биз асосий эътиборни тиражни сақлаб қолишга қаратмоқдамиз.Хар бир газетанинг ўз мобил иловаси бор. Унда биз қисқа ахборот бера туриб уни қизиқарли далиллар эълон қилинадиган жойида тўхтатамиз. Мобил илова ўқувчиси энди воқеликнинг тафсилоти ёки натижасини билиш учун газетани очиб ўқиши лозим бўлади. Бу хам тахририят ички сиёсатининг бир йўналишидир.
    Ўзбекистон гўзал диёр эканини биламиз. Орзуим бу юртни бир бор кўриш. Балким сиз, хамкасблар менга ёрдам берарсизлар?
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона ва Самарқанд вилояти бўлимлари хамда “Ўзекистон овози” – “Голос Узбекистана” бирлашган тахририяти саккиз –ўн нафардан журналистларни ўзаро тажриба алмашув учун Харбин ва Ўзбекистонга юбориш ҳақида келишув тузидилар. Дастлаб Харбинлик журналистлар Ўзбекистон Мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида ташриф буюрадиган, сентябр – октябр ойларида эса жавоб сафари уюштириладиган бўлди.
Ўзбекистон – Хитой сиёсий, иқтисодий муносабатлари юксак даражада шакилланди. Энди уни мустахкамлаш, халқлар ўртасида дўстлик алоқаларини ривожлантириш ва ижодий хамкорликни ташкил этишда биз журналистлар, журналистик ташкилотлар ҳам жонбозлик кўрсатишимиз лозим.

 

Сафар Остонов
Мухаммаджон Обидов

 

Тошкент – Пекин – Шеньчжен – Харбин.

 

 

 

 

 

 

 

“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*