Menu
Categories
Наманганда 57 – анъанавий “Гул байрами” ўтказилмоқда
05/29/2017 Бош мақола
Наманганликлар Шавкат Мирзиёев ташаббусига лаббай деб жавоб беришди… Гул байрами Голландия, Жанубий Корея ва Озарбайжондан меҳмонларни кутмоқда!
КАТТА ТЎЙХОНАГА ЎХШАР НАМАНГАН
Наманганда 57 – анъанавий “Гул байрами”  ўтказилмоқда
.Муҳтарам Президентимизнинг  эътироф ва тавсиялари  Наманганда 1960 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Гул байрами”ни янада сайқаллантиришга асос бўлди. 2016 йилнинг 2 ноябрь куни Давлатимиз раҳбари  Шавкат Мирзиёев  наманганлик сайловчилар вакиллари билан сайловолди учрашувидаги  нутқида  шундай таъкидлаган эдилар:
-Мен қачонки, гўзал ва бетакрор Наманган заминига келсам, бу ердаги кўча ва хиёбонлар, майдонларда яшнаб турган гул –чечакларни, сўлим ва ораста манзилларни кўриб, очиғи, баҳри дилим очилиб кетади.
Пок ниятли, нозик дидли, хушмуомала, меҳмондўст Наманган элининг табиатига, Сизларнинг ўзига хос ширин шевангизга ҳар қандай одам, албатта ҳавас қилади.
Наманган аҳлининг ана шундай хусусиятидан келиб чиқиб,  Сизлар бир ташаббус билан чиқсангизлар, деган таклифни ўртага ташламоқчиман. Яъни давлат ва жамоат ташкилотлари, айниқса, ёшлар, нуронийлар, гўзал аёлларимиз, қизларимиз кучни бир ерга тўплаб, вилоятнинг ҳар бир шаҳар, туманида республикага намуна бўладиган, мамлакатимизнинг ҳамма еридан одамлар бу ерга келиб завқ оладиган, энг замонавий шаклда “Гуллар боғлари”ни яратсак, Наманганга ярашадиган иш бўлур эди…
Бу даъваткор сўзлардан сўнг вилоятда “Гул байрами”ни  ўтказиш бўйича астойдил бош қотирилди. Олдинги йиллари  гул байрами август ойининг учинчи ўн кунлигида, мустақиллик байрами шодиёналари таркибида ўтказилгани учун унинг мазмун таровати, завқи унчалик сезилмас, энг улуғ, энг азиз айём кайфиятидаги аҳоли “Гул байрами”ни қандай ўтиб кетганлигини ҳам унчалик ҳис этишолмасди.
Бу гал байрамни  ўз мазмун тароватига мос – 27 майдан 1 июнгача муддатда ўтказилиши белгиландики, бу кунлар айни гул мавсумига тўғри келиши билан ҳам аҳамиятли.
Мустақиллигимизнинг 26 йиллигига тайёргарлик кўриш ва ободончилик ишларини кенг қулоч ёйдириш мақсадларини қамраб олган  “Гул байрами”  бу гал  шаклан ҳам, мазмунан ҳам янгича кўтаринкилик касб этмоқда.
5 кун давом этадиган байрам давомида турли кўнгилочар дастурлар, ташкилот, корхона ва муассасалар гулчи боғбонларининг кўргазмалари, дизайнерларнинг гуллардан ясаган композициялари, сценарийлаштирилган адабий тадбирлар ва ҳунармандларнинг бетакрор санъат асарлари намойиши билан янада мафтункор. Байрамга тайёргарлик жараёнида  Наманган кўчалари, хиёбонлари  ўзгача ороланди. Корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ҳовлилари, йўл бўйи майдонлари турфа шаклу шамойилдаги гуллар, гулсавату  гулчироқлар билан  пардозландики, нафақат гуллар чиройига,  балки ижодкор ҳамюртларимизнинг таъб-дидига-ю, уларнинг топқирлик қобилиятларига тасанно айтишга чоғланамиз.Байрам  тадбирлари жараёнида кўрик танловлар ғолиблари аниқланади ва “Энг ораста маҳалла”, “Энг ораста кўча”, “Энг ораста ташкилот”, “Энг ораста  уй жой мулкдорлар ширкати”, “Энг ораста хонадон”, “Энг ораста раҳбар кўчаси” номинациялари бўйича голибларни тақдирлаш йўлга қўйилади.
Вилоятнинг бош майдонидаги “Тинчлик стелласи” теварагидаги хиёбонларда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи йўлак ва майдончаларида тажрибали боғбон ва  ҳаваскор гулчилар ўзлари парваришлаётган гуллари кўргазмасини намойиш қиладилар.
-Бу галги байрамда гулчиларимиз томонидан  яратилган янги гул нави намойиш этилади. Биз янги гул номини “Хонзодабегим” деб атамоқччимиз, -дейди “Гул ишқибозлари” клуби ташаббускор гуруҳи раҳбари Дилбар ая Содиқова.
Она заминимизнинг олтинга тенг унумдор тупроғига чўпни суқсанг гул очиб, мева тугиши муқаррар. Аммо  гулчи элимиз тажриба-ю маҳорати  энди гулхоналар қиёфасини, хиёбонларнинг гулафшонлик сиёқини батамом ўзгатирди. Яшнаб-яшарган кўчалар бўйлаб ўтаётганлар барқ уриб , минг тур рангда  жилоланаётган гулу райҳонлар завқини, шукуҳини қутлуғлашмоқда.
-Бу галги “Гул байрами”га  ҳозирлик аввал бошданоқ ўзгача тус олди, -дейди Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари  Саидаҳмад Султонов. –Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан  бир гуруҳ вакиллар  Жанубий Кореяга ҳам бориб келдик. Ўзаро тажрибалар ўртоқлашилди.  57- “Гул байрами” тадбирларига қўшни вилоятлар гулчи-боғбонлари қатори меҳмонлар сафини кенгайтириб, Озарбайжондан, Корея ва Голландиядан ҳам   вакиллар таклиф этганмиз.  Мамлакатимиздаги ўттизга яқин  шаҳардан меҳмонлар келиб, гул сайлида иштирок этишади. Бу жуғрофий қамров  албатта  анъанавий айёмнинг нуфузини яна ҳам оширади.
– 57-“Гул байрами” ҳар йилгидек  август ойида эмас, айни гул мавсуми баҳор ва ёз ўртасида ўтказилаётгани билан ҳам аҳамиятли. Суҳбатга қўшилади Наманган шаҳар ҳокимлигининг”Гул байрами”га тайёргарлик кўриш ва  уни ўтказиш бўйича  ташкилий қўмитаси аъзоси Абдулходи Иминов. -Бу йилги байрамнинг яна бир хусусияти шундаки,  байрам тадбирлари қамровидан  мулкчилик шаклидан қатъий назар бирорта меҳнат ёки ўқув муассасаси четда қолмайди.
Дарҳақиқат,  аксарият  жамоаларда “Гул байрами”да иштирок этиш учун махсус композиция яратиш бўйича танловлар ҳам ўтказилди.
-Педагогик жамоамизда  гулдан бадиий композиция яратиш бўйича  эълон қилинган танловда    академик лицейимизнинг  олий тоифали адабиёт фани ўқитувчиси, Шерали Турғунов тайёрлаган  лойиҳа ғолиб топилди, -дейди НамДУ қошидаги 2-академик лицейнинг инглиз тили ўқитувчиси Музаффар Отабоев. – Бобур боғининг шундоққина кираверишига атлас қанот капалак шаклида гуллар  ўтқазиб, парваришланмоқда..
Нақшинкор панжарали араванинг  ғилдираклари-ю нишабёғочигача гуллар чамани қоплаб ётибди. Кўзалардан оқаётган турфа гуллар чамани иқтисодиётимиздаги  тараққиёт бардавомлигига ишорадек.
Чаппар урган анвойи гул-чечаклардан яратилган манзараларда  мусиқий оламга доир  созлар, қанотли дўстларимиз бўлган қушлар, ҳаёт манбаи зилол булоқ ва кўллар, қўйингчи, она табиатнинг барча жонзотлари билан уйғунлик мужассам.
Байрам  жойи тайин –боғимиз, гулбоғимиз. Байрам бошланадиган жой эса пок ниятлардан, орзу- умидлардан обод кўнгилларимиз.
Катта йўл ёқасидаги “Матбуот уйи”гулхонасида боғбон  Турсунбой Нурматов гулларга оро бермоқда. Унинг ғайратида Наманган шаҳар ободонлаштириш унитар корхонаси гулкор ишчилари Ўғилхон Тиллаева, Рашида Турғунова, Фотима Тўхтабоеваларнинг  маслаҳатлари, ёрдамлари кўзга ташланади.
-Мен гўзалларнинг эмас, гўзаллик яратувчиларининг мафтуниман, деган экан дунё донишмандларидан бири. Биз ҳам гўзаллик яратувчиси сифатида бир қойил қолддирайлик деяпмиз, – дейди боғбон кўтаринки кайфият билан.
…Туғруқхона йўлагидан ўтиб бораётган йигитнинг қўлида  даста гуллар боғлами.  Демакки, чақалоқ туғилди. Инсон дунёга келди. Энди унинг туғилган кунлари,  боғчага, мактабга бориши, турли муваффақиятлари, тўй тантаналари, умри давомидаги энг қувончли айёмлари гул билан безалади. Воажабки, қабристон  ва хотира хиёбонлари сари бораётганларнинг қўлларида ҳам гулу райҳон боғлами. Гумонликдан ҳақликкача одам боласининг шаъни гул билан пойидор. Демак, гул Яратмишнинг яралмишга атаган мўъжизаларидан бири. Меҳр  рамзи, муҳаббат рамзи, рамзи шодлик, ободлик,  камолот ва орзу умидлар рамзи. Айтаверсак тугамайди гулларнинг хислатлари, “Гул байрами”нинг ҳикматлари.
Ўзбекистон Халқ шоири Ҳабиб Саъдулла ёзганидек:
Меҳрин қориштириб пок ҳавосига,
Чиройига чирой қўшар Намангон.
Кўзгудир халқининг муддаосига,
Катта тўйхонага ўхшар Намонгон.
Қатиқ-қаймоғини, нони, гулини,
Меваси, шеърини қилиб дастурхон.
Шаҳрим кўкси узра қўйиб қўлини,
Тонгни қаршилайди, кутади меҳмон!
Носиржан ДЕҲҚОНОВ
http://namnews.uz
"1" Comment
  1. Сайёрхужа угли

    Наманганни аввало фохишалардан тозаланса. …ишонмаганлар келиб бир хафта …ун кун яшаб куринглар…Таласапед филмидагига ухшаш…олдини беркитиб..кетини очишни нима кераги бор???? Майли гул байрам булсин. …лекин аввало дил байрами..дил..калб тозалиги хакида хам фикрлаш вакти етди..хоссатан наманганни давлатобод туманида фохишаларни тутиб тугатиб булмай колди…

Leave a Reply
*