Menu
Categories
Исмат Хушев: Ёзувчини ёзгани учун қўлини кесдилар
06/04/2017 Демократия сабоқлари
Яхши-суъратимИсмат Хушев
Ёзувчини ёзгани учун қўлини кесдилар
(Ёки Тошкентдаги бир шармандали суд ҳақида)
Журналист шарҳи
 
1. Муқаддима…
Ғаффор Ҳотамовнинг бугунги мавзуимизга оид асаридан парча:
“Мен бу китобни ёзганда Одил Ёқубов ҳали саксонга кирмаган эди. У қўлёзмани ўқиб чиққач, телефон қилди. Бордим. Кайфияти баланд.
– Менинг фикримни билмоқчимисиз? – деди у мийиғида жилмайиб, сўнг одатича мутойиба қилди. – Ҳаммаси ўринли, фақат бир фикр бор, назаримда, кенгайтириб, чуқурлаштириш керак!
Одил Ёқубов 2009 йил қишда узилди.
Омон Мухтор: “Одил аканинг ўрнини ҳеч ким ҳеч нима билан боса олмайди!” – дейди. Бор гап – бу!
У оламдан ўтгач, токи дафн маросимигача эзиб ёмғир ёғди. Бир кечаю бир кундуз. Ҳаво жуда тунд эди, худди борлиқнинг юраги узилиб тушгандай. Аммо маросим пайти бир томчи сачрагани йўқ. Одам дарёдек оқиб келаяпти, ҳеч охири кўринмайди. Мен эсимни танигандан буён бирон-бир жанозага шунча тумонат йиғилганини кўрган-билган эмасман. Кўча тирбанд. Юриб бўлмайди. Халойиқ тобутни қўлма-қўл узатиб катта йўлга чиқарди…
Жанозадан сўнг яна тобут мозор бошига қўлма-қўл оқиб борди.
Буни унинг дўстлари ҳам, душманлари ҳам ўз кўзи билан кўрди.
Қабристондан қайтиб келгач, яна фалак челаклаб қуйди. Уч кун ёмғир тинган эмас…
Шундай оқиб ўтди азим бир дарё…”
 
Менинг назаримда ёзувчи Ғаффор Ҳотамов устози Одил Ёқубовнинг: “Ҳаммаси ўринли, фақат бир фикр бор, назаримда, кенгайтириб, чуқурлаштириш керак!” деган бир оғиз маслаҳатига амал қилиб шунча балога қолгандек гўё.
Раҳматли Одил ака  бу “кенгайтириб, чуқурлаштириш” шогирди бошига не-не бало қазоларни солишини  билгандир эҳтимол.
Лекин барибир шу нарсаларни ёзиш керак деган фикрга келган.
Хўш, унинг садоқатли шогирди устози ўғитига амал қилиб, асарини “кенгайтириб, чуқурлаштир”ган ва алал оқибат балога қолган экан, нега энди биз – ўзимизни адолат ва диёнат пешволари деб кўкрак керадиган ижодкор зиёлилар бугун унинг ёлғиз ўзини адабиёт ва жамиятдаги бир гуруҳ оч бўриларга ем бўлишини томошо қилиб жим ўтиришимиз керак?
 
 
2. 2012 йил Ўзбекистонда энг кўп шов шув бўлган асар!
Ғаффор Ҳотамовнинг “Тақдир ажойиботлари” китоби ўтган йили интернетсиз ҳам жуда тез суратлар билан одамлар орасига тарқалиб улгурган эди.
У ерда фош этилган кишилар биров билан кўришиб қолса, “ишқилиб бу одам ўқимаганмикан” деб юрак ҳовучлаб юрдилар. Ҳолбуки – у ўқиган!
Яхшиси, бундай асарларни кўрмасликка олгандан кўра, уларни чоп этиб, муҳокама қилиш –  ростини ростга, ёлғонини ёлғонга ажратиш керак деган андиша билан биз уни биринчилардан бўлиб “Дунё ўзбеклари”да эълон қила бошладик.
Тўғри, асарда бизга қадрдон бўлган сиймолар, дўст ва биродарлар, танишларнинг анчаси танқид қилинган. Начора, асарни ўқиб, бошимизни тупроққа тиқмаймиз-ку!
Рассомни чизган расми учун, мусиқачини басталаган куйи учун жазолаш мумкинми?  Нега энди ёзувчинининг ёзган асари учун қўлини кесиш керак?
Тўғри, асарда Ғаффор Хотамовнинг бир талай баҳсталаб фикр ва хулосалари ҳам бор.
Масалан у Шукур Холмирзаевни бир тийинга қиммат ёзувчи эди ейди. Ундан бугун адабиётда нима қолди деб ўзича адолатсиз хулосалар яратади.
Истеъдодли ёзувчи Набижон Боқий ҳақида мантиқсиз ва тутириқсиз гап сўзларни баён этади. Биз Набижонни ва унинг ижодини яқиндан билганлар бу гаплар мутлақо ёлғон эканини уни ўқигандаёқ англаб етганмиз.
Лекин бунинг учун Ҳаффор Ҳотамовни ҳақорат қилиб, унга лаънат ва маломат ёғдирмадик. Буни китобда танқид қилинган Президентнинг Давлат маслаҳатчиси каби Прокуратура ва Ички Ишлар вазирлиги орқали ҳал қилишга интилмадик.
Ўз муносабатимизни ётиғи билан, ахлоқ одоб доирасида худди у каби – матбуот орқали баён этишга қарор қилдик.
Ғаффор Ҳотамовнинг китобида биз мутлақо қўшилмайдиган яна бир
ҳолат – бу Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги баҳсталаб қарашлар!
Назаримда муаллиф ўзбек мухолифати лидерини ёмон отлиқ қилиб асарининг яшовчанлигини таъминлашга, унга сиёсий ва расмий тус беришга ҳаракат қилган.
Ва шу йўл билан унинг таъқиб ва тазйиқсиз эл орасида тарқалиши учун ҳукумат қўлидаги “светофор”нинг яшил чироғини ёқишни ўз
олдига мақсад қилиб қўйгандек гўё….
Солиҳ набираси Осиё билан
 Суратда: Муҳаммад Солиҳ набираси Осиё билан, 2012 йил, Туркияда.
Майли, Ҳотамовни ҳам тушунишга ҳаракат қилайлик.
Бизда бугун ўз илмий ишини Президент китобларидан олинган цитаталарсиз ёқлаб бўлмаганидай, баҳсли асарларини ҳам давлат раҳбарига мухолиф бўлган 1 – рақамли “террорчи”ни боплаб танқид қилсагина ёруғлик юзини кўришига ишонадиган муаллифлар борлиги учун уларни қораламайлик.
Уларни тушунишга ҳаракат қилайлик.
Ёзувчиларга ҳам қийин. Сиёсат нозик нарса. Замонга қараб яшаш ва ижод қилиш керак!
Лекин бировнинг номини у давлат раҳбарига мухолиф бўлгани учун қоралаш, уни ноҳақ ёмонлаш эвазига ўз асарининг яшовчанлигини таъминлаш бу ёзувчига обрў келтирмаслигини ким-ким, лекин Ғаффор Хотамов яхши билиши керак эди.
Мен масалан Ислом Каримовга, унинг сиёсий фаолиятига хайрихоҳ журналистман. Ёзган китобларимда ҳам буни очиқ ойдин эътироф этиб келаяпман. Негадир буни ҳамма тўғри тушунади ва табиий деб қабул қилади.
Лекин Муҳаммад Солиҳ ўзини Ўзбекистон Президентига мухолиф деб билса, нега буни нотўғри тушунишимиз ва уни ёзган асарларимизда албатта ер билан яксон қилишимиз керак?
Агар биз ўзимизни мустақил ва демократик мамлакатнинг эркин ва ҳур фикрловчи, маданиятли одами деб билсак, ўзимизга мухолиф фикрли кишиларни ҳам ҳурмат қилишимиз, уларнинг ҳам фикрларига қулоқ тутишимиз керак эмасми?
Майли, мавзудан узоқлашмайлик.
Биз бугун мухолифат ҳақида эмас, балки ёзувчини ёзган асари учун жазолашларига қаршилигимиз ҳақида гаплашаётган эдик…
Ғаффор Хотам3.  Мен Ғаффор Ҳотамовни дастлаб ёқтирмасдим…
…Ёзувчи Назир Сафаров даставвал Одил Ёқубовни унчалик хуш кўрмаган экан. Бу маданиятсиз қозоқ ўзбек ёзувчиларининг орасида нима қилиб юрибди деб ғаши келаркан.
“Мен Одилни Туркистон тарафлардан Тошкентга адашиб келиб қолган бурни пучуқ қишлоқи бир бола деб ўйлардим. Биринчи асарини ўқиб, унга эътибор берадиган бўлдим. Иккинчисини ўқиб, ҳурматим ошди. “Улуғбек хазинаси”дан кейин ўзим Одилга биринчи бўлиб салом берадиган бўлдим” деб айтган экан.
Назир Сафаровнинг бу эътирофларини Одил аканинг “Улуғбек хазинаси” романи муҳокамасида иштирок этган ёзувчилардан эшитган эдим.
Мен – Назир Сафаров,  Ғаффор – Одил Ёқубов эмасмиз!
Лекин адолат ҳаққи ҳурмати ростини айтишим керак – мен ҳам Ғаффор Хотамовни олдин унчалик хуш кўрмасдим. Айниқса Девонда ишлаганида уни жуда ёмон кўрардим. Ҳеч кимни менсимайдиган, олифта ва такаббур бир одам эди.
Назаримда у ҳам менга нисбатан ҳеч қачон эҳтиром туймаган бўлиши мумкин.
Унинг Абдулла ака ҳақида ёзган “Орипов ҳодисаси” дан сўнг унга эътибор қиладиган бўлдим.
Одил Ёқубов ҳақидаги асаридан сўнг унга ҳурматим ошди.
Ва ниҳоят “Тошкентда шов-шув бўлган” асарини ўқиб, унинг ўзбек адабиёти ва ҳаётидаги ноҳақлик ва лўттибозликларга муросасиз, иймон ва эътиқодли, ўз фикр ва қарашига эга бўлган, принципиал ёзувчи сифатида  танидим.
4. Адолатга жаҳолат билан жавоб бермаслик керак!
“Дунё ўзбеклари”да ёзувчи Ғаффор Хотамовнинг “Тошкентда шов шув бўлаётган асари” ёки “Тақдир ажойиботлари” эълон қилинганидан бўён таҳририятга келаётган раҳмат ва маломатларнинг кети узилмай туриб, муаллифнинг ногаҳонда судланганини эшитиб ажиб ҳайрат ва ҳасратларга ошно бўлганимни бугун очиқ-ойдин айтишим керак.
Бу содда ва самимий ҳайратимнинг боиси шуки, мен ёзувчининг ёзган асари учун  судланишига ишонмаган эдим.
Сталин даври қатағонларидан фарқли ўлароқ биз озод ва Мустақил давлатда яшаётганимиз боис ҳам мен  бундай фожеа рўй беришига ростдан ҳам ишонмагандим.
Ҳасратимнинг сабаби ҳам айнан шу шармандали суднинг бугунги дориломон кунларда содир бўлгани билан боғлиқ…
Ўзбекистонга боришимга имкон туғилганидаёқ  бу масала билан жиддий шуғулланишни ният қилиб қўйган эдим.
Мен бугун Тошкентнинг қайси идораси-ю,  қайси мулозимларига учраганимни ошкор қилиб, уларнинг менга билдирган ишончларига путур етказишни истамайман. Зотан, бунга ҳожат ҳам йўқ.
Мен ўз суриштирувларим натижасида кўнглимда пайдо бўлган фикр ва мулоҳазалар, қарор ва хулосалар ҳақидаги фикрларимни мўҳтарам ўқувчилар билан ўртоқлашиш ниятидаман, холос.
1937 йилдан фарқли ўлароқ 2013 йилнинг 27 январида Тошкент шаҳар суди чиқарган Ҳукмга баҳо бериш эса Сизга тан, Сизнинг измингизда.
Демак, бошладик.
Мақола бошидаёқ айтишимиз керак: Ғаффор Хотамов китобида ёзган гап сўзларнинг ҳаётда ростдан ҳам содир бўлганига ёки бошқача айтганда уларнинг мутлақ ҳақиқат эканига кафолат бериш фикридан йироқмиз.
Китобда келтирилган баҳсли фикрларнинг ҳаммасига ҳам қўшилиб бўлмайди, албатта.
Энди, бировларнинг оиласи ва маънавий қиёфаси ҳақида айтилган муаллиф фикрларига келсак. Бу – ёзувчининг виждонига ҳавола!
Гапни айлантирмай ростини айтиш керак:  Бировнинг шахсий ҳаётига аралашиб, уни ёмонотлиқ қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бундай шантаж усул муаллифга ҳам,  адабиётга ҳам обрў келтирмайди!
я Қўчқор НорқобилШу маънода Қўчқор Норқобил (суратда) ни тушуниш керак.
Мен Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмондаги боғига бориб у билан кўришгандаёқ Қўчқор мендан қаттиқ хафалигини, бу асарни эълон қилиб мен уни ва оиласини ноҳақ бадном  қилишда бевосита иштирок этганимни яшириб ўтирмади.
Мен ундан ва оиласидан қайта ва қайта узр сўрарканман, асарни эълон қила бошлаганимда бундай гап сўзлардан аввалига хабарим бўлмаганини айтиб, ўзимни оқлашга уриндим.
Ёдингизда қолсин: оқлашга уриндим…
Энди бевосита маҳкама жараёнига қайтсак.
5. Шармандали маҳкама…
Ғаффор Хотамовни айнан Қўчқор Норқобил судга берган. Оиласи шаънини ҳимоя қилиш учун.
Лекин судда Ғаффор Хотамовга Қўчқор Норқобилни икки вилоят ҳокимидан пора олганликда тўҳмат қилгани учун айб эълон қилинган.
Қашқадарё ва Наманган вилоятининг собиқ ҳокимлари Озод Пармонов ва Тўлқин Жабборовлар судда иштирок этиб, ҳеч қачон Қўчқор Норқобил деган мухбирга ҳеч қандай пора бермаганмиз деб туриб олишган.
Бу билан улар биринчи навбатда ўзларини, кейин Қўчқорни ҳам мажбуран ҳимоя қилишган.
“Азага борган одам ўз дардини айтиб йиғлайди” деганларидай, собиқ ҳокимларнинг судда иштирок этишидан асосий мақсад – Президент олдида ўзларини оқлаш бўлса, Қўчқор Норқобилнинг асосий вазифаси – оиласи шаънини эл юрт олдида ҳимоя қилиб чиқиш эди.
Ҳар икки томонни ҳам тушуниш мумкин.
Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор.
Собиқ ҳокимлар нега айнан Президент олдида ўзларини ҳимоя қилишлари керак эди?
Чунки уларни шунга ишонтиришган. Президентнинг бу китобдан ва унда ёзилган гап сўзлардан хабари бор, Сизлар судга бориб шу нарса нотўғри эканлигини исбот қилишларингиз керак дейишган.
Ким ва нима учун айтган?
Бу саволга жавоб топиш учун эса, китобда номи тилга олинган яна бир салбий қаҳрамоннинг таржимаи ҳоли ва бугун эгаллаб турган лавозимига эътибор қаратиш керак бўлади.
6.  Президентнинг Давлат Маслаҳатчиси…
 хайриддин  
 Мен ўн саккиз йилдан бўён Ўзбекистон Президентининг маънавият,  адабиёт ва матбуот бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келаётган Хайриддин Султонов (суратда) ни назарда тутяпман.
Хайриддин ҳушёр ва ақлли йигит. Истеъдодли ёзувчи. У албатта бу нозик ишни ўзи уюштирмаган. Бошқаларни – қўл остидагиларни ишга солган. Хизмат вазифасидан унумли фойдаланган…
Нега энди шунча ёзилган асарлар ва уларнинг муаллифлари судга тортилмади-ю, айнан шу асар ва унинг муаллифи Ғаффор Хотамов судланди.
Наҳотки биргина Давлат маслаҳатчисини танқид қилгани учун Хотамов судланган бўлса?
Шу қадар қудратли эдими Хайриддин Султонов?
 
я азад7. Бош прокурорининг биринчи ўринбосари…
Йўқ, Ғаффор Хотамовнинг айби шуки, у биргина Давлат маслаҳатчисини эмас, балки асар эълон қилинганида Ўзбекистон Бош прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаётган Алишер Шарофиддинов (суратда) ни ҳам билиб ё билмай “туртиб” ўтган.
Янаям аниқроқ  айтадиган бўлсак, унинг раҳматли отаси Озод акани университетда дарс бериб юрган йигитлик пайтлари хотин қизларга “ўта меҳрибон” бўлганликда айблаган…
Эй, содда Ғаффор-ей. Нима қилардинг ўтиб кетган воқеаларни эслаб. Қайси келишган ва навқирон адабиёт муаллими ишқий ва шеърий маърўзалари билан хаёллари паришон бўлиб юрган талаба қизларни ўзига маҳлиё қилолмайди?  Боз устига ўзига бино қўйган, ёш ва истеъодли олим бўлса. Шунга ҳам ота гўри қозихонами?
Ўзбекистон Бош прокурорининг биринчи муовини ҳам содда ва анойи одам экан. Отам энди бу дунёдан ёшини яшаб, ошини ошаб, ўйнаб кулиб, Қаҳрамон бўлиб, ўтиб кетган   бўлса. Ёзса ёзибди-да, деб қўйса бўларди.
Йўқ, у бундай қилишни ўзига, оиласи ва қолаверса отаси шаънига ҳақорат деб билган. Ҳолбуки, отасининг аёлларга  нисбатан серсевги инсон бўлганини ўзи ҳам яхши биларди…
 
 8. Бузуқчилик ва енгилтакликни адабиётга олиб кирганлар…
Мен Тошкент университетида – филология фанлари доктори, профессор
Озод Шарофиддинов қўлида таҳсил олган баъзи собиқ талабалар, бугун ўзлари ҳам эллик ва олтмишлардан ошиб қолган ҳамкасбларим, олим ва ижодкорлар билан суҳбатлашдим.
– Ғаффор Хотамов китобида ҳалиям ҳамма гапни айтмаган. Олтмишинчи ва етмишинчи йилларда филология факультетида Лазиз Қаюмов ва Озод Шарофиддиновдай маънан бузуқ ва аёлпараст олимлар бўлмаган. Зачёт ва имтиҳонларни очиқ ойдин тўшакка олиб бориб тақашарди. Ўша даврда ўқиган хотин-қизларнинг ҳаммаси билади буни, – дейишди улар бир овоздан.
  
Сўнг бу гап сўзларнинг нечоғлиқ рост ё ёлғонлигини билиш учун Озод Шарофиддинов ва Лазиз Қаюмовлардан сабоқ олган танишларим билан суҳбатлашиб, уларни саволга тутдим.
 лазиз каюмов
Суратда:  Ёш ва навқирон университет профессорлари – Озод Шарафиддинов (чапдан биринчи) ва Лазиз Қаюмов (ўнгдан биринчи)
Аёлпараст олимлар ҳақидаги гап сўзлар рост эди. Уларни менинг янги суҳбатдошларим чунонам янги ва ғаройиб тафсилотлар билан бойитдиларки, мен рости ўзим эркак бўла туриб, бу гап сўзларни тинглаб, уялиб кетдим…
Хайриддин Султонов ҳам университетда ўқиган, айни домлалардан сабоқ олган бўлиши мумкин. Ҳамма гапни эшитган, билган.
Лекин Ғаффор Хотамов китобида ўзини танқид қилгани учун Озод Шарофиддиновнинг прокурор ўғли билан бир бўлиб шаккок ва бўйсунмас адибдан ўч олишни режалаган.
Ҳозирча унинг бу пинҳоний режаси амалга ошди. Адиб жазоланди. Ўғли қамалди. (Унинг  Оҳангарон ипотека бўлимида бошқарувчи бўлиб ишлаб келаётган ўғли Улуғбек Хотамов  отасининг маҳкама жараёнидан бир ой ўтиб яқинда ҳибсга олинди). Лекин ҳозирча.
Эрта ё индин бу маҳкама жараёни Президенга етса, уни нималар кутиши ҳали номаълум. Чунки Ислом Каримов бу гап сўзлардан мутлақо бехабарлигини у яхши билади.
Ғаффор Хотамовнинг маҳкама жараёни эса Президентга албатта етади. Аниқроғи баъзи ҳушёр ва инсофли идоралар томонидан етказилади. Бунга фақат бир оз вақт керак, холос…
Ҳозирча бу судлов ишларининг бошида турган, унга фатво берган Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари  ишдан четлатилди. Бу “иш”и учун эмас, албатта. Лекин вақти келиб ундан бу “иш”ни ҳам албатта сўрашади.
Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновдан ҳам. Мен бунга ишонаман!
9.  Адабиёт бу – ҳолат, бу – виждон ва юрак аксидир. 
Адабиётнинг сиёсатга алоқаси йўқ дейишади. Бўлмаган гап! Бунинг сиёсатга бевосита алоқадорлигини Ғаффор Хотамов мисолида кўриб турибмиз.
Мабодо сиёсатчилар адабиёт жиловини қўлларида ушлаб туришга интилсалар улар хато қилишади. Адабиёт бу – ҳолат, бу – виждон ва юрак аксидир.
Мен бир пайтлар, ҳали талабалик йилларимдаёқ,  профессор Лазиз Қаюмовнинг “Мередианлардаги учрашувлар” номли яшил китобчасини ўқиб, унга меҳр қўйган ва унинг миннатдор мухлисига айланиб қолган эдим.
Ва шу меҳр билан кўр бўлиб ўттиз йил яшабман. Ғаффор Ҳотамовнинг китобини ўқибгина унинг худбин ва жоҳиллигини, не-не адолатли ва диёнатли журналистлар умрига зомин бўлган жаллод бир муҳаррир бўлганини англаб етдим…
Нега энди биз бировнинг муттаҳам ва имонсиз зот эканини у ҳали барҳаётлигидаёқ айтолмай ё ёзолмай яшашимиз лозим? Нега бу гапларни журъат қилиб айтган ва ёзган одамнинг тилини ё қўлини кесишимиз керак?
Алишернинг раҳматли отаси Озод Шарофиддинов яхши олим эди. Адолатли одам эди. Лекин аёллар масаласида ўта енгилтак ва бесуяк эди.
Ғаффор Хотамов унинг  бузуқчилигини тўғри ёзган.
Марказий нашрларнинг бирида узоқ йиллар меҳнат қилиб, бугун пенсия ёшига етган адабиётчи опаларимиздан бири шундай дейди: “Озод ака ва Саид Аҳмадлар, Лазиз Қаюмовлар ростдан ҳам расво одам бўлган. Озод ака ва Лазиз Пўлатовичнинг домла бўлганидаги бузуқчилигининг чеки йўқ эди. Айниқса Саид Аҳмаднинг Ёзувчилар союзида консултант бўлган пайтлардаги воқеаларни эсласангиз, шармандали ва жанжалли ҳоллар кўп бўлган. Буни ёши улуғ оқсоқол ёзувчилар яхши билишади…”
Лазиз Қаюмов университетнинг филология факультетида декан бўлган. Ўша пайтларда   Совет адабиётининг домлалар учун “нагрузка”си кўп эди. Дарсга улар баъзан кайф бўлиб келишарди. Ўша пайтда Озод ака филологияда домла эди. Уларнинг хотин қизлар масаласидаги дадил ва эркин ҳатти ҳаракатлари университет бўйлаб донг таратган эди. Лекин ҳеч ким уларнинг мушугини “пишт” дейишга журъат этолмасди.
“Совет Ўзбекистони” ва Тошкент оқшоми” газеталарининг ўша пайтдаги Бош муҳаррири Шароф Убайдуллаев қизиқ бир воқеани ҳикоя қилиб берди.
У кишининг ҳикоя қилишича Саид Аҳмад ўзига мурожаат қилган  ижодкор хотин қизларни ёзувчи қиламан деб қўлидан ушлаб редакцияма реадакция олиб юраркан. Улар худди қочиб қоладигандай қўлидан маҳкам ушлаб оларкан. Ёзган тутуриқсиз битта яримта нарсасини ўзи таҳрир қилиб, газетада чиқишини илтимос қиларкан.
Унинг ҳурматини қилиб, муҳаррирлар ноилож чоп этишга рози бўларкан. Рози бўлган заҳоти гонорарини ҳам сўраб оларкан-да, ўша “бўлажак ёзувчи” хоним билан бирорта ресторанга бориб то тонггача базми жамшид қилиб ўтираркан…
Ўша пайтларда битта ҳикоя ёки туркум шеърларга камида 100 сўм қалам ҳақи (гонорар) бериларкан.100 сўм пул билан ўша пайтларда бир неча ҳафта шоҳона яшаш мумкин эди…
Раҳматли Абдулла Қаҳҳорнинг қора холли рафиқаси Кибриё опанинг ҳам расво аёл бўлгани бор гап. Буни ўша даврда яшаган уларнинг бугунги барҳаёт замондошлари худди кечагидай аниқ ва тиниқ эслашаркан…
Китобга кирмай қолган “серсевги ва аёлпараст” ёзувчилардан яна бири Ҳамид Ғулом эди. Бу мўҳтарам зотнинг “Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти” директори бўлган пайтдаги ишқий саргузаштлари адабиётчилар орасида то ҳануз достон бўлиб юрибди.
Ғаффор Хотамов бу асаридаги кўп факт ва мисолларни Одил акадан олган, шекилли. Чунки Одил ака бу гап сўзлардан вақтида яхши хабардор бўлган. Ғаффор Хотамовга бу ҳақдаги маълумот ва шикоятларни Одил ака қолдирган бўлиши керак…
Ёзувчи одам адолатга дуч келиб қолса, шу нарсани кўзини чирт юмиб чиқазиб юборган.
Адабиёт майдони – муқаддас даргоҳ! Ижодкорлар эҳтиросли “ишқ  ва муҳаббат” мавзуидаги каромат ва фантазияларини ўз асарларида истаганча тарғиб қилишлари мумкин. Бу кўпроқ уларнинг ҳаётий тажрибаси ва ижодий маҳоратларига боғлиқ. Лекин адабиёт даргоҳи ҳамиша тоза ва пок бўлиши керак!
Шу маънода биз битта яримта адолатни айтадиган одамнинг овозини бўғмаслигимиз лозим. Ўттиз еттинчи ва эллик учинчи йилларга қайтмаслигимиз керак.
“Озод домланинг ўгитлари” номли китобда бу ҳолатлар Ғаффор Хотамовга қадар ҳам очиқ ойдин ва батафсил ёритилган. Нега энди у китоб қолиб, Хотамов ёзган гап сўзлар маҳкамага берилди?
Чунки у китобда танқид қилинганлар, уларнинг яқинлари ҳали Президентнинг давлат маслаҳатчиси ёки Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари эмас эди…
Хайриддин балки яхши инсондир, лекин у занглади, бир гуруҳ сиёсий лўттибозлар гардобига тушиб қолди.
Бугун Ўзбекистонда ижодкорларга бўлаётган ноҳақлик ва истебдод ҳақида адабиёт намоёндалари оғзига талқон солиб турибди. Айнан Хайриддин туфайли…
Йўқса, Ғаффорни ҳимоя қиладиган одамлар кўп…
Адабиётни бузуқчиликка айлантирган эди Озод ака билан Саид Аҳмадлар. Буларни Ғаффор тўғри қилган ёзиб…
Кибриё опанинг фаришталигини кўрсатадиганлар бор бўлса марҳамат, ёзишсин, ўқийлик.
10. Ўзбек маънавиятининг байроқдори…
 
хосият рустамШоира Хосият Рустамова Ғаффор Хотамовнинг асари Тошкентда қўлма қўл ўқилиб, шов-шув бўлиб кетганидан кейин кутилмаганда Ўзбекистон телевидениясига маънавий ўрнак эканлигини кўрсатиш учун марказий фигурага айланиб қолди.
Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, Хайриддин Султонов мансаб ваколатини суистемол қилиб Хосиятни атай телевизорга олиб чиқди. Маънавият бўйича бутун мамлакатга ўрнак қилиб кўрсатиш учун.
Ана холос, Ғаффор Хотамовнинг китобида “ноҳақ айбланган, маънан ҳақорат қилинган” шоира давлат маслаҳатчисининг истаги билан Ўзбекистон телевидениясининг маънавият марказига айланди!
Ҳатто бир кўрсатувда улар телевидениядан оилавий чиқиш қилишди. “Инсон ва Қонун” газетасининг Бош муҳаррири ва унинг “ноҳақ жабрланган”, латофатли рафиқаси…
Кўринг, ҳавас қилинг, Ғаффор бекорларни гапирибди, бизлар қандай бахтли ва саодатли, садоқатли оиламиз деган маънода…
Менинг бунга эътирозим йўқ. Лекин дунёда жуда ажиб ҳақиқатлар бор. Соғ одамни кал десангиз унинг парвойига ҳам келмайди. Лекин кални кал деб кўринг-чи, унинг важоҳати бутун оламни тутиб кетганини кўрасиз…
Бунинг тепасида энг аввало палончи ва унинг қўли билан ёзувчини бўғизлаш ҳамда судга таъсир ўтказиш мақсадлари ётган бўлмаса Ўзбекистон телевидениясининг Қўчқор ва унинг “шов-шув”ли хотинидан бошқа муаммоси йўқмиди?
Бу билан Хайриддинлар яна ўзининг ожизлигини, ким эканлигини кўрсатиб қўйишди!
Улар ўзбек халқини шу қадар содда ва гўл деб ўйлашган бўлса хато қилишади. Бугун одамлар ҳамма нарсани билишади. Фақат гапиришга, “нега бизни лақиллатаяпсан?” деб сўрашга, савол беришга андиша қилишади, холос…
Янаям аниқроқ ва очиқроқ айтадиган бўлсак, халқни кейинги йигирма йилда қўрқитиб қўйди Хайриддинлар…
Мана энди нима учун Ғаффор Ҳотамов ўз асарида Хайриддин Султонов ҳақида мана бу гапларни ёзишга мажбур бўлганини тушуниш мумкиндир:
“Зоти паст “ўйинчи”нинг найрангини, хусусан, малъуннинг илми-амалини, ҳаттоки ўзини, гарчи у нуфузли лавозимда, бошимга чиқиб ўтирган бўлса ҳам, мен Хайриддин Султоновни айтаяпман, бутун қавми билан қўшиб бир пулга олмайман! Нимага десангиз, жонимдан ўтказиб юборган. Ва бу маразнинг касофати билан уйи куйиб кетган жоначир қанча! Шу боис, дийдам тош қотган, ҳаромидан жирканаман! Лекин, бир азиз инсон, у туфайли озор чеккан бир оқкўнгил дўст ҳақида гап очилса, юрагим эзилиб, муз қотган дийдам кўз ёш бўлиб оқади”
 
Одам жонидан ўтиб кетсагина шундай очиқ ва аччиқ иқрорга келиши мумкин…
Ана энди тушунгандирсиз Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси нима учун Ғаффор Ҳотамовдан ўч олишга бел боғлаганини…
 
11. Раҳбарлик истеъдодининг муддати…
 
Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида адабиётга кириб келган бир гуруҳ истеъдодли ёзувчиларнинг энг ёши Хайриддин Султонов (пастдаги суратда) эди. “Оқланмаган ишонч қиссаси” да биз уларни ўзбек адабиётига самимиятни олиб кирган авлод деб баҳолаган эдик.
Кейинчалик, Ислом Каримов ҳокимиятга келганидан сўнг бу авлоднинг аксар қисми давлат ва ҳукумат тизимларига ишга ўтди, амалдор бўлди, халқдан бир қадар узоқлашди.
Хайриддин Султонов (ўнгда)
Суратда: Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов (ўнгдан биринчи) давлатимиз раҳбари Ислом Каримов билан Абдулла Орипов юбилейида…
Бугун яхшилиб ўйлаб қарасак, улар адабиётга нафақат самимиятни, шу билан бирга   олифталик ва шаккокликни ҳам, худбинлик ва нопокликни ҳам олиб кирган эканлар…
Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, мулозимликка қадар улар самимий эдилар ва бу ҳол уларнинг ўша пайтга қадар ёзган асарларида ҳам бўй кўрсатиб турибди.
Уларнинг ҳокимиятга келганидан кейин ёзган асарларига назар ташласангиз, биз юқорида айтган гап сўзлар нечоғлик рост эканига ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилишингиз мумкин…
Ўзининг чуқур билими ва истеъдоди, ижодий изланишлари билан адабиётга чақмоқдай кириб келган Хайриддин Султонов Бобирнинг болалиги ҳақидаги илк асари билан эътиборга тушган эди.
Ҳа, Бобир ҳақидаги биринчи асарни Пиримқул Қодиров эмас, айнан Хайриддин Султонов ёзган!
Уни биринчи бўлиб “Тошкент оқшоми”да Шароф Убайдуллаев эълон қилган.
“Субҳидам соҳилларида” номли бу асар ўша пайтларда Тошкентнинг 2000 йиллигига бағишлаб ўтказилган улкан адабий конкурсда биринчи ўринни олиб, унинг муаллифи Хайриддин Султонов Волга дарёсида пароход билан СССР бўйлаб ўн тўрт кун сайр қилиш ҳуқуқини қўлга киритган эди.
Икки ҳафталик бу путёвканинг 700 сўм туришини ҳисобга олсак, Хайриддин нисбатан ёш бўлишига қарамай, ўз бетакрор истеъдодига яраша муносиб тақдирланганини кўришимиз мумкин.
Кейин орадан йиллар ўтди. Адабий фаолиятини яхши ва самимий асарлари билан СССР бўйлаб Волга бўйларини бепул сайр қилишдан бошлаган Хайриддин Султонов  кейинчалик Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлиб кўтарилиб кетди.
Мана ўн саккиз йилдирки, у энди  Волга дарёсидан фарқли ўлароқ бутун бир Ўзбекистондаги матбуот ва маънавият денгизининг соҳилларини ўта синчковлик ва ҳушёрлик билан қўриқлаб турибди…
Яхши ва истеъдодли ёзувчи учун бу албатта катта ишонч, катта масъулият. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор.
Албатта яхши ёзувчи дегани яхши раҳбар дегани эмас экан. Ҳар қандай яхши раҳбарнинг ҳам РАҲБАРЛИК ИСТЕЪДОДИнинг муддати бўлади.
Бу муддатдан ўтганидан кейин раҳбарлик истеъдодининг ҳам худди темир каби, пўлат каби занглаш даври бошланади.
Олий мақом креслода қарийб йигирма йилдан бери айтгани-айтган, дегани-деган бўлиб гоҳ сокин, гоҳ жўшқин чайқалаётган Хайриддин аллақачон занглаб бўлди.
Унинг ўз гумашталари билан ҳамкасби Ғаффор Ҳотамов масаласида тутган сиёсати   бунинг ёрқин бир мисолидир.
Қолаверса, Хайриддин Султоновдай камтарлиги билан танилган арбобнинг сўнгги йилларда мақтовга қай даражада ўч бўлиб қолганлигни ҳам ўзбек зиёлилари кўриб турибди.
Айрим адабий маддоҳлиги билан танилган Умарали Норматовдай лўттибоз адабиётшунос олимларнинг сўнги йиллардаги асосий ижодий обьекти “Хайриддин Султон прозаси”, “Хайриддин Султон ўлмас бадиияти” бўлиб қолди.
Шунинг ўзиёқ Ўзбекистон Президентига Давлат маслаҳатчиси бўлган бугунги қаҳрамонимизнинг ҳам РАҲБАРЛИК ИСТЕЪДОДИ ниҳоясига етиб қолганидан далолат бериб турибди…
12. Сўнг сўз ўрнида…
 
Менинг бу ёзганларимни ўқиб, кимдир айтиши мумкин: Эй, яхшиликни билмайдиган, нодон йигит. Ғаффор Ҳотамовни жазолашган бўлишса, сенга нима? Юравермайсанми тинчгина ашулангни айтиб.
Ўзинг-ку хорижга юз тутиб, Ватандан мосуво бўлган бахтсиз ва омадсиз бир муҳожир эдинг. Президент кўз ёшинг билан тавба-ю тазарру қилиб ёзган хатларингга, китобларингга раҳм қилиб, Ватанга қайтишингга изн берган бўлса, нима қиласан катталарнинг бу ғалвасига аралашиб…
Йўқ, менинг борим шу. Мен адолат оёқ ости қилинганда жим туролмайман. Бу одатимни Президент ҳам яхши билади.
Йўқса,  мени кечирмаган ва юртимга қайтишимга рухсат бермаган бўларди!
Мен Ислом акани яхши билганим ва у кишига ишонганим учун ҳам бу нарсаларни ёзяпман.
У ўз атрофидаги мулозимларнинг бу каби ножўя ҳатти ҳаракатларидан бехабар бўлгани учун ҳам бугун Ўзбекистонда ана шундай аянчли ҳол юзага келди.
Мен билган Ислом Каримов икки дунёда ҳам Одил Ёқубов ҳақида ўлмас асар ёзган, Президентга, Ватанига ва халқига садоқатли бўлган диёнатли бир ёзувчининг бундай шармандали маҳкамага тортилишига ва жазоланишига йўл қўймаган бўларди.
Ё давлат раҳбарини “бу шакок йигит Девонга, Сизга ва Ўзбекистонга тўҳмат қилди” деб ишонтиришган ёки “Нима тўполон?” деб сўраб қолса, ўзлари тўқиган ёлғон сафсатага Президентни осонгина ишонтирамиз деб ўйлашган.
Мен уларнинг ана шу чиркин ниятлари амалга ошмаслиги учун ҳам бу мақолани ёздим.
Мен – ўзимга, юрагимга ва ҳис туйғуларимга ишонадиган йигитман.
Ғаффор Ҳотамов масаласидаги энг асосий ва одил маҳкама ҳали олдинда.
Бу – адолат ва саодат маҳкамаси бўлади. Мен бунга ишонаман!

 февраль-март, 2013 йил, Тошкент шаҳри.

 

11 шарҳ

  1. Ismat Xushevning maqolasi e`lon qilinganidan keyin Prezident Xayriddin Sultonovni qabul qilmay qo`ygan deyishadi. Agar bu xabar tasdiqlansa demak Ismat Xushevda ham gap ko`p ekan…
    UMUMAN UNING KUTILMAGANDA TOSHKENTGA KELIB KETISHI HAM JUDA SIRLI…

  2. Содик Нурмухаммад

    “Дунё узбеклари” укувчисидан мактуб

    “Дунё узбеклари” нинг Гаффор Хотамов хакдаги маколаари бир ёклама булиб колмаслиги учун мен хам бу сахифанинг бир укувчиси сифатида фикримни билидиришга карор бердим. Гоффар Хотамов факат Норкобил ва Хосиятга эмас, узбек адабиётининг жуда куп кузга куринган намоёндаларига ТУХМАТ килди, булмаган нарсани “булди” деб эълон килди. “Мен асаримни хеч каерда эълон килмадим, унинг узи халкка чикиб кетди”, дейиш яна бир муттахамликдир.
    Сен бермасанг, асаринг уйингдан кочиб кетганмикин? Хотамовнинг ёзганлари оддий гийбат эмас, ТУХМАТдир. Тухматнинг эса жазоси бор, хар кандай давлатда тухматчи жазоланади. Узбекистонда конунлар факат амалдорларни химоя килгани учун Гаффорнинг килмишларига узок вакт куз юмдилар, у ишдан кетиб, эндигина унинг килмишларини текшира бошлашди. Гаффор президент аппаратида ишлаб юрганда диссидентларга карши ТВ да программалар тайёрлаб, лаганбардорлик килди, энди уни диссидентларга тенглаштириш навбатдаги сохтакорликдир.1999 йил 16 феврал Тошкент портлашлари хакидаги сценарий авторининг Г.Хотамов эканлигини одамлар билмайди деб уйлашадими?
    Бу сценарийда М.Солих бу портлашларнинг ташкилотчиси килиб курсатилган, аммо кейин бунинг тухмат эканлигини Зайниддин Аскаров ВВС ва Озодлик радиоларидан бутун дунёга маълум килди. Энди Гаффор Хотамовни М.Солих каби мазлум клиб курсатиш уша портларларда шахид булган одамлар рухига хакорат булмайдими?
    Жаноб Исмат Хушевдан илтимосимиз, бу масалага бирёклама ёндошмасдан, иккинчи тарафнинг хам фикрига урин берсангиз. Аслида, химояга мухтож тухматчи эмас, тухматга колганлар булиши керак.
    Хурмат билан Содик Нурмухаммад

  3. Hasanboy

    Қадрли Исмат ака! Халоллик,жасорат ва шижоат хамиша ҳамрохингиз булсин! Сиз миллатимизнинг фидойи фарзандисиз! Биз ҳали ҳануз маънавий ҳурликка эришганимизча йўқ. Шу йўлдаги хизматларингизни элимиз албатта қадрлайди. Шодравон Шавкат Рахмон “қарсак чалиш учун ишга кирар эдим Узбекистонга” деб ёзганларида ҳакикий ҳур ва озод, ҳалоллик устувор бўлган жамиятни орзу қилган булсалар ажабмас. Шеър ёзишни “шеър тўкиш” ундан-да ёмони шухратпарастлик деб билган, ёзувчилик йўли билан халқнинг “отаси” булишга интилган нопок кимсаларнинг килмишини халқ билиши керак, токим адабиёт майдонига кирган хар бир инсон аввалом бор халолликни, жасорат ва шижоатни ўзига шиор килиб олсин. Ёзган нарсасига аввало ўзлари амал қилсин. Мен “Дунё ўзбеклари”нинг дунёдаги барча ўзбекларнинг минбари булиб қолишини тилайман.

  4. Сиз бу мақолангиз билан ўзбек матбуотидаги ўлик сукунатни буздингиз. Бу мақолани ўқиган минглаб журналистлар ва ижодкорлар қалбида матбуотимизнинг эртанги кунига ишонч, умид уйғонган бўлса ажаб эмас.
    “Дунё ўзбеклари” саҳифасини очмасдан олдин мен билан суҳбатлашганингизда, “Мен ташкил қиладиган бу веб сайт барча сайтлар ичида биринчи бўлиши керак. Бўлмаса мен бу ишга киришмайман” деган эдингиз.
    Ўшанда сизни бу гапларингизга ишонган эдим.
    Адашмаган эканман.
    Омад ёр бўлсин!

  5. Исмат ака, кейинги йигирма йилда бу қадар катта жасорат ва катта юрак билан ёзилган мақолани ўқимаган эдим. Бу қадар шижоат ва руҳий – маънавий кучни қаердан топдингиз? Балки Ватан тупроғи, халқимиз дийдоридан куч олгандирсиз деб ўйладим.
    Ҳақиқатдан Ғаффор Ҳотамнинг Одил Ёқубов , Абдулла Орипов, қолаверса Азим Суюн каби ўзбек ижодкорлари ҳақида маҳорат билан ёзган асарлари жуда катта воқеа бўлди. Бу асарларни бир қисми олдин “Янги Дунё”да эълон қилинган эди. Кейин сизни саҳифангизда чиқди.

  6. Butun o`zbek yozuvchi va choirlari orasida birgina Ismat Xushev olib chiqdi haqiqatni. Bugunga qadar _Gaffor Hotamov yolgiz edi. Ismat Xushev uning tarafida ekan, endi galaba qilishiga men ishonaman. Ismat Xushevda gap ko`p. Bekorga Prezident uni Toshkentga chaqirmagan bo`lsa kerak. Xayriddin Sultonning ham uyi kuyadi endi. Ismatning MXX bilan aloqasi bor deyishadi. Agar rostdan ham shunday bo`lsa bu maqola ham bekorga yozilmagan. XAYRIDDINNI KETGIZISH UCHUN YOZILGAN.

  7. Абу Бакр Асоев

    са, сузларингиздаги самимиятни англаши тайин. Ахир сиз “Дуст ачитиб гапиради!” кабилида гапиргансиз-да! Рахматлик Саид Ахмад домла тирик булганида,”Оббо сенларей!”-дея завк билан мирикиб куларди-да.

  8. Абу Бакр Асоев

    Оббо,Исмат акаей,халиги нима дейди,борку,циркда йирткичларни уйнатадиган,ушанака булиб кетингей!Койил!Хумпарларни шундай “силаб-сийпалаб”сизки,бечоралар бошлари гангиганидан окканд еганиниям,калтак еганиниям билмай колишибди.Маколани укиган киши Хушев Fаффор акани химоя килибди,дея уйлайди.Бирок уша”кули кесик”кахрамонингиз эса калтакнинг энг каттаси уз бошига теккандек хис килмокда узини.Хайридин Султоновнинг калб кузи хам Худо ярлакаган пешанасидан куйирокдаги кузларига ухшаб, шира босмаган бул

  9. Катта рахмат сизга Исмат ака!Хакикатни ёзишдан куркмаслик керак.Узбек халкининг андишаси,давлатни хозирги ахволга олиб келди.Сиздек инсонлар санокли,Хозирги одамларнинг 80 фоизи мансабдорга куллик килиб,худо берган умрни шамолга совуриб юришибди.Сиз юкорида тугри танкид килган одамлар ва шунга ухшаганлар,Президентга хар хил тамгаларни олиб беришаяпди.Маслахатчилар адолатли булишсагина,мамлакат обод,халки фаровон яшайди.Акс холда Ота хам,мен халкни ёруг кунларга олиб чикдим деб утиб кетади,афсус!

  10. Otabek Toshev

    Хотамов ёзган асари кейинги 20 йил ичида адабёт дунёсида бир дахшатли бомба каби портлади.Бу асар бадий жихатдан пишик булгани учун эмас, мамлакатдаги барча ижодкорлар курканидан писиб, огизларига талкон солиб утирган бир вактда керакли пайитда пайдо булди.
    Исмат ака юрагингиз отни калласидик экан, узингиз бошлаб йул очиб, оркангиздан судрамасангиз бу ижодкорларни бошкасидан умид йук.

  11. Ахли Расул Мухаммад

    Мен шундай хулосага келдим: Исматнинг ягона « айби» шуки, у хаётнинг ўзи каби шафќатсиз ростгуй ва самимий хаќпарарастдир. Холбуки, ўзбек журналистикасидаги бу каби улкан ходисани барча хам бирдек англайвермайди…

Leave a Reply
*