Menu
Categories
Малоҳат Эшонқуловадан – МХХ раиси ва Ички Ишлар вазири диққатига…
06/05/2017 Бош мақола

Сурхондарё вилоят ИИБ бошлиғи Жасур Атаев “дилрози”ни вазир эшитса, нима деркин?

Нега суд тиббиёт экспертиза хулосаларида тафовут мавжуд?

Малоҳат Эшонқулованинг журналистик суриштируви…

Бир йигит ўлди. Аниқроғи ўлдирилди…

Сурхондарёлик 33 ёшли тадбиркор Муродилла Омоновнинг (Суд-тиббий экспертиза ҳужжатларида Амонов) 2017 йилнинг 20 январь куни Жарқўрғон туман ИИБ биносидан ўлиги чиқди.

Онаизори Каромат Қодировага кўра “Ўғлини олиб ИИБ кириб кетишгач, 40 дақиқанинг нари-берисида Муродиллани мелисалар уриб ўлдиришган”.

Жарқўрғон туман ИИБ биносига фарзанди ортидан борган Каромат Қодирова, аввалига, ИИБ ходимларидан “Ўғлингизнинг юраги хуруж қилиб қолди, касалхонага олиб кетишди” деган жавобни олди.  Жон ҳолатда касалхонага югурди.

Ўша пайтдаги мудҳиш фожиа хусусида она шундай эслайди: “Касалхона олди милисаларнинг мошинларига, милисаларга тўлиб кетганди. Адашмасам, 100 дан ортиқ милисалар ўраб олганди касалхонани. Аввалига, “Бу ерда бирор бир каттароқ авария бўлганмикан?” деб ўйладим. Нима гаплигига тушунмадим. Касалхонага кириб, ўғлимни сўрасам…. Не қулоқларим билан эшитайки, “Болангиз “морг”да дейишди” дея қон йиғлайди онаизор….

Каромат Қодирова ўғлининг ўлимига “Тадбиркорлик йўлидаги курашларим сабаб бўлди” деган ўйда ҳали ҳануз ўзини кечира олмайди.

“Жарқўрғон туман бозорқуми Абдуллабой Раҳмонов билан туман ҳокими бозор ёнидаги 10 сотх ерингни сот деганида индамайгина сотиб кетсам, бўлмасмиди? Ўшанда ўғлим ўлмай қолмасмиди? Ўғлимнинг ҳаётини 10 сотх ерга алмаштирган қандайин она бўлдим энди мен? Боламсиз қандай яшайман энди мен?!” дея бўзлайди она шўрлик.

Ўғлининг фожиали ўлими билан боғлиқ ҳолатларни Каромат Қодирова мана шундай шарҳлайди: “Пулдор наркобарон Абдуллабойнинг пуллари эвазига нафақат Жарқўрғоннинг, бутун Сурхондарё вилоятининг  ИИБси, МХХси,  прокуратураси сотилиб кетган. Қонун идоралари Абдуллабойнинг имоси билан ёш тадбиркор ўғлимни қўрқитиб қўйиш илинжида атай йўлини пойлашган. Улар ўғлимни тўйга, ресторанга кириб кетганини билишган. Тўйдан ичиб чиқишини ҳам билишган. Тўйдан чиққач, машинаси ортидан боламни изига тушишган, қувишган, ушлаб, ИИБ биносига судраб кетишган. Улар ўғлимни ўлдириб қўямиз деб ўйлашмаган. Шунчаки кўзини қўрқитиб қўйишмоқчи, ўғлим орқали менга босим ўтказмоқчи бўлиб калтаклашган бўлиши керак. Бироқ ИИБ ходимлари жаҳолатга берилиб, ўғлимни бирорта қаттиқ жисим билан заб-ла уриб, ўлдириб қўйишган. Кейин ўз жиноятларини ёпиш мақсадида ўғлимни ўз курткасига осиб қўйишган”. Юқоридагилар, албатта, онаизор Каромат Қодированинг иддаолари.

Бироқ қўлимизда суд-тиббиё экспертизасининг “Марҳум Муродилла Амонов ўзини ўзи осиб ўлдирган” деган мазмундаги бир эмас, иккита хулосаси мавжуд….

Шу ўринда бир гап:  2015 йилнинг 9 апрелига ўтар кечаси Тошкент вилояти, Бекобод шаҳар ИИБтергов изоляторидан 28 яшар Камолиддин Қўзиевнинг ҳам жасади чиққанди.  Россияда ишлаб келганлиги сабабли  Бекобод шаҳар ИИБсига суҳбатга чақиртирилган 28 ёшли йигит ИИБ биносига ўз оёғи билан кириб, бир кун ўтар-ўтмай тобутда жасади чиққанди. Ўшанда ҳам негадир суд тиббиёт экспертизаси “ўзини-ўзи осиб ўлдирган” деган мазмунга яқин хулоса берганди….

ИИБ билан боғлиқ ўлим ҳолатларини кузатаркансан, “ИИБ ходимларининг қийноқлари ортидан жон таслим қилганларга “Ўзини ўзи осиб қўйган” деган хулоса бериш “урф” бўлганмикин?” деган шубҳага ҳам борасан киши….

Бунингдек шубҳа 33 ёшли тадбиркор марҳум Муродилла Омонов онасининг қалбини ҳам кемираётган бўлиши табиий.

Прокуратура ва суд идораларидан ўғлининг ўлими масаласида адолат топа олмаётганлигини айтаётган Каромат Қодирова айни кунларда ҳақиқат тилаб президент Шавкат Мирзиёевнинг қабулига кириш учун умидвор бўлмоқда. Бу истаклари йўлида тадбиркор аёлга бўлаётган босимларга тўхталишдан олдин, келинг,  Жарқўрғон туман ИИБ биносидан жасади чиққан 33 ёшли йигит Муродилла Омоновнинг мурдасини экспертизадан ўтказган Сурхондарё вилоят суд-тиббий экспертиза бюросининг №10 сонли хулосаси билан Соғлиқни сақлаш Вазирлиги қошидаги Суд Тиббиёт  Экспертизаси Бош Бюросининг, яъни Республика  экспертларининг  қайта, комиссион, комплекс экспертизадан ўтказиш  хусусидаги  №11 сон ЭКСПЕРТИЗА хулосаларини қиёсий таққослашга, таҳлил этишга уриниб кўрамиз.

Айтиш мумкинки, Сурхондарё вилоят суд-тиббий экспертлари билан Республика эспретларининг хулосаларида бир қарашда арзимас кўринган, бироқ, экспертиза ишида жиддий, ўта муҳим рол ўйнаши мумкин бўлган айрим номувофиқликлар, жиддий ноаниқликлар борки,  бунингдек баъзи бир тафоввутлар хусусида айтмаслик мумкин эмас:

Мана, масалан, Сурхондарё суд-тиббий экспертизаси марҳумнинг “Жароҳатлари”га тўхталаркан, улар Муродилла Омоновнинги ўнг қоши юқори қисмидаги чок билан тикилган жароҳат ҳажмини 3,5 х1,0 сантиметрли дея  кўрстиб ўтади. Республика экспертлари эса бу жароҳатни 4х0,5 сантиметр деб кўрсатишмоқда.

Яна ҳам шубҳалиси, Сурхондарёлик ўз ишининг усталари қош юқори қисмидаги чок билан тикилган жароҳатни марҳум ўлимидан олдин олган деган тўхтамга келган бўлса, Республика суд-тиббий экспертиза билимдонлари “Қош юқори қисмидаги чок билан тикилган жароҳат марҳумнинг ўлимидан кейин юзага келган”  дея “ташҳез” қўйишмоқда.

 

Биз мазкур хулоса билан муроса қилдик ҳам дейлик. Муродилла Омоновнинг ўнг қош устидаги жароҳат унинг ўлимидан кейин қандай юзага келган бўлиши мумкин? Ўлимдан кейин вужудга келган жароҳатни тикишнинг, чок солишнинг кимга, нима кераги бор эди?

 

Ва яна, Сурхондарёлик экспертлар Омоновнинг қош устидаги жароҳати қандай жисм  таъсирида вужудга келганлигига тўхталмаганлар. Аммо Республика экспертиза хулосасида“Марҳум М.Х. Амоновнинг ўнг қош устида эзилиб йиртилган яра … ўтмас қаттиқ жисм зарбининг… таъсирида олинган” дея кўрсатиб ўтилган.

 

Тўғри, биз суд-тибий экспертиза соҳасида мутахассиз эмасмиз. Бироқ, ҳар иккала экспертеза хулосалари юзасидан кўнглимизда уйғонган ҳақли эътирозларни айтиб ўтишни жоиз деб биламиз:

  • Амоновнинг юз соҳасидаги жароҳатлар, чап қўл кафти ички юзасидаги шилинмалар борлигигава бу жароҳатларнинг келиб чиқиш сабабларига ҳеч бир эксперт холис ва аниқ баҳо бера олмаган ва ё беришни истамаган. Экспертларимиз “Мавҳум”, “Бўлиши мумкин”, “Истисно эмас” деган мавҳум ва ўта мужмал гаплар билан чекланганлар холос;
  • Экспертлар “Марҳумнинг чап тизза соҳасида топилган шилинмалар  ҳам эски, 7-10 кун олдин олинган” деган хулосага келган .

Ана энди, “Воқеа жойини кўздан кечириш баённомаси”га диққатни қаратайлик. Мазкур баённомада вақтинча ушлаб туришга мўлжалланган хонақуйидагича тасвирланган: “…ИИБнинг вақтинча ушлаб туриш хонаси… ўнг томонда жойлашган маъмурий бинога киришда  икки табақали акфадан ясалган эшик орқали кирилганда бино ичкарисининг ўнг томонида туман ИИБ навбатчилик қисми жойлашган бўлиб,  ИИБ навбатчилик қисмига  икки табақали эшик орқали кирилади шунингдек, навбатчилик қисмида кейин бино холда ўнг томонда темир панжарадан ясалган  дераза жойлашган бўлиб, темир панжара дераза орқасидан  икки табақали акфа ойна ўрнатилган бўлиб, деразани нарги томонида навбатчилик қисми дам олиш хонаси мавжуд бўлиб,  ушбу хона орқали ушлаб туриш  хонасида бўлган шахсни кузатиб туришга мўлжалланган…”

Юқоридагилардан маълум бўладики, навбатчилик қисмида ўтирган милиция ходими Муродилла Омоновни кўриб турган. Ана энди шу ўринда савол туғилади: айтингчи, инсон ўз жонига қасд қилди ҳам дейлик, одам ўзини шунчалар тез ва осонликча ўлдириб қўйиши мумкинми? Яна ўзини-ўзи осиш хусусида гап кетганида? Маҳбус вақтинча сақлаш хибсхонасида ўз курткасини енги билан ўзини ўзи бемолол осиб ўлдириши мумкинми, қачонки, темир панжаранинг нарги томонида, 20 қадам нарида навбатчи милиция ходими уни кўриб, кузатиб ўтирган бўлса? Бир куртканинг енги неча метр ўзи?  Бир куртканинг енги бир норғул йигитнинг бўйнидан лоақал бир айлантиришга етармикин? Ажабо? Ҳеч бир мантиққа тўғри келмайдиган сабаб ва оқибатни кўрмайсизми? Ярим метр ҳам келмайдиган куртка енгига девкелбат бир йигитнинг ўзини ўзи осиб ўлдириши мумкин эмас-ку,  бу ишни амалга ошириш  ўта мушкул юмуш-ку, ҳатто буни маҳбуснинг ўзи жуда-жуда истаган тақдирида ҳам!

Қаранг-а, М. Омонов ўзини-ўзи осиш учунқишлик  курткасининг енгини кесиб олармиш? “Воқеа жойини кўздан кечириш баённомаси”га такрор эътибор беринг: “… М. Омонов ўзини осган жой темир эшик бўлиб, воқеа жойидан М. Омоновга тегишли бўлган курткасининг енги (кесилган ҳолатдаги) олинди…”Диққат қилинг: КЕСИЛГАН ҲОЛАТДА  эканлигига урғу берилмоқда. Ўзбек тилида  мазмунан бир-биридан кескин фарқ қилувчи иккита сўз мавжуд: кесиб олмоқ бор, йиртиб олмоқ бор. Юқоридаги “Воқеа жойини кўздан кечириш баённомаси”да куртка енги “йиртиб олинди” дейилмаган, “кесиб олинган”лиги иддао қилинмоқда. Демак, қишлик, қалин куртка енгини куч билан йиртиб олиш мушкулроқ, бу маълум. Қалин куртка енгини йиртиб олиш йигит кишидан етарлича куч талаб қилади.Бу табиий. Ёки енг йиртиб олинганми? Қандай куч билан?  Демак, куртка енги йиртиб олинмаган, кесиб олинган. Ке-сил-ган. Кесилган бўлса, нима билан? Йўқ, айтинг, куртка енги қай бир кесувчи асбоб билан кесиб олинган бўлиши мумкин?Пичоқ биланми? Хўш, кесувчи асбоб, дейлик, пичоқ вақтинча сақлаш хонасидаги фуқарода нима қилиб юрибди? Нега ИИБга келтирилган Муродилла тинтув қилинганида ёнидаги буюмлар, жумладан пичоқ бўлган бўлса, “совуқ қурол” сифатида олиб қўйилмаган? Шу ўринда яна бир ҳақли савол туғилади: модомики, марҳумнинг ёнида кесишга мўлжалланган асбоб, дейлик, пичоқ бўлган экан, нима сабабдан у ўлим учун энг оғир йўлни танлаган? Ўзини ўзи осишга шайланган? Ваҳоланки, қўлида инсон ҳаётига хавф солувчи қурол –  кесишга мўлжалланган асбоб – пичоқ турганида? Уқўлидаги кесишга мўлжалланган асобоб билан ҳам ўз жонига қасд қилиши мумкин эди-ку? Нега Омонов қўлидаги кесувчи қурол билан жонига қасд қилишга эмас, курткасининг енгини кесишга шайланди экан? Хўп, майли, ана энди масалага бошқа бир томонлама ҳам ёндашиб  кўрайлик:Марҳум қишлик курткасини енгини кесиб олгунига қадар панжаранинг утомонида ўтирган милиция ходими жимгина томошабин бўлиб, қараб турганми? Ёхуд Муродулла Омонов ўз курткасига ўзини осиб қўйганини кўрган навбатчилик қисми милиция ходими Муродиллани қутқариш илинжида куртка енгини кесиб ташлаганми? Қизиқ, “қутқарувчи” ИИБ ходими, ўзини ўзи осиб қўйган маҳбусни илк бор кўриб қолган гувоҳ – нега айнан куртканинг енгини кесиб олдийкин? Куртканинг айнан енгидан эмас, шошилиб қолган палласида, “шок”ка тушган ИИБ навбатчилик қисми ходими куртканинг қоқ белидан кесиб олиши ҳам мумкинмиди? Қолаверса, навбатчилик қисмида ўтирган ИИБ ходимида совуқ қурол –  пичоқ шу тиқилинчда қаердан пайдо бўлиб қолди экан?

Шу каби адоғи йўқ саволларга жавоб топиш 33 ёшли ўғлидан ажралиб қолган онага, Каромат Қодировага ниҳоятда мушкуллик қилмоқда.

Шу сабаб ҳам Каромат опанинг кети кўринмайдиган саволларга ички бир сезгиси бераётган жавоби бор: “Милисалар аввалига ўғлимни роса калтаклашган. Ўласи қилиб уришган. Кейин ўзлари билмаган ҳолда чала жон қилиб қўйишган. Кейин ўғлимни ўлди деб ўйлаб, кетларини беркитиш учун  ҳали танасидан жони чиқмаган болам шўрликни осиб қўйишган!”….

Айрилиқ аламида қоврилаётган онанинг гапларига бир нарса дейиш қийин…. Қайдам. Балки халқимиз беҳудага “Бир таёқ бахт, бир таёқ – бадбахт” дейишмагандир, эҳтимол….  Ким билади дейсиз?… Бунисини биз билмаймиз… Биз билган ягона ҳақиқат шуки, Сурхондарё вилоят мутасаддилари Каромат Қодировани қандай бўлмасин президент Шавкат Мирзиёев қабулига кириш ниятидан қайтариш, Қодированинг Тошкнетга боришига халал бериш ҳаракатида.

Биз қўлга киритган, Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси (айни дамда собиқ бўлиб қолган) бошлиғи  Атаев Жасурбек Рустамовичнинг Тошкентга, Мирзиёев қабулига келган Каромат Қодирова билан телефон сўзлашувлари фикримизни исботи:

(аудио ёзув қўйилади)

Нега суд тиббиёт экспертиза хулосаларида тафоввут мавжуд

Ажабо, Сурхондарё вилоят ИИБ бошлиғи  Жасур Атаев “Осамиз, ўлмаса, ўлишларига кўмаклашамиз” дея гуё пашшанинг ҳаёти хусусида гап кетаётгандек ўта бефарқлик билан ҳиссиз сўзламоқда.

Қизик, Каромат Қодированинг президент Шавкат Мирзиёев қабулига киришга уриниши Сурхондарё вилоят мутасаддиларини нега бунчалар қўрқитмоқда?

Айблари борлиги учун тиззалари қалтирамоқдами?

Сурхондарёнинг етти ёшидан етмиш ёшигача бўлган амалдорман деганининг бари бозорқум Абдуллабой Раҳмоновнинг наркобаронлик “таъмини татиб қўйган”микин, шунга тиллари қисиқ бўлиб қолганмикин? А?

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

мустақил журналист, ҳуқуқбон.

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

1 шарҳ

  1. Gulshan Karaeva

    Малохат опа “иштонини резинасига осибди”-дейилганда ишонарли чикармиди?
    Курткани енгларини бир-бирига уласа хам осишни иложи йук.Уни боглаш керак, калин куртка енгини боглаб булмайди.Богланган такдирда хам, уни каергадир илдириш керак.Бунга хам купрок барибир енг керак булади.
    Шу судда опер группадагилар осиш усулини курсатиб беришмасмикан? Агар курсатиб бериша олса, ишонса булади…
    Минг афсуслар булсингки, буни хам курсатиб бериша олмайдилар ,енгларга осишни иложи эса йук менимча…
    Хуллас калавани учини топаман дегунча канча бахор утади

Leave a Reply
*