Menu
Categories
Исмат Хушев: Мирзиёев Судлар устидан оғир ҳукм ўқиди. Нега? (1-қисм)
06/16/2017 Бош мақола
Исмат Хушев: Мирзиёевнинг судьялар билан учрашувдаги нутқини тинглаб…
Мирзиёев Судлар устидан оғир ҳукм ўқиди. Нега?
Судлар нега бундай ҳукмга мубтало бўлди? Наҳот улар Президент айтганидай, Қонун китобини ҳам очиб ўқимай, ҳукм чиқарса?
Ўзбекистон куч ишлатар тизимларининг олтин фонди бўлмиш – кадрлар нега бунча бўш ва заиф? Суд, Прокуратура, СНБ ва ИИВ ходимларининг палаги тозами?
Ўзбекистон судлари ўз “муносиб” баҳосини олди
Бу баҳодан прокуратура ҳам бенасиб қолмади…
Порахўрлик – Прокуратуранинг энг оғир иллати
Халқ билан мулоқот – Президентнинг энг буюк кашфиёти бўлди…
Тўртинчи ҳокимият қачон бўй кўрсатади?
Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи…
1.
Президентнинг судьялар билан бўлган учрашувдаги нутқини тинглаб, раҳматли отам болалигимдан қулоғимга қўйган – адолат ва диёнат бу дунёда ростдан ҳам борлигига, фақат унинг қадди дол, ўзи шол ва беҳол эканига илк бор иймон келтирдим.
Президентнинг чин юракдан куйиниб айтган дил сўзлари, маломат ва далолатга қоришиқ бугунги суд тизими ҳақидаги оғир ва адолатли баҳосини тинглаб, кўзларим ёшга тўлди.
Чорак асрлик ўтган қонунсиз умримизга мотам ва эртанги ҳуқуқий давлат қуришимизга бўлган ёруғ ишонч ва шукроналик ёшлари эди бу…
2.
Худди шудай учрашув шу йил бошида Прокуратура ходимлари билан бўлган ва бу анжуман – байрамга айланиб кетган эди. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, учрашув усталик билан прокуратура ходимларининг касб байрамига атай тўғриланган эди.
2017 йилнинг 14 январь кунги учрашувда Президент прокурорлар фаолиятига юқори баҳо бериб юборди. Ҳатто Бош прокурорни кеча-ю, кундуз – 24 соат ишлайди деб айтди. 24 соат ишлаши мумкин. Халқни ўйлаб ишлаяптими ё бола чақасини? Адолат тарозисини тўғрилаш ва халқни ўйлаш учун ишлаган бўлса, қани эди?
Хуллас, ўша учрашув прокуратура ходимлари учун асосан мақтов ва раҳмат ёғилган байрамга айланиб кетди. Ўшанда Президент билиб ё билмай прокуратуранинг бошини силаган эди. Прокуратура эса аслида бунга муносиб эмас эди. Бу пайтда балки Президентнинг қўлида ҳам етарли факт ва далил бўлмагандир.
Прокурорларнинг байрамидан халққа нима фойда? Ўша учрашувдан кейин прокуратура ўйнаб қолган эди. Кечага қадар…
3.
Президент прокуратура фаолиятини ҳаддан зиёд мақтаб юборганини Виртуал Қабулхона ва Порталга келаётган хатлар кучи билан англаб етган кўринади. Мана энди бу адолатсизликлар ҳақида ҳам дадил айта бошлади…
Ҳар ҳолда бирданига туғилгани йўқ прокуратура ва суд тизимидаги бу аччиқ гаплар. Табиийки, Президент кўплаб хат хабарлар ола бошлаган. Шу ўринда айтиш жоизки, Виртуал Қабулхона ва Портал Президентнинг халққа берган энг катта мукофоти бўлди.
Президент чорак асрлик “гунглик” ва “карлик”дан сўнг (халқ ва жамият “гунг” эди, давлат ва ҳукумат “кар” эди) халққа ниҳоят гапириш, айтиш ва сўзлаш имконини берди. Бир неча йиллар оғзини очолмаган халққа юрагини ёриш ва дардини айтиш ҳуқуқини берди.
Биров билар, биров билмас, лекин бу билан Президент – халққа жуда катта имкон берди. Виртуал қабулхона ва Порталнинг ўзи ҳам бебаҳра қолмади. Халқнинг юрак садолари бу “ишонч кўприклари” сари оқиб кела бошлади. Халқ Президентга ўз дарду изтироби ва орзу умидларини чин юракдан ишониб айта бошлади. Унинг эртанги кунга умиди уйғонди, руҳи кўтарилди.
Президент халқ билан мулоқотдан буни сезди. Бу – Шавкат Мирзиёевнинг Президентлик лавозимидаги катта ижоди бўлди. У энди самара бера бошлади. Бунинг самараси ва макони беҳисоб, имкони эса чексиз ва чегарасиз. Президентга энг катта манба  -бу халқ. У ҳар бир чиқишини, нутқи ва Қарорларини, энг олий Фармонларини бугун бевосита халқдан олаёпти десам, хато қилмаган бўламан.
Президентнинг кечаги йиғилишда прокуратура ва судлар ҳақида айтган ўринли ва аччиқ гаплари, оғир ва адолатли нутқи бунинг ёрқин далилидир…
4.
Мамлакат судьялари билан учрашувда Президент энди прокуратурани ҳам бошқача баҳолай бошлади.
Ярмингни бўшатаман деди. Порахўрлик санларга иллат деб айтди. Энди Президент прокуратура ва судьнинг ҳақиқий башарасини халққа кўрсата бошлади. Милицияга ҳам қатьий талаб қўйилди.
Эндиги навбат секин асталик билан ўзбек матбуоти (Хайриддин Султонов), Ёзувчилар уюшмаси (Муҳаммад Али) ва СНБ (Рустам Иноятов) ларга келса ажаб эмас…
5.
Энди бевосита мавзуга қайтсак.
Кеча судларга айтилган гап бежиз эмас эди. Бу тизим структураси кейинги 25 йил ичида тамомила бузилиб кетди. Бир бутун Суд тизими атайлаб уч-тўрт бўлимга бўлиниб кетди. Олий Суд ва Олий Хўжалик Суди, Фуқаролик Суди…
Шу ўринда Ўзбекистондаги Суд ҳокимияти тўғрисида Бош Қомусимизда жуда гўзал ва жимжимадор ҳарфлар билан ёзиб қўйилган қуйидаги чиройли гапларга бир эътибор берайлик:
 “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддаси давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш принципини жорий этди.
 
 Давлатнинг Асосий Қонуни суд ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритишини эълон қилди.
 
  Фақат мустақил суд ҳокимияти ҳар бир фуқаронинг ваколатли ва холис судда ишни ошкора кўриш орқали ўзининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиши мумкинлигига кафолат бўлиб хизмат қилади.
 
 Мустақил ва холис судни талаб қилиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 10-моддасида ва Ўзбекистон Республикаси қўшилган бошқа халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида мустаҳкамланган…”
Қаранг, ўқиган одам ҳавас қиладиган даражада чиройли ва гўзал қилиб ёзиб қўйилган. Буни ўқиб, одамлар Ўзбекистонга келиб яшашга иштиёқманд бўлади. Бундай бахтли ва саодатли халққа Яратган Эгам – Тангрининг назари тушганидан қалби битмас туганмас ҳавасга тўлади.
Шундай демократик ва халқпарвар, Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаган адолатли давлат ва ҳукуматнинг қадрига етмай, унга қарши бўлган хориждаги ўзбек мухолифатини калтабинлик ва узоқни кўра олмасликда, нонкўрликда айблайди…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
16 июнь, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…
 (Давоми эртага эълон қилинади)

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ: ХАФА БЎЛМАНГЛАР, СУДЬЯЛАР, КИМСИЗЛАР ЎЗИ?! НЕГА ХОҲЛАГАН ИШИНГИЗНИ ҚИЛАСИЗ?! КИМ СИЗЛАРГА БУНДАЙ ҲУҚУҚ БЕРДИ?!!!

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

 

"2" Comments
  1. Ismat aka adolat uchun kuyunasiz, sizdeklar prokuraturada ham kopaysinda ilohim…

  2. Самарканд

    Катта рахмат Исмат ака ! Жуда катта ва асосий долзарб мавзудан ТАРИХИЙ ёзук бошлабсиз ; Бу мавзуни мард ва танти халкимиз анчадан бери жуда интик, булиб кутиб юрганди. Хар неки вакти-соати бор деганларидек бу жаноби тойифа хам пишиб етилган куринади. Албатта бу сохада хам касбига садокатли, виждоннини сотмаган, адолат пеша ва илгор илмга эга булган чин инсонлар, хурматли кишилар куп ва ана ушалар хазоннинг тагидаги мевадек жафокаш халкимиз олдида хурматлари ошиб бораверадилар. Хурматли Призедентимиз айтганларидек ок,ни -ок, к,орани-к,ора дейдиган вакт келди. Юртимиз буйлаб ажиб бир адолат насимлари эса бошлаган куринади. Элбошимиз айтганларидек, “уйин киладиган”, (халк тилида)нопок, порахур , виждонини сотган, халкимизнинг ок,ку`нгил ва соддалигидан фойдаланиб, гаразли ниятда бойлик ортириш учун уюшиб, бир грух булишиб , К,онунларимизни оёк, ости килишиб шайтонга дуст булишга бел бойлаган козилар хам бир гала. Халкимизга , давлатимизга, призедентимизга колаверса сиёсатимизга хиёнат килаётган козиларнинг асил юзини ёритиш бу бугун юртимизга улкан бир ёрдамдир, келажак учун хам жуда ахамиятли тарихдир. Бу шарафли ва машакатли вазифани эса сизнинг холис ёритишингизга халк ишонади Исмат ака.

Leave a Reply
*