Menu
Categories
ЎзТВ раиси кабинетидаги ҳафталик йиғилишнинг орзу қилинган стенограммаси
06/22/2017 Бош мақола

ЎзТВ раиси кабинетидаги ҳафталик йиғилиш стенограммаси

— …ҳар биринг икки қулоғинг билан эшитларинг, қайси биринг ижодга ва ижодкорга қарши чиқсанг, менга қарши чиққан бўласан. Ҳеч ким ижод йўлига тўсқинлик қила кўрмасин, – деди Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси Хуршид Мирзоҳидов МТРК ҳафталик йиғилишида. – Режалаштириш бўлими Фазлиддин Худойқулов (дарҳол Ф.Худойқулов қўлидаги блокнот ва ручкаси билан ўрнидан турди.), сиз режим хизмати ходимларининг бурч ва мажбуриятлари нималардан иборатлигини биласизми? Гапириб беринг.

— Режим хизматининг бурч ва мажбуриятлари…..

— Унда сизлар нега ижодга аралашиб юрибсизлар? Унда нега телеканаллар директор ва ўринбосарларини хоналарингга чақириб, тергов ўтказаяпсизлар,  Бу топшириқни сизларга ким берди?

Ф.Худойқулов эса мени қутқаринг, дегандай кўзининг ости билан раис ўринбосари А.Шодмоновга илтижоли термулди. Раиснинг ёнида ручкасини ўйнаб ўтирган Шодмонов эса “бошингга қилич келса ҳам ростини айтма” дегандай, қўлидаги ручкасини қаттиқ сиқа бошлади.

— Бундан буён ижодкорга умуман яқинлашмайсанлар, – сўзини янада баландроқ овозда давом эттирди МТРК раиси. – Режим хизматининг ваколатларини шахсан ўзим кўриб чиқаман. Режим хизматининг вазифаси аслида обеъктга жавоб бериш. Кириб чиқаётган бегона инсонларни назорат қилишларинг керак. Шундай даврлар ҳам бўлган. Дарвозанинг олдига туриб олиб, съёмкага кетаётган муҳаррирларнинг сценарийсини ҳам кўриб берган кунларингни эшитганман. Ўзи умрларингда бир қатор текст ёзганмисанлар? Сценарий нималигини биласизларми ўзи? Билмаган нарсаларингга тумшуқларингни суқмаларинг! Мана мен ижодни тушунмайман, шу боис умуман аралашмайман. Ижодга Бобур ака бошлари билан жавоб беради.

Йўқ, ўзи бу ташкилотда ким раҳбар? Менми, ёки Режим хизмати? Кимга топшириқ берсам, “Режим рухсат бермайди, режимдан сўраш керак, Режимга нима дейин?”, “Режим эшитса хафа бўлади” каби гапларни гапиришади. Ахир улар менинг ходимларим. Кадрга кимлар чиқиш, чиқмаслигини ҳам Режим ҳал қилар эмиш. Кимлардан интервью олиш-олмасликни ҳам Режим ҳал қилар эмиш. Режим тақиқлаган одамдан интервью олса, кўрсатув эфирга кетмас эмиш. Кўчада юрибди, дурустгина давлат ишида ишлаяпти. Демак у жиноятчи эмас, террорчи эмас. Унда нега тақиқ қўясизлар? Ёки арпангизни хом ўрдими? Қачондан буён оддий халққа “Ватан хоини”, “халқ душмани” тамғасини босадиган бўлиб қолди, бу Режим. Бу муҳрни уларга қайси ахмоқ берди, ўзи?

(Буниси суякка бориб қадалди. Аммо Ф.Худойқулов тик турган ҳолда жимгина эшитиб турарди. Аҳён-аҳёнда кўзлари рўпарасида турган Шодмоновга қараб югуриб кетар, гарчи унга қарамайин деса ҳам. Аммо Шодмонов: “менга қарама, сотсанг ҳолингга маймунлар йиғлатаман”, дегандай ўқрайиб қўяр эди. Гарчи гап ким ҳақида кетаётганини ҳамма билса-да, залдаги барча билмасликка олиб туришарди. Аслида ҳам бундай вазиятда шундай йўл тутилади.)

— Тушунмадим… бу Компанияда мен кимман? – сўзини давом эттирди раис Х.Мирзоҳидов. – Бўлди, етар! Бундан буён Режим хизматининг кабинети “проходной”га кўчириб ўтказилади. Фақат кирди-чиқдиларга жавоб беради.

Юрист опа, Қалқонова сиз ҳам йўриқномангизни тайёрлаб, мажлисдан сўнг хонамга кирасиз. Бииир-бир бизнинг кулбаи-кошонага ҳам кириб туринг, фақат Шодмоновнинг олдига кириб чиқавермай. Компанияда Шодмоновдан бошқа раҳбарлар ҳам бор. Сиз компанияга ходимларни вақтинчалик прописка билан ишга олиш масаласида бирон бир ҳуқуқий ечим топдингизми?

Сиз ишга кираётганларни ўзингиз билмаган саволлар билан йиқитишни ўйламанг. Аксинча, ишга олиш чораларини топинг. Ўзи сиз кимга ишлайсиз? Сиз ўзи бизга дўстмисиз ёки айиққа? Кўп тиржаяверманг. Мен сизга томоша кўрсатмаяпман. Сиз компания йиғилишида ўтирибсиз. Учрашувда эмас. (Чиройлигина жилмайиши орқали вазиятни бироз юмшатмоқчи бўлган эди, аммо бу “номери” ўтмай қолди.) Биз сизнинг чиройингизга қараб маош тўламаяпмиз.

Муҳайё Қалқонова эса рўпарасида турган Шодмоновга “берган ваъдалар қани, ахир мен бор эканман, сизга ҳеч ким ҳеч нарса қилаолмайди, деган эдингиз-ку”, дегандай ўзгача бир латофат ила айёрона ва илтижоли қараш қилди. Шодмонов эса “бироз сабр қил, ўтиб кетади. Раис гапираверади”, дегандай кафтини жаҳл билан қаттиқ қисган ҳолда ишора берди.

— Сиз Компанияда ҳаммадан ҳам машҳур экансиз, – дея гапини давом эттирди МТРК раиси. – Нега ходимлар мендан ҳаттоки, Шодмоновдан ҳам кўра сиздан қаттиқ қўрқишади. Аксинча, адолатсизликдан жабр чекканлар сиздан паноҳ излаш керак эмасми? Аммо бизда тескариси. Қалқонова деса ҳар қандай ходим бир чўчиб тушади. Сирингизни айтинг, биз ҳам қўллаб кўрайлик.

Сизнинг қирқ эшакка юк бўладиган найрангларингиз, ҳаттоки “Дунё ўзбеклари” сайти орқали бутун дунёга достон бўлган. Қойил, сизни бутун дунё танийди. Айтганча, ўша “Дунё ўзбеклари” сайтида шахсан сизнинг ўзингизга бир жуфт савол йўлланган экан. Ўша саволга жавоб топдингизми? (ўрнида тик турган М.Қалқонова “йўқ” дегандай бош силкиди. Раис эса блокнотини варақлаб ёзиб қўйган саволни топди.)

— Мана эшитинг. “Фақат Ўзбекистонда терроризмга қарши бир қурол борки, у бор экан Ўзбекистонга ҳеч қандай терроризм кириб кела олмайди”. Бу — биринчиси, иккинчиси — “Кўп миллатли Ўзбекистонда миллатчиликка қарши бир ғоя борки, бу ғоя сабабли миллатчилик юртимизга раҳна сола олмайди.” Бу шахсан сизга жўнатилган савол экан. Аминманки, бундай саволларга сиз жавоб бера олмайсиз. Ҳеч бўлмаса, қизиқиб биладиганлардан сўраб кўрмадингизми? Сизнинг ўзи ҳуқуқий билимингизни бир текшириб кўришим керак. Агар ақлингиз етишмаётган бўлса, айтинг, молакангизни ошириш бўйича бирон бир ўқишга жўнатайлик. Ёки ўқиш ниятингиз йўқ бўлса, ёнингизга бир саводли ёрдамчи олинг.

Қисқаси, сиз ижодкорларни қийнаманг. Шундоқ ҳам кадрларга муҳтож бўлиб ётибмиз. МТРКда бўяниш ва таранишдан бошқа сиз қиладиган ишлар тиқилиб кетган (залдагилар кеч бўлса-да, айтилган айни ҳақиқат учун қарсак чалишмоқчи эди. Аммо Қалқонованинг қаҳрига дучор бўлишдан қўрқишди). Агар ходимларга савол бериб қийнашни яхши кўрсангиз, майли, бераверинг, “пожалуста”, фақат саволларингизни бир тажрибали ижодкорга кўрсатиб олинг. Ёки ижодга алоқаси бўлган саволларни кимгадир туздириб олинг. Шунда сих ҳам, кавоб ҳам куймайди. Қанчалик қийин савол бериш – бу сизнинг ақллилигингизни билдирмайди. Сизнинг ақлингизни ҳамма билади.

— Мониторинг бўлими энди бундан буён сизлар ҳам ижод борасида ишлайсизлар, – дея сўзини давом эттирди МТРК раиси. – Қайси ҳарфда дум бўлади, қайси ҳарфда дум бўлмайди, қайси ҳарф юмшоғ-у, қайсиниси қаттиқ, шу каби тирноқ ичидаги кирларни қидирмасдан, мазмун ва моҳият жиҳатидан суст бўлган кўрсатувлар ҳақида таклиф тайёрлайсизлар. Агар ақлингиз етишса… Етишмаса аризангизни ёзинг. Мен сизларга ҳарфларда дум бор-йўқлигини аниқлаш учун отнинг калласидай маош тўламаяпман. Энди у кунлар ўтди. Энди фикрлаб ишлашингиз лозим бўлади.

“Истиқболли медиалойиҳалар” бўлими сиз бир йўриқнома билан танишиб чиқинг. Бу лавозимда нима иш қилиш керагу, ҳаётда нима иш қилиш кераклиги ҳақида бир ўйлаб кўринг. Сиз бу ерда диссертация иши қилиш учун ўтирганингиз йўқ. Компаниядаги асосий ишни сиз қилишингиз керак, аслида. Сиз бўлсангиз справка йиғиш билан оворасиз. Неча йилдан буён ўтирибсиз бу лавозимда? Шунча йил нима иш қилдингиз? Ижод бўйича асосий таклиф ва режаларни сизлар ишлаб чиқишингиз керак эди. Янги ғоялар, янги таклифлар билан раҳбариятга чиқишингиз керак эмасми?

Мана, олти ой бўлди. Ҳали бир марта ҳам янги таклифлар билан чиқмадингиз. Биламан, сизнинг бунақа нарсаларга ақлингиз етмайди. Сизнинг соҳангиз аслида филолог бўлса, бу даргоҳга адашиб келиб қолган бўлсангиз. Умуман олганда, бу компанияда сиздан бошқа тузукроқ ижодкор қолмаганмиди? Сиз ҳеч қандай иш қилмасдан, МТРКда “Истиқболли медиалойиҳалар” бўлими ортиқчалигини исботлаб бердингиз.

Демак, бу бўлимни ёпиб, унга кетаётган ҳаражатларни янги очилган “Ўзбекистон-24” телерадиоканалига ўтказамиз. (Шу жойда МТРК раиси фикрим қандай, дегандай залдагиларга бир кўз югуртириб чиқди. Залдагилар ҳам Х.Мирзоҳидов нимани кутаётганлини англаб етди ва дарҳол маъқул дегандай қарсак чалишди.)

Майли сизга яна бир бор имконият бераман. Ижод соҳасидан узоооқ бўлсангиз-да, компания бўйича ижодкорларнинг таклифларини умумлаштириб, яхшигина пичоққа илинадиган режа ишлаб чиқинг. Яъни кўрсатувларнинг савиясини ошириш борасида. Нимадир тушундингизми? Тушунмаган бўлсангиз, йиғилишдан сўнг ёнингизда ўтирган шеригингиздан сўраб оласиз.

МТРК аппаратини ўрганиб чиқдим. Ҳеч бир иш қилмасдан, отнинг калласидай маош олиб ётган бўлимлар кўп экан. Бундай жойларга қўлидан ижод қилиш келмайдиган “дум-дум”лар тиқиб ташланган. Яна уларга катта ваколатлар ҳам берилиб қўйилган. Улар эса бекорчилигини билдириб қўймасликлари учун ижодкорлардан онда-сонда справка ҳам сўраб туришади. Бундай бекорчи бўлимлар тез кунда тугатилади. Уларга кетаётган харажатлар эса телеканалларга тақсимлаб берилади. Маблағ етишмаяпти, деб дод соласизлар. Ана сизларга маблағ. Қаловини топсанг қор ҳам ёғади. (Раис катта бир ғояни кўтариб чиққандек, бироз мағрурлангандай бўлиб зал бўйлаб кўз югуртирди. Аммо бу сафар қарсак чалинмади.)

Умуман олганда, МТРК аппарати бўлимлари, бундан буён ҳеч қайсинг телеканаллардан маълумотнома ва режа сўрамайсанлар. Телеканаллар ҳар куни 10-15 тагача справка берар экан. Бу бечоралар справка берсинми ёки кўрсатув тайёрласинми? Ёки кўрсатувларни фақат қоғозда қилса бўлдими? Унда 32 миллионлик томошабин нимани кўради? Қисқаси, телеканаллардаги справка билан шуғулланадиган бўлимлар тугатилади. Бўлим ходимлари кўрсатув ва эшиттириш тайёрлаш учун жалб қилинади. (Шу вақт залда қарсаклар бошланиб кетди.)

Яна шуни айтиб қўйишим фарз: Бундан буён: “анави бундай деди, бу ундай деди, у айтганингизни бажармади, бу у гуруҳга ҳам ишлаяпти, у фалончи билан қуюқ кўришди, фалончи фалончи билан суюқ кўришди”, каби ғийбат гаплар билан олдимга ҳадеб кираверманглар. Ундан кўра ижод билан шуғуллансаларинг бўлмайдими. Бир-бирларининг ортларингни ковлашни йиғиштиринглар. Ўтди у замонлар. Ўтди, бировнинг устидан кўрсатма ёзиб, мансаб ошириш. Энди ишлайдиган замон келди. Ҳамкасбларини сотиш эвазига лавозим ошириш бугундан бошлаб бекор қилинади (залда яна қарсаклар давом этди).

— Абдусалом Абдусаматович, сиз ҳам ишга олиш масаласини бир ўйлаб кўринг. Ишдан бўшатиш масаласини бошингиздан бутунлай чиқариб ташланг. Шундоқ ҳам кадрларга муҳтож бўлиб ётибмиз. Бўшатиш жуда зарур бўлса, буёғини ўзим ҳал қиламан. Ишга олишда фақат террористларга алоқаси бор-йўқлигини аниқлаб беринг. Фақат бир ҳафта муддат ичида. 6-8 ойлаб кутиб ўтиришнинг кераги йўқ. Унгача ақлли кадрлар бошқа ишга ўтиб кетмоқда. Фақат ҳеч кимга керак бўлмаган кадрлар бизга келиб ўрнашмоқда. Шунинг учун кўрсатувларнинг сифати нўл.

Номзодларнинг таржимаи ҳолини текшираётганда қайтариб айтаман, фақат террористларга алоқаси йўқлигини, рецидевист жиноятчи эмаслигини аниқланг, холос. Сизлар бўлса, тоғасининг қўшнисининг аммасининг ўғли жиноятчи бўлса ҳам рад жавобини берасизлар. Бош оғриқдан кўра энг осони “йўқ”, деб қўя қолишда-а. Бирон-бир қариндоши Россияга ишга бориб келган бўлса ҳам рад жавобини бераяпсизлар. Ахир, қариндоши Россияга чиқиб келмаган одамнинг ўзи қолмаган-ку. Нима, Россияга чиқиб пул ишлаб оила боқиш қачондан бошлаб жиноят бўлиб қолди.

Ўзларингга зарур бўлса ҳақиқий жиноятчиларни ҳам ишга олаверасизлар. Мисол учун, “Спорт” телеканалининг директори Каримов (шу вақт Зохид Каримов ўрнидан турди) ўтираверинг, туришингиз шарт эмас, бир замонлар ИИВнинг катта бир лавозимидан жинояти учун статья билан бўшатилган экан. Нима, унинг фамилияси учун директорлик бериб қўйганмисизлар? Бирон-бир ишни қойиллатган бўлса ҳам кўз юмса бўларди. Аммо буёғини ҳам қойиллатмаяпти. Ўзи, Ўзбекистонда бошқа шарҳловчи қуриб қолганми, директор ўзи бўғилиб шарҳ олиб борса. Ёки “Спорт” канали унинг шахсий томорқасими?

Абдусалам Абдусаматович, шу “Олтин қалам” масаласига аралашиб нима қилардингиз? Бош оғриқ сизга керакми? Аралашсангиз, дуруст аралашинг. Ахир “Дунё ўзбеклари”да бир ярим ой олдин айтиб турибди-ку, “Маданият ва маърифат” телеканали биринчи, “Спорт” телеканалига иккинчи ўрин ваъда қилинган”, деб. Сиз бўлсангиз, очилиб қолган сирни яна ҳам исботлаб ўтирибсиз. Ёки сиз ўзингизга шунчалик ишонасизми? Бу масалада муаммо келса, ўзингиз жавоб берасиз.

Бугун мен барчасини очиқ-ошкора айтаётганим учун барчангиздан узр сўрайман. Мени бу ерга кузатувчи ёки томошабин бўлиб ўтиришим учун жўнатишгани йўқ. Телевидениени оёққа турғизиш учун жўнатишди. Бу борада раҳбарият менга катта ишонч билдирган. Ана шу шарафли ишончни оқлашим керак. Шу кунгача тишимни-тишимга қўйиб чидаб келаётганимнинг боиси барчасини ипидан-игнасигача ўрганиб чиқдим.

Энди ишлаймиз. Яна олдинги тизимда кетсак, бошимиздан яна бир калтак синиши аниқ. Бу гапларни жон куйдириб гапиришим менинг нафақат раислик бурчим, ҳаттоки, бу улуғ даргоҳ мен учун бегона эмас. Барчангизга маълумки, отам ҳам умр бўйи шу даргоҳда ишлаб, бизларни ҳалол меҳнат билан вояга етказди. Ҳеч бўлмаса, ёшликда еган нон-тузнинг ҳурмати учун ҳам телевидениега жон куйдирсам арзийди.

Шундай экан, мен бугун қўрқмасдан яна қайтариб айтишим шартки, ижод ва ижодкорга қарши чиқиш юрт тараққиётига қарши борган ҳолда илдиз отиб кетган коррупцияга замин яратиб бериш дегани. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси эса – аскарлар хизмат қиладиган миллий армия эмас, ҳақиқий ижодкорлар ижод қиладиган, халқ дардини элга дастурхон қиладиган улуғ даргоҳ!

Шундан сўнг катта залда давомли қарсаклар бошланди. Қарсак бўлганда шундай бўлдики, ҳаттоки ижод аҳлининг кўзида севинч кўз ёшлари ҳам сизиб чиқа бошлади. Мункайиб қолган бу зал ҳам бундай дилдан чиққан қарсакларни 12 йилдан буён кўрмаган эди. Зал ҳам бироз қаддини кўтаргандай бўлди, назаримда…

Сўнгсўз ўрнида:

Бундай йиғилиш ҳеч қачон бўлмаган. Бўлмайди ҳам. Бу гаплар ижодкор эшитишни орзу қиладиган эзгу истаклар, холос. Худди шундай гаплар МТРК раисининг оғидан чиқишини ижодкор аҳли юракдан исташади. Аммо бундай довюраклик эртак ёки саргузашт фильмларда бўлиши мумкин. Агар шу мазмунда бадиий фильм ҳам ишланган тақдирда ҳам Бадиий кенгашдан ўтказилмайди. Балки шу гапларни МТРК раисининг ўзи ҳам айтишни истар. Аммо унинг учун отнинг калласидай юрак керак. Бунинг устига доимо ёнида турадиган Шодмонов “Рустам акамлага айтиб бераман”, деган эслатмани бот-бот қулоғига қуйиб турса.

Айтмоқчи бўлганим, бугунги кунда МТРКда раҳбариятнинг барчаси алмаштирилган тақдирда ҳам Шодмонов кетмас экан, телевидение шу алфозда яна 12 йил кетади. У телевидениенинг стратегик жойларига аскарларини ўрнатиб бўлган. Шу аскарларини охирги манзилигача етаклаб кетиши лозим. Олдиндан фаолият юритиб келадиган ва МТРКнинг барча оғриқли нуқталарини беш қўлдай биладиган Режим хизмати ва МТРК юристи ҳам унинг бошқарув ситемасидаги асосий вазифани бажарадиган ўнг ва чап қаноти ҳисобланади.

Шодмоновнинг “фаолияти”ни юрист М.Қалқонова айёрона усуллари билан қонунийлаштириб берса, Режим хизмати эса ижро этувчи вазифасини бажаради. Бу гуруҳ ўзларининг ўйинлари билан ҳар қандай кучли ва қаттиққўл раҳбар, яъни раисни ҳам ўйинчоқ қилиб ўзларининг йўриғига юргиза олиш қудратига эга. Шундай экан, телевидение ҳали-бери эркин ижод ва ижодкор даргоҳи бўла олмайди.

Телевидения ижодкорларининг ҳасратини оққа кўчирувчи:

Шокир Саъдуллаев,

“Дунё ўзбеклари” учун махсус,

Тошкент шаҳри, 20 июнь, 2017 йил…

2 шарҳ

  1. Олимжон

    Тасанно. Бундай маколани езган инсонга. Хакикий холатни очиб беришибди. Хакикатдан шодмонов бор экан тв узгармайди.Янги рахбарларни хам уз измига солади булар.Айникса Шодмонов ва унинг командасини жавобини бериш керак. Биринчи уринда уша Фазлиддинни чиптасини кулига тутиш керак. Кетганда хам буларни ортидан тош отиш керак. Кайтиб келмасин.
    Шодмонов ишдан кетса куй суяман деганлар бор телерадиокомпанияда.
    Фаргоналик танишимдан туя олиб туя суяман.Куйни куйинг. Лекин Шодмонов ишга олганларни ахволига ачинаман.Чунки кулидан хеч нима келмаганлари юрибди хомийига ишониб, эртага нима булади деб.
    Шодмоновга худони айтгани бордир. Бир умр шу амалда колмас.
    Эшитишимча Республика комиссияси Тв ни органиетган экан.А.Ходжаев хам осонгина айбларидан кутилиб колмаслиги керак.Жавоб берсин.Булар тв га чикиб халкдан узр сурасинлар. Давлатни пулини талон тарож килганлар албатта жавоб беради бугун булмаса эртага.
    Качонки канал директорлари узлари хохлаган ходимларини ишга олмас эканлар, шодмоновчилар аралашаверадиган булса тв узгармайди.
    Туш курдим. Тушимда Шодмонов ишдан олинибди. Бу туш. Лекин мени тушим унгидан келади. Уша Мухайе, Фазлиддинлару ва бошка шодмоновчилар албатта …… Худо узи кулласин. Улуг айем кунида ният килдим. Сизчи сиз ният килдизми?

  2. Бахтиёр Шоҳназаров

    Мақола хаёл меваси эканлигини ўрталарига борганда сезиб қолдим. Афсус, бошланиши яхши кетаётганди…

"4" Comments
  1. Олимжон

    Тв ходимлари. Нега жимсизлар. Нима сизларда айтадиган гап йукми? Толиб Исроилов, Гули Икромова,Соат Шарипов, Имомхужаевлар сулоласи вакиллари ва канча яхши журналистлар тв дан хайдалди.А.Хаджаевни ва унинг ходимларини айби билан. Яхшиямки хакикий тв мутахассиси Б.Алихонов келди. Суз сизга тв журналистлари…

  2. Йигитали Макс Икс

    Туш курилган хакикат..

  3. Shahnoza Alimdjanovna Nabidjanova

    Это очень трогательно!
    Неужели Новый раис сломал всех в открытую Хвала ему ТАРБИЯ БЕРГАН ОТАСИГА МИНГ РАХМАТ.
    Боларкану очик ойдин! кадр етишмаяпти?
    Энг олий тоифали кадрлар режиссер мухаррир журналистлар ишдан четланилгандан кегин албатта етишмайди савия йук корсатувларда.32 миллион халк бошка нодавлат ва Россия каналарни кормокда.Имло хатоси бн езса хам гоя фикри бор Энг олди проектларни муаллифлари босим махалийчилик азиятидан кетган уз хохши бн сабаби ижодкорга эркинлик етишмагани боис.
    Янги раисдан канча ижодкорлар умидвор ишга чакириб колармикин деб…
    Тассанно МТРК раисига

  4. Юлдуз Орипова

    Худо хохласа узгаришлар булади….

Leave a Reply
*