Menu
Categories
Исмат Хушев: Интернет – адоват майдони эмас! (Анвар Назировга жавоб ўрнида)
06/22/2017 Бош мақола
Исмат Хушев: Интернет – адоват майдони эмас!
Айни пайтда у отангизнинг чорвоғи ҳам эмас. Унинг ҳам жавобгарлиги бор. Энг камида жамият олдида…
1.
“Озодлик” радиоси кейин пайтда Ўзбекистондаги ижтимоий сиёсий вазиятга фаол аралашиб, одамларни ҳаётга ҳушёрроқ ва теранроқ қарашга ундаяпти. Ватан ичкарисидаги ҳозирча ёпиқ бўлган матбуот қилиши лозим ишларни баҳоли қудрат қилаяпти. Илгарилари “Озодлик”нинг бу фаоллиги Ўзбекистон Олий раҳбарияти ва махсус хизматларнинг қаҳру ғазабига сабаб бўлса, Мирзиёев даврига келиб, бунга маълум маънода тоқат ва толерантлик билан ёндашилмоқда.
Буни “Озодлик”да тилга олинган танқидий ва таҳлилий мавзулар аксар ҳолларда Ўзбекистондаги тегишли идора ва вазирликлар томонидан тадқиқ ва муҳокама мавзуига айланиб, ижобий ҳал қилинаётганидан ҳам билса бўлади. Бир сўз билан айтганда республика Олий раҳбарияти “Озодлик” тилга олган мавзуларга алоҳида эътибор бериш ва уларни бартараф этишга ҳаракат қилса, махсус хизматлар ҳозирча бу борада мум тишлаб туришибди.
Мен Ўзбекистонда эсаётган янги давр насимларидан миннатдор бир журналист сифатида “Озодлик” радиосининг бу борада қилаётган ишларини юксак баҳолаган бўлардим. Шавкат Мирзиёев мамлакатда олиб бораётган инқилобий ўзгаришларни ҳаётга тадбиқ этишда “Озодлик” радиосининг роли ва ўрни бугун беқиёсдир.
Буни билмасак ва кўрмасак, уят бўлади…
2.
2016 йил, 2 сентябрь воқеаларидан кейин ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев мамлакатда шиддат билан амалга ошира бошлаган инқилобий ўзгаришларни биринчи бўлиб дунёга “Озодлик” ёйди. Ўзбек халқининг руҳи кўтарилганини ҳам дунё ҳамжамиятига илк бор “Озодлик” хабар қилди.
Лекин ҳар бир кураш ва ғалабанинг ўз саркардалари бўлганидек, бу борада таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаевнинг хизматлари беқиёсдир. Журналистнинг адолат бобидаги сўзига мамлакат ичида қанча тўсиқлар қўйилган бўлмасин, у барибир бепоён юртимизнинг шаҳар ва қишлоқлари бўйлаб, бемалол жаранглаб турибди.  Узоққа бормайлик, сўнгги пайтларда Сирдарё ва Жиззах вилояти ҳокимларининг ҳеч бир қуюшқонга сиғмайдиган қалтис қадамларини фош эта олган ягона журналист ҳам Шароф Убайдуллаев бўлди.
Ўзбекистонда янги давр бошланаётганини, Мирзиёев – ўзбек халқи узоқ йиллар кутган адолатли йўлбошчи эканини ҳам дунёга биринчи бўлиб Шароф Убайдуллаев эълон қилди. Бугун унинг бу башорати рост эканига бутун дунё гувоҳ. Бир сўз билан айтганда Шароф Убайдуллаев бугун “Озодлик”да рейтингги энг баланд журналистлардан бири бўлиб қолмоқда.
Журналистнинг рост ва тўғри сўзи жамиятнинг ижтимоий сиёсий фаолияти учун ниҳоятда муҳим ва қадрли эканини ҳам биз Шароф Убайдуллаев мисолида яққол кўриб ва билиб турибмиз. Унинг “ББС” ва “Озодлик”даги ҳар бир чиқиши ва ҳар бир суҳбатини бугун ўзбекистонликлар билан бирга, бутун дунё ўзбеклари интиқлик билан кутиб юргани ҳам ҳеч кимга сир бўлмай қолди…
3.
Яқинда “Озодлик”нинг бетакрор журналисти Сарвар Усмон Шароф Убайдуллаев билан навбатдаги суҳбатини уюштирди.
Шу пайтга қадар Каримовнинг асосий меросхўри деб кўрилган Рустам Азимовнинг Ўзбекистон Олий раҳбарияти ва ҳукумат аъзолигидан четлатилганига бағишланган бу мароқли суҳбат ҳам олдингилари каби мамлакат ичкари ва ташқарисида жуда катта шов шувга сабаб бўлди.
Шароф Убайдуллаевнинг “Озодлик”даги ҳар бир чиқиши ўзига хос “сенсация” бўлгани каби, бу суҳбат ҳам олдингиларидан қолишмади. Ислом Каримовнинг биринчи матбуот котиби бўлган Шароф Убайдуллаев Ўзбекистон сиёсий элитаси ичида – ўз билими ва тажрибаси, ўткир хотираси ва ҳавас қилса арзирли қувваи ҳофизаси билан бу гал ҳам бизни ўзига мафтун эта олди.
Фақат бир киши Шароф Убайдуллаевнинг бу галги чиқишини негадир найза билан қарши олди. Бу “Озодлик”нинг яна бир фаол ҳамкори, сиёсий таҳлилчи Анвар Назиров эди.
Фикримиз тушунарли бўлиши учун унинг Файсбукдаги саҳифасида эълон қилинган  – Шароф Убайдуллаев суҳбатига билдирган – ўта саводсизлик, одобсизлик ва ҳаёсизлик билан ёзилган фикрини таҳрирсиз ҳолда тўлиқ келтиришга қарор қилдик:
4.
“Мана сўнги бир неча “Озод назар” эшитиришларида пенсионер, уйда ўтириб ўтмишни қумсаб қолган Шароф Абдуллаев ҳар мавзуга таҳлилчи бўлиб қолди😈. Сўнги эшитиришда Рустам Азимовнинг истифоси ҳақида бу одам фикрини билдириб қупол ҳатоларга йўл​ қўйди ва афсус Сарвар Усмон бу одамга рўпора қилиб вазиятни билган одамни таклиф қилмади.
Биринчидан Рустам Азимов ўзи кетган! аллақачон кетиш режаси бор эди. Эчки-товуқ иқтисоди шароитида ишлаш қийин масала.
Икинчидан Шароф ака ёлғон гапирди, Азимов йўл фонди ва пенсия фонди учун жавоб бермаган, Азимов сўнги 20 йил ичида фақат халқаро молия идоралари билан алоқалар учун жавоб берган. Шаҳсан Жаҳон Банки, Осиё Банки, Ислом Банки билан алоқалар учун жавоб берган ва яна Кореа ва Япония давлатлари билан кредитлар ва сармоялар олиб келиш масалалари учун тўлиқ жавоб берган мулозим бўлади!
Бошқа масалаларни И.Каримов Азимов зиммасига бермаган. Фанми, иқтисодми буларни ечимини И.Каримов Бош вазир Ш.Мирзиёев симмасига юклаган. Бунга И.Каримовнинг қарорлари исбот. Азимов бу соҳ​алар учун фақ​ат қ​оғ​озда жавоб берган.

Молия ва иқтисод сиёсатини шаҳсан ўзи Ислом Каримов доим белгилаган. Шу соҳадаги қарорларни эса И.Каримов, ижросини, Бош вазир Ш.Мирзиёевга топширган, Ислом Каримов қабул қилган қарорларнинг сўнгида бу очиқ айтилиб ўтилган ва бу сир эмас.
Шароф Абдуллаев балки билмайди лекин конвертация масаласида Ислом Каримов доим ўзи қарор қабул қилган, доим! бу ўта​ жиддий мавзу битта вазир учун.
Шароф Абдуллаев айтмоқда, эмиш мана янги президент деб бирдан катта сармоялар келди бизга. Бу сармоялар Шароф ака бир ёки икки ой ичида ҳал бўлиб келмайди, И.Каримов даврида келишилган сармоялар режа асосида 2017 йили киритилмоқда.
Шароф Абдуллаев яна эски сасиқ гапларни тиқиб ўтди, нега эмиш Собир Раҳимовни ҳайкалини олиб ташлашган ва бу акаҳон роса ачинмоқда шунга. Аслида ва мен буни ёзганман С.Раҳимов «босмачилик» ҳаракатини тугатилиш жараёнида ўта бешавқат роль ўйнаган, шаҳсан бир қанча қишлоқларни ер билан яксон қилган ва армани чекистлар билан маҳаллий аҳолини қийратган роса. Ўзбекистон ва Қозоҳистон президентлари бу архив далилар билан яхши таниш. Агар бу коммунист Абдуллаев шуни билмаса энди бунга битта сабаб, Шароф ака тарихни билмайди ва умуман билса ҳам 70 йил талқинини билади ҳолос.
Шароф Абдуллаев уйдан чиқмай, кўчани кўрмай, интернетни билмай Озодлик радиосини бошини айлантириб келятган бир майда каззоб бўлади, илгари Исмоил Жўрабековнинг лайчаларидан бири, совет пропагандасининг майда вакили. Уни яхши таниган одамлар бор ҳали.
Қисқаси​ “Озод назарни” сифати бунақ​а “тахлилчилар” деб фақ​ат зарар кўради…” 😡
Anvar Xaldarbek Öğli Nazir
https://www.facebook.com/profile.php
5.
Ростини айтганда, бу изоҳни “Озодлик”дек катта ва нуфузли минбарга чиқиб турадиган тажрибали, билимли ва маданиятли одам ёзганига дастлаб ишонмадик.
Масалан, биз билган ва ҳурмат қилган Анвар Назиров отаси тенги ёши улуғ ва мўйсафид одамга нисбатан “Ёлғончи”, “Каззоб”, “Лайча”  деган сўзларни айтишга уялиши керак эди.
Каримов режимининг зулмкор ва қасоскорлиги боис 25 йил кўчага ҳайдаб қўйилган ва чорак аср давомида адолатсизлик қурбони бўлиб келган тажрибали журналистни бу каби ҳақоратли сўзлар билан таърифлаш учун одам қанчалар ёвуз ва ҳиссиз, қабиҳ ва жоҳил бўлиши керак?
Қонун нуқтаи назаридан олиб қараганимизда, аслида бировни “Ёлғончи” ва “Лайча” дейиш – уят, “Каззоб” деб ҳақорат қилиш эса – бориб турган жиноят эмасми?
Биз бу ерда Анвар Назировнинг кўнгли кир ва ғаламислиги билан бирга, Шароф акага нисбатан нимадандир аламзадалигини ҳам сездик. “Озодлик” радиосининг бошини айлантираётган майда каззоб” деган сўзларини ўқиб, гап нимадалигини англаб етгандек бўлдик: У Тошкентда “Озодлик”нинг яккаю ягона сиёсий таҳлилчиси бўлиб қолишни кўзлаган кўринади…
6.
Майли, унинг бошқа тутуриқсиз  таъна-ю, дашномлари, ҳақорат ва маломатлари таҳлилини зукко ўқувчилар ҳукмига ҳавола этайлик-да, Шароф Убайдуллаевга билдирган энг асосий айбномасини таҳлил қилайлик.
У оқ қорани  таниган, ҳар бир гапини ўйлаб, асослаб айтадиган талантли журналистни  “Дорожний ва пенсонний фонд” масаласида тингловчиларга ёлғон ахборот берганликда айблади ва бу икки масала Азимовга мутлақо алоқадор бўлмаган деб баёнот берди.
Тан олиб айтиш керак, Анвар Назировнинг ҳам ўз ўқувчи ва мухлислари бор. Унинг “Озодлик”даги ҳар бир чиқиши, Шароф Убайдуллаев даражасида бўлмаса-да, лекин ҳамиша диққат эътиборимизни тортиб, ишонч ва меҳримизга, жуда бўлмаса – хайрихоҳлигимизга сазовор бўлиб келарди. Анварбекнинг ўз халқи учун куюнчак ва жонкуярлиги, тўғри сўз ва ростгўйлиги, энг муҳими – республика иқтисодни яхши билиши бизни доим ўзига мафтун этарди.
Ана шундай ишончли ва таниқли иқтисодий таҳлилчининг сўзларини тинглаб, “Дорожний ва Пенсионний Фонд масаласида” Шароф Убайдуллаев ростдан ҳам ёлғончи бўлиб қолгандек туйилди назаримизда.
Биз шу пайтга қадар ҳар бир гапига ишониб, ҳурмат қилиб келган Анварбекнинг бу оташин нутқини тинглаб, ҳатто ўзимиз ҳам иккиланиб, ўйланиб қолдик…
7.
Масалага ойдинлик киритиш учун Тошкент билан боғланиб, мавзуга бевосита алоқадор бўлган Молия вазирлиги расмийларига мурожаат қилдик.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси (Тел: 239 10 46, 239 1139. Дорожний – 239 11 12, 239 45 73) дан олган маълумотларимиз Шароф Убайдуллаев ҳақлигини, Анвар Назиров ноҳақлигини исботлади.
Биз Молия вазирлигидан олган бу маълумотларни “Дунё ўзбеклари” ўқувчилари билан баҳам кўришга қарор қилдик. Анварбек фақат бир масалада “ҳақ” бўлиб чиқди, яъни – бугунги кунда Йўл жамғармаси ростдан ҳам расман Молия вазирлигига эмас, балки Вазирлар Маҳкамасига қараркан. Лекин шу пайтга қадар, аниқроғи – 2017 йилнинг 26 февралига қадар чорак аср давомида бевосита Молия вазирлиги тасарруфида бўлиб келган. Демак Йўл Жамғарма Фонди бевосита Рустам Азимов ҳукми остида ишлаган.
Молия вазирлиги қошида бўлиб келган Йўл жамғармаси узоқ йиллар катта талон тарожликлар фош этилиши натижасида Молия вазирлиги таркибидан чиқарилган. Бир сўз билан айтганда Молия вазирлиги ўз тасарруфидаги “Йўл жамғармаси Фонди”ни истаганча талон тарож қилиб келган.
Ўзбекистонда Республика йўл Жамғармаси Фонди СССР даврида 70 йил, Мустақиллик даврида эса салкам ўттиз йил бевосита Молия вазирлиги назоратида бўлган. Бу фактдан ҳеч ким тонолмайди.
Пенсия Фонди эса бундан ўн йиллар муқаддам ҳуқуқ тартибот назоратини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Социал таъминоти вазирлигидан олиниб, Молия вазирлиги тасарруфига ўтказилган эди. Пенсия таъминотида тўла тўкис издан чиқиши ва талон тарожга йўл қўйилиши ҳам мана шу ўн йилликка тўғри келди.
Демак, Шароф Убайдуллаев “Озодлик”да айтган гаплар мутлақо тўғри экан. Тажрибали журналист – Пенсия Фонди ва Йўл жамғармалари кимнинг тасарруфида экани борасида мутлақо ҳақ бўлиб чиқди.
Бундан келиб чиқадики, Шароф Убайдуллаев – гарчи Анварбекдек тажрибали иқтисодчи бўлмаса-да, лекин масала моҳияти ва Фондлар алоқадорлиги хусусида “Озодлик” радиосида гапирган гаплар тўғри экан…
(Йўл Жамғармаси бир умр (шу йил 26 февралга қадар)  туғилганидан бўён Молия вазирлиги тар асарруфида бўлган. ПенсиЯ Фонди эса ҳозир ҳам  Молия вазирлиги ҳузуридаги ташкилот ҳисобланади. ва расман Молия вазирлиги таркибига киради)
8.
Энди Анвар Назиров маломат қилган Собир Раҳимов масаласига келсак.
Яширмай ростини айтиш керак, шу пайтга қадар Анварбекка ҳурматимиз баланд эди. Бу эҳтиром рамзи сифатида “Озодлик”даги суҳбатларининг аксариятини “Дунё ўзбеклари”да ҳам эълон қилиб, уни имкон қадар қўллаб қувватлаб келардик.
Унинг журналист Шароф Убайдуллаевга қилган ҳужумининг таг маъносини билмасак-да, “Ёшлик қилди” деб, кечириш мумкин эди, лекин Собир Раҳимовга ташланганини кўриб, ёқамизни ушладик.
Собир Раҳимовдек таниқли миллат фидойиларининг тарихдаги ўрнини билмай туриб, унинг номига тош отиш – ўзини ҳурмат қилган зиёли кишининг иши эмас. Биз шу пайтга қадар “Дунё ўзбеклари”да Собир Раҳимов ҳақида, унинг номи ўчирилиши ва ҳайкали кўчирилиши борасида қатор чиқишлар қилганмиз, мақолалар берганмиз.
Бу мавзуда Анварбек билан баҳсга киришиш ниятида ҳам эмасмиз. Биз унинг фикрларига қаршимиз, ўзига эмас. Биринчи ўзбек генералини биздан тортиб олмоқчи бўлган манқуртларга қаршимиз, уларнинг сўзига эмас. Бу масалада унинг номини ўзгартиришни таклиф қилган Олмазорлик ветеран ва зиёлилар ҳақми, уларнинг таклифини зудлик билан Сенатга етказган Президент Девони ҳақми ёки ҳар иккала ўйинчи гуруҳга тамомила қарши бўлган Шароф Убайдуллаев ҳақми, буни энди вақт кўрсатади…
9.
Таниқли ва машҳур шахсларнинг тарихдаги ўрни ва тақдирини яхши билмай туриб, аниқроғи миллатпарвар бўлмай туриб, биз ҳеч қачон порлоқ келажак қуролмаймиз.
Анварбек нафақат биринчи ўзбек генарали Собир Раҳимовга, балки Ўзбекистоннинг собиқ биринчи раҳбари Шароф Рашидовга ҳам пана панадан тош отиб туради. Ҳозир бу “тошлар” баҳсини таҳлил қилиб ўтирмаймиз. Лекин унга шуни айтмоқчимизки, журналист Шароф Убайдуллаев ҳам жиззахлик бўлгани учун уни буюк Шароф Рашидов билан алмаштирмаслик керак. Худди Йўл фонди билан Пенсия Жамғармаси фонди кимнинг тасарруфида эканини адаштириб, ўқувчини чалғитгани каби…
Бу энди бориб турган маҳаллийчиликнинг ўзгинасидир. Мен шахсан Анвар Назировдан буни кутмаган эдим.
Маҳаллийчилик бизнинг энг катта иллатимиздир. Анвар Назиров агар шу иллатдан қутила олса, худбин ва тор доирадаги ўз маҳаллийчилигига барҳам бера олса, яхши бўларди…
10.
Собир Раҳимов номи биргина Ўзбекистон билан чегараланиб қолганида, майли эди. У нафақат ўзбекларнинг, балки бутун туркий халқларнинг фахридир. Узоққа бормайлик, қўшни Қозоғистон Чимкентидаги марказий майдонларнинг бирида унинг ўн олти метрлик маҳобатли ҳайкали Ўзбекистонга қараб, Ватаннни соғингандай мўлтираб турибди.
Хайриятки сиёсий таҳлилчи Анварбекнинг ҳозирча бу томонларга қадами етмаган кўринади. Акс ҳолда бу ҳайкалга ҳам ўзга давлат ҳудудидан туриб, тош отиб қолармиди, ўзбек генерали бу ерларда нима қилиб юрибди деб…
Тарихий шахсларга тош ва уларнинг шаънига тил тегизишдан олдин – ўзимизга ҳам бир қарайлик: Мен кимман-у, у ким деб. Анвар Назировнинг ҳам ўз ўқувчи ва мухлислари борлигига шубҳа йўқ. Лекин Собир Раҳимов ва Шароф Рашидовдек шахсларга отаётган тошимиз аслида миллатга ва мамлакатга отилаётган тош эканини унутмайлик. Улар миллатимиз ва давлатимиз байроғини ўз даврида баланд кўтарган ва жаҳонга танитган шахслар эканини ҳамиша ёдда тутайлик.
Бу эса биз ёқтирамизми, йўқми – уларга ҳурмат ва эҳтиром билан қарашни, истаймизми, йўқми – шахсини ҳурмат қилишни тақозо этади. Буни эса – миллий ифтихор ва миллий қадрият дейдилар…
Сўнг сўз ўрнида 
Бу дунёда ҳаммамиз ҳам хом сут эмган тирик бандалармиз: умримизнинг турли жараёнларида ҳар хил хатоларга йўл қўйишимиз мумкин.
Бироқ у ёки бу хатони тузатишга бел боғлаганимизда жазавага берилмаслик керак. Бу “жазава” нутқи – қўшнимиз қулоғига ёки чойхонадаги тўрт бешта улфатларга айтиладиган гап бўлса ҳам майли эди.
Миллион миллион одамлар минбари саналган ижтимоий тармоққа чиқиб, карнай чалаётганимизда орқа олдимизга бир қараб қўйсак ёмон бўлмасди.
Эртага бу ёлғон карнайимизнинг дами чиқиб кетиб, эл юрт олдида юзимиз шувут бўлиб қолмасмикан деган хаёл бизни ҳеч қачон тарк этмаслиги керак. Янаям бундай инсон эл юртга таниқли “сиёсий шарҳловчи” деган улуғ номга эга бўлса-ю, номуси бўлмаса, бундан ёмони йўқ.
Бир сўз билан айтганда – интернет адоват майдони эмас.
Айни пайтда у отангизнинг чорвоғи ҳам эмас. Унинг ҳам жавобгарлиги бор.
Энг камида жамият олдида…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
13 июнь, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…
Шароф Убайдуллаев: “Рустам Азимов ўзига ўзи компромат ясади”
Анвар Назиров: “Азимов Мирзиёевга рақиб эмас эди…”
Анвар Назировнинг OzodNazarи:
ОЗОДЛИК
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

6 шарҳ

  1. Оддий фукаро

    Хисоблаб турдим Анвар Назиров билан интервью бошлангандан то ки 05:00 гача Сарвар Усмон биринчи берган саволига жавоб олиш учун чунонам тер тукдики… Шундан хам билиб олса булади канчалик магзава, маза-матрасиз мушохадаларга бой булганини сухбатни. Давомини эшитишга токатим колмай учириб куйдим.
    Бир кун мактаб ховлисини айланиб юриб мактаб коровулига дуч келиб колдим. Одатий салом аликдан сунг КОРОВУЛ мани хайрон колдириб чунонам сиёсатдан гап бошлаб кетди, асти куяверасиз. Мен ахири бу кишига бирор нарсани тушунтиришни маъносиз эканлигини билиб, у кишига шундай дедим: ака огир булсаям гапирай, токи Сиз шу мактабни коровули экансиз, уз ишингизни касбий махорат муносабати билан карамас экансиз, бу ишдан Сизга хеч кандай манфаат булмайди. Яъни киска килиб айтганда хамма уз ишини килган яхши. Инсонни сиёсий билими булмай туриб хайбаракалла гапларни гапириб очко олиш бориб турган ахмоклик, менимча.

  2. SHAROF AKA HAR DOIMGIDEK ODOB BILAN AJOYIB SAVOLLARGA JAVOB BERIBDI. ANVARNI MANASHU SAFAR CHIQQISHIDA MAHALLIYCHILIGI SEZILIB QOLIBDI. OLDINLARI HAM SHAROF RASHIDOVGA TOSH OTGANLARINI ESHITIB UYLAR EDIM BU BOLANI AQLI JOYIDAMIKAN DEB. SOBIR RAXIMOV MASALASIDA SHOSHMASLIK KERAK. AGARDA CHINDAN HAM U UZBEKLARNI QIRG’N QILISHDA QATNASHGANI TASDIQLANSA MEN HAM S. RAXIMOVDAN KUNGLIM QOLADI. LEKIN UNI XOZIR VATANGA QARSHILIKDA AYBLAMASLIK KERAK.

  3. Anvar Nazir ysh tajribasiz, uylamasdan nima og’ziga kelsa shuni aytadigan odati bor. Sharof akadek otasi teng odamni haqorat qilib ymon ish qilibdi. Kechirim surasa yaxshi bo’lardi.

  4. Muxlis

    Исмат ака адекватный жавобингиз учун ташаккур!
    Сизни, Шароф акани ва миллатимиз ойдинларини Яратган хамиша панохида асрасин.

  5. комиссар катани

    Исмат ака! Шароф Убайдуллаевни химоя килиб, яхши фикрлар айтганингиз учун Сизга катта рахмат. Шароф Убайдуллаев миллатимиз фахри. У хар кайси замон ва кайси тарафга карамай уз фикрини очик ойдин айтади. У утмишни кумсаб, бу фикрларни айтгани йук, аксинча у келажак учун бу гапларни очикдан очик айтиб келади. У бу гапларни олдин хам ва хозир хам баралла айтмокда. Шароф ака! Сиз мард ва жасур инсонсиз. Сизга соглик ва саломатлик тилайман. Чарчаманг. Итлар хураверади, карвон утаверади. Анвар Назировга ухшаган тахлилчилар хураверади. Сиз билан бизнинг карвонимиз утаверади. Итлар каттик хургани билан, улардан хеч ким куркмайди, аксинча уларни тош билан хайдайверадилар. Биринчи тошни Исмат Хушев отган булса, мени ёзганларим хам А.Назиров учун тош деб хисоблайман.

  6. 1 шарҳ

    1. Йигитали

      Э шу Анварри гапини гап диб утирибсилами. У бир…

      “Дунё ўзбеклари”дан: Биз бу сайтда нафақат Анварбекни, ҳеч кимни бепарда сўзлар билан ҳақоратлашга, камситишга йўл қўймаймиз…

"1" Comment
  1. Anvar akaning muxlisi

    Anvar akani mahalliychilikda asossiz aybladingiz. Tanqid o’z yo’liga-yu, biroq tuhmat qilishdan saqlaning.

Leave a Reply
*