Menu
Categories
Матбуот куни муносабати билан “Дунё ўзбеклари» Бош муҳарририга табрикнома…
06/27/2017 Бош мақола
            Мамлакат хавфсизлиги, унинг тинчлиги-хотиржамлиги, келажаги холис, жасур, донишманд, тўғрисўз матбуотига боғлиқ. Матбуот орқали ёмон иллатлар йўқотилади, яхши фазилатлар рағбатлантирилади.
Модомики, матбуотнинг мақсади давлат ва жамиятда бўлаётган яхши ва ёмон янгиликларни етказиш экан, ўзбек матбуотининг ҳозирги кундаги ҳолати ўтган йилдагидан икки марта яхши десам хато бўлмас. Икки марта деганиям 100 фоиз ривожланиш дегани.
Ҳақиқий ўзбек матбуоти интернетга кўчди. Чунки, холис гаплар айнан ўша ерда айтиляпти. Ҳозирги кундаги ўзбек матбуотининг байроқдори Исмат Хушевнинг «Дунё ўзбеклари» сайтини ўтган йили очиб ўқиш маълум маънода қийинчиликлар туғдирарди. Бу йил Фейсбук орқали бемалол ўқиш имконияти бўляпти.
Мен чет эллардаги бошқа ўзбек сайтларига кирмайман, ҳавола бирон-бир мақолани ўқиш учун демаса «Дунё ўзбеклари» сайтидаги мақолалар янгиликларга бўлган чанқоғимни қондиради.
Ким нима деса десин-у, аммо «Дунё ўзбеклари» сайти ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ҳукумати, жамияти, адабиёти, журналистикаси учун фидокорона фаолият олиб боряпти. Айниқса, адабиёт, шеърият, проза, ўзбек тили, ўзбек давлати тарихи ҳақидаги холис мақолалар жуда ўқимишли.
Албатта, бу сайтнинг сиёсий ёндашувлари ҳақида алоҳида фикрим борлигини олдин ҳам айтганман, лекин, иккинчи тарафнинг нуқтаи-назарини ўрганиш имконияти бизда борлиги сабабли, сайтнинг ўзбек журналистикаси ривожидаги аҳамиятини тан олмасдан илож йўқ.
Шу билан биргаликда Ўзбекистоннинг ўзидаям мустақил, холис ахборот сайтлари фаолият олиб бораётгани қувонарлидир.
Ҳукумат томонидан ойлик маошсиз, ҳеч қандай рағбатсиз ишлаётган «Дунё ўзбеклари» сайтини Халқаро матбуот куни билан чин дилдан табриклайман, уларга ижодий улкан зафарлар тилайман.
Исмат ака!
Сўзимнинг охирида сизга ўзбекнинг бир фазилатини таскин сифатида эслатмоқчиман. Ўзбек (туркий) халқлар ўз қаҳрамонларини ҳеч қачон унутмайди. Аллоҳим Сизни ўз паноҳида асрасин, умрингиз узоқ, бахт ва саодат доим сизга ёр бўлсин!
Анвар Шукуров,
Ўзбекистон Олий Кенгаши собиқ депутати,
Тошкент шаҳри, Ўзбекистон.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*