Menu
Categories
Устоз Тошпўлат Ҳамид – олам ичра бир олам эди…
06/29/2017 Бош мақола
Суратда: Жаҳонгир Исмоилов устози Тошпўлат Ҳамид билан
ОЛАМ ИЧРА ЎЗИ БИР ОЛАМ ЭДИ
(“Ўтганлар ёди” туркумидан)
Салом, дўстим Исматжон!
“Дунё ўзбеклари”да устоз Тошпўлат Ҳамид ҳақида берилганини кўриб, очиғи ҳаяжондан, қувонганимдан мижжаларимга ёш инди. Шундай азиз Инсонинг руҳларини шод этганингиз, жуда кўплаб тиригидаёқ борлиги унутилиб юбориладиганлар, лекин фикру ўйлари, умрлари ўзларининг “бор”ликларини кўрсатиш билан банд ўтаётганлар ивирсиб юрган замонда салкам 33 йил муқаддам оламдан ўтган Инсоннинг азиз хотирасига ҳурмат кўрсатишни лозим топганингиз учун Сиздан беҳад миннатдорман!
Таниқли адиб, ёш истеъдод соҳибларининг раҳнамоси бўлган Абдулла Қаҳҳор матбуотда эълон қилинган дастлабки ижод намуналари билан адабий жамоатчилик назарига тушган ва Қизилтепа район халқ маорифи бўлими мудири вазифасида ишлаб турган Тошпўлут Ҳамидни Бухоро шаҳрига бошлаб борган ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг янги ташкил этилган Қашқадарё ва Бухоро вилоятлараро бўлими раислигига тайинлаб қайтган.
Устознинг шундан кейинги бутун ҳаёти Бухорода кечди. У бош бўлган ижодий жараён бугунги ўзбек адабиётининг таниқли намояндалари Ўзбекистон халқ шоирлари Жамол Камол, Ойдин Ҳожиева, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов, Давлат мукофоти лауреати Омон Мухтор, шоирлар Сафар Барноев, Мурод Халил, Максим Каримов, Тилак Жўра, Ғулом Шомурод, Тошпўлат Аҳмад, Самандар Воҳидов, Садриддин Салим Бухорий ва бошқа ўнлаб қалам соҳибларининг  илк истеъдодлари юзага чиқишида пойдевор вазифасини ўтаган.
Ўзбек адабиётининг дарғаси, устозимиз Абдулла Орипов Тошпўлат Ҳамиднинг “Гумбазлар садоси” номли китобига ёзган сўзбошисида “Устоз шоир Уйғун Тошпўлат Ҳамид ҳақида ёза туриб, уни Зарафшон булбули, деб атаган эди. Бунингдек тўғри ва ажойиб таърифдан ўтказиб бир нима демоқ мушкул, албатта. Тошпўлат аканинг туғилган қишлоғи Бўстон деб аталади. Бўстон булбулсиз бўлмайди. Тошпўлат Ҳамид нафақат Бўстон қишлоғининг, нафақат Бухоро чаманзорининг ёхуд Зарафшон воҳасининг, балки дилбар Ўзбекистоннинг хушовоз булбулларидан биридир”, дея  муносиб баҳо берган эди.
Тошпўлат Ҳамид ТошДУнинг журналистика факультетини тугатганимдан сўнг Бухорога боришимга ва қўним топишимга сабабчи бўлган эдилар. У киши мени “Бухоро ҳақиқати” (ҳозирги “Бухоронома”) вилоят газетаси таҳририятига ишга қабул қилган, ижарада яшашимни билгач, анча муддат уйидан бошпана берган, фарзандидай яқин кўрарди.
Кейинчалик область партия комитетининг идеология масалалари билан шуғулланадиган учинчи секретари лавозимига кўтарилганида ҳам ўн беш, йигирма кун кўринмай қолсам (катта раҳбар, ўзимча бораверишга ботинмасдим) ўзлари йўқлаб чақириб оларди. Қалбан шоир, кўнгил одами эди устоз.
Мен Тошпўлат Ҳамид шогирдларининг кенжа авлодига мансуб эдим. Ва Устоз билан жуда кўп сафару давраларда бирга юрганман, нисбатан жуда кўп суҳбатларини олганман. Устоз билан битта туман — Қизилтепадан бўлганлигимиз сабаблими, машқларим, характерим маъқул тушганиданми, халқ маорифи бўлими мудири вазифасида ишлаганларида қишлоғимиздаги мактабда раҳбарлик  қилган отам билан танишликлари боисми, мени ўзларига жуда яқин тутардилар.
Ўша замонда, у киши эгаллаб турган лавозимдаги кишининг оғзидан чиқиши нари турсин, ҳатто ўйлаши сезилса сиёсат душманига айлантирилиши мумкин бўлган дардларини ҳам менга айтардилар. Устознинг кўп қаватли уйдаги квартирамизга ҳам кириб келган, турмуш ўртоғимга “Келин, рухсат беринг, хўжайинингиз билан фалон районга бирга борайлик ёки шеърхонлик қилиб қайтамиз”, деган пайтлари ҳам бўлган. Тасавур этинг: қўни-қўшниларнинг олдида давлат рақам белгиси ҳаммага маълум оқ “ГАЗ-24” русумли “Волга”нинг (у пайтларда бундай транспорт воситасида фақатгина обком секретарлари, область ижроия комитети раиси юрарди) уйингиз олдига келиб тўхташи, ундан вилоятнинг учинчи раҳбари, таниқли шоирнинг тушиб сизнинг кулбангизга кириши ва ўзига ҳамроҳ қилиб қайтишини.
Кўнглим тоғдай кўтарилар эди. Шеърий китобларига тартиб берганман, номларидан Тошкентдаги нашриётлар раҳбарларига келтириб топширганман. Баъзан “Юр, фалончи касал экан кўриб келайлик”, деб қолардилар. Гапдан гап чиқса мақтаниш учун эмас, шифохоналарда беморларнинг одамига қараб муносабатда бўлинишини билганлари учун менга “Сен бир–ярим ижодкорлар, оға-иниларининг касалхонага тушса, менга айт. Битта қўнғироқ билан область касалхонасини оёққа қўяман”, дердилар.
Шундай пайтлар ҳам бўлган. Газета таҳририятидаги Барно Ахмедов деган рассом-ретушер акамиз оналари, мен хола дердим, касалхонага тушганида ҳатто бўлим бошлиғи нари турсин, врачлар ҳам эътибор бермаётганидан ёзғириб қолди. Мен эрталаб устознинг уйларига борсам, нонушта қилиб ўтирган эканлар. Муддаомни эшитгач, дераза токчасида турган тўғри АТС навбатчисига уланган телефон (бундай телефон фақат вилоятнинг юқори раҳбарларининг кабинетидаги сингари уйларида ҳам бор эди) гўшагини кўтариб, дарҳол аввал область соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғини, кейин область касалхонаси бош врачини топиб улашни буюрдилар.
Зум ўтмай икки амалдор бирин-кетин линияга уланди. Барно ака билан вилоят касалхонасига борсак бош врач тили оғзидан чиқиб холанинг аҳволларидан иккинчи марта хабар олиш учун кетаётган экан. Врачларни оёққа қалқитган. Баъзан ҳозир ҳам ўша воқеани Барно ака билан кулиб эслаймиз. Тошпўлат Ҳамид катта шоир ёки ёзувчими, энди матбуотда номи кўриниб бошлаган ижодкорми, Тошкентдан Бухорога хизмат сафарига борганидан хабар топсалар албатта ҳурмат кўрсатиб ўзларига ҳамроҳ қилиб юрардилар.
Бирор муаммоси бўлса ёрдамларини аямасдилар. Жуда кўп шоир ва ёзувчилар Тошпулат акани қора тортиб Бухорога меҳмонга боришарди.  У инсон ғийбатдан, ҳасаддан, дилида бировга адоват сақлашдан йироқ, вақтида Устоз Абдулла Орипов таъбири билан айтганда “қултум сув билан парча нонни кўп кўрганлар”га ҳам яхшилик қилганига ўзим гувоҳман.  Тошпўлат Ҳамид қалби дарё, рангин олам ичра ёруғ, файзли бир олам эди. Қалам заҳматини тортгани, машаққатини ҳис этгани боис хоҳ катта, хоҳ таниқли журналист, ижодкор ниҳоятда қадрлар ва айрича ҳурмат кўрсатарди.
Сабабсиз оқибат бўлмайди, деганлари рост экан. Вилоят ҳокими мени “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталари  бош муҳаррирлигига таклиф этганида вазифа масъулияти, жавобгарлиги залворини ҳис этганим сабабли дастлаб рози бўлмаганман. Шунда ҳокими “Тошпўлат  ака пайтида газета жуда яхши чиқарди. Битта тумандансиз, устозингиз билан. Балки у киши вақти келиб шу шогирдим ишимни давом эттирсин”, деб ният қилгандир”, деган.
Бир куни оилавий альбомни варақлаётиб, устознинг эсдалик учун берган суратларидан бирининг орқасидаги “Шогирдим, иним, издошим Жаҳонгирга, 26 август, 1979 йил”, деган дастхатларини ўқидим ва беихтиёр ҳоким тилига келган гапларни эсладим. Чиндан ҳам устознинг холис нияти қилгандай, уни Оллоҳ вилоят раҳбари кўнглига солгандай туюлди. Шу тариқа 13 йил мазкур нашрлар бош муҳаррирлиги заҳматини тортишимга, устоз сингари қанча-қанча зарбаларни бошимдан кечиришимга тўғри келди.
Устознинг жуда кўп фазилатларидан ибрат, суҳбатларидан жуда кўп ҳаёт сабоғини олганман.
Ушбу битикни ёзаётиб устознинг бир гал мавриди келиб армон билан айтган қуйидаги фикрларини келтирмоқчиман:
—Сизлар 50 сўм гонарар олиш учун кўз нурларингизни тўкиб, кечалари ҳаловатни билмай қанчалик машаққат чекасизлар. Кўпчиликка манзур бўладиган, яхши нарсани осонгина ёзиб бўлмайди. У томонда,—устоз вилоятдаги катта амалдорларнинг исм-шарифини тилга олардилар.—Фалончанинг битта ишора, бир оғиз гап билан 50 минг сўм бир чўнтакдан бошқа чўнтакка киради. Лекин ўша 50 минг сўмнинг сизлар олган 50 сўмчалик қувончи йўқ. Қалам заҳматини чекиб топганларингиз она сутидай ҳалол. У ёқда 50 мингни паққос ютиб, яна борми деб турадиган одамлар нари борса 5 сўм еган бечорани дунёни ўмаргандай айблаб қамаб юборади.
Бошқа бир даъфа:
—Биз шунча яшаб ҳаёт нима эканлигини ҳали билмас эканмиз. Катта ҳаёт ичида юриб кўп нарсани кўрдим,—дегандилар устоз оғир тин олиб.—Ҳақиқат ва ҳақсизлик ўртасидаги курашлар, амал учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган кимсалар. Бир ёқда лаганбардорлик, тубанлик. Бир ёқда исрофгарчилигу кайфу сафо. Бир ёқда қозони ҳафталаб гўшту ёғ нималигини кўрмайдиган бечора халқ. Халққа раҳмим келади. Нималар бўлаяпти, ўзи?! Насиб этса, соғ-саломат бўлсак, ана шулар ҳақида катта-катта асарлар ёзаман…
Буюк немис шоири Генрих Гейнининг “Оламга кетаркан жиндаккина дарз, Шоир юрагидан ўтар чизиғи”, деган сатрларида ижодни қисмат билган кишилар ички олами ниҳоятда ёрқин ифода этилган. Чиндан ҳам ижодкор ён-атрофидан тортиб дунёдаги нохуш воқеа-ҳодисаларгача бефарқ қараб яшаёлмайди. Бунинг устига ўзига ошкора ва зимдан нокас, нотавонлар, кўролмайдиганлар, манфаатпараст, амалпарастларнинг зарбалари ҳам юрагига нил тортаверади. Муштдан келадиган юрак тоғдай юк, дардни кўтаришга қачонгача бардош беради, ахир?!
Устоз икки марта инфарктни бошларидан кечирган эдилар. 1984 йилнинг январь ойи охирларида Устозни Бухоро аэропортида Кисловодскка санаторияга кузатиб қўйдик. Хайрлашаётиб “Шу даъфа санаториядан соғ-саломат қайтсам, кейин ўлмайман. Ёзмоқчи бўлиб юрган режаларим кўп”, дедилар.
Энг сўнгги айтган гаплари ҳам, энг сўнгги дийдорлашганимиз ҳам — шу. 9 февраль, ҳазрат Алишер Навоий таваллуд топган кун машъум хабар юрак-баҳримизни ларзага келтирди. Устоз Кисловодск санаториясида даволаш муолажаларини олаётиб, навбатдаги инфаркт юз бериб, оламдан кўз юмибдилар.
У кишини бутун Бухоро оёққа қалқиб сўнгги манзилга кузатди. Ҳозирга қадар бошқа бирор кишининг вафотида Тошпўлат Ҳамидчалик эҳтиром кўрсатилиб, дафн қилинган эмас. Бу ҳам халқнинг шоирига меҳр-муҳаббати нечоғли баландлиги ифодаси эди. Баъзан Ҳазрати Имом қабристонига бориб ёнма-ён мангу қўним топган икки буюк Инсон —Тошпўлат Ҳамид ва Давлат мадҳияси мусиқаси муаллифи Мутаваккил Бурҳоновнинг қабрларини зиёрат қилиб, ҳақларига қуръон тиловат қилиб қайтаман.
Ҳурматли дўстим Исматжон!
Шундай азиз Инсон руҳини шод этганингиз, савобли ишингиз учун у кишидан кўп меҳр, яхшилик кўрган миннатдор шогирд сифатида Сизга яна бир бор раҳмат айтаман ва қуйида Устознинг ярим асрдан кўпроқ вақт илгари ёзилган бўлишига қарамай худди шу куннинг ҳайқириғидай жаранглайдиган “Менинг асрим” шеърини ёдга оламан:
Инсон ақли галактика йўлида чироқ,
Балки космос мозорида кўмилар таним.
Йўқ, йўқ! Само даричасин илк бор очган чоқ,
Тарихларга у ўлмас деб ёзди Ватаним.
Игналарга қатим бўлиб кирган офтобдан,
Балиқларга емиш бўлган чувалчанггача;
Мунофиқлар юзларига тортган ниқобдан,
Яқин Шарқда бўлаётган қонли жанггача;
Барчасини кўриб Асрим, ўйласам бир зум,
Чидаёлмай хонасидан чиқади юрак.
Урушқоқлар ер юзига сочаркан ўлим,
Типратикан каби бўйин тортмоқ не керак?!
Кўчаларда тупроқ ялаб, истаб бурда нон,
Жон берганлар руҳиига мен қилдим қасамёд.
Тингла, Асрим! Адолат, деб соламан тўфон,
Денгизларда пўртанаман, чўлда гирдибод.
Шамол бўлиб еламану ошиб томлардан,
Оқ уйларнинг деразасин қаттиқ қоқаман.
Оч, ғариблар кулбасига намозшомларда,
Кираману юрагимни шамдай ёқаман.
Шунда шаксиз кўтаради ҳисларим исён,
Самовийман! Ер куррасин дейман ўз қасрим.
Шу боисдан шодлик, ғамга шерик ҳар қачон,        
Кўз ёшим ҳам, қувончим ҳам сен билан, Асрим!
 
Жаҳонгир ИСМОИЛОВ,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
29 июнь, 2017 йил, Бухоро….
Leave a Reply
*