Menu
Categories
Махфий Хизмат Салтанати (Рустам Иноятовнинг сиёсий портретига шарҳ) (2-мақола)
08/04/2017 Демократия сабоқлари

“Дунё ўзбеклари”дан:
2017 йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон махсус хизмат раҳбари, генерал полковник  Рустам Иноятов 73 ёшга тўлди.
Республика МХХ сини 1995 йилдан бўён бошқариб келаётган Раис йил охирига қадар истеъфога чиқарилиши мумкин.
Унинг ишдан кетганидан сўнг у ҳақда ёзувчилар, ўзича башорат ва кашфиёт яратувчилар кўп бўлади.
Шунинг учун ҳам биз у ҳали ўз лавозимида мустаҳкам ўтирган пайтда, у ҳақда, у раҳбарлик қилаётган энг ёпиқ ва қудратли идора ҳақида ўз сўзимизни айтишга қарор қилдик…

Исмат ХУШЕВ: МАХФИЙ ХИЗМАТ САЛТАНАТИ

 

Рустам Иноятов одамларни алдаш ва ёлғон гапиришни таржима ҳолидан бошлаган…
МХХ раиси тарихда қандай ном билан қолади?
Рустам Иноятовнинг сиёсий портретига шарҳ

1-30 қисмлар биринчи мақолада

 

 31.
Бизда: “Шарқ – жуда нозиқ масала” (Восток дело тонкое) деб бежиз айтилмаган.
МХХ да “Шантаж санъати” билан бирга яна шундай жиноятлар содир этиладики, бу хақда ҳам алоҳида тўхталиб ўтишимиз лозим ва шарт. Бу идоранинг – ўз йўриғига юрмаган, унга шак келтирган давлат ва мухолифат фаолларидан ташқари, ўз ходимларига нисбатан ҳам қўллайдиган, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ярамас ва ноинсоний усуллари бор.
“Ўз ходимларига” дейишимизнинг сабаби шуки, МХХда 22 йилдан бўён Рустам Иноятов асл душман бир четда қолиб, миллатга қарши олиб бораётган сиёсатдан норози бўлган ҳалол ва мард, ўз халқига фидойи чекистлар ҳам талайгина. Бугун уларнинг дарди ичида. Лекин вақти келиб, давр ва сиёсат ўзгариб, биз қаламга олган воқеа ва ҳодисалар ўзининг бор фожеаси, даҳшати ва тафсилоти билан барибир ошкор бўлади. Уни амалга оширган ва уюштирган жиноятчилар, оддий чекист бўладими, МХХ раиси бўладими, ким бўлишидан қатъий назар, албатта жазоланади.
Бизнинг бугунги интилиш ва чиқишларимиз ҳам ана шу жараённи тезлаштириш, МХХ фаолиятини шаффофлаштириш борасида қўйилган илк қадамдир.  Ўзбек халқи бу идора ҳақида кўпроқ билиши ва кўзини тезроқ очишини истаймиз. Бу идора ва унинг раиси нафақат Президентга, балки Парламент ва Сенатга ҳам ҳисоб бериши, уларга ҳам бирдек бўйсунишини орзу қиламиз. Майли, орзу яхши нарса, лекин у ҳозирча барибир орзу. Асл ҳаёт эса жуда шафқатсиз. Мавзуга қайтсак. Биз МХХнинг ўзига ва сиёсатига қарши чиқувчиларга нисбатан қўллайдиган жазо ва ўч олиш усуллари ҳақида гапираётган эдик.
Бу – нишонга олинган “обьект”нинг оиласи ва қизларини “қўлга тушириб”, сўнг ўзига таъсир қилиш ва синдириш усули. Чекистлар буни муваффақиятли амалга ошириш учун барча ифлосликлардан фойдаланишади. Оила аъзоларининг, эр хотин ва қизларининг шахсий телефон суҳбатлари судсиз ва санкциясиз бемалол эшитилади, уларнинг сир асрорлари, нозик ва заиф томонлари яхшилаб ўрганилади. Сўнг ишга киришилади…
Биз бу гапларни ўзимиз тўқиб чиқараётганимиз йўқ. “Дунё ўзбеклари”да бошига айнан мана шундай қулфат ва маломат, тўҳмат ва ҳақорат тушган Ватандошларимизнинг аудио кўрсатмалари мавжуд. Биз уларни маълум сабаблар боис элга ошкор қилолмаймиз. Лекин кези келганда, улар одил ва халқаро судларга мурожаат қилсалар, гувоҳ сифатида маҳкамада иштирок этишга доим тайёрмиз.
 МХХ раиси томонидан тасдиқланган ва “добро” берилган бундай жирканч амалиёт – “операция”ни амалга ошириш учун бутун давлат “машинаси” ва имкониятларидан фойдаланилади. Аёллар одатда бойлик ва тилло тақинчоқларга ўч бўлишади. Бунинг устига улар аксар ҳолларда ўз эридан доим норози бўлиб юришади. Шунга эмас, балки бошқага текканимда яхшироқ яшардим деган пинҳоний бир армон кўпчилик заифага хос бўлган заифликдир. Махсус хизмат идорасидаги маккор ва пихини ёрган “психолог”лар буни жуда яхши билишади.
Уларда мана шундай жирканч операцияларни амалга ошириш учун сафарбар этилган оперативник ходимлардан ташқари, фоҳишалик қилишга махсус тайёрланган гул юзли ва камон қошли қизлар, қадди қомати келишган, кўркам йигитлар гуруҳи ҳам мавжуд. Идора қарамоғидаги бунга ўхшаш “сутенер”, “қўшмачи ва “гей”ларни-ку, айтиб ўтирмаса ҳам бўлади. Улар асосан Тошкент шаҳридаги энг нуфузли ва қиммат массаж салонлари ва сауналарида, ҳатто Президент резиденциясида ҳам бемалол фаолият олиб боришади. МХХга керак бўлганда ўз ишини дарҳол тўхтатиб, идора хизматига жалб этилади.
Яқинда Президентнинг “Шелковичная” ёзги резиденциясида қўлга туширилган ана шундай махсус тайёрланган фоҳиша қизлар гуруҳи ва улар билан кўнгилхушлик қилиб юрган МХХ зобитлари ҳақида Исмат Хушевнинг “Тошкентдаги фоҳишалар резиденцияси” номли мақола ва суҳбатида батафсил ҳикоя қилинган…
32.
МХХда ана шундай “махфий ва маиший” хизмат учун қўшмачи ва “енгил оёқлар”лар, “сутенер ва “саёқ”лар қаторида ўз чақимчи ва “қулоқлар”ига бериладиган алоҳида маблағ фонди – ойлик харажат схемалари мавжуд.
МХХ учун бундай “хуфиёна” ишларга деб Президентнинг махсус  Фармони ва Қарори билан жуда катта пул ажратилган. Бу маблағ МХХга: “Давлат хавфсизлиги ва осойишталигини сақлаш учун хуфия хизмат самадорлигини ошириш мақсадида” деган ажойиб ва ғаройиб ном остида тортиқ этилади. Бу пул бир неча миллион АҚШ долларини ташкил қилади десам, ишонинг. Бу идора ходимларининг сони ва ойлиги, пенсияси ва пенсияга қўшиб олинадиган пуллари доим сир сақланади.
Шунинг учун ҳам уни, қилаётган “қора” ишлари билан бирга, туб маънода – “Ёпиқ идора” деб аташади…
33.
Модомики, Ўзбекистонда МХХ томонидан ўз фуқароларига нисбатан атай уюштирилган “Шантаж ва ҳақорат қилиш санъати” мавжуд экан, у давлат ва мамлакат томонидан қўллаб қувватланар экан, биз бугун олис Канададан туриб, бу “ғаройиб” давлат раҳбарларини, энг аввало уни ушлаб турган устқуртма ва пойдевор асосчиси – МХХ раисини огоҳлантириб қўймоқчимиз.
Сиз ўз халқингизга нисбатан чорак асрдан бўён олиб бораётган бундай шармандали ҳолат – шантаж ва шахсий ҳаётига аралашиб, ёмонотлиқ қилиш сиёсатини тўхтатинг. Акс ҳолда, бунинг оқибатлари ёмон бўлиши мумкин.
Европа ва бошқа ривожланган ғарб давлатларида махсус хизмат ёки давлат идоралари томонидан ўз халқига нисбатан бундай ҳаракатлар содир этилса, бу ҳолат ўша заҳотиёқ матбуот ва парламент муҳокамасига олиб чиқилади. Айбдорлар қаттиқ жазоланади ва фуқаронинг шахсий ҳаётига аралашиб, уни ёмонотлиқ қилган, бадном этганлар, ким бўлишидан қатъий назар, бутун раҳбарлари, касбдошлари, садошлари билан бирга истеъфога чиқарилади.
Ўзбекистоннинг янги Президенти Сизларнинг бу ярамас ишларингиз ва қилмишларингизга  олдингиси каби панжа орасидан қараб турмайди. У даврлар ўтиб кетди. Кўзингизни каттароқ очинг. У даврлар ростдан ҳам ўтиб кетганини, ўзбек халқи билан ўйнашиш ва уларнинг ҳаётлари устидан турли туман “экспериментлар” ўтказиш энди ростдан ҳам Сизларга қимматга тушишини ўзларингиз ҳам англаётган бўлсанглар керак.
Буни қанча тез англаб етсангиз, ўзингизга шунча яхши бўлади…
34.
Биз МХХ раиси Рустам Иноятовнинг талабалик йиллари ҳақида ҳикоя қилаётган эдик. Ўзбек халқининг бугунги фожеаси сабабларини теран англаб етиш учун Рустам Расуловичнинг инсон ва раҳбар бўлиб шаклланган давр –  у ўсиб улғайган муҳит ва талабалик йиллари муҳим аҳамият касб этади.
Маълумки, ТошДУнинг Шарқшунослик факультетини битирган ҳар қандай талабага унинг олий маълумот соҳиблигини тасдиқловчи диплом билан бирга – ҳарбий кафедрани тугатганлиги ҳақида СССР мудофаа вазирлиги комиссарлиги томонидан заҳирадаги ҳарбий зобит (лейтенант) унвони ҳам берилади.
Лекин мен, масалан, Москва Давлат университетининг журналистика факультетини тугатганимда, диплом олганман-у, лекин лейтенант унвонини ололмаганман. Бунинг сабаби – ҳарбий кафедралар фақат кундузги бўлимда ўқитилади. Мен эса ТошДУнинг журналистика факультетида – аввал сиртқи, сўнг кечки ва ниҳоят кундузги бўлимларга ўтиб, ҳарбий кафедра дастурини тўлиқ ўзлаштиролмай қолгандим. Москвага боргандан кейин ҳам табиийки, ҳарбий кафедрадан озод этилдим.
Бу дегани – Москва университетини битириб, диплом олганимдан сўнг менга бошқа курсдошларим қаторида ҳарбий унвон берилмайди дегани эди. Яъни, ўқишни битиргандан сўнг Совет армияси сафида бир ярим йиллик ҳарбий хизматни ўташим лозим. Кейин шундай бўлди ҳам. Ростов Дон шаҳридаги Шимолий Кавказ Ҳарбий округи (СКВО) да сержант бўлиб бир ярим йил хизмат қилдим.
Шундан кейингина менга лейтенант унвонини беришди…

 

35.
Энди Рустам Иноятов масаласига қайтсак.
МХХнинг бугунги генерал полковник унвонидаги қудратли раиси ҳам, не ажаб ва ё не кулфатки, ТошДУнинг Шарқшунослик факультетини битирганидан сўнг, худди мен каби, лейтенант унвонидан маҳрум этилади.
Ҳолбуки, КГБга оператив ходим бўлиб ишга кириш учун номзод албатта лейтенант унвонига эга бўлиши керак. Хўш, Рустам Расуловичга бу унвон берилмаган бўлса, у қандай қилиб КГБга ишга кирди ва  унинг биринчи раҳбари даражасигача кўтарилди?  Мавзуни ўрганишда давом этамиз.
Демак, Рустам Иноятов ўқишни битирганидан сўнг, бошқа курсдошлари қаторида – диплом билан бирга лейтенант унвонини ололмайди. Бунинг сабаби – у ҳам худди мендек ҳарбий кафедрадан озод этилган эди.
Мен аввал сиртқи, сўнг кечки бўлимларда ўқиганим боис озод қилинган бўлсам, Рустам Иноятов икки йиллик академотпуск олгани учун Мудофаа вазирлигининг ўқув программасини бажара олмаган ва ҳарбий кафедрадан озод этилган.
Ўқишни битирганидан сўнг у ҳам мендек бир ярим йиллик ҳарбий хизмат ўташ мажбуриятини олади…
36.
Рустам Иноятовга диплом билан бирга офицерлик унвонини ҳам олиб бериш  унинг юқори эшелондаги барча амалдорларга сўзи ўтадиган отаси — КГБ полковниги Расул Иноятовнинг ҳам қўлидан келмаган. Сабаби: ҳарбий кафедра СССР мудофаа вазирлиги назоратида бўлган ва бу ноқонуний масалани у пайтларда пора ё-да таниш билишлар орқали ҳал этиш имконсиз эди.
Натижада ТошДУнинг Шарқшунослик факультетини бир бало қилиб битирган Рустам Иноятов тўғридан тўғри КГБ таркибига хизматга ўтолмасдан, худди мендек Совет Армияси сафига сафарбар этилади. Чунки унинг отаси ўғлини ўзи ишлайдиган соҳа – хавфсизлик хизматига ишлашини орзу қиларди. КГБда оператив ходим бўлиб ишлаш учун эса номзод энг камида лейтенант унвонига эга бўлиши шарт эди.
Рустам Иноятовнинг талабалик давриданоқ кўзбўямачилик билан шуғуллангани, қонунбузарлик қилганини ўрганиш мақсадида “Дунё ўзбеклари”нинг Тошкентдаги ишончли ва расмий манбалари Ўзбекистон миллий университети ва ҳозирги Шарқшунослик институтининг ҳарбий кафедралари архивлари билан танишишга муваффақ бўлишди.
Натижа эса биз кутгандан ҳам жиддий ва ташвишли эди: Икки йил ТошДУ ҳарбий кафедрасида таҳсил олиб бир нечта зачет ва имтиҳонларни топшира олмай  “йиқилган” Рустам Иноятов кафедра талабалари сафидан ўчирилган. У билан бирга ўқиган курсдошларининг рўйхати ва уларга заҳирадаги зобит (лейтенат) унвони топширилганлиги хусусида ҳужжат архивда мавжуд.
Лекин улар сафида Рустам Иноятовнинг муборак номи йўқ…
37.
Биз бугун тилга олган бу нохуш ҳолни ўзбек расмийлари бемалол текшириб, ўз хулосаларини чиқаришлари мумкин.
Лекин бир нарсани уларга ва МХХ нинг қудратли раҳбарига эслатиб қўйишимиз лозим: Бу архив ҳужжатларини бугун энди хизмат ва мансаб ваколатини суистеъмол қилиб ўзгартириш ва сохталаштириш жуда қийин бўлади. Ҳатто МХХ раиси Рустам Иноятов учун ҳам сохталаштириш энди осон эмас. Бунга отнинг калласидай юрак керак.
Аммо ушбу мақола чоп этилгандан сўнг университет ҳарбий кафедраси ўз архивларига “Совершенно секретно” грифи тамғасини уриб, яна янги  жиноятларнинг олдини олади деб умид қиламиз.
Ҳолбуки, архивдаги энди йўқотиш жиноят ҳисобланган бу ҳужжатдан нусха олинмаган ва у Канадага йўлланмаган деб  бугун ҳеч ким кафолат беролмайди…

 

38.
Юқорида зикр этилган сабаблар боис бўлса керак – Рустам Иноятов  ўзи билан бир гуруҳда ўқиган ва форс тилини ўрганган группадошларидан бирор кишини ҳам юқори даражали давлат ишига кўтармаган. Курсдошларининг анъанавий давра ва ўтиришларига бормаган.
Кимдир тасодифан бирор даврада: “унинг билим олишга уқуви йўқ, ўта “дангаса” эди. Қолоқлик “думлари”дан қутилолмай, таниш билишлар ёрдамида зўрға диплом олганди” деган гап-сўзлар тарқалишидан қўрққан бўлса ажаб эмас, МХХ раиси ўринбосари, сўнг МХХ раҳбари лавозимига кўтарилгач, бирорта группадошини қўллаб қувватламаган ва ҳатто қабул ҳам қилмаган.
Республика бош чекисти группадошларининг айримлари Ўзбекистонни тарк этишган, “тилини ютиб” юрган баъзи-бирлари билан эса биз турли даврларда йўлини топиб суҳбатлашишга муяссар бўлдик.
Ҳозирги даврда қудратли МХХ раиси Рустам Иноятов билан бир группада ўқиб, уни “гуляка” лақаби билан биладиган яқин улфатларидан икки нафари – Шодмон Ниёзматов ва Маҳмуд Охунжоновлар чорак асрдан бери Москвада  тинчгина умргузаронлик қилиб юришибди. Улар шу пайтгача группадоши Рустам Расулович Иноятов билан учрашиш ва дийдорлашиш имконига эга бўлишмаган…
39.
Бедард ва бетакрор студентлик йилларида нималар юз бермайди дейсиз. Йигитликни “ёшлик – бебошлик” даври деб бежиз айтишмаган.
Нима ҳам дердик. Русларда “Хозяин – барин” деган бир гап бор. Бу ҳақиқатни тан олмасдан бошқа илож йўқ.
Яхшиям чекист курсдошлари Сталинга ўхшаб битта телефон қўнғироғи билан уларни “Лубянка”нинг ертўласига олиб кириб қўймади. Акс ҳолда хуфия идора раҳбари билан бирга ўқиш ва улфатчилик қилиш қанақа бўлишини уларга кўрсатиб қўйган бўларди. Лекин шундай разилликни қилмади-ку, шунисига ҳам шукр қилиб юришибди улар.
Дарвоқе, Сталиннинг ўспиринлик ва йигитлик давридаги бирорта ҳам дўсти, синфдоши, курсдоши ва сирдошидан асар ҳам қолмаганини эсласак, унинг одамлардан яширадиган ёшликдаги “шўхлик” ва “бебошлик”лари фонида, йигирманчи асрнинг энг золим ва қонхўр диктатори бўлиб шаклланган чиркин муҳит ва жиноий давралар сир-асрори ростдан ҳам кўплигига ишонч ҳосил қиламиз.
Хўш, Рустам Иноятовда-чи?
40.
Умуман, МХХ раисининг чорак асрлик сиёсий портретини яратиш мақсадида Рустам Иноятов билан бирга ўқиган талабаларнинг кейинги тақдири билан қизиққанимизда, ажиб ва ҳайратомуз ҳолларга дуч келдик: Ўзбекистон Хавфсизлик Хизмати раҳбари билан бирга ўқиган, у билан группадош бўлган, курсдош ҳисобланган талабалардан бирортаси ҳам “кўкармаган” ёки атай “кўкартирилмаган” – жамиятнинг ижтимоий сиёсий ҳаётида танилмаган ва ўз ўрнини топмаган.
Уларнинг барчаси Иноятовнинг Москвадаги икки улфати каби ё Ватанни тарк этган ё таниқли бўлишга интилмай, жимгина тилини тишлаб юришга маҳкум этилган.
Ҳолбуки, ТошДУнинг Шарқшунослик факультетини 1968 йилда Рустам Иноятов билан бирга жами 51 талаба битирганини аниқладик. Улардан 9 нафари – Араб , 8 нафари – Хитой, 10 нафари Форс,  9 нафари Эрон,  8 нафари – Ҳинд урду , 7 нафари – Япон тиллари бўйича мутахассис бўлиб етишиб чиққан.
Лекин шу пайтга қадар собиқ курсдошларнинг бирортаси ҳам элга танилмади, ном-нишони чиқмади. Бугун уларнинг қаерда эканини ҳам биров билмайди…
Ер юзининг Ўзбекистонга тааллуқли бўлган бирор бир элчихона ва ё консуллигида, руспублика куч ишлатар тизимларида, Олий раҳбарият ва ё бошқа давлат идораларида МХХ раиси билан бирга ўқиган курсдошларни учратмайсиз…
41. 
Албатта, Рустам Иноятов билан бирга ишлаган ва хизмат қилаётган ҳозирги генераллар, Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги мулозимлар биз айтаётган фикрларни инкор этишга, “йўқ, Рустам Расуловични сиз эмас, биз яқиндан биламиз, у билан неча йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, у аслида саводсиз талабалар сафида эди деган иддаоларни рад этамиз, у фикри кенг, малакали таҳлилчи, ниҳоятда донишманд ва доно амалдор” дейишлари турган гап.
Уларга бизнинг жавобимиз қуйидагича бўлади: елкасига тасодифан “олтин лочин” ўтирган жоҳил манқуртга мамлакатнинг ичкари ва ташқарисидан кечаю кундуз 100—200 минглик ахборот тўпловчи зобитлар ва жосуслар армияси махфий маълумотлар бериб турса, малакали таҳлилчилар уларни таҳлил этиб турса, ўта манқурт одам ҳам раҳбарият тан олган олий жаноб донишмандга айланиши турган гап. Буни ҳамма билади!
Биз ҳали бу мавзуга батафсил қайтамиз…
42.
Биз – қаҳрамонимиз ТошДУни битиргач, “лейтенант” унвонидан маҳрум бўлиб қолган ажойиб ва ғаройиб даврга келиб қолган эдик. Демак, ўша жойидан давом этамиз.
Рустам Иноятов 1968 йилда ТошДУнинг Шарқшунослик факультетини битиргач – ҳарбий хизматга чақирилади. Аслида шарқ факультетида ўқийдиганлар ТошДУ ҳарбий кафедрасида таҳсил олиб, уни битиргач, захирадаги лейтенант — ҳарбий зобит дафтарчасини қўлга киритишади. Юқорида айтганимиз каби – фақатгина у ёки бу сабаб билан ҳарбий кафедрадан озод этилганлар ёки шу кафедрада ўқиб, “зачет” ва имтиҳон топшира олмаганларгина ҳарбий хизматга жалб этилади.
Яна бир гап: Рустам Иноятов ҳарбий хизматга ўз ихтиёри билан борган бўлиши ҳам мумкин, КГБга ишга ўтиш мақсадида. Бунинг боиси шуки, унинг отаси – КГБ полковниги Расул Иноятов ўғлини ўз соҳасида ишлашини орзу қилиб, бунинг учун қўлидан келганича ҳаракат қилган. КГБда оператив ходим лавозимига ўтиш учун эса номзод камида лейтенант унвонига эга бўлиши зарур.
Хуллас, Рустам Иноятов ТошДУнинг Шарқшунослик факультетини битириб, Совет Армияси сафига – мажбурий ҳарбий хизматга боради. Лекин Москва Давлат университетини битирган Исмат Хушевга ўхшаб, сержант унвонида Ростов Дон шаҳридаги қурилиш батальонида эмас, балки, отасининг ёрдамида СССР мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий разведка — ГРУ йўлланмаси билан Афғонистонда ҳарбий таржимон бўлиб хизмат қилади.
Сўнгра форс, тожик тилларини мукаммал билгани, шу имкониятдан тўла фойдалана олганлиги боис КГБ резендентураси қанотида ҳарбий маслаҳатчи сифатида ҳарбий хизматни ўтай бошлайди…
43.
Юқорида зикр этганимиздек, Рустам Иноятовнинг отаси Расул Иноятов  – Иккинчи жаҳон уруши фахрийси, ҳарбий медик, КГБ полковниги бўлган. У олдин соғлиқни сақлаш вазирлиги Тўртинчи бош бошқармасига, сўнгра Ўзбекистон Республикаси КГБсининг санчасти — тиббиёт ва санитария Бош бошқармасига кўп йил раҳбарлик қилган.
Юқори мавқеъ, баланд обрўга эгалиги боис Ўзбекистон компартияси ва КГБ раҳбарларига яқин ва даврадош бўлган Расул Иноятов СССР КГБ раҳбарияти билан ҳам илиқ алоқада бўлган. Улар хизмат сафари билан Ўзбекистонга келганида иззат икром билан кутиб олиш, ўзбек махсус хизматларининг махфий сўлим дачаларидаги шоҳона ва ўзбекона қўлинг ўргилсин зиёфатларда жуда жонбозлик кўрсатган. Кейинчалик ҳам уларни узлуксиз равишда Ўзбекистон ноз—неъматлари билан (посилкалар) орқали мунтазам таъминлаб келган.
Шу тариқа ўз таниш билишлари ёрдамида ўғли Рустамнинг мартабаси янада юксалишига катта ҳисса қўшган бўлса ҳам ажаб эмас…

 

44.
Рустам Иноятовнинг шахсий розилиги билан тўлдирилган “Википедия” маълумотларида у 1976-1981 йилларда совет дипломати ниқоби остида Афғонистонда резидентура ходими – агенти бўлиб ишлаган, деб ёзилган. Туғма кўзбўямачи, ёлғон ва ҳийла найрангларнинг беназир гроссмейстери ҳатто интернетда ҳам ўзига тегишли маълумотларни сохталаштирган дейишга бугун тўла ҳаққимиз бор. Асос: дипломатик лавозимда ишлаш учун совет даврида камида бир неча йил техник лавозимларда ишлаб, у таҳлилий малакаси юқори эканлигини исботлаши зарур эди. Бу ҳақиқатни разведка соҳасидагилар, тажрибали чекист ва зиёлилар яхши билишади.
Шубҳамизга қўшимча далил шуки, 1968 йилда ТошДУни бир бало қилиб битирган чаласавод йигит ундан кейинги саккиз йил давомида қаерларда ишлаган, бу саволга ҳозирча жавоб тополмадик. Ўша “Википедия”да аниқ тиниқ ёзилишича, Рустам Иноятов 1965-1967 йилларда Тошкент қурилиш трестида катта мояна олиш мақсадида энг оғир иш — асфальт бетон ётқизувчи сифатида ишлаган эмиш. Бу ғирт ёлғонни биз ҳатто текшириб ўтиришни ҳам ўзимизга эп кўрмадик. Шундай экан, унинг ўзи ва у бошқарадиган нуфузли ташкилот чорак асрдан бўён раҳбариятга “қунт билан текширилган, ўта махфий ва муҳим” дея тақдим этадиган – ўзбек халқи ва давлатининг ҳаёти, тақдири ва хавсизлигини ҳал қиладиган – ахборотларга ишонишга асос бормикин? Ким унга ишониб юрибди? Буни кимдан сўраса бўлади?
1965-1967 йиллар Рустам Иноятовнинг – ўша биз юқорида ёзган ва таниш билишлар ёрдамида “Академотпуск” олган даврига тўғри келади. Ниҳоятда обрўли, жуда катта имкониятларга эга, КГБ полковниги бўлган қудратли ва меҳрибон отасининг соясида университет машғулотларига борса-да, қониқарли ўқий олмаган боқибеғам ва ялқов йигит, Тошкент қурилиш трестида жуда оғир қора иш — бетон ва асфальт қориб кун кечирардими? Бу афсонага ким ишонади? Бу ёлғончининг устози ким бўлган?
Бизнинг бу ўринли истеҳзони ўқиб, Иноятовга оид “Википедия” маълумотларини ўзидан берухсат кимдир ёзгандир дегувчилар ҳам топилар. Журналист Исмат Хушевнинг таржима ҳолини ўзидан сўрамай, унинг мухлисларидан бири ёзса, бунга ишониш мумкиндир.
Лекин Ўзбекистонда ўта махфий маълумотлар олувчи ва республика раҳбариятига етказувчи энг нуфузли амалдор – давлат хуфия идораси раҳбари таржимаи ҳолини ундан рухсатсиз ҳеч ким ёза олмаса керак…
45.
Одамларни алдаш, кўзбўямачилик қилиш ва ёлғон гапириш санъатини Рустам Иноятов ёшлигидан, таржимаи ҳолидан бошлаган. Президентга мамлакатдаги ижтимоий – сиёсий ҳолат, ватандошлар кайфияти, уларнинг қай бири дўсту, қай бири мухолиф, кадрлар танлаш ва уларни юқори мансабларга тавсия этиш хусусида давлат раҳбарига энг асосий маслаҳатчи бўлган.
Мамалакат ва давлат тақдирини ҳал қиладиган “Ўта муҳим ва махфий”, “Ишончли маълумот”ларни узлуксиз равишда Олий раҳбариятга тақдим этиб юрган хуфия хизмати раҳбарининг қай даражада ҳалол, профессионал ва адолатпарварлиги нафақат Шавкат Мирзиёевни, балки бутун Ўзбекистон аҳолисини жиддий ташвишга солиши зарур.
У оддий одам бўлганида, унга бунчалик эътибор бермаса ҳам бўларди. Ҳолбуки, Рустам Иноятов кейинги 22 йилдан бўён Ўзбекистонни ўз қўлида ушлаб турган қудратли ва ҳеч кимга бўйсунмайдиган мутлақ ҳукмдор, кўриниши қўйдек, амаллари эса бўридек “неподконтрольный” шахс. Унинг ҳаёти, таржимаи ҳолидан тортиб, то бугунги кунига қадар қилган ишлари фақат жиноятдан иборат.
Унинг ана шу ҳаёт йўллари  – яшаган умр саҳифаси – барча манбаларда очиқ-ойдин, ҳалол ва рўй-рост, тўлиқ ва шаффоф акс этиши лозим.
Алдов ва кўзбўямачиликдан холи, ёлғон ва адоватдан йироқ ҳолда.
Буни ундан ва Ўзбекистоннинг адолатпарвар, халқпарвар Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевдан талаб қилишга бизнинг тўла ҳаққимиз бор…
46.
Энди икки оғиз сўз Рустам Иноятовнинг унвонлари ҳақида.
Унга қачон ва қаерда ГРУ лейтенанти унвони берилгани ҳақида маълумот йўқ. Худди шунингдек   қачон “капитан”, “майор” ва “подполковник” бўлгани ҳақидаги манба ва маълумотлар ҳам “ёпиқ” ва “мутақо махфий” қилиб гримланган. Фақат бир манбада унинг “полковник” бўлгани ҳақида айтилади. Маълумотлар етарли эмаслиги, қай даражада ҳақиқийлиги ё нотўғрилигига кафолат беролмаганимиз туфайли, уларга ҳозирча тўхталмаймиз.
Билганимиз, ўша “Википедия”га қўйилган маълумот. Рустам Иноятовнинг 1995 йилнинг 27 июнидан эътиборан Ўзбекистон МХХ раиси этиб тайинлангани, 1996 йил – “Генерал лейтенант”, 1999 йил эса – “Генерал-полковник” унвонларига эга бўлгани…
47.
Дарвоқе, Рустам Иноятовнинг қандай қилиб Ўзбекистон махсус хизмати раҳбари этиб тайинлангани хусусида…
КГБ полковниги Расул Иноятов эркатой ўғлини – юқори даражадаги амалдорлар билан ўз шахсий алоқалари ва имкониятларидан фойдаланиб, ниҳоят, республика КГБ идорасига ишга киритишга муваффақ бўлади.
Шу тариқа ГРУ лейтенанти Рустам Иноятовнинг – Ўзбекистон “Махсус Хизмат Салтанати”ни қўлга киритиш борасидаги салб юриши бошланади. Лекин бу салб юриш анча сир ва синоатга тўла бўлгани учун унга бафуржа тўхталишга тўғри келади.
Рустам Иноятовнинг ўз розилиги билан эълон қилинган Википедия маълумотига кўра, у 1968 йили ТошДУнинг Шарқшунослик факультетини битириб, Совет Армияси сафида ҳарбий хизмат ўтагани кўрсатилган. Ҳарбий хизмат ўташ чоғида СССР КГБ сига ишга олингани айтилади. 1970 йилдан эътиборан то бугунги кунга қадар ҳарбий хизматда экани алоҳида урғуланган. Давлат Хавфсизлик Хизматидаги фаолият айни пайтда ҳарбий хизмат ҳисобланишини эътиборга олсак, демак, Рустам Иноятов 1970 йилдан эътиборан КГБ сафларига ишга олинган бўлиб чиқади.
Рустам Иноятовнинг Ўзбекистон Хавфсизлик Хизмати салтанатини қўлга киритиш тарихи ва тафсилотларини ўрганиш асносида шундай маълумотларга дуч келдикки, у биздан алоҳида ва жиддий эътиборни талаб қилади, бу масалага янада ҳушёрроқ қарашга чорлайди. Очиқ манбаларда шу пайтга қадар халқдан яшириб келинган бу маълумот шундай иборатки, Рустам Иноятов ўз чекистлик фаолиятини дастлаб Ўзбекистон КГБ сида бошлаб, сўнг Москвада – ПГУ КГБ да давом эттирган. Балки малакасини ошириш учун стажировка ўтагандир ёки ташқи разведка курсларида таҳсил олгандир, бу бизга қоронғу. Энг муҳими у маълум муддат Москвада ПГУ КГБ да ишлаган. ПГУ КГБ дегани – СССР КГБ си қошидаги ташқи разведка учун масъул бўлган Биринчи Ҳарбий Бошқарма дегани. Рус тилида у ПГУ КГБ – Первое главное управление КГБ СССР  деб аталади.
Бизни ажиб ҳайратларга ошно этган яна бир ҳолат шуки, Россиянинг бугунги Президенти ва ҳукмдорлари Владимир Путин, Сергей Иванов, Сергей Нарышкин, Владимир Якунинлар ҳам ўз вақтида Рустам Иноятов хизмат қилган ПГУ КГБ СССР да фаолият юритишган…

 

48.
ГРУ лейтенанти Рустам Иноятов ПГУ КГБ да қанча муддат ишлади, қайси унвонларда фаолият юритди – бу ҳозирча бизга қоронғу. Ойдини ёки маълуми шуки, 1976-йилдан эътиборан у дипломат ниқоби остида Москвадан Қобулга – СССРнинг Афғонистондаги элчихонасига ишга юборилади. У расман  – Совет Иттифоқининг Афғонистондаги эчихонаси ходими ҳисобланса-да, лекин аслида, совет разведкаси резиденти бўлиб фаолият юритади. Бу вазифада у роппа роса беш йил – 1981 йилгача ишлайди.
Ана энди энг қизиғи бошланади. 1981 йилдан кейин майор Рустам Иноятов узоқ йиллар қаерда ишлагани, нима иш қилгани жамоатчилик назаридан сир тутилган. Баъзи манбалар Афғонистондан кейин унинг бир муддат КГБ дан четлатилгани ҳақида гапиришади. Лекин бунинг расмий тасдиғини топмаганимиз боис, шарҳлашдан, бир нарса дейишдан ўзимизни тиямиз.
У қанча вақт ишсиз юрди. Нима учун ишсиз юрди. Қайси унвонда ишсиз юрди. Агар ростдан ҳам ишсиз юрган бўлса. Агар бу нотўғри бўлса, у Афғонистондан кейин нима иш қилди, қаерда ишлади, ким бўлиб ишлади – нега ҳеч қайси манбада айтилмаган, қайд этилмаган? Ҳатто ўша википедияда ҳам бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган.
Орадан ўн тўрт йил ўтиб  – 1995 йилнинг 27 июнь куни Рустам Иноятов бирданига Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси этиб тайинлангани барча расмий ва норасмий манбаларда зикр этилган. Унинг раис бўлишдан олдин ўринбосар бўлганини биламиз. Ўринбосарликдан олдин нима иш қилган, қайси Бошқармаларда ким бўлиб ишлаган, булар ҳақида маълумот йўқ.
Ўзбекистон мустақил бўлиб, КГБ СНБ га айлантирилган даврда Рустам Иноятов бу идорада ким бўлиб ишлаган. у Ўзбекистон мустақиллигини қайси лавозим ва унвонда кутиб олган булар ҳозирча бизга номаълум.
Ўзбекистон давлати ва ўзбек халқи тақдирига чорак асрдан бўён бевосита дахлдор бўлган хуфия идора раҳбарининг ҳаёти ва фаолияти хуфия бўлиб қолмаслиги керак. Бу давр соатма соат, минутма минут, очиқ ойдин, ҳалол ва рост, тўғри ва шаффоф қилиб ёзиб қўйилиши лозим ва шарт!

 

49.
Майли, бу ёғини лозим топса, керакли идоралар сўраб суриштирар, биз эса ўз изланишимизни давом этаверамиз.
Шарқшуносликни – отасининг ёрдами билан зўрға битирган, ўшанда ҳам офицерлик унвонидан маҳрум этилган, ватанпарварлик ва миллатпарварликдан йироқ, ўзбек давлати ва халқи тақдирига бефарқ бўлган Рустам Иноятов қандай қилиб Ўзбекистон Хавфсизлик Хизмати раҳбари бўлиб қолди?
Нега Ислом Каримов бошқани, масалан, Бахтиёр Ғуломов ёки Зокиржон Алматовни эмас, айнан уни МХХ раиси этиб тайинлади? Рустам Иноятов нимаси билан Ўзбекистон биринчи Президенти ишончини қозона олди? Шундай улуғ ва муборак лавозимга у аслида муносибмиди? Унинг хуфия идорасига чорак асрдан бўён раҳбарлик қилиши бизга, халқимизга нима берди. Бу даврда – Ислом Каримов таъбири билан айтганда: Ким эдиг-у, ким бўлдик?!. Ўзбекистон ва ўзбек халқи бундан ютдими ё ютқиздими?
Қолаверса, унга қадар республика Хавфсизлик Хизматига раҳбарлик қилган генерал полковник Ғулом Алиев нега тўрт йилнинг нари берисида истеъфога чиқарилди?  Нега ўзи Қашқадарёдан олиб келиб, Ўзбекистон Хавфсизлик Хизматининг биринчи Миллий раҳбари этиб тайинлаган дўстини Президент алмаштиришга қарор қилди? Ислом Каримов билан уларнинг орасида нима гап ўтган, қандай келишмовчилик бўлган. Қайси масалаларда улар тил топишолмаган?
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
18 июль, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада
(Давоми бор)
 “Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*