Menu
Categories
Нодира Назар: ТИЛ ВА ИНТЕРНЕТ – “АНГА БИР НУҚТА КЎП БЎЛСА ЗИЁНДУР”
07/27/2017 Муҳокама учун мавзу
Nodira NAZAR
ТИЛ ВА ИНТЕРНЕТ
“АНГА БИР НУҚТА КЎП БЎЛСА ЗИЁНДУР”
Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чаладию бутун бир тилни бузаётган одамга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?
Абдулла ҚАҲҲОР
ХХI аср – техника асри. Бу эса биз яшаб турган оламнинг тез суръатларда турфа хил тус олишига имкон яратади. Айниқса интернет иш билим олиш жараёнининг жадаллик билан ривожланишига ёрдам беради. Шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги музокаралар, олиб борилаётган суҳбат жараёнлари бизга фойда келтириши, техника тараққиёти инсониятга, умуман олганда, ҳаётимизнинг янада яхшиланишига кўмак бериши табиий тусга айланиб бориши лозим.
Мана, масалан, узоқдалигингизда, айтайлик, хизмат сафарида юрган чоғингизда бирор-бир ҳужжат ёки ишга доир материалларни иш жойингизга етказиш учун ортиқча заҳмат чекиш шарт эмас: электрон почта орқали бемалол, яна саноқли дақиқалар ичида жўната оласиз. Буни ҳозирги кунда анчайин қулайликларга эга бўлган бошқа турли ижтимоий тармоқлардан ҳам арзимаган вақт ва арзимаган нақд эвазига амалга ошириш мумкин. Бу эса техника тараққиётининг ижобий томонларини белгилайди. Шунингдек, олисдаги яқинларингиз, оилангиз, дўстларингиз дийдорини қўмсаган чоғларда ҳам айнан интернет ёрдамга шошилади! Улар билан ёзма равишда суҳбатлашишни истаганингизда узундан узоқ мактуб ёзмайсизми, ҳажмининг фарқи йўқ, бу ҳеч қандай чекловларсиз! Мабодо, юзма-юз кўришишни истасангиз, “скайп” тайёр…
Аммо сўнгги вақтларда кузатилаётган, айнан ижтимоий тармоқларда йўл қўйилаётган хато – имло хатолари анча “глобаллашди”. Ижтимоий тармоқлар бамисоли эркин минбардек, у ерда ҳеч қандай чекловлар йўқ. Ҳамма ўз билганича, ўзининг ўй-хаёли, қайсидир мавзудаги фикрлари билан ўртоқлашиш, ким биландир боғланиш ёхуд бирор янгилик топиш илинжида унга аъзо бўлади ва бошқалар билан мулоқотга киришади. Бу эса, ўз навбатида, ижтимоий “гурунгбоз” гуруҳларни ташкил этади. Бу каби суҳбат жараёнларида бирор янгиликдан бошқалардан кўра олдинроқ воқиф бўлиш мумкин, бироқ одамнинг саводхонлик даражаси, ички маданияти, энг асосийси, тилга муносабати маълум бўлиб қолади.
Масалан, ижтимоий сайтлардан фойдаланадиган ҳар бир киши яхши биладиган, кўзи ўрганиб кетган “сўз шакл”лари бор: “хе4qisi y6q”, (ҳечқиси йўқ), “ок” (“яхши, зўр” маъносида), “xop” (хўп) ва бошқалар. Шевадаги сўзларни-ку, айтмай қўяқолайлик. Баъзан ёзишмаларда шу қадар чигаллик юзага келадики, айрим сўзларни тушуниб олиш учун роса бош қотиришга тўғри келади: ажи-бужи, кирилл ва лотин ҳарфлари аралаш-қуралаш қилиб ёзилган, ҳарфлар билан рақамлар баб-баравар ишлатилган бўлади.
Хуллас, интернетда бугун ўзига хос алифбо юзага келди. Ҳозирги кунда интернет сайтларидан фойдаланиш ёшларнинг кундалик ҳаётда энг кўп қилинадиган “иш”” бўлиб бормоқда, – дейди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири Зулхумор Шермаматова. – Улар тарбияни ҳам, бадиий адабиётдан хабардорликни ҳам, умуман олганда, фикрлашни мана шу интернет орқали осонгина ўқиб-ўрганиб олишаяпти. Буни глобаллашувнинг оддий “талаби” десак бўлаверади, менимча. Лекин танганинг иккинчи тарафи, ишни тезгина битириш учун биз сабрсиз ёшлар хатоларга эътибор бермаймиз ёки “замонавийлигимиз” тўғри ёзишга йўл қўймайди.
Ваҳоланки, замонавийлик илмга таъсир этиши керак эмас. Ўзим интернетда дўстларим, танишлар билан иложи борича адабий тилда суҳбатлашишга интиламан, буни хоҳлайман ҳам. Лекин баъзан айрим саҳифаларда шундай ҳолатларга дуч келаманки, туппа-тузук одам, фикрлари маънили, аммо имлоси… Ахир, инсоннинг билим савиясини ёзуви ҳам кўрсатиб туради-ку! Чиройли фикрлар чиройли имлода ифодаланганига нима етсин! Тенгдошимизнинг фикрларида жон бор. Яқинда ижтимоий тармоқларнинг бирида дўстимизнинг “ҳикоя”сига кўзим тушди. Мавзу яхши танланган, маъноси ҳам ёмон эмас. Аммо ундаги имловий хатолар маъно тугул сўзни ҳам “ўчириб, еб юборган”дай.
Бу вазиятдан кўз юмиб кетолмадим. Ўша ҳикояни компьютеримга кўчириб олдим-да, имло хатолари тузатилган вариантини унга қайта юбордим. Бироз вақт ўтиб, ундан хабар келди: “Хижолатдаман, ўрганаётганимдан эса мамнунман. Буни биринчи дарсингиз деб ҳисоблайлик…” Аввалига ҳайрон бўлдим, буни ўзи ёздимикан, деб. Ҳеч қандай хатога йўл қўйилмаган. Шу-шу у адабий тилда сўзлашадиган, ёзадиган бўлди. Демак, у ўзига тўғри хулоса чиқарган. Демак, адабий тил имлосини кўпчилигимиз биламизу амал қилишга келганда, негадир, имлосизлар қаторидан жой олишни маъқул биламиз. Бу эса асло тўғри эмас. Зеро, Ҳазрат Навоий айтганидек: “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз”!
Айрим тенгдошларимиз, ҳатто ёши катталар ҳам хато ёзишади. Бунинг боиси, аслида имло оқсаши. Бу хатони тузатишнинг бирдан-бир чораси – китоб мутолааси! Кўз ва хотирани китобдаги барча жиҳатдан тўғри ёзилган сўзларга ўргатиш машқи! Тўғри, кўпчилик, хусусан, “вақти тиғиз” ёшларимизнинг бунга хоҳиши бўлса ҳам имкони бўлмаслиги мумкин. Бироқ бу етарли асос, баҳона бўла олмайди. Бир сўз билан айтганда, ижтимоий тармоқларда ҳам тил ва имло мактабларини йўлга солсак, тилимизнинг қиймати, софлиги, адабийлиги оғзаки суҳбатлашув жараёнларида ҳам ўз ўрнини топган бўлар эди. Ахир, тил – маънавият кўзгуси.
Хусусан, Навоий бобомизнинг “…Одам тили билан бошқа ҳайвонлардан имтиёзлидир. Унинг тили орқали бошқа одамлардан афзаллиги билинади. Тил – шунча шарафи билан нутқнинг қуролидир. Агар нутқ номаъқул бўлиб чиқса – тилнинг офатидир”, деган фикрлари маънавиятга дахлдор. “Одамнинг оғзи худди ўранинг ўзгинасидир, ундан чиққан сўзлар дон каби сочилиб кетади” , дейди Юсуф Хос Ҳожиб. Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки, ижтимоий тармоқларда ҳам, оддий сўзлашувлар ва ёзишмаларда ҳам тилимизни асраб-авайлаш ва унинг бор гўзаллигини кўрсата олиш пайида бўлайлик.
Бунинг учун эса устозлардан, буюк бобокалонларимиздан, адабиётимиз дарғаларидан кўпроқ ўрганайлик.
Хусусан, Сўфи Оллоёр айтганидек,
Калити ганжи маъниким забондур,
Анга бир нуқта кўп бўлса зиёндур.
Нодира НАЗАРОВА,
Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети талабаси
https://www.facebook.com/nodira.nazar
"3" Comments
  1. Танкид яхши. Айникса ёш авлодимизни камчиликлар устида макола ёзиши, бу айни талаб килинаётган шижоат.
    Маколани бошланишига андак тушунмадим: “ХХI аср – техника асри”???
    Менимча ахборот асри дейилса реаллика якинрок буларди.

  2. Хаммасига аросат алифбомиз айбдор. На лотин-у, на Кирилл.

  3. Lekin maqola juda dolzarb.

Leave a Reply
*