Menu
Categories
ИСМАТ ХУШЕВ: ЎЗБЕК ЭМИГРАНТЛАРИНИНГ УЧ ТОИФАСИ (2-КИТОБ, 10-БОБ)
07/25/2017 Демократия сабоқлари
ИСМАТ ХУШЕВ
UzbekDunyo@hotmail.com
ПРЕЗИДЕНТ ЭРКАТОЙИНИНГ САРГЎЗАШТЛАРИ  
ИККИНЧИ КИТОБ – 10 БОБ  
Умри – сaбoқ, дaрслигиггумoн йўқ,
Муб
oҳaсa, бaҳслигиггумoн йўқ.
Т
aрихий шaхс эмaсдир-у влекин,
Исм
aтжoннинг шaхслигиггумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
399
Суратда: Ўнгдан биринчи – “Совет Ўзбекистони” газетаси Бош муҳаррири Ўктам Усмонов, “Правда Востока” газетаси Бош муҳаррири Рубен Сафаров, “Учительская газета”нинг Ўзбекистон бўйича мухбири Анвар Усмонов, Журналистлар уюшмаси раиси, СССР халқ депутати Аҳмаджон Мухторов  “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев ва бошқалар Ўзбекистон журналистларининг Москва матбуотида Фарғона фожеаларининг бир ёқлама ёритилишига қарши митинггида…
10-боб
 ЎЗБЕК ЭМИГРАНТЛАРИНИНГ УЧ ТОИФАСИ
 Ёки Ислом аканинг биринчи отдоши
 
1.
Ҳокимият тизимида ишлай бошлаганимдан кейин ҳам норасмий ташкилот вакиллари билан алоқани узмадим.
Уларга тўғрисини айтдим: «Мен Ислом Каримовнинг сиёсатига ишондим, шу кишининг қўлида ишлайман. Сизлар билан ҳам конструктив ҳамкорлик қиламан».
Кези келганда шуни айтиш лозимки, Ислом Каримов ҳокимият бошига келгандан кейин мендан бошқа яна бир қанча мухолифат фаоллари ҳам унга ишониб, у билан ҳамкорлик қилишга, командасига ўтиб ишлашга иштиёқ сезишди.
Аввал Эркин Воҳидов, Шукрулло, Темир Валиев, Усмон Азимовлар, кейинроқ 1992 йилдан эса Бек Тошмуҳамедов, Аҳмад Аъзам ва бошқалар ҳукумат тизимларидаги турли лавозимларда ишлай бошлашди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Шукрилло ва Темир Валиевлар Президент Кенгашининг аъзоси этиб тайинланган бўлсалар-да, “Бирлик” ҳаракати билан ҳам ҳамкорликни узмагандилар.
Атоқли ўзбек ёзувчиси Ойбек домланинг ўғиллари Бек Тошмуҳамедов “ВАК”нинг раиси бўлганларида ҳам, ундан кейин ҳам ҳамиша мухолифат сафида бўлдилар.
Қизиғи шундаки, орадан беш олти йил ўтар-ўтмас, Эркин Воҳидовдан бошқа ҳамма “собиқ мухолифатчилар” турли баҳона-ю сабаблар билан ўз эгаллаб турган лавозимларидан бирин-кетин озод қилиндилар.
Ҳа, Ислом Каримов ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб, одамлар ишончини қозонишда дўстдан ҳам, душмандан ҳам ўринли фойдаланиш маҳоратига эга экан…
2.
Шу ўринда менинг Ислом Абдуғаниевичга муносабатим ўша пайтларда қанчалик самимий ва беғараз эканлигини кўрсатадиган бир мисолни айтиб ўтмоқчиман.
«Ҳаёт ва иқтисод» журналига эндигина бош муҳаррир этиб тайинланган пайтимда ташкилотнинг фаоллари пойтахтда митинг ўтказиш учун Тошкент шаҳар ижроия қўмитасига ариза берганди.
Аризага беш киши: Муҳаммад Солиҳ, Аҳмад Аъзам, мен ва яна икки киши имзо қўйгандик.
У пайтлари митинг ўтказиш учун олдиндан ижроқўмга ариза бериларди. Мен ҳам норасмий ташкилотнинг фаоллари қаторида имзо чеккан эдим.
Демак, мен ўз позициямни очиқ-ойдин айтганимдан кейин ҳам улар мени сафларидан чиқариб ташламаган эдилар. Чунки гапларим, ҳаракатларим самимий эканлигига ишонишарди.
Ўшанда шаҳар ижроқўмининг раиси, назаримда, Шоабдураҳмонов деган киши эди.
У киши илгари Тошкент метросининг раҳбари бўлган. Муҳаммад Солиҳ номзоди СССР халқ депутатлигига қўйилган пайтда айнан шу киши округ сайлов комиссиясининг раиси эдилар.
Жуда юмшоқ фъелли, итоатгўй бу одам кейинчалик Адҳам Фозилбеков бу лавозимга келгач, яна ўз қадрдон метросига бошлиқ бўлиб қайтиб кетади…
3.
Хуллас, “Бирлик”чилар шаҳарда кўпминг кишилик митинг ўтказмоқчи бўлганлиги тўғрисидаги хабар Ислом Абдуғаниевичга етказилади.
Ислом ака Ўзбекистонда эндигина иш бошлаган, Фарғона воқеаларининг акс-садолари ҳали босилмаган, республикадаги сиёсий вазият беқарорлашиб турган бир пайт эди.
Бундай қалтис шароитда ортиқча ҳис-ҳаяжон ёмон оқибатларга олиб келиши, оломон қуюшқондан чиқиб кетиши мумкин эди. Шу боис митинглар ёпиқ бинода ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Лекин аризада очиқ майдонда митинг ўтказилиши айтилган эди.
Агар аризага имзо қўйган кишилардан бирортаси: «Очиқ майдонда эмас, ёпиқ бинода, хусусан, газета корпусининг мажлислар залида митинг ўтказилишига рухсат беришингизни сўрайман», деб аризани қайта ёзиб берса, кейинги ариза инобатга олинар экан.
Ўзбекистон журналистлари томонидан Москва матбуотида Фарғона фожеаларининг бир томонлама ёритилиш сиёсатига қарши ўтказилаётган бу митингдан ҳукумат ҳам манфаатдор эди, албатта.
Митинг бўлишидан бир неча кун олдин Мирсаидов мени ёқлаётганини айтиб қолишди.
Бир учрашганимизда Шукрулла Раҳматович: «Ислом ака илтимос қиляптилар, шу митингни ёпиқ бинода ўтказсаларинг яхши бўларди», деди.
Мен Ислом аканинг номини эшитиб дарҳол аризани қайта ёзиб бердим.
Албатта, норасмий ташкилотнинг бошқа фаоллари менинг ўзбошимчалигимдан қаттиқ норози бўлишади. Бирпас тўполон қилишади.
Аммо, ғишт қолипдан қўчган эди – ҳаммаси қонун бўйича бўлаётганди.
– Бўпти, бундан кейин ариза ёзсаларинг мени аралаштирмайсизлар, – деб таскин берганман уларга…
4. 
Хуллас, митинг ёпиқ бинода ўтказилди.
Йиғилиш минбарида Аҳмаджон Мухторов (Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси), Ўктам Усмонов (“Совет Ўзбекистони” газетаси Бош муҳаррири), Рубен Сафаров (“Правда Востока” газетаси бош муҳаррири), Анвар Усмонов (Москвадаги “Учительская газета” нинг Ўзбекистон бўйича мухбири) ва мен қатнашган эдик. (Сурат берилади)
Хийла бақир-чақир бўлганди.
Ўшандан кейин айтишларича, Ислом ака мендан жуда миннатдор бўлган эканлар.
Тўғри, “Бирлик” фаоллари кейинчалик мендан ўпкалаб юришди. Бироқ мен уларга ўз позициямни очиқчасига айтганим учун ҳам мени сотқинликда айблай олишмасди.
«Токи Ислом ака республикада биринчи шахс экан, мен у кишининг командасида бўламан», деб қайта-қайта айтганман уларга…
5.
Адолат юзасидан айтмоқ жоизки, Ислом Абдуғаниевич биринчи секретарь бўлиб келгач, норасмий ташкилотларга ҳам секин аста эркинликлар бера бошлади.
Улар телевидениедан чиқиб сўзлаш имкониятига эга бўлдилар, эфирда улар учун махсус вақт ажратилди.
Лекин мухолифатчилар бу имкониятлардан қандай фойдалана олганликлари – бу энди бошқа масала.
Улар телевизор экранидан бир икки маротаба кўринишди, холос.
Биринчи бор 1989 йил 10 сентябрь кунги митингни қолдирилганини халққа эълон қилиш учун (Абдураҳим Пўлатов), иккинчи бор эса, ўзъаро носоғлом муносабатларини соғломлаштириш ва ё ойдинлаштириш учун (Эркин Воҳидов ва Аҳмад Аъзам) зангори экрандан мухолифат вакиллари ўлароқ кўриниш беришганди
Улар билан музокаралар олиб борилди, баъзи бир ҳукумат йиғилишларига норасмий ташкилотларнинг вакиллари ҳам таклиф қилина бошланди.
Афсуски, улар мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ўрнига ўзаро гуруҳбозлик жангларига берилиб кетдилар.
Бундан руҳланган ҳукумат биринчи маротаба 1989 йилнинг 17 октябридаги митингни калтаклаш билан тарқатишга муваффақ бўлди.
Нишонов даврида ҳам норасмий ташкилотлар тазйиқ остида эди, лекин ҳеч қачон уларга ҳукумат куч ишлатишга ботинмаганди.
Майли, буёғи алоҳида мавзу бўлади.  Ҳозир бошқа нарсани айтмоқчиман…
6.
1989 – йилнинг 2 – август куни менинг иккинчи фарзандим дунёга келди.
У ҳам Қулаҳмад Ризаев раҳбар бўлган 1-шаҳар шифохонасида туғилди.
Туғруқхонага бориб қувонч билан қайтганим ҳамон эсимда.
Чунки мен тўнғич қизим – Ҳулкаримдан кейин орзу қилиб юрганим – ўғил кўрган эдим. Ўғлимга муносиб исм қидира бошладим.
Умид қўйсаммикан…
Бирдан Шукрулла Раҳматович йўқлаб қолди. Шошиб ҳузурига бордим.
Қабулхонага кираверишда ишлар бошқармасидаги Хайрулла Рахматуллаев ва Туйғун Аъзамовлар “ўғлингизнинг номини “Ислом” қўйиб яхши қилибсиз”, – деб мени табриклашди.
Мен ҳайрон бўлдим-у, лекин сир бой бермадим. Ўзим негадир бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман.
Бирдан кўнглим ёришиб кетди.
– Исматжон, табриклаймиз! Илойим, умри билан берган бўлсин! – деди Шукур ака мени шодон қаршиларкан. – Хўш, исмини нима қўймоқчисиз? – деб сўради кулимсираб.
– Аниқ бир тўхтамга келганим йўқ. Сиз нима деб маслаҳат берасиз, – дедим қувлик билан.
– Исматжон, қизиқ йигит экансиз-ку! Ўғлингиз ўз исми билан дунёга келибди-ку! Албатта “Ислом” қўямиз-да! Унга яна қанақа муносиб исм керак?! Мен ҳатто Ислом акамга бу ҳақда айтиб ҳам қўйдим. Шошманг, ҳозир ўзингиз гаплашасиз, – деб «ВЧ» телефон трубкасини кўтардилар-да: – Ислом ака, мана, Исматжоннинг ўзи ҳам етиб келди. Икки оғиз гаплашасизми? Анави митингни ёпиқ бинога кўчириб бергани учун Сизнинг номингиздан раҳмат айтиб қўйдим. Хўп, ҳозир. Мана.
Шукрулла Раҳматович давлат герби бўлган оғир трубкани трубкани менга бердилар.
– Ассалому алайкум, Ислом ака! – дедим ҳаяжонланиб.
У киши ҳам митинг тинч ўтгани учун раҳмат айтдилар. Лекин ўғлимнинг исмини Ислом қўйишимга дастлаб розилик бермадилар.
– Ўзим бу ишга янги келган бўлсам, ҳали ҳеч нарса қилишга улгурганим йўқ. Бошқа чиройли исмлар кўп-ку! – дедилар.
– Ислом ака, Сизнинг ҳаётингизга мен ҳавас қиламан! Худо хоҳласа, ҳали буюк мақсадларингиз ҳам рўёбга чиқади. Ўғлим ҳам қайсидир жиҳатлари билан сизга ўхшашини ният қилганман. Илтимос, йўқ деманг!
– Ният қилган бўлсангиз, майли, розиман. Келинимизни менинг номимдан табриклаб, саломлар айтиб қўйинг! – дедилар Ислом ака. – Чақалоқнинг майда-чуйда маъракаларини ўтказаверинг, Шукур акангизга айтаман ёрдам қилади, лекин суннат тўйини ёдимга соласиз. Келинга албатта салом айтинг! – деб таъкидладилар.
– Раҳмат, Ислом ака! – дедим. – Шукрулла ака ҳам Сиздан ниҳоятда миннатдор…
– Шукрулла акангизга айтиб қўйинг, кўнглини бир жойга қўйиб ишлайверсин! Худо хоҳласа, яхши гаплар, яхши ишлар ҳали одинда турибди, – деди Ислом Абдуғаниевич. – Хайр, саломат бўлинглар!
Шундай қилиб, республикамизда биринчи бўлиб мен – 1989 йилнинг 2 – август куни туғилган ўғлимнинг исмини «ИСЛОМ» деб қўйганман.
Ислом Абдуғаниевичнинг розилиги билан ўғлимга шундай исм қўйдим…
7.
Ҳа, мен Ислом аканинг биринчи отдоши – ўғлим борлиги билан фахрланардим.
Болалигидан бахт ва иқбол, ёруғ истиқбол орзу қилиб, бахтсизлик ва хақсизлик гирдобида ўсиб улғайган, адолат ва диёнатга шайдо кўнглим дунёга келган фарзандимнинг у кишидек эл назарига тушган одам бўлишини ният қилиб, яхши орзу умидлар билан Ислом деб атаган эдим.
Лекин, минг афсуски, йиллар ўтиб бу орзу-умидлар саробга айланди…
Бугун орадан шунча йиллар ўтиб ўйлаб кетаман: «Нега, нима учун мен Ислом Каримовга бу қадар чексиз ихлос қўйдим, ишондим?» деб.
Бутун умрим ва ҳаётимни бахшида этдим. Нега?
8.
Эҳтимол, бошқалар фақат орқаваротдан билишар, аммо мен кўпгина раҳбарларни, лидерларни яқиндан танир эдим.
Афсуски, улар орасида миллатнинг бошини қовуштирадиган том маънодаги ЮРТБОШИни кўрмаганман.
Тўғри, улар ҳалол инсонлар эди, ўз ишларини яхши билишарди.
Лекин миллатни бирлаштириш учун яхши инсон, малакали мутахассис бўлишнинг ўзи камлик қилади.
Тарихнинг бурилиш нуқталарида халқни янги истиқбол сари олиб ўтиб кетиш ҳеч қачон осон бўлмаган.
Фақат ҳақиқий раҳнамогина миллат бирлигини сақлаб қолади ва ёруғ кунларга қатъиян ишонади.
Жамият устқурмасини бузиб, вайрон этиб ташлаш унчалик қийин эмас.
Лекин вайроналар устида янги бино – янги жамият барпо этиш ниҳоятда мушкул вазифадир…
Не бахтки, тақдир бизга ана шундай улуғ бир инсонни берган эди. Бу – Ислом Каримов эди!
9.
Бир куни халқона шоиримиз Тўра Сулаймон: «Ислом акани буюк бир зотнинг руҳи доимо қўллаб-қувватлаб туради» деган эди жойнамозини йиғиштириб ўрнидан турар экан.
Ўшанда ҳалол бир инсон – Тўра Сулаймон – намоз пайтида ҳам юртбошимизни ўйлаганидан, юртбошимиз тўғрисида қайғурганидан асло ажабланмагандим.
Ишончим комилки, ўша пайтларда минг-минглаб ҳалол инсонлар, мўъмин-мусулмонлар Ислом акани жойнамоз устида дуо қилардилар.
Илло, халқнинг дуосини олган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди деб бошқалар қатори мен ҳам унга меҳр қўйган бўлсам, не ажаб!
Мен Ислом Каримовни ана шундай жасоратли, миллатпарвар ва ҳавас қилса арзийдиган йўлбошчи деб билардим.
Унга ишонардим! Унга сиғинардим!
Лекин, минг афсуски маълум вақт ўтиб менинг ва менга ўхшаш у кишига ишонган ва ихлос қўйган миллионлаб одамларнинг бу покдомон ва нафис туйғулари, покиза ва муқаддас ишончлари паймол бўлди, топталди, тахқирланди!
Бугун бу сатрларни ёзиш мен учун қанчалар оғир ва азобли, аччиқ ва изтиробли эканини Сиз тасаввур қила олармикансиз?
10.
Мен бугун Ватанимдан олис бир диёрда, исмини қачонлардир яхши ниятлар билан «Ислом» деб қўйган ўғлимнинг йигирма тўрт ёшга тўлиши боис дилда ҳижрон, кўзда ёш билан қуйидаги сатрларни битдим:
Ўғлим Исломжон билан
Ўғлим Исломбекка
Йигирма тўрт ёшга тўлибсан, ўғлим
Сенинг отдош бобонг ҳануз элда шоҳ.
Менинг хорижларда – шикаста кўнглим,
Ватан соғинчидан – юрагимда оҳ…
Неларни ўйлайсан, дилингда не ғам,
Ўксик нигоҳингда, ўғлим, нима ўй?
Бизни юртимиздан қувган зотлар ҳам,
Бир кун Ватангадо бўлгай, билиб қўй…
Ожиз ва нотавон отангни кечир,
Кечир – беролмадим порлоқ истиқбол.
Мендан юз ўгирди – омад ва тақдир,
Мендан юз ўгирди – Эрк ва Истиқлол.
Бугун ҳайқирмоққа ожиздир тилим,
Қаро куни тушди бошимга итнинг.
Қоматингга боқиб зор қақшар дилим:
Нега Ватани йўқ шундай йигитнинг…
11.
Ўғлим, мен бу хориж элларда сенинг отингни ҳар атаганда – юрагимда икки бор оғриқ сезаман.
Биринчиси – не не умидлар билан ўзим ихлос қўйган одамнинг номи билан сени атадим.
Иккинчиси, ўғлим, бу ном – сенга оғир қисмат келтиришдан бошқа нарсага  ярамади…
Тўғри,  ҳар бир одамга санчилган пичоқ – унинг ўзига оғриқ беради. Бошқаларга эмас.
Лекин халқимнинг бугунги аянчли қисмати  менга – сенинг қисматингдан ҳам ортиқроқ ва кўпроқ азоб беради десам, ишонгин, ўғлим.
Бу қисмат учун Ўзбекистон шаҳаншоҳига асоссиз ихлос қўйган шахс сифатида мен ўзимни сенинг олдингда қайсидир маънода гуноҳкор сезаман.
Сен каби оғир қисматларга беайб дучор бўлган халқимнинг минглаб, миллионлаб фарзандлари азобини ҳам сенинг азобингдек  ҳис қиламан, ўғлим.
Бугун мустақиллик деб аталган мажозий кунда ўз ватанидан жудо бўлган сон саноқсиз Ватандошларимнинг оғир қисматини ўйлаганда, сенинг азобингга уларнинг ҳам азоби қўшилиб, юрак бағрим қонга тўлади, ўғлим…
12.
Сен каби айбсиз айбдор фарзандлар бугун ташқарида оз эмас.
Қизил империя пайтида юз бермаган фожелар мустақиллик пайтида авж олганидан мен азоб тортаман.
Ҳар қанча бўлса ҳам қизил империя даврида эмигрантлик ҳодисаси йўқ эди. Ватанни ташлаб кетган одамларни  эшитмасдик.
Бугун бу оммавий ҳодисага, таъбир жоиз бўлса –  оммавий фожеага айланди.
Бугун –   уларнинг энг камида уч тоифасини тилга олиш мумкин.
Биринчиси – катта бир қисми худди мен каби сиёсий  эмигрантлардир.
Иккинчиси –  яна миллионлаб қисми ўз ватанидан ташқарида –  «мусор» халтасини елкасига ортиб дунё бўйлаб юрган ўзбеклар иш излаб «ихтиёрий» эмигрантлик қисматига дучор бўлдилар.
Ўз мамлакатида иш бермаслик фожеаси – бу кичкина фожеа эмас. Бир замонлар қизил империя даврида ишламаслик  учун жиноий модда бор эди.
Мустақилликда бугун ватанида иш тополмай, қозонини сувга солиб, бола чақасини рўза туттириб, тирикчилигини барбод қилиб, қизил империя остонасига бош уриб, иш излаб юрганлар миллион миллонларни ташкил этади…
Ва яна учинчи гуруҳ «эмигрантлар» борки, буни кўпчилик билмайди десам, ишон, ўғлим!
Бу – мамлакат ичида – ўз Ватани, ўз юртида юрган эмигрантлар.
Ватан томонидан қадри топталган, жамиятдаги ўз муносиб ўрнидан асоссиз мосуво этилганлар, ноҳақ қамалган, ноҳақ таҳқирланганлар, хўрланган ва ҳақоратланган шахслардир…
Бу адолатсизликлар шундай қолиши мумкин эмас.  Улар бир кун ўз баҳосини олади.
Бу жудоликни келтириб чиқарган шахслар бугун давлатни қуртдай кемираётган баднафслар, олғирлар, муттаҳамлар – бу оғир қисмат учун тарих олдида албатта жавоб берадилар!
Ватан ичидаги эмигрантларнинг ҳам  бугунги қисмати, ўғлим, сенинг ва менинг қисматимдан оғир бўлса оғирдирки, лекин сира кам эмас…
Аслини олганда, сен ва мен эмигрант эмасмиз, ўғлим.
Дардини айтиб, йиғлай олган одам эмигрант эмас.
Дардини айтолмай, йиғлаган одамгина эмигрантдир. Ватанда бундайлар сон саноқсиз.  Уларнинг рўйхати бир неча китоб бўлади, болам.
Мен уларнинг рўйхатини бирма бир биламан десам, ишон, ўғлим, бирма бир айтишим мумкин. Лекин бу билан масала ҳал бўлмайди-да…
Уларнинг ичида давлат арбоблари бор, мустақилликка пойдевор яратганлар бор.
Улар жамиятга ўз фикрини айтолмайдилар. Ижтимоий ҳаётга аралашаолмайдилар…
Уларнинг ичида туну кун мустақилликни ва мустақиллик дарғасини шарафловчи мақолалар  ёзган журналистлар бор, қўшиқ қилиб куйлаган  санъаткорлар бор,  Мустақиллик байроғини мендек ҳаммадан кўпроқ ва баландроқ кўтариб чопганлар бор, ҳатто Ўзбекистон гимнини яратганлар бор…
13.
Ўзбекистон мустақиллигини олқишлаган халқ депутатларининг энг олдинги қисми қамоқда ётибди.
Энг оғир йўлни босиб ўтганлар  бугун  қамоқда…
Ўғлим, тарозига қўйганда халқимнинг дарди  сенинг дардинг каби, ҳатто ундан-да кўпроқ мени эзади.
Халқимнинг юрагига санчилган пичоқ, ўзимнинг юрагимга санчилган пичоқдан кўпроқ менга ботади.
Халқимнинг «пичоғни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга ур!» деганига тан бермайман.
Чунки халқимнинг танасига санчилган пичоқ менга кўпроқ азоб беради…
14.
Ўзбекистондан СССР халқ депутати этиб сайланган Золотарев СССР Мудофаа вазири билан бўлган суҳбатда вазирга савол беради:
– Афғон урушида қанча совет аскарлари ҳалок бўлди?
– 15 000 атрофида…
– Бу озми ё кўп сизнингча?
– Каттакон советлар иттифоқи учун «ничего»…
– Агар шуларнинг орасида Сизнинг  фарзандингиз бўлганида ҳам «ничего» бўлармиди?
-…
Шундан келиб чиқиб, бугун Сизга мурожаат қилмоқчиман, Ислом ака.
Миллионлаб йигит ва қизлар Ватан меҳрига зор бўлиб, бир бурда нону насиба  топиш илинжида дунё кезиб  юрибди.
Бу Сиз учун «ничего»ми? Наҳотки «ничего» бўлса?
Сизга бу азоб келтирмайдими?
Лекин шуларнинг ичида агар шаддот қизингиз ҳам бўлганида эди, балки ўшанда Сиз муҳожирлар ҳаётини яхшироқ ва теранроқ ҳис қилармидингиз…
15.
Ўзбекистонда бемаъни бир шиор бор.
«Биз ҳеч кимдан кам эмас!» деб қўшиққа солиб айтадилар.
Ҳар қандай юрмайдиган соат ҳам бир суткада икки марта тўғри бўлгани каби, бу калтабин сиёсат ҳам шу маънода тўғриким, Ўзбекистон эмигрантлар сони бўйича – жаҳонда  ҳеч кимдан кам эмас, балки  биринчи ўринларга чиққан бўлса ажаб эмас…
16.
Эмигрантлар бугун хорижда кун кўраётгани йўқ.  Эмигрантлар кун санаяпти, холос.
Кун санаб, келажакни кутиб, умид билан яшаб юришибди…
Бир кун ўша ёруғ кунлар келажак. Имоним комил, албатта келажак!
Ўшанда музаффар байроқ билан Ватанга қайтамиз, ўғлим!
Эмигрантлик хотирамизда фақат дардли ёдгорлик бўлиб яшаб қолажак…
Сен бошингни баланд тут, ўғлим!
Сен номингдан ҳеч қачон ўксинма.
Мен уни буюк ихлос ва нодонларча ишонувчанлик ва оқкўнгиллик тафайли сенга берган эдим.
Бунда сенинг заррача гуноҳинг йўқ.
Бунга Оллоҳ ва менинг виждоним шоҳид!
17.
Биз Ватанга бир кун албатта қайтамиз, ўғлим! Сен бунга ишон!
Сендек йигирма тўрт ёшимда – талабалик йилларимда тилимиздан тушмайдиган бир шеър бўларди:
Мени кутгил ва мен қайтарман,
Фақат кутгил жуда интизор…
Бу сатрларни Константин Симонов деган бобонг уруш майдонидан ёзган эди. Лекин бугун сен билан биз яшаб турган муҳит – эмигрантлик ҳаёти  ҳам – уруш майдонидан асло қолишмайди.
Мен бугунги эмигрантлик майдонини ҳам уруш майдонидан кам деб билмайман.
Лекин мен Ўзбекистондан неча минг километр нариларда туриб, орадаги не не баланд тоғлар ортидаги ҳақиқий истиқболни ҳам кўраман.
Ва мен бугун дунё ўзбеклари – бутун эмигрантлар номидан Констатин Симоновнинг ўша машҳур шеърини Ватанга қарата такрор айтгим келади:
 МEНИ КУТГИЛ
Мени кутгил ва мен қайтарман,
Фақат кутгил, жуда интизор,
Кутгил, ёмғир зериктирганда,
Мени кутгил, ёққанида қор,
Атрофингни ҳарорат қоплаб,
Еру кўкни чанг тутганда, кут.
Бошқаларни узатган дўстлар
Кечагина унутганда, кут.
Хат келмасдан узоқ ерлардан,
Юрагингни қилганида қон,
Кутгил, сенла бирга кутганлар
Зериккандан чекканда фиғон.
Мени кутгил ва мен қайтармен,
Бўлса ҳамки, рангинг заъфарон,
Ёринг қайтмас, умидингни уз,
Деганларга тилама омон.
Майли, ўғлим, синглим, волидам,
Аза очсин мен йўқ туфайли.
Кутабериб сабри тугаган
Ёру дўстлар, ошнолар, майли,
Айрилиққа беролмасдан тоб,
Аччиқ-аччиқ ичсинлар шароб.
Кўзларингга тўлса ҳамки, ёш
Фақат сен кут ва айла бардош.
Мени кутгил ва мен қайтарман,
Ўлимларни қолдириб доғда.
Иши ўнгдан кепти десинлар
Кутмаганлар мени у чоғда.
Ёт туюлар кутмаганларга,
Бундай ажиб толеинг санинг.
Кута-кута мени офатдан
Омон сақлаб қолаолганинг.
Қандай омон қолганлигимни,
Ёлғиз сенга айтарман, сирдош,
Кутаолдинг мени сен фақат,
Буюк эди сендаги бардош.
Ҳамид Олимжон таржимаси
(давоми бор)
http://dunyouzbeklari.com/

6 шарҳ

  1. Башар Алим

    Яна бир тўртинчи тоифа бор, Исмат ака – улар эмигрантлар эмас, дейлик иммигрантлар – яъни Ўзбекистон раҳбарияти, ҳокимлар. вазирлар ва хъуллас ҳокимият ҳамтовоқлари. Улар на халқ ичида юра олади – иимигратларга ўхшаб – ҳамма жойни темир панжаралар билан ўраб ташлашни яхши кўришади. Хуллса, ана шу тўртинчи тоифа йўқ бўлса қолган уч тоифа ўз-ўзидан ҳақиқий ЎЗБЕК элига айланади…

  2. ISMATBEK aka ko^zda yosh bilan uqidim. ilohim siz aytgan kunlar tezroq kelsin.

  3. Фаррух

    Исмат ака , яна юрак багирни эзиб ташладингиз. Бировга улим тилашни урнига , узингга умр тилагин дейишади. Лекин тепада айтилган сузлар учун, миллион- миллион эзилган мигрантларимиз учун ман шу ишонган отангизга улим тилагим келади. Зероки у одам Узбекистон сахнасидан кетмас экан, катта узгариш булмайди.
    Буни уни узи хам билади.

  4. Muxlis

    Juda ajoyib chiqibdi. Ilohim bu kutishlar uzoqqa cho’zilmasin

     

    1. Ўзбеклар минг йиллик тарих давомида хозиргидек млнларча хорижга мухожир бўлиб, бошқа халқларни қўлига қараб хор бўлгани йўқ! Бу ҳаммаси Каримовни виждонига ҳавола. Миллатимиз қизлари, аёллари шарманда бўлди. Ислом Каримов мамлакатда Сталинча қатағон сиёсат тузумини яратди. Исмат Хушев бу ҳақиқатни тўғри ва очиқ ойдин баён этган. Шу инсонга, унинг иймон эътиқодига мен доим ҳайрат билан қарайман. Бундай талантли ва истдодли шахслар юз йилларда бир туғилиши миумкин. Бахтимизга доим бор бўлинг азиз Исматжон ака.

1 шарҳ

  1. Professor Karshi F.Hasanov

    Исмат ака,
    Ўзбекистонлик эммигрантларнинг уч тоифаси ҳақида билдирган фикр ва мулохазаларингизни ўқиб, сизни хали у ўзим билмаган хислатарингизни кашф этдим. Асар жуда равон ёзилган. Сизда самимият жуда кучли.

Leave a Reply
*