Menu
Categories
Исмат Хушев: Президент эркасининг саргузаштлари – Сарой ўйинлари (2-китоб, 11-боб)
07/30/2017 Демократия сабоқлари
ИСМАТ ХУШЕВ
UzbekDunyo@hotmail.com

 

ПРЕЗИДЕНТ ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
ИККИНЧИ КИТОБ 
Умри – сaбoқ, дaрслигиггумoн йўқ,
Муб
oҳaсa, бaҳслигиггумoн йўқ.
Т
aрихий шaхс эмaсдир-у влекин,
Исм
aтжoннинг шaхслигиггумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
сарой
 Суратда: Исмат Хушев Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан…
(Cурат матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда)
САРОЙ ЎЙИНЛАРИ
(ёки Сарой ўйинлари оқимида ғоввос бўлиб шўнғиганларим ва нодонларча қовун туширганларим хусусида)
 
1.
Хуллас, Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида улкан ўзгаришлар бошланди.
Табиийки, бош муҳаррир сифатида бу ўзгаришларга мен ҳам бевосита гувоҳ бўлардим.
Хўш, булар нималарда кўринди?
Энг аввало, раҳбарият халқ томон юз бурди. Ҳар хил жиддий масалалар халқ вакиллари иштирокида ошкора муҳокама этила бошланди, юқори доираларда юзма-юз суҳбатлар уюштириларди.
Албатта, бундай суҳбатларга матбуот ходимлари ҳам жалб этиларди.
Вазирлар Маҳкамасида ярим йиллик, бир йиллик якунлар бўйича мунтазам равишда йиғилишлар ўтказиларди.
Одатда, ҳисобот – йиғилишларни Ислом Каримовнинг шахсан ўзи бошқарарди.
Ислом ака иқтисодни, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини ниҳоятда теран тушунар эди. Ҳар қандай мавзуни маромига етказиб таҳлил этиб берарди. Рус тилида жуда яхши, боз устига, қоғозга қарамай гапирарди. Аста-секин ўзбек тилида ҳам гапиришни ўрганади.
Масалан, қурилиш вазиридан ҳисобот сўралса-ю, унинг жавоблари қониқарсиз бўлса, Ислом ака бу соҳага доир шундай фикр-мулоҳазалар билдирардики, фақат қурилиш соҳасини беш қўлдай биладиган тажрибали мутахассисгина бундай фикр юритиши мумкин эди.
Ёки бўлмасам, Соғлиқни сақлаш вазирини саволга тутиб қолса, табобат соҳасини яхши биладиган инсон сифатида баҳслашарди.
Солиқ қўмитасининг раиси билан гаплашадиган бўлса, «бирор харажатни қоплаш, ёрдам кўрсатиш ёки бошқа бирор мақсадда ўъзаро келишиб кўпчиликка сочилган тўлов»нинг ҳар бир сўми халқнинг ризқ-насибасидан қийиб олинаётган ҳалол луқма эканини, шу боис ҳар бир сўм авайлаб-асрашни тақозо этишини бот-бот таъкидларди.
Агар у киши ҳуқуқ-тартибот идораларининг раҳбарлари билан мулоқотга киришса, суд-прокуратура-милиция тизимига тегишли муаммоларни ҳам, камчиликларни ҳам елкасига зарҳал погон тақиб юрган валломатлардан яхшироқ билишини намоён қиларди…
Бир сўз билан айтганда, Ислом Каримов мамлакатнинг том маънодаги раҳбари сифатида кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўла бошлайди.
Ислом акани, ўша пайтларда таъбир жоиз бўлса, локомотивга ўхшатиш мумкин эди. У зил-замбил юкни кўтаролмай бир жойда ерга қапишиб турган вагонларни жон-жаҳди билан тортиб, кўзланган манзил томон элтиб қўйишга ҳаракат қиларди…
 
2.
Ўзбекистонда чинакамига истиқлолга замин ҳозирланаётган, миллий истиқлолнинг мустаҳкам пойдевори ўрнатилаётган бир пайтда мамлакатимизга Белоруссия Олий Советининг раиси Станислав Шушкевич расмий ташриф билан келади.
Янглишмасам, у пайтларда ҳали Москвада ГКЧП (давлат тўнтариши) рўй бермаганди.
Музокаралардан ва тегишли шартномалар имзолангандан сўнг давлат раҳбарлари матбуот ходимлари билан учрашадилар.
Ўша матбуот конференцияси тўғридан-тўғри телевидение орқали намойиш этилади.
Нима учун айнан ўша матбуот конференцияси аниқ эсимда қолганига сабаб шуки, мен ўшанда «қовун тушириб» қўйганман.
Ҳозир кимдир «қовун тушириб» қўйса, кўрсатув оҳиста таҳрир қилинади ёки «қовун»нинг ўрнига чиройли бир рекламани қўйиб юборадилар.
Анҳор бўйидаги Марказқўм биносида «Кичик зал» бор эди. Ҳозир «Қабуллар уйи» дейилади.
Бу ерда чет давлатларнинг раҳбарлари кутиб олинарди, музокаралар олиб бориларди. Сўнг матбуот конференцияси ўтказиларди.
Шу матбуот конференциясига тўпланишдан олдин бир воқеа рўй берганди.
Адолат ҳаққи-ҳурмати учун ўша воқеани айтиб ўтишим керак…
 
3.
Гап шундаки, Ўзбекистонда Президентлик бошқаруви жорий этилиб, Компартия Марказий Комитетидан секин аста Президентликка ўтила бошлаган пайтда –  Мавлон Умрзоқов Девонда янги ташкил этилган – Ташкилий ишлар бўлимининг бошлиғи эди.
Кейинчалик бу бўлим – кадрлар билан ишлаш бўлими деб юритилади.
Унга жуда катта ишонч билдирилади: Янги жорий этилган Президентлик бошқарувида илк маротаба «Кадрлар бЎлими» – Ташкилий ишлар бўлими ташкил этилиб –  Мавлон Умрзоқов бўлим мудирлигига тайинланади.
Шу ўринда Умрзоқовнинг сиёсий қиёфасига чизгилар бериб ўтиш лозим. Акс ҳолда, «коса остидаги ним коса»ни тушуниб бўлмайди.
Афсуски, ўша пайтларда «нима коса»ни ўзим ҳам тушунмаганман.
Тушунмаганим учун ҳам қовун туширганман…
 
4.
Айтишларича, Мавлон Умрзоқов узоқ йиллар Молия вазирлиги қошидаги «КРУ»да ишлаган. «КРУ» – бу ревизорлар ташкилоти экан. Ундан Марказқўмга ишга олинади.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида Ишлар бошқармасининг бошлиғи (Управделами) бўлган Зелимхон Ҳайдаров уни ўзига – Молия ишлари Секторига мудир қилиб ишга олади.
Кейинчалик Зелимхон ака  янги жорий этилган Президент девони Ишлар Бошқармасига бошлиқ бўлгач,    Мавлон Умрзоқов Марказқўмда Ишлар бошқармасининг бошлиғи бўлади.
Умуман, Мавлон ака ҳамиша Зелимхон аканинг ўрнига ўтиб келаверган.
Улар жуда қадрдон оғайни бЎлишган. Раҳбарият тизимига, Марказқўмга Мавлон Умрзоқовни биринчи марта Зелимхон Ҳайдаров ишга таклиф қилган, дейишади.
Бу гап қай даражада тўғри ёки нотўғрилигини мен аниқ билмайман. Аммо Мавлон аканинг ўзи буни тан олган.
Қисқаси, кутилмаганда Мавлон аканинг Марказқўм Ишлар Бошқармасидан олиниб, Президент девонидаги Ташкилий ишлар бўлимига мудир бўлиши кўпчиликни ҳайрон қолдиради.
Чамаси, бу орада Ислом Каримов уни атрофлича ўрганган кўринади…
 
5.
Шу тобда яна бир эпизод ёдимга тушяпти.
Ташкилий ишлар бўлимига мудир этиб тайинлашдан аввал Мавлон акани Ислом Абдуғаниевич суҳбатга чақирган экан.
Лекин ўша суҳбатдан сўнг орадан бир ярим-икки ой ўтган бўлса-да, Ислом ака қатъий бир тўхтамга келмайдилар.
Бир куни Мавлон ака: «Исматжон, шунақа суҳбат бўлди. Кадрлар бўлимига ўтишим керак эди. Лекин, нима учундир буйруқ чиқмаяпти», дейди.
Равшанки, мен Мавлон аканинг ўша вазифага тайинланишини жуда истардим.
Чунки биз аллақачон иноқлашиб кетгандик. Боз устига, Ислом ака билан муносабатларимиз ҳам яхши эди. Буни Мавлон ака ҳам биларди…
 
6.
У пайтлари Ислом ака «ГАЗ-31» маркали «Волга»да юрарди. Машинанинг давлат рақами «20-30» ёки «20-36» эди, шекилли. Зиёдулла деган битта қўриқчиси бўларди.
Зиёдулла қашқадарёлик эди, узун бўйли, барваста йигит.
Ҳозир уни Қашқадарёда ё Хавфсизлик хизмати ва ё Божхонанинг бошлиғи дейишади.
Шу йигит дастлабки пайтлари Ислом аканинг ёнида юрган.
Ислом аканинг «Волга»си панжарали дарвозадан ўтиб, тўппа-тўғри Марказқўмнинг подъезд-йўлагига борарди.
Уни кузатиб келадиган милиция машиналари ичкарига киритилмасди… 
 
7.
Ўша кезларда Ислом ака менга топшириқлар берарди. Масалан: «Ука, Қашқадарёга борганингда иккита нарсани билиб келгин, дердилар.
Биринчидан, халқнинг кайфияти қанақа?
Иккинчидан, қайси раҳбар менинг сиёсатимга доғ туширяпти, яъни адолатга хиёнат қиляпти? Ким халқнинг ҳақини еяпти, порахўрлик қиляпти?
Менга мана шу икки нарсани тўғри айтсанг бўлди», – деган эдилар.
Шунда мен: «Аёллар масаласида-чи?» деб сўрагандим. Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўшанда Ислом ака: «Бировларнинг шахсий ишларига аралашиш яхши эмас. Аввало, ҳар бир эркакка худонинг ўзи инсоф берсин», дегандилар…
 
8.
Кейинчалик Россияда рўй берган «кўрпанинг остидаги жанглар», «ҳаммом можаролари» Ельцин сиёсатини ниҳоятда беобрў қилди.
Россия Адлия вазири Ковалёв билан бош прокурор Скуратовлар айнан ҳаммомдаги ишқий саргузаштлари туфайли ишдан кетишади. Улар «фаолияти» телефидение орқали қайта-қайта намойиш этилади…
АҚШнинг собиқ Президенти Билл Клинтоннинг Моника Левинский билан ишқий муносабатлари бир йилдан кўпроқ вақт давомида миридан-сиригача матбуотда ва ҳатто сенатда ҳам муҳокама этилади…
Давлат бошқарувидаги таниқли сиёсатчиларнинг парда ортидаги ишқий саргузаштлари уларнинг рақибларидан бошқа ҳеч кимга фойда келтирмаган. Аксинча, халқ ва миллат орасида турли гап сўзларнинг урчишига ва охир оқибат давлат ва ҳукумат обрў эътиборига зарар етказган, холос…
 
9.
Яна анави воқеага қайтамиз.
Бир куни Мавлон ака: «Исматжон, ҳозир бир гап айтаман, шуни тўхтовсиз равишда Ислом акага етказиш керак», деб қолди.
«Нима гап ака?» дедим. «Шуни Ислом ака бугун билиши керак», деб таъкидлади Мавлон ака.
«Ҳа, бўпти, нима гап ўзи?» дедим.
«Бакирхонов (исми ўзгартирилди) деган йигит Ишлар бошқармасидан Президент девонига ишга ўтаётган пайтида жуда кўп ноёб гиламларни, стол-стулларни, бир қанча қимматбаҳо буюмларни ўзлаштириб юборди. Буни Зелимхон Ҳайдаров ҳам билади, лекин индамади», – деди Мавлон ака…
Ҳозир ўша йигитнинг номи аниқ эсимда йўқ, ҳатто Зелимхон акани тилга олганини ҳам аниқ эслолмайман. Лекин имо-ишорадан ва умуман бундай нохуш воқеадан сўнг калтакнинг бир учи Зелимхон акага келиб тегиши аниқ эди (яна қайтариб айтаман, «нима коса»ни мен орадан кўп йиллар ўтгач англадим).
«Шу гапларни Ислом ака бугун билиши керак», – деб такрорлади Мавлон ака.
Мен унинг кабинетида ўтиргандим. М.Умрзоқовнинг Ташкилий ишлар бўлими мудири этиб тайинлаш тЎғрисидаги буйруққа бундай иғвогорона гапларнинг қандай алоқаси борлигини ҳеч тасаввур этолмасдим.
Кейинчалик билсам, жуда катта алоқаси бор экан.
Ҳанузгача аниқ билмайман-у, лекин сездимки, тасдиқланмай юрган одамга қандайдир туртки керак эди.
Нима бўлганда ҳам ёшлик ва ё тажрибасизлик қилдимми, ишқилиб, жуда катта хато қилдим…
 
10.
Бу воқеа шундай бўлган эди.
Тартиб-қоида бўйича Президент ўз девонига кираётган пайтда ҳам, чиқаётган пайтда ҳам бир пайтнинг ўзида Давлат маслаҳатчиларига, соқчиларнинг бошлиқларига, Қабулхона ва Ташкилий бўлим раҳбарига ва Президент ёрдамчиларига бу ҳақда хабар етказилади.
Мавлон акага ҳам шундай хабар етиб келди.
Шунда у киши:
– Исматжон, Президент келяпти, ҳозир олтинчи қаватга чиқади, – деди.
– Нима қилай? – дедим.
– Тезда лифтнинг ёнига бориб туринг, агар улгурсангиз, шундай-шундай деб айтинг!» – деб йўл кўрсатди Мавлон ака.
Мен кабинетдан шитоб чиқиб лифтнинг ёнига бордим ва тугмачасини босган заҳотим эшик очилди-ю, мен лифтга кириб олдим.
Биринчи қаватга тушдим.
Лифтдан чиқишим билан остонада оппоқ «Волга» келиб тўхтади. Югуриб бориб машинанинг эшигини очдим.
Аслида, бу мумкин эмас экан. Эшикни соқчи Зиёдулла очиши керак экан. Ислом ака машинадан тушаётиб менга бир хўмрайиб қаради.
– Ассалому алайкум, Ислом ака! – дедим тавозе билан.
– Ҳа, бу ерда нима қилиб юрибсиз? – деб сўрадилар.
– Юрибман-да Ислом ака, бир гап бор эди, шуни Сизга айтишим керак…
Ислом ака Зиёдуллага имо қилди.
– Кирасизларми? – деди Зиёд.
Биринчи қаватда ҳам махсус бир хона бор экан. Биз биринчи хонага кирдик. У ерда ҳеч ким йўқ эди.
– Нима гап? – деб сўради Ислом ака.
Мавлон акадан эшитган гапларимни оқизмай-томизмай айтдим.
Менинг гапларимни эшитиб, бирдан Ислом аканинг авзойи бузилди. Шунда хато қилганимни англадим. Лекин энди ғишт қолипдан кўчган эди.
– Бу гапни сизга ким айтди? – деб сўрадилар жаҳл билан.
– Мавлон ака айтди, – дедим.
– Яхши, – дедилар.
Зиёд эшикни очди, сўнг биргалашиб лифтдан тепага чиқиб кетишди.

Турган жойимда мулзам бўлиб шалвираб қолдим…
 
11.
Пинг бўлганимча Мавлон аканинг ҳузурига ҳам кирмасдан “Волга”мга миниб, ишхонага жўнаб кетдим.
«Бекор айтдим, яхши қабул қилмадилар» деган ўй миямни эгаллаб олди. Юрагим сиқилди…
Ишхонамга бориб, энди жойимга ўтирган ҳам эдимки, бирдан ҳукумат телефони  жиринглаб қолди. Кўтарсам, Мавлон ака экан:
– Исматжон, мени айтмадингизми? – деб сўради у киши.
– Нега айтмас эканман, айтдим!
– Бекор қилибсиз, – деди норози бўлиб…
 
12.
Эртаси куни ишга борсам, ҳамма ёқ тополон бўлиб ётган экан.
Мавлон ака мени уч-тўрт марта сўрабди. У пайтларда қўл телефонлари ҳозиргидек урф эмас эди.
Ҳузурига бордим.
Маълум бЎлишича, кеча Ислом ака ҳаммасини чақириб, Зелимхон акани ҳам, Мавлон акани ҳам тик турғизиб қўйиб, роса сўкибди. Ҳамма ҳайрон бўлиб, зир югурар экан.
– Ислом акага бу гапни ким айтган? Ким у кишига учрашди?

Крайновдан сўрасалар:
– Ҳеч ким учрашгани йўқ, – дермиш ҳайрон бўлиб.
Хайрият, биринчи қаватда учрашганимни ҳеч ким кўрмаган экан.
Ўша куни қаттиқ тўполон бўлади. Саройдагилар бу маълумот кимдан чиққанини аниқлай олмайдилар.
Ислом аканинг яхши бир одати бор эди. У киши ким ахборот берганини ошкор қилмас, яъни у кишига маълумот етказган одамни сотмас эдилар.
Йўқса менга бу гапларни Мавлон ака айтганини яхши билардилар…
Рўпарасида ёш боладек ер чизиб турган мулозимларини уришаркан, бирор маротаба Мавлон акага қарата: “Нега саройдаги ишларга Исматни аралаштириб юрибсан?” деб дакки бермаганлар. Уришмаганлар…
 
13.
Лекин орадан кўп ўтмай Мавлон ака ростдан ҳам ўша лавозимга тайинланади. Орзиқиб кутилган буйруқ чиқади…
Кейин маълум бўлишича Мавлон ака ўзининг анчадан бўён Ислом ака ваъда қилган лавозимга тайинланмаётганини айнан ўша «мол мулк ўғирлаган» йигитнинг номзоди ҳам бу лавозимга тавсия этилгани боис чўзилиб келаётганини аниқлаган.
Албатта,  ходимини бу лавозимга Зелемхон ака тавсия қилганини ҳам яхши билган.
Шу тариқа у бир ўқ билан икки қуённи урган эди: Ҳам муқаррар рақибини даъвогарлар сафидан чиқарган бўлса,  уни бу лавозимга тавсия қилган Зелемхон акадан ҳам қайсидир маънода ўч олган эди…
 
14.
Зелимхон ака менга кўп яхшилик қилган одам. Узоқ пайтгача у кишининг олдида хижолат чекиб юрдим.
Орадан бир икки йил ўтиб, Зелимхон ака тўй қилди.
«Баҳор» концерт залининг орқасида – Анҳор бўйида шинамгина ошхона бор. Раҳбарлар орасида у “Биринчи рақамли кафе” деб юритилади.
Тўй шу ерда бЎлди.
Бу пайтда Мавлон ака девондаги ташкилий ишлар бўлими мудирлигидан Президентнинг Давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинланган эди. Зелимхон ака билан апоқ-чапоқ бўлиб кетишганди.
Тўйнинг охирларида кайфим ошиб қолди.
– Исматжон ажойиб йигитсиз, – деди Зелимхон ака тўй яхши ўтаётганидан қувониб.
Тўйда чин дилдан хизмат қилдим, Зелимхон ака мендан жуда хурсанд бўлди. Кўнглим эриб турган пайтда кўп йиллик хижолатпазликдан қутулмоқчи бўлиб:
– Зелимхон ака, мен Сизга бир марта хиёнат қилганман, – дедим дабдурустдан.
Даврада Мавлон ака йўқ эди, лекин бошқаларнинг капалаги учиб кетди. Зелемхон аканинг оилалари – янга ҳам шу ерда эдилар. У киши ҳам ҳайрат билан менга тикилиб қолдилар…
– Ҳазилни қўйинг, – деб ишонмади Зелимхон ака.
– Ўшанда мен Сизни Президентга ёмонлагандим, – деб воқеани айтиб бердим. Узр сўрадим.
Зелимхон ака мени маҳкам қучоқлаб олди:
– Э-э Исматжон, ўша одам Сизмидингиз?! Лекин ўшанда нотўғри маълумот етказилган эди. Президент мени обориб-опкелдилар. Сизга ўша гапни ким айтган эди? – деб сўрадилар.
У кишига ҳам ростини айтдим:
– Мавлон ака айтган эди, – дедим. – Ака, ўша гапни айтганимга бир-икки йил бўлди, лекин жуда қийналиб кетдим…
– Исматжон, мен Сизни шунинг учун ҳам яхши кўраман, – деди Зелимхон ака…
 
15.
Эртаси куни Мавлон ака дарғазаб бўлиб менга телефон қилди.
– Дарҳол олдимга етиб келинг! – деди. – Ўша гапни мен сизга қачон айтган эдим?!
Девонга бордим. Аввалига анча тортишдик. Сўнг биргалашиб Зелимхон аканинг  –  бешинчи қават   охиридаги  кабинетига равона бўлдик.
Йўл йўлакай Мавлон ака билан айтишиб бордик.
Мен у кишига «Шунга шунча ваҳимами? Қўйингэнди, айтганингизни қилиб балога қолдим. Яна нима истайсиз мендан?  Мен Бакирхоновни умуман танимасам, билмасам, уни Сиздан эшитдим-ку, яна нима истайсиз мендан?» – десам, Мавлон ака синиқ ва хаста товуш билан:
– Майли, Исматжон, кирамизу-чиқамиз, бир оғиз… деб, у ёғини айтолмай, қийналар эди…
Шу «бир оғиз»ни мен аллақачон тушунган эдим.  
«Кечаги гуноҳни охиригача бўйнингга олиб қўй, ука!»  деган илтижо унинг кўзларида мўлтиллаб турарди.   
Товба, Наҳот Бакирхонов деганлари шунча ваҳимали одам бўлса? Нега бўлмаса унга тош отиш керак бўлди?  Энди бу ёғи нима бўлади… 
Хуллас, шунга ўхшаш саволлардан бошим ғовлаб кетди.  Мен бу ўйинларни умуман тушунмай турган эдим.  Мавлон акадан хафа бўлдим, жаҳлим чиқди.   У кишининг ўзи айтиб, ўзи қайтадиган бу одатини билмаган эдим…
Тортишувимиз ниҳоясига етмай, манзилга етдик.
Президент девони Аппаратининг бошлиғи ўтирадиган қабулхона ҳам жуда салобатли эди.   
 Унинг чап томонида эса  Ҳайдаровнинг биринчи муовини Элдор Ғофуровнинг кабинети жойлашган эди.
Қабулхонада одатдагидек камон қош бир гўзал ўтирар, унинг ёнида эса Зелемхон аканинг ёрдамчилари Ёрийхон бизни кутиб турарди.
Котибанинг Мавлон акани кўрибоқ уни яхши танишлигини сезгандай бўлдим.
– Кираверинг, Мавлон Бобожонович, Сизни кутишяпти, – деди у сирли жилмайиб…
Бир пайтлар Марказқўмнинг саноат бўйича котиби ўтирган бу залворли ва мўҳташам кабинетда энди Президент Аппаратининг Бошлиғи Зелемхон Ҳайдаров ўтирарди…
Одатда бизни узун ва мўл кабинетининг ярмигача юриб келиб, шодон қаршилайдиган Зелемхон ака бу гал  ўрнидан турганича қўли билан «Ўтиринглар!» деб жой кўрсатиб, совуқ қаршилади.
Шу туришда у янаям савлатлироқ, ваҳималироқ кўринарди. Гўё рўпарамизда гавдали ва баҳайбат бир дев бизни «разбор»га чақиргандек, синчков нигоҳ билан боқиб турарди…
Хуллас, Зелемхон ака бу гал биз билан ўрнидан туриб кўришмади. Жой кўрсатди, холос.
Биз унинг жой кўрсатиб ҳавода бир лаҳза муаллақ қолган қўлларига ёпишиб, бирма бир кўришдик…
 Зелемхон аканинг аввалги меҳр ва латофатидан асар ҳам йўқ эди.
Ўтирганимиздан кейин: «Гаплашиб олдиларингми?» деди сирли бир тарзда…
– Нима гап ўзи?
Мен ҳамон ажабланиб турардим.
Мавлон ака мендан олдин шоша-пиша: «Мана Исматжон шу ерда. Ҳаммасини гаплашдик, ҳаммаси очиқ ойдин… Ҳозир айтади Сизга. Нима гап сўз ўтган бўлса ўзи билади. Менинг бу гапдан мутлақо хабарим йўқ…» деб калта култа, пойинтар сойинтар жавоб қила бошлади.
Сўнг менга қаради.
Емаган сомсага ва қилмаган ишга иқрор бўлишимни истарди Мавлон аканинг мўлтираб турган нигоҳлари…
Мен иқрорга тайёр эдим. Лекин у кишининг айнан мана шу қилиғи, сурбетлиги  менга ёқмади,  иззат нафсимга тегди.  
 Ва Исмат Хушев кутилмаганда яна ўзининг асл болалик – шаддот қиёфасига қайтди:
– Мавлон ака, ман Бакирхоновни Сиздан эшитдим-ку. Ўзингиз айтдингиз-ку ҳамма жойни қўпорди, еб кетди деб. Мен уни қаердан билардим…
Мавлон аканинг  кўзимга доим чиройли кўринадиган кўзлари аввал аланг жаланг бўлиб, сўнг ола кўзга айланиб, ер чизиб қолди…
 Юзи аввал қизариб, сўнг оқарди. Пешонасидан тер қуйилиб келарди…
Исматжон, шу ерда ҳам бир мардлик қилинг, деганида тан олардим.
Лекин у киши иззат нафсимга тегди. Мен ҳам одам эканимни, менда ҳам ғурур борлигини ўйламади.
Ернинг тагида илон қимирласа биладиган Зелемхон ака ҳаммасини тушунди, у бизни ортиқча саволга тутмади…
Бошқа изоҳга ҳожат қолмаган эди…
Мен яна икки ўртада хижолат бЎлиб қолдим…
 
16.
Товба, баъзан ўйлаб кетаман.
Бакирхоновнинг кимлигини билмайману, унинг устига шунча мағзава ағдардим, Шу керакмиди манга? Арпамни хом ўрганмиди у?
Умуман, давлат раҳбарига яқин бўлиш саодати сенга насиб этган экан, нега бундан эл юрт манфаати учун фойдаланмай, қаердаги иғво фасод билан шуғулландинг деб баъзан ўз ўзимдан нафратланиб кетаман.
Бугун дунёнинг қай бир бурчагида умргўзаронлик қилаётган Бакирхонов  ва Зелемхон Ҳайдаровлар менинг бу кечиккан дилрозларимни  тавба тазарруим ва  узрим сифатида қабул қилишларини истардим…
Муҳожирлик ҳаётининг сирли ва сукунатли, юракни эзадиган узун кечаларида шу ва шунга ўхшаш тубсиз саволлар мана неча йилки, менга ҳануз тинчлик бермай келади…
 
17.
Мавлон аканинг қиёфасига чизги берганда унинг   камтарлиги  билан  бирга,  кўнгилчанлигини ҳам айтиб ўтиш керак.
Хизмат пиллапояларидан тез кўтарилгани, ёш ва келишган бўлгани учунми, бир қарашда одамда яхши таассурот қолдиради. Истараси иссиқ, самимий одам.
Кейинчалик кўп гап-сўзлар бўлди, аммо Мавлон ака Олий раҳбариятдаги бугунги мулозимларга қараганда нафси инсоф даражасида эди.
Берганига қаноат қиладиган, бермаганнинг чўнтасини ковламайдиган одам эди…
Тўғри, у киши зиёфатларга борарди, ароқ ичарди, бировнинг меҳмони бўларди, биров костюм-шим совға қилса қайтармасдан оларди (Ўзим ҳам келтириб берганман, бу ҳақда терговда ҳам айтганман).
Ҳибсга олинганида ертўласидан олтинлар эмас, бир машина ароқ чиққанини айтишади. Графиндаги ароқлардан одамлар совға қилавергач, у йиғаверган, шекилли…
Ҳар тугул, Мавлон аканинг ўрнига тайинланган кечаги Темир Алимов ва бугунги Давлат маслаҳатчилари ва корчалонлари қилган ва қилаётган ишлар олдида у кишининг этагида номоз ўқиса бўларди…
 
18.
Энди бевосита Станислав Шушкевич ва Ислом Каримов иштирок этган матбуот конференциясига қайтамиз.
Президент девонида Ташкилий ишлар – Кадрлар бўлимининг мудири этиб Мавлон ака тайинлангандан сўнг унга ўринбосар этиб Ислом ака Ўткир Обидович Зокировни тайинламоқчи бўлибди.
У киши Марказқўмда «Орготдел»нинг мудири бўлган, Москвадан юборилган «десантчилар» сафига қўшилиб миллий кадрларнинг додини берган…
Бу гаплар нечоғлик рост ёки ёлғонлигини аниқ билмайман, лекин менга етказилган маълумот бўйича Ўткир Обидович айнан шунақа одам экан.
Ислом ака нима учундир уни Мавлон акага рўпара қилиб: «Мана шу киши сенга ўринбосар бўлади», дейди.
Бу албатта Мавлон акага ёқмайди…
 
19.
Биз кечқурун Мавлон аканинг уйида чой ичиб ўтирардик. Бир пайт Мавлон ака:
– Исматжон, эртага пресс-конференция бўлади, – деб қолди.
– Ҳа, биламан, – дедим.
– Сиздан бир илтимос, пресс-конференцияда сўзга чиққинг-да аввал ҳозирги сиёсатни мақтанг, бунинг учун, Ислом ака, сизга раҳмат денг. Лекин нима учун бир пайтлар «десантчилар»нинг ноғорасига ўйнаган одамни Кадрлар бўлимининг бошлиғига ўринбосар этиб қўймоқчисиз, деб сўранг. Одоб билан, шунақа деб савол берасиз, холос, – деди Мавлон ака.
– Бўпти, ака, савол беришдан қочмайман! – деб розилик бердим.
Аслида, бу гап Ислом аканинг сиёсатига қарши йЎналтирилган эди. Мен бўлсам, Мавлон аканинг навбатдаги «интрига»сидан бехабарман, Ислом ака саволимни тўғри тушунади деб ўйлабман.
Эҳ, пишмаган хомкалла! Аслида, Ўткир Обидович эмас, ўзим бировларнинг ноғорасига ўйнар эканман!
– Бутун Ўзбекистон шу саволни эшитиши керак, – деб таъкидлади Мавлон ака.
Мавлон ака керакли жойга урғу беришни яхши биларди. Мен галварс бўлсам, Мавлон ака урғу берган жойга ёпишиб олиб, ҳа, Ўзбекистон шуни билиши керак экан, деб чиппа-чин ишонарканман…
 
20.
Матбуот конференцияси бошланди.
Биз биринчи қатордан жой олдик. Ёнимда «Халқ сўзи»нинг бош муҳаррири Аҳмаджон Мухторов ўтирганди.
Журналистлар кетма-кет савол бера бошлашди.
Ҳамма саволлар Ислом акага бериляпти. Ўзбекча савол-жавоблар чўзилиб кетди.
 Салкам бир соатча давом этган бир томонлама мулоқотдан сўнг, албатта, ўзбек тилини тушунмайдиган Станислав Шушкевич зерикиб кетди.
Ислом ака нигоҳи билан: «Бормисан, нима қилиб ўтирибсан?» деган маънода менга қарадилар.
Менга худди шу керак эди.
Қўл кўтаришим билан навбат бердилар. Сапчиб ўрнимдан турдим-да рус тилида С.Шушкевичга мурожаат қилдим:
– Ҳурматли Станислав Станиславович! Мен Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидан бўламан. Менинг отам тоғда асаларичилик билан шуғулланади. У улуғ Ватан урушининг қатнашчиси. Отам Белоруссияни немис-фашист босқинчиларидан озод қилишда қатнашган… – деган пайтимда зал жоналаниб кетди ва С.Шушкевич бирдан ўрнидан турди:
– Кечирасиз, – деди у тўлқинланиб, – мен шу қулай фурсатдан фойдаланиб Сизнинг отангиз тимсолида Белоруссияни немис босқинчиларидан озод қилишда қатнашган барча Ўзбекистонлик жангчилар олдида бутун Белорус халқи номидан бош эгаман! – деди-ю, таъзим бажо келтирди. – Биз уларга ўзимизнинг самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз. Биз ўз халоскорларимизни ҳеч қачон унутмаймиз…
Шушкевичнинг сўзлари ҳаммани ҳаяжонлантириб юборди…
 
21.
 Мен яна давом этдим:
– Отам кеча менга телефон қилиб, у киши Сизнинг Ўзбекистонга келаётганингизни эшитган экан, ўғлим, мен Гродно шаҳрини озод қилишда қатнашганман, агар мен халос этган юртнинг раҳбари Тошкентга ташриф буюрган кунларда Китобга ҳам қадам ранжида қилсалар, мен у кишини ўзим етиштирган асал билан меҳмон қилишни кўнглимга тугиб қўйганман. Бундан кейин Ўзбекистон билан Белоруссиянинг муносабатлари худди мен етиштирган асалдек ширин бЎлишини истайман, дедилар. Мен Сизга отамнинг таклифини етказиб қўйишни ўз фарзандлик бурчим деб биламан, – дедим соф рус тилида дона дона қилиб.
Бу самимий гапларимни эшитган меҳмон ҳам очилиб кетди:
– Бажонидил борардим-у, лекин бу сафар бизнинг кун тартибимиз тиғизроқ. Аммо, Ислом Абдуғаниевич билан келаси сафар албатта Китобга борамиз. Отангизга биздан салом айтинг, – деб жавоб беради С.Шушкевич.
Залда енгил кулги кўтарилди.
Даврага жон киритиб юборганимдан ўзим ҳам қувониб кетдим.
Ислом ака ҳам менга ажиб бир меҳр билан боқиб турарди…
 
22.
Энди буёғига оғирроқ бўлишим керак эди.
Ислом ака ҳам ниҳоятда мамнун бўлиб, кайфияти кўтарилган пайтда ўзимни жиловлашим лозим эди. Қаёқда, жиним бир қўзигандан кейин то қовун туширмагунимча тинчимасдим:
– Станислав Станиславович! Мен Ўзбекистонда нашр қилинадиган «Ҳаёт ва иқтисод» журналининг Бош муҳарририман. Хабарим борки, Белоруссияда ҳам иқтисодий мавзуда битта журнал чоп этилади. Сизларда чиқадиган журналнинг номи «Инсон ва иқтисод» деб аталади. Ўша журналнинг номи ҳам ажойиб, унда эълон қилинадиган мақолалар ҳам ажойиб. Биз ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйсак ёмон бўлмасди. Биз Ислом Абдуғаниевич раҳбарлиги остида жаҳон ҳамжамиятига энди кириб боряпмиз. Шунинг учун Сизлардан тажриба ўргансак ёмон бўлмасди. Айни чоғда белоруссиялик ўртоқлар ҳам бизнинг раҳбаримиздан кўп нарсаларни ўрганишлари мумкин, – дедим.
С.Шушкевич яна ўрнидан туриб:
– Мана, бу ерда иқтисодий масалалар бўйича менинг маслаҳатчим ҳам бор, – деб бир кишини кўрсатди. – У Сизнинг адресларингизни олади, биз Сизни Белоруссияга таклиф этамиз. Мен шахсан Сизни таклиф қиламан! – деди. – Сиздек истеъдодли йигитлар борлигидан ниҳоятда хурсандман…
Қарабсизки, матбуот конференцияси жонли мулоқотга айланиб кетди.
Даврага руҳ кириб, Ислом ака яйраб-яшнаб кетди. Ҳеч бўлмаса, шундан кейин ҳам мен ўз иззатимни билиб ўрнимга ўтиришим керак эди.
Қаёқда!
Ҳали Мавлон аканинг ҳам кўнглини олишим кераклиги ёдимга тушди…
 
23.
– Станислав Станиславович! Агар ижозат берсангиз, мен Ислом Абдуғаниевичга ўз она тилимизда бир жуфт савол билан мурожаат қилмоқчиман, – дедим.
– Марҳамат, – деди Белоруссия раҳбари ҳайрон бўлиб.
Товба, ҳеч замонда мезбонга саволни меҳмондан сўраб берадиларми?
Ҳамма жим бўлиб қолди. Бирдан Ислом аканинг ҳам кайфияти бузилди.
– Ислом ака, биз – Сизнинг хайрихоҳ тарафдорларингиз ва шогирдларингиз, ҳар бир ютуғингиздан қанчалик қувонсак, арзимас камчилигингиздан ҳам шунчалик қайғурамиз. Биринчи навбатда Сизнинг яхши ишингизни айтмоқчиман. Куни кеча Шаҳло Маҳмудовани Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири этиб тайинладингиз. Сиз бу аёлни жуда ўрнига қўйдингиз, у бошқа катта ишларга ҳам муносиб! – дедим-да залга қарадим.
Гап шундаки, матбуот конференцияси бошланган чоғда мухбирлардан кимдир: «Шаҳло Маҳмудовани нима учун Ташқи ишлар вазири этиб тайинладингиз? Ахир, у дипломатия соҳасини мутлақо билмайди-ку?» деб савол берганди.
Ислом ака ўша мухбирга ярим соатча жавоб қайтарганди.
Мен ўша гапга ишора қилгандим. Қолаверса, Тошкент обкомининг аъзоси бЎлган чоғларимда Шаҳло Насимовна иккинчи секретар эди. Боз устига, биз қўшни ва қадрдон эдик. Ҳар ҳолда, опани яхши билардим ва яхши кўрардим…
– Ислом ака, Шаҳло Маҳмудовани Ташқи ишлар вазири этиб тайинлаганингиз учун Сизга катта раҳмат! Бу ҳодиса аёлларни раҳбарликка кўтаришда эҳтиёткор бўлиб келаётган бошқа Шарқ мамлакати раҳбарларига яхши сабоқ, айтиш мумкинки ўрнак бўлиши керак!
Бу гапларимни эшитиб Ислом ака хурсанд бўлди. Мен шу гапдан кейин ҳам ўтирсам бўларди…
 
24.
– Ислом ака, биз Сизнинг ҳар бир ютуғингиздан қанчалик суюнсак, назаримизда хатодек туюладиган ҳар бир ҳаракатингиздан шунчалик куюнамиз. Тўғри тушунинг, биз Сизни яхши кўрамиз. Кечирасиз-у, яқинда Ўткир Обидович Зокировни ташкилий ишлар бўлимининг мудирига ўринбосар этиб тайинлаш тўғрисидаги режангиздан хабар топдим. Шу масалада мен бошқача фикрдаман. Чунки у Марказқўмнинг «Орготдел»ида ишлаган пайтида кўплаб ажойиб маҳаллий кадрларимизни бадном қилган, Москванинг ноғорасига ўйнаган… – дедим ҳаяжонланиб.
Аслида, мен Ўткир Зокировни одамни танимасдим, билмасдим.
Қамалганимдан сўнг бир нарсани англадимки, ўзинг билмаган, танимаган одам тўғрисида умуман гапирмаслик керак экан.
Менинг риторик саволимдан кейин зал сув қуйгандек жим-жит бЎлиб қолди. Ислом аканинг авзойи ўзгарди: юзлари аввал қизариб, сўнг кўкариб кетди, бир лаҳза асабийлашиб турди-да, лекин тезда ўзини тутиб олди.
Сўнг босиқлик билан жавоб қайтарди:
– Мана, кўрдингизми, Шаҳло Маҳмудовани биров нотўғри ишга қўйдингиз, деди. Сиз уни тўғри тайинланган дедингиз. Раҳмат Сизга! Ўткир Зокиров масаласида Сиз нотўғри деяпсиз, аммо кимдир тўғри дейиши мумкин. Яна ким билади дейсиз. Ҳаммасини вақт кўрсатади… – деб гапни қисқа қилдилар…
 
25.
Кўп ўтмасдан танаффус эълон қилинди.
Ёнимда ўтирган Аҳмаджон Мухторов зарда билан ўрнидан турди-да:
– Сен доим қовун тушириб юрасан, тирранча! – деб ташқарига чиқиб кетди.
Одатда, матбуот конференцияларидан кейин Ислом ака билан кўришиб, бир-икки оғиз гаплашардим. Бу гал олдига боришим билан шартта орқасига бурилди-да, жаҳл билан ичкарига кириб кетди…
Ниҳоятда мулзам бўлиб қолдим…
 
26.
Ишхонамга борганимдан сўнг «вертушка» – ҳукумат телефони жиринглади. Трубкани кўтардим. Ислом аканинг биринчи ёрдамчиси – Георгий Алексеевич Крайнов экан:
– Исмат ака, Сиз ҳамма ишга аралашаверманг. Жуда нотўғри бўлибди. Сўзга чиқиб нима қилардингиз?! – деди у киши норози оҳангда.
Ўзим хижолат чекиб ўтиргандим. Георгий Алексеевичнинг дашномидан сўнг баттар ноқулай аҳволга тушдим.
Шу воқеага узил-кесил нуқта қўйиш учун яна бир нарсани очиқ айтиб ўтишим керак.
Орадан йиллар ўтиб, қамалганимдан кейин, тергов пайтида ҳам менга худди шундай савол бердилар:
– Сенга ўша гапни ким айтган эди?
– Менга бу гапни Мавлон ака айтган эди, шундай-шундай дейсан деб ўргатган эди, – деб ёзма кўргазма берганман ўшанда.
Терговдаги жавобимдан сўнг, орадан уч-тўрт кун ўтгач, Ўткир Обидовични Президент девонидаги масъул вазифага қайта тиклашган экан…
 
27.
Ўткир Обидовнинг кетгани тўғри эди, лекин қайтиб келгани нотўғри бўлди. Чунки, ГКЧП кунлари энг кўп қувонганлардан бири айнан шу одам эди…
Ўткир Зокиров ҳақида барибир гапим рост эди. Унинг салтанати шунинг учун ҳам узоққа бормади.
Унинг тикланиши  Темур Алимов билан боғлиқ.
Мавлон аканинг ўрнига тайинланган Темир Агзамович  Умрзоқовнинг нафақат изини супурди, балки ким унга хайрихоҳ бўлган, яқинлашган бўлса – ҳаммасини бирма бир ушлаб, пайини қирқа бошлади…
Президентнинг топшириғи билан ҳибсга олинган кечаги Давлат маслаҳатчиси ва Бош муҳаррирни ҳибсхонада сўроқ қилиб, ўзларига керакли жавоб ва иқрорларни ўндириш ҳам айнан  Гиббелссифат Алимовнинг найрангларидан бири эканини ким билмайди дейсиз…
Шу ерда Зокировнинг сиёсий портретига шарҳ бериб ўтиш керак, шекилли.
Ўткир Обидовичнинг битта привелегияси бор эди: Рус тилини яхши биларди, холос.
Шахс сифатида адолатли баҳо берилганида – Ўткир ака на журналист эди, ва на жамоат арбоби, ўрмиёна шахс эди.  
Кўп йиллар «Пионер Востока»да редактор бўлган.  Шу привелегияси билан Марказий Комитетгача ўсиб борди. Қолган барча жиҳатдан – қолоқ, совуқ, худбин ва бадбин одам эди.
Нокамтарлик бўлса ҳам айтишим керак – менинг тамомила тескарим эди…
ГКЧП содир бўлганда ҳарбий қўмитанинг масъул котиб бўлган. Ўзбекистонда ГКЧПнинг Мирсаидов ва Ефимовдан кейинги учинчи одами бўлган.
Орадан сал вақт ўтмай айнан ГКЧПга, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, Мирсаидовга алоқадорлиги боис ишдан қувилган…
Шароф Убайдуллаевнинг «ГКЧПдан чиққан қаҳрамон» фелъетони эълон қилинганидан сўнг Ислом ака Ўткир Обидовни зудлик билан ишдан олиш ҳақида кўрсатма беради.
Чунки мақолани ёзиш жараёнида Шароф ака ГКЧПга оид жуда кўп ҳали йўотишга улгурилмаган ҳужжат ва далилий ашёларни қўлга киритади.
Уларнинг бирида шундай стенограмма акс этган эди:
Янаев: Каримов қаерда? Сиз кимсиз?
Мирсаидов: Мен Вице Президентман, Президент Ҳиндистонда!
Янаев:  Сен бугундан эътиборан Президентсан, Ўзбекистон учун сен жавоб берасан…
Ўткир Обидов эса ГКЧП даврида бутун Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларига кўрсатма бериб турган, раҳбарлик қилувчи якка ҳокимига айланган.
Ҳолбуки, ша пайтда Президент аппарати бўйича матбуот котиби Ирисмат Абдухолиқов, Марказий Комитет бўйича Шароф Убайдуллаев эди.
ГКЧП кунлари  улар амалий ишдан четлатилган эдилар…
Президент ғазабига дучор бўлиб, девондан қувилган Ўткир Зокировни Мавлон Умрзоқов «Госкомпечать» га  – Рустам Шоғуломовга бешинчи зам. қилиб юборади…
Айнан шу ердан Ўткир Обидович менинг терговдаги кўрсатмамдан сўнг яна Президент девонига кўтарилиб кетади…
 
28.
Раҳбарликнинг ҳам ўз мақоми ва масъулияти бор. Бировни атрофингга олдингми, битта команда бўлдингми,  унинг тақдири ва келажаги учун ҳам масъулсан.
Мавлон акада баъзан мана шу масъулият ҳисси етишмасди.
Бугун ўйлаб қарасам, ким у киши билан ишлаган бўлса, у киши кимни ўз командасига жалб этган бўлса, уларнинг ярмини Мавлон ака ўзининг майда интригаларига асосланиб, ғажиб тугатди.  
Қолган ярми, яъни бизлар – Умрзоқов ҳибс этилгач, унинг думи сифатида унинг душманлари томонидан турли бало қазоларга гирифтор этилдик…
Зелемхон Ҳайдаровда эса, аксинча, ўз атрофидаги одамларга ўта меҳрибонлик ва садоқат мени доим ўзига мафтун этиб келган…
Лекин бу меҳрибонликни мен  ўзбек халқига нисбатан деб айтмаган бўлардим… 
Умуман, биз билиб-билмай сиёсатга аралашганимиз туфайли давлат ишларига жуда катта зарар етказишимиз мумкинлигини, афсуски, жуда кеч англаб етдим.
Марказқўм остонасида – оқ «Волга» ёнида Ислом ака билан бЎлган ўша нохуш учрашув ва чақимчиликдан сўнг бошланган кўнгилсизликдан кейин кўзим мошдек очилиши керак эди.
Лекин, хом сут эмган банда эканмиз, бошим тақ этиб деворга тегмагунча, қовун туширишда давом этавердим…
 
29.
Бугун орадан шунча йиллар ўтганидан кейин Ислом ака ақли кирсин деб бадарға қилган олис Канаданинг сирли ва сукунатли, кимсасиз гўшаларида ўтган кунларимни таҳлил қилиб, «Нега бунча хатога йўл қўйдим?» деб баъзан ўйлаб кетаман.
Табиатимда бир қусур борлигини тан олишим керак.
Болаликдан ёр у менга: бировдан мурувват кўрсам, беихтиёр унинг садоқатли қулига айланиб қоламан. Ва менга яхшилик қилганни, у ким бўлишидан қатьий назар,  ўзимнинг энг яқин одамим билиб, унинг ҳар қандай фармойиш ва имо ишорасига, муҳокама қилиб ўтирмай, сўзсиз бўйсуниб қолардим.
Бу қусурни – ёшлигимдан  то хизмат пиллапояларининг нурли чўққиларига етиб борганимда ҳам, неча бор қоқилсам ҳам, гўдакликдаги бу одатимни барибир тарк этолмадим…
Ислом акага қилган хизматим ва садоқатим ҳам шу билан боғлиқ бўлса ажаб эмас…
 
30.
Болаликда сенга синган иллат – ўлгунча ўзинг билан бирга кетар экан.
Кўнгилчанлик – бошқа ерда раҳбарга обрў келтириши мумкин, лекин Ўзбекистонда аксинча, унинг умрига зомин бўлиши мумкин экан.
Бугун ўйлаб кўрсам,  менга ҳам айнан кўнгилчанлигим панд берди.
Мен – ўзим садоқат қўйган одамларга йўқ дея олмайдиган бир одатим бор эди. Шу менга яхшилик қилганди, бошини мен учун кундага қўйган эди. Мен ҳам унга шундай жавоб беришим керак деган бир ақида, айтиш мумкинки, қусур, юрагимда доим собит эди.
Мен Марказий Комитет ва Президент девони каби олий даргоҳлар оғуши ва ардоғида юрган пайтимда ҳам бу қусур оқибатида оз мунча қоқилмадимми…
Балки кейинчалик  бугунги аччиқ ва аламли қисматимга ҳам айнан ўша кўнгилчанлигим, қишлоқиларча оқ кўнгиллигим ва мутеларча садоқатлилигим сабаб бўлган бўлса ажаб эмас…
Сиёсатнинг эса ўз бешафқат қонун ва қоидалари бор экан.  Бу қонунларни англаб етмаслик оқибатида мен каби жувонмарг бўлган кўпгина мулозим дўстларим бор ва мен улар ҳақида кейинги бобларда батафсил тўхталиб ўтаман.
Яхшиликни  қаерда ва қачон қайтаришни билиш ҳам – етуклик ва баркамоллик, комиллик меваси экан…
428
Суратда: Ўзбекистон Президентининг кадрлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов (ўртада) журналистлар Исмат Хушев (ўнгда) ва Карим Баҳриев (чапда) билан…
(давоми бор)

3 шарҳ

  1. Muhojir.

    Hukumat mulozimlari bir-birini kovlsh, porahurlik b-n ovora. A kim halq uchun bosh qotiradi. Mulozimlar hozir ham Uz-uzi b-n ovora.

  2. Хурматли Исмат ака! Ёзганларингиз шу даражада содда ва тушунарлик килиб ёзилганки, одам узини беихтиёр уша вокеа-ходисалар ичида катнашаётгандек хис килади. Ва албатта лаганбардорлик хислатларидан йирок булган асар. Борни бордек, йукни йукдек курсатгансиз. Бугунги кундаги камчиликлар илдизини эса очиклаб бергансиз! Битта одамни бутун кулфатлар сабабчиси деб курсатиш энг осон ва кулай йул. Аммо сизнинг ёзганларингиз буйича, тарихий бахо беришса холислик булар эди. Барибир сиз ёзганингиз хакикий тарихдур!

  3. Аллоҳ сизга умр ва имконият берсин.
    Лаганбардорлик деб ўйламанг, сиз Ўзбекистон раҳбариятининг бир неча йилги тирик ва холис тарихисиз.

Leave a Reply
*