Menu
Categories
ДАДАХОН ЁҚУБОВ: ЛОЙИҲАЛАШ МАДАНИЯТИ (Учинчи мақола)
08/05/2017 Маданият ва Санъат

Ассалому алайкум, азиз дўстим Исматжон!
 Яхши ҳамки, Сиз борсиз, Сизнинг электрон газетангиз бор. Ватандош қаламкашлар учун ўз фикрларини эмин-эркин, кенг билдириш имкониятини яратиб беряпсиз. Бундан барчамиз жуда миннатдормиз. Айниқса, биз каби ёши ўтиб қолган журналистлар ўзларининг ҳаётий тажрибалари, турли соҳаларга оид муносабатларини мақола ва таҳлилларида баён қилишлариҳамда  “Дунё ўзбеклари”га етказишларида ҳолис хизматингиз ниҳоятда улкан.
Албатта, баъзи ҳолларда эҳтирослар, шахсий муносабатлар бир оз ошиб кетади.Тўғри, ҳар бир инсонни муносиб тарзда баҳолашни истайсиз. Аммо мезон керак.  ”Меъёр таомнинг лаззатини, тўйимлилигини, чиройини,шифобахшлигини ва табиийлигини таъминлайди”,–деб таъкидлайди машойиқлар. Кейинги пайтларда мамлакатимизда юз бераётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ўзгаришларга кўпроқ эътибор бераётганингиз яхши бўляпти.Кадрлар масаласига ҳам эътибор қаратиляпти.Ечилиши зарур бўлган муаммолар кўтариб чиқилмоқда.Бу сафар мактубимизни ҳаммамиз учун ягона бўлган Ватанимиз равнақи йўлидаги журналистик изланишларнинг баъзиларига қаратишни режаладик, аниқроғи лойиҳалаштирдик. Уни “Лойиҳалаш маданияти” деб номладик.
ДИЗАЙННИНГ МАЪНАВИЙ ҚИЁФАСИ
Ҳурматли Исматжон!
Яқинда ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятидаги кафелардан бирида музқаймоқ танавул қилган икки юз нафардан ортиқ киши ундан заҳарланганлиги ҳақидаги ҳабарни ўқидим. Кейин эса Ўзбекистон телеканалининг “Муносабат” кўрсатувида  бу масала юзасидан мулоқат ўтказилди, телетамошабинларнинг саволларига жавоб берилди. Кўрсатув бошловчиси Қуддус Аъзам назорат қилувчи органларнинг вакилларига бу вазиятда ким айибдор эканлиги ҳақида савол билан мурожаат қилди. Аммо мутасадди ташкилот вакиллари аниқ жавоб бера олмадилар ва аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш зурурлиги жавобини беришди. Шунда олиб борувчи, демак яна истеъмолчининг ўзи айибдор эканда, ахир улар ҳар куни ишлаб чиқарувчилардан сертификат сўрашадими, деб кинояли ва ўринли “қочирим” ташлади. Ўзбекистон Қонунчилигида истеъмолчилар хуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар рўйҳати берилган. Мулоҳазага чорловчи фикримизни аниқроқ ифода қилиш мақсадида ана шу органлар билан қисқача таништиришга тўғри келади.
Ўзларига берилган ваколатлар доирасида товарлар (ишлар, хизматлар) ҳавфсизлиги ва сифати устидан назоратни амалга оширувчи «Ўзстандарт» Агентлиги, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Давлат рақобат қўмитаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси.Бу рўйҳатга ҳуқуқни ҳимоя қилувчи, лицензия, патент берувчи, солиқ, божхона, банклар ва бошқа ўнлаб ташкилотларни қўшсак бўлади. Аммо одамлар  орасида эса ҳануз баъзи “тадбиркор”лар томонидан кўчада сотилаётганган ўрик шарбати, каҳвахоналардаги музқаймоқ ва чанқоқ бости ичимликлар билан заҳарланиш ҳолатлари юз беряпти.Инсофни ишлаб чиқарувчига берсин, дейишади. Ҳорижий  импортлар эса божхона ва бошқа ташкилотлар томонидан текширилади. Ҳамиша ҳам инсоф, диёнатдан коррупция, алодв устин келган ҳоллари кўп.
Сифатсиз, сертификатсиз ҳисоблағичлар сотиб олиб, газ идорасидан қарзга ботаётган истеъмолчи яна доим айибдор. Ахир, ҳисоб қитоб, электрон ҳисоблағичларни ўрнатиш ва сифатига жавоб бериш ишлаб чиқарувчининг вазифаси бўлиши лозим-ку! Ёки сифатсиз музқаймоқни ёган эмас, ишлаб чиқарган айибдор бўлиши табиий ва қонуний ҳолку?! Истеъмолчилик маданияти ҳақида фикр айтиш осон, аммо ишлаб чиқарувчининг сифатли маҳсулот ёки ҳизмати ҳақида ўйлаб кўриш, бу иш кундалик фаолиятга айланиши зарурлиги аҳамиятлироқ, арзонроқ эмасми? Тасаввур қилинг! Ҳар бир маҳсулот чиқариб, пул топаман деган тадбиркор ўз маҳсулотини (ҳизматини) лойиҳалаши, яъни дизайнига эътибор қаратиши зарур. Шунда истеъмолчи мамнун бўлади, сифатли маҳсулот ишлаб чиқарган тадбиркор яна ҳам барака топади. Ўнлаб, ҳатто юзлаб назоратчи органлар қисқаради. Ўт ўчирувчилар, шифокорлар, милиционерларнинг иши енгиллашади. Коррупция ва фирибгарлик камаяди.  Мамлакат ривожланади.
Мустақлликнинг дастлабки йилида океан ортидан чанқоқбости ичимлик чиқарувчи қўшма корхона мамлакатимизга махсус фармойиш билан олиб келинди. Ичимликдан ҳам машҳур америкалик дизайнер Раймонд Лоуи яратган “ Соса-Cola” шишалари бежиримлиги ва кўтариб ичишга қулайлиги билан Тошкентда ном қозонди. Чойхона ва чанқоқбости ичимлик сотувчи дўкончалар, автоматлар йўқ қилинди. Мақсад суғориб, пулини олишдан иборатлигини эндигина тушуниб турибмиз. Унинг ўрнига чойнак шаклидаги дўкончалар боғлар, ҳиёбонлар,пиёла шаклидаги шарбат сотувчи масканлар лойиҳалаштирилганда эди ўзимизнинг “Қовоқли лаззат” ва “Тархун” ичимликларимиз оламга таралган, юқори сифатли ўрик қоқиси шарбатини ичиш учун Япониялик сайёҳлар Самарқандга ёпирилиб келган бўлар эди. Буюк дизайнер Лоуи ана шундай шишаларни Америка урф одатлари асосида бозор учун яратган эди. Замонавий дизайннинг ўзигахослиги ҳақида тўхталган Лоуи, унда  рассом , инженер, иқтисодчи, истеъмол бўйича мутахассис меҳнати ўзаро чамбарчас боғланганлигини таъкидлайди.
Дизайнда энг аввало истеъмолчининг психологиясини  инобатга олиш зарур, унда буюм қанчалар бежирим лойиҳалаштирилганлиги, мукаммал тайёрланганлиги, нарахларнинг меъёрдалиги ҳисобга олиниши керак. Қачонки, айнан шу буюмлар  ҳаридорлар учун зарур бўлгандагина бозори чаққон бўлади.
          Лоуи  профессиональ ёндошувга “MAYA” ( максимал янги, харидор учун муносиб) атамасини киритди,  бу тушунча орқали у ҳақиқий дизайнни баҳолар эди. Унинг фикрига кўра дизайнер замонавий жамоат арбоби, унинг мақсади, ”камчиликларни сезиш, уни йўқотиш ва буюмни яхшилаш орқали сотувга чиқариш”дан иборат.Биз юқорида бир бирини такрорловчи назорат органларининг фойдасидан зарари кўплиги ҳақида гапирган эдик. Демак, бу масалани ишлаб чиқарувчининг ўзи, унинг дизайнер-мененжери (гуруҳи)  маҳсулот (ҳизмат) лойиҳалаштирилгандан бошлаб, барча жараёнларни назорат қилади, сифатли ( ҳар жиҳатдан) маҳсулотлар яратиб, истеъмолга чиқаради. Ўз обрўсини сақлаш учун интилади. Ҳудди шу жойда дизайннинг маънавий аҳлоқий фалсафаси қонуниятлари юзага чиқади.
Тарозининг бир палласи мазмун бўлса, иккинчи палласи шаклдир. Улардан бирининг етишмаслиги инсоннни ўраб турган олам бутунлигига путур етказади. Шундай экан, шоир, бастакор, рассом, қўйингки, олим, файласуф, меъмор, математик, инсон қай бир соҳада фикр юритмасин, диалектик, фалсафий жиҳатдан, психологик, педагогик, эстетик, этик жиҳатдан мукаммалликка интилади.Жаҳон тамаддуни жавоҳирларини бизнинг замонимизга етказиб, аждод муаллифлар билан мулоқатга киришиш имкониятини яратган китоб ва сўз ахборот узатувчи вазифасини бажаради, дизайн лойиҳаси эса замон ва маконларни ошиб ўтувчи энг қудратли ахорот воситасидир.У  инсон тафаккурида пайдо бўлган хаёлий шаклларни нарсалар олами муҳитига олиб чиқади. Улар маданий буюм ва нарсаларга айланиб, инсоният ҳаётини гўзал ва қулай бўлиши учун ҳизмат қилади.
Кўпчилик ёшлар, ҳатто катталар ҳам “ дизайн соҳасида ишлашни  ёки  дизайнер  бўлишни “ орзу қилади. Бугунги кунларда “дизайн” атамаси бадиий ва бадиий-техникавий лойиҳалаш маъносида ( бу фаолиятининг натижаси сифатида чизмалар, макетлар ва бошқа кўргазмали воситалар ) , ундан ташқари  нарсалар олами муҳитига оид  турли-туман объектларнинг лойиҳалари маъносида қўлланилмоқда. Аммо унинг ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳаётимиздаги ўрни, моҳияти масалалари, қўлланиш доираси, чегараси ва бошқа жиҳатлари тўлақонли аниқланган эмас. Бу соҳада, яъни дизайн моҳияти масаласида  сал кам икки асрдан буён давом этмоқда.
 “Ингилиз тилида қўлланилаётган  “design” сўзининг келиб чиқиши лотинчадаги ” de+signum” сўзидан ( эслатиб ўтсак, “десигнат” – “ рамз”, “белги” сўзлари объектнинг номи ўрнига қўлланилган) олинган бўлиб, дастлаб чуқур ўйланган мақсаднинг ташқи тасвирини чизиб кўрсатиш учун  қўлланилган. Оксфорт луғатида йиллар ўтган сари “дизайн” маъноси ҳам кенгайиб борган. 1548 йили –“мақсад”, 1593 йили “режа, амалга ошириладиган ишнинг ўй фикрда режаланиши”, 1638 йили “қурилиш режаси”,1697 йилда эса қандайдир буюмни конструкциялаш учун олдиндан дастлабки “чизмаларини чизиш” деган маъноларни англатган. Бизнинг давримизга яқинлашган сари  бу сўзнинг луғавий  маъноси анча аниқлашиб, торайиш анъанаси юз берди. Аммо бу сўз акс эттираётган фаолият турларининг эса кенгайиб кетганлигини кузатишимиз мумкин”.[1]
Туғри “дизайн” атамаси саноат инқилоби даврида оммалашиб кетган. Аммо Алишер Навоийнинг  достонларида тилга олинишича,  XIV- XV асрларда туркий ва форсий адабиётда “тарх” сўзи дизайн лойиҳаси маъносини англатган.[2] Ганч  ўймакор усталар нақш композицияларининг хомаки нусҳаларини ва” ахта “(буюмнинг юзига туширилган нақшни махсус қоғозга чизиб,нақш йўлларини игна билан тешиб, нусха кўчириш учун тайёрланган юпқа қороз-андазалардан фойдаланганлар. Хоразмда ахталарни ( “улги” деб юритилади) йиллар давомида устазодалар томонидан такомиллаштириб келинган.[3] Демак бизнинг ота-боболаримиз қадим замонларданоқ дизайн, лойиҳалаш маданиятини яхши билганлар ҳамда уни ифода этувчи  атамаларни қўллаганлар.Дизайн тушунчаси турли луғатларда  ўша замонга мослаб,  дизайн билан боғлиқ назарий билимлар даражасига кўра талқин этилган.
 Дизайнга бағишланган илмий адабиётлар сони кўпайиб, мавзулари кенгайиб бормоқда. Дизайн назарияси ва амалиёти тарққиётига улкан ҳисса қўшган арбоблар – Шарль ле Корбюзье, Вальтер Гропиус (Баухауза асосчиси) ,Анри ван де Вельде, Алвар Аалто, Герберт Рид, Джон Глоаг, Джио Понти, Джордж Нельсон , Генри Дрейфус, Раймонд Лоуи, Томас Мальдонадо  ва бошқа таниқли шахслар номларини тилга олишимиз мумкин.
Ғарбда  Т. Мальдонадо, Дж. М. Вудэм, А. Бранци[, Т. Фолкнер, П. Брунетт, Д. Уиллс, Дж. Теккерларнинг илмий тадқиқотларига катта эътибор билан қараляпти. Улар асосида В. Марголин дизайн моҳиятини аниқлашга ҳизмат қилувчи тўплам чоп этди.Ғарб мутахассисларининг дизайн ва унинг алоҳида соҳаларига бағишланган асарларини  рус тилига таржима қилиш ишлари ҳам анча кенгайди. Айниқса У. Вудсон ва Д. Коновер,П. Хилл,Ж.Жонс,Э. Тьялве  каби муаллифларнинг асарлари кенг жамоатчиликка ҳавола этилди. Шу билан биргаликда ривожланган мамлакатлардаги  компьютер дизайни борасида яратилган  янги ишламалар Р. Шушан, Д. Райт  ва Л. Льюис, Ф. Кобурн ва П. Маккормик каби адибларнинг асарларидан рус китобхонлари баҳраманд бўлганлар.
Афсуски ўзбек тилида дизайн билан боғлиқ масалаларни ёритувчи илмий ишлар ва китоблар умуман йўқ, уларга бўлган эътибор ҳам паст  даражада қолмоқда. Ҳатто дизайн ҳақидаги илмий ва илмий оммабоп нашрлар ҳам таржима қилинмаган. Фақатгина  дизайн ўқув қўлланмаси сифатида йиғма ва айрим мутахассисларнинг тушуниши даражасидаги ўқув қўлланмаларини ҳисобга олмасак, бугунги кунларда асосий эътибор фақат касб-ҳунар билан боғлиқ педагогик тадқиқотлар ва технологик жараёнларга бағишланган адбиётлар мавжуд.
Дизайн  ва унинг тадқиқотлари билан боғлиқ ишлар ҳақидаги адбиёт Совет  давлати ҳудудларида, жумладан мамлакатимизда ўтган асрнинг 60 йиллари бошларида пайдо бўлди. Улар ичида В. Л. Глазычев, Р. О. Антонов, С. И. Серова, С. О. Хан-Магомедова,Т. П. Бурмистрова ,Н. В. Воронов, К. Кантор, В. Ф. Рунге, М. В. Федорованинг докторлик диссертацияси, “АҚШ  дизайни” лойиҳаси ва”Ғарбнинг 100 дизайнери” тўплами ҳамда бошқа адабиётларни тилга олишимиз мумкин. Тошкент архитектура ва қурилиш институти олими Л.Н. Безмоздиннинг дизайннинг маданиятдаги ўрни масалаларига бағишланган илмий ишлари ва  С. Булатовнинг  Ўзбек амалий санъати борасидаги илмий  китоблари чоп қилинган эди.
Ўша даврларда бир қатор илмий ишлар дунёга келдики, уларда дизайн бошқа номларда талқин этилди: бадиий конструкциялаш, техника композицияси ( 1962 йили  СССР хукумати қарори билан  Техника эстетикаси Бутуниттифоқ илмий текшириш институти фаолият бошлаган эди,”Техника эстетикаси” журнали, “Техника эстетикаси асослари” деб номланган муаллифлар жамоасининг илмий ишлари китоб ҳолида чоп этилди.
Ўзбекистонда дизайн ва дизайн таълими билан боғлиқ масалалар ниҳоятда суст ривожланмоқда. Биз юқорида шарҳлаган Президент         Шавкат Мирзиёевнинг барча Фармон ва Қарор ҳамда нутқларида дизайн, яъни лойиҳалаш маданияти билан боғлиқ масалалар юзасидан амалга ошириладиган ишларга алоҳида тўҳталмоқда. Хатто куни кеча эълон қилинган “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишида ҳам бу соҳада бажариладиган ишлар белгилаб берилган. Жумладан: “Ногиронларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш бўйича, биринчи навбатда, ногиронларни иш билан таъминлашга қаратилган ишлар аҳволини таҳлил қилиш; ногиронлар учун протез-ортопедия ва реабилитация техника воситалари ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш ва техник янгилаш, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ўрганишлар ўтказиш ва таклифлар тайёрлаш ва бошқалар”.
ИКСИД (International Council of Societies of Industrial Design – Icsid) – Дизайн бўйича Халқаро Кенгаш 1957 йили Лондон шаҳрида таъсис этилган. Бу  ташкилотнинг асосий вазифаси бутун дунёда дизайнни ривожлантиришдан иборат. Шу мақсадда ташкилот турли миллий, жамоатчилик ва ҳусусий дизайнерлик ташкилотлари билан мустуҳкам алоқалар ўрнатиш; дизайн  амалиётини тарғиб қилиш, янги-янги дизайн дастурларини тақдим этиш; аниқ масалаларга ечимлар топиш ( мисол учун, аҳолининг маълум грухлари – болалар, қариялар, ногиронлар ва бошқалар) учун дизайн лойиҳалари яратиш ҳамда соҳани ривожлантириш борасида илмий-амалий изланишлар олиб бориш, кўргазма ва семинарлар, ўқув курслари ташкил қилиш билан шуғулланиб келмоқда. 1969 йили Халқаро қурултойида “дизайн” атамасини қабул қилган эди.
 Бизнинг мамлакатимизда уни бадиий конструкциялаш деб қўлланилган. Асосан либос дизайни кенг тарқалган эди. Эндиликда унинг турлари кўпайиб боряпти. Фаолият соҳаси бошқарувдан тортиб, барча соҳада намоён бўлмоқда. Аммо негадир, жамиятимизда “дизайн” атамасини кам  қўлланилади. Ланшафт дизайнини ривожлантириш ҳақидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган эди.  ( Бош вазир  Шавкат Мирзиёев имзоси билан тасдиқланган қарор )  Ундан бошқа бу борада ҳужжат қабул қилинмаган. Бунинг икки сабаби бор. Биринчиси дизайнни инсон фаолияти методи эмас, балки касб соҳаси, тури сифатида жамиятимиз онгига сингганлиги бўлса, иккинчиси эса кейинги йилларда дизайн, либослар дизайнига нисбатан баъзи салбий ҳолат ва воқеаларнинг юз берганлиги  оқибати бўлди.
 (Давоми бор)

 

Leave a Reply
*