Menu
Categories
Маҳмуд Йўлдошев: ИССИҚДАН ҚОЧИБ, ИССИҚКЎЛГА…
08/05/2017 Сафар таассуротлари...
ИССИҚДАН ҚОЧИБ, ИССИҚКЎЛГА
Ҳаммамиз бу йил ёзги анча иссиқдан қийналдик. Уйда ҳар куни у бу ёзиб чизиб, ўтираман, кондиционерлар бўлса ҳам, бари бир иссиқлик қилади. Бу ҳолатни кўриб ўғилларим бизни дам олиб келишга “қува”бошлади.
Бундан фойдаланиб, дам олиш ва яхши бир орзуни ҳам амалга ошириш нийятида Мўғулистонга, Уланбатор шаҳридаги катта давлат кутубхонасига етиб олишни мўлжалладим. Чингизхон ҳаётига бағишланган бир китобнинг тарихи билан қизиқиб бир неча йилдирки қийналиб юрганим учун икки муаммони бирга ҳал қилмоқчи эдим. Виза ва у томондан олиниши керак бўлган таклифлар анча кечга қолди ва ниҳоят ўғилларимга “эркин” бирор жойда дам олишга розилик бердим.
Ўғилларимга ҳазиллашиб, кўп йиллардан бери орзу қилиб юраман, мени “Ҳиндистонга қува қолинглар”, дедим. Ёшларнинг ҳозирги имконлари катта, эртасига: дада, ҳозир Ҳиндистонда ёмғирлар мавсуми, қийналасиз, дейишди. Малайзия, Туркия ва яна қаерлар танланмади. Охир оқибат мен Иссиқкўлни танладим.
Хуллас, шу суҳбатлардан икки кун ўтар ўтмас, кичик ўғлим: дада индинга самолетга билет олиб келдим, деб қолди.
Яхши, биз ойинг иккаламизга катта тайёргарлик керак эмас, учаверамиз, дедим. Белгиланган куни эрта тонгда аэропортга элтиб бизни кузатишди. 1 соату 10 дақиқада биз Қирғизистонга келиб қўндик.
Қирғизистоннинг “Томчи” аэропортида турфирма ходимлари кутиб олишди, текис, равон йўл, биз 20 дақиқаларда “Евроазия” номли дам олиш мажмуасига етиб келдик. Бир томондан қарасанг ҳеч нарса ўзгармагандай, ўз ватандошларинг орасида юргандай ҳис қиласан ўзингни. Аммо, келган жойинг бошқа бир давлат эканлиги қайсидир бир унсурлардан қалбингга суқилиб кириб келаверади. Аччиқ ҳақиқат бўлгани учун айтишим керак, икки оға ини орасида ўтган совуқ воқеалар менинг юрагимни тимдалашни ҳеч тўхтатмади.
“Евроазия”нинг чап томонида хусусий дам олиш масканлари жойлашган, одам санжаб, ўнг томонида бир неча пансионат ва бошқа дам олиш жойлари бор экан. Тушунарли ҳол, чап томонимизда пляж анча зич, дам олувчиларнинг баъзилари “илож” топиб биз турган пляжга ўтиб олишга уринишади.
“Евроазия” дам олиш мажмуасида алоҳида пансионат йўқ, элитар котеджлар қурилган. Турфирмалар ташкиллаштириб олиб келган дам олувчилар ва “Катта, катта” машиналарда, таксиларда ўзлари келиб коттеджларга жойлашган дам олувчилар.
Ушбу дам олиш масканининг келажаги анча порлоқ. Бу комплекс бир вақтлари Қирғизистон “катталарининг” ҳам назари тушган жой бўлган экан. Мажмуага бундан эллик, олтмиш йиллар илгари Қрим қарағайлари, санобарлар олиб келиниб алоҳида аллея қилиб экилган, улар масканга сўлим бир манзара бериб турипти.
Мажмуанинг раҳбари Тўхта опа бир вақтлари шу вилоятга ҳоким бўлган экан, ҳар бир дарахтни ўз фарзандидай яхши кўради. Биз, бу дарахтларга бир тартиб бериб манзаранинг кўркини очинг, десак, уларнинг ҳеч бир шохини қирқишга кўзим қиймайди, дейди. Шунинг учун катта аллеяда юрган пайтимиз санобарлар бизга эмас, баъзан биз Санобарларга энггашиб салом бериб ўтардик.
“Евроазия” дам олиш мажмуасида яна бир ажойиб имконият бор. Бу масканда ерости минералли иссиқ булоқ очилган. Унинг таркиби, қайси дардларга даволигини аниқлаш учун лабораторияга берилган экан, ўрганилаяпти. Демак, яқин вақт ичида қайси дардларга даволиги аниқ кўрсатилади. Ушбу термал сувлардан ҳовузлар гулдастаси ташкил қилинган. Бу ҳовузларда сув маълум даражада пасайиб бориб, охирги ҳовузда оддий ҳароратдаги сувга айланади.
Қирғизистонда аввал ҳам бўлганман, аммо бу сафар бир нарсага эътиборим алоҳида қаратилди, бизга қараганда улар орасида туркий исмларнинг кўплиги. Бу ҳолат бизни кутиб олган Ойпаридан бошланди. Масканнинг ўзида Ойпари, Ойсулув, Тўлғоной, Бермет, Жўлдош, Жўлжахши ва бошқа асл туркий исмли кишилар кўп эди.
Маскан ичидаги автотўхташ жойида юзлаб джиплар турипти. Уларнинг ярми ўнг томон рулли машиналар бўлса ярми чап томонли машиналар. Ташқарига чиқсангиз ҳам шу аҳвол. Ҳайдовчилардан сўрасам бизда бу қийинчилик туғдирмайди, дейишди. Аммо, йўлларда эски машиналар кўп. Бизнинг “Шевролет”, ҳатто “Дево”лардан биронтасини кўрмадим. Сабабини ёритиб ўтирмайман.
Албатта кўпчиликни бу жойдаги нарх наволар қизиқтиришини тушунган ҳолда айтиб ўтмоқчиман, нарх наво биздагига қараганда, озиқ овқат соҳасида анча қиммат. Масалан, у ерда бир кило гуручнинг пулига бизда уч кило гуруч оласиз. Бир кило узум, ўрикни икки, 2,5 ҳатто уч долларга оласиз.
Мевалар сифатига келсак, бизнинг ўриклар, шафтолилар у ердагилардан балким майдароқдир, аммо бизникилар жуда ширин. Уларнинг бир кило ўригини 120 сўмга олсангиз, катта-катта беш олтита ўрик чиқади, нархи 2 доллардан ортиқ. Мазаси, нима десам экан, агар бизнинг ўрикларни бир буғда ушлаб ширасини тўкиб кейин сотилса, ўша таъмда бўлади. Аммо улардаги ўриклар катта-катталиги билан сизни ром қилади.
Ҳар доим қаерга борсам ўша жойнинг бозори билан мозорини кўраман. “Евроазия”га яқин бўлган мозоротни ҳам зиёрат қилдим. Бир жумлада айтадиган бўлсам, дабдабали мозорлар кўп. Бирон бир каттароқ шаҳар ва ҳатто туман маркази бўлмаслигига қарамасдан қишлоқ қабристонида ҳайкаллар қўйилган мозорлар бор. Буларни мен советизмнинг қолдиғи, деб тушундим.
Маскан раҳбари Тўхта опанинг келини Тўлғоной бизга жуда ёқиб тушди, ўз келинимиздай меҳрибонлик кўрсатди. Биз ҳам қўлимиздан келган меҳримизни ундан аямадик. Бу икки ажойиб, меҳрибон инсонларга бир китобимни (Сидранинг тўрт меваси) совға қилдик.
Ушбу китобга шундай битик ҳам ёздим:
Эл орасинда эпчил бўлув керак,
Элнинг номин юқори чиқарувға,
Иморатға оғоч бўлбас ҳар бир терак,
Белги бойлаб сиғинайлик, деб борувға.
Туркий ўғлон Маҳмудбек олқиш ёзди,
Тўхта ижи сендайин бир опайға,
Меҳнатингдан ҳузур топқин, Манас қизи,
Олқишларим бориб етсин то Олойға.
Мана шундай ширин учрашув ва ширин хотиралар билан яна самолётга миндик. Ана энди негадир бир соату 20 дақиқада Тошкентимизга етиб келдик.
Биз билан бирга дам олган кишиларнинг таърифларига қараганда Иссиқкўлда дам олиш Туркиядагидан ҳам афзалроқ экан. Мен ҳам шу хулосага келдим. Иссиқкўлга яна албатта борсам керак.
Ҳа, Тўлғонойнинг маслаҳати билан Тошкентимга уч туп Қрим санобарлари кўчатини олиб келдим. Энди уларнинг парвариши менинг бўйнимда…
https://www.facebook.com/mahmudjurat
 
"1" Comment
  1. Fatima Sattarova

    Жуда яхши дам олиш маскани!! Суви яхши иссик, шароити яхши эди!! Иссик кулга тоглар хам якин Семеновский ущелье…
    Чингиз Айтматов ватани!!

Leave a Reply
*