Menu
Categories
Исмат Хушев: ББС ўзбек хизматининг расмий вакили Тошкентга келди
08/07/2017 Демократия сабоқлари
паҳлавон содиқ бир ўзиББС ўзбек хизмати Тошкентда ўз офисини очади.
Нега ББС, “Озодлик” эмас…
Хориждаги ўзбек журналисти мулоҳазаси…
1.
1 август куни ББС ўзбек хизматининг расмий вакили, таниқли журналист  Паҳлавон Содиқ Буюк Британиядан Тошкентга учиб келди.
Тошкент аэропортида уни ким ва қайси расмий идора вакиллари кутиб олишгани бизга қоронғу.
Лекин маълуми шуки, эртаси куни Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлигида уни расмий кутиб олишган ва қисқа муддатли музокара ўтказишган…
2.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Яқингинада ББС жаҳон хизматининг Ўрта Осиё ва Қофқоз хизмати раҳбари, таниқли ёзувчи Ҳамид Исмоил Тошкентга келганида, аэропортдан тўхтатилиб, ортига қайтариб юборилган эди.
Шу қисқа вақт ичида нима ўзгарди?
Нега кечагина ББС жаҳон хизмати раҳбарларидан бирини Ўзбекистонга киритмай, ортига қайтариб юборган мамлакат бугун унинг оддий ходимини тантанали суратда кутиб олмоқда?
Бу орада нима рўй берди? Бу ерда қандай сир бўлиши мумкин?
3.
Бизнинг Тошкентдаги манбаларимиз Ҳамид Исмоилни Тошкентга киритмаслик талаби МХХ га тааллуқли бўлиб, идоранинг бу қадами қайсидир маънода Президент Мирзиёев гапираётган ва амалга ошираётган халқаро миқёсдаги гап сўзларга қарши қаратилган кичкина бир саботаж эди.
Бу шармандали ҳол учун кимлардир жазоланди, вазифасидан олинди, лекин асосий айбдорлар бир четда қолди. Айнан ББС вакилига нисбатан шундай адолатсизлик қилингани, кейинчалик Мирзиёевнинг бугунги – ББС нинг Тошкентда офисини очиш қарорига расман туртки берган бўлиши ҳам мумкин.
Нима бўлганда ҳам энди ББС ўзбек хизматининг Ўзбекистонда яна олдингидай – Ракатбоши маҳалласидагидай  ўз расмий офиси бўлади…
4.
Биз олдинги мақолаларимизнинг бирида ББС ва Озодлик радиосининг айрим ходимлари Ўзбекистонга бемалол бориб келишаётгани ҳақида, уларнинг баъзилари ўзбек махсус хизматлари билан алдоқадор бўлиши мумкинлиги борасида мақолалар эълон қилган эдик.
Бу бир журналистик тадқиқот эди, холос. Ундан ортиқча нарса изламаслик керак. Лекин бугун кўриб турганимиздек, ўша мақолаларда ҳам қайсидир маънода жон бор экан.
Майли, қитмирлик ва худбинликни бир четга йиғиштириб қўйиб, чин юракдан айтадиган бўлсак, биз бугун ББС ўзбек хизматини Ватанга қайтгани билан астойдил табриклаймиз, муборакбод этамиз. МХХнинг қанотидами, мустақилми, бундан қатъий назар ББС ўзбек хизматининг расмий офисининг Тошкентда яна очилишини биз журналистлар қутламоғимиз керак…
5.
Катта қувонч ва ҳаяжон билан, янги орзу умидлар қанотида Лондондан Тошкентга Тошкентга учиб келган Паҳлавон Содиқ Ўзбекистонга бегона эмас. Унинг қадами Ўзбекистондан узилмаган, у Ватанга тез тез келиб туради.
Паҳлавон асли Наманганда туғилди, журналистика унинг пешонасига битилган тақдир экан, шуни танлади.  Умрининг кейинги йигирма йилини шу оғир ва заҳматли, айни пайтда масъулиятли ва шарафли соҳага бағишлади. Журналист сифатида ББСда оёққа турди, шаклланди, элга танилди, шуҳрат қозонди.
Бугун унинг нафақат Наманганда, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда дўстлари, ҳамкасблари ва мухлислари бор. Ўзбекистон расмий идоралари билан ҳам яхши ва дўстона алоқада. Халқ ва миллат манфаати йўлида улар билан ҳамиша яхши ва ишончли алоқаларни ўрнатиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолишига ишонамиз.
Айтмоқчимизки, ББС ўзбек хизмати раҳбарияти уни янги Ўзбекистон билан эски алоқаларни тиклаш учун расмий сафар ва мулоқотга жўнатиб, адашмаган…
6.
Паҳлавоннинг Тошкентга қилган бу галги расмий сафаридан мақсади, энг аввало ББС анча олдин эълон қилган конкурсни якунлаб, унга ариза топширган номзодлар билан суҳбат ўтказишдан иборат.
Танлаб олинган номзодни Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлигига таништириб, уларнинг аккредитациясини олишдан иборат.
Сўнг Тошкент ҳукумати ББС учун ажратган янги офиси фаолиятини йўлга қўяди. ББС ўзбек хизматининг Тошкент офисида фақат ўша номзод ишлайди деб ўйламаслик керак. Бошида бир муддат Паҳлвон унга бошчилик қилади, йўл йўриқ кўрсатади, иш ўргатади. Бу бир ойми, икки ойми – Лондондаги ББС раҳбарияти қанча истаса, шунча давом этади.
Сўнг унинг ўрнини ББСнинг Буюк Британиядаги Бош қароргоҳида ишлаётган жойлашган бошқа ўзбек журналистлари эгаллаши мумкин.  Дунёнинг энг қудратли ва нуфузли ахборот тизими бўлмиш – ББС жаҳон хизматининг Ўзбекистонда расмий офис очиши, халқимиз ва давлатимиз учун ҳам жуда катта ва оламшумул аҳамиятга эга. Жаҳон ҳамжамияти, Европа иттифоқи, дунёнинг энг ривожланган давлатлари Тошкентнинг мана шундай демократик қадамларига қараб, у билан кейинги муносабат ва манфаатларини йўлга қўйишади.
ББСнинг Тошкентда очилажак янги офисининг миллат ва Ватан тақдиридаги тарихий қиммати ва аҳамияти ҳам мана шунда…
7.
Дарвоқе, ББС ўзбек хизматининг Тошкентдаги олдинги – эски офиси ҳақида.
ББС нинг Тошкент офиси аввал Ивлева кўчасида жойлашган бўлиб, у ерга трамвай йўлидан ўтиб бориларди. ББСидаги ҳамкасбларимиз кейинчалик Ракатбоши кўчасидаги мўъжаз бир ҳовлини ижарага олиб, офисга айлантиришди. Ўзларининг ҳайдовчилари, овқат қиладиган ошпазлари, сўлим ва файзли ошхоналари бор эди.
Байрам ва турли тадбирлар кўпинча “бир пиёла чой” ва “бир рюмка шампан” атрофида ўтар, Москвада ўқиганим боис, менга ижодий гуруҳ аъзоларининг бу озодлиги, европача эркинлиги жуда ёқарди.
Бундай ўтиришларга Ўзбекистондаги ҳур фикрли журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат аъзолари ҳам тез тез таклиф этилар, хусусан Рауф Парфини мен бу ерда жуда кўп учратардим. Бу ердаги ҳур фикрлилик, ўзъаро иноқлик ва демократик руҳ менга ёқарди.
Қолаверса, бу ердан дунёга назар ташлаш ҳам осонроқ эди…
8.
Хуллас, ББС жаҳон хизматининг ўзбек бўлими янги ва одил раҳбариятнинг қарори билан, узоқ йиллик танаффусдан сўнг яна Ўзбекистонга қайтди.
Энг муҳими – Каримов даври қатағони ва ҳур фикрга бўлган золимларча муносабати боис Ўзбекистондан қувилган халқаро ахборот воситалари яна олдингидай юртимизга қайта бошлади.  Биз учун энг муҳими шу.
Эски ББС нинг  янги Ўзбекистонга қўйган қадами қутлуғ бўлсин…
 Суратда: ББСнинг машҳур журналистлари Сирожиддин Ислом ва Паҳлавон Содиқлар офисда…
 Сўнгсўз ўрнида:
Биз бугун Ўзбекистондан олис Канадада туриб, якшанбанинг сирли ва сукунатли, сўлим ва субҳидам тонгида – ББСдан кейин “Озодлик” офиси ҳам Ўзбекистонга қайтишини чин юракдан орзу қилиб қоламиз…
 Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
6 август, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…
.
ББСнинг Тошкент офиси
Суратда: ББС жаҳон хизматининг Тошкент офисида ишлаган ижодий гуруҳ аъзолари…
Би-би-си Ўзбек хизмати
Қисқача таржимаи ҳол ўрнида:
1994 йилнинг ноябр охирида Би-би-си Ўзбек хизматининг илк радиодастури Лондондан ҳаво тўлқинларини эгаллаган.
Илк ярим соатлик радиоэшиттиришни Ҳамид Исмоил, Дилором Иброҳим, Нодира Йўлдош ва Дилмурод Мирали тайёрлаб, тақдим қилишган.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, Қирғизистоннинг собиқ президенти Аскар Акаев ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Би-би-си Жаҳон хизматлари сафига Ўзбек шўъбаси қўшилиши билан табриклар йўллашган.
Аввалига фақат радио дастурлар билан чекланган Би-би-си Ўзбек хизмати бугун интернетда ҳам фаол.
Жамоамиз тайёрлаган видеофилмлар Би-би-си Жаҳон хизмати ва Буюк Британиянинг ички Би-би-си телеканалларида намойиш этилган.
 
Би-би-си Марказий Осиё ва Қофқоз жамоаси, 1997 йил
Бугунги кунда BBCUZBEK.COM ижтимоий тармоқларда ўзбек тилидаги ахборот манбалари орасида энг олдинги қаторларда бормоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиё, балки жаҳон эврилишларининг акс-садосидир.
 Ҳамид
Исмоил: “Би-би-си имкон бўлса Ўзбекистонга ҳар қачон қайтишга тайёр”
Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз – +44 7858 860002
ББС
"1" Comment
  1. Мархабо!!! Қадамларингизни Оллох қутлагай!!! Омад ва устунликлар (успехов) тилаймиз! Умид қиламиз, бир кун ДУНЁ УЗБЕКЛАРИЯМ Тошкентга шараф билан қайтади! Иншоллох!

Leave a Reply
*