Menu
Categories
Исмат Хушев: Ўзбекистонга сафар – Мўъжизалар изидан Сангзор соҳилларида (3 қисм)
05/24/2018 Демократия сабоқлари
жиззахдамиз
Биз бугун Жиззах вилоятига сафар қиламиз.
Жиззахнинг Марказий Осиёда ўзига хос ўрни бор. У жуда қадимий диёр. Унинг гуллаб яшнаши улуғ Амир Темур даври ва салтанати билан боғлиқ.
Амир Темур салтанати бўлган маркази – Самарқанд билан Жиззах оралиғи – ҳозирги ўлчови билан 90 километр. Қадим Амир Темур замонида Жиззах – Амир Темур салтанатининг дарвозаси саналган.
Жиззахдан кейин – Ғаллаоролга етмай  4-5 чақирим ўтишингиз билан тоғ дараси бошланади. Ана ўша –  Сангзор оқиб ўтувчи жой – Амир Темур дарвозаси деб аталади. Бу ерда бир пайтлар тоғ кириб келиб ўртада сув тешиб ўтган бўлса керак – Сангзор деб аталган. Бу ердан чор Россияси аввал темур йўл ўтказди. Совет замонига келиб тош йўл ўтказилди. Амир Темур дарвозасининг таърифи ана шундай бошланган.
Амир Темур дарвозаси айни пайтда Жиззахнинг энг ишончли қалъаси ҳам ҳисобланган. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, Жиззах дарвозаси –  Жиззах қалъаси ҳисобланган. Самарканд империясининг энг ишончли қўриқчилари ҳам Жиззахда бўлган. Айни пайтда Жиззах Амир Темур давридаёқ ўз саман отлари билан машҳур бўлган. Бир сўз билан айтганда Жиззахда отчилик Амир Темур давридаёқ йўлга қўйилган ва ривожлантирилган.
Чунки ўз даври армиясининг танкаси, пушкаси ва самолети ҳам – от бўлган. Амир Темур саркардаси ва аскарининг асосий яроғи ва суянган тоғи – ишончли дўсти ва улови асосан от бўлган. Отга катта баҳо берилган. Амир Темур табиийки жангга мослашган сараланган қорабайир отларини дунёга келтирилган. Бу отлар ўша даврлардан бўён Жиззахда донг таратган. Айни пайтда бу от чидамлилиги билан, жангга мослашгани билан, бир неча суткалаб жангда тура бириши  ва кўпкарига мослашгани билан ҳам бошқа отлардан ажралиб туради. Жангга ярайдиган энг чидамли ва шаддатли отлар шулар.
Ҳозир ҳам Зомин, Ғаллаорол, Бахмал, Фориш, Сарбозор бозорларида бу отларни учратиш мумкин. Умуман от ва мол бозорлари ҳам Жиззахда маълум ва машҳур. Бу вилоят атрофидаги –  Самарқанд музофотининг энг катта бозори шу ерда – Нурота атрофида бўлган бўлган.
Ҳозир ҳам Ўзбекистоннинг энг катта мол бозори шу ерда. Санг бозор деб аталади. Кейинчалик Чор Россияси буни – Багара деб ўзгартирган. Багара яъни лалми ер дегани. Чор Россиясидан Жиззахга келиб поезд тўхтайдиган жой – багара деб аталган.
 Ғаллаорол деб ном олган бу ерларда Жиззах уезди бўлган. 6 та район. Жиззах Фориш, Сарбозор Зомин 1916 йил мардикорликда бойлар камбғаллар ўзи пул тўлаган, камбағаллар ўзи борган. Жиззах халқи шундай кўтарилиб кетиб, Чор Россиясига қарши бош кўтариб, Жиззах уезди арбобларини тошбўрон қилиб юборган. Жиззах ҳокимини ҳам тошбўрон қилиб ўлдирган. Мардикорлик тўлқинидан тарқалган исён эди бу. Жиззах тарихда Чор Россиясига қарши энг катта қўзғолон кўтарган шаҳар деб тарихда қолган.
1926 йилда Ғаллаорол деб ном олган.
Ўзгаришлар асосан Усмон Юсупов номи билан боғлиқ. Сув келтирган. Лаълмикор ерларга мослаштирган. Сталин сиёсати боис. Кейин Жиззахдаги асосий ўзгаришларни Шароф Рашидов амалга оширган. 1950 йилларда чўлларни оммавий ўзлаштириш бошланган.
Жиззах 1973 нинг охирида вилоят сифатида ташкил топди. Собиқ Оққурғон райкомининг биринчи секретари Тоиров Сеид Маметович янги ташкил этилган Жиззах обкомининг биринчи секретари бўлган. Сўнг Қашқадарёдан Боймиров Тўхтамиш Боймирович Жиззахга биринчи бўлиб келган. Ундан кейин Ислом Умаров Жиззахнинг биринчи раҳбари бўлган. Сўнг Ўзбекистон раҳбарлари Рашидовга ўчакишиб, Жиззахни йўқ қилишган. Уни Сирдарёга қўшиб юборишган. Клепиков Александр Федорович Сирдарё обкомининг биринчи секретари этиб тайинланган.
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари бўлганидан Жиззах қайта тикланиб, Сирдарёдан яна ажратиб олинган. “Қаршистрой” раҳбари Эркин Турсунов Жиззахнинг биринчи раҳбари этиб тайинланган. Кейин Алишер Тошкентбоев Жиззахга бош бўлди.
Жиззах тараққиёти эса 1996 йилдан эътиборан бошланди.Худди шу йили Жиззахга унинг асл фарзанди Шавкат Мирзиёев бош бўлиб келди. Сув омборлари қурилиши, лаълмикор ерларнинг ўзлаштириши Шавкат Миромонович номи билан боғлиқ. “Дунё ўзбеклари”да жиззахлик ёзувчи Абулқосим Мамарасуловнинг “Мирзиёев Жиззахда нима ишлар қилган эди” номли мақоласида булар ҳақида батафсил ҳикоя қилинган. Мирзиёев 2001 йилдан эътиборан Самарқандга ҳоким бўлиб кетганидан кейин Убайдулла Ёмонқулов Жиззахга биринчи раҳбар бўлди. У 2007 йилгача ишлади. Кейин Муса Анорбоев, Маҳмуд Холбўтаев, Исмоилов Сайфиддин Умаровичлар Жиззахга раҳбарлик қилишди. Сайфиддин Исмоиловнинг олти хотини борлиги ҳақида Шароф Убайдуллаевнинг мақолалари “Дунё ўзбеклари”да эълон қилинди. 2016-2017 йилларда Улуғбек Узоқов Жиззахга раҳбарлик қилди. Ва бугунги кунда Эргаш Солиев Жиззахнинг биринчи раҳбари бўлиб ишлаяпти.
Жиззахнинг ўзига хос бетакрор тарихи бор.
Илгарилари савдо сотиқ ва маданияти ривожланган бу ўлка – Ипак йўлининг бош манзили ҳамдир.
Бобир “Бобирномаси”да ёзади: Мен ҳар сафар Амир Темур дарвозасидан ўтишга тўғри келганида лашкарбошиларга “Жиззахда қўниб бир оқшом ётиб ўтамиз” дердим. Чунки  Жиззахнинг этини емай ўтиб кетиш гуноҳ. Бундай эт бу юртда йўқдир деган. Жиззах гўши жуда ширин бўлади. Бу ерларда энг барра ўтлар ва майсалар ўнадиган тоза ва бебаҳо, минг дардга даво тоғли даралар жуда кўп.
Бобир даврида ҳам, Амир Темур даврида ҳам Жиззахда тилга тушган афсонавий карвон йўли бўлган. Халқ оғзаки ижоди гуллаб яшнаган. Турди Фароғий Жиззахда туғилган.
Тор кўнгуллик беклар, манман деманг, кенглик қилинг
Тўқсон икки бовли ўзбек юртидур, тенглик қилинг.
Бирни қипчоқу хитоу, бирни юз, найман деманг,
Қирқу юз, минг сон бўлиб бир жон ойинлик қилинг.
Совет даврига ва мустақиллик йилларига келиб Жиззахда адабиёт ва санъат ривожланган.
Кейинчалик Ҳамид Олимжон Жиззахнинг фахрига айланган. Зулфия унинг энг катта кашфиёти бўлган. 1909 йилда туғилиб, 1945 йилда фожеали ҳалок бўлган Ҳамид Олимжон 35 ёшидаёқ адабиёт ва санъатда катта мерос қолдирган. Лекин яқин яқинга қадар унинг ижоди ва адабий мероси деярли унутилаёзган эди.
Шавкат Мирзиёевнинг донишмандлиги боис Ҳамид Олимжон ва Зулфия қайтадан дунёга келди. Шароф Рашидов номидаги  Жиззахнинг Бош майдонда уларнинг ҳайкали қўйилган. Бугун Ҳамид Олимжон ўз севикли келинчаги билан жиззахликларга таъзим қилиб, салом бериб турибди.
Жиззахлик ёзувчи Норали Қобулнинг “Салом тоғлар”, “Ойқор” асарлари жуда машҳур.
Бугун Жиззах адабиёти ҳақида гап кетганида Назир Сафаров, Сарвар Азимов, Шароф Убайдуллаев, Нурали Қобул, Абулқосим Мамарасуловлар эсланади…
Жиззах адабий муҳити ва Зомин ижод боғининг бу борада аҳамияти катта. Мен ҳали Америкада Абдулла Орипов билан суҳбатлашганимда Шавкат мирзиёев ва Зомин адабий муҳити ҳақида кўп яхши ва ибратли гаплар эшитгандим…
Сиёсий арбоблар ҳақида гап кетганида албатта Шароф Рашидов ва Шавкат Мирзиёевларнинг муборак номи жиззахликларнинг ҳақли равишдаги фахр ва ифтихор туйғулари билан қоришиб кетган…
Биз Жиззахга ана шундай ўй хаёллар билан кириб бордик…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари ” Бош муҳаррири,
Тошкент – Жиззах – Тошкент
5 – 17 май кунлари. 2018 йил, Ўзбекистон

https://www.youtube.com/watch?v=7nh1pmz5TXM
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*