Menu
Categories
САЛОМ, БАРБИ! Дунёга машҳур қўғирчоқлар қандай пайдо бўлгани хусусида…
05/26/2018 Воқеа ва ҳодисалар

куклаларим

САЛОМ, БАРБИ! Дунёга машҳур қўғирчоқлар қандай пайдо бўлгани хусусида…
Гўзалликка ошно бўлиш, табиатни асраш, инсонни ардоқлаш каби эзгу фазилат болаликдан шаклланади. Қўлимизга ушлаган биринчи қўғирчоқ, чиройли, бежирим ўйинчоқ, ширин, рангоранг қандолат, расм ва эртакларга бой китоб бу борадаги дастлабки қадам саналади. Ахборот технологиялари ҳам болалар учун буюмлар ишлаб чиқаришда мўъжизалар яратмоқда.
Барби қўғирчоғи дунёда жуда машҳур бўлиб кетган. Уни катталар ҳам, болалар ҳам яхши танийдилар. Барби қўғирчоқлар тарихида энг довруғ топган ва харидоргир товар маҳсулоти сифатида тан олинган. Уни Америка Қўшма Штатларининг Mattel компанияси ишлаб чиқаради. Бу компания дунёдаги энг улкан қўғирчоқ ишлаб чиқарувчилардан биридир. Унинг маҳсулотлари 150 дан ортиқ мамлакатларда сотилади. Mattel қўғирчоқлари Хитой, Индонезия, Малайзия ва Мехсикадаги фабрикаларда ясалади. Аниқроқ айтсак, уларни ишлаб чиқариш ривожланган мамлакатлардагига нисбатан қаерда арзонроқ бўлса, ўша ерда кўпроқ ишлаб чиқариляпти.
1945 йили Mattel ёш келин-куёв Хэндлерлар оиласи томонидан ташкил этилган. Рут Хэндлернинг келиб чиқиши польяк бўлиб, у оилада ўнинчи фарзанд эди. Mattel ўз фаолиятини расмларга рамка-ҳошия ишлаб чиқаришдан бошлаган эди. Бу ишга 100 минг доллар сармоя сарфлаган корхона 30 минг доллар атрофида соф даромад қилди. Бизнес муваффақият билан бошланди. Сўнгра қуғирчоқлар учун уй-жой ишлаб чиқаришди. Бу эса айни муддао бўлиб, иккинчи жаҳон урушидан кейин одамлар турмуши ўз ўзанига тушаётган пайт эди.
1955 йилга келиб Mattel сотган маҳсулотлар қиймати 5 миллион доллардан ошди. Хэндлерлар оиласи қўғирчоқ индустриясини тубдан ўзгартириб юборадиган ишга таваккал қилди. Телевиение орқали Дисней мультфильмлари намойиш қилинаётган пайтда реклама беришни йўлга қўйилди. Бу эса чиндан ҳам хатарли таваккалчилик эди. Биринчидан болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқарувчи кўп ҳолларда дукон сотувчилари билан самарали ҳамкорлик қилар эди. Энди эса тўппа-тўғри ҳаридорнинг ўзи билан алоқа боғлади. Иккинчидан реклама учун жуда катта маблағ – 500 минг доллар сарфланди. Бу эса компаниянинг ўша даврдаги капиталига тенг келар эди.
Ё устидан, ё остидан деганларидек, тез орада Америка Қўшма Штатларидаги барча яшовчилар Mattel компанияси ва унинг ажойиб маҳсулотларидан хабардор бўлди. Айниқса “Микки Маус клуби” деб номланган телекўрсатув пайтида намойиш қилинган рекламалар ниҳоятда муваффақиятли ўтди. Болалар ота онасидан фақат Mattel компаниясининг ўйинчоқларидан олиб беришларини талаб қила бошладилар. Ўйинчоқлар савдоси 1959 йилга келиб 14 миллион доллардан ошиб кетди. Худди шу пайтга келиб ўйинчоқлар бозорида ҳақиқий инқилоб юз берди. Mattel компаниясида Barbie қўғирчоғи дунёга келди. Кунлардан бирида Рут Хэндлернинг қизчаси катта одам тасвиридаги қоғоз қўғирчоқни иштиёқ билан ўйнар эди. Уни кузатиб ўтирган онанинг ўйида Барби ғояси дунёга келади. Хэндлернинг фикрича, ташқи кўриниши гўзал қизга ўхшаган қўғирчоқ билан ўйнаш барча қизалоқларга ёқади, шу билан бирга, улар вояга етгач, қандай фазилатларга эга бўлиши лозим, деган саволга жавобни ҳам компания бера олиши мумкинлигини кўнглига тугади.
1959 йили Mattel ўзининг Барби қўғирчоғини (Қўғирчоқнинг исми Хэндлерлар қизчаси номидан олинган) ишлаб чиқаради. Нью-Йоркда ўтказилган қўғирчоқ кўргазмасида кам эътибор берилган бўлса ҳам Барби ўша даврда қизчаларга мўлжалланган уйинчоқлар ичида энг харидоргирлиги билан довруғ қозонди.
60-йилларнинг бошида Mattel қўғирчоқлар бозорида мустаҳкам ўрин эгаллади. Компания ходимлари ўйинчоқ турини кўпайтириш вақти келганлиги туфайли Chatty Cathy –Америкада биринчи гапирадиган қўғирчоқни яратишди. У ҳам муваффақиятли маҳсулот бўлди, аммо Барбичалик мавқеъга эга бўлмади.
1975 йили Хэндлерлар ўрнига компания бошқаруви Артур Спэага ўтди. Икки йилдан сўнг компания яна даромад топа бошлади. Янги раҳбарият фойда келтирмайдиган тизимлардан воз кечишга қарор қилди. Ана шундай тармоқлардан бири – видео ўйинлар индустрияси Mattel учун 400 миллион доллар зарар келтирган эди. Компания ривожлана бошлади, аммо Mattel аввалги мавқеи йўқотилган, қўғирчоқ бозорида эса Hasbro компанияси етакчилик қиларди.
Mattel компанияси тарихидан қандай сабоқ чиқариш мумкин: Биринчидан компанияда маркетинг сиёсати тўғри қўйилган эди. Истеъмолчи талабларига алоҳида эътибор қаратилди, қўғирчоқ ва у билан боғлиқ аксессуарларни сотиб олишга интилиш даромад манбаи бўлди. Ундан ташқари Барби олами борган сари кенгайиб, янги-янги қиёфа ва нарсалар билан тўлиб борди. Бу эса болалар қизиқишини оширди. Ва ниҳоят Барби қўғирчоғи қизалоқлар учун келажакда қандай қиз бўлиб вояга етиши образи, орзуси сифатида тақдим этилди. Компания учун муваффақият келтирган омиллар ана шулардан иборат.
Барби – Америка маликаси рамзи ҳеч қачон АҚШда ишлаб чиқарилган эмас. У ўша дунёга келган 1959 йилдан бошлабоқ глобал имконият эгасига айланди. Дастлаб уни Японияда, Иккинчи жаҳон урушидан кейин, мамлакат иқтисодиёти қайта жонланаётган пайтда, арзон ишчи кучидан фойдаланилди.
1970 йилларга келиб, Гонконг бу қўғирчоқнинг асосий йиғувчисига айланди. Кейин эса – Филиппин, эндиликда, албатта Хитой. Бу ноёб қўғирчоқнинг қисмлари айнан охирги ишлар амалга ошириладиган жойда ясалади. Аммо эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш ишлари ва ишлаб чиқариш маъмурияти биз ўйлагандек содда эмас, унинг ўзига хос томонлари ҳам бор. Қўғирчоқ ишлаб чиқарувчи дунёда энг улкан корпорация саналган Mattel штаб-квартираси Лос-Анджелес Халқаро аэропорти яқинидаги Эль-Сегундо шаҳарчасида жойлашган. Барби ғояси худди шу ерда туғилган эди. Бугунги кунда ҳам қўғирчоқ яратувчи дизайнерлар шу масканда ижод қилишяпти. Қўғирчоқ учун либослар ҳам худди шу ерда яратилади. Кўп ҳолларда дунёга машҳур бўлган модельер ва кутюрьелар Барби учун либос тикадилар. Айтиш жоизки, Барби қўғирчоғи аллақачон ҳақиқий услуб маъбудасига айланиб улгурди. Қизалоқларнинг энг севимли қўғирчоғини кийинтириш дунёдаги кўплаб дизайнерлар ижодидан ўрин олди.
2014 йил кузида Барби намуналари Chanel бренди креатив директори Карл Легерфелид яратган қўғирчоқ билан яна биттага кўпайди. Қўғирчоқни у худди ўзига ухшатиб кийинтирди. Барбининг эгнида қора жакет, баланд кўтарилган ёқали оқ кўйлак ва қора жинси шим кийган ҳолда пайдо бўлди.Бу қўғирчоқ сотувга жуда кам нусхада чиқарилди. Аксессуарлар унинг образини мақомига етказди: атлас галстук, қора кўзойнак, металл безакли чарм ҳамён.
Барби 2001 йили Англияга сафарга боради Лондон шаҳрида сайр қилиш учун қўғирчоқ ўзига Британиянинг Burberry брендига либос тикдиради. У икки қатор тугмали, астари катак гулли матодан тикилган сарғиш плаш, қора свитер ва юбка кийиб олган эди. Бу образни унинг бежирим аксессуарлари: юмшоқ шарф, узун тасмали сумка ҳамда ботфорт, яъни қўнжиси тиззадан тепада бўлган пошнаси баланд қора этик янада аниқроқ намоён қилган эди.
Бир қўлида хорижий паспорт, иккинчи қўлида дизайнерларнинг жамодонини ушлаган Барбининг эгнида чиройли кўйлак, Diane Von Furstenberg бренди инъом этган муъаттар атир хидини таратиб, ажойиб сиҳатгоҳ томон йўл олган эди. 2006 йили қўғирчоқ оқ жимжимадор гулли пушти кўйлакда шаҳарлик таннозга айланади. Унинг қўлига оқ сумка – халта илинган, газета тахлаб солинган, осилчоқли билагузук ва зирак тақиб олган ҳолда шакллантирилган эди.
Либос, қўғирчоққа, албатта керак. Аммо модага хос кийинувчи қизга бежирим, чиройли туфли ва пойабзаллар яна ҳам зарур. Дунёга машҳур бўлган пойабзалчи Кристиан Лабутен 2010 йили Барби учун қизил пошнали Burberry брендининг тўққизта митти шиппак ва басаножка жамламасини яратди. Уларнинг ҳар бири учун алоҳида қоғоз қутичалар ясалди.
Қўғирчоқ учун либос ва пойабзал яратиш бир гап, унинг ўзини яратиш бошқа гап. Агар унинг эгнидаги либослари билан фақат Fabriqué en France шуғулланса рақобатга бардош бера олмас эди. Улар учун Made in China алоҳида аҳамият касб этади. Los Angeles Times текширувларига кўра (Mattel ўзининг ишлаб чиқариш занжири ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликдан сир тутади), либослар асосан Meitaiнинг Дунгуандаги корхонасида тикилади ва бу ерда минглаб ишчи ҳизмат қилади.
 Барби – бу нефть. Пластик – қўғирчоқ ишлаб чиқариш учун қўлланиладиган асосий хомашё саналади. Албатта, бунда бошқа вариантлар ҳам бор. Барбини қимматбаҳо хомашё ҳисобланган Silkstoneдан ясалса, худди “тирикдек” кўринишга эга бўлади. Аммо Барби – асосан поливинилхлориддан қуйилади. Унинг сочлари учун эса нейлон ишлатилади. Нефть маҳсулотларидан пластик ишлаб чиқарилади, бу вазифани Formosa Plastics корпорацияси бажаради У қўғирчоқлар учун пластик ишлаб чиқарувчи энг улкан корхоналарни ўзида бирлаштирган.
Кўплаб корхона нейлонни Италиядан сотиб олади. Аммо Mattel Японияни хуш кўради. Олдин Гонконгда, кейинчалик корпорацияга қарашли корхоналар Хитойда ўз қудратини кўрсатяпти. Los Angeles Times маълумотига кўра Барби қўғирчоғини 5000 га яқин кичик корхоналар ишлаб чиқаради. Гонконгда жойлашган маъмурий идорада юзлаб менежер бу ишлаб чиқаришни бошқаради. Қўғирчоқ учун қутилар ҳам бошқа мамлакатдан олиб келинади. Asia Pulp & Paper (APP) – компаниясини улкан қоғоз ишлаб чиқарувчи корхона дейиш қийин. У ўзининг брендини сотиш орқали иш юритади.Унинг штаб-квартираси Жакарта шаҳрида жойлашган. Яқин-яқингача қўғирчоқ учун қадоқ ва айрим ранглар АҚШда тайёрланар эди. Лекин 2002 йилдан бошлаб Mattel ўзининг Америкадаги сўнгги заводини ёпди. Эндиликда қўғирчоқлар Осиёда ишлаб чиқарилмоқда. Қўғирчоқлар учун юқори технология ҳам, харажатлар ҳам кўп талаб қилинмайди. Таннархи энг арзон товар ҳисобланади.
Кино мухлислари Пенелопа Крусни ҳеч қачон қўғирчоққа ўхшайдиган аёл деб баҳолашган эмас. Аммо компания дизайнерлари «Кариб денгизи қароқчилари: Ғалати кўрфазлар” фильмидаги қароқчи аёл образидан илҳомланиб, янги қўғирчоқ яратишганини тушуниш мумкин. Намуна учун яратилган қўғирчоқ фильм қаҳрамони қиёфасини айнан такрорлайди. Ижодкорлар уни Анжелика деб номладилар ва баҳолаш учун кино юлдузи мухлисларига ҳавола қилди. Қўғирчоқни фильм персонажи кийган либослар нусхаси билан безашди. Кенг енгли оқ шойи кўйлак, белбоғ, рангли кафтан, шим, тиззадан баланд этик, шляпа ва шпага фильмдаги Анжелика костюмининг ўзгинаси. Айниқса тарам-тарам сочлар актриса қиёфасини янада равшанлантиради.
 Яқинда яна бир Барби смартқўғирчоқ ишлаб чиқарилди. У Wi-Fi билан жиҳозланган бўлиб, болаларга жавоб бериш хусусиятига эга. Аммо унга интернет орқали осонгина кириш, қўғирчоқ эгаларининг гапларини эшитиш ва ёзиб олиш мумкин. “Салом Барби” қўғирчоғини ишлаб чиқарувчилар биринчи “интерактив қўғирчоқ” дея тақдим этишмоқда. Бу қўғирчоқ болани эшитиши ва унинг саволларига жавоб бериши, симсиз алоқа ёрдамида интернетга боғланиши, микрофони орқали бола овозини ёзиб олиши, бу файлларни таҳлил қилиш учун учинчи шахсга юбориши, бола саволларига табиий равишда жавоб бериши мумкин.
Хавфсизлик мутахассисларининг тушунтиришича, Wi-Fi га боғланган файлларни хакерлар бузиб кириши, аудиофайл ва микрофон ёрдамида қўғирчоққа айланиб, бола билан гаплашиши мумкин. Натижада қўғирчоқ эгасининг уйи қаерда эканлиги, оила аъзолари нима билан шуғулланади, деган шахсий маълумотларга дахл қилишларини таъкидладилар. Биз ўз қуғирчоқларимизга муносиб дастур яратамиз ва қўғирчоқ эгаларини муҳофаза қиламиз. Бунинг учун бир оз вақт даркор, – дейди мутахассислар.
“Салом Барби” деб номланган янги қўғирчоқнинг ишлаш принципи маълум бўлиши билан бир қатор муаммолар юзага келди. У сотувга чиқарилгач, ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассислар бу қўғирчоқ ёрдамида боланинг шахсий гапларини ёзиб олиш ва таҳлил қилиш мумкинлигидан огоҳлантиришди ва бундай ўйинчоқни сотувга чиқаришга зарурат йўқлигини таъкидлашди.
Ҳозир дунёда энг кўп қўғирчоқ ишлаб чиқарувчи Mattel компанияси дизайнерлик лабораторияси АҚШда жойлашган. Дизайнерлар гуруҳи, сценарий муаллифлари, компьютер аниматорлари, рассом ва саноат дизайнерлари қаттиқ қўриқланадиган бино ичида ўзлариниг оламшумул Америка қўғирчоғи ҳисобланмиш – Max Steelни яратишга киришдилар.
Max Steel 15 сантиметрли пластмассадан ясалган суперқаҳрамон бўлиб, унинг жасоратларга тўла тарихи олдиндан тарғиб этилади. Унинг вазифаси ўз энергетик қобилияти ёрдамида киборгга айланиш ва дунёни Elementor ёки Dred каби ёвуз кучлардан ҳимоя қилиш.
 Max Steelнинг бу туркуми 6 ёшдан 11 ёшгача бўлган ўғил болалар ўйнаши учун мўлжалланган. Болалар унинг ҳаракатини мультфильм ва интернет ўйинлари орқали томоша қилади ва кузатиб боришади. Mattel режасига кўра бу қўғирчоқнинг саргузаштлари секин аста ривожланиб боради ҳамда болаларнинг қўллаб-қувватлашига эришилади. «Биз Max Steelни яратганимизда, бу персонажнинг ривожланиб бориши йўлларини ҳам ҳисобга олдик,–дейди компаниянинг краетив директори Тимоти Килпин.
“Маҳсулотимизга бўлган талабни ошириш мақсадида суперқаҳрамон қиёфасини телевидение, интерне ва бошқа ўйинлар ва рақамли форматлардан кенг фойдаланамиз,–дейди Max Steel туркумидаги қўғирчоқлар ишлаб чиқаришни назарда тутган Mattel компанияси бошқаруви раиси Брайан Стоктон. 59 ёшли Стоктон 2012 йилнинг январидан компанияга раҳбарлик қилади. Тақдир тақозоси қарангки, Холливуд тепалигида улкан Барби қўғирчоғи Тинч океанига томон термулиб туради. Бу кўриниш одамда худди ўз келажаги ҳақида ўй сураётган қўғирчоқ каби тасаввур қолдиради. Барби қанчалар қоматижон бўлмасин, кўк кўзлари ўт сочмасин, Mattel молиявий аҳволидан дарак бериб, Барби “қариётганидан” далолат беради. Ўтган йили Барби қўғирчоғи савдоси 3 фоизга ёки 1,3 миллиард долларга камайган. АҚШда ишлар ундан ҳам паст. BMP Capital Markets таҳлилчиси Геррик Джонсон фикрига кўра Барби сотув ҳажми 2000 йилдан буён 50 фоизга камайган, Бу 460 миллионга тушиб қолди, дегани. Эндиликда Барби Mattel даромадининг 20 фоизини беради ҳамда бу 6,4 миллард долларни ташкил этади. Бундан 10 йил муқаддам бу қўғирчоқ компания даромадининг 30 фоизини берган эди.
Стоктон Max Steel ва бошқа умидвор франшизалар томонидан яратиладиган Monster High ва American Girl каби қўғирчоқлар компания савдо ҳажмини оширишига ишонади. Бу икки қўғирчоқ Барбининг ўрнини босади. Monster High (Маҳлуқлар мактаби) – бу ўрта мактабда қадимги герман қабилаларидан чиққан чиройли қизчалар ҳам ўқишади.Тасаввур қилинг, улар Барби ва Элвира қўғирчоқлари аралашмаси қиёфасида гавдаланади. Бундай қўғирчоқларни ясаш фикри Mattel дизайнерлари Санта-Моника савдо районида яшовчи ўсмир қизларни кузатганларидан сўнг дунёга келди. Бу ердаги қизлар қора кўйлак, кулранг ва қорамтир буюмларни яхши кўришар экан. “Биз 6 ёшдан 10 ёшгача бўлган қизлар билан суҳбатлашдик. Улар ўрта мактабда мана шу ёшдаги, улардан катталар ҳам қўнггил очиш, бошқалар билан танишишни орзу қилар, ҳаёт ҳақида фикр юрита бошлашар экан. Улар ўз нуқсонлари ҳақида кўп бош қотиришади. Сочининг жамалаклиги, узунлиги, юзидаги сепкил қизчаларни ташвишга солади. Ахир, ужиш-бужиш маҳлуқ ҳақидаги тасаввурлар одамлардаги нуқсонлар туфайли юзага келган-ку, тўғрими? Ана шу “нуқсон” даромад келтиради. Франшизалар Monster High қўғирчоғининг чакана савдосидан бир йилда бир миллиард доллар даромад олади. Ундан 550 миллион доллари Mattel компаниясига тегади.
Барбига муқобил бўлган бошқа – American Girl (Америкалик қизча) туркумидаги қўғирчоқларнинг ҳар бири 110 доллар туради. Mattel 1998 йили бу қўғирчоқни ишлаб чиқарувчи корхонани 700 миллион долларга сотиб олган эди. Бу давр мобайнида American Girl чакана савдонинг ҳақиқий финоменига айланди. Mattel компаниясига қарашли American Girl дўконларини сердаромадлиги туфайли қўғирчоқлар оламида Apple Store дея номлаганлар.  Бу дўконларнинг ҳар квадрат метр савдо майдони ойига 16 000 доллардан даромад олиб келади.
Бу дўконга кирган одам ўзини худди бир томошага кириб қолгандек хис этади. Америкада American Girl брендига қарашли 14 та дўкон ишлаб турибди ва янгилари очиляпти. Савод ҳажми ўсиши 600 миллион долларни ташкил этиб, бу қўғирчоқдан тушадиган фойда умумий даромаднинг 65 фоизини ташкил этиши кутиляпти. Mattel башоратлари рўёбга чиқмаслиги ҳам мумкин. “Рақамлилар авлоди”га мансуб болалар оддий қўғирчоқ нархига iPad иловаси учун қўшимча тарзда 99 цент кўпроқ тўлайди. Ундан ташқари қўғирчоқ дўконлари сони анча камайиши ҳамда 3D-принтерлари билан болаларнинг ўзи мустақил равишда уч ўлчамли объектларни яратишлари ҳозирги пластмасса қўғирчоқлари ишлаб чиқарувчини ташвишга солади. Ундан ташқари Mattel компанияси янги технологиялар билан эскидан чиқиша олмай келади. 1999 йили the Learning компаниясига таълим дастури учун 3,5 миллиард тўланди, аммо бунинг оқибатида хар куни компания бир миллион доллар атрофида маблағини йўқотди. Бир йилдан сўнг Mattel бу балони арзимаган 27 миллион доллар эвазига сотиб юборди.
Компаниянинг молиявий натижалари келажакка умид билан қараш имконини беради. 2012 йили Mattel даромади 864 миллион долларга ошди, заҳирада эса 1,3 миллиардгача маблағ бор. Бу эса янги тажрибалар ўтказиш ва ижодий изланишлар олиб бориш шароитларини яхшилайди. Компанияни Барби тарк этса нима бўлади? Ҳозирча дунё болалари “Салом Барби” дея қўғирчоқ ўйнамоқдалар.
Дилноза Зупарова, ТДПУ доценти,
Дадахон Ёқубов, Ўзбекистон санъат арбоби.
https://vodiymedia.uz
Leave a Reply
*