Menu
Categories
Ф.-м.ф.д. Собир Тўлаганов: «Оқ ва қора» кўрсатуви …
06/01/2018 Видео

 

Ф.-м.ф.д. Собир Тўлаганов: «Оқ ва қора» кўрсатуви …

 

«Дўз» саҳифасига 05/27/2018 санада қўйилган «Оқ ва қора» кўрсатувининг 6-сонидаги Саид-Абдулазиз Юсуповнинг «Бугунги кунда фарзандни муносиб тарбиялаш энг буюк жиҳодга айланди» номли чиқишини тинглаб, дарҳақиқат, ёшлар тарбияси масаласи, кўп масалалар билан ёнма-ён, буюк жиҳодга айланиши лозимлигини яна бир бор мушоҳададан ўтказдим.

Мен, муаллифнинг бу мавзу бўйича фикрини тўлдирмоқчи эмасман, балки унинг бу чиқишида илгари сурилган айрим фикрларини қандай тушинганимни баён этмоқчиман.

Назаримда, Саид-Абдулазиз Юсупов илгари сурган фикрлар, унинг аввалги чиқишларида айтилган айрим фикрлари билан биргаликда талқин қилиниши лозим. Муаллиф, бу ўринда, ёшлар тарбиясининг кўпроқ ота-она масъулиятига даҳлдор қисмига тўхталган. Фарзандлар интернетдан фойдаланишида кўринмас чегарага риоя  қилиши лозимлигига, фикрлайдиган, билимга чанқоқ ва ватанпарвар бўлиб ўсишларида ота-оналар имкон даражасида ҳаракат қилишга Ватан ва жамият олдида бурчли эканликларини урғулаган. У, ёшларнинг етук ва ватанпарвар инсон бўлиб етишиши фақат ва фақат оилада фарзандлар басиратини нима билан тўлдирилишига, матбуот ёшларга нима бераётганига ва уламоларимиз ватан учун жон фидо этган шаҳид кетиши ҳақидаги ҳақиқатни оммага қай даражада тарғиб қилаолишигагина боғлиқ демоқчи эмас. Муаллифнинг аввалги чиқишларида, «жиҳат» атамаси ишлатилмаган бўлсада, тарбиявий таъсири муҳим бўлган жамиятдаги адолатсизлик- ҳақсизликлар тўғрисида қатъий фикрлар айтилган. Кимлардир балки бир томонлама мушоҳада билан кифояланар, бироқ бу муаллиф таҳлиллари доим тугал ва аниқ. У, албатта, яхши тасаввур қилишига ишончим комилки, Президентимиз такрор ва такрор адолат ҳақида мулозимларга эслатиб келаётгани ҳолда, ҳаётда адолатсизлик давом этаётган, қамоқларда қийноқ давом этаётган, адолат посбонлари ҳисобланмиш милиция-прокурор-судялар оддий намозхон оналарга, аёлларга «ҳизбут таҳрирчи» ёрлиғини илаётган, катта иқтидорли ватанпарвар ноёб ёш олимларни, камчиликларни танқид қилгани учун, тўқима айблов билан турмаларга тиқиш ҳоллари учраб турса, оилада ота-она ҳамфикрлик билан фарзандлари тарбиясига жиҳад даражасида ёндошгани, уламолар ва матбуот ёшлар басиратига эзгулик ва ватанпарварлик  руҳиятини сингдиришга жиҳад даражасида ҳаракат қилганлари ҳам етарли натижа бермайди. Панд-насихат рисоладагидек бўлган ҳолда ҳаётда тўлиқ тасдиғи акс этмаса ҳам, таъбир жоиз бўлса, муаллиф ибораси билан айтганда, ёшлар «икки бошли» бўлиб ўсади.

Юртимизни иқтисодий тангликдан ривожланган мамлакатлар даражасига кўтариш, жамиятимизни инқироз ёқасидан чиқариб маънавияти юқори демократик жамият қуриш, ёшларни шу мақсадимизга мос, билимга чанқоқ, фикрлайдиган, эзгуликка мойил, ватан учун жонини фидо қилишга тайёр қилиб тарбиялашимиз учун, бир вақтда коррупциядан қутилиш, куч ишлатар тизимларида адолатни тиклаш, таълим тизимини ўнглаш каби мақсадлар билан ҳамма соҳаларда жиҳадга киришимиз лозим.

Афсуски, уйқусиз фаолият олиб борганда ҳам Президентнинг ёлғиз ўзи ҳамма соҳани, ҳамма мулозимлар фаолиятини назорат қилиб улгурмайди. Унинг орбитасида эса, Саид-Абдулазиз Юсупов даражасидаги билимдон, ҳар тамонлама ишончли Президентимизга елкадош  мутаҳассислар етарли эмаслиги кўзга ташланади.

05.29.2018

Бугунги кунда фарзандни муносиб тарбиялаш энг буюк жиҳодга айланди – Оқ ва Қора

Саид Абдулазиз Юсупов

Бугунги кунда фарзандни муносиб тарбиялаш энг буюк жиҳодга айланди

«Оқ ва қора» кўрсатувининг навбатдаги сони тайёрланди. Унда муаллиф — Саид-Абдулазиз Юсупов инсониятни ўйлантириб келаётган асрий муаммолардан бири, яъни фарзанд тарбиясида эътибор қаратиш лозим бўлган нуқталар, бу борада ота ва онанинг роли ҳақида сўз юритади.

Кўрсатувни кўриб, у ҳақда фикр-мулоҳазаларингизни изоҳ сифатида ёзиб қолдиришингизни ёхуд mail@xabar.uz электрон почтасига юборишингизни сўраб қоламиз. «Оқ ва қора»нинг кейинги сонларида қайси мавзулар, қандай масалалар кўтарилишини хоҳлайсиз? Бу ҳақдаги таклифларингизга ҳам илҳақмиз.

https://www.xabar.uz

Leave a Reply
*