Menu
Categories
Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. (“Исмат Хушев билан юзма юз”га шарҳ)
06/09/2018 Адабиёт
 
БУ КУНЛАРНИ КЎРГАНЛАР БОР,
КЎРМАГАНЛАР БОР
( Исмат Хушнинг юзма- юз кўрсатувига шарх)
Одил Ёқуб тепадан ноҳақ жабр кўрган, ишдан четлатилган, асарлари юртда нашр этилиши таъқиқланган, номлари қора рўйхатга киритилган иқтидорли ёшларга ўгут қиларди:
“Сабрли, саботли бўлинглар. Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ. Фитрат, Чўлпон, Қодирийлар ҳақ йўлида ўз жонларини фидо қилганлар. Уларнинг ўлимларига сабабчи бўлган ҳасадгўйлар ном – нишонсиз йўқ бўлиб кетганлар. Қолганларини ҳам шу қисмат кутади. Ким кимга чуқур қазиса, унинг ўзи шу чуқурга қулайди. Маддоҳ, хоинлар мадҳ этган тузмнинг ўзи қора ер бўлган-да, бу чиқиндилар нима деган гап! Бир курак қўқим!
Олтин ер тагида минг йил ётса ҳам, ўз хусусиятини йўқотмайди.Чўлпонлар ҳам шундоқ. Ўзларини “ Худо”деб билган қанча Фиръавнлар ўтдилар. Қолганлари ҳам ўтадилар. Тангрининг қаҳри, халқнинг қарғишидан ҳеч бири қочиб қутилолмайди”…
Одил Ёқуб  ҳақ эканлигини бугун ҳеч ким инкор этолмас. 27 йил ўзбекнинг қонини ичган, ўзбекка ўлат келтирган (буларнинг ичида ёзар, шоир, олим, журналистлар ҳам бор эди) Заҳҳок қани?
Бир қулоч ерда ётибди.
Тупроқ, лой тагида.
Илон, чаён, қуртларга ем бўлаяпти.
Азроил сўроғида…
Унинг думларини ҳам шу қисмат кутади!
Шуҳрат Ғулом, Рашид Қодир, Бўритош Мустафо, Мўллажон, Парпи, Шарифхўжалар қани. Улар кўп:
Юзлар,
Минглар…
Қасд қилганларнинг бари паст бўлади. Одил Ёқуб башорати: олтинлар ёруғлик юзини кўради. Буни мен президент Шавкат Мирзиё шарофати билан ИК бўғовларидан омон чиқаётган йўлдошларим тимсолида кўраяпман. Жумладан: иқтидорли шоира Ҳалима Худойберди мисолида ҳам.
Ҳалима Худойберди билан бирга 9 йил “Саодат” журналида ишлаганман. Олтмишинчи-етмишинчи йилларда. Бир кабинетда. Ўшанда мен адабиётга тоғ дарёси янглиғ шиддат билан кириб келган Ҳалимани Барчинойга менгзардим. У бўй-баст, қад- қомат, куч- қувват, ғайрат –шижоатда ҳам Барчинойга ўхшарди. Феълидаги кенглик, тўғриликда ҳам шундай эди. Ўзига зийнат бағишлаб турган бу фазилатлар уни қадрли қилиб кўрсатарди.
Ёзар, шоир, олимлар Ҳалима Худойбердиевада туғма истеъдод бор, дердилар, Одил Ёқуб, Матёқуб Қўшжон, Шукур Холмирзаевлардан ҳам бу гапни эшитганман.
Зулфия опа Ҳалимани катта талант дерди. Шу сабабли уни ўзи бош муҳаррир бўлган “ Саодат” журналига, наср ва назм бўлимига ишга таклиф қилган эди. Ҳалима Худойбердиеванинг илк шеърларини мен (олтмишинчи йиллар ўрталарида)  “ Сирдарё ҳақиқати”газетасида ўқиганман ва улардан беқиёс завқ олганман. Бахши –шоир Тўра Сулаймоннинг ушбу ҳамон ёдимда:
“ Ҳалимадай шоира ҳали дунёга келмаган”.
У пайтларида мен Гулистон тумани “ Гулистон” газетасида ишлардим. Рауф Парфи Ҳалима Худойберди шеърларини Оврўпа шеъриятидай севиб ўқишини айтган. У Ҳалима назмини Анна Аҳматова асарларидан-да устун қўйган.
Ҳалима Худойбердининг илк шеърларидан олинти:
Тафаккур кучидан тоғларни яратдим.
Нураб кетдилар.
Боғларим ўрнида хазонлар, супурдим,
Барг, хазон.
Тоғларим ўрнида тепалар, жим турдим.
Дилда қон.
Куйдим мен, аммо кул бўлмадим, қайталаб
Тупроққа тўкдим мен манглай тер,
дил қоним.
Майса, кўк майсалар унда зап,
О, жоним!
Қийнадинг дейсанми, тўғри-ку,
Ўйласанг менда ҳам гуноҳ йўқ.
Шу кичик юрагим бўлса қув,
Яшасак беғалва, кўнгил тўқ.
Бегона ташвишу жабрга,
Уйқуда ўтса ҳам умр бир кун
Кетмоқ шарт сўнги уй-қабрга.
Шундай, ҳа, маҳкам бўл, сен жоним.
Елкага
Ҳали кўп юкларни юклармиз,
Кўп хазон боғларни тиклармиз,
Кўтара олмасмиз юкни гоҳ,
Ва ёки туйғумда қулар тоғ.
Шунда яна янгидан
Тафаккурда тоғлар яратишимиз,
Сўлган боғлар ўрнида яшил- яшил,
Дарахтлари шовуллаб турган боғлар
яратишимиз керак,
О, менинг қаттиқ жоним!
Ишонаманки.
Сен чидаб берасан бу талабларга жим.
Юрагимда барглар шивирлаётганга,
 ўхшайди,
Демак,
Яратилажак безавол боғларимнинг
Илк ниҳоллари куртак ёзаяпти,
Боғлар гуркираб қад кўтараяпти
юрагимда,
Барглари яшил- яшил боғлар…
     1967 йил
Ватан қарамсизлигига борлиғи билан қарши турган, Гарбачев замонида буқаламун мисол қиёфасини ( ичини эмас. Истиқлол туғини иложсиз.. тутган, номига) ўзгартирган, лекин дилида коммунистик мафкурага ва “ Улуғ оға”га содиқ қолган, худбинликда Сталиндан ўтган И.К…  27 йил ичида кўп иқтидорларга жабр-зулм қилди. Жумладан: элсевар шоира Ҳалима Худойбердига ҳам. Мен кейинча бу ҳақда кенг тўхталаман. Ҳозирча шарҳ ҳажмига яраша шу сўз билан кифояланаман:
И.К… Ҳалима Худойбердиевага ҳамма эшикларни ёпиб қўйди:
Теле-радио…
ОАВ…
Нашриёт…
Ҳатто эл билан учрашувларга ҳам таъқиқ қўйди.
23 йил…
Нега?
 Чунки худбин ўзидан ўзганинг кўкаришини истамаган.
Сталин қатоғони бунга мисол.
И.К… унинг изидан борди. Оғишмай.
Чунки у ҳам Сталиндек ўзининг айтганидан бошқа айтганни ёмон кўрарди. Ўлгудай. Шунга у:
Юзга айтарларни йўқ этди.
Ҳур сўзларни йўқ этди.
Элсеварларни йўқ этди.
Ёлғиз ўзи бор шон- шарафга эга бўлишни ҳоҳлади. Шунга даюс дойиларни ишга солди. 27 йил.Тинимсиз. Шу учун шон- шарафга эришди. Фақат:
Сохта шон –шарафга.
Ўлиши билан “ шон- шараф” ўрнини
Қарғиш,
Сўкиш,
Лаънат.
Таҳқир эгаллади.
Ҳали кўрасиз, чиқиндига айланади…
Чунки унинг асли занг эди.
Одил Ёқубнинг фикри тўғри: минг йил кечса ҳам олтин олтинлигича қолади. Бунга донгли Ҳалима Худойберди ёрқин бир мисол.
Олис Канададан, гўзал Торонта шаҳридан ( Исмат Хуш ибораси) ўз ота юртига 14 йиллик айрилиқдан сўнг ташриф буюрган ўт –олов журналист Исмат Хуш И.К…бўғовларини парчалаб ташлади. Ҳалима Худойберди билан(Ҳалима Худойберди уйида) юзма- юз суҳбат ўтказди.
 Қисқа.
Мазмунли.
 Бу бежизми? Йўқ. Исмат Хуш сўзи билан айтсам: “ Ҳалима олтинлар ичида яшноқ олтин”.
Унинг бу гапига қўшиламан.
Ведио лавҳа эфирга узатилди.Эл ойдинлари уни қизиқиш ва олқиш билан кутиб олди.Жумладан: мен ҳам. Шоир Тўра Мирзо буни воқиа деди. 25 йил ўзбек нашрларида асарлари босилмаган, теле-радиоларда номи тилга олинмаган Ўзбекистон Халқ шоираси Ҳалима Худойберди яна ўз ўқувчилари даврасига қайтди. Ёруғ юз билан. Бунинг учун таниқли журналист Исмат Хуш шаънига Бахтиёр Ўрдабекли( профессор), Шуҳрат Барлос( профессор), Аҳмаджон Шукур ( Ўзбекистон ва Қарақалпоғистон Халқ артисти), Бердиёр Жума ( халқаро журналист), Рустам Сафо ( профессор,академик) каби эл улуғлари ўз илиқ сўзларини айтдилар.
Юзма-юз суҳбатда Ҳалима Худойбердининг айтган сўзлари ҳам йўлдошларимга маъқул бўлди. У бу ёруғ кунларни кўришда президент Шавкат Мирзиёга ўз миннатдорчилигини билдирди.
-Омон бўлсин, ишлаб толмас инсон! АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела хоним: “Президент шавкат Миромонович старт олган, ҳеч ким унга етолмайди, деб бежиз айтмади. Кўп яхши ишлар қилаяпти. Ҳамма соҳада. Ёзувчи, олимларга ғамхўрлигини қаранг! Хотин- қизларга ҳам шундай. У кишининг ташаббуси билан ” Дугоналар” журнали дунёга келди. Биринчи сонини ўзларига кўрсатдик. Яхши фикрлар айтди. Омон бўлсинлар, халқимиз бахтига!…
Мен Исматбек билан телефонда қўнишдим. Тилидан бол томиб, Ўзбекистондаги(12 вилоятда ҳам) ижобий ўзгаришлар ҳақида сўзлади. Мен унинг аниқ далил- асосларга йўғрилган ведио лавҳаларига ҳавас қилдим. Кўп жозибали. Буни ўзига айтдим. Севинди. У гапи сўнгида буюк шоиримиз, “Дугоналар”журналининг бош муҳарири Ҳалима Худойбердининг “ Турон” шеърини жўшиб ўқиди:
Турон
Туркликнинг муқаддас ўчоғи Турон.
Фитрат
Ўнгимда руҳимга ўқ отган фикр,
Кўнглимга бир ёруғ чўғ отган фикр.
Уйқумда қонимни уйғотган фикр:
“Туркликнинг муқаддас ўчоғи Турон”.
Мозийи ҳар отар тонгни эмизган,
Ҳар тиғли ақлни, онгни эмизган.
Бўри, тулкинимас, арслонни эмизган-
Туркликнинг кўкраги, булоғи Турон.
Кўкига турналар “” қур-қур”лаб ботган,
Отганда камони бехато отган.
Темурдай ҳоқонлар қирқирлаб ётган,
Туркликнинг бешиги, қучоғи Турон.
Кейин… орқадан ёв тошлари етгач,
Сара кексалари, ёшлари кетгач,
Тарқоқ арслонларин бошлари кетгач,
Ернинг тутаб ётган қир, тоғи Турон.
Бой-бой боболарим бойиб, йиқилди,
Ўз қонига ўзи тойиб йиқилди.
Бир- бировига бош қўйиб йиқилди
Кўнглимнинг куйиги, дард, доғи Турон.
Шукур, хун уйғотди қайтадан қонни,
Арслон болалари қайтадан ёнди.
Ёвлар ололмагай энди Туронни
Бугун, тик арслонларнинг тоғи Турон!
 Мен АҚШда яшовчи Феруза Ханжардан ўқидим:
ЁРУҒ КУН
( Ҳалима Худойбердига)
Дош бермай булутлар кетар тарқалиб,
узоқ тўсолмагай қуёш рўйини.
Ялдо кечаларнинг зулматин ёриб,
Она замин узра сочар нурини.
Дарёга тош отар қанчалар гумроҳ,
Бундан қурурми ҳеч, банд бўлурму тош.
Даҳолар ҳаётин уқидиму гоҳ,
Ўхшашлари дедим дарё-ю қуёш.
Қора булутларга бермаслар омон.
Ғофиллар тошига бепарво, ўктам.
Бугун Нодираси-улуғ Ҳалиманг,
Тағин офтобдайин ғолибдир ўлкам.
Қора булутлар ҳам кетар тарқалиб,
Узоқ тўсолмагай қуёш рўйини.
Ялдо кечаларнинг зулматин ёриб,
Она замин узра сочар нурини.
ЭВРИЛ ТУРОН.
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*