Menu
Categories
ИСМАТ ХУШЕВ 60 ёшда. Ватанда эса тантана!
07/12/2018 “Исмат Хушев: Тошкентга саёҳат" туркумидан
Канадада истиқомат қилувчи муҳожиротдаги журналист Исмат Хушев Ўзбекистонга келиб “Дунё ўзбеклари” номли кўп миллионли мухлислари бор интернет газетаси учун вилоятлардан ажойиб репортажлар тайёрлаб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳатлар натижаларини дунё ҳамжамияти эътиборига ҳавола қилганидан кўпчиликни хабари бор. Бу шов шув сал олдинроқ эшитилган эди.
Таваллуд куни арафасида Ватанга яна келибди, бу сафар оиласи билан ташриф буюрибди, деган хабарни эшитиб на ишонишни, на ишонмасликни билмай қолдим. Ўзбекистонда олинган расмларини ижтимоий тармоқларда кўрсам ҳам олдинги расмлари бўлса керак, деб ишонмай юргандим.
Уч-тўрт кун олдин ўзбекнинг зиёли оқсоқолларидан бири каминага телефон қилиб, яқинда Исмат Хушевнинг 60 ёшлик юбилейи бўлади, сиз ҳам чақирилгансиз, шай туринг, ишларни шунга қараб тўғрилаб қўйинг, деб қолди. Ростдан ҳам яна келган эканда, хўп бўлади бораман, дедим. Лекин ичимдан ҳар хил ҳаёллар кечди. Исмат акам катта одам, дунё танийдиган ўзбекнинг забардаст журналисти бўлса, камина эса ўзбекнинг оддийгина чапани қаламкаши, Исмат акам мени нима қилсин, улар катталар билан алоқада, борди-келдиси ҳам ушалар билан, уларни даврасига каминага йўл бўлсин, деб таклифни эсимдан ҳам чиқариб юборувдим.
Кунлардан бир кун қўл телефонимга қўнғироқ бўлди.
– Ассалому алейкум, Шухрат Барлос сизми, деб қолди.
-Ва алейкум ассалом. Ҳа, камина уша Шухрат, тинчликми, қандай хизмат бор, десам.
-Исмат Хушевман, сизни Қашқадарёга Минг-Чинорга юбилейимга таклиф қиламан, деб қолди.
-Ийе ака, ростдан ҳам сизмисиз, десам кулиб юборди.
-Ҳа Исмат акангизман, юбилейга келинг, кутаман, деди.
-Хўп ака, бораман, деб хайрлашдик.
Бир пайт Мамадали ака Махмудов телефон қилиб қолди. Ҳар дойим телефон қилганларида ёки камина қўнғироқ қилганда Эврил Туроннинг ўзигагина хос бўлган ширингина қочирма гаплари ва ҳазил-мутойибаси бўлади, шундан сўнгина мақсадга ўтилади. Бу сафар ҳам худди шундай бўлди. Эртага тайёр туринг, тонгда чиқамиз Минг-Чинорга соат 13:00гача етиб боришимиз керак, деди. Хўп бўлади, дедик-да сафарга тайёргарлик кўра бошладик.
Эрталаб тонг сахарда Мамадали ака Маҳмудов, Шароф Убайдуллаев, Тўра мирзо ва бошқа оқсоқоллар билан учрашдик. Мақсад Қашқадарё сафари. Жаноб Абдурахмон Ташанов Барлос биз билан кетади, деб қолди. Каминани чекига Шароф ака ва Абдурахмон Ташанов билан бир машинада кетиш тушди. Эврил Турон эътироз билдирмоқчи бўлиб шайланган эди, астагина Ташанов билан Шароф акани ёнига ўтиб олдим. Мамадали акам, кулиб қўйди. Майли, Тахтақарача давонида учрашамиз, ҳайданглар, деб юборди.
Асли ўзи, Шароф ака билан бирга кетай, анчадан бери сўрамоқчи бўлиб юрган саволларим бор эди, деб айтмоқчи бўлиб тургандим, лекин маҳмадоналикга ўхшаб қолар, ким қайси машинада кетишини оқсоқоллар ўзлари тақсимласин, деган ниятда четда жим турган эдим, худо ўзи тўғрилаб қўйди. Шароф ака Убайдуллаев, Абдурахмон Ташанов ва унинг футболист ўғли ва камина бир машинада кетдик. Иккита енгил машинада Тошкентдан Қашқадарёга Минг-Чинор қайдасан, деб йўлга чиқдик.
Тошкентдан чиқишимиз билан гурунг қизиди. Соат 6:30 дан 12:30 гача, манзилга етиб боргунча жаноб Ташанов билан камина иккимиз Шароф акани саволга тутдик. Оқсоқол журналист, кўпни кўрган, албатта биз учун Шароф аканинг ҳикоялари қизиқ. Чунки бир ерга чойга чақирсак ҳам бир икки соатдан ортиқ сўҳбат қила олмаслигимиз аниқ. Мавзу совет давридаги ўзбек журналистикаси ҳақида эди. Шароф ака машинада журналистикадан бизга тўрт пара дарс ўтгандек бўлди. Жуда кўп маълумотларга эга бўлдик. Ургутни ҳам ўтиб, Тахтақарачага келганимизда Шароф акага рахмимиз келиб савол беришни тўхтатдик.
Қашқадарёнинг афсонавий Минг-Чинорига ҳам етиб келдик. Озгина вақтдан сўнг Мамадали ака Маҳмудов ҳам шериклари билан изимиздан етиб келишди. Тоғни сувидан дамланган кўк чойга ва енгилгина эсиб турган шабодага ҳайратланиб, ҳордиқ чиқариб ўтирган эдик даврага Исмат ака Хушев ҳам кириб келди. Самимий ва илиқ кўришувдан сўнг базм ўтадиган жойга таклиф қилиндик.
Йўлга чиқишдан олдин оқсоқолларни талабига кўра “Исмат ўзимизники, Тошкентга келганида бемалол сўҳбат қилиб, баралла табриклайверамиз, бу маросимга Исматни дўстлари, қариндошлари ва ҳокимиятдан катта одамлар келади, бизлар унча кўзга ташланишимиз шарт эмас, четроқда камтарингина ўтирамиз, қариндошлари Исматни соғинган, ўйнаб кулиб, дийдорига тўйиб олишсин”, деб ўзимиз орамизда келишиб олган эдик. Лекин вазият бошқача тус олди.
Исмат акам шахсан ўзлари эшик оғалик қилиб туриб олдида, жарангдор овози билан “Шароф ака Убайдуллаев ва Мамадали ака Маҳмудовлар бошлиқ Тошкент делегацияси тўйхонага биринчи бўлиб киради, қолганлар кейин киради, базм шундан сўнг бошланади”, деб юборса бўладими. Шароф ака билан Мамадали акам олдинига эътироз билдиришга ҳаракат қилиб кўрди. Исмат акам, бу эътирозларига эътибор ҳам бермай гапидан қайтмади. Такроран ҳаммага эшитиладиган овоз билан олдинги таклифини қайтарди. Шароф ака билан Мамадали ака ҳайрон. Астагина иккита ҳайрон бўлиб турган оқсоқолни олдига бордимда, “Акалар, бошланглар, эътирозга ўрин йўқ, Исмат акам шунга ниятланган шекилли, бари бир гапидан қайтмайди, тўғрисиям-да ҳаққингиз ҳам бор-да, сизлардан ўтган оқсоқол атрофда кўринмаяпти, ноз қилишни кераги йўқ, қорин оч бўлди, дедим. Худога шукр, оқсоқоллар тўйхонага қараб бизни бошлади. Тошкентдан келган меҳмонларга атаб алоҳида стол тузатилган экан. Шароф акам билан Мамадали акам бошлиқ делегациямиз аъзолари стол атрофига жойлашиб бўлгандан сўнг тўйхонага Исмат Хушевнинг қариндошлари, яқин дўстлари ва синифдошлари кириб кела бошлади.
Ҳамма меҳмонлар ўз жойини эгаллаб бўлганди ҳам-ки Шерали Жураевнинг қўшиқлари янгради. Шер ака келдими, деб атрофга қараймиз, кўринмайди. Қашқадарёлик ҳофиз Сувоннинг туриши ҳам, ҳайбати ҳам Шерали Жураевни ўзгинаси экан. Ўзбегим қасидасини маромига етказиб куйлади. Биринчи муҳаббатим қўшиғи ҳам ажойиб куйланди.
Навбат табрикларга етиб келганда Исмат ака Хушевнинг синифдошларидан бири базмимизда бошловчилик қила бошлади. Биринчи сўз Шароф ака Убайдуллаевга берилди. Ҳар дойимгидек оташин нутқдан сўнг Шароф акам тарихни тилга олди. Исмат ака ва бошқа журналистларнинг бошидан ўтган кунларни эсга олиб, энди олға қараб юрайлик, орқага йўл йўқ, агар журналистлар ҳаракат қилмаса давлат ҳам, миллат ҳам қийин кунларга қолиши мумкинлигини огоҳлантириб, ўз табригини якунлади.
Чироқчилик Халқаро журналист Бердиёр ака Жумаев Исмат акага атайлаб Қозоғистонлик дўстлар совға қилиб юборган қозоқча чопон билан бўрикни кийгизди. Ҳамма хурсанд бўлиб қолди. Тошкентдан келган делгациямиз аъзолари эса навбатма навбат Исмат акани 60 ёшлик юбилей билан табриклаб, илиқ сўзлар ва шеърлар айтиб яна навбатни Қашқадарёлик ҳофиз Сувонга бердик.
Ҳамма меҳмонларни юзида қувонч, тилида мехр тўла сўзлар эди. Жойимизга ўтирган эдик, даврадаги акалардан “замечание”лар эшитиб бошладим. Бир нечта тил биласиз, ҳа нима қиларди шу тилларда Исмат акангизни табрикласангиз, яна қачон шундай фурсат бўлади, қисқагина “дежурний” гапларни айтиб қўяқолдингиз, деган танбеҳларни эшитиб пастга қараб жим ўтирган эдим. Шароф акам билан Мамадали акам ёнимни олиб, камтаринлик яхши хислат, Барлос жаноблари асли шу ерлик, Исмат акасига тантанадан сўнг истаганича мақтовларни қилаверади, деб тарозининг биз тарафдаги палласини босиб қўйди.
Табрик навбати Исмат аканинг дўстларига келганда сахнада Қашқадарёнинг катта оқсоқоллари саф тортиб туришди. Дўстларини биттама битта таништираётганда Китоб туманининг собиқ прокурори тилга олинди. Даврада кимлар ўтирганига унча эътибор бермаган эканман. Диққат билан эшитсам худо раҳмати отамнинг тоғасининг ўғли, Китоб туманининг эски прокурори, отставкадаги полковник Ҳасан Эштемиров ҳақида гап кетаётган экан. Тоғам билан ўртасидаги муносабатни, фақатгина Исмат Хушевга хос жушқинлик билан юбилярнинг ўзи даврадагиларга айтиб берди.
Бу пайтда каминани ичида минг хил фикрлар туғён ураётган эди. Нима қилсам экан, ҳозир тоғамга ўзимни танитсам, нега келиб салом бермади, деб катта одам кўнглига олса, кўришгандан сўнг албатта уйга кетдик дейиши аниқ, ундан сўнг бутун қариндошларникига бориш керак бунинг учун энг камида бир хафта қолиб кетишим керак. Қуруқ қўл билан қандай бораман, билганимда Тошкентдан совға салом олиб келардим, деб афсусланиб қолдим. Исмат акам билан тоғам қадрдон дўст эканидан хабарим йўқ эди-да. Лекин шу ерга келиб ўз тоғамни кўриб индамай ўтириш ҳам эркакни иши эмас, деб ҳаёл суриб, тўйхона ташқарисига чиқдим.
Маҳаллий йигитлар билан гаплашиб турган эдим ёнимизга хофиз Сувон келди. Ака сиз Барлосларданмисиз, деб сўради. Ҳа, ота ва бобом Хўжа илғордан, асли биз ҳам шу ерни боласимиз, ёшлигим шу тоғларни орасида ўтган, дедим.
Ҳофиз Сувон ҳам бўш келмади, менинг онам ҳам Барлослардан, ака бир нима демоқчи эдингиз табрик сўзингизда, негадир айтмадингиз, устозларингиз ҳам танбеҳ берди, нега яхшилаб табрикламадингиз деб, ҳаёл суриб даврадан ташқарига чиқдингиз, келинг мен сизни яна чақирай микрофонга, гапингиз ичингизда қолиб кетмасин, янаги сафар қачон бўлади, Исмат Хушев 70 ёшга чиқишини, юбилейини кутиб юрасизми, деб қолди.
Ўзбегим қасидасини такрор куйласангиз қайтадан даврага чиқиб табриклайман, дедим. Ўртада кулгу ва мехр оқибат ҳукм сурарди. Сувон ҳофиз кулиб, сахнага чиқиб кетди. Ўзимизни йигитлар-ку ҳазиллашаётгандир-да, деб бу гапга эътибор ҳам бермай йигитлар билан сўҳбатлашиб турсак бир пайт каминани номини айтиб, ҳофиз Сувон даврага чақириб қолди. Биз ҳайрон, йигитлар эса боринг боринг, сизни чақиришаяпти, деб қолишди.
Яна қўлга микрофонни олиб, юбилярни тўрт бешта тилда табриклаб, даврани жўштирдик. Муҳими, бизнинг делегациямиздаги оқсоқоллар хурсанд бўлишди. Табрик сўзи охирида, шу даврада йигирма йилдан ортиқроқ вақт кўришмаган менинг тоғам ўтирибди, деб тоғамга отамни отини айтиб танитдим. Ҳамма жим бўлиб қолди. Ҳасан акам савлатли, кенг қучоқли ва катта ёшдаги инсон бўлишига қарамай ўтирган жойидан туриб, мен томонга қучоқ очиб кела бошлади. Бағрига босиб, жигарим, қаерларда юрибсан, интернетда ёзганларингни ўқийман, фахрланиб ўтираман, Шухрат Барлос ким экан десам ўзимни жияним экан-ку, “Алп онадан-тулпор биядан”, нима бало бўлди, катта энанг тамонни эсдан чиқардингми, нега келмай кетдинг, деб анча вақт қучоғидан қуйиб юбормай турди. Икковимизнинг ҳам кўзимизда ёш, кўнглимизда эса мехр тўлиб тошаётган эди.
Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани Галабек қишлоғида менинг катта энам туғилган. Сарой уруғининг беклари чиққан қишлоқ бўлгани учун Галабек, деб номланиб кетган экан. Бутун эна томондаги қариндошларим шу тарафдан. Тоғаларимизни сал кам йигирма йил кўрмаган эдим. Бунинг сабабини ўзи бир достон.
Туркия универистетини 1994 йили муддатидан олдин битириб диплом олиб келганимдан сўнг аэропортдан олиб СНБни ертўласига уч кун қамаб, сўроққа тутилганман. Айбим нима эканини ҳалигача тушуна олмайман. Шу воқеадан сўнг ҳеч ерга ишга олинмаганман. Туркияни дипломини кўрса мелиса чақириб, ҳайдаб соларди. Мардикор бўлиб ишладим. Машина ремонт, уй ремонт қилардим, кўчада қовун-торвуз, бозорда кийим-кенчак сотардим, иш қилиб кунимни кўриб, бола чақа боқиб юрдим. Ҳозир худога шукр ҳеч кимдан кам эмасман, ҳаёт учун керакли ҳамма нарсам етарли.
Асли Қашқадарёлик бўлсамда отам вафот қилгандан сўнг қишлоққа кам келиб турадиган бўлиб қолган эдим, тўйларга ва маракаларга асосан онам борар эди. Қариндошларимнинг кўпчилиги катта ишда ишларди. Туркиядан ўқишдан келганимдан сўнг ишсиз санғиб юрганимда Президент аппаратида ишлайдиган бир қариндошимизга бориб, ҳеч бўлмаса қишлоқ мактабида ўқитувчи бўлиб ишга киришимга ёрдам беринг, деб илтимос қилсам “эх жиян, пантуркистни ким ҳам ишга оларди”, деган гапни эшитгандан сўнг умуман қариндошларимни, деярли ҳаммаси билан борди келдини тўхтатган эдим. Биронтасига ёрдам сўраб бормадим. Улар билан кўришишга уялардим. Бу етмагандек менинг изимда ҳамма вақт одам бор эди. Қаерга борсам, ким билан гаплашсам уларни ҳам текширарди. Зарарим тегмасин деб қариндош уруғдан ўзимни четга олишга мажбур бўлганман. Исмат ака Хушевни юбилейида қариндошларимни қайтадан кўриб, яна тағин улар билан Исмат ака эски дўст эканини билиб жуда хурсанд бўлдим.
Исмат ака Хушевнинг юбилейи муносабати билан ўтган тантанада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига кўпгина илиқ сўзлар айтилди. Албатта мамлакатмизда бўлаётган янгиланиш ислоҳатларини тилга олмай бўлармиди. Исмат Хушев Ўзбекистонга бемалол келишига тўсқинлик қилмай унинг туркум репортажларни амалга ошириб, дунё ўзбекларида оммага тақдим этишига ҳам дастак бўлган янги ҳукуматнинг ҳаракатларини тилга олмай бўлармиди.
Бутун дунё ўзбеклари яхши кўриб ўқийдиган “Дунё ўзбеклари” интернет газетаси оламга машхур экани ҳеч кимга сир эмас. Ҳеч бир ўзбек журналисти Исмат Хушевдек Ўзбекистондаги коррупция ҳақида кескин ёза олмаган. Лекин шунга қараймай Исмат ака ўз Ватанига келиб бемалол юбилейини ўтказишга имконият яратиб қўйган давлат мутасаддиларининг ҳам хизмати катта.
Юбилей тантаналари айни қизиган пайтда Исмат акам билан ўртада Хоразмча лазгига мириқиб бир ташлаб олдикда кетишга рухсат олдик. Буни пайқаб қолган Ҳасан тоғам югириб чиқди, кетмайсан, бугун қоласан, деб қолди. Шароф ака билан Мамадали акамни “танка” қилишга мажбур бўлдим. Делегациямиз аъзоларидан бир нечтаси бир кеча меҳмон бўлиб қолиш ва кейинроқ алоҳида Қашқадарёга келиб меҳмон бўлиш шарти билан Мамадали акамни гаровга қўйиб Тошкентга кетишга рухсат олиб беришди. Сафаримиз қариди. Тошкент шахри азмига қараб йўл тушди.
Соат 17:00 дан 22:30 гача Шароф ака Убайдуллаев билан машинада яна сўҳбат давом этди. Қандай келганимизни ҳам билмай қолибмиз. Ўзбекнинг забардаст оқсоқоллари билан яқин мулоқотда бўлиб ўтказган бир кунимни ўзим учун бутун умр эсда қоладиган ва мазмунга тўла сафар бўлди, десам арзийди. Шу сабабга кўра, муҳтарам устозларга ўз миннатдорчилигимни изҳор этишни йигитлик бурчим, деб биламан.
Ўзбекнинг ҳайқириб турган журналисти Исмат Хушевнинг 60 йиллик юбилей тантаналарини ўтказишда фаол бўлган дўстларига, қариндошларига ва Китоб тумани ҳокимияти мутасаддиларига ташаккурларимни айтиш мен учун катта шараф.
Саламов Шухрат
Манба: Фейсбук 
Комментарии: (5)
Комментарии
Shuhrat Barlas Кеп қолувди-да 

Управление

НравитсяЕщё реакции

Ответить1 нед.

Олламурад Исакулов Ажойиб хикоя чиқибди. Табриклайман! Айниқса қариндошлар билан алоқа тикланибди! Умрингизни янада мукаммал онларга бой бўлишини яратгандан тилаб қоламан! Қанийди ҳамма ҳам Сизга ўхшаб “Пантюркист”бўлиб Сиздек Ватанни бор бўй басти билан сева олса!

5

Управление

Shuhrat Barlas Mexmet Tog’ay Chelebey Яшанг.
Ота ва боболаримиз Эл-Улус-Ватан-Миллат байроғини кўтарган.
Бир марта кўтарилган байроқ қайтиб туширилмайди.Ещё

4

Управление

НравитсяЕщё реакции

Ответить1 нед.

Баходир Кадиров Шухрат ака юбилей тафсилотлари учун катта рахмат. Бу хикояни ўқиб, юбилей тадбирини тасаввуримда тасвирладим ва мен хам шу тадбирда қатнашгандек, бир чеккада туриб ўзбекнинг АЛПЛАРИНИ, БУЮК ИЖОДКОРЛАРИНИ кўргандек, уларнинг сухбатларини эшитгандек бўлдим. Катта рахмат. Сизларнинг борликларингиз ўзбекни яшашга ва адолатли ватан қуриш учун хизмат қилишга ундайди. Омон бўлинг.

3

Управление

НравитсяЕщё реакции

Ответить1 нед.

Shuhrat Barlas Эътибор учун катта раҳмат. Миннатдорман 

Управление

НравитсяЕщё реакции

Ответить1 нед.

НравитсяЕщё реакции

Ответить1 нед.

Leave a Reply
*