Энди бизни яхши кунлар бирлаштирсин (Ғофур Рахимовга тўйхат ўрнида)
Ҳамроқул Асқар:
ЭНДИ БИЗНИ ЯХШИ КУНЛАР БИРЛАШТИРСИН…
-
Ғофур Рахимовичга тўйхат ўрнида —
Собиқ СССР таркибидаги узоқни кўрадиган, донишманд раҳбар эканлигини ҳатто Кремль девлари тан олган Шароф Рашидов вафотидан сўнг, унинг ўрнини эгалллаган Иномжон Усмонхўжаев ишни ўзбек миллати қадрини осмон этган марҳум биринчи котибнинг муборак номини қоралашдан бошлади. У бунга ҳам қаноат қилмасдан, олий минбардан туриб, Москвадан ёрдам сўрагач, СССР бош прокуратурасининг Гдлян, Ивановлардан иборат гуруҳи етиб келиб тафтиш бошлади. Ўзбеклар иши иши деган бу қатағонда миллатимизнинг 40 мингдан ортиқ сара инсонлари таланди, қамалди, қурбон бўлди. Ўша қора кунлар хотираларидан бироз чекиниб, мулоҳаза этсак, Шароф Рашидов Совет Иттифоқи Республикалари ичида ёзувчидан чиққан Маркзқўмнинг ягона биринчи котиби, жуда катта давлат арбоби эди. Тоза сувни лойқалатиш осон, лекин унинг тиниқлашиши учун кўп вақт зарур. Яратганга беадад шукрларким, орадан кўп ўтмай нафақат Шароф Рашидов унинг сафдошлари ҳам оқланиб адолат қарор топганига биз бугун гувоҳ бўлиб турибмиз.
Хуллас, ўша оғир шароитда, шахсан биринчи котиб ташаббуси билан юборилган гуруҳ раҳбари Гдлян Усмонхўжаевнинг ўзига жиноят иши қўзғаб, кунора сўроқ қилиб чақириб турган бир пайтда, қолган мазлумлар кимдан мадад кутиши мумкин?! Шу боис, Гдлян қамоққа олган казо – казо шахсларнинг чорасиз оила аъзолари нажот сўраб Ёзувчилар уюшмасига ёпирилиб келишарди. Ўша пайтлари уюшма раислигидан ташқари, СССР халқ депутати ҳам бўлган Одил Ёқубов уларни юпатиб, баҳоли қудрат кўмак берар, Гдлян гуруҳининг жиноий ишларини фош тувчи шикоятлар СССР Бош прокурорига юборар эдилар. Бундан ғазабланган Гдлян Аҳмаджон Одилов иши бўйича Одил Ёқубовга ҳам туҳмат уюштира бошлади. Табиатан жасоратли Одил Ёқубов ортга чекинмасдан, Гдляннинг хурмача қилиқлари ҳақида СССР Марказий қўмитасига телеграмма юборгач, СССР Бош прокуратураси Гдляннинг танобини тортишга мажбур бўлди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовни қўллаган Аҳмаджон Мухторов, Шукрулло домлаларнинг мурожаатлари, марказий матбуотда чиқишлари натижасида Гдлян гуруҳи шарманда бўлиб Ўзбекистонни тарк этди. Шундан сўнг, Гдлян бошлаган манфур ишларни охирига етказиш генерал Свидерский бошлиқ гуруҳга топширилди…
Ўзбеклар иши ҳақида кўп ёзилган. Лекин, уруш иштирокчиси билан, эшитганлари асосида асар ёзган ёзувчи ўртасида катта фарқ бор. Бошқалардан Исфандиёрнинг фарқи шулки, ана шу жангу – жадал майдонидаги асосий қаҳрамонлардан бири унинг ўзи эди.
Ўзбеклар иши баҳонасида Ўзбекистонга марказдан шу қадар кўп кадрлар сафарбар этилдики, уларни халқ “десантчилар” деб атай бошлади. Республика Ички Ишлар вазири қўғирчоқ бўлиб, барча ишларни вазир ўринбосари Дидоренко бошқарарди. Десантчи генерал Дидоренко миллий кадрларни ўзбекларни четлаштириб, уларнинг ўрнига Украина милиция техникумини битирган юзлаб ҳамюртларини бошлиқ қилиб қўя бошлади. Улар тезда прописка қилиниб, турар – жой билан таъминланди. Десантчилар ортидан криминал гуруҳлар ҳам кириб келди.
Ўша пайтда арман миллатига мансуб Нарик деган шахс ўзбек криминал дунёсини бошқаргани айниқса уларга қўл келиб Тошкент шаҳри ва вилоятларда ғаройиб жиноятлар содир бўлиб, оммавий талончилик авжига чиқди. Дидоренкони боқинчи деб, унинг малайларини шарманда қилган асакалик иттифоқ миқёсидаги авторитет Эркин Мамадалиев дастлаб қамоққа олинди, сўнгра десантчи генераль буюртмаси билан отиб ўлдирилди. Мен Шерали Жўраев ҳамроҳлигида раҳматлик Эркин Мамадалиев билан кўп бор учрашганман. Эркин тиниқ фикрлайдиган, адабиёт ва тарихни яхши биладиган жуда маданиятли ва жасур инсон эди.
Ўша пайтлари уюшма раиси ёрдамчиси бўлганим боис, шикоятларни ўрганиб, арзгўйларнинг илтимосига биноан Одил Ёқубов номидан турли инстанцияларга хат тайёрлардим. Андижонлик ИИВ ходими Нурмат Латибжонов десантчилар содир этган ўта оғир жиноий ишлар ҳақида сўзлаб бергач, уни Одил Ёқубов қабулига олиб кирдим. Одил ака уни роса тинглагач: — бу жуда хатарли ва катта иш, аризага сўзидан қайтмай, охиригача туриб берадиган одам имзо қўйсин., ишни пухта ўрганиб охирига етказадиган ёзувчи ҳам зарур., деганида, мен Исфандиёр номзодини таклиф қилдим. Одил ака жилмайиб: — агар жиддий киришса “соқол” эплайди, яхши томони Исфандиёр ўрисча ёзадиган, шерюрак йигит., деб таклифимни қўллади..
Хуллас, шу тариқа десантчиларга қарши жангда ўзини кўрсатиб росмана адвокатга айланган Исфандиёр кейинчалик “Генераллар ўйини” номли роман ёзиб десантчиларни шармандаи шармисор қилди. Чунки, романда не, не миллий кадрларни яксон қилган Дидореко, Сатин, Теплов, Галашкою, Балашкалардан иборат жуда катта лавозимларни эгаллаган десантчилар гуруҳи аслида умри тугаб бораётган шўро салтанатининг сўнгги талончилари эканлиги аниқ фактлар билан фош этилган.
Қизиғи шундаки, жангу жадал тафсилотлари баён этилган ушбу ҳужжатли роман Ёзувчилар уюшмаси раиси ёрдамчиси Ҳамроқул Акбаровнинг (автор менинг фамилиямни Акбаров деб ўзгартирган) кабинетида ёзувчи билан Нурмат Латибжонов ўртасида бўлиб ўтган суҳбатдан бошланади. Худди мен, Нурмат Латибжонов каби номи ўзгартирилган барча қарамонларнинг реал прототиплари мавжуд бўлиб, ҳатто айримлари ўз номлари билан ҳам берилган. Орадан қарийб 30 йил ўтгач энди уларни ошкор этилса безарар, балки зарур деб ўйлайман. Десантчи генерал қаҳрига учраган кўлаб миллий кадрлар қамалган, Ботир Турсунов, Нурмат Латибжоновларга ҳам жиноий иш қўзғатилиб, қидирув эълон этилгани сабабли улар яшириниб юрганлари ҳолда курашни давом эттиришга мажбур эдилар.
Нурмат Латибжонов аризаси ва унинг ташаббуси билан бошланган жанг шов – шувлари Москвагача етиб “Десантчилар” иши тафсилотлари марказий нашрларда ҳам ёритила бошлади.
Исфандиёрнинг “Генераллар ўйини” романи ўша даврда бўлиб ўтган ушбу қатағонлар ҳақида маълумот берувчи энг яхши тарихий солнома ҳамдир. Қизиғи шундаки, асарнинг Бек исмли бош қаҳрамонлари прототипи – тақдир тақозасига кўра бугунги кунда Исмат Хушев жўшиб таърифлаганидек чет элларда “умргўзаронлик” қилиб юрган Ғофур Раҳимов эканлигини кўпчилик билмаса керак.
Десантчилар армияси шу қадар қудратли эдики, ўша пайтда ушбу тенгсиз курашга бел боғлаган одамга телбадек қарашарди. Айни пайтда қўл қовуштириб қараб туриш мумкин эмасди. Ана шу пайтда бу ҳаракатлардан хабар топган Ғофур Рахимов Ботир Турсунов билан биргаликда ёзувчилар бошлаган ишни қўллаб қуватлаб беғараз ёрдамга келди.
Нурмат Латибжонов, Исфандиёрлар билан бирга Ғофур ака билан кўп маротаба учрашган чоғимда у кишининг кам гапириб, кўпроқ эшитадиган, оғир босиқ инсон эканлигига гувоҳ бўлганман. Ғофур ака ўшанда бизга Исфандиёр рус тилида тайёрлаган мурожаат, яъни муҳим “копромат — бомба”ни Кремльдаги сиёсий бюро аъолари ва марказий нашрларга етказишда жуда катта ёрдам берди. Ана шу, ўзаро аҳилликда амалга оширилган ишлардан сўнг десантчи генералларнинг жиноий қилмишлари иттифоқ миқёсида фош бўлгач, талончи девларнинг пайтавасига қурт тушиб, бирин – кетин чекиниб, охири изсиз даъф бўлдилар…
Биз эслаётган ушбу воқеалар ҳақида Исфандиёрнинг романидан ташқари Нурмат Латибжоновнинг “Адолат шамшири” китоби ҳамда унинг “Маданий мафия” мақоласида ҳам кўп ибратли тафсилотлар баён этилган. Юрт бошига ёпирилган балою – офатлар миллатнинг асл инсонларини бирлаштирганлиги аниқ ҳужжатлар асосида тасвир этилган бу асарлар бугунги кунда ҳам бағоят қадрли.
Интернет тармоғида Ғофур Рахимов номи криминал авторитет, олигарх деган атамалар билан уйғунлашиб кетган. Лекин, ҳатто душманлари ҳам унинг Ватан олдидаги хизматлари, энг муҳими довюрак, мард инсон эканлигини инкор этаолмайдилар. Тақдир тақозасига кўра Ғофур аканинг тоғалари Жоруллоҳ ака билан Отиллахон тарихи ҳақида суҳбатлашган чоғимда Ғофур Рахимов илдизи жуда катта тарихий шахслар билан боғлиқ, исломий илмларидан бохабар оилада тарбия олганидан воқиф бўлдим.
Кўпчилик, дўстларимиз қатори мустақилликдан сўнг ҳам Ғофур аканинг ҳаёти осон кечмади. Айниқса, ташқи душманларни яксон этишда катта жасорат кўрсатган бу зотнинг, кейинчалик ички душманлар билан чиқишаолмасдан Ватанни тарк этишга мажбур бўлганлиги ҳам алоҳида бир ғаройиб тарих.
Дўстим Исмат Хушевнинг “Ҳукмдорга таслим бўлмаган ўзбек олигархи.,” сарлавҳали қутловини ўқир эканман беихтиёр Мирзо Бедил ҳазратларининг: — Худо берганлар ила олишмагин ҳеч, худо берганларга худо берипти., деган боқий сатрлари хаёлдан кечди.
Аллоҳ Таолло азиз этган инсонларнинг ризқу насибасини ҳеч қачон бошқалар тортиб олаолмайди. Чунки, Ғофур Рахимов хорижда туриб ҳам ўзбек спортчиларини қўллагани, унинг халқаро миқёсдаги улкан ташкилотчилик ишларини Россия Президенти Владимир Путин ҳам катта мамнуният ила эътироф этганлиги бугун ҳеч кимга сир эмас.
Бугун Ўзбекистонда кечаётган ойдин кунларнинг илиқ шамоли катта умидлар уйғотмоқда. Айниқса, муҳтарам Шавкат Мирзиёев муваққат президенлик жиловини илкига олган дастлабки кунларидаёқ Ғофур Рахимовга нисбатан қидирувни бекор этишга амр бергани унинг дўстлари, айниқса оила аъзолари учун катта воқеа бўлди.
Бойми, камбағалми, олигархми ўзимиздан чиққан жасур, марду – майдон инсонлар Ватан бағрида, ёнимизда бўлганига не етсин!
Оғир кунларни кўравериб зада бўлган миллатимиз жўмардлари яхши кунлар шарофати билан бирлашиб Ватан хизматига бел боғлаб туришига не етсин!
“Дунё ўзбеклари” катта ижтимоий, сиёсий воқеалар тафсилотларидан ташқари тақдир тақозасига кўра дунёнинг турли жабҳаларида умргузаронлик қилаётган ватандошларимизнинг таваллуд айёмлари, тўю – маракалари ҳақида хабарлар қутловлар бериш анъанасини йўлга қўйгани бағоят ибратли тадбир.
Биз ҳам дўстимиз Исмат Хушевнинг савобига шерик бўлиб, шу минбар орқали нафақат ҳукмдор, Яратгандан бошқасига бош эгишни хаёлига келтирмайдиган марду майдон акамизни таваллуд кунлари билан муборакбод этиб, у кишига узоқ умр, мустаҳкам соғлик аҳли аёли, фарзандларига омонлик тилаб қоламиз!
Ҳамроқул Асқар
Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси
22 июль 2017 йил
Тошкент шаҳри.
ham.asqar@mail.ru.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
4 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГLeave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Yuqorida aytib utilgan kitoblarni eletron varianti bormikin?
Bilmagan qiziqarli ma’lumotlarni bilib oldik, raxmat. Shunaqa voqealardan xabardor odamlar maqolalar yozib hammani yaqin tarixning xato va yutuqlaridan ogoh qilsinlar, iltimos.
Туркийларда ҳар доим бекларига ва бойларига ҳурмат бўлган ва айтганини қилишган. Мана шунинг учун Атилла бутун Eвроосиёни босиб олган.
Бир-бирини ковламасдан ҳамма бир ёқадан бош чиқарса буюк ғалабаларга эришиш мумкинлигини туркий аждодларимиз билишган.
Афсуски, диндорлар фақат жанжал ва ғийбатга берилиб кетишган.
Афсуски..хали узбек эли русь боскинчилари зулмидан озод булган эмас яъни урусни шамшири узбек эли устида ялтираб кон сочиб турибди ва шамширни дастаси афсуски узбеклардандир..шу сабаб..сал бойиган ва салгина акл кузи очик узбек йигити урус назарига тушмасдан ва имкон кадар йук килинмасдан колмайди