Menu
Categories
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Ўзбекистондан Канадага қайтиб келди
07/23/2018 Бош мақола

Азиз Ватандошлар!

Шу йилнинг 16 июнь куни биз нашримизда “Гоҳ сайр ҳам даркор экан…” номли мақола эълон қилиб – оиламиз, фарзандларимиз ва жажжи набирамиз билан Туркия орқали она Ватанимиз – Ўзбекистонга йўл олган эдик.  

Бу бизнинг кейинги бир ой ичида Ўзбекистонга қилган иккинчи ташрифимиз бўлиб, май ойида хизмат сафари билан атиги икки ҳафтага борган бўлсак, бу гал энди барча оила аъзоларимиз билан бир ойга бориш ва мириқиб дам олиш бахтига муяссар бўлдик.

Ўзбекистонда кўрган кечирганларимиз ҳайратли ва ибратли бўлиб, Шавкат Мирзиёев мамлакатда олиб бораётган инқилобий ислоҳотларнинг шакли ва шамоили бор бўй басти ва салобати билан кўз ўнгимизда яққол намоён бўлди.

Президентнинг давлат ва миллат тақдирига бевосита алоқадор бўлган улуғвор ишларида унга астойдил камарбаста бўлишни ният қилган бир талай мулозимларни кўрдик: Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, Мудофаа вазири Абдусалом Азизов, “Ўзбекистон овози” газетаси Бош муҳаррири Сафар Остонов, Ички Ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Журналистлар уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким, Бош прокурор Отабек Муродов, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳокими Урол Бобокулов, Плеханов номидаги Москва Давлат Иқтисодиёт Академиясининг Тошкент шаҳридаги Университет ректори, академик Каландар Абдурахмонов, Ўзбекистон Ахборот Агентлиги раҳбари Абдусаид Кўчимов, Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Хуррам Жўраев, Давлат Хавфсизлик Хизмати идораси раиси Ихтиёр Абдуллаевлар шулар жумласидандир.  

Улар худди Президент каби кечаю кундуз элим, юртим деб ёниб яшаб юрганларини кўрдик. Уларга ҳам куннинг 24 соати камлик қилаётганига, Президент каби улар ҳам Ўзбекистон тақдири ва келажаги учун туну кун тиним билмай елиб югуриб юрганларига ўзимиз шахсан гувоҳ бўлдик…

Сафар давомида “Исмат Хушев билан юзма юз” теледастури учун  мухолифат ва ҳукуматга хайрихоҳ бўлган бир қатор таниқли ижодкорлар, шоир ва ёзувчилар, журналистлар, илм фан намоёндалари, зиёли ва олимлар, давлат ва жамоат арбоблари дохил “Дунё ўзбеклари”нинг ашаддий мухлиси бўлган оддий фуқаро ва темирчилар билан суҳбатлашдик, уларнинг дил розларига қулоқ тутиб, ажойиб ва ғаройиб кўрсатувлар тайёрладик.

Айни пайтда “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррирининг Ўзбекистонда эканини ижтимоий тармоқлардан билган сон саноқсиз ўқувчилар, мухлис ва муштарийлар бизга ўнлаб шикоят ва аризалари билан мурожаат қилишди. Улар ўз арзларида жамиятда илдиз отган коррупция, таниш билишчилик, маънавий бузуқчилик ҳақида ишонарли факт ва далилларга таянган ҳолда бизга муҳим ва ўта  аҳамиятли маълумотлар беришди.

Биз сўз билан айтганда, Ўзбекистонда қилган бу галги ташрифимиз ҳам самарали бўлди.

“Дунё ўзбеклари” нашри ва “Исмат Хушев билан юзма юз” номли теледастуримиз орқали Ўзбекистонда кўрган кечирганларимиз ҳақида ҳикоя қилувчи бири биридан гўзал ва ранг баранг сафар таассуротларини секин аста ёрита бошлаймиз…

Исмат Хушев,

“Дунё ўзбекларои” Бош муҳаррири,

23 июль, 2018 йил, Торонто шаҳри, Канада…

 

 

Leave a Reply
*