Menu
Categories
Дадахон Ёқубов: Бу дунёда сўзим қолгай. 2-мақола (Исмат Хушев ижоди ҳақида)
08/15/2018 Демократия сабоқлари
Image may contain: 2 people, people sitting
Image may contain: one or more people and outdoor
Image may contain: 3 people, people standing, sky, tree, shoes and outdoor
Dadakhon Yakubov
ДАДАХОН ЁҚУБОВ: БУ ДУНЁДА СЎЗИМ ҚОЛҒАЙ …
(иккинчи тўлдирилган мақола)
Исмат Ҳушевнинг касбий изланишлари, журналист-ёзувчилик маҳорати ҳақида турли туман фикрлар билдирилади. Бировлар бошларга кўтариб мақтаса, бошқалар қаттиқ танқид қилишади. Бу ижодкорнинг яшаш тарзи ҳам ибрат, ҳам сирли афсона.
Менинг тушунишимча, унинг ҳаётий фаолияти билан боғлиқ барча нарсалар ижод, касбий фаолият самараси учун йўналтирилади. Чимёнда Ўзбекистон журналистлари уюшмаси томонидан ўтказилган “Медиалагерь” ўқув машғулотлари учун Ҳушев тақдим қилган тажрибавий видеофикрлар турли мулоҳазаларга сабаб бўлган эди.
Камина ҳам Чимён медиалагери ҳақидаги фикрларимни қоғозга туширган эдим. Ушбу мақолани “Бу дунёда сўзим қолғай…” сарлавҳаси билан чоп этган эдим

Мазкур мақолани ёдга олиш баробарида, кейинги ўзгаришларни тилга олишни лозим топдим.

Китобимнинг отидир “Роҳати дил”,
Эрур ҳар бир сўзи танбеҳи ғофил.
Ўқиб ёд айлангиз Оллоҳу акбар,
Дуъо айлаб дейингиз, эй биродар,
Дуъодин ўзга сизларга сўзим йўқ,
Бу дунёда сўзим қолгай, ўзим йўқ…

Ушбу мисралар 18–аср ўзбек адабиётининг буюк шоирларидан бири Хўжаназар Ҳувайдонинг “Роҳати дил” китобидан келтирилди. Оддий тил билан айтадиган бўлсак, ёки филология фанлари доктори Саидбек Ҳасанов таърифи билан фикр билдирсак, ана китобу мана китоб, бу мўъжизани ўқимаган инсон, дунёга келиб, яшамай, дили роҳат топмай, одамларга нафи тегмай кетган ожиз кимсага ўхшаб қолади.
Бу асарга кирган ҳикоят ва ривоятларнинг асосий йўналиши ислом динининг қисқача бўлсада, тарихига мурожаат этиш ва ислом дини асосларини баён қилувчи, диний ахлоқий ривоятлар орқали ўқувчи онги , ташқи ва ички дунёсини ислом маънавияти билан бойитишга қаратилгандир.

Мазкур китобда инсоннинг фалсафий дунёқараши, яратувчига бўлган энг нозик дил туйғулари, қолаверса иймондаги собитлик, тоат–ибодат, ҳалоллик, ростгўйлик, поклик каби ҳар бир мусулмон фарзанди билиши ҳам фарз, ҳам қарз бўлган энг яхши инсоний ҳислатлар куйланган.

Айниқса, ўзбек халқининг буюк ижодкорларга бўлган чексиз муҳаббатини Чимён қишлоғида яшовчи азиз одамлар руҳиятидан ҳам сезиш қийин эмас. Чимёнликлар Ҳувайдо ҳазратлари мақбарасини ҳашар йўли билан ободонлаштирганлар, ёдгорлик боғи ташкил этилган.

Бу азиз зиёратгоҳга минглаб одамлар ташриф буюрадилар. Ҳа, бизнинг халқимиз, ўзбеклар ўз ижодкорларини бошларига кўтарадилар. Номларини ёд этадилар. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида айтганидек: ”… Маълумки, қадимий маданият ва тамаддунлар чорраҳаси бўлган юртимиз заминидан ўрта асрларда минглаб олиму уламолар, буюк мутафаккир ва шоирлар, азиз-авлиёлар етишиб чиққан. Уларнинг аниқ фанлар ва диний илмлар соҳасида қолдирган бебаҳо мероси, бутун инсониятнинг маънавий мулки ҳисобланади.
Биз диний жаҳолатга, зарарли оқимларга қарши маърифат билан курашиш кераклиги ҳақида кўп гапирамиз. Бу тўғри, албатта. Лекин маърифат, маърифий билимлар қаерда – аввало ота-боболаримиз бизга қолдириб кетган мана шундай мўътабар китобларда эмасми?”

Дарҳақиқат, аждодлар мероси китоб, тарихий обида, кўҳна ёдгорликларда, ҳотира ва руҳиятимизда яшамоқда. Аждодларимизнинг жисми, ўзлари йўқ, аммо сўзлари ҳамиша биз билан бирга.

Яқинда Ўзбекистон журналистларининг юздан ортиқ вакили Чимён қишлоғидаги сиҳатгоҳда ташкил этилган ”медиалагерь” ўқув машғулотларида қатнашди. Журналистлар олдида турган долзарб муаммолар, уларнинг вазифа ва бурчлари, китобхонлик, ислоҳатларни ёритиш, танқидий чиқишлар юзасидан фикр алмаштиришга ҳамда албатта, бироз дам олишга йиғилдилар.

Каминанинг ота-боболари Чимёнлик бўлганликлари боис, ҳаёлан улар сафига интилдим. Касб корим ҳам журналист, балки ҳаваскордирман, аммо журналистларимизни ўйлантираётган мавзуларга жуда қизиқдим. Анъанага кўра, Фарғонага хокимиятига яқин жойдаги Ал-Фарғоний бобомизни йўқлашди, сўнгра Қувасой “Кварс”ида бўлишди. Яна Чимён, дам олиш сиҳатгоҳи, машғулот ва тортишувлар авжига чиқди.

18–асрдаёқ, умуминсоний қадриятларни улуғлаган, ижодкор учун дастурамал бўладиган қоидаларни кашф этган , одамлар дилига роҳат улашган шоир Ҳувайдо ҳазратларини журналистларимиз ёдга олдиларми, йўқми, бу ҳақда маълумот топмадим.

Менинг фикри ожизимча, тадбир иштирокчилари бир соатлик машғулотини “Роҳати дил” китобига бағишлаганларида эди, вазият янада яхши,натижа эса олий бўлармиди? Ҳазрат ўз китобида қиёмат, нафс офати, жаҳаннам, жаннат,ичишнинг зарари, ёлғончилик кулфати, ғийбат, зино, шайтон ва фиръавн, толибу илм, муножот қиссалари билан танишиш ёки уларни билиш имкониятига эга бўлар эдилар. Шу тариқа, дилларига роҳат, билимларига билим, тажрибаларига тажриба қўшган бўлур эди.

Диний – аҳлоқий қарашларимизда энг аввало эзгу ва яхши ишларни амалга ошириш инсоний мезон сифатида қаралади. Матбуот назариясига, унинг фалсафасига инсон ҳаёти учун фойда келтирадиган, гўзаллик ва мамнунлик ҳисларини уйғотадиган урф-одатларимиз асос бўлиши табиий заруратдир.

Абу Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилийн” асарида ёзилганидек, Набий (с.а.в.) айтадилар: Мўминнинг нияти унинг амалидан яхшидир”. Аҳли илмларнинг баъзилари бу ҳадис ҳақида шундай дейишади: “Чунки киши ниятининг яхшилиги учун савоб олаверади, гарчи амал қилмаган бўлса ҳам.

Амалга эса ниятсиз савоб ололмайди”. Бир олим киши айтади: “Мўминнинг нияти амалидан яхшидир. Чунки нияти кўп, амали кам. У тирик экан, яхши амал қилишни ният этади, аммо у ўлгунча, яхши амални давом эттира олмайди”.Баъзилар дейишади: ”Чунки ният қалбнинг амалидир. Қалб маърифатнинг макони. Нимаики маърифат маконида бўлса, бошқасидан афзалдир”.

.Имонли –эътиқодли бўлиш. Ватанни севиш. Шу йўлда ижод қилиш, ўзидан кейин яхши сўз қолдириш барча ижодкорларнинг юксак мақсади ҳисобланади. Ахир, Ҳувайдо ҳазратлари ҳам ўз ижодида ана шу эзгу ғояларни тарғиб этганлар.

Исмат Ҳушев билан бизни Ватан чорласа, аввало ота-оналар, устозлар қабрини зиёрат этишни, Ҳувайдо мақбарасини тавоб қилиб, она тупроқни кўзга суртишни ният қилганмиз.
Улуғ адиб, буюк ҳамкасбимиз Ҳувайдо ҳазралари дебдилар:

Басе қатиғ дедилар дўстларим у қиёматни,
Қиёмат ул экандир меҳрибонидин жудо бўлмоқ.
Ҳама эл айтадир дўзах ўтидин қатиғ ўт йўқдир,
На қатиғ ўт экан дўстдин тарк ўлмай жудо бўлмоқ.

“Дунё ўзбеклари” интернет сайти муҳаррири Исмат Хушев “Ташқаридан назар: таҳлил ва таклиф” мавзусидаги маърузасида шундай дейди: “Ўзбек журналистикасининг энг катта муаммоларидан бири бу журналистика факультетида сиртқи бўлимнинг йўқолганлигидадир. Иқтидорли қаламкашлар (Олий маълумотли бўлмаган ёки журналистикада ўқимаган қаламкашлар назарда тутилмоқда, муаллиф) газета ва журналларда ишлаб сиртдан ўқишса яхши бўларди”.

Ҳа, юқоридаги фикрлар айтилганига орадан ярим йил ўтмасдан Исмат Ҳушевни Ўзбекистон чорлади. Бир ой давомида икки маротаба у Канада-Ўзбекистон ўртасида қатнаб, юзлаб журналистик материаллар эълон қилди. Гоҳо улар эҳтиросларга тўла олқиш, гоҳо ғамгин баллада тариқасида берилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларни юксак журналистик маҳорат билан тараннум этди. Эски қарашларга ёпишиб олган мулозимлар, коррупционер ва адолатсиз кимсаларни фош этди. Олтмиш ёшини нишонлаган журналистнинг бу ғайрати, албатта таҳсинга сазовордир.

Исмат Хушев Ватан бағридаги фаолиятини Она юрти-Қашқадарёдан, ота оналарининг изларини ва азиз жойларни зиёрат қилишдан бошлади. Ўз илдизларидан қувват олди. Камина ҳам озодлик нашидасини ота оналар қабрини зиёрат қилишдан, ўтганларни ёд этишдан сездим.
Чимён қишлоғида бўлиб, Хўжаназар Ҳувайдо ҳазратларининг мақбараси пойида дувода бўлдим. Бу азиз зиёратгоҳда саксон беш ёшли Ўлмас бобо билан учрашдим. Ана касб фидоиси, ана суҳан устаси, ана шеърият шайдоси ва олиму билимдони.
Бу табаррук отахон Ҳувайдо ҳазратларинг олтинчи авлоди эканлар. У киши нафақат ҳазрат ижодини, балки бутун бир ўзбек адабиёти ва маънавияти анъаналарини дунёга тарғиб қилишга бутун умрини бахшида этган фидоий инсон эканлар. У киши шеър айтганларида, менинг шеър ўқишим ғариб бўлиб қолди. У кишининг ижоди минг йиллик анъаналарнинг мажмуасига ўхшар эди.
Журналист ва ижодкорларимиз ана шундай уста ижодкорлардан касб сирларини ўрганса, аниқроғи инсонийлик ва Ватан муҳаббати дарсини олса минг бора арзир экан. Замонавий журналистика ва ижодкорлик услублари бутунлай ўзгариб боряпти. 

Ва ниҳоят, “ Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори эълон қилинди. Унда журналистика соҳасини, унинг ўзига хос хусусиятлари, илмий-назарий, фалсафий-эстетик асослари, замонавий медиатехнологияларни чуқур ўзлаштирган, юқори малакали журналист кадрларни миллий ва халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш ва бошқа вазифалар қўйилди.
Янгиликлардан яна бири, Исмат Хушев орзу қилган масала ҳам қарорда ўз ифодасини топди.“Сиртқи таълим шакли бўйича қабул квоталари 2018/2019 ўқув йилида Университет бакалавриат таълим йўналишлари учун белгиланган қабул квоталарининг ўттиз фоизигача бўлган миқдорда белгиланади”. 

Тўғрисини тан олсак, журналистлар ҳорижий тилларда ижод қилишга қодирми? Графика, медиа, компьютер дастурлари ярата оладиларми? лойиҳа ва схемаларни англайдиларми? Иқтисод ва тарих, умуман фан соҳаларида бирон бир йўналишни эгаллаганларми? Компьпютер ва интернетни билиш бу оддий техник қолип кўчириш дегани, унинг ёрдамида ижод қилиш, нарса, буюм, атроф муҳитни баҳолаш, лойиҳалаш, технология ва дизайн масалалари, ҳар соҳада ортда қоляпти.

Ҳалқ таълими вазирлигидаги бир мутахассис дизайн таълими билан таълим дизайнини ажрата олмади. Аҳолининг 95 фоизи ҳам шундай. Замонавий мавзуларда фақат “Дунё ўзбеклари” мақолалар чоп этган.

Маълумотларга қараганда марҳум архитектор-дизайнер Заҳа Ҳадид яратган лойиҳалардаги бинолар яна юз йиллар давомида бунёд этилар экан. Унинг тенг ярми Араб мамлакатлари ва Ҳитойда бунёд этилган. Ҳали замонавий технологияларни тушуниб ёзган ўзбек журналистини учратганим йўқ. Медиалагерда замонавий технологияларни ёритиш бўйича машғулот ўтказиш зарур эмасмиди?

2012 йилда ташкил этилган “Дунё ўзбеклари” мустақил интернет газетаси бошқа сайтларга ўхшамаган, ўз таркибида ОАВ, матнли адабиётлар, хужжатлар, фото, видео ва аудио турларини бирлаштирган архивли, почта аълоқаси, боғланиш тармоқларига эга манбаа сифатида намоён бўлди.

Унинг турли интернет тармоқлари орқали узатилиши изчиллигини, мавзулар ранг-баранглиги, жанр хусусиятлари бойлиги, энг муҳими, ўта тезкорлиги оммалашиб кетишини таъминлади. Бу электрон нашрга юборилган матнлар узоғи билан бир-икки соат ичида чоп этилади. Мухлислар муносабати эса очиқ. Қарама–қарши фикрларга ҳам йўл берилади.

“Дунё ўзбеклари” интернет тармоғидаги ўзбек тилида нашр қилинадиган энг нуфузли матбуот воситасига айланди. Уни дунёнинг 170 мамлакатида ўқилади, рус ва ингилиз тилларидаги таржима нусхалари ҳамда лотин алифбосидаги матнлари ҳам мавжуд.

Исмат Ҳушевнинг сўздан қанчалар моҳирона фойдаланишига тан бермасликнинг иложи йўқ. У Москва давлат Университети журналистика факультетини битиргани, ўзбек ва рус тилларни мукаммал билиши туфайли, дунё тил услубларини ўрганганлиги учун ижодий ишларида сўз мулкидан ўринли фойдаланади.

Фикрларини ортиқча қўшимчаларсиз, қисқа ва лўнда ифодалайди. Бу эса асарларининг енгил мутаоласини таъминлаган. Аммо радиода, экранда сўзлаганингизда, баъзан қизишиб кетади. Ортиқча оҳанг урғуларига йўл қўяди. Балки бу ҳам унинг услубидир.

Ҳа, ижод аҳлининг шиори доимо бир ҳил бўлган. Улардан эзгу сўз ва амаллар қолган. Ҳувайдо ҳазратлари айтганидек: 

Дуъодин ўзга сизларга сўзим йўқ,
Бу дунёда сўзим қолгай, ўзим йўқ…
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*