Menu
Categories
Исмат Хушев: Америка – сеҳрли диёр… (Муқаддима) Сафар таассуротлари – 1
08/16/2018 Муаллиф ҳақида
 Америка – сеҳрли диёр…
OCT 7 2012 йил
  

ёки АҚШ сафари таассуротлари ҳақида

Исмат Хушев

1.

Болалик йилларимда суюкли шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон – Ватаним маним!” шеъридаги:

“Кўз олдимдан кечар асрлар,
Кўз кўз этиб нуқсу чиройин.
Сарсон ўтган неча насллар,
Тополмасдан туғилган жойин.
Америка – сеҳрли диёр,
Ухлар эди Колумб ҳам ҳали.
Денгиз ортин ёритди илк бор,
Берунийнинг ақл машъали.
Колумбда бор аламим маним,
Ўзбекистон – Ватаним маним!”

деган машҳур шеърини ўқигандаёқ бу сирли ва сеҳрли диёрга сафар қилишни илк маротаба орзу қилган эдим.

2.

Кейин Америка ҳақида у ерга бориб келган совет шоир ва ёзувчилари, сиёсатчиларининг эсдаликлари ва сафар хотираларини ажиб бир қизиқиш билан ўқишни одат қилдим.

Совет даврининг таъсири бўлибми, ҳар қалай бу эсдаликлар капитализмни ёмонлаш ва социализмни ёқлаш сиёсати билан йўғрилган бўларди.

Табиийки, аксар ҳолларда бундай ёзувларда воқелик бузилиб, ёлғон талқин этилар, Америка лаънатланиб, СССР ва ундаги сиёсий тузум рағбатланиб, кўкларга кўтариб улуғланарди.

Орадан йиллар ўтди. Давр билан бирга биз ҳам ўсиб улғайдик. СССР тарқалиб кетди. Ўзбекистон мустақил бўлди.

Энди билсак, Америка биз шу пайтга қадар ўқиган, совет мафкураси ва фильмларида кўрганимиз каби у қадар қўрқинчли ва даҳшатли эмас экан.

Бу ерда ҳам одамлар худди бизлар каби озодлик ва ҳурликни севаркан.

Бу ерда ҳам ишқ ва муҳаббат, инсоф ва диёнат, ҳалоллик ва ҳақиқат туйғулари устивор экан.

Бир сўз билан айтганда Совет идеологияси тарғиб қилган ўзгаларга нисбатан ёвузлик ва душманлик ҳисси, давлати ва ҳукуматини билмадиму, лекин оддий америкаликларда мутлақо йўқ экан…

3.

Адашмасам, тўқсонинчи йилларнинг охири, икки минггинчи йилларнинг бошлари эди.

Учинчи маротаба қамалиб чиқиб, Президент марҳамати билан яна Бош муҳаррир этиб тайинланган бўлсам-да, лекин энди олдингидай Ислом Каримов даврасига яқинлаштирилмасдим.

Мен энди унинг қабул ва эътиборидан, мулоқот ва назаридан узоқлаштирилган эдим…

Шунинг таъсириданми ёки шавкатли ва шонли, шуҳратли кунларим энди батамом ниҳоясига етганига аччиқ қилибми, ҳар қалай мен ҳали Бош муҳаррир бўлган кунларимдаёқ баъзан хориж эллар сари юз тутмоқни, ҳеч бўлмаса оила аъзоларимни чет элларга юборишни ўйлар эдим.

Ана шундай фаромуш ва дилтанг кунларимнинг бирида Америка Қўшма Штатларига виза олишга илк бор қарор ҳам қилганман.

Айни масала билан қизиққанимда виза учун навбат жуда катталигини, ўшанда ҳам уни олиш амри маҳоллигини айтишди.

Бугун Америка Қўшма Штатларида яшаб, “Америка овози”да меҳнат қилаётган истеъдодли журналист, ажойиб ва дилкаш йигит Одил Рўзалиев ўша пайтларда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида ишларди.

Унга мурожаат қилдим. У ёрдам беришини, навбатсиз элчихонага киритиши мумкинлигини, лекин виза масаласини шахсан консул ҳал қилишини, бу ишга аралаша олмаслигини айтди.

Худди шундай бўлди ҳам. Унинг ёрдами билан элчиликка навбатсиз кириб, қанчадир пул тўлиб, расмий мулозимлар суҳбатидан ўтдик, лекин виза ололмадик…

4.

2003 йил “Деловой партнёр Узбекистана” билан бир вақтнинг ўзида яна янги ташкил этилган “Миллий таълим” газетасига ҳам Бош муҳаррир этиб тайинланганимни ҳукуматдагилар, хусусан Бош вазир ўринбосари Ҳамидулла Караматовлар негадир ҳазм қила олишмади.

Унинг қистови ва талаби билан Элёр Ғаниев (ўша пайтда у ташқи иқтисодий ишлар вазири бўлиш билан бирга Бош вазир ўринбосари ҳам эди) мени Бош муҳаррирликдан ўринбосарликка туширди.

Мен бундан норози бўлиб, ишдан кетдим ва бутун фаолиятимни “Миллий таълим” газетаси билан боғлашга қарор қилдим.

Лекин бу қувонч ҳам узоққа чўзилмади. Газетанинг учинчи сони чиқар чиқмас, Ҳамидулла Караматовнинг талаби билан ҳукумат уни ёпиб қўйди.

Мен бунга норозилик сифатида 2004 йилнинг эндигина баҳор насимлари эса бошлаган сўлим март ойида Тошкентдаги “Freedom House” (“Озодлик уйи”)да матбуот анжумани ўтказиб, Бош вазир ўринбосари Ҳамидулла Караматов ва Матбуот Қўмитаси раҳбари Рустам Шоғуломовларнинг истеъфосини талаб қилдим.

Газетам ёпилган бўлса-да, мен ҳали Бош муҳаррирликдан олинмаган эдим. Аниқроғи, ҳали олишга улгуришмаган бир пайтда ўтди бу матубот анжумани.

Айтиш мумкинки, бу ўзбек журналистикаси ва сиёсати тарихида амалдаги Бош муҳаррир ўтказган биринчи ва ҳозирча сўнгги матубот анжумани эди…

Катта шов шув бўлди. Кейин мен Ўзбекистонни тарк этдим. Бу махзун хотиралар ҳақида “Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг тўртинчи китобида ҳали батафсил ҳикоя қилинади.

Москвада сиёсий бошпана масаласи кўтарилган пайтда менга дастлаб Америка Қўшма Штатларини тавсия қилишди. Лекин бу “сирли ва сеҳрли диёр” га бориш учун анча кутишим лозимлигини айтишди.

Канадага бориш учун эса, олти ой кифоя қиларкан. Шундай қилиб, Исмат Хушевга оиласи билан яшаш учун Америка эмас, Канада насиб этди…

5.

Бугунга қадар ҳам биз Канададан Америкага кўп бор сафар қилганмиз.

Илк маротаба раҳматли Абдуманноп Пўлатов ташаббуси ва ёрдами билан виза олиб (бу ҳақда Абдуманноп аканинг вафотига бағишланган “Сайрга кетган йигит” номли ёдномада батафсил айтилган) АҚШнинг Канадага шундоққина қўшни бўлган Detroit ва Buffalo, кейинроқ эса Калифорния штатининг Los Angelas ва Hollywood шаҳарларини бориб кўрдик.

Абдуманноп аканинг Вашингтон атрофида – Virginia даги тинч ва сокин ўрмонзор ҳудудида жойлашган нурли ва қадрдон хонадонларига ҳам бориш бизга насиб этган.

Лекин у пайтларда “Дунё ўзбеклари” каби кўпчилик севиб ўқийдиган, муҳожирликдаги ўксик ҳаётимизнинг мажруҳ бир парчасига айланиб қолган бугунги суюкли саҳифамиз, мустақил интернет нашримиз йўқ эди.

Шунинг учун ҳам олдинги сафар хотираларимиз ёзилмай қолиб кетди…

6.

“www.google.ca”нинг қидирув бўлимида Канаданинг Торонтосидан АҚШ Феладельфиясига қадар бўлган 778 километр масофани одатда енгил машинада 8 соату 48 минутда босиб ўтиш мумкин деб ёзиб қўйилган.

Лекин биз бу масофага негадир 14 соатда минглаб километр йўл юриб етдик.

Бунинг сабабини эса кейин билдик.

Машинамдаги – ҳайдовчига cпутник орқали йўл ва манзил кўрсатадиган техник жиҳоз (GPS) сотиб олинган пайтлардаёқ пуллик йўлларга кирмайдиган қилиб қўйилган экан.

АҚШ сафарига жўнашдан олдин уни пуллик йўллардан ҳам юриши мумкин қилиб қўймаганимиз учун биз шунча йўл юрган эканмиз.

Ҳолбуки, АҚШнинг пуллик йўллари ҳам унча қиммат эмас.

Қайтишда эса бу манзилни биз олти-етти саоатларда босиб ўтдик. Икки жойда 90 центдан, бир жойда 10.25 ва яна бир жойда 5.15 доллар пул тўладик, холос…

7.

Феладельфия – Пенсилвания штатида жойлашган сўлим ва гўзал шаҳар.

Бу ерда бизни грин карта ютиб – АҚШга келиб яшаш бахтига муяссар бўлган жиянларимиз, дўсту биродарларимиз кутиб олишди.

Меҳмонхонада дам олиб, ҳордиқ чиқаргач, кун бўйи шаҳар айландик, магазин ва музейларни, спорт иншоотлари ва майдонларни томошо қилдик.

Кечга яқин жиянимнинг хонадонида бир пиёла чой баҳонасида зиғир ёғидан қилинган паловни еб, ўтган кетган кунларимиз, Ватанда қолган қариндош уруғларимиз, яқинларимиз ва дўстларимиз ҳақида дилбар ва мунаввар суҳбатлар қурдик…

8.

Эртаси куни эрталаб роппа роса еттида туриб, болаларим билан бир соатга яқин меҳмонхонанинг биринчи қаватидаги оромижон ҳовузида мириқиб суздик, чўмилдик.

Эрталабки нонуштадан сўнг Нью Йорк томон йўлга чиқдик.

Дарвоқе, нонушта ҳақида. Меҳмонхона ресторанидаги “Швед столи” деб аталувчи бу нонушта нархи катталар учун 11.65 доллар, мактаб ўқувчилари учун 6.65 доллар экан, холос.

Шу пулга истаганча – нимани истасангиз шуни тамадди қилишингиз мумкин.

Мева чевадан тортиб асалгача, тухум, қуймоқдан тортиб турли хил ширинликларгача барчаси столда муҳайё.

Қўй, мол, бузоқ гўшти ва турли туман балиқларни айтмайсизми?

Лекин эрталаб одатда кўп овқат ейишга иштаҳа бўлмайди. Салгина нарсага тўйиб қолади киши…

Нью Йорк шаҳри Феладельфиядан бир-бир ярим соатлик йўл экан.

Йўлма йўл кета кетгунча Америка йўлларининг текис ва равонлигига, атрофда уч кунлик келинчак мисол яшариб бораётган дилбар табиатнинг яшиллигига ҳавас қилиб кетдик…

9.

Нью Йорк шаҳридаги сафаримизни дастлаб Ўзбекистон Консуллигини зиёрат қилишдан бошладик.

Жияним Америкада фарзанд кўргани боис, унинг ҳужжатларини расмийлаштиришимиз керак экан.

Ўзбекистоннинг Нью Йоркдаги консули Дурбек Омонов билан мен олдиндан таниш эдим.

У киши Вашингтон элчихонасидаги иккинчи котиб билан Торонтога борганларида бир пиёла чой баҳонасида учрашиб танишган эдик.

Дурбек ака бизни очиқ чеҳра ва хуш кайфият билан кутиб олдилар.

Нью Йоркнинг қоқ марказида – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қароргоҳининг шундоққина атрофидаги мўҳташам бинонинг йигирманчи қаватида – Ислом Каримовнинг портрети безаб турган Дурбек аканинг файзли ва мўъжазгина кабинетида ўтирарканман, беихтиёр Ўзбекистонда ўтган мулозимлик йилларим – бир пайтлар ўзим эгалик қилган ҳайҳотдек кабинет ва ундаги Президент портрети ёдимга тушди.

Ислом Каримовнинг Ўзбекистон байроғи ёнида тушган бу портретидаги сурат тўқсонинчи йилларда олинган бўлиб, ўтган йиллар давомида у деярли янгиланмабди.

Бу ерда ҳамма нарса Ўзбекистонни, Президент Ислом Каримовни эслатиб турарди.

Бу портрет, бу кабинет ва бу расмий, лекин табиий ҳолат менга жуда қадрдон эди.

Мен ўзимни гўё яна расмий Тошкент мулозимидек ҳис эта бошлаган эдим.

Ва табиийки, мен бу ҳолатни, бу расмий атрибутларни фавқулодда қувонч ва ҳаяжонсиз, чексиз бир армонсиз кузатишим, кўришим ва охир оқибат Сизларга ҳам ҳиссиз ва туйғусиз ҳикоя қилиб беришим мумкин эмас эди…

Мендаги бу ҳолатни бир пайтлар давлат раҳбарининг ишончига сазовор бўлган, лекин ёшлик қилиб бу юксак ишончнинг қадрига етмаган ва ундан айрилган, охир оқибат хорижга, муҳожирликка маҳкум этилган собиқ мулозимларгина тўғри англаб етиши, тушуниши мумкин…

Консулликдан руҳим кўтарилиб чиқди. Шу кўтаринкилик билан дунёга машҳур Манхеттенни айланишга жўнадик…

(давом бор)

About ДУНЁ ЎЗБЕКЛАРИ

I am a Journalist from Uzbekistan.

Posted on October 7, 2012, in Сафар таассуротлари…. Bookmark the permalink. 1 Comment. Edit

  1. Талант Александеров 
    Исмат Хушевнинг АҚШга бориб, эсон-омон қайтганлари бу қувонарли холдир. Айниқса у кишининг АҚШ хукумати юритаётган империалистик ва мунофиқона сиёсатида оддий халқнинг айби йуқлиги хақидаги фикрлари тахсинга сазовордир. Дархақиқат АҚШ мехнаткашлари “Уолл-Стритни қамал қил” шиори остидаги хукуматнинг нохақ сиёсатига бош кўтаришлари бунга далолатдир.
Leave a Reply
*