Menu
Categories
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевга
08/16/2018 Бош мақола
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. М. Мирзиёевга
Нусхаси:  Ўзбекистон Республикаси ДХХ раиси
И. Б. Абдуллаевга
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори
О. Муродовга
 
Фарғона вилояти Бешариқ тумани
“Юқори Зарқайнар” МФЙ раиси
Алибердиев Мухторжон Насирдиновичдан
Тел: +99891-111-00-09
 
Бешариқ туманида ижтимоий – иқтисодий ривожланишни, хусусан, тадбиркорлик харакатининг оммавийлигини таъминлашда йўл қўйилаётган жиддий хато – камчиликлар ва суиистеъмолчиликлар хақида.
Бешариқни ким бошқараяпти? Хоким ва унинг командасими ёки чуқур томир ортган бозор мафиясими?
Ассалому алайкум Мухтарам Шавкат Миромонович!
Чексиз қудратли кучга, Республика, вилоят ва туман хокимияти хамда, бошқарув органларида химоясини таъминловчи хомийларига эга бўлган, кўп йиллардан бери Бешариқда фаолият кўрсатиб келаётган ва давлатга жуда катта миқдорда зарар келтириб, халқ кўз ўнгида чегара билмас ўзлаштиришлар ва талон-тарожликларга йўл қўяётган “КЛАН” фаолияти хақида, Сизга ва Республика қонун мухофазаси органларига қилаётган навбатдаги мурожаатим!
 Сизнинг  рахбарлигингизда мамлакатимиз ўз тараққиётида сифат жихатидан янги босқичга кирди. Ватанимиз ва халқимизга бутун вужудингиз билан, чексиз мухаббат ва садоқат наъмуналарини намойиш этиб, ўзингизнинг амалий ишларингиз билан ёш, мустақил давлатимизни дунёдаги энг ривожланган мамлакатлар қаторига олиб чиқиш йўлида бор – куч ғайратингизни сарф қилиб, хақиқий рахбар қандай бўлишини амалда исбот қилмоқдасиз. Мухтарам Президент, сиз халққа мурожаат қилиб: -“Уйғонинглар, агар сизлар уйғонмасаларинг мен хеч нарса қилаолмайман” деган сўзларингиз заминида, хар бир фуқаро томонидан атрофда кечаётган жараёнларга, жонажон Ватанимизнинг эртанги кунига бефарқ бўлмасликка чақириқ ётибди.”Бир тану бир жон бўлиб ишласак Сингапурдан ҳам ўтиб кетамиз” , “Халқимиз шундай талантли ва ишбилармонки, унга шароит яратиб берсак бас, у аравани ўзи тортиб кетади” деган гапларингиз халқда эртанги кун ва давлатимизнинг тараққиётига ишонч уйғотаяпти. “Иккита ишчи ўрин яратган тадбиркорни елкамда кўтариб юраман” деган сўзларингиз эса, жойларда тадбиркорликка хоким ва барча тоифа рахбарларнинг ўз вазифасига муносабатини тубдан ўзгартиришга берилган кўрсатмалар демакдир. Хар бир иш ўрни орқасида битта оила тирикчилиги, оила аъзоларининг бахт – саодати, хар кунлик хаёти ётибди. Бешариқ туманида ўтган йилнинг ўзида иш излаб четга чиқиб кетганларнинг 15 нафари хаётдан кўз юмганлиги факти, кўпчилик томонидан фожиа сифатида қабул қилинмоқда. Энг мухими, фақат иш ўринлари яратиш билан четга чиқиб турли хил экстремистик, террористик оқимлар таъсирига тушиб қолиши мумкин бўлган ёшларни сақлаб қолиш мумкин.
Таҳлил шуни кўрсатаяпдики, Бешариқ тумани хокими Расул Жўраев томонидан олиб борилаётган сиёсат бунинг тамомила аксидир, ўнлаб, юзлаб тадбиркорликка қўл урмоқчи бўлган фуқаролар аризалари ойлаб, хатто йиллаб турли бахоналар билан кўрилмай қолиб кетмоқда. Хаттоки биргина хокимни имзосини кутиб қолиб кетган хужжатлар туман архитектурасида қалашиб ётибти. Кўп холларда, Президент ва бошқа идоралар порталларига мурожаатлари натижа бермаётганлиги, давлат органларига нисбатан халқ ишончига хам путир етказмоқда.
2017 йил 22-23 июнь кунлари Фарғона вилоятига қилган ташрифингиздаги фаоллар йиғилишида сўзлаган нутқингизда “ Мен амалдорларга ишонмайман, фақат халқга ишонаман. Хар бир маълумотни халқ менга етказиб туради” деган фикрингизни эшитиб, сизнинг қимматли вақтингизни олиб бўлсада мурожаат қилишга мажбур бўлмоқдаман.
Махалла фуқароларининг менга мурожаатлари асосида, одамларнинг саволлари қанчалик асосли эканлигини ўрганишга киришдим ва жуда кўп камчиликларга  гувох бўлдим.
Ватанини севган ва Президентига содиқ бўлган инсонгина бефарқ бўлмайди!
Ватан такдирини уйлаб яшашда хар биримизга  ўзинг куч бер Оллохим!
Бешариқ дехқон бозорини бир неча ўн йиллар давомида бошқариб келаётган “Кабировлар оддий клан эмас”, балки туман, вилоят ва Республика хокимият ва бошқарув органлари хамтовоқларига эга чуқур томир ортган юксак даражада уюшган жиноий гурух “КЛАН” экан. Бундай хулосага, ушбу гурухнинг хозиргача давом этиб келаётган кўз кўриб, қулоқ эшитмайдиган жинояткорона ишлари хақида барча тегишли идораларга хабар бериб иқрор бўлдим. Хатто Республика Бош Прокурори ёрдамчиси Таджиев Э.А. ва собиқ ДСИ раиси Парпиев Б.Р. ларнинг сайёр қабулида хам бўлдим, аниқ фактлар асосида У. Кабиров ва Б. Абдуллаевалар томонидан давлатга келтирилаётган жиддий, моддий ва маънавий зарарлар хақида хабар бердим. Хуллас Республика Президентига, Республика МХХ раисига, Республика бош Прокурорига бир-неча маротаба Бешариқда, ушбу жиноий гурух томонидан амалга оширилаётган чегара билмас қонунбузарликлар хақида аниқ маълумотлар юбордим. Хар сафар чуқур илдиз отган ва хозирги кунда ахоли вакилларининг жиддий норозиликларига сабаб бўлаётган жинояткорона фаолиятини марказдан тегишли Президентга, Ватанимизга садоқатли мутахассислар жўнатиб хар томонлама ўрганиш ва текширишни илтимос қилдим.
Бозорлар фаолиятини тартибга солиш, замонавий савдо шахобчаларини қуриш, бозорлар фаолиятини ривожлантириш ва эски бозорларни замонавий талабларга жавоб берадиган қилиб қайта реконструкция қилиш бўйича хукуматни қатор қарорлари қабул қилинди. Лекин, Фарғона вилоятининг чекка туманларидан бири бўлган Бешариқ туманида дехқон бозор фаолияти жуда ачинарли ахволда. Бунинг сабаби битта ва буни туманда яшайдиган оддий фуқаро хам билади. Чунки Бешариқ дехқон бозори, унинг иккита филиали ва хайвон бозорлари кўп йиллардан бери Умаржон Кабиров ва унинг турмуш ўртоғи Барнохон Абдуллаева томонидан катта даромад ва бойлик орттириш манбаига айлантириб олинган. Бозорни 51% акцияси туман хокимлигига тегишли бўлсада 42% акция эгаси У. Кабиров хисобланади ва бозор бошқаруви тўлалигича У. Кабиров ва унинг оила аъзоларига топшириб қўйилган.
Бешариқ тумани хокимининг 07.06.2016 йил № 821 – сонли,  “ Бешариқ Дехқон Бозори” МЧЖ худудида реконструкция ишларини амалга ошириш, ноозиқ овқат, саноат, махсулотлари савдосини “Бешариқ Турон саноат” савдо комплексига, қурилиш материаллари савдосини қурилиш материаллари бозори худудига кўчириш тўғрисида”ги қарорига асосан хеч қандай ишлар амалга оширилмади. Дехқон бозори атрофидаги кўчаларда тадбиркорлар яймачи ёки атторларга ўхшаб савдо қилаяпти. Тумандаги 215 000 аҳолини битта акциядор ўйнатиб аҳмоқ қилаяпти. Тадбиркорлар кўчада савдо қилаяпти.
Ушбу маълумотларни 15-20 йиллардан бери хеч ким текширмайди. Туман хокими Расул Жўраев оғайниси бўлганлиги учунми, ёки тили қисиқлигиданми, вақти йўқлиги учунми бу холатга умуман эътибор бермайди. Балки рахбарларга ортиқча муаммо керак эмасдир? Ахир Умаржон Кабировнинг бир қудаси қонунчилик палатаси депутати Хотамжон Кетмонов, яна бири сенаторлар палатаси спиккери ўринбосари бўлган Раджапова Мавжудахон бўлса. Шундай бой ва кенг юқори сиёсий доираларда ишловчи танишлари бор У. Кабиров ва Б. Абдуллаева билан ўйнашиш яхши эмасдир? Ўзини оёғига болта урушни ким хохлайди ахир. Буни У. Кабировни ўзи хам тасдиқлаган. Яқинда дехқон бозори филиали, бир асирлик тарихга эга бўлган “Файзиобод бозорчаси” кўчирилишида, оддий халқ, битта стол қўйиб савдо қиладиган нўхат сотувчи, кўкат сотувчи ёки нон сотувчи фуқароларда эътироз ва норозилик пайдо бўлган. Тўполон бўлиб, халқ Давлат органларига шикоят қиламиз,  Президент Қабулхонасига шикоят қиламиз деганда,  У. Кабиров: – “ Хохлаган жойларинга боринглар, хохлаган жойларинга шикоят қилинглар, югурганларинг сомонхонагача” деган. Балки,   Бешариқдаги бундай вазиятдан, Тошкентда ишлайдиган қудаларнинг хабари йўқдир. Эшитишимча улардан бири давлатнинг энг садоқатли хавфсизлик хизмати ходимларидан бири бўлган.
Бундай Ватанига хиёнаткорона иш тутаётган кимсалар, чекка бир туманда  давлат ичида давлат (КЛАН) тузиб, ўз навбатида хокимият ва давлат идораларини менсимасдан кўнглига келган иқтисодий жиноятларни амалга ошириши, халқнинг давлатга бўлган ишончини сўндиради хамда умидсизлантиради.
Афсуски, хар сафар менинг мурожаатларим вилоят, туман прокуратура ва солиқ органларига юборилаверди. Шунга қарамай, мен томонимдан кўрсатилган қатъиятлик ўз натижаларини маълум даражада берди. Жумладан, вилоят ДСИ ходимларининг ўтказган мониторинг текшириши натижасида дехқон бозорида; 1) 85та ноқонуний савдо расталари мавжудлиги, 2) бир кунлик бозорда 10 млн сўм нақд пул тушими яширилганлиги, 3) Хатто уйида қалбаки чек чиқарувчилар аниқланган бўлсада, булар хақида вилоят солиқ бошқармаси ходимлари томонидан менга оғзаки ёки ёзма маълумотлар берилмади. Хеч қандай чора кўрилмади! Вилоят ДСИ бошлиғидан туман хокими ва рахбарларига дехқон бозорини тартибга солиш бўйича 25.12.2017йил куни 11-15656 сонли хат хам юборилди.
Мен ўша кунлари ўзимни анча енгил тортдим, ва нихоят бозор мафиясининг кирдикорлари фош бўлди, менинг, Президентим ва ҳуқуқ муҳофазалари органлари олдида юшариызим ёруғ бўлди деб ўйладим.
Умидларим эса, барчаси пуч ва хом ҳаёл бўлиб чиқди. Хатто бир энлик хат ёзиб, менга ўтказилган текширишлар ва уларнинг натижалари ҳақида хабар ҳам беришмади. Ана сизга ўз бурчини бажариб, Президент чақириғига лаббай деб жавоб бериб, давлатимизга миллиардлаб зарар келтираётган уюшган жиной гуруҳ тўғрисида хабар берган фуқарога муносабат. Мен бу мурожаатда, ҳаммамиз учун азиз ва муқаддас бўлган ватан тақдирини, фарзандларимизнинг эртанги куни тўғрисида ўйлаб, ушбу жиноий гуруҳ тўғрисида, юқорида айтганимдек, юқори ташкилотларга бир марта эмас, бир неча бор хабар берган эдим.
Барча соф виждонли Ўзбекистонни Ватаним деган ҳар бир инсон битта нарсани худодан сўрайди: “Оллоҳим юртимизга бало офатларни олиб келувчи, халқни давлатга қарши қилиб қўювчи нафс бандаларидан асрагин, ҳеч қачон давлатимизни пул эмас илм, ақл бошқарсин”.
Янги ҳоким Расул Жўраевдан Бешариқликларнинг умиди  катта эди. Дехқон бозорини назорат қилувчи нопок кимсалар тўғрисида тўлиқ ва батафсил маълумотлар берилганига қарамай, Деҳқон бозори бўйича юзага келган жиддий вазиятни ўрганмади ва тартиб ўрнатиш бўйича ҳеч қандай чоралар кўрмади. Хатто мен туман фаоллар йиғилишида алоҳида ишчи гуруҳ тузиб Деҳқон бозоридаги тартибсизликлар ва суистеъмолчиликларга чек қўйиш таклифини бердим. Афсуски ушбу ташаббусим ҳам эътиборсиз қолиб кетди. Хатто “Кун.уз” мухбирларига мурожаат қилишга ва улар ёрдамида журналистик текширув ўтказишга жазм қилдим. Мухбирлар Бешариқнинг ечимини кутаётган 5 та долзарб муаммолари қатори  Деҳқон бозоридаги тартибсизликларга гувоҳ бўлишиб, туман ҳокими Р.Жўраевга учрашишга ва улар томонидан аниқланган муаммолар хусусида фикр алмашишга натижасиз ҳаракат қилишди. Ҳоким эса “Бу заказ сиз билан гаплашмайман, менга бошлиғингизни рўпара қилинг” деб мухбир билан учрашишдан бош тортди. Боз устига, ҳокимият йиғилишида туман ҳокими Расул Жўраев “Мана, мендан ўрнак олинглар кеча “Кун.уз” мухбирини қабул қилмадим, пуркаб юбордим ва у лом-лим демай ғойиб бўлиб кетди, инига кириб кетди” деб мақтаниб ҳам қўйди.
Хунуги шуки янги ҳоким ҳам Деҳқон бозори ҳудуди ва унинг атрофида давом этиб келаётган ноозиқовқат савдосини туманда ташкил этилган кийим-кечак, хўжалик ва қурилиш моллари бозорларига кўчириш тўғрисида тадбиркор ва аҳоли вакиллари томонидан қилинган мурожаатларга ва уларнинг ҳаққоний талабларига беписант бўлмоқда. Бу ҳам одамларда бозор мафиясининг “Қудрати” чексиз эканлиги ва янги ҳокимнинг ҳам унинг таъсирига тушиб қолганлиги ҳақидаги гапларга сабаб бўлмоқда.
Ҳоким биринчи галда давлат манфаатлари ифодаси, уларнинг ҳимоячиси эмасми?
Деҳқон бозорида қурилиш реконструкция ишлари олиб борилаётганлигига қарамай, кийим-кечак, хўжалик ва қурилиш савдоси авжида. Бу эса қурилиш, хўжалик ва кийим-кечак буюм бозорларида фаолият юритаётган, солиқларни ўз вақтида тўлаб келаётган тадбиркорларни банкротга олиб келишини наҳотки туман ҳокими ва бошқа мутасадди рахбарлар, ходимлар билмайди? Бу иқтисодий қўпорувчилик эмасми? Кимни ва кимларни ҳимоя қиляпмиз???
Бешарик тумани Янги Бахмал мавзеси худудида 420 га ер майдонида кум-шагал карьери жойлашган. У хам Барно Абдуллаева тасарруфида! Мазкур карьерда «Акбарова Диёрахон» хусусий корхонаси ноконуний фаолият курсатиб, Узбекистон Республикаси Президентининг 2011 йилнинг 2 май кунги ПК-1524 сонли карори талабларини купол равишда бузиб, узок йиллар мобайнида ноконуний равишда ер каъри бойликлар казиб олиш билан шугулланиб, давлатимизга жуда куп микдорда зарар етказиб келмокда.
          «Акбарова Диёрахон» хусусий корхонаси 2010 йилнинг 8 июн куни давлат руйхатидан утиб, корхона рахбари сифатида Эргашев Неъматжон тайинланган. Мазкур корхонага 2012 йилнинг 23 августдан то 2014 йилнинг 23 август кунигача «геология жихатдан урганиш буйича ер каъри участкаларидан фойдаланиш хукук» берадиган              FR-серияли 0005-тартиб ракамли, G-5 турли лицензияси берилган. 2016 йилнинг 14 мартдан то 2021 йилнинг 14 мартгача FR-серияли 0075-тартиб ракамли F-5 турли «Ер каъри участкалардан фойдаланиш хукуки» лицензияси берилган.
          «Акбарова Диёрахон» хусусий корхонаси мансабдор шахслари «Бошдавэкоэкспертизаси»га такдим килинган, «Атроф мухитга таъсир тугриси»даги меъёрий хужжатини, давлат экологик экспертизаси хулосасини ва Янги Бахмал каръеридан фойдаланиш учун «атроф мухитга таъсирини бахолаш экологик окибатлар тугрисидаги ариза» лойихасини ишлаб чикмасдан, ушбу хакида ижобий хулосасини олмасдан, карьерда казиш ишларини олиб бормокда. Яъни, хусусий корхонаси мансабдор шахслари лицензиясиз фаолият олиб бориб уз харакатлари билан Узбекистон Республикаси ЖК-нинг 190 моддасида курсатилган жиноятни содир этган. Шу сабабдан, корхона мансабдор шахслари томонидан олинган даромадига тенг булган суммасидаги молиявий жаримаси ундирилмоги лозим булади.
          Бундан ташкари мазкур корхона казиш ишлари олиб борилаётган ер участкаларида доимий рекультивация ишлари олиб бориш учун, захира манбайидан ташкарисида 0,90 га ер майдонида карьерда фаолият олиб бораётган техникаларни таъмирлаш ва ёкилги куйиш учун махсус бетонланган майдончасини ташкил килмасдан, казиш ишлари олиб бормокда. Ушбу харакатлари билан «Акбарова Диёрахон» хусусий корхонаси мансабдор шахслари Узбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2009 йил 5 июн кунги 152-сонли карори билан тасдикланган «Давлат экология экспертизаси тугрисида»ги Низомининг 10 банди талабларини бузмокда. Яъни, хусусий корхона объектини фойдаланишга кабул килиб олгунига кадар бажариладиган ва лойихаланаётган участкасини «Атроф мухитга таъсирини бахолаш» тартибини  якунловчи боскичи хисобланган, «Экологик окибатлар тугрисида ариза» лойихаси белгиланган тартибда ишлаб чикилмаган ва уни давлат экологик экспертизасига такдим килмаган. Шу харакати билан хусусий корхона Узбекистон Республикаси «Табиатни мухофаза килиш тугрисида»ги Конунни 15 ва 25 моддалари,«Экологик экспертиза тугрисида»ги Конуннинг 9 моддаси талабларини бузган.
          Мазкур хусусий корхона умумий солик туловчилар турига кирганлигига карамасдан, фаолияти давомида солик ва мажбурий туловларни ягона солик туловчилар каторида тулаши окибатида давлат бюджетига жуда куп микдорида моддий зарар етказганлиги аникланган. Яъни, ушбу корхонага: 2010 йилда 218.540 сум, 2011 йилда 1.188.691 сум, 2012 йилда 1.410.281 сум, 2013 йилда 1.953.929 сум, 2014 йилда 2.063.367 сум, 2015 йилда 1.627.314 сум, 2016 йилда 1.404.083 сум ва 2017 йилнинг 14 июл кунига 1.099.318 сум ягона солик тулови хисобланганлиги маълум булган. Вахоланки, хусусий корхона мансабдор шахслари касддан солик ва мажбурий туловларни яшириш максадида ягона солик туловларини амалга ошириб, давлат бюджетига жуда куп микдорда моддий зарар етказганлиги маълум булган. Юкоридагиларга кура, хусусий корхонанинг мансабдор шахслари уз харакатлари билан Узбекистон Республикаси ЖК-нинг 184 моддасида курсатилган жиноятни содир этган.
Б. Абдуллаева қонун чиқарувчи орган вакили ва химоячиси бўла туриб, бу қилмиши билан “Ер ости бойликларидан оқилона фойдаланиш ва тасарруф этиш тўғрисидаги”  Ўзбекистон Республикаси Қонунини талабларини қўпол равишда ханузгача бузиб келмоқда.  Б. Абдуллаева томонидан ўта хавфли КЛАНЛАР  шаклланган. Айтишларича Б. Абдуллаева ва унинг турмуш ўртоғи У. Кабиров томонидан туман дехқон ва чорва бозорлари, бозорнинг Файзиобод филиали, то-шағал каръери, кўчмас мулк бинолари, қурилиши тугалланмаган хаммом, кўмир омбори ва х.з.ларни эгаллаб олган. Бу биз билганимиз. Булар хаммани қўрқувда ушлаб туради. Чунки унга хеч кимни кучи етмайди, кўнглига келган ишни қилади. Унга ёқмаган одамни бадном қилиб, турли фисқу – фасодлар уюштириб холдан тўйдиради. Агар у халол мехнат қилиб пул топса, қўша – қўша  автомашиналар, Фарғона ва Тошкент шахарларида уй жойлар, қайси халол маблағ эвазига келди экан?
Яқинда шундай пасткашликка қўл урилдики, тош – шағал каръери назоратини тўлиқ ўз қўлига олган деҳқон бозори мафияси департаментга ариза уюштириб, сохта маълумотлар асосида  Янги Бахмал қишлоғида яшовчи Рустамов Иқболжон исмли эксковаторчига нисбатан жиноий иш қўзғатди. Бу билан ўзининг 2010 йилдан   бери олиб бораётган талон-тарожликларини қонун муҳофазаси органларидаги ҳомийлари орқали яширмоқчи бўлдилар. Ушбу шармандали буюртма жиноий иши аниқ далил ва ҳужжатлар асосида прокурор томонидан бекор қилинди. Аммо далилларни сохталаштирган, турли хил таъзийқ ва босим услубларидан фойдаланиб жиноий иш қўзғатганлар жавобгарликка тортилмади. Қўйилган 74 250 000 сўмлик зарар бекор қилинди, уни ким ўғирлаган ва ким тўлайди? Жиноят яширилмоқда. “Аравада ўғирлаган ўғири-ю, вагонлаб олган ўғири эмасми?”
Буни қандай тушуниш мумкин?
Бу сизнинг давлатни ва жамиятни янгилаш йўналишида олиб бораётган, барчамизга юксак кўтаринкилик руҳини бераётган сиёсатингизга қарши бориш эмасми?
          Бешариқ тумани хокими Р. Жўраев иш бошлаганига хали бир йил хам бўлгани йўқ. Лекин шу қисқа вақт ичида у, ўзининг тарбиясизлиги, ўта қўполлиги, оғзидан чиқаётган сўзларни назорат қила олмаслиги билан Бешариқда ном чиқарди. Хокимиятдаги йиғилишларда хақоратли сўзларни ишлатиш одатий холга айланиб қолган.
          Бешариқ тумани хокими Расул Жўраев 2017 йил сентябр ойида, яъни иш бошлаганига 2 ой бўлибоқ, туманда кўплаб саволлар туғдирган шов-шувли ишга қўл урди. Фуқароларни ўз-ўзини бошқариш органларининг фаолиятларини мувофиқлаштириш кенгаши раиси ваколатидан фойдаланиб, тумандаги 12та МФЙ раисларини Кенгаш йиғилишини чақириб, бир кунда ишдан олиб ташлади. Бунинг асл сабаби, ўша МФЙ раисларининг пахта теримига одамларни чиқариш бўйича кунлик режани бажара олмаганликлари билан боғлиқ эди. Протоколда эса, батамом бошқа важлар кўрсатилган. Савол туғилади: халқ қабулхоналарига фуқаролар томонидан юборилаётган мурожаатлар сони, нахотки, МФЙ раисларини ёмон ишлаётганликларига далил бўлса, бу Президент сиёсатига қарши сиёсатнинг ўзи-ку! Агар мурожаатлар МФЙ раислари устидан ёзилганда.ю унда бошқа гап эди. Тумандаги вазиятни билмасдан, кадрларни хали ўрганмасдан туриб бундай “калла олишлик” сиёсатини нима билан изохлаш мумкин? Дейлик, МФЙ раислари шунга лойиқдир аммо, улар фаолиятини жамоатчиликни кенг жалб қилган холда, чуқур ва хар томонлама текшириш хамда ўрганиш асосида қарор қабул қилиш керак эмасмиди? Кучли жамият қуришда асосий институт ролини ўйнаши лозим бўлган, халқ сайлайдиган МФЙ раисларининг обрўси қаерда қолди? Уларнинг мустақиллигичи? Хокимнинг бундай йўл тутиши, яъни бирданига 12та раиснинг ишдан олиб ташлашдан кейин, қайси МФЙ раиси хокимга ўз сўзини айта олади? Халқнинг дардини кўтара оладими?
Яқинда фермерлар иштирокидаги йиғилишда, хоким фермерларни онаси ва хотинларидан сўкди. Бунга чидай олмаган Қурама қишлоғидаги обрўли-илғор фермерлардан бири, “Қияли Файзи” фермер хўжалиги рахбари Саримсоқов Бегали, залда хокимга юзланди ва унинг бу хақоратли сўзларига ўз муносабатини билдирди. Унга кескин равишда: “Сиз хокимсиз, кўпчилик олдида ўзингизни тута билинг, халқ олдида бундай иш яхши эмас” деб танбех берди. Унга жавобан туман хокими Расул Жўраев: “Юқоридагилар телефон орқали мени сўкаверса мен нима қилай” деди. Шунга қарамай, эртаси куни ўтказилган йиғилишда “бешариқликларни онасидан сўксанг хам жим тураверади” деб, бутун Бешариқ халқини хақорат қилди. Унинг бу сўзлари туман халқи орасида жиддий мухокамага сабаб бўлмоқда.
          Барча режаларини ортиғи билан бажариб келаётган илғор фермер хўжалиги рахбари Хамзаев Алижон хожи шахсини туман хокими томонидан катта йиғилишда хақоратланиши тумандаги фермерлар ва ишчи –хизматчилар оғзида катта шов-шув бўлишига сабаб бўлди. Фермерлар йиғилишида “Сардор” фермер хўжалиги рахбари Хамзаев Али хожини йўқлигини билиб, хоким “у қаерда, аниқланглар” деб буйруқ беради. Унинг қон босими ошиб 180га чиқиб шифохонага кетганини айтишганда, хоким бош врачга телефон қилади, шифохонада йўқлиги хақида жавоб олган хокимнинг жазоваси қўзиб, “туғруқхонани қаранглар, балки туғаётгандир” деб айтади.
          Туман ММТП иш бошқарувчиси Каримов Хусанжон туман хокимининг мунтаззам давом этаётган хақоратларига чидай олмай, ариза ёзиб ишдан кетишини билдирган. Яқинда бўлиб ўтган йиғилишда туман хокими Расул Жўраев: “ММТП фермерлар кўтига ёпиштирилган канадир” деб хақорат қилди. Гувохларнинг сўзига қараганда шу кунги фермерлар йиғилишида Наманган вилоятига даволаниш учун кетган фермерни: “Наманганга бориб орқасига еб заряд олгани кетдими” деб хақорат қилди.
          Рапқон қишлоғидаги ташландиқ бўлиб ётган 70 сотих ерда 800тага яқин кўчат экиб боғ яратиб, ўз хаққини сўраб келган Шарифжон исмли ёш йигитни аёлини олдида туман хокими Расул Жўраев “хаққинга хам еринга хам қ….ғим” деб хақоратлангани аудио ёзуви халқ ичида тарқалиб кетди.
          “Чорбоғтўронғи” МФЙ худудида жойлашган Асроқулов Акрамжон рахбарлигидаги “Шариф раис болалари” фермер хўжалиги 2016 йилда ташкил этилган. Фаолиятига хали 2 йил бўлмасдан, янги хоким Расул Жўраев алдов ва таъзиқ йўли билан фермер хўжалиги рахбари Асроқулов Акрамжонга ариза ёздириб олади. Комилов Хаётбек танлов (тендер савдоси)да ғолиб бўлсада, хоким Расул Жўраев ваъда берган танишига ўз манфаати йўлида фермер хўжалигини олиб беради.
          “Ворух дашт” МФЙ худудидаги “Дилшод дашт равнақи” фермер хўжалиги рахбари Дилшоджон Қодиров фаолиятини 2016 йилда бошлаган бўлсада, барча режаларини биринчилардан бажариб келган. Лекин туман хокими Расул Жўраев “Ерингни бир қисмини боғдорчиликка ўзгартирибсан, қароринг қалбаки, аризангни ёз, бўлмаса устингдан жиноий иш қўзғатиб юбораман, қамалиб кетасан” деб алдов йўли билан ариза ёздириб олади. Фермер хўжалигининг жами 30 га ер майдонини ноқонуний равишда, туман хокими Расул Жўраев ўз манфаати йўлида, аввал шу ерларни мелиаратив холатини бузиб, расво қилган фермерга қайтариб олиб берди.
          Ариқбоши қишлоғидаги “Хамдамбой ери” фермер хўжалиги 2017 йил 29 майда янги ташкил этилган. 2017 йил ноябрь ойидаги пахта мавсуми айни авжига чиққан кунлари, туман хокими Расул Жўраев бир кунлик пахта режасини бажармагани учун Эшон МФЙ раисидан, “Мухаммаджон камоли” ф/х рахбари Р. Темировдан ва “Хамдамбой ери” ф/х рахбари Турсунов Жалолиддиндан хам алдов, таъзийқ йўли билан ариза ёздириб олган.
          Президентимизнинг “Тадбиркорларга хеч бўлмаса икки йил қўйиб бер” деган гаплари қаерда қолаяпти деб, фермер хайрон бўлаяпти.
Агротехсервис МТП худудидаги “БешариқСтарс” фермер хўжалиги рахбари Шадмонов Элёрбекни хам алдов йўли билан ариза ёздириб олади ва бошқасига олиб беради. Шодмонов Элёрбек туман хокими Расул Жўраевга қўшни бўлиб яшайди. Ўз манфаати йўлида қўшнисини хам аямаган хоким, қандай қилиб халқни ўйлайди?
          2017 йил 8 августда хоким бўлган Расул Жўраев хозирги кунгача 70дан ортиқ фермерларни ерини тортиб олди ва халқда жуда катта норозиликларга сабаб бўлмоқда.
          Бешариқ туманининг экин майдонларида 1000 га дан ортиқ қўшимча (прочий) ер майдонлари фермерлар кесимида борлиги аниқланган бўлсада, хозиргача туман хокими Президентимизни ва халқимизни алдаб шахсий манфаатда фермерлардан фойдаланиб келмоқда. Бу маълумотларни хаттоки Фарғона вилояти хокими хам билади. Ушбу маълумотлар ошкор бўлса, худди Андижон вилоятидек қўшимча режа қўшилишидан қўрқиб яшириб келинмоқда.
Инсонни улуғлаган – улуғланади, хўрлаган – хўрланади, бу айни хақиқат!
          Мухтарам Шавкат Миромонович! Сиз таъкидлаганингиздек, бизлар маънавияти бой халқ фарзандларимиз. Халқимиз – дунёқараши кенг, юксак ахлоқий ва инсоний фазилатларга эга бўлган, маънавияти юқори рахбарларга муносибдир. Ватанига, халқига мухаббати ва садоқати кучли бўлган рахбар хеч қачон одамларни хақоратламайди, камситмайди ёки хўрламайди. Улар, юксак ғоялар асосида халқни рухлантириб, мехр бериб, шу асосида ўзи атрофида бирлаштириб, улуғвор яратувчанлик ишларига етаклайди.
Мен бировни мухокама қилиб, уни кўролмасдан бу мурожаатни ёзмадим. Махалламиз фуқароларининг саволларига жавоб топа олмаяпман. Халқимизда бир гап бор: – Қўйни хам ўз оёғидан осишади! Бундай нопок кимсаларга нисбатан ўзингиз хулоса чиқарасиз деган умиддаман.
Шу кунгача келган барча текширувчи ва ишчи гурухларни кўзини бойлаб, оғзини мойлаб, хатини тўғрилаб Президентимизни ва халқимизни алдаб келишаяпти туман рахбарлари. Аризачиларни топиб, билса билиб, билмаса билмай туриб расмга олинаяпти ва жавоб хатларини қалбакилаштирилиб юборилаяпти.
Президентига ва Ватанига содиқ бўлган мутахассислар томонидан текширувлар ўтказдирилса, баъзи бир нопок рахбарлар ва кимсалар томонидан амалга оширилаётган жиноятлар хамда адолатсизликларга бархам берилишига ишонаман.
Энг аввало ўзимнинг фуқаролик бурчимни бажарган холда!
Сизга юксак хурмат ва ишонч билан!
Бешариқ тумани Юқори Зарқайнар МФЙ:                          М.Н.Алибердиев
Leave a Reply
*