Menu
Categories
Ҳалима Худойбердиева: “Эртадан кечгача қўй-қўзи боқардик”
08/17/2018 Дунё
Ҳалима Худойбердиева: “Ҳозирги қўшиқларни тинглаб ранжийман…”
Бўлимлар: ЖАМИЯТ
Теглар:
Добавлено: 28.02.2017, 15:52
Йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлар, достонлар ва публицистик мақолалар соҳибаси, нафақат шоира, балки оташ­нафас публицист — Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА ортга назар ташлаб, умр ва ҳаёт йўлини ёдга олди…
“Эртадан кечгача қўй-қўзи боқардик”
— 1947 йилнинг 17 майида Сирдарё вилоя­тининг Боё­вут туманида туғилганман. Отам Умматқул Худойбердиев боғбон эди. Онам Шарофат Хонназар қизи икки ёшлигимда вафот этган экан. Шунда холам Қаршигул Хонназар қизи оналик қилган, улар агроном эдилар. Оилада бешта фарзанд: уч ўғил, икки қизнинг тўнғичиман. Менинг болалигимдан зиё­да ўтган болалик бўлмаса керак, жуда шўх қиз эдим. Ўзбе­кис­тон халқ шоири Абдулла Орипов “Болаликнинг кўзи катта бўлади”, деганида балки шуни назарда тутган бўлса, ажабмас. Қўғирчоқ ўйнаш ўрнига вақтим далада ўтарди. Қўшнилар билан эртадан кечгача қўй-қўзи боқардик, ўйнаш ҳам ёдимиздан чиқмасди. Болаларча ўт-ўлан­лардан ясаган уйчамиз ҳам бўларди (кулади). Ёдимда, отам ғўзапояни қирқиб, қуриганларини боғлаб, эшакка ортарди. Тасаввур қиляпсизми, эшакнинг икки тарафида ғўзапоя, ўртада мен ўтириб, уйгача бир ўзим кетардим.
“ИМТИҲОНДА ШУМЛИГИМ ТУТГАН”­
— 8-ўрта мактабда аъло баҳоларга ўқиганман. Ифодали ўқиш қобилиятим бўлгани боис устозларим ёзувчиларнинг асарларини ўқитишни канда қилмасди. Қизиқишим сабаб, уч йил рақс ва қўшиқ куйлаш тў­га­рагига ҳам қатнаганман. 10-синфни битиришим арафасида ўша пайтдаги давлат раҳбари Шароф Рашидов Сирдарёга келган ва вилоят газетасини варақлай туриб, бир бетда расмим билан чоп этилган шеър­ларимга кўзи тушган экан. Шу заҳоти, вилоят раҳбарини ча­қиртириб, “Шу қиз­нинг уйига бориб, отаси билан гаплашинглар. Тошкентга бориб ўқишига ёрдам ­берамиз”, деган эканлар. Аслида етти ёшдан шеър ёзишни бошлаганман. Ҳануз ёдимда, устозим “Янги йил ҳам эшик қоқиб турибди, байрамга мос шеър ёзиб келинглар”, дея уй вазифаси берган. Онамнинг Олақашқа лақабли оти бор эди, илк қофияли шеърим шу ҳақда бўлган. Аслида уйдагилар мени “Ҳалиманинг ҳатто гапириши ҳам қофияли”, деб кулишарди. Уйимдагиларни билмадимку-я, лекин менда болалигимдан “Катта шоира­ бўламан” деган қатъий ишонч бўлган.
Шу тариқа ота-онам мени Тошкентга олиб боришган ва ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетига ҳужжат топширганман. Кириш имтиҳонида Расул Ҳамзатовнинг “Саккизлик­лар” ва латиш шоири Эдуардас Межелайтиснинг “Инсон” китобини ёддан билганим учун шу икки шоирнинг асарини ўқиб берганман. Бошқа савол бермай, ўқишга қабул қилишган. Шоир Усмон Азим талабалик пайтларни хотирласа, “Биз тинмай ўқиб тайёрланиб, минг азоб билан имтиҳондан ўтардик. Ҳалима бўлса, исталган шоирнинг ижодини ёддан айтиб, осонгина қутиларди”, дейди (кулади). Хотирам яхши эди-да. Бир гал “Сиёсий иқтисод” фани имтиҳонида шумлигим тутган, дом­ламиз жуда қаттиққўл эди. Бахтимга домлани кимдир чақириб қолди, бироз кутдим қайтмади. Домланинг столида турган билетлар орасидан ўзим билган саволдан иборат билетни топиб, четига ручкада белги қўйиб, жойим­га ўтирдим. Домла хонага қайтгач, иккита курсдошим билет олгани чиққач, “билетимни бошқа олиб қўймасин”, деган қўрқув билан биринчилар қаторида югуриб чиққанман. Жавоб­ларни биламан-ку, лекин домла билиб қолмасин, деб бироз тайёр­ланган киши бўлдим. Кейин ҳам­ма саволларга ёддан жавоб бериб, жадвалигача чизиб бергандим (кулади).
1969 йили — 1-бос­қич­да ўқиб юрган кезларим “Илк муҳаббат”, 1973-йили 3-босқичлигимда эса “Оқ олмалар” китобларим нашрдан чиққан. Айни шу паллада Ёзувчилар уюшмаси томонидан менга икки хонали уй ҳам берилганди.­
“Боламни ташлаб кетиш осон бўлмаган”
— Шеърларим кўпгина нашрларда чиққани учун озми-кўпми танилиб қолгандим. Шоира Зулфия ҳам “Университетни тамомлагач, “Саодат” журналига ишга келгин”, деб айтарди. Рад этмадим, “Адабиёт ва санъат” бўлими бошлиғи қилиб ишга олишди. Ярим йилдан кейин Ёзувчилар уюшмасидагилар мени Москвага ўқишга юбориш истагида эканини билдиришди. Онам жуда мард аёл эди, “Ўғлингга сендан яхши ғамхўрлик қиламан, ўқишга кетавер”, деган. Ўқишга кетиш истагим кучли бўлишига қарамай, бир ярим ёшли боламни ташлаб кетиш осон бўлмаган.
Москвадаги Горький номидаги Жаҳон адабиёти институтининг Олий курсида олган билимим орқали рус адабиётини чуқур ўрганганман. Шу икки йилни ҳеч муболағасиз, олтин даврим, дея оламан. Энг қизиғи, китоб сотиб олиш учун китоб дўконида ярим тунга қадар навбатда турардик. Ҳозир ҳамма имкониятлар бор, ёшларимиз унумли фойдаланиб, компьютердан эмас, китобдан бош кўтармаса қанийди…
Икки йиллик ўқишни тамомлаб, 1978 йили Тошкентга қайтгач, “Ёш гвардия” — ҳозирги “Янги аср авлоди” нашриётида бўлим бошлиғи вазифасига ишга олишган. “Саодат” журналига қайтиб ишга олинмаслик шарти билан Москвага юборишганини қайтиб келганимдан сўнг билганман-да. Наш­риётда ярим йил ишлаганимдан сўнг вазият ўзгарди чоғи “Саодат” журналига бош муҳаррир ўринбосари қилиб ишга олишган. Зулфия опа соғлиги сабаб, нафақага чиққанида, бош муҳаррир бўлиб ҳам ишладим. Шу кезлари Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси кенгашининг илк раиси бўлганман. “Сао­дат” журналида ўн йил, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг кенгаши раиси­ сифатида олти йил ишладим. 1995-1996 йилларда “Ёзувчи” нашриётида етакчи мута­хассис ва “Гу­лис­­тон” жур­налида адабиёт бўлимини бош­қар­ган­ман.
“ФАРЗАНД ДОFИ…”
— Турмуш ўртоғим Мавлон ака билан уйимиз ораси бор-йўғи уч километр бўлса-да, бир-биримизни танимаганмиз. Университетни тамомлаганимда, иккимизни ҳам танийдиган Гулжаҳон опа туғилган кунга таклиф қилди. Ўша даврада бир ёзувчи йигит кесатиқ гаплар билан ғашимга тегаверди. Бир вақт ўша ёзувчи йигит билан Мавлон ака йўқ бўлиб қолишди. Тўйимиздан кейин Мавлон ака айтиб берган, ташқарига олиб чиқиб, иккита мушт тушириб, ўзига келтириб қўйган экан (кулади). Мавлон ака билан танишувимиз ўша кундан бошланган. Лекин муҳаббатини сўзда эмас, хатти-ҳаракат, эътибори билан билдирарди. Мен Москвага ўқишга борганимда, Мавлон ака у ерда аспирантурада ўқирди. Икки йил Москвада ўқиган бўлсам, бирор марта аэропорт кассасини кўрган эмасман. Мавлон ака чипталаримни ўзи олиб келиб, амакисининг машинасида кузатиб қўярди. Дунёқа­рашимиз бир-бирига мос келди, шекилли, ота-онамизнинг­ дуоси билан 1977 йили ўша ерда турмуш қурдик. Икковимизнинг ҳам иккинчи турмушимиз бўлгани боис катта тўй қилмаганмиз. Бахтли ҳаёт кечирдик, беш фарзанд: уч ўғил, икки қизнинг ота-онаси эдик. Уч йил аввал учинчи фарзандим — ўғлим 38 ёшида тўсатдан вафот этди. Гавдали бўлгани боис лақаби Геркулес эди. Ишонсангиз, ҳатто касаллик варақаси ҳам бўлмаган. Кутилмаганда “Ошқозоним оғрияпти”, деб юриб… Фарзанд доғини ҳеч кимга раво кўрмайман… Энди-энди ўзимга келиб, ижод кўнглимга сиғишни бошлаяпти.
Биринчи турмушим бир йил-у икки ой давом этган. Ота-оналаримиз болаликдан қуда бўлишни ният қилишган экан. Шу тариқа, мактабни тамомлашим билан тўйимиз бўлган. Қайнонам “Аслида Ҳалима келинларимнинг олди, агар Тошкентга ўқишга кетса, келин сифатида қабул қилмайман”, деган. Ўқишни танлаганим боис оилам бузилган…
Ижод йўлимга назар солсам, йигирма икки йил танаффус қилишга тўғри келди. Бироқ кўнгилга сиққан вақти қоғоз қоралаб турганман. Санасам, шу йиллар мобайнида ўн еттита китобим нашрдан чиқибди. Биргина армоним — ўғлимни ерга қўйганим…
2012 йил юрак хуружини бошдан кечирдим… Кўрган қийинчиликларимга қарамай, ҳаётимдан мамнунман. Ҳамма берган неъмат, имкониятларига бениҳоя шукр! Турмуш ўртоғим Мавлон ака билан ўнта набиранинг бува-бувисимиз. 1990 йил Ҳамза номидаги Давлат мукофоти, 1992 йилда эса Ўзбекистон халқ шоири унвони билан тақдирландим. Ижодкор сифатида нимагадир эришган бўлсам, бунинг сабабчилари аввало ўз онам Шарофат Хонназар қизи, отам Умматқулбой Худойбердиев, онаизорим Қаршигул Хонназар қизи, улардан бениҳоя мин­нат­дорман!­­
“ДИДЛИ ИЖОДКОР БЎЛСА, ШЕЪР ТАНЛАЙ БИЛАДИ”
— Бугунги кундаги кўпчилик қў­шиқ­ларни тинглаб, очиғи ранжийман. Савия масаласи ҳаминқадар бўлиб қолган. Ҳамма гап хонандада, агар дидли ижодкор бўлса, шеър танлай билади, исталган матнни қўшиқ қилавермайди. Буюртмага шеър ёздиришни оқламайман. Боиси китобдаги тайёр­ шеърда мавзу ва маъно­ кўлами ниҳоятда кенг ва чуқур, дард ҳам бўлади. Бундай шеърдан фойдаланиб, ёзилган қўшиқ юракка етиб бориши шубҳасиз. Афсуски, хонандаларимиз китоб варақлашга эринади.
Адабиёт катта меҳнатни талаб қиладиган соҳа. Максим Горький ўз вақтида “Кўп ва ҳар хил шоирлар керак”, деганди. Бугун шу даврга келдик, энди уларни саралаш керак, холос.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади.
Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ.
http://darakchi.uz
"1" Comment
  1. Аввал ҳеч айтмагандим, Ҳалима опа ранжиб қоладими, деб. Энди айтишга ўрни келди.
    Мен талабалик пайтида Боёвутда ўқув практикасида бўлганман. Ўшанда Халима опанинг биринчи эри билан танишиб қолгандим. У йигит тракторчи эди. Уларнинг уйида ҳам бирнеча бор бўлганман.
    Ўқиши учун оиласи бузилганини эридан эшитгандим. У йигит сал қўрсироқ эди. “Менга шоира эмас, рафиқа керак”, дерди.
    Ҳалима опанинг охирати обод бўлсин илохим.

Leave a Reply
*