Menu
Categories
O‘zbekiston xalq shoiri Halima Xudoyberdiyeva vafot etdi & Shoira xotirasiga bag’ishlov
08/19/2018 Адабиёт
O‘zbekiston xalq shoiri Halima Xudoyberdiyeva vafot etdi & Shoira xotirasiga bag’ishlov
 Бугун (17.08.2018)  ўзбек адабиёти яна бир азим чиноридан айрилди. Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева вафот этди. Буюк шоира, яхши инсон эди опа. Аллоҳ раҳматига олсин. Инна лиллаҳи ва инна илаҳи рожиун.
Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида Умматқул Худойберди ўғли ва Шафоат Хонназар қизи оиласида дунёга келган. Ўзбекистон халқ шоири (1992). Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган (1972). «Саодат» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1972-75), бош муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир (1982-94), Ёшлар нашриётида бўлим мудири (1978-82), Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси (1990-94), «Ёзувчи» нашриётида етакчи муҳаррир (1996-98), «Санам» журналида бош муҳаррир ўринбосари (1998-2003), 2004 йилдан «XXI аср» газетасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлаган.
Ҳалима Худойбердиеванинг илк шеърлари ўқувчилик йилларида Янгиер тумани газетасида босилган (1964). Шундан кейин унинг «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиқ қор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Бу кунларга етганлар бор», «Ҳурлик ўти» (1993), «Тўмариснинг айтгани» (1996) «Йўлдадирман» (2005) ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган.
Ҳалима Худойбердиева ўзбек шеъриятига самимий инсоний туйғу ва фазилатлар — севги ва садоқат, меҳр ва мурувватни тараннум этувчи шоира, ўзбек хотин-қизлари орзу ва армонларининг куйчиси сифатида кириб келди. У дастлабки шеърий тўпламларидан бошлаб ўз ижодида аёл ва она образларининг сеҳрли қирраларини очишга, уларнинг нафақат жамиятнинг тўлақонли ва фаол аъзолари, балки шу жамиятнинг кўрки ва безаги эканлигини уқтиришга интилди. Унинг тасаввуридаги аёл ҳар қандай халқ ва мамлакатнинг келажаги — соғлом ва баркамол ёшларни етказиб берувчи мўъжизавий кучдир. Ҳалима Худойбердиева айни шу нуқтаи назардан ўзбек аёлларининг ўй-хаёлларини, ички кечинмаларини ёрқин тасвирлайди, замондошларида аёлларга нисбатан ҳурмат ва муҳаббат туйғуларини ўстиришга интилади.
Ҳалима Худойбердиеванинг шеърлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган. Тўфон Миннуллиннинг «Алла» пьесаси Ҳалима Худойбердиеванинг авторлаштирилган таржимасида Ўзбек Миллий академик драма театри саҳнасида қўйилган. Шунингдек, шоиранинг халқ орасида «Суянч тоғларим», «Бобо қуёш», «Иссиқ қор», «Садоқат» ва «Муқаддас аёл» каби қатор шеърий тўпламлари севиб мутолаа қилинади.
У Фазу Алиева, Силва Капутикян, Иброҳим Юсупов ижодидан таржималар қилган.
Биринчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1990).
Марҳуманинг оила аъзоларига ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз.
ҲАЛИМА ХУДОЙБЕРДИЕВА
ЮРАГИМДА БИР ЙЎЛБАРС ЁТАР
001
МАШЪАЛА
Ҳақиқат машъаласини
Кўтарган қўлларим куйди.
Қайта-қайта босилган-у,
Кўкарган йўлларим куйди.
Қанчалаб ойларим куйди,
Қанчалаб йилларим куйди.
Сочим тўлқини минг тола,
Минг тола қилларим куйди.
Гоҳ дўстларим тонди ҳақдан,
Нажотлар кутдим фалакдан.
Бўлолмай ҳақ билан яктан,
Айтолмай тилларим куйди.
Машраб додлаб елар менда,
Усмон бежо кулар менда,
Куюк иси келар мендан,
Вужуду дилларим куйди.
Бу машъала куйиб кетган,
Кафтларимда илдиз отган.
Ўт кўтариб кетаётган,
Бўйсунмас қўлларим куйди.
Шундай яшаб ўламан мен,
Дейман тушиб чўкка – қасам!
Ерга қасам,
Кўкка қасам!
Қай кун машъал кўтармасам
Шул кун кетган бўламан мен.
Ҳақиқат машъаласини
Кўтарган қўлларим куйди…
АЁЛ ЎТИБ БОРАР
Сен сўрама, мен ҳам айтмайин,
Курагимнинг синганини қарс.
Шовқин солма, мен уйғотмайин,
Юрагимда ётар бир йўлбарс.
Баланд бир ўт ёнган ичимни,
Мен совутиб яшашим керак.
Ўз-ўзимга сарфлаб кучимни,
Мен овутиб яшашим керак.
Аёл ўтиб борар, шўх юриб,
Шамолларда соч ёйган аёл.
Ич-ичида йўлбарс ўкириб,
Сиртдан майин жилмайган аёл!
БИЛМАСЛАР
Кўрдим қишлоқ, гўзал шаҳарлар кўрдим,
Оҳорлари кетиб борар, билмаслар.
Жамалаксоч пари-пайкарлар кўрдим,
Баҳорлари кетиб борар, билмаслар.
Тугмак бўлса етмас белбоғ учлари,
Дунё молин маҳкам тишлар тишлари.
Боғларининг ширинзабон қушлари,
Олқорлари кетиб борар, билмаслар.
Отлари-я, қорабайир отлари
Гижинглайди, деб ўйласам, додлади.
Ёли бўрон бўлганлигин ёдлади –
Шунқорлари кетиб борар, билмаслар.
Кузатиб бу дунёнинг ўр-қирини,
Билмай қолдим келмак-кетмак сирини.
Ёлғон ёрлар ялашиб бир-бирини,
Чин ёрлари кетиб борар, билмаслар.
Чарсиллаган бир ўт ёнар ичимда,
Мен шеър айтсам, айтмадим тил учинда.
Бу талотўп, қув-қув, чоп-чоп ичинда,
Ҳалима ҳам ўтиб борар, билмаслар.
БАРГ ТУШИБДИ ЕРЛАРГА
Онам ўлди. Бор дарёлар
Қурийди деб қўрқдим мен.
Бутун олам қора кийди,
Кўк кийди деб қўрқдим мен.
Ҳар гуллаган боғчаю боғ,
Ўт олгайдир мен кирган чоғ.
Руҳ, вужудим бошдан оёқ
Чўғ кийди деб қўрқдим мен.
Тошлар синдирди шонамни,
Ажал чопди пешонамни.
Энди қушлар фақат ғамни,
Чўқийди деб қўрқдим мен.
Қаролиғлар шамни енгди,
Тўзғинликлар ғамни енгди.
Кўзим фақат ғамни энди
Ўқийди деб қўрқдим мен.
Аммо…
Ё Ра-а-аб!
Гул-гул, қуш-қуш.
Барг тушмади ерларга.
Мен кезарман танҳо, беҳуш
Тушунмай бу сирларга…
Онам ўлди. Бор дарёлар
Қурийди деб қўрқдим мен.
КЎЛ
Кўнглингиз бир уйдир ланг очиқ,
Ўтган-кетган кираверади.
Менинг кўнглим – кўзи ёшли жиқ,
Бу ҳолатни кўраверади.
Кўнглингиз бир ойна – очиқ, ланг
Ўтган-кетган ороланади.
Бу ҳолатдан менга тегар санг,
Менинг кўнглим яраланади.
Кўнглингиз – кўл. Тозармоқ учун
Оромини бузгиси келмас.
Менинг кўнглим эса балиқ – жим
Лойқа сувда сузгиси келмас.
Ишқ деганнинг кўприклари қил,
У етгайдир – оҳи етганга.
Балиқлари ташлаб кетган кўл –
Бир кун қолар ўтган-кетганга.
ЕРДА ҚОЛГАН СЎЗЛАРИМ
Ўзни урдим ўтгаю чўққа,
Кимга ботдим,
Ким менга ботди.
Гоҳ байроқдай юксалдим кўкка,
Гоҳо поймол ерларда ётдим.
Давом этгай ҳали бу жангим,
Бас келгайман зару зўрларга,
Қанотимдан айирма, Тангрим,
Киргунимча қаро гўрларга.
Кирганда ҳам тинмас бўзларим,
Бўлар улар шараф ё шарар.
Менинг ерда қолган сўзларим,
Болаларни кўкка кўтарар!
БЕРАР БЎЛСАНГ…
Тўқни кияр тўни бор,
Берар бўлсанг очга бер.
Даланг машоқларини
Терар бўлсанг очга бер.
Қизни берсанг, хор қилмай,
Жондан суйганига бер.
Шу қиздан бошқасидан
Ўзин тийганига бер.
Қизни берсанг, қўрғони
Бўладиганига бер.
Мабодо бермас бўлсанг,
Ўладиганига бер.
Юртни берсанг осмонин
Кўтаргич қанотга бер.
Ўлса, ерни аёлдай
Қучиб ётар зотга бер.
ЭРК
ЭРКка тўйин!
Бари ёлғон,
Шу йўлгина чин.
Бу йўлда юрмайсан, учасан.
Фақат унда кетмоқлик учун
Ўзинг бор-йўғингдан кечасан.
Отланаркан тонг ёки кечда,
Ичга тўлдир озодлик куйин.
Бор лаш-лушинг бирма-бир еч-да,
Бошдан-оёқ
ҲУРЛИКни кийин!
ЭРКка тўйин!
Керак тамоми
Муҳтожликдан ўзни қутқармоқ.
Худойимнинг тоза йўлида
Қандай байрам кишансиз бормоқ!
Қайиролмас ҳеч ким шохингни,
Қирқилади ғилофу қинлар.
Бошингдаги эрк кулохингни,
Бошинг олмай ололмасинлар!
ХАЙРЛАШУВ
Сиз кетдингиз,
Дийдорингиз соғинтирди,
Маъюс ғам дарёларида кечиб юрдим.
Айрилиқ – ўқ, юрагимни тешиб кирди,
Сувми, қонми билмадим не ичиб юрдим.
Кетдингизми,
Энди сизам тушми, Она,
Маҳшаргача энди хайру ҳушми, Она?!
Узилдингиз,
Узилмади тилло занжир,
Тилло занжирингиз ўша қутичада.
Ҳар кўрганда юрагимга ботар ханжар,
Ҳар кўрганда жизғанакман, ўт ичида.
Жон дегани шунчаям мўрт, бўшми, Она,
Маҳшаргача энди хайру ҳушми, Она?!
У борида кўнглим бургут, сор эди-ку,
Бугун оғир қордайми, тумандай юрар.
Биродарлар, кеча онам бор эди-ку…
Бугун у йўқ,
Бугун у йўқ, қандай юрай!?
Она ҳам бир учар-кетар қушми, Она,
Маҳшаргача энди хайру ҳушми, Она?!
Хазон олди ўсар эмиш гуллар бўйи,
Кетар олди қолдингиз сал берман қараб.
Оёғингизни уқалаб тунлар бўйи
Оппоқ пахта сочларингиз ювиб, тараб
Ўрай десам…
Икки қўлим бўшми, Она,
Маҳшаргача энди хайру ҳушми, Она?!
Оҳ, дўстларим, бу дунёда қуши борлар,
Қушингизни асранг,
Кўнгил додлари – бу!
Эй, дунёда тишламоққа тиши борлар,
Тишсиз қолган бир одамнинг фарёди – бу!
Она – фарзанд оғзидаги тишми, Она,
Маҳшаргача энди хайру ҳушми, Она?!
Сиз кетдингиз,
Дийдорингиз соғинтирди…
ВАТАН ДЕБ…
Кўзи ёшлиларни кўп кўрдим зиёд,
Диллар бор, ҳар нарса ўксинтиради.
Йиғлашга мойилни йиғлатар ҳаёт,
Синишга мойилни… у синдиради.
Кўкрак қафасингда яшаса йўлбарс
Ўлгач ҳам ўкириб турса бўлади.
Ҳар Оллоҳдан олиб турса дарс
Оллоҳ билан бирга юрса бўлади.
Ўғлим, кўз ёшинг арт, сўзимни уққин,
Менам “Болам – алп” деб кўкрак керайин.
Ёш тўксанг “Озодлик” учун ёш тўккин,
Йиғласанг “Ватан” деб йиғла, кўрайин.
Бошқа ҳолатларда кўз ёши увол…
ОНА ЭЛИМ
Она элим, дўстингга дўсту
Душманингга хавфу хатарман.
Жилғалардай чулдираб ўсдим,
Илдизингдан келган хабарман.
Ёнган они ё сўнган они
Кетган борми меҳрингга қониб.
Тонготарда сен деб, уйғониб,
Кунботарда сен деб ботарман.
САҲРОДА
Тўхтама, тўхтасанг тамом сен,
Тўхтаган соатга ўхшама.
Тўхтасанг ўликсен, тамомсен,
Юрганим учунам яхшиман.
Саҳрода саратон, бошда дор,
Бошгамас, олдинга тикилгин.
Олдинда… олдинда қудуқ бор,
Йиқилсанг олдинга йиқилгин.
Майлига, куйсин ер, куйсин кўк,
Ишон, айланмаймиз кўмирга.
Ўн йиқил, юз йиқил, ўлим йўқ,
Олдинда қудуқ бор, қимирла!
“Кўз кўрмас” дейсанми, кўз тубан,
Қудуқни кўзсиз ҳам кўрамиз.
Юзтубан то қулаб тушгунча,
Туролмай қолгунча турамиз!
Қани тур!!!
ЎЗИМНИ ЎРГАТДИМ
Тўлдими, албатта тошаркан у жом,
Мудом тўлмасликка ўзни ўргатдим.
Қорайса қорайиб келаверсин шом,
Осон ўлмасликка ўзни ўргатдим.
Яшасам-да боғнинг гиёҳларидай,
Куч-қудрат яширин гиёҳларимда.
Топталсам-да тўфон туёқларида,
Синиб сўлмасликка ўзни ўргатдим.
Билмам қайда ўсдим, қандай ўсдим, бас,
Бу зеру забар матоҳ менинг пўстиммас.
Кўкдан тушолмаслар – менинг дўстиммас,
Мен пастлик, хасликка ўзни ўргатдим.
Жумлага, жумладан менга ҳам равон,
Берсин қодир Худо, аммо юпун, оч.
Бахтсизнинг олдида ярқиратиб тож,
Бахтли бўлмасликка ўзни ўргатдим.
Тўлдими, албатта тошаркан у жом,
Мудом тўлмасликка ўзни ўргатдим…
ПОЛВОН ДАРАХТ ҚУЛАСА…
Дейман бир дўстни ўйлаб,
Хаёлларга чўмаркан –
Полвон дарахт қуласа,
Тупроқ қандай кўмаркан?
Маҳзун ёдини ёдлаб,
Кўз ёшлари томаркан.
Жонон дарахт қуласа,
Тупроқ қандай кўмаркан?
Дилга тушган ёнғиндан
Сувлар чак-чак томаркан.
Юваверса ёмғирлар
Тупроқ қандай кўмаркан?
Тоғдай бошинг қайдаю
Кўзин қай куч юмаркан.
Тирик ёнган жондай у,
Тупроқ қандай кўмаркан?
Кетди Ота муроди,
Одам қайтиб келаркан.
Шундай катта муродни
Тупроқ қандай кўмаркан?
ҚИЗҒОНИШ
Сен бир тоғсан. Арслонлари, қулонлари меники,
Бировларга на қулон, на қилингни бермасман.
Тушунарсан Сендан ўзга бойлиги йўқ фақирни,
Боғ эмас, бир қовжираган гулингни ҳам бермасман.
Чор тарафдан чирмашганман
худди ток новдасидай,
Бир лаҳзага на ўнгинг, на
сўлингни ҳам бермасман.
Соғинч ёшимдан сув сепиб
сочим билан супурдим,
Қоровуллаб сенинг келар
йўлингни ҳам бермасман.
Ялинаман…
Мен ўчгунча сен ўчмай тур,
ўчмагин!
Агар ўчсанг совиб қолган
кулингни ҳам бермасман!
ИНЖУЛАР
Белим сириб боғласам куч, тоб келармикин,
Оқарманми ё ўйим сароб келармикин.
Агар афғон шамолидан йиғлаб ўтинсам,
Навоийнинг ҳидларини обкелармикин?
* * *
Кўклам ҳам гоҳ алдар, ғўр, боли йўқдир,
Алдашга ёздайин дажжоли йўқдир.
Куздан бир амаллаб алданмай ўтсам,
Қишнинг алдашгаям мажоли йўқдир.
* * *
Ҳаётида гуллигича гул,
Йўллигича қолаверди йўл.
Чунки у бир ошиқ сўровди,
Худо берди битта қоровул.
* * *
Куйиб ўз жонима озор чеккизаман мен,
Ердан униб чиқмас уруғ эккизаман мен.
Расулуллоҳ тўғрилолмай кетган дунёга
Нечун таҳрир қаламини теккизаман мен.
* * *
Гарчанд зоҳирим баланд, сархушману қодирман,
Дунё ғамларин қумдай ичимга солодурман.
Сочдан тирноғим қадар қум босмаган ерим йўқ,
Мен бунда юриб турган дашти Карбалодурман.
* * *
Ранжимангиз, сойга, қирга кетгайман,
Шуурга кетгайман, шеърга кетгайман.
Қачон кетсам фақат сиз томон кетдим,
Сиздан кетсам, қаро ерга кетгайман.
* * *
Менам ўз-ўзимча роз айтдим, кетдим,
Не айтдим. Ўзимга хос айтдим. Кетдим.
Бу дунёга келиб бор қилган ишим –
Бир-икки сўз айтдим. Рост айтдим, кетдим.
* * *
Биз ўтсак-да гоҳо ҳалолликка зор,
Биз ўтсак-да гоҳо шайтонга дўст, ёр.
Аждодларга тортар гўдак томири,
Болалар ичида авлиёлар бор.
* * *
Яхшилик қил, билмаганга мен тан, билади,
Бахт қадрини бахт деб юрак ёрган билади.
Бу бойларнинг саховату ҳотамтойлигин
Гадо бўлиб эшигига борган билади.

Bugun o‘zbek adabiyoti yana bir azim  chinoridan ayrildi. O‘zbekiston xalq shoiri Halima Xudoyberdiyeva vafot etdi. Buyuk shoira, yaxshi  inson edi opa. Alloh rahmatiga olsin. Inna lillahi va inna ilahi rojiun.
хдк
(Tashriflar: umumiy 445, bugungi 29)
Leave a Reply
*