Menu
Categories
Исмат ХУШЕВ: ПРЕЗИДЕНТ КОМАНДАСИНИНГ АЧЧИҚ ҚИСМАТИ (Бир сурат тарихи)
08/25/2018 Бош мақола
 Исмат Хушев
ПРЕЗИДЕНТ КОМАНДАСИНИНГ АЧЧИҚ ҚИСМАТИ
(Бир сурат тарихи)
Хушев Жўрабеков билан
Суратда: Чапдан ўнгга – Бош вазир ўринбосари Иномжон Искандаров, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов, Президент Кенгаши аъзоси, шоир ва ёзувчи Шукрулло, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков, Тошкент шаҳар ҳокими Адҳамбек Фозилбеков, “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев, Ўзбекистон телерадиокомпания раҳбари Наим Ғойибов, “Ўзсовпроф” раиси Бўри Алламуродовлар.
Тошкент шаҳри, 1992 йил, Ҳукумат уйида.
Бир сурат тарихи
 ПРЕЗИДЕНТ КОМАНДАСИНИНГ АЧЧИҚ ҚИСМАТИ
Муқаддима
Биз устозимиз Ислом Каримовни бағри кенг, мурувватли ва меҳр-оқбатли раҳбар деб айтишга ўрганиб қолганмиз.
Бугун 23-июнь  Ислом аканинг Ўзбекистон раҳбарлигига келганининг ропа роса 26 йиллигини нишонларканмиз, у киши ҳақидаги ижобий мақола ва шеърларни эълон қиляпмиз.
Лекин мана бу сурат, ундаги давлат ва жамоат арбобларининг кейинги аянчли тақдири –  устоз ҳақидаги  бу ижобий  фикрларни  бир оз шубҳа остига олиши мумкин. Биз мустақил ва холис журналист сифатида ҳамма ҳақида – ҳатто ўзимиз меҳр қўйган Президент тўғрисида ҳам бор ва тўғри гапларни ёзиб қолдиришимиз керак.
Фикримиз исботи сифатида суратда тасвирланган давлат ва жамоат арбобларининг кейинги аянчли қисматига бир назар солсак, кўп нарса ойдинлашади деб ўйлайман…
 1.
Иномжон Искандаров – республика қурилиш материаллари вазири эди.
У киши асли Зоминда туғилган бўлиб, министрлик лавозимига – Ангрен резина заводи раҳбарлигидан келганди. Бир муддат Бош вазир ўринбосари бўлгач, кутилмаганда  Оҳангарон цемент комбинатига сургун қилинди.
Кейин ўзи ҳам “цемент”га айланиб,  алал оқибат – “уй министри” бўлиб қолди…
2.
Мавлон   Умрзоқов – Ўзбекистон Президентининг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси.
Иқтисод фанлари доктори.
“Давлат тўнтаришига уриниш”  айбномаси билан  Президентнинг қаҳрига учраб, салкам “Жаслиқ”қача бориб келган.
Йигирма йилдан бўён ишсиз.
Чўнтакда – Москвадан олинган “Фан доктори” дипломи, ўзи эса – кўча профессори…
3. 
Шоир Шукулло – Совет даврида Магаданда “олтин қазиган”. Айни пайтда  – ўша даврда иттифоқда машҳур шоир бўлиб танилган.
Бу ҳақда “Бекафан кўмилганлар” номли китобида батафсил ёзилган.
Мустақилликнинг дастлабки  йилларида бир муддат давлат арбоби бўлиб танилган.
Кейинги йигирма йилдан бўён уйда – оила арбоби…
4.  
Исмоил   Жўрабеков – Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, кейинчалик Президентнинг Давлат маслаҳатчиси.
Мустақиллик йилларида – йигирма йил  –  Ўзбекистоннинг иккинчи одами ва ниҳоят ўн йилдирки, ўз уйининг – биринчи одами…
 5.
Адҳамбек  Фозилбеков – совет даврининг кўзга кўринган партия ходими.
Мустақиллик даврида бир муддат – Тошкент шаҳар ҳокими, кейинчалик эса – ўз уйида ҳам ҳокимлик насиб этмади…
 6.
Бу давранинг энг ёш ва истиқболли вакили – журналист Исмат Хушев.
Ўттиз ёшидаёқ Подшо эркатойи бўлиб,  ҳукумат арконларининг  порлоқ ва умидбахш  юлдузига айланган ва  кутилмаганда Президент планетасига боши билан урилиб, метеорит каби Канадага келиб тушди…
 7.
Наим Ғойибов – Фалсафа фанлари доктори, профессор.
Совет даврида – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг маданият арбобларидан бири бўлган.
Мустақиллик даврининг телерадиокомпанияси раиси, сўнг республика Маданият вазири, ундан кейин  – Тошкент Милиция мактабида оддий ўқитувчи бўлиб, ўзининг собиқ талабаларига “честь” бериб юрган…
8. 
Суратдаги сўнгги сиймо – Бўри Алламуродов.
Совет даврида – Рашидовнинг “ўғли” бўлиб, сиёсий майдонга кириб келган.
Республика комсомолини бошқарган.
Рашидов ўлган куниёқ Рашидовга биринчи бўлиб тош отган ва унинг мукофотига – бир муддат Наманган обкомининг биринчиси, сўнг республика Узсовпроф  раиси этиб тайинланган.
Аллақачонлардан бўён – уй раиси…
 Сўнг сўз ўрнида:
Хулоса қилиб айтганда – бу даврада оддий одамнинг ўзи йўқ.
Каттадир кичикдир – уларнинг ҳаммасини бир ном билан жамлаш мумкин:
Ҳеч шубҳасиз улар мустақиллик йилларидаги Президент командаси аъзолари эди.
Улар отасига ишонмаса ишонмас, лекин Президент этагини маҳкам ушлаган, унга астойдил эътиқод қўйган, унинг ҳар бир қадамини олқишлаган, мустақиллик байроғини баланд кўтариш учун бор куч ғайратини сарфлаган арбоблар эди.
Муҳтарам  Президент ўз командасига қанчалик меҳр шафқат кўрсатганлиги  –  суратдагиларнинг  кейинги аянчли тақдири ва аччиқ қисматида мана ман деб яққол кўриниб турибди.
Президентнинг ўз командасига бўлган марҳамати бу…
Ҳолбуки, Ўзбекистон тарихи фақат тош бағирлик ва бешафқатсизликдан иборат эмас – ўрнак олса арзийдиган ўтмишимиз бор.
Шароф Рашидовни ҳам бутун умр эговлаб келган, кўзига чўп суққан рақиблари бўлган. Бироқ уларнинг бирортасидан  ўч олмаган.
Бир умр унинг устидан Москвага хат ёзиб келган қайсар Расул Ғуломов – то ўлгунича министрнинг биринчи ўринбосари,  Мирзавали Муҳаммаджонов – академик, қишлоқ хўжалиги олимларининг сардори,  Рафиқ Нишонов – ер юзининг жаннатларидан бири – Цейлонда СССР элчиси бўлди…
Юқоридаги сурат эса тасодифан тарихга муҳрланган. Бу – бир ҳукумат уйидаги тасодифий сурат, холос.
Агар Президент ғазабига учраган дўстлари, сафдошлари ва шогирдларини  (мухолифатни-ку қўяверинг) бир галареяга жам қилиш мумкин бўлганда эди,  бунинг ўзи –  аянч ва армонларга тўла каттакон бир тарих бўларди:
Шукрилла Мирсаидов, Раҳим Ражабов, Мирзаолим  Иброҳимов, Мираҳмад Мирқосимов, Шавкат Юлдошев, Абдуҳошим Мўталов, Ўткир Султонов, Эркин Халилов, Тўхтамиш Боймиров, Пўлат Ҳабибуллаев, Алихон Отажонов, Муҳаммад Бобир Маликов, Бахтиёр Ғуломов, Ғулом Алиев, Қаюм Ҳаққулов, Бахтиёр Ҳамидов, Козим Тўлаганов, Қодир Ғуломов…
Бу рўйхат – “Урилган” олий раҳбариятдагиларнинг дафъатан ёдимга тушганлари, холос. Агар ушбу рўйхатни вилоятларга кўчирсак – бутун бир мунгли эпопея бўлади.
Бағри кенг Президентимиз бу борада ҳатто ўзидан олдин ўтган арбобларни ҳам аяб ўтирмади: Иномжон Усмонхўжаев, Рафиқ Нишонов, Владимир Анишчев, Анатолий Ефимов, Раъно Абдуллаева, Ғайрат Қодировларнинг айримлари  собиқ Иттифоқнинг турли шаҳарларига бош олиб кетсалар ҳам,  Президент ғазабидан то  ҳануз  қочиб қутулолмадилар.
Президент ғазабининг сарҳадлари кенглигига қойил қолмасдан иложингиз йўқ.
Ўзбекистон чегарасига қаноат қилмай, ҳатто Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон раҳбарларининг ҳам вақт бевақт ёқасидан олиб, чалпиб турамиз.
Улар ҳам бизнинг феъли хуйимизга аллақачон кўникиб кетишган, миқ этишмайди.
Фақат Қирғизистоннинг ёш раҳбари бу сукунатни бузиб, эндиликда бир тош отсак, иккита қилиб қайтариб турибди.
Унинг хушомадига Акаев ва Бақоев даврида узиб ташланган газни қайтадан  улаб ва қўшқўллаб  етказиб берсак ҳам, унинг жўнбўшга келган ғазабини юмшатолмай оворамиз.
У эса туяга чаппа минган Манасдай ғазаб отига миниб: “Каримов узоққа бормайди!” деб жар солгани солган…
Лекин Қозоғистон билан Тожикистон раҳбарлари ҳам қараб туришгани йўқ. Президентимизга қасдма қасд –  улар ҳам Ўзбекистоннинг  оёғидан чалгани чалган.
Бири – қарийб 400 метрлик Роғунни қуриб, Амударёга тўғон соляпти.
Иккинчиси эса – Қозоғистон йўлларида Ўзбекистон карвонларига ҳар қадамда бож хирожни оширгани боис, Ўзбекистонда нарх наво кун сайин гувиллаб осмонга кўтариляпти.
Хуллас, “Ўзбекистонни урма сўкма – йўлини тўс, дарёсини бўғ” деганларидек, Роғун билан Кампирравот тўғонларининг баландлиги салкам осмонга етай деб  қолди.
Демак, Президентимиз “марҳамати”дан келажак  авлод  – набираю чевараларимизгача ҳам баҳраманд бўлиб ётиши аниқ бўлиб қолди…
Марҳаматингизга балли, устоз!
 
Исмат Хушев,
15 январь, 2015 йил
Торонто шаҳри, Канада.

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

3 шарҳ

  1. Яна минг бора офарин сизга Исмат ака!
    Бугунги тарихий Хакикатни бу даражада холис ва хакконий исботлаб бера олган бошка биронта инсон йукдирки сиз билан беллаша олса!
    Аммо эрта бир кун буларнинг сони шу даражада купаядики, хаттоки осмондаги юлдузлар хам уларнинг сонига етолмаслар!
    Бури Алламуродовларнинг соткинлиги холва булади.
    Хар ким экканини уради, бизда эса хосил мул-кул!
    Расвоси бир асрданда ошади, яхши иш булмади келажак авлод мевасини хам тотади, хосилини хам теради, хирмонини хам кутаради!!!

  2. marat

    Жуда хам зур чикди. Гап йук. ушбу макола тугрисида хабарим йул эди. Рахмат. марат

     

  3. 1 шарҳ

    1. Shayboni

      “Шароф Рашидовни ҳам бутун умр эговлаб келган, кўзига чўп суққан рақиблари бўлган. Бироқ уларнинг бирортасидан ўч олмаган” Каримов эса бошқа йўлдан бориб жазоламаган одами қолмади. Ўзбекистонни ўз шахсий мулки томарқасига айлантириб олди.

"1" Comment
  1. Манашу инкор қилиб бўлмайдиган мақолани ўқиб Муҳаммад Солиҳнинг: “Режим вафо қилмагай!” дегани эсимга келди.
    Буни ўрисчасига “Пророчества” дейди шекилли.

Leave a Reply
*