Menu
Categories
Редакция архивидан: Ислом Каримовга бир гуруҳ ёзувчилар томонидан шикоят…
08/28/2018 Адабиёт
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом КАРИМОВга
Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!
Яқинда Сиз яхши биладиган оташнафас журналист Исмат Хушев ўзининг
“дунё ўзбеклари” сайтида таниқли ёзувчи, Президент девонида 11 йил
ишлаган, 1999 йил 16 феврал воқеалари ҳақидаги ҳужжатли фильмнинг
сценарийси муаллифи  Ғаффор Ҳотамов ҳимоясига бағишланган ўз
мақоласини эълон қилди.
Биз айтмоқчимизки, мақолада айтилган гапларнинг ҳаммаси тўғри.
Ғаффор Ҳотамов “Тошкентда шов-шув бўлган асар”ини ёзгани ва бу асар
Исмат Хушев сайтида эълон қилингани сабабли балога қолди.
“Ўзбекистон
овози” бош муҳаррири ўринбосари вазифасидан  пенсияга чиқишига саккиз
ой қолганда ҳайдалди. Кейин судланди.
Кейин унинг азиз жигаргўшаси,
Оҳангарон Ипотека банки бошқарувчиси бўлиб ишлаётган фарзанди  Улуғбек
Ҳотамов қамоққа олинди.
Биз ўйлаймизки, Ғаффор Ҳотамов дучор
бўлаётган кўргуликларнинг ҳаммаси эмас бу. Бу тазйиқ ҳали яна давом
этадиганга ўхшайди.
Хайриддин Султонов ва унинг  амал пиллапояларида
турган шотирлари  яна кўп пасткашликларни Ғаффор Ҳотамов ва унинг
оиласига нисбатан  ҳозирлаётганига  аминмиз.
Ғаффор Ҳотамов бу кўргуликларга  Сизнинг сиёсатингизни қўллаб
қувватлаётгани учун Хайриддин Султонов томонидан дучор қилиняпти.
Чунки Хайриддин Султоновни Ўзбекистон келажаги  мутлақо
қизиқтирмайди. Уни фақат ўзининг бугуни, бугунги молиявий аҳволи
қизиқтиради.
Шу  сабабли у Сиз бош-қош бўлаётган кўплаб амалий
тадбирлардан фақат ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш устида  бош
қотирмоқда.
Масалан, Зулфия  номидаги Давлат мукофотини олайлик. Бугунги кунда
бу мукофот совриндори бўлиш – олий ўқув юртига  бюджет ҳисобидан текин
ўқишга кириш сифатида  ва ўқиш давомида тўланадиган
контракт  пули нархида баҳоланмоқда.
Ўтказилаётган турли-туман
тадбирларда ошкоралик мутлақо йўқотилди. Жюри аъзолари  конкурсларда
қатнашчиларни: “ғолибларни кейин эълон қиламиз”, дея, уйларига жўнатиб
юборадилар-да,  талабгорларнинг “тоға”ларини кутиб  ўтирадилар…
Бунақа мисоллар жуда кўп. Ва ана шу, Ўзбекистон маънавияти
коррупция ботқоғига ботиб қолишида фақат ва фақат Хайриддин Султонов
айбдор.
Ғаффор Ҳотамов ана шу қилғиликларнинг асл башарасини  очиб
ташлагани учун репрессияга гирифтор этилди.
Ислом Абдуғаниевич!
Биз Сиздан илтимос  қиламиз: Ўзингиз бу ишга аралашмасангиз аҳвол
чатоқ. Гап биргина Ғаффор  Ҳотамовда ҳам эмас.
Хайриддин Султонов
Ғаффор Ҳотамовни мутлақо синдириб бўлгандан сўнг  ўзи тузиб  олган
рўйхат бўйича бошқаларни ҳам шу куйга солишни режалаштирган.
Қисқаси,
у ижодкорлар бошига 1937-йилни солиш учун кампания бошлаб юборган.
Ислом Абдуғаниевич!  Сиздан илтимос: Бизларни Хайриддин
Султоновдан ҳимоя қилинг.
Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси  аъзолари
Жами 12 имзо.
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳарриридан:  Бошқаларнинг бошига ҳам Ғаффор Ҳотамов куни  тушмаслиги учун таҳририят
имзо эгалари номларини вақтинча сир тутишга қарор қилди.
Leave a Reply
*