Menu
Categories
Исмат Хушев: Кимлар Президент маслаҳатчиси бўлиши мумкин? 3-мақола…
08/31/2018 Демократия сабоқлари
  Жасоратли Ўзбекистон Президенти ниҳоят 27 йиллик Давлат маслаҳатчисини озод қилди…
Хайриддин Султоновдан халқимизга мерос бўлиб қолган кемтик маънавият ва “Байроқсиз миллат…”
ёхуд XXI асрда маънавиятнинг нархи хусусида

 

Муқаддима
“Дунё ўзбеклари”да бундан беш йил муқаддам – 2013 йил бошларида Ислом Каримовнинг давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ҳақида эълон қилинган таҳлилий мақола шундай сўзлар билан бошланган эди:
“Байроқнинг нималигини биласизми? Албатта биласиз. Унинг нимани англатишиничи?
Йўқ-йўқ мен замонавий ҳолатда давлатларнинг рамзи эканлиги ҳақида эмас, аслида байроқ нимани англатиши ҳақида сўряпман. Ундаги ранг, белгилар маъносини эмас айнан байроқнинг маъноси нималигини сўряпман. Тўғриси менда ҳам тушунча бор-у, аниқ изоҳ йўқ.
Билганим бир байроқ бир миллатнинг қонидан, жонидан, кўрган-кечирган минг йиллик кўргулигидан сабоқ олиб ирода этгани асрий қадриятлари, тушунчалари, ишончи ва қатъияти, иймони ва эътиқоди, жасорати ва ожизлиги, хатоларининг аччиқ сабоқлари-ю, ўз эрки ва миллат сифатида вужудга келиши давомидаги фарзандидан ажралган оналарининг, укасидан айрилган акаларининг, отасидан ажраган фарзандларининг кўз ёшлари, уқубатлари, ўз ичидан чиққан хоинларнинг орқадан урган пичоқдан оққан қонлари ва ҳар қандай ҳолатда ҳам Худодан умидини узмаган ва УМИД сабаб қилган сабр-қаноати инъикосидир Байроқ!
Агар миллат инсон бўлса унинг танидаги тиртиқлар, юзидаги ажинлар ва энг асосийси унинг кўзидир Байроқ! Байроқсиз миллат сўқир миллат! Тани бору, жони йўқ миллат!
Байроқсиз миллат Бахтсизликка, йўқ бўлишга, таҳқирланишга абадий маҳкум миллатдир!
Бугун мен дунёда менинг Ватанимни, миллатимни байроғидан маҳрум қилмоқчи бўлаётган жараёнларнинг юз бераётганини, ўз ичимиздан чиқаётган хоинларни ва уларнинг – миллатнинг юзига кулиб туриб, орқадан пичоқ ўқталаётганини кўраяпман!
Бир миллатни йўқ қилишнинг аввалу азалдан қолган йўл-йўриқлари бор: ўша миллатнинг аввал тили ва маданиятини, кейин эса маънавияти ва эътиқодини ўлдирсанг бўлди. Уни аскар билан, уруш билан қиришнинг ҳожати йўқ.
Бугунги кун Ўзбек жамиятида айнан шундай ҳолатлар ҳақида гапирмоқчиман. Бугунги кунда миллатимиз маданияти ўлдирилмоқда, қадрсизлантирилмоқда. Ҳар бир миллат маданияти тенгсиз ва баҳосиздир. Уни пулга чақиш, уни бизнесга айлантириш эса уни ўлдириш билан баробардир. Бу миллатнинг нафақат маданияти балки маънавиятига ҳам таълуқлидир.
Бугунги ўзбек маданияти ва маънавияти соҳасига бир назар ташлаб кўрингга: ёшларга бериладиган “Ниҳол” мукофотидан, хизмат кўрсатган артист унвонини олишгача “ставка” бор, Давлат тадбирларида айниқса Президент иштирок этадиган Наврўз ва Мустақиллик байрамларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳам “бизнес”.  Мафкуравий таъсирнинг энг катта қуролларидан бири шубҳасиз кино санъатидир. Аммо бу соҳа ҳам энг катта “бизнес”га айланиб улгурган. Хусусий нашриётлар ва матбаа соҳаси ҳам бизнесга, тўғрироғи хусусий бизнесга айланиб кетди…
Келинг барчаси ҳақида бафуржа тўхталамиз. Энг аввало кучли мафкуравий таъсирга эга кинога тўхталсак. Бугунги кунда қаёққа қараманг ҳамма кинонинг сифати саёзлашиб кетганлиги, кинолар бир мартагина кўришга арзийдиган картиналар кинотеатрларни босиб кетганлиги тўғрисида гапиради.
Бу ҳақда йиллаб гапирилмоқда-ю, лекин ўзгариш бўлмаяпти. Нега? Жамиятда бу соҳа учун масъул ким деган савол, асл айбдорни топиб беради…”
1.
Бу – узоқ йиллардан бўён Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлиб келаётган Хайриддин Султонов ҳақида хориждаги ўзбек матбуотида эълон қилинган илк танқидий мақола эди. Унинг номи, яна бир бор таъкидлаб ўтишни истардик: “Байроқсиз миллат” деб бежиз номланган.
Кейин бундай танқидий руҳдаги мақолалар кўпая борди: “Ёзувчини ёзгани учун қўлини кесдилар”, “Журналист Исмат Хушевдан Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновга “Очиқ хат”: Президентга дўстмисиз, душманмисиз?”, “Давлат маслаҳатчисининг кирдикорлари ЎзТВ раисиникидан камми?”, “Ўзбек матбуотига отилган ўқ”, “Нация без флага”, “Шайтондан чиққан “Фаришта”, “Давлат маслаҳатчисининг тагига сув кетдими?”, “Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновга ёзувчилардан “Очиқ хат”, “Ўзбек матбуоти қачон ўзбек халқига хизмат қилади?”, “Х. Султонов ҳақида МХХ да сир сақланаётган маълумотлар” ва ҳокоза мақолалар шулар жумласидандир. Улар билан танишини истаган ўқувчилар “Дунё ўзбеклари” архивига кириб, бемалол мутолаа қилишлари мумкин.
Улар бу ерга номлари келтирилган мақолалар сонидан беш-олти марта кўп…
2.
Беш йил биз Президентнинг Давлат маслаҳатчиси билан тенгсиз ва беаёв “жанг”да олишиб, курашиб келдик. Лекин натижа бўлмади.
Ислом Каримов ўзбек адабиётини чўктирган, маданияти ва санъатини расво қилган, маънавиятини ўлдирга, матбуотини бўғиб, қўл оёғини унга кишанлаб берган маккор ва фитнакор ёрдамчисидан айрилишни истамади.
Аксинча, ўз ёрдамчисининг – ўзбек халқини узоқ йиллик уйқуга чўктириб, манқуртлаштирувчи бу жиноий сиёсатини имкон қадар қўллаб қувватлаб келди…
3.
Куни кеча Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 йилдан бўён узлуксиз суратда Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келаётган Хайриддин Султоновни, ниҳоят, ўз вазифасидан озод қилди.
 Одатда, барча ривожланган давлат ва мамлакатларда Президент атрофидаги ўта муҳим ва аҳамиятли лавозимларга янги кадрлар тайинланаркан, уларнинг номзоди кенг омма ва жамоатчилик томонидан атрофлича ўрганилади ва муҳокама қилинади.
Ана шу халқаро сиёсий тажрибани ҳисобга олиб, биз бугун ўзбек матбуотида биринчи маротаба Президент маслаҳатчиси бўлиши мумкин бўлган янги номзодлар кўрсатамиз, улар ҳақида ҳақида фикрлашамиз ва  муносабат билдирамиз…
4.
 “Дунё ўзбеклари”нинг бу юксак лавозимга кўрсатадиган номзодлари қуйидагилар:
  1. Шароф Убайдуллаев – таниқли ўзбек журналисти. “Совет
  2. Ўзбекистони” ва “Тошкент оқшоми” газеталарининг собиқ Бош муҳаррири. Устозимиз.
  3. Сафар Остонов – “Ўзбекистон овози” газетаси Бош муҳаррири
  4. Саъдулла Ҳаким  – Журналистлар уюшмаси раҳбари – Самарқанд
  5. Аҳмаджон Мелибоев – Президентнинг собиқ Давлат маслаҳатчиси, “Жаҳон адабиёти” журнали Бош муҳаррири, Олабуқа райони, Қирғизистон
  6. Абдусаид Кўчимов – таниқли ёзувчи. ЎзА директори. Самарқанд, Ургут.
  7. Норқобил Жалил – 21 аср газетаси Бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист – Қашқадарё, Китоб.
  8. Шерзод Қудратхўжаев  – Журналистика университети ректори, сиёсатшунослик фанлари доктори. Тошкент шаҳри
  9. Инобат Нормуродова – Ўзбекистон телевидениясининг “Парламент ҳаёти” кўрсатуви бошловчиси, сиёсий шарҳловчи, Қашқадарё, Китоб
  10.  Навбаҳор Имомова – Америка овози мухбири – Тошкент вилоятидан
  11.  Салим Ашур – Хайриддининг биринчи ўринбосари – камтар ва камтарин, истеъдодли шоир.
  12. Карим Баҳриев – “Ҳуррият” мустақил газетасининг собиқ биринчи Бош муҳаррири, Ургутда туғилган.
  13. Аҳрор Аҳмедов – “Шарқ” нашриёти Бош муҳаррири, Олабуқа райони, Қирғизистон
  14. Анвар Абдувалиев – Ўзбекистон радиоси директори, Бешариқ, Фарғона.
  15. Бахтиёр Карим – Адабиёт” газетаси Бош муҳаррири, Тошкент
  16. Таниқли ўзбек журналисти Дадахон Ёқубов – Наманганнинг Ойим қишлоғидан
  17. Бахтиёр Сайфуллаев – Ўзбекистон маданият вазири
  18. Абулқосим Мамарасулов – таниқли ўзбек ёзувчиси – Жиззах
  19. Ҳамроқул Асқар – таниқли ўзбек ёзувчиси – Жиззах, Фориш
  20. Усмон Азим – Ўзбекистон халқ шоири, Сурхондарё, Бойсун
  21.  Ҳусан Эрматов – “Ишонч” газетаси Бош муҳаррири
  22.  Нодир Жонузоқ – таниқли ўзбек шоири
  23. Иқбол Мирзо – таниқли ўзбек шоири
  24. Хуршид Даврон – Ўзбекистон халқ шоири
  25. Исмат Хушев – “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
5.
Президентнинг ёшлар сиёсати бўйича собиқ Давлат Маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев ўрнига номзодлар:
      1. Иқбол Мирзо – Ўзбекистон халқ шоири, Фарғона, Боғдод
     2.  Озодбек Назарбеков – Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, хушовоз ва таниқли хонанда  – Фарғона вилояти
      3. Саид Абдул Азиз Юсупов – мустақил терролог аналитик. Ёшлар сиёсати билимдони, шарҳловчи…
6.
Биз бугундан эътиборан ҳар куни “Дунё ўзбеклари”да ва “Исмат Хушев билан юзма юз” номли теледастурда бизга келаётган янги номзодлар рўйхатини эълон қиламиз ва улар ҳақида маълумот берамиз.
Ўз ҳаётингиз яхши ва фаровон бўлишини истасангиз – Ўзбекистон Олий раҳбариятида янги сайланиши ва тайинланиши мумкин бўлган лавозимларга номзодлар кўрсатинг, уларни муҳокама қилинг, фаол бўлинг.
Бизни “Дунё ўзбеклари” сайти, “Исмат Хушев билан юзма юз” кўрсатуви орқали кузатиб боринг.
Биз Сиз билан доим биргамиз…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Исмат Хушев билан юзма юз – Хайриддиннинг ўрнига ким келиши мумкин?-1

Исмат Хушев билан юзма юз – Президент маслаҳатчилигига янги номзодлар рўйхати (2-кўрсатув)

Исмат Хушев билан юзма юз – Президент маслаҳатчилигига номзодлар рўйхати -3 (3-кўрсатув)

Дунё ўзбеклари” номзодларини биргалашиб муҳокама қилинг, ўз келажагингизга бефарқ бўлманг…

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

 

Leave a Reply
*