Menu
Categories
ИСМАТ ХУШЕВ: МУСТАҚИЛЛИК САБОҚЛАРИ (Сталинча бошқариш сиёсати)
08/31/2018 Бош мақола

ИСМАТ ХУШЕВ

ПОДШО ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ

 Иккинчи китоб: Ўн саккизинчи боб

 

Суратда: Ўзбекистонни бир неча дақиқалар олдин Мустақил давлат деб эълон қилган Ислом Каримовни журналист Исмат Хушев чин юракдан муборакбод этиб турган ҳаяжонли ва  тарихий лаҳзалар…

30 август, 1991 йил, Тошкент шаҳри…

 

 МУСТАҚИЛЛИК САБОҚЛАРИ

 


ГКЧП ва Ислом Каримов…


Президент билан Мустақиллик остонасига бирга қадам қўйган сафдош ва елкадошларнинг бугунги тақдири…


Мустақиллик байрамлари бир кўчада, халқ бошқа кўчада. Нега?


Мамлакатни сталинча бошқариш сиёсати 


Тўқсонинчи йиллардаги Ҳукумат аъзолари, вазирлар, вилоят ҳокимлари, депутат ва ноиблар сиёсат саҳнидан нега изсиз ғойиб бўлишди?


Кейинги  йилларда Ўзбекистон тарихини бузиб ёзиш каби кўзбўямачилик нега авж олди?


Мустақиллик уйининг пойдевори қўйилди, лекин унинг томи ёпилдими?


 Иккинчи китоб

Ўн саккизинчи боб


 

1.

Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритган ўша муборак кунлар ҳақида гапиришдан олдин, 1991 йилнинг август ойида рўй берган воқеаларга тўхталиб ўтишимиз керак бўлади.

Сўлим Қримнинг Форос оролида дам олаётган СССР Президенти М.С.Горбачёвнинг Москвада йўқлигидан фойдаланган бир гуруҳ давлат мулозимлари 19 август куни қудратли Совет Иттифоқида тутуриқсиз ва субутсиз давлат тўнтаришини амалга оширадилар.

СССР КГБ раиси Крючков, Мудофаа ва Ички Ишлар вазирлари Язов ҳамда Пуго, Министрлар Советининг раиси Павловлар ўзъаро жинояткорона тил бириктириб мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қиладилар.

Давлат телевиденияси “Оққушлар базми”нинг мотамсаро рақслари остида Москвада ҳокимият ГКЧП қўлига ўтганини бутун дунёга маълум қилади:

“Михаил Сергеевич Горбачёв вақтинча ўз вазифасини бажариш қобилиятини йўқотганлиги ва кўплаб совет кишиларининг илтимосларига кўра СССР да фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, вице-президент Геннадий Янаевга давлатни бошқариш ваколатини бериш ҳақида қарор қабул қилинди…”

 

2.

“ГКЧП” деб номланган бандитлар тўдасининг ўша машҳур матбуот конференцияси ҳали ҳамон кўз ўнгимда турибди.

У кўпчиликнинг эсида бўлса керак.

Раёсатда беш киши ўтирибди, ўртада иродасиз Янаев бошини хам қилиб олган. У қалтираётган қўллари билан Фармон матнини кўз олдига келтириб ўқий бошлайди.

Залда ўтирган журналистлар давлат жиноятчиларини саволларга кўмиб юборишади. Бироқ, улар бирорта саволга ҳам қониқарли жавоб беролмайдилар…

 

3.

Ўша матбуот анжуманидан сўнг одамларда хотиржамлик пайдо бўлиш ўрнига, аксинча, шубҳа-ю, гумонлар баттар кучайиб кетади.

Москвада юз минглаб одамлар “ГКЧП”нинг бу ўзбошимча ҳатти-ҳаракатидан норози бўлиб, ҳукумат биноси – “Оқ уй” атрофига тўпланадилар.

Кўпдан бери Кремль билан суришиб келаётган Борис Ельцин ва унинг тарафдорларига худо беради.

Менимча, ўшанда “ГКЧП” валломатларининг энг катта хатоси – телевидения орқали халққа кўриниши бўлади.

Агар улар уч тўрт кун журналистлар билан учрашмасдан, ҳукуматнинг Москва атрофидаги бирорта шинамгина дачасида тўпланиб, ўзларининг барча чора-тадбирлари тўғрисида фақат Нишонов ва Лукьяновга ўхшаган лаёқатсиз, лекин итоаткор раҳбарлар орқали халққа ва матбуотга мужмал маълумот тарқатиб турганларида, ҳаммаси улар уйлаганидан ҳам зиёда бўларди.

Москвага аллақачон киритилган ҳарбийлар ўз вазифаларини уларсиз ҳам уддалаган бўлардилар.

Яъни, Горбачев иккинчи марта қайтиб келмайдиган қилиб давлат ишларидан четлаштирилиб, СССР да расмона фавқулодда ҳолатни жорий қилиш мумкин бўларди.

Лекин улар жамоатчилик фикрининг нечоғлик қудратли кучга эга эканлигини унутиб қўядилар.

Ҳа, айнан ўша матубот конференциясидан сўнг уларнинг “тўнтариши” мағлубиятга юз тутади…

 

4.

Матбуот анжуманидан уч кун ўтиб, СССР Ички Ишлар вазири Пуго ўзини ўзи отиб ўлдиради, бошқалари эса ҳибсга олинади.

 (“ГКЧП”нинг ашаддий мухлиси бўлган СССР халқ депутати, маршал Ахромеев ҳам ўзини ўзи отиб ташлайди, КПСС нинг хазинабони бўлмиш Крючина деган кимса “Эски Майдон” (Старый Площадь) даги бинонинг еттинчи қаватидан ўзини ерга ташлаб, ўлим топади).

19 августдан 21 августгача давом этган «давлат тўнтариши» кутилмаганда Россия Федерацияси Олий Советининг раиси бўлган Борис Ельциннинг йирик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланади.

Форос оролидан Ельцин жўнатган махсус самолётда Москвага спорт кийимида келтирилган забун ва ўта тушкун ҳолатдаги Горбачев токи декабрь ойининг охирларида ўз хоҳишига кўра телевидения орқали истеъфо бергунга қадар Кремлда гаровга ушлаб турилади ва Ельцин тайёрлаган барча Фармонларга имзо чекиб бериш билан машғул бўлади.

Ҳа, давлат тўнтаришида ўзъаро курашаётган икки гуруҳ эмас, балки ўша икки гуруҳни ҳам жинидан бадтар ёмон кўрадиган учинчи – Ельцин гуруҳи ғолиб келади…

 

5.

СССР да давлат тўнтариши рўй берган ўша машъум кунларда Ислом Абдуғаниевич расмий давлат сафари билан Ҳиндистонга борган эди.

Москвада тўс-тўполон бошлангач, Ислом ака расмий сафарини тўхтатиб, дарҳол Ўзбекистонга қайтиб келади.

У кишини  аэропортда бир гуруҳ ҳарбийлар кутиб олади…

 

6.

Тошкентга келган куниёқ Ислом Абдуғаниевич Вазирлар маҳкамаси биносида Ўзбекистон Олий Кенгаши билан Министрлар Совети Президиумининг қўшма мажлисини ўтказади.

Ўша тарихий йиғилишда биз Карим Баҳриев билан биргаликда иштирок этган эдик. Бу қўшма мажлис, агар адашмасам,  21 август куни бўлганди.

Ислом ака бундай пайтларда бирор қарор қабул қилмоқчи бўлса, аввало, атрофидаги мулозимларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитарди.

Ўша йиғилишда ҳам кўпчиликка сўз берилади.

Сўзга чиққанлар албатта лаганбардорлик қилишган эди.

Масалан, Олий Мажлис депутати, ёзувчи Пиримқул Қодиров: “Сиз билан Ҳиндистонда бўлганимизда Гаграга бордик. Бу ерда йигирма йилдан бўён ёмғир ёғмаган экан. Сизнинг шарофатингиз билан ўша куни ёмғир ёғди…” деганида Ислом ака кулиб юбориб: “Бу гапларни қўйинг, Пиримқул ака, мавзудан чалғимайлик” деганлари ёдимда қолган.

Тошкент қишлоқ хўжалиги институти ректори Эркин Шайхов: “Сизнинг раҳбарлигингизда шу кунларда бир тану-бир жон бўлиб, жипслашишимиз керак” деса, Андижон вилояти ҳокими Қаюм Холмирзаев қоп қора, қуюқ қошларини чимириб: “Кеча-кундуз навбатчилик ташкил қилдик, тартиб ўрнатдик!” деб ахборот берган эдилар.

Хуллас, сўзга чиққанларнинг аксарияти “ГКЧП”ни қўллаб қувватлаш керак!” деган фикрни билдиришади. Ҳатто кимдир: “Москвада кеча бошланган бу қувончли ва хайрли тадбирлар, Ислом Абдуғаниевич, бизда анча вақт олдин бошланган эди…” дейишгача бориб етди.

Лекин Ислом ака ҳушёр сиёсатчи эмасми, ҳеч кимнинг фикрини маъқулламас, ўткир кўзларини нотиқларга қадаб, истаган гапини тополмагандек, ажиб бир паришонлик билан уларни тинглашда давом этарди…

 

7.

Фавқулодда Ислом аканинг нигоҳлари менга ва ёнимда ўтирган Каримжонга тушиб қолади ва: “Каримжон, бу ёққа чиқинг” деб унга сўз берадилар.

Бугун орадан шунча йиллар ўтиб, “Нега ўшанда Ислом ака мени эмас, балки айнан Каримни ўрнидан тўрғизди?” деб кўп маротаба ўйладим.

Қаранг, мен Ислом акага мутеъларча меҳр қўйганимни, у кишининг гапи мен учун қонун эканини Президент яхши биларди.

Шунинг учун ҳам мендан жўяли гап чиқишини кутмаган шекилли, Каримни ўртага олиб чиққан  бўлиши мумкин.

Демак, давлат раҳбари чорлаганда, унинг бағри кенг экан деб, қучоғига бу қадар кўр кўрона ўзини отиш ҳам унчалик тўғри эмас экан-да, деб ўйлаб кетаман баъзан…

Қолаверса, ростини айтишим керак, мабодо Ислом ака ўшанда мени турғизиб фикрингни айт деганларида ҳам, мен худди Каримдек у кишига қараб бу қадар дадил ва рост гапларни айта олмаган бўлардим.

Карим мендан ёш бўлса ҳам, менга қараганда анча фозилроқ ва фикри уйғоқ йигит экан…

 

8.

Мавзудан узоқлашмайлик.

Аслида ўшанда Каримжон бу мажлисга худди адашиб кириб қолган одамдек бошларини эгиб, Ислом аканинг кўзлари тушиб қолмасин деб қимтиниб ўтирган эди.

Чунки мажлисга Олий Кенгашдан фақат Қўмита раисларигина таклиф қилинган бўлиб, Каримжон Пиримқул Қодиров раҳбарлик қилаётган қўмитада масъул котиб эди, холос.

Шу боисми, билмадим, Ислом ака уни ўрнидан турғизганида нима учундир: “Мен Президиум аъзоси эмасман, қандоқ бўларкин гапирсам…” деди хижолатомуз.

– Чиқ бу ёққа! – деди Ислом Абдуғаниевич сан-санлаб. Лекин бу “сан-санлашда” жеркишдан кўра самимий бир меҳр, яқин олиш ҳисси устунроқ эди.

– Ислом ака, “ГКЧП”нинг Фармонлари ва умуман Фавқулодда ҳолат бўйича Давлат Қўмитасининг тузилиши қонуний асосга эгамикан? – деб ўз сўзини бошлади бир оз дадиллашган Каримжон. – Агар уларнинг ҳатти -ҳаракатлари қонуний бўлса, буни айтайлик. Ноқонуний бўлса, буни…

Биз уларни кўр-кўрона қўллаб-қувватлайверамизми? Бу масалани жиддий ўйлаб кўрайлик…

Менинг назаримда, биз ўз йўлимиздан кетаверишимиз керак. Москвада ҳали нималиги аниқ бўлгани йўқ. Улар қаттиқ тартиб ўрнатмоқчи, бизда эса Сиз аллақачон қаттиқ тартиб ўрнатгансиз” деб кнояомуз гап қилди Карим…

 

9.

Ўшанда Каримжон бу гаплари билан биздаги тузумнинг ҳам секин-аста авторитарлашиб бораётганига енгил ишора қилиб ўтган эди.

Унинг усталик билан қилган бу ижодкорона истиорасини биров тушунди, биров тушунмади.

Боягина хомуш бир сукут билан одамларнинг сўзларини тинглаб ўтирган Президент ялт этиб Каримжонга қаради-да:

– Демак, биз тўғри қилаётган эканмиз! Унда нега ҳадеб бизни ёмонлаб мақола ёзаверасиз? – дедилар кутилмаганда.

Гап шундаки, бундан роппа-роса қирқ кун муқаддам, яъни 1991 йилнинг 7 июнь куни Каримжон уйланган ва тўй куни унинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида “Уйғониш машаққати” номли мақоласи эълон қилинган эди.

Ўшанда Ислом ака Каримжонни Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида “Баҳриев деган бир муттаҳам менга ақл ўргатмоқчи бўлибди” деб танқид қилганди.

(Бу ҳақда “Карим Баҳриев: сиёсий портретга чизгилар” номли бобда батафсил ҳикоя қилинади).

“Нега ҳадеб бизни ёмонлаб мақола ёзаверасиз” деганида Ислом ака ана шу воқеаларни эслаган бўлсалар ажаб эмас.

Кейин Каримжонга: “Ўтиринг, ука” дедилар паришонлик билан…

 

10.

Карим Баҳриевнинг сўзларидан кейин ҳамма ўйланиб қолади.

Ислом Абдуғаниевич сўзга чиққанларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади-да, ниҳоятда асаблари таранглашган ҳолда йиғилишни якунлайди.

У киши Москвада ҳокимият учун тенгсиз кураш бошланганини ва у қизғин бир паллага кирганини яхши биларди.

Шунинг учун ҳаммага мулоҳаза юритиб, оғир-вазминлик билан иш кўришни таклиф қилади.

–  Ваҳима қилманглар, хотиржам бўлинглар! – деб халқимизга далда беради Ислом ака…

 

11.

Қўшма мажлисдан сўнг саккиз ё тўққиз кун ўтиб, Ўзбекистон Олий Кенгашининг навбатдан ташқари Сессияси чақирилади.

Ана шу тарихий сессияда мен Мавлон Умурзоқов,  Исмоил Жўрабеков, Зелемхон Ҳайдаровлар билан мажлислар залининг биринчи қаторида – Президиумдан жой олган Ислом Каримовнинг шундоққина рўпарасида ўтирган эдим.

Биздан сал нарида – ўртадаги қаторнинг биринчи ўринларида Марказқўмнинг матбуот котиби Шароф Убайдуллаев билан Партия Марказий Комитетининг мафкура бўйича котиби Комил Юсуповлар қўр тўкиб ўтиришарди.

Орқа қаторларда ҳукумат аъзолари, министрлар, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари ва ҳукуматнинг бошқа мулозимлари бор эди.

Мажлис кун тартибига асосан битта масала қўйилган эди – яъни, Мустақиллик Декларацияси эълон қилиниши керак эди.

Москвада рўй берган воқеалар бизни шундай дадил қадам қўйишга мажбур қилган эди.

Ислом ака депутатларга оташин нутқ билан мурожаат қилди ва уларни Мустақиллик Декларациясини ёқлаб овоз беришга чақирди.

Овоз бериш якунлангач, Ислом Каримов Ўзбекистонни “Мустақил давлат!” деб эълон қилади!

Во ажаб, ўшанда зал сув қўйгандай жим-жит бўлиб қолган, халқ ноиблари бугун аслида нима содир бўлганини ҳали тўлиқ идрок этиб  улурмаган эдилар.

Шунда Ислом ака депутатларга қараб:

– Қарсак қани? – деганлари ҳануз ёдимда. – Барчангизга ва бутун халқимизга Мустақиллик муборак бўлсин!

Президентнинг ана шу сўзларидан кейингина залда гулдўрос қарсак садолари янграган эди…

12.

 Бу аслида жуда катта ва оламшумул сиёсий воқеа эди.

Залдаги тантанали руҳ ва сирли сукунат, депутатлар ва Ислом Каримов ҳаяжони ҳануз кўз ўнгимда турибди.

Буни эслаб қолганимнинг сабаби – ҳали бу залда бу қадар  катта оламшумул ва тарихий воқеа содир бўлмаган эди.

Ҳолбуки, бу зал нималарни ва кимларни кўрмаган.

КПСС Марказий Комитетининг Биринчи секретарлари – қудратли давлат бўлмиш – СССР бошлиқлари Хрушев, Брежнев, Горбачев ҳамроҳлигида не не тантаналарни бошидан ўткармаган эди бу зал.

Тошкентнинг 2000 йиллигида жаҳон миқёсидаги нуфузли раҳбарлардан – ООН ва ЮНЕСКО директори БОО жаноблари ва бошқалар Тошкентга келишганида бу зал оламшумуш воқеалар даргоҳи ва маркази бўлишдек шон шуҳрат қирраларини секин аста ўзлаштира бошлаган эди.

Лекин барибир – Ўзбекистон мустақиллигини қабул қилингудек тарихий ва улуғ, оламшумул ва ҳайратли воқеани бу зал ҳали кўрмаган эди.

Бугунгидек – қонуний тарзда мустақиллик саҳифаси очилганидек – мустақиллик куни эълон қилинганлик даражасидаги буюк воқеа содир этилмаган эди.

Ҳали Ўзбекистон халқ депутатлари депутат бўлиб, ўзбек эли ва юрти учун бу қадар буюк ва оламшумул  воқеани содир этмаган, унга гувоҳ бўлмаган эдилар…

 

13.

Бугун яхшилаб ўйлаб кўрсам, Ислом Каримовда ростдан ҳам отанинг калласидек юрак бор экан.

Ҳали СССР тарқаб кетмаган, ҳали Политбюро қудратда бўлган бир пайтда бундай қалтис қадам – Ўзбекистон раҳбари учун фожеали тугаши ҳам мумкин эди.

Лекин Ислом Каримов узоқни кўра оладиган ҳушёр ва тажрибали сиёсатчи сифатида шундай мураккаб ва оғир вазиятда Ўзбекистоннинг бошини бириктириб, ёруғ юз билан уни мустақилликнинг ойдин йўлиги олиб чиқа олди.

Айнан шунинг учун ҳам мен бу одамнинг Ўзбекистон тарихидаги ўрни беқиёс ва бебаҳо деб биламан.

Лекин шу билан бирга, кейинги 25 йил мобайнида Ўзбекистонда Ислом Каримов раҳбарлиги остида содир бўлган “Мустақиллик мўъжизаси” – яъни, мамлакатни сталинча диктат ва даҳшат билан бошқариш фожеаси ва кулфати,  одамларни қўрқув ва таҳликада ушлаб туриш тажрибаси ва санъати – бу энди алоҳида мавзу бўлади…

 

14.

Ўтган тарихимиз гувоҳлик беришича, эл ва юрт, халқ ва давлат бошини бирлаштиришдек олий бир саодат   бир пайтлар Амир Темурга насиб этган эди.

У –  минг йиллаб мўғуллар ва араблар истилоси остида эзилиб ётган давлатни бир бутун қилиб,  Моварауннаҳр байроғи остида бирлаштиришга муваффақ бўлган эди.

Мана энди орадан 600 йилдан зиёд вақт ўтиб, бу улуғ ва шарафли вазифа – Ислом Каримовга насиб этди.

Ажаб, бу икки улуғ зот – бири саркарда, бири ҳукмдор, бири – жаҳонгир ва яна бири Президент бўлган  – бу икки тарихий буюк шахснинг ҳар иккаласи ҳам, не тонгки, тақдир қирралари туташ  Самарқанд ва Қашқадарё мактабларини ўташган.

Бири Шаҳрисабзнинг Хўжа Илғорида туғилган, иккинчиси бу ердан  атиги 50-60 чақирим наридаги Самарқандда дунёга келиб,  икки аср – ярим дунёни зир титратган жаҳонгир бобосининг юрти – Қашқадарё обкомига  маълум муддат бевосита раҳбарлик қилган.

Ҳа, не бахтки, Ислом Каримов ҳам Қашқадарё мактабини кўрган, ўтаган инсон.

Мен китоблик журналист йигит сифатида тарихнинг бу ажиб кашфиётидан табиий равишда фахрланаман…

 

15.

Яна бир бор такрорлайман: Биз Ислом Каримовни яхши ёки ёмон кўришимиз мумкин.

Лекин, унинг Ўзбекистон давлати тамал тошини қўйишдаги, Мустақилликни қўлга киритишдаги буюк хизматларини унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Айнан шунинг учун ҳам у киши Ўзбекистон тарихида яхши инсон ва ижобий лидер бўлиб абадул абад яшаб қолади.

Буни – йигирма беш йилдан бўён «Ислом Каримовнинг маддоҳи!» деб менга тинмай тош отиб келаётган дўсту душманларим ҳам, мужоҳиду мухолифларим ҳам яхшилаб билиб қўйишлари керак…

 

16.

Ўзбекистон Мустақиллиги қабул қилинган Олий Кенгаш сессиясидаги ўша ҳолат, ундаги Ислом Каримов нутқи ва халқ ноибларининг ўша кунги ҳаяжонлари қандай бўлса шундайлигича телевидения орқали қайта ва қайта намойиш қилиб турилиши лозим ва зарур.

Ислом Каримовнинг тарихий нутқи, халқ ноиблари чеҳрасидаги қувонч ва ҳаяжон, залдаги тантанали руҳ –  бугунги ва келгуси авлод шуурида бир умр мангуга муҳрланиб қолиши керак!

Токи улар ота-боболари 1991 йилнинг 1 сентябрида қўлга киритган Мустақиллик – тақдирнинг ўзбек халқига берган нечоғлик улуғ ва муборак неъмати эканини доим ёдда тутсинлар! Фахрлансинлар!!!

Лекин, минг афсуски,  Ўзбекистон ойнаи жаҳонида бу тарихий лавҳалар негадир мутлақо кўрсатилмайди…

 

 17.

Ислом ака Ўзбекистонни мустақил давлат деб эълон қилганида  залда қарсак чалаётган депутатлар, министрлар, ҳукумат аъзолари орасида ҳали ўз тақдиридан – эртанги кунидан мутлақо бехабар бўлган  партия мулозимлари ҳам бор эди.

Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети котиблари – Анатолий Ефимов, Акмал Икромов, Алишер Мирқосимов, Комил Юсупов ўринларидан туриб чапак чалишарди.

Марказқўмнинг бўлим мудирлари – Ўткир Обидович Зокиров (ташкили –партиявий масалалар бўйича), Эмил Хасанов (қишлоқ хўжалиги), Юрий Абдуллаев (иқтисод ва молия), Йўлдош Саиджонов (идеология) ва бошқалар ҳали эрта нима бўлишидан бехабар завқ шавқ билан пол тепиб, гулдурос қарсакка жўр бўлишарди.

Эртаси куни эса уларнинг ҳаммаси ишсиз ва амалсиз қолди – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети тугатилиб, сиёсий саҳнадан тушириб юборилди.

Уларга КЗОТ бўйича  икки ой вақт бериб, жиловини қўйиб юборишди…

 

18.

Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи котиби Анатолий Ефимов ГКЧПга бўлган меҳри ва садоқати боис мутлақо ишсиз қолди ва Ўзбекистонни тарк этди.

Марказқўмнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича котиби Акмал Икромов кечагина ўзи назорат қилган соҳа – Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирига ўринбосар бўлди.

Саноат бўйича котиб Алишер Мирқосимов – Бўстонлиққа ҳоким бўлиб кетди.

Марказқўмнинг мафкуравий ишлар бўйича котиби Комил Юсупов – Низомий номли Тошкент педагогика институти ректори этиб тайинланди.

Бўлим мудирларининг деярли ҳаммаси ишсиз қолди.

Улар Марказқўм ходими сифатида анча бунча обрў-эътиборларини йўқотиб бўлишган эди.

Улар аллқачон обрўсизланган партиянинг – обрўсиз вакиллари эди.

Лекин бир замонлар  Ўзбекистонни силкитган қудратли ва довруғли ходимлар эди.

Улар шунча ваҳимаю дабдаба билан ҳам – катта сиёсий тўлқин келаётганини пайқамай қолишди.

Мустақиллик йилларида ҳам улар коммунистик партия қучоғида энди янада гуриллаб давру даврон сруамиз деб ўйлашди.

Чунки, бугун бу залда Мустақилликни эълон қилаётган йўлбошчи – кимсан – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг  биринчи секретари, яъни коммунистларнинг йўлбошчиси эди.

Шунинг учун ҳам уларнинг кўнгли тўқ, шубҳаю гумонларга  асос йўқ эди.

Залда ўтирган Ўзбекистон мулозимларининг   деярли ҳаммаси – юз фоиз коммунист бўлиб ва биз абул абад отамиз ва йўлбошчимиз Ислом Каримов билан бирга бўламиз деб ўйлашарди.

 Шунинг учун ҳам улар Ислом Каримов ҳозиргина эълон қилган Мустақиллик учун ўринларидан туриб хотиржам ва бемалол чапак чалишарди.

 Мустақиллик Декларациясининг бу тўлқини эртага уларнинг ҳаммасини баб баравар ювиб кетишини хаёлларига ҳам келтиришмасди.

Во ажаб, уларнинг бирортаси ҳам «отаси» бошқа отга миниб,  уларни ташлаб кетаётганини сезмай ҳам қолишди…

 

 19.

Ўша мустақиллик қабул қилинган муборак кунда биз Мавлон Умрзоқовнинг тўртинчи қаватдаги кабинети (бу хона бир пайтлар Марказқўмнинг собиқ орготдел мудири Георгий Орловга қарашли эди) га чиқиб,    Ўзбекистон мустақиллигини «ювган»миз.

Даврамизда Нурали Қобул ҳам бор эди.

Биз мустақиллигимизнинг биринчи кунини – Президент кабинетининг шундоққина остида – унинг кадрлар сиёсати бўйича  Далат маслаҳатчисининг шинамгина  хонасида – қўлда қадаҳлар-у, кўзда қувонч ёшлари билан нишонлаган эдик.

Орадан йиллар ўтиб, кейин билдик-ки, ўшанда биз ростдан ҳам тарихий ва оламшумул воқеанинг гувоҳи бўлган эканмиз.

Ислом ака негадир ўша Декларация қабул қилинган кунни эмас, балки эрта келадиган 1-сентябрни “Мустақиллик куни” деб эълон қилади…

 

20.

Ўзбекистон  Мустақиллик Декларациясини қабул қилган куннинг эртасида Озарбайжон Президенти Аёз Муталибов айтган сўз ҳануз қулоқларим остида жаранглаб турибди: «Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилганида титраб кетганман. Ислом Каримовнинг жасоратига ҳамма қойил қолганди…»

Аёз Муталибов ҳақ эди.

Ҳатто, Қозоғистон ҳам ўз мустақиллигини октябрнинг 16 чисида эълон қилади.

Тожик ва қирғизлар ҳам Москвадаги сиёсий вазият барометрига қараб туришган эди.

Ана шундай – эрта ҳали нима бўлиши мутлақо номаълум бўлган  қалтис бир пайтда – Ўзбекистон ўз мустақиллигини расман эълон қилиши учун давлат раҳбаридан жуда катта журъат ва жасорат талаб этилишини мана энди англаяпмиз.

Чунки у пайтларда ҳали СССР парчаланиб кетмаганди, СССР Президенти М.С.Горбачев Кремлда Борис Ельциннинг ноғорасига ўйнаётган бўлса-да, лекин ҳамон “дунёнинг олтидан бир қисми”га раҳбарлик қилаётган эди.

Ҳали Россия, Украина, Беларуссия раҳбарлари овлоқ бир ўрмон (Беловеща) да яширинча тўпланишиб, 1922 йилда тузилган шартнома – СССРни тарқатиб юбориш тўғрисидаги ҳужжатни имзолашмаган эди…

 

21.

Менинг фикримча, ГКЧП ғалаба қилса Ислом акага қийин бўларди.

Чунки Ўзбекистон бундан олдин 1990 йилнинг 20 июнидаёқ Мустақиллик декларациясини қабул қилган, Совет Иттифоқида биринчи бўлиб Президентлик постини ташкил этган, СССРда биринчи бўлиб СССРни парчалайдиган қадамларни ташлаган эди.

Энди ўйлаб кўрсам, юртбошимизда отнинг калласидек юрак борлигини ўшанда билмаган эканмиз…

 

22.

ГКЧП Шукрилла Раҳматович Мирсаидовга фойдали эди.

Унинг СССР Бош вазири Валентин Павлов билан келишуви бор эди.

Агар ГКЧП ғалаба қилса, Шукрилла Раҳматович сўзсиз ҳокимиятга келарди.

Қолаверса, у аллақачон Ўзбекистонда ГКЧПнинг расман вакили этиб тайинланган ҳам эди…

 

23.

Хуллас, 1991 йил август ГКЧП сидан сўнг қабул қилинган Ўзбекистоннинг Мустақиллик декларацияси ниҳоятда зукколик ва сиёсий ҳушёрлик билан тайёрланган экан.

Буни тан олиш керак!

Ислом Каримовнинг шунга ўхшаш фавқулодда қийин ва мураккаб ҳолатлардан ўзига хос ақл ва матонат, айрича бир жасорат билан чиқиб кета олиш фазилати ва узоқни кўра билиш салоҳиятига  тан бериш керак!

Ислом Каримовнинг тўқсонинчи йиллардаги – Ўзбекистон давлатчилигини шакллантириш, мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдаги хизматларини халқимиз ҳеч қачон унутмаса керак.

Унутмайди ҳам.  Бу табиий, албатта!

 

24.

Ислом Каримов – Ўзбекистон раҳбарлигига келганига ҳам 25 йил – чорак аср  бўлиб қолди.

Ўзбекистон – Ислом Каримов раҳбарлиги остида ўз мустақиллигини қўлга киритганига эса роппа роса 23 йил бўлди!

Бу давр орасида халқимизнинг жуда кўп истеъдодли ва ажойиб фарзандлари давлат ва ҳукумат тизимларида мустақил Ўзбекистон учун кеча-ю, кундуз жонларини жабборга бериб хизмат қилишди.

Мустақил Ўзбекистон давлатчилиги ташкил қилинаётган энг қийин ва мураккаб бир паллада район, шаҳар ва вилоятларга ҳоким бўлишди.

Мустақил Ўзбекистоннинг давлат ва ҳукумат тизимларида баҳоли қудрат фаолият олиб боришди.

Бу нарсалар яхши албатта. Биз бу билан фахрланамиз.

Ўзбекистонда ўз халқи ва давлатига садоқат билан хизмат қилган мулозимлар, давлат ва жамоат арбоблари борлигидан қалбимизда ажиб бир фахр ва ғурур туямиз.

Лекин шу билан бирга кейин йилларда уларга нисбатан олиб борилаётган баъзи нотўғри сиёсатдан афсус ва армонда эканимизни ҳам бугун очиқ ойдин айтиб ўтишимиз керак.

Бу афсус ва надомат  ҳисси – бу маломат туйғусини биз бугун нималарда кўришимиз мумкин?

25.

М устақилликнинг дастлабки йилларида Президент билан бирга, бир сафда туриб Ўзбекистон озодлиги ва равнақи учун меҳнат қилган мулозимларнинг аксарияти бугунги кунда ишсиз, эътиборсиз ва эъзозсиз бўлиб қолди.

Турли баҳонаи сабаб билан улар жиноятчи, ўғри ва муттаҳамга чиқарилди.

Уларнинг номи мустақил давлат тарихидан ўчириб ташланди.

Ўтган давр мобайнида халқимизни қийнаб келаётган давлат ва жамиятдаги барча муаммоларга ўшалар  -Ўзбекистон олий раҳбариятининг собиқ мулозимлари айбдор қилиб кўрсатилди.

Қўлга киритилган барча ютуқ ва муваффақиятлар эса фақат бир кишининг номи билан боғланадиган бўлиб қолди…

 

26.

Бу ҳам етмагандек, тўқсонинчи йилларнинг бошида давлат раҳбарига ҳамдард, ҳамнафас  ва ҳамқадам бўлиб, у асос солган мустақиллик ғояларини оммага етказишда жонбозлик кўрсатган, унга ва унинг сиёсатига садоқат билан хизмат қилган ҳукумат аъзолари, Президент Девонининг ўша йиллардаги мулозим – ветеранлари, Давлат маслаҳатчилари, корпорация ва Қўмита раислари, вазирлар ва вилоят ҳокимлари, Олий Кенгаш депутатлари ва уларнинг муборак номлари негадир бугун эсга олинмайди?

Нега Ўзбекистоннинг Мустақиллик туфайли қўлга киритган  салкам чорак асрлик  ютуқ ва ғалабалари энди фақат бир кишининг номи билан боғлиқ бўлиб қоляпти?

Биз  умум жаҳон сиёсий қоидаси, халқаро давлат стандартлари,  қонун ва нормативлари асосида – давлат раҳбари қадрланиши, Президент деган ном – Ватан  тимсоли даражасида шарафланиши лозимлигини яхши биламиз.

Халқ ва миллат ҳам унга эҳтиром туйғуси билан яшаб юриши кераклигини,  ўз сиёсий қараш ва талашларини фақат эркин ва демократик сайловлардагина билдириши лозимлигини,  унинг обрў эътиборига дахл қилинмаслигини тўғри тушунамиз.

Шундан келиб чиқиб биз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон тарихидаги ўз ўрни ва  Мустақилликни қўлга киритишдаги буюк хизматини  ҳам яхши биламиз ва қадрлаймиз.

Уни тан оламиз.

Ўзбекистоннинг биринчи Президентига бўлган бизнинг бу ишонч ва эҳтиромимизга, муҳаббат ва эътиқодимизга ҳеч ким соя сололмайди.

Лекин шу билан бирга тўқсонинчи йиллар бошида Ислом Каримов билан бир сафда туриб, ҳаёт мамот жангига кирган собиқ мулозимлар, давлат ва жамият арбоблари ҳам унутилмаслиги, номлари тарих саҳифаларидан ном нишонсиз ўчириб юборилмаслиги керак…

 

27.

Давлатимиз учун ҳаёт ва мамот масаласи кун тартибида турган ўша оғир ва таҳликали кунларда унинг ёнида турган, унга елкадош ва камарбаста бўлган Ўзбекистон Президентининг ўша пайтдаги командаси аъзолари қаерда бугун?

Тўқсонинчи йиллардаги Ҳукумат аъзолари, вазирлар, вилоят ҳокимлари, депутат ва ноиблар сиёсат саҳнидан нега изсиз ғойиб бўлишди?

Нега Ўзбекистонда бугун уларни ҳеч ким эсламайди?

 

28.

Кейинги  йилларда Ўзбекистон тарихини бузиб ёзиш каби кўзбўямачилик авж олди.

Умр бўйи элим ва юртим деб яшаган, миллатимизнинг Ўзбекистон ва СССР даги олий давлат ва ҳукумат тизимларининг энг юқори поғоналарида садоқат билан хизмат қилган Рихси Тўрақулов, Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов, Усмон Юсупов, Амин Ниёзов, Нуриддин Муҳиддинов, Собир Камолов, Ёдгора Насриддинова, Ориф Алимов, Нормуҳаммад Худойбердиев, Раҳмонқул Қурбонов, Рафиқ Нишонов, Иномжон Усмонхўжаев ва яна бошқа ўнлаб фидойи фарзандлари учун мустақил Ўзбекистон тарихидан негадир жой топилмади.

Шу ўринда мен бир гапни айтиб ўтишим керак.

Биз истаймизми, йўқми, Ўзбекистон тарихида уч буюк йўлбошчининг номи абадул абад яшаб қолади: Усмон Юсупов, Шароф Рашидов ва Ислом Каримов.

Ҳамма биринчи шахсларга ҳам Ўзбекистонда колхоз  ташкил қилиб, боғ яратиш, шаҳар қуриш насиб этмаган.

Усмон Юсупов ўз даврида қанчадан қанча бўстон яратиб,  қўрғон қуриб, Мирзачўлни боғ роғларга айлантириб, гулистон қилишда  нечоғлик жонбозлик кўрсатганини ота боболаримиз яхши билишади.

У – Ўзбекистон чўлларига ўнлаб канал ва дарёларни бошлаб келган, оби ҳаёт берган. Катта Фарғона Каналини қирқ беш кунда қуриб унинг оби ҳаётга сўла ўзанини  Ўзбекистон чўлларига қараб бурган.

Шароф Рашидов қурган шаҳар ва қишлоқлар, янги янги вилоят ва поселкалар – ундан миннатдор  авлодлар хотирасида, унинг бевосита раҳбарлиги остида ишлаш бахтига муяссар бўлган шогирдлари ва замондошлари  ёдида абадул абад муҳрланиб қолган.

Тарих зарварақларида олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйилган.

Ислом Каримов бизга Ўзбекистон деган мустақил Ватан ҳадя этди. Биринчи бўлиб ўзбек давлатчилигининг тамал тошини қўйди.

Халқимизни узоқ йиллик мустамлакадан сўнг мустақилликнинг ойдин ва муборак йўлига олиб чиқди.

Биз – Ислом Каримов бошчилигида ана шу мустақиллик йўлининг бошида турибмиз.

Ҳали бу йўлда бизни нималар кутаётгани номаълум.

Унинг 25 йиллик даврида қўлга киритган ютуқларимиздан кўра йўл қўйган камчиликларимиз кўп бўлди.

Чунки, ҳаммага ҳам мустақил давлат  қуриш насиб этмаган.

Бугунги мустақил Ўзбекистон пойдеворини – Ислом Каримов қурди. Унинг ақл заковоти, шижоати ва жасорати шунга замин яратди.

Эндиги асосий мақсад – бу пойдеворни мустаҳкамлаб, унинг устида  – озод ва обод, ҳур ва демократик, ҳақиқий ва том маънодаги мустақил давлатни қуришимиз – Ислом Каримов бошлаб берган муборак йўлдан оғишмай одим отишимиз лозим.

Бир сўз билан айтганда мустақиллик уйининг пойдевори ва уйи қуйилган, энди унинг томини ёпишимиз керак…

 

29.

Уйимизнинг томи нега ёпилмаган?

Нега бундай дедик.

Негаки, биздаги демократияга қараб бориш процессини ҳам оқлаб бўлмайди: Тепани паст эшитмайди – пастни тепа.

Илгари эшитарди. Илгари халқ тепанинг гап сўзини эшитишга муштоқ эди. Ниҳоят даражада муштоқ эди.

Кейин тепанинг гапларига халқ ишонмай қўйди.  Одамларнинг энсаси қотадиган бўлди.

Улар тепанинг гапидан безор бўладиган даражага етди…

30.

Бунинг бир мисоли қуйидагича:

Давлат тизимининг энг қуйи бўғини агар фуқаролар йиғини (маҳалла комитети) деб олинадиган бўлса, фуқаролар йиғинининг ҳам бутун таркиби тепадан тайинланади ва тепадан танланади.

Оқибатда халқдан ажралиб қолиш даражасига етилди.

Қарийб 25 йил ичида биз фуқаролар йиғинини эркин сайлашга эришмадик.

Туман ҳокимини сайлашга эришолмадик.

Вилоят ва республикани айтмаса ҳам бўлаверади.

Бу қанақа демократия!

 

31.

Бугун Ўзбекистондаги раҳбарлик лавозимларига ўта бюрократ ва нафси ёмон одамлар танланаяпти.

Ахлоқи бузуқ одамлар пайдо бўлди бу чўққиларда.

Халқ уларни кўриб, мустақиллик йилларидаги раҳбариятдан қўлини ювиб, қўлитиғига уриш даражасига етди.

Бунинг оқибатида республикадаги мавжуд фуқаролар йиғини, яъни маҳалла қўмиталарининг ўн мингга яқин раислари ва уларнинг фаолларидан минглаб одамлар жиноий жавобгарликка тортилди.

Нафси ва ахлоқи бузиқлиги учун.

Туман ҳокимиятига тааллуқли раҳбарларни қўя турайлик, ҳокимларнинг ўзидан юзлаб одам жиноий ҳатти ҳаракатлари учун, асосан порахўрлик оқибатида, мансабини суистеъмол қилиш моддалари билан қамоққа олинди.

Мустақиллик йилларида айрим вилоят раҳбарлари (Фарғона, Самарқанд, Тошкент вилояти ва бошқалар)нинг алмашинуви ўн мартагача етди.

Икки ойга етмаган вилоят раҳбарлари ҳам бўлди.

Бу қандай танлов ва бу қандай ишонч бу?

 

32.

Бир қанча вилоят раҳбарлари устидан жиноий иш қўзғатилди.

Биргина Жиззах вилоятида мустақиллик йилларида  йигирмадан ортиқ ҳоким ва ҳоким ўринбосари мансабини қўпол равишда суистеъмол қилганлиги учун қамалди.

Айрим вилоят раҳбарларининг қуюшқондан чиқиш ҳоллари шу даражага етдики, уларнинг аксариятида қўшхотинлик каби ажиб «фазилат»лар пайдо бўлди.

Ҳатто шу кеча кундузда жорий вилоят раҳбарларидан бири тўртта қонуний хотин билан яшаб, улардан туғилган йигирмага яқин фарзандни ўз фамилиясида сақлаб турибди…

Буни ҳозир яшириб ўтиришга ҳам ҳожат қолмади. Ҳамма кўриб билиб турибди.

Ана шундай бир пайтда мен баъзан ўйланиб кетаман: Ҳозир қўшхотинлик айрим раҳбарлар учун фазилатми, нуқсонми?

Ўзбекистоннинг ахлоқ кодексларида бунга негадир эътибор берилмаган…

 

33.

Мустақиллик томининг ёпилмаганига, унинг ёмғир ва қор сизиб ўтадиган тешик ва дарчалари кўплигига яна бир мисол.

Бизда тарихдаги давлат ва жамият арбобларининг номлари унутиладиган бўлди.

Ҳолбуки, биз истаймизми, йўқми, тарихда ҳар ким ўз ўрнида қолиши керак.

Мен баъзан «тарих саҳифасидан уларни ўчириб ташлайман» деган одамларнинг содда ва нодонлигидан кулгим келади.

Тўғри – Ерни биз талашамиз.

Баъзан осмонни ва ҳатто ойни ҳам талашаяпмиз.

Истеъдодли шоир Абдулла Ориповнинг «Она сайёра» деган бир машҳур шеъри бор. Унда шоир «Фалакда бир ўзи танҳо» турган она сайёранинг ниҳоятда ёлғизлигидан ҳайратланиб:

Фалакда бир ўзинг турибсан ҳайрон,

Наҳот сен бўлмасанг бунчалар танҳо.

Сийнангга ёпишган фарзандинг – инсон

Бева бағридаги етимдай гўё…

Деб ўз ҳайратини ифода этаркан, беихтиёр  ана шу «Бева бағридаги етимдай» мунғайиб турган фарзандларнинг ўзъаро ноиттифоқлигидан, уларнинг ҳатто она сайёрани ҳам талашиб тортишишидан ҳасратга тўлганини баён этади:

Фарзандларинг бордир сонсиз, саноқсиз,

Во ажаб, қадрингни гоҳида билмас.

Улар-ку қошингда чангдай салмоқсиз,

Лекин бағрингга ҳам сиққувси келмас.

Осмон торлик қилган гала чумчуқдек,

Макон талашарлар гоҳо бетартиб.

Сен-чи, меҳварингда айланасан тек,

Яхши-ю, ёмонни елкангга ортиб…

Шоир ҳасрат билан тилга олган: «Осмон торлик қилган гала чумчуқдек, макон талашаётган» одамларни тушуниш мумкиндир балки.

Мана энди қишу ёз – музлаб ётган Арктикага ҳам жанжал бошланди.

 Лекин нега энди биз тарихни ҳам талашишимиз керак.

Қолаверса,  кимки диспотлик ва кўнгли торлик қилса, тарихдаги шон шуҳратларга бахиллик қилиш йўлига ўтса, охир оқибат тарих майдонида унинг ўзи ҳам ёлғиз дарахт каби шўппайиб қолади-ку!

Қолаверса, русларда: «Лес ни бывает из одного дерева» («Ёлғиз бир дарахтдан ўрмон пайдо бўлмайди») деган  халқ мақоли ҳам бежиз айтилмаган…

 

34.

Мустақил давлат ва жамият, тарих ва миллат олдидаги масъулият – биз журналистлардан одил ва жасоратли,  софдил ва адолатли қарор ва қадамларни талаб қилади.

Биз бугун ўтган кунларимизни тарихдан ва одамларнинг хотирасидан ўчириб ташламоқчи бўлган -Президентнинг ёнидаги турли тоифа маслаҳатгўйлар  сиёсий лўттибозлар ва миллат душманларига нисбатан ўз сўзимизни дадил айта олишимиз керак.

Аслида буларнинг остида – катта муғомбирлик ва хушомад ётибди.

«Ислом ака, Сиздан буюги йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас!», «Исмат Хушевга ўхшаганларга қулоқ солмаслик керак!» деб  Президентнинг қулоғи қўяётганларга кўпам ишонманг. Сиздай буюк ва қудратли шахсга уларга берилиш унчалик ҳам ярашмайди. Тўғри, инсонни эртаю кеч қулоғига Сиз пайғамбар деб қуявергандан кейин, одам ерда эмас, ўзини омонда кўриши ҳам мумкин.

Лекин мен Сизни яхши биламан, Ислом ака.

Сиз бу тоифа енгил елпи одамлар сирасига кирмайсиз. Бугун у ёки бу худбин кўчаларга Сизни бошлаётганлар буни яхши билишлари керак.

Эртами кеч Сиз уларнинг башарасини очишга қодирсиз. Лекин афсуски, ҳозирча худбинларнинг қўли баланд келаяпти.

Бу ҳам аслида – маънавий поранинг бир кўриниши бу!

Бунинг остида ҳам – Президент атрофидаги ҳар бир мулозимнинг яширинча ўз шахсий манфаати ётибди.

Наҳотки шундай буюк одамида ҳам баъзан ҳушёрликни қўлдан бериш ҳоллари бўлса. Наҳотки йиллар ва тобора улғайиб бораётган ёш ўз кучини кўсатаяётган бўлса.

Ислом ака ҳам ҳушёрликни йўқотдилар.

Ҳушёрлик йўқолган жойда эса – зукколик ва ақл идрок ҳам чекина боради…

 

35.

Тўғри, тан олишимиз керак:  Мустақилликнинг олий қўмондони битта.

Бунга шак шубҳа йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас!

Бу ўрин абадул абад – Ислом Каримовники!

Лекин Ислом аканинг атрофида ҳеч ким қолмаса, унинг қўшини бўлмаса, тарих бўм бўш майдонга айланиб қолса, бу нима деган гап бу.

У қандай қўмондон-ки, қўшини бўлмаса?!

Мустақилликни буюк жанг майдони дедик.

Бу қандай жангки – унинг жанг майдони, қаҳрамонлари бўлмаса, уларнинг номи кўрсатилмаса?!

Ҳатто, Сталиндай диспот ҳам Москвада ўтган тарихий Ғалаба байрамида оқ отга – ўзи қолиб, маршал Жуковни миндирган.

Ҳолбуки, қонуний олганда, бу от – уники эди.

Зотан, унинг бу донишмандлиги – улуғ рус халқига бўлган ҳурмат ва эҳтиром туйғуси эмасми?

Президентнинг атрофидагилар – Ислом Каримов билан елкама елка туриб, биргалашиб мустақиллик пойдеворини қурганларни энциклопедияга киритмасак –  улар тарих саҳифасидан  абадул абад ўчиб кетади  деб ўйлашяпти.

Бу – жуда катта нодонлик ва худбинлик, узоқни кўра билмасликдир.

Ўзбекистон ва унинг мустақиллик тарихи – ҳали қайта ёзилади…

Мен бунга асло шубҳа қилмайман!

 

36.

Бир ривоятда айтилишича адолатли шоҳга унинг вазирлари –  «Сиз пайғамбарсиз!»  дейишганида, дастлаб – қаттиқ дашном еган эканлар.

Иккинчи бор, учинчи бор «Йўқ, тақсир, Сиз ростдан ҳам Пайғамбарсиз!» деб такрор ва такрор айтилгач, шоҳнинг ҳам кўнглига ғулғула тушиб:  – «Аслида менда ҳам нимадир бор, шекилли. Ажабо, ўзим ҳам шуни сезгандай бўлгандим…» –  деб шаккокликка бориб, кейинчалик ўзи ҳам бунга секин аста кўника бошлаган экан…

 

37.

Биз журналистлар – ўзбек халқини Президент ёнидаги сиёсий лўттибозлардан огоҳ этиб, уларнинг асл башарасини  очиб ташлашимиз керак!

Бу ишлар Президентнинг шахсий ташаббуси эмаслигини – элу юртга рўй рост айтиб, факт ва далиллар билан исбот қилиб беришимиз лозим!

(Агар, мабодо бу шахсан Президентнинг ташаббуси бўлса, унда ўзбек халқининг шўри қуриган бўлади…)

Зотан, “тарихга сен тўппончадан ўқ узсанг, у сени замбаракдан тўпга тутади” деган донишмандларнинг сўзлари эрта бир кун амалга ошиб, ўтмиш ва миллат олдида буткул маломатга қолмаслигимиз учун ҳам биз журналистлар бу шармандали ҳолнинг олдини олишимиз, бу ҳақдаги бор ҳақиқатни халқимизга ошкор айтишимиз шарт!

Ана шу ҳақиқатни айтиш жасорати – бугун бизнинг зиммамизга тушганлигидан кўз юммаслигимиз керак.

Бу савобли ва хайрли ишимизнинг қадрига ҳозир етишмаса, қадрлай олишмаса, кейинги авлод қадрига етади, тарих эса унга албатта ўзининг муносиб баҳосини беради!

 

38.

Ҳали шундай вақтлар келадики, Ўзбекистонда Президентлик бошқаруви жорий қилинган ва ўзбек давлатчилигининг илк тамал тоши қўйилган ўша муборак кунлар, бу улуғ ўзгаришларга асос солган Президент командаси – Зелемхон Ҳайдаров, Георгий Крайнов, Равиль Абдуқодиров, Дадахон Ёқубов (Ислом Каримовнинг ёрдамчилари), Шукрилло Мирсаидов, Раҳим Ражабов (Вице Президент ва Давлат котиблари), Жаҳонгир Ҳамидов (Марказқўм котиби), Темур Алимов, Мавлон Умрзоқов, Бахтиёр Ғуломов, Алишер Азизхўжаев, Шаҳобиддин Зиёмов (Президентнинг Давлат маслаҳатчилари), Мирзаолим Иброҳимов, Шавкат Юлдошев, Эркин Халилов (Олий Кенгаш раислари), Ғайрат Қодиров, Мираҳмад Мирқосимов, Шукрилла Мирсаидов, Абдуҳошим Мўталов, Ўткир Султонов, Шавкат Мирзиёев (Бош вазир – ҳукумат раислари), Ғулом Алиев, Рустам Иноятов (КГБ ва МХХ раислари) , Зокиржон Алматов (ИИВ), Усмон Чинозович Худойқулов, Бўритош Мустафоев, Рашид Қодиров (Бош прокурорлар), Муҳаммад Бобир Маликов, Убайдулла Мингбоев, Абдусамад Полвонзода (Олий суд раислари), Мурод Шарифхўжаев, Қаюм Ҳаққулов, Козим Тўлаганов, Бахтиёр Ҳамидов, Ўктам Исмоилов (Бош вазир ўринбосарлари), Рустам Аҳмедов, Қодир Ғуломов, Баҳодир Қосимов, Тўхтамиш Боймиров, Пўлат Қирғизбоев, Убайдулло Абдураззоқов, Ўрайимжон Абдуғаниев, Равшан Ҳайдаров, Ботир Эргашев, Шаҳло Маҳмудова, Абдурафиқ Аҳадов, Алишер Мардиев, Содиқ Сафоев, Ганжа Ёқубов, Элёр Ғаниев, Рустам Азимов (Ҳукумат аъзолари ва министрлар), Шукрулло, Сарвар Азимов, Эркин Воҳидов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов, Шароф Убайдуллаев, Аъло Хўжаев, Ҳалима Худойбердиева, Аҳмаджон Мухторов, Эркин Самандар, Бахтиёр Назаров, Аҳмаджон Мелибоев, Усмон Азимов, Ирисмат Абдухолиқов, Мурод Муҳаммад Дўст (Ёзувчи ва шоирлар, журналистлар)  номи билан боғлиқ бу тарихий воқеаларга Давр ва Замон ўз муносиб баҳосини беради.

Ўзбекистонда Марказқўм тугатилиб, Президентлик бошқаруви жорий этилган тўқсонинчи йиллардаги ҳаяжонлар ҳақида ҳали кўп ёзилади.

Бу ҳаяжонларнинг энг муҳими ва асосийси, шубҳасиз, мустақил мамлакатда илк ўзбек давлатчилигини ташкил қилиш каби улуғ ва хайрли, қутлуғ ва фахрли воқеа билан боғлиқ…

39.

Мустақилликнинг дастлабки машаққатли йилларида вилоятларга раҳбарлик қилган Темур Хидиров, Озод Пармонов, Шуҳрат Бегматов, Нуриддин Зайниев (Қашқадарё), Дамир Ёдгоров, Самойиддин Хусенов (Бухоро), Ҳаким Бердиев, Бахтиёр Олимжонов (Сурхондарё), Тошбўри Қиличев, Пўлат Абдураҳмонов (Самарқанд), Эркин Турсунов, Алишер Тошкентбоев (Жиззах), Абдухолиқ Айдарқулов, Ҳаёт Ғаффоров (Навоий), Ботир Маҳмудов, Ғулом Хасанов (Сирдарё), Қаюм Холмирзаев, Қобилжон Обидов, (Андижон), Фозилов, Мирзажон Исломов (Фарғона), Бургутали Рапиғалиев, Тўлқин Жабборов (Наманган), Риммажон Худойберганова, Маркс Жуманиёзов, Искандар Юсупов (Хоразм), Уббиниёз Аширметов, Ражаббой Юлдошев, Давлетбой Шамшетов (Қорақалпоғистон Республикаси), Сайфулла Саидалиев, Мирзамурод Икромов, Эркин …. (Тошкент вилояти), Адҳамбек Фозилбеков, Козим Тўлаганов (Тошкент шаҳри) ларнинг номи Ўзбекистон давлатчилигининг тамал тошини қўйганлар сифатида бир кун келиб тарихда ўз муносиб ўрнини албатта эгаллайди.

Не бахтки, мен ана шу тарихий дамларда мамлакат раҳбарларининг ёнида эдим.

Таъбир жойиз бўлса, ўша пайтда Ўзбекистон сиёсат қозонида сумалак тошидай бирга қайнаганман, мустақилликнинг иссиқ ва совуғини бирдай бошдан ўткарганман.

Эгаллаб турган лавозимим жиҳатидан у қадар катта имконият ва таъсир кучига эга бўлмасам-да, лекин барибир шу жараёнларга бевосита аралашганман ва гувоҳ бўлганман.

Ана шу аралашув ва ана шу гувоҳлик менга бугун ўша тарихий дамлар ва унга бевосита алоқадор бўлган одамлар ҳақида гапириш ҳуқуқини беради…

40.

Мустақиллик сабоқлари ҳақида гапирганда, унга қадар Ўзбекистонда  раҳбарлик қилган рус миллатига мансуб “оға”ларимиз ҳақида ҳам икки оғиз сўз айтмасак, адолатдан бўлмас.

 Осетров, Анишчев, Анисимкин, Огаров, Романовский, Сатин, Бутурлин, Гайданов, Кадин, Солдатов ва бошқа – Ўзбекистонга четдан келиб, раҳбарлик қилган “шоввоз”лар номини бугунги катта авлод вакиллари яхши билсалар керак.

Улар юртимизга Марказ топшириғи билан келиб, жуда кўп бемаънигарчилик ва бузғунчилик билан шуғулланишди.

Халқимиз бахт саодати ва юртимиз равнақидан кўра кўпроқ  ўз шахсий манфаатларини ўйлашди.

Ўша йилларда Марказдан Ўзбекистонга “тартиб ўрнатиш” учун “десант” кадрларнинг юборилиши – Горбачевнинг, қолаверса  КПСС Марказий Комитетининг энг катта хатоси эди.

Кремлнинг бу бемаъни сиёсати – унга ишонган кадрлар ҳаётини чил парчин қилди. Уларнинг ижтимоий сиёсий биографиясига қора чизиқ тортди – яшаб турган жойидан ва ишидан айирди.

 Улар Ўзбекистондан қочиб зўрға қутулишди. Баъзи қолиши мумкин бўлганлари ҳам – қололмади.

Чунки, улар ўз атрофида шундай муҳит яратишдики – бу ерда қолиши учун маънавий ҳақлари йўқ эди.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг, Президентимиз  уларни “иззат ҳурмат” билан чиққан жойларига жўнатиб юборди.

Худо,  уларга жазо сифатида – Ўзбекистонга Ислом Каримовни раҳбар қилиб юборди.

Бошқа одам уларга бу қадар кескин муносабат билдириб, етарлича  зарба беролмаган бўларди.

КПСС Марказий Комитетининг сиёсий Бюроси Ислом Каримовни Ўзбекистон биринчи раҳбарлигига    тавсия қилиб  –  олтин кўза ичидаги кадрларни танлаб – танлаб, охир оқибат қудратли бир девни билмай ташқарига чиқариб юборганларини кейин пайқаб қолишди…

 

41.

Ҳар қалай, марказдан келган “десантчилар”ни бугун ортиқ қораламасак ҳам бўлади. Уларни ҳаётнинг ўзи қаттиқ жазолади.

Улар Ўзбекистондаги ўз қилмишлари учун тақдир олдида жавоб бериб бўлишди. Оғир қисмат уларга ёр бўлди.

Ҳолбуки, уларнинг ҳаммаси оддий одамлар эмас,  жамиятдаги ўз ўрни ва обрў эътиборига эга шахслар эди.  

 СССР деб аталмиш Совет Иттифоқининг Олий раҳбариятида юрган одамлар эди.

Улар ўзбеклардан ёмонлик кўришмади. Лекин нонимизни еб, тузлиғимизга тупуришди.

Ҳаммаси эмас, албатта…

 

42.

Масалан, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи секретари бўлиб ишлаган Владимир Петрович Анишчев мустақиллигимизни олқишлаган йўқ.

 Лекин Ўзбекистонни тарк этганидан кейин ёзган “Шарқ безаклари” – (“Восточный орнамент”) номли сиёсий хотиралар китобида бизни қўллаб қувватлаган.

Ўзбек халқи ҳақида жуда гўзал ва бетакрор эсдаликлар битиб, ростини айтишим керак, мени ажиб ҳайратларга ошно этди.

 У ўз китобида  Ўзбекистон эришган чўққилар, мустақилликка қадар ҳам жуда баланд бўлганлигини чин дилдан эътироф этган.

“Ўзбекистонга четдан борганлар шовинистик рус сиёсатининг қурбони бўлдик, биз Горбачев ва Лигачевнинг аҳмоқона топшириқларини кўр кўрона бажардик”, – деб ўзи ва ўзига ўхшаганлар йўл қўйган хатоларни очиқ ойдин ва мардона тан олган.

Энг муҳими ўзбек халқи улуғ ва буюк халқ эканлигини қайта ва қайта эътироф этган…

 

43.

Владимир Петрович Аничшев билан мен бир неча маротаба учрашганман.

Ўзбекистонда илк норасмий гуруҳлар ташкил этилиб, вақт бевақт у ер ё бу ерда тўс тўполон бўлиб турган пайтларда республика раҳбарлари мухолифат етакчилари билан шахсан учрашиб, мулоқот қилиш йўлига ўтган эдилар.

Биз уч тўрт журналист ёшлар руспублика журналистлар уюшмаси аъзолари учун қурилаётган кооператив уйнинг пайсалга солинишига норозилик сифатида митинг уюштирган эдик.

Митинг ташкилотчиларидан икки кишини Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи секретари Анишчев қабул қиладиган бўлди.

Ғайрат Болтабоев билан мени митингчи журналистлар вакил қилиб сайлашди.

Ўшанда ҳаётимда биринчи маротаба республика миқёсидаги катта мулозим билан учрашган эдим. Бугун ўша учрашувни, ундаги гап сўзларимни  эсласам, хижолатдан ёниб кетаман.

Владимир Петровичнинг столидаги қатор ҳукумат телефонларини кўриб, уй масаласи қолиб: “Бир ўзингизга шунча телефон нимага керак?” – деб тўполон қилган эдим..

Кейин Чилонзорда қурилган ўша кооператив  уйни мендан бошқа ҳамма олди. Менга айнан ўша қилган шаккоклигим учун пулларимни қайтариб, уй беришмади…

Кейинчалик Ғайрат ака узоқ йиллар республика ички ишлар вазирлигининг ГАИ (ДАН) Бошқармасида ишлади. Аввал пропаганда ва агитация бўлимини, кейинги ўн йилдан ортиқ даврда эса  – кадрлар бўлимини бошқарди…

 

44.

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов асос солган бу давр, унинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида ҳали кўп гапирилади ва ёзилади.

Шу билан бирга Михаил Горбачёв асос солган қайта қуриш ва ошкоралик насимларидан баҳра олиб, Ўзбекистонда Муҳаммад Солиҳ раҳбарлигида пайдо бўлган илк норасмий гуруҳ:

(Бек Тошмуҳамедов, Эркин Воҳидов, Зоҳид Ҳақназаров, Дадахон Хасан, Гулчеҳра Нуруллаева, Ёдгор Обид, Рауф Парфи, Мамадали Маҳмудов, Тошпўлат Йўлдошев, Абдураҳим Пўлатов,  Шоди Каримов, Толиб Ёқубов, Холиқназар Ғаниев, Алибой Йўляхшиев, Миразиз Аъзам, Абдулла Абдуқодир, Иброҳим Ҳаққул, Васила Иноятова, Исмоил Дадажонов, Анвар Усманов, Ботир Норбоев, Зоҳир Аълам, Аҳмад Аъзам, Шуҳрат Исматиллаев, Дилором Исҳоқова, Усмон Азим, Абдуманноб Пўлатов, Хуршид Даврон, Мирзо Кенжабоев, Носир Зокир, Абдулазиз Маҳмудов, Ҳазратқул Худойбердиев, Мўътабар Тожибоева, Санжар Умаров)лар,

Олий Кенгашда Президент диктатурасига қарши бош кўтарган халқ ноиблари:

(Муҳаммад Солиҳ, Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, Алижон Қўчқоров, Мели Ҳожи Қобулов, Шуҳрат Нусратов, Тойиба Тўлаганова, Шовруқ Рўзимуродов, Ойгул Маматова, Иномжон Турсунов, Жаҳонгир Маматов, Насрулло Сайидов)

ЭРК ва БИРЛИК учун амалга оширган хайрли ва инқилобий жараёнлар, бугун биз истаймизми йўқми, эрта бир кун тарих зарварақларида зарҳал ҳарфлар билан ёзилажак!

(Ожиз хотирам туфайли йиллар ўтиши билан ёдимдан кўтарилган мустақилликнинг дастлабки йилларидаги ҳукумат ва давлат мулозимлари, Олий Кенгаш депутатлари, ҳокимлар ва мухолифат намоёндалари бўлса мен улардан узр сўрайман ҳамда бу рўйхатни тўлдирган дўстларга аввалдан ўз миннатдорчилигимни билдираман).

 

45.

Тўқсонинчи йилларда республика ҳукумати ва мухолифатининг ўзъаро кураш ва ярашлари, уларнинг Ўзбекистон давлати шаклланиши ва оёққа туришидаги қарашлари, Мустақиллик эълон қилинган кун борасидаги (20 июнь – 1 сентябрь) талашлари ҳали узоқ йиллар келажак авлод учун сиёсат дарсларига мавзу бўлишига мен бугун шубҳа қилмайман.

Тарих ва халқ бу даврга ўз муносиб баҳосини бериши учун ҳам биз журналистлар ўша кунлар ҳақида рост гапларни айтишимиз, ҳақиқатни ёзишимиз керак.

Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбарлигига келган дастлабки йилларда унинг ҳокимиятига мухолиф кишилар ва сиёсий гуруҳлар бўлганини, уларнинг тўқсонинчи йиллардаги парвоз ва инқирози, кейинги йигирма беш йилдаги бўғилган овози ҳақида қандай бўлса шундайлигича – тарихни бузмай, халқни чалғитмай бор ҳақиқатни келажак авлодларга етказиш – биз журналистларнинг муқаддас вазифамиз бўлмоғи лозим…

 

46.

Майли, ўз-ўзимизни алдаб, Мустақиллик уйининг томи ҳам ёпилган дейлик.

Хўш, уйимизнинг томи ростдан ҳам ёпилган бўлса – нега унда то ҳануз тонг отгунча юлдуз санаб чиқамиз?

 

Насиб этмиш томи тешик бир Ватан,

То тонггача ҳасратларда ёнаман.

Мустақиллик уйимизнинг томидан,

Кечалар юлдуз санаб тўлғонаман…

 

47.

Афсуски, бизда байрам тантаналари фақатгина бир гуруҳ танланган мулозимлар учунгина ўтказиладиган бўлди.

Ўзбек халқи ҳар гал энтикиб кутиб, ҳажонланиб байрам қилиши учун эса мустақиллик – чинакам халқ байрами бўлиши керак.

Қисқа метражли йиғинлардан тортиб вилоятларда қурилган амфитеатрларда ўтадиган кўпгина тантаналар охир оқибат – мутақиллик устидан қилинаётган масхабарбозликка ўхшайди.

Бугун, афсуски байрам бир кўчада бўляпти.

Халқ эса тамомила бошқа кўчада қолган…

Мустақиллик байрами – бир кишининг ёки давлат тепасидаги бир ҳовуч лаганбардор амалдорларнинг байрами эмас!

У барчамизнинг, бутун ўзбек халқининг зор интизор кутадиган байрами бўлмоғи лозим.

Ана шундагина ҳақиқий мустақилликка эришган бўламиз…

Исмат Хушев,

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири

 

Торонто шаҳри, Канада, 7 июнь. 2014 йил.

  

 

8 шарҳ

  1. Juda to`gi aytilgan. Hamma yutuqlar faqat bir kishining nomi bilan boglanib qoldi. Mana shu oddiy haqiqatni aytgani uchun ham Ismat Hushev tarihda qoladi. Shuni ham hech kim aytiomayapti undan boshqa. Rahmat Ismat Hushevga. Juda qiziqarli maqola bo`libdi bu ham. Hamma safdosharning nomi birma bir keltirilgani yahshi bo`lgan. Chunki ularning ko`pchiligi nom nishonsiz yo`qolib ketgan hozir.

  2. Malik

    Ўзбек халқи мустақил эмас, масту қул бўлди.

  3. muxolif

    Коммунист манқуртлар ишни расво килиб, мамлакатни хонавайрон килиб, ишни бузиб куйишди. ГКЧП галаба килганида яхши буларди. СССР сакланиб коларди. Бу нима кургилик бу. Канака мустакиллик бу. Кизларимиз жалаб, йигитларимиз кул, газ, свет, иссик сув йук. Ойлик ололмаймиз. Иш тополмаймиз. Рахбарларнинг айтгани айтган. Порахурлик кундан кунга ривож топмокда. Исмат Хушевга ухшаган оташкалб журналистлар мамлакатдан кувгин килинган. Колганларининг тилига тушов солинган. Гаиролмайди, ёзолмайди. Хамма каримовни мактаб кун куради. Узбек халкининг бундан кура улгани яхши эмасми? Мен бугун узбеклигимдан нафратланаман!

  4. Toshkentlik

    Салом хурматли “Дунё узбеклари” нашрининг ижодий ходимлари. ГКЧП хакида ББС ва Озодлик радиолари тайёрлаган эшиттиришлар билан танишдик. Бир тинга киммат. Фактлар нотугри талкин этилган. Факат Исмат Хушевнинг мана шу ёзганлари бир оз булсада хаёт хакикатига якин. Нишонов хам Озодликда гапни олиб кочди, буган гап сузларни ёлгон гапирди. Каримовни ва Узбекистоннинг бугунги кунини мактади. Бу нотугри. Узбекистон хам, Каримов хам бугун халкка ёкмайди. Яшаш кийин Узбекистонда. Каримовни халк ёмон куради. ББС хам бир тинга киммат эшиттириш тайёрлаган. Хамма аравани уз томонига олиб кочди.

  5. Otabek Toshev

    1991 йил 19 август куни “Эрк Партияси” йиғилиши Ҳиндистонликлар қурган “Тато” меҳмонҳонаси саройида 1000 киши иштирокида бўлган эди. Бу йиғилиш жангавор руҳда бўлиб ГКЧП қаттиқ қораланди. Президент маъмуриятидан бронта вакил келгани йўқ. Чунки келишга юраклари дош бермасди. Бу тунтаришдан 6 ой олдин Ўзбекистон маҳаллий Ҳокимяти СССР таркибига қолишни қаттиқ туриб ҳимоя қилганлиги ҳам тарихий бекитиб бўлмайдиган факт. 19 август куни Эркин Ёшлар Уйишмаси 4 фаолини жумладан мен ҳам бор эдим, шаҳар прокуратурасида кечқурингача ўшлаб тўришди.
    Тан бериш керак Каримов мана шундай оғир вазиятда хушёрликни қулдан бой бермади, тажрибали сиёсатчи сифатида мувазанат сақлай билди. Исмат Хушев унинг ГКЧП вазиятидаги асл ҳолатини холислик билан ишонарли ёзган. Албатта ичидан орзу қилгандир тезроқ ГКЧП ғалаба қилишини. Лекин ташидан сиёсий ҳушёрлик қилиб турган…

  6. O’zbekxan

    Исмат ака сиз айтган депутатлар Ватан эркинлигини тассовур қилаолмайдиган замонсозлар эди. Афсус ўша дамларда мамлакатимиз озодлиги куйчилари кўчаларда бўлган.
    Сиз айтгандек “Овоз бериш якунлангач, Ислом Каримов Ўзбекистонни “Мустақил давлат!” деб эълон қилади!
    Во ажаб, ўшанда зал сув қўйгандай жим-жит бўлиб қолган, халқ ноиблари бугун аслида нима содир бўлганини ҳали тўлиқ идрок этиб улурмаган эдилар”. Тўғри, идрок этишмаган ўшанда. Лекин идрок этганларида кеч бўлган эди. 25 йил ўтиб кетди. Сталинча диктаторлик ва қатағон даврни яратди Каримов. Минг ланат бўлсин бу даврга. Юсуф Жума сиз билан суҳбатда айтганидай, миллатни ва халқни ўлдирди Каримов. Ҳали ҳаммаси учун жавоб берадиган вақт келади. Лекин сизга гап йўқ, Исмат ака. Сиз буюк журналистсиз. Шу гапларни Каримов тириклигида ва хали тахтдалигида айта олдингиз.

    2 шарҳ

    1. Бахтиёр

      Исмат ака, сайтингиздаги маколаларингизни укиб, жуда катта таассуротга эга булдим. Менга энг ёккан тарафи, утмишимизнинг хар бир вокеаси, таникли рахбар ва халк намоендалари, шоир ва сиёсат арбоблари сизнинг маколаларингиздан урин олиб, улар хакида жуда батафсил маълумот берилган. Тугри, агар утмиш тарихни олсак, хар бир хукмдор тарихни узига маккул куринишда ва мазмунда ёздиртирган. Лекин тарихни учириб булмайди. Яхшими, ёмонми бу хаммаси бизнинг тарихимиз. Келажак авлодлар асл булиб утган вокеаларни билишлари керак. Нима тугри-ю, нима нотугри булганини узлари фикр килиб, ажратиб олишлари мумкин. Мустакиллигимиз шаклланаётган даврдаги бошкарув органларида булиб утган тарихий вокеаларни мазмунли килиб ёритиб берганингиз учун катта рахмат! Каламингиз уткир экан.

    2. Офарин Исмат ака! Ижозатингиз билан, бутун халкимиз номидан миннатдорчилик билдираман, албатта халкимиздан эхтироз булмас! Якин 70 йиллик тарихимизга бундан ортик холис ва адолатлик бахо бериб булмас. Ошикча мактов деб уйламангу, аммо яна бир бор, бугунги узбек журналистикаси ва тарихчилари армиясини ерда юмалаб ётган жойидан хам пастрокга тушуриб жойладингиз. Бугунги кунда, Президент ёнида худди сиздек ВАТАНПАРВАР керак ва албатта бу халкимиз ва давлатимизнинг, мустакиллигимизнинг катта ютуги булар эди. Президентдаги, сиз билган халкпарварлик хислари кайта уйгонар эди, албатта. Хакикатларни йукота олишмаяпди, сиз туфайли!!!

Leave a Reply
*